Menu
Categories
Ўзбекистон Ватаним маним: ЯНГИЛАНАЁТГАН НАМАНГАН
04/13/2016 Бош мақола
ЯНГИЛАНАЁТГАН НАМАНГАН

 

Наманган бугун
Собиқ иттифоқ даврида бир қўшиқ бўларди, Эльмира Ўрозбоева ижросида: “В Намангане яблоки зреют ароматные” деб бошланган. Қаерга борманг, наманганликман десангиз, “О, у вас хорошие яблоки” деб илтифот қилишарди, бу ернинг олмасини ҳеч татиб кўрмаганлар ҳам. Ростдан ҳам, Наманган билан боғлиқ бошқа жиддий ҳаёт реалияси йўқ эди ўшанда. Тарихда ўтган буюк зотларни эслашга ҳеч ким ботинмасди, ўша давр сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида, адабий ва саънат жараёнларида Наманганнинг мақтангулик ҳеч вақоси йўқ эди. Мустамлака бир ўлканинг қолоқ бир вилояти эди холос.
Ҳа, яна бир сифати бор эди Наманганнинг, аниқроғи Наманган шаҳрининг – “Гуллар шаҳри”. Аҳолиси ярим миллиондан ошиқ шаҳарда йилда бир марта ташкил этиладиган “гул байрами”дан бошқа мақтангулик тадбир ўтказилмасди.
Бугунга келиб Наманган таниб бўлмас даражада ўзгарди. Қолоқ ҳудудий бирлик ўрнида ривожланган, бунёдкорлик билан йўғрилган вилоят қад кўрсатди. Чекка-чекка қишлоқларда ҳам шаҳардагидек инфратузилмалар пайдо бўлди. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқлари ривож топди.
Таъбир жоиз бўлса, ҳовлиларимизнинг остонасигача чигит экилиб, миллион-миллион тонна пахта етиштирилган ўша даврларда Наманган вилоятида бир-иккита ип-йигирув фабрикаси, битта тўқувчилик комбинатидан бошқа саноат корхонаси бўлмаган. Деҳқонларимиз етиштирган пахтадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ёки экспорт қилиш у ёқда турсин, маҳаллий аҳоли эҳтиёжини қондиришнинг ҳам уддасидан чиқа олмасди бу корхоналар.
Мустақиллик туфайли азалдан ҳунарманд, савдогар ва зироатчи бўлган наманганликлар елкасига офтоб тегди. Кичик бизнес ва тадбиркорликнинг ривожлантирилиши натижасида аввалги оилавий тадбиркорлик энди савдо маркалари остида маҳсулот ишлаб чиқарувчи ўзига бақувват корхоналарга айланди ва жаҳон бозорига чиқди. “Наманганда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи ўзига хос юқори сифат даражаси кўрсаткичига айланди. “Ифтихор кийим саноат”, “Наманган момиқ сочиқлари”, “Aisha Home Textile”, “Дамбоғ пойабзали савдо”, “Marvel juice” каби компанияларда ишлаб чиқарилган, халқаро сифат тизими сертификатига эга бўлган маҳсулотлар дунёнинг етти чеккасига экспорт қилинаётгани кишига ғурур-ифтихор бағишлайди.
Нам 1
Наманганнинг юқори бизнес салоҳияти, малакали ишчи кучи ва хом-ашё ресурсларининг мавжудлиги, Ўзбекистонда хорижий инвесторларга яратилган буюк имкониятлар билан биргаликда бу вилоятни чет эллик сармоядорлар учун жозибадор ҳудудга айлантирди.
Швейцариянинг “Нестле” компанияси билан шерикликда “Нестле-Ўзбекистон”, Жанубий Корея билан ҳамкорликда “Узчасис” (автомобил қисмлари), “Хайн Текс” (текстил), араблар билан қўшма асосда “Наманган шарбати”, Вьетнам ҳамсармоядорлигидаги “Голден Силк” (ипак ишлаб чиқариш) ўзбек-хитой “Прима мебель”(мебелчилик учун маҳсулотлар) каби юзлаб қўшма корхоналар Наманган вилояти иқтисодиётини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Нам 2
Қадимдан маълум ҳудуднинг равнақи учун йўлларни яхшиланган. Сабаби, яхши йўл бу – савдо-сотиқ, яхши йўл бу – ишлаб чиқарилган маҳсулотларни бошқа жойларга олиб боришда восита, яхши йўл бу – келди-кетдининг кўпайиши, асноф-у карвонсаройчининг бойиши…
Бугун Наманган йўлларини кўрган ҳавас қилади. Ҳам ҳаводан, ҳам темир йўллардан, ҳам автомобил йўлларидан Наманганга алоқа сифати шундай гуркирадики, маҳлиё бўлмасдан бошқа илож йўқ. Вилоят ҳаво дарвозаси – “Наманган” аэропорти юксак халқаро талабларга мослаштирилди. Эскидан ким ўйлабди дейсиз, Намангандан чет элларга тўғридан тўғри авиасафарлар йўлга қўйилишини!
Нам 3
Собиқ иттифоқ парчалангач, Фарғона водийсини Тошкент билан боғлаган темир йўл тизимининг бир қисми Тожикистон ҳудудида қолди. Водийга ички поезд қатновини йўлга қўйиш фикри эртакка ўхшарди. Сабаби, Тошкент ва Наманган ораси тоғлардан иборат бўлгани учун, бир неча километрлик туннел қазиш лозим эди… Аммо, бугун бу эртак ҳақиқатга айланди! Поп-Ангрен темир йўли дунёда катталиги жиҳатидан ўхшаши кам туннеллари билан бирга қисқа даврда ишга туширилди.
Нам 4
Қамчиқ довони… Бу ўша Отабек от билан бир неча кунлаб йўл суриб, Тошкентга борган довон, Фарғона водийсини Тошкентга боғловчи ягона томир. Эски ҳайдовчилар билишади, бу йўлнинг торгина тоғ ёқалаган кўринишини. Иложсизликдан йўлга чиқиб, ўзларини Оллоҳга омонат қилиб, Тошкентга қатнашарди. Қуролланиш пойгасига маблағ сарлашни маъқул кўрган собиқ иттифоқ тузуми Ўзбекистоннинг чекка вилоятидаги тоғ йўлини яхшилашни эътибори доирасига киритмаганди.
Бугунги Қамчиқ довони эса жаҳон стандартларидаги автобанлар даражасига етказилди. Тоғлар ва кўллар орасида равон йўлдан борар экансиз, ўзингизни Швейцарияда кетаётгандай ҳис этасиз, муболағасиз. Сўнгги йилларда йўл қопламасининг бетон устига ётқизилаётгани эса, йўлнинг сифатини янада оширди.
