Menu
Categories
Дилмурод ЖУМАБОЕВ: СПОРТГА ОШНО ЎЗБЕКИСТОН
04/15/2016 Бош мақола
СПОРТГА ОШНО ЎЗБЕКИСТОН
с 1
Ўқувчилик йилларимни яхши эслайман… Жисмоний тарбия дарсларини ҳаво яхши бўлса, асфальти кўчиб кетган ташқи баскетбол майдончасида, совуқда эса, “назарий билимларни кучайтириш” мақсадида синфхоналарда ўтардик. Ташқарида ҳам икки-уч бор майдончани айланиб югургандан кейин, бирор ўқувчи уйидан олиб келган, тешилган жойига чўпак тиқиб қўйилган тўп билан футбол ўйнардик. Мактабда спорт анжомининг ўзи йўқ эди… Ҳар йили жамоавий спорт турлари бўйича туман мусобақасининг “зона”сига борардик-да, бус-бутун тўп билан ўйнашга ҳам қийналардик, кўникмамиз йўқ эди-ди…!  Сузиш ҳавзалари қаёқда, “Янгиариқ”нинг бўтана, пахтазордан кимёвий дориларни оқизиб келадиган перовлар тушган сувида кимўзарга сузиш “мусобақаси” ўтказардик…
Бугунги кунда Республикамизда спортни ривожлантириш, оммалаштириш, спорт инфратузилмасини яхшилаш йўлида олиб борилаётган ишлар кўлами ва сифати жиҳатидан ҳайратга солади одамни! Ҳар бир умумтаълим мактабида замонавий спорт заллари ва майдонлари, керагидан ортиқ замонавий спорт анжомлари, секция ва тўгараклар учун бириктирилган спорт мураббийлари… Болаларнинг мактабдаги илк кунидан спорт билан шуғулланишлари учун барча нарса муҳайё.
Энг чекка туманларда ҳам бир нечтадан Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, ҳар бир вилоятда олимпия заҳиралари коллежлари, Олий маҳорат спорт мактаблари ҳақида, бу даргоҳларда жаҳон спорт майдонида, нуфузли халқаро мусобақаларда Ўзбекистон номини янгратиш, давлатимиз байроғини баланд кўтариш орзусида бўлган болалар ва ўсмирларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида ҳар қанча тўлқинланиб гапирсанг оз. Ўтган 2015 йилда 983 ҳамюртимиз халқаро спорт мусобақалари медаллари соҳиби бўлгани спортга берилаётган юксак эътиборнинг мевасидир.
с 3
“Болалар ва ёшларнинг спорт билан шуғулланиши уларни кучли ва иродали, ҳаётда учрайдиган синов ва қийинчиликларни енгиб ўтишга қодир инсонлар этиб тарбиялашда ғоят катта аҳамият касб этади”, деб кўп таъкидлайди Юртбошимиз.
Айнан ана шу эзгу мақсадни кўзлаган ҳолда, мустақилликнинг илк йилларидан Ўзбекистонда профессионал ва оммабоп спортни бирдай ривожлантириш йўлида катта ишлар амалга оширилмоқда.
2002 йилги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги Президент Фармони эса бу борада олиб борилаётган янгиланишларни янада юқори поғонага олиб чиқишга восита бўлди.
Болаларда спортга меҳр уйғотиш, ўсиб келаётган ёш авлод онгида спорт билан шуғулланиш, соғлом турмуш тарзига амал қилишни шакллантириш, биринчи навбатда қишлоқ жойларда болалар жисмоний тарбия ва спортининг моддий базасини шакллантириш, замонавий болалар спорт комплекслари тармоғини барпо этиш, уларни замонавий спорт ускуналари ҳамда анжомлари билан жиҳозлаш каби мақсадларни ўз олдига қўйган бу жамғарма олиб бораётган ишлар натижасида Ўзбекистонда спорт билан шуғулланиш учун яратилган шароитлар, имкониятлар дунё ҳамжамиятини ҳавасини уйғотмоқда.
Профессионал спортнинг ривожи учун олиб борилаётган ишлар алоҳида эътиборга молик. Ғарб ва шарқ меъморчилигининг уйғунлиги, замонавийлик ва анъаналар мутаносиблиги акс этган, дунёдаги муҳташамлиги, қулайлиги, техник ва технологик хусусиятлари жиҳатидан тан олинган ўйингоҳларнинг ҳеч биридан қолишмайдиган, шу билан бирга буюк ўтмишимиз, меъморий анъаналаримиз ва нафосат тушунчаларимизни ўзида жамлаган “Бунёдкор” мажмуасидек меъморий санъат асарлари орасидан ўзининг муносиб ўрнини эгаллаган ўйингоҳлар нафақат Тошкентда, балки ҳар вилоят марказида иншо этилди, мавжудлари таъмирдан чиқарилди. Ўнлаб универсал спорт саройлари бунёд этилди. Ўзбекистоннинг вилоятларида барпо этилган теннис кортларига жаҳоннинг энг олди ракетка усталари муттасил қадам босмоқдалар.
с 2
Мутахассислар ва кенг жамоатчилик томонидан «Кичик Олимпиада» деб таърифланган уч босқичли узлуксиз спорт тизими мусобақалари – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва “Универсиада” спорт ўйинларидан эса бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатлари андоза олмоқда.
 Бу ноёб тизим мактаб партасидан олийгоҳ дарсхонасигача бўлган босқичда намоён бўлган истеъдодларни ўртага чиқариш, болалар ва ёшларни спортга ошно қилиш билан бирга, бу мусобақалар ўтказилаётган ҳудудларда замонавий спорт инфратузилмаси қолдирмоқда.
Бу йил ана шу тизимга кирувчи мусобақалардан бири «Универсиада-2016» ўтказилади.  Республикамиз талабалари бу спорт ўйинларининг  Фарғонада ўтказиладиган финал босқичига тайёргарлик кўришмоқда.
Мусобақалар ўтказиладиган 29 объект, жумладан, Фарғона давлат университети, Фарғона политехника институти, Фарғона олимпия захиралари спорт коллежида тайёргарлик ишлари авжида. Спорт заллари замон талаблари асосида таъмирланиб, жиҳозланмоқда. Фарғона давлат университетида 3 минг 200 ўринли футбол майдони, ёпиқ сузиш ҳавзаси, учта волейбол майдони ва енгил атлетика йўлаклари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Фарғона давлат университети ва Фарғона политехника институтининг талабалар турар жойи бинолари замонавий таъмирдан чиқарилмоқда.
Ана, сизга Спортга давлат эътибори! Бундай ғамхўрликлар, юқорида келтирганимиздек, ҳозирданоқ ўз мевасини бермоқда. Келажакда эса йигитлари бақувват, қизлари кўркам бўлган бу соғлом танли, руҳияти кучли миллатнинг вакиллари жаҳон миқёсидаги мусобақалари шоҳсупаларидан ҳеч тушмагай!
Дилмурод ЖУМАБОЕВ,
Наманган
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*