қамчиқ бугун
Бугунги Наманган вилоятида бўлаётган ўзгаришлар ҳақида гапирганда, қиймати бир миллиард долларга тенг Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини бунёд этиш лойиҳаси ҳақида алоҳида сўз юритиш ўринлидир. Биринчи босқичда, яъни, 2017 йилда ҳар бири 450 мегаватт қувватга эга иккита энг замонавий буғ-газ турбинасини ишга тушириш бўйича бугунги кунда жадал иш олиб борилмоқда. Иккинчи босқичда, яъни, 2020 йилда яна иккита ана шундай турбинани ишга тушириш кўзда тутилмоқда.  Бу билан нафақат вилоятнинг, балки бутун Фарғона водийсининг иқтисодиёти ҳамда аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш, шу асосда янги-янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш имконияти яратилади.
Пахта яккаҳокимлиги даврида Наманганда, бошқа вилоятларда бўлгани каби, ҳар қарич ерга чигит қадаларди. Бугун юртимизда қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, тупроқ ва иқлим хусусиятларидан келиб чиқиб, қишлоқ ҳўжалиги шаклини белгилаш, мевачилик ва сабзавотчиликни ривожлантириш, халқимизни мева  ва сабзавотга бўлган талабини қондириш борасида олиб борилаётган кенг ислоҳотлар доирасида Наманган вилоятида ҳам ўн минглаб гектар экин майдонларида интенсив боғлар барпо этилди.
Бир ҳудуднинг юксалиши, ривожи учун таълимга, соғлиқни сақлаш тизимига, спортга, маданият ва санъатга, матбуотга бўлган эътибор ҳам юқори даражада бўлиши талаб этилади. Бугунги Наманган бу ижтимоий тармоқлар тараққиёти савиясида дунёнинг манаман деган ўлкаларига етиб олди ва ўзиб кетди.
Наманганда 3 та олийгоҳ, 100 дан зиёд коллежлар ва академик лицейлар, 700 дан зиёд мактаблар фаолият юритмоқда. Фаолият юритганда ҳам, таълим тизимида мавжуд сўнгги технологиялар ва имкониятлардан тўла фойдаланган ҳолда, замонавий қурилган ва таъмирланган биноларда, юқори савияда жиҳозланган дарсхоналарда фаолият юритмоқда.
Азалдан спортга ошно бўлган Наманганда болалар илгарилари футбол сирларини бедапояларда ўрганишарди. Бугун вилоятда мавжуд спорт иншоотларига, болалар спорти учун яратилган шароитларга дунёнинг исталган нуқтасида ҳавас билан боқишади. Наманган Олимпия захиралари коллежи, «Дўстлик» теннис корти, «Баркамол авлод» спорт мажмуаси ҳамда Олий спорт маҳорати мактабида, туманлардаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида келажак чемпионларини тайёрлаш, ёшларга соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш учун барча имкониятлар муҳайё. Наманган шаҳридаги жаҳон андозаларига мос реконструкция қилинган Марказий “Навбаҳор” ўйингоҳи, “Паҳлавон” спорт мажмуалари эса вилоят спортининг юксак чўққиси нишони сифатида томошабинларга тўлмоқда.
Нам байроқ
Мустақиллик йилларида Наманганда тиббиёт хизмати савияси ўта сезиларли даражада ошди. Вилоятда мавжуд барча шифохоналарнинг замонавий талаблар асосида қайта таъмирланиши ва жиҳозланиши аҳоли соғлиғини ҳимоя қилишда ва умрини узайтиришда асосий рол ўйнамоқда.  Юқори технологияли доплерли ультратовуш ҳамда қон босими мониторинги системалари, энг замонавий жарроҳлик столлари, ноёб ангиография аппарати каби тиббий ускуналар билан таъминланган Наманган вилояти кардиология марказида амалга оширилаётган мураккаб жарроҳлик амалиётларининг  хорижий мутахассислар томонидан ўрганилаётгани вилоят шифокорларининг ютуғи деб эътироф этса арзигулик жиҳатдир.
Наманган вилоятида бугун 50 дан зиёд оммавий ахборот воситалари фаолият юримоқда. Ташкил этилганда ҳафтасига икки бор икки соатдан эфирга чиққан Вилоят телевидениеси бугун рақамли тизимда узлкусиз кўрсатувлар намойиш этмоқда.  Наманганда бир нечта радиоканаллар ҳам мавжуд. Ҳокимлик ва тармоқ муассислигидаги газеталар билан бирга тиражи 20-30 мингдан ошадиган қатор хусусий босма оммавий ахборот воситалари 30 га яқин ахборот сайтлари ҳам фаолият олиб бораётгани, ўқувчиларни тезкор ахборотга бўлган талабини қондиришга хизмат қилмоқда.
Наманган вилояти бадиий ижодиёти равнақига ҳисса қўшиб келаётган “Наманган” нашриёти бугун йиллик чоп этилаётган китоблар сони ва тематикаси рангбаранглиги билан исталган халқаро нашриётлар билан беллаша оладиган ноширлик корхонасига айланди. Нашриёт ҳамкорлик олиб бораётган бир қатор ёзувчиларнинг асарлари Германияда, Россияда чоп этилди.
  …. Хуллас, гапирса, гап тугамайди. Наманган вилояти аҳли бугун юксак келажакка дадил бораётган Ўзбекистон халқининг бир бўлаги сифатида фаровон ҳаёт гаштини сурмоқда. Камчилик кимда йўқ дейсиз, лекин гап ана шу камчиликларни бартараф этиб, ҳам бугунги ҳаётни ривожлантириш, ҳам келажак авлодларга камчиликлардан холи ҳаёт қолдиришдир. Наманганда бўлаётган янгиланиш ва тараққиёт воқеъликлари айнан шу мақсадни ўз қалбига жо қилган, пок ниятли Наманган аҳлининг умр мазмунидир. Бу мазмуннинг нақадар бойиб бораётганини юқорида баъзи мисолларда кўрсатиб ўтдик.
Наманган – водийнинг ажиб гўшаси,
Лафзи кенг жаҳонга кетган хуш наво.
Гуллар ошёни бу, ифор ошёни,
Боғидан хушбўйлик тарқатар сабо.
 
Наманган –  пок ният, шижоат демак,
Аҳлининг қалбида юртга муҳаббат.
Ҳунарманд элдир бу, савдогар эли,
Меҳнатда топмоқда эътибор, ҳурмат. 
 
Наманган – мозийнинг ёрқин шуъласи,
Машраб киндик қони тўкилган макон.
Олимлар юрти бу, фозиллар юрти,
Не Усмон, Ҳабиблар кашф этди замон.
 
Наманган – саънатга ошуфта маскан,
Ҳофизи бетакрор, шоири – якто.
Ижод конидир бу, истеъдод кони –
Ҳуррият мадҳига жўровоз наво.
 
Наманган – латофат руҳига булоқ,
Аёллари лобар, қизлари дилбар.
Эрам аксидир бу, нафосат акси,
Бунда оташ севги топади диллар.
 
Наманган – яшнатиш ишқининг рамзи,
Бунёдкорлик бирла топди хўб виқор.
Ҳурлик кўркидир бу, Истиқлол кўрки,
Нурга бурканмоқда бу сўлим диёр.
 
Наманган  яшариш ичида бугун,
Оллоҳнинг бергани – мана шу асли.
Шараф онидир бу, саодат они,
Хуш келдинг элимга ЎЗГАРИШ фасли!
Дилмурод Жумабоев,
Наманган
“Дунё ўзбеклари” учун махсус.
Leave a Reply
*