Menu
Categories
Исмат Хушев: Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) ҳибсхонасида (3-китоб, 5-боб)
04/16/2016 Бош мақола


%d1%8f%d1%85%d1%88%d0%b8-%d1%81%d1%83%d1%8a%d1%80%d0%b0%d1%82%d0%b8%d0%bcИСМАТ ХУШЕВ
«Подшо эркатойининг саргўзаштлари”

 

Учинчи китоб, 5-боб

 

Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)

 

 

 


%d2%93%d1%83%d0%bb%d0%be%d0%bc-%d0%b0%d0%bb%d0%b8%d0%b5%d0%b2-%d1%81%d0%b5%d1%81%d1%81%d0%b8%d1%8f-%d0%b7%d0%b0%d0%bb%d0%b8%d0%b4%d0%b0

Суратда: Ўзбекистон МХХ (КГБ)  раиси, генерал полковник Ғулом Алиев (ўртада) Бош вазир ўринбосари, академик Мурод Шарифхўжаев (ўнгда) ва Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов (чапда) лар Олий Кенгаш сессияси залида. Улардан бири, масалан, Шарифхўжаев мени – ишдан бўшатади, Ғулом Алиев – ҳибсга олишга президентни кўндиради, Зокир Алматов эса – МВД зиндонида менга нисбатан куч ишлатишларига йўл қўйиб беради…
(Исмат Хушевнинг шахсий архивидан олинган бу ноёб сурат матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда)

 

Исмат ХУШЕВ:
МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ ҲИБСХОНАСИДА
1.
Мени ёпиқ машинада Миллий Хавфсизлик Хизматининг биносига олиб келишди.
Бу ерда ҳам каминани қип-ялонғоч қилиб текшириб кўришди. Лекин таҳқирлашмади. СНБда маҳбусларга муносабат бошқача эканлиги дарҳол кўзга ташланади.
СНБ ходимлари бизга сизлаб мурожаат қилишарди. Ҳарбий кийимдаги навбатчилар пайт пойлаб туриб, оч биқинингизга мушт туширмайди ёки кетингизга тепмайди.
Ҳатто биров товушини кўтариб ҳам гапирмасди, ҳамма – ходимлар ҳам, маҳбуслар ҳам фақат шивирлаб гаплашарди.
(Гўё шу бинода шаҳид қилинган мужоҳидларнинг руҳини уйғотиб юборишдан қўрққандек)…
2.
Аввало, СНБнинг битта кичикроқ хонасида ёлғиз ўзингизни олти ёки саккиз соат сақлаб турадилар.
Сўнг кўникма ҳосил қилганингиздан кейин бошқа хонага – камерага ўтказишади.
СНБ камераларида икки-учтадан ортиқ маҳбус бўлмас экан. Энг кўпи билан тўрт киши бўлиши мумкин.
Кўрпа-тўшаклар – оппоқ, чойшаблар – топ-тоза, ҳар куни – уч маҳал иссиқ овқат берилади.
Ҳафтасига бир марта ҳаммомга олиб кирадилар: Шимолий вокзалдаги Темир йўл ҳибсхонасида, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасига қарашли бўлган – Жуковский кўчасидаги қамоқхоналарда қирқ кунлаб чўмилмаган эдик, бу ерда одамга ўхшаб чўмилиш мумкин.
Ажабки, Сиз ҳаммомга кириб ювиниб чиққунча кийимларингизни ювишиб, дазмоллаб, илгакка илиб қўйишади.
Топ-тоза ва озода, дазмолланган кийимларингизни кўриб, кўзларингизга ишонмайсиз.
Қирқ минутнинг ичида кийимларингизни ювиб, қуритиб, дазмоллаб беришар экан.
СНБнинг ертўласига келтирилганимдан сўнг, худога шукр, дедим, энди ўзимни одамдек ҳис эта бошладим…
3.
Агар эсингизда бўлса, Президентнинг Ёзлик қароргоҳида мен аҳмоқ СНБ раиси Ғулом Алиевга: “Ака, кайфингиз ошиб қолибди, бориб дам олинг!”, – деб шаккоклик қилган эдим.
Бундан ташқари, Қарши пединститутида комсомол комитетининг котиби лавозимида ишлаб юрган кезларимда у кишининг тантироқ ўғлини ҳамма қатори ўқишга, ўз кучи билан имтиҳонлардан баҳо олишга даъват қилиб, анча мунча тўполон чиқарган эдим.
Булар ҳақида КГБ раиси Ғулом Алиевнинг сиёсий портретига шарҳ берилган “Хуфия идорада биринчи миллий раҳбар” номли 2-китобнинг 26-бобида батафсил ҳикоя қилинган: http://dunyouzbeklari.com/archives/89054
Албатта, СНБнинг темир дарвозасидан ичкарига кирган заҳотим ўша воқеаларни эсладим: Ҳар ҳолда Ғулом Алиев менинг ўша хурмача қилиқларимни унутмаган бўлса керак…
4.
Бошга тушганини кўз кўради деганларидек, вақт ўтавергач, аста-секин қамоқдаги ҳаётга кўникар экансиз.
Лекин СНБда Сизга одамга ўхшаб муомала қилаётганлари учун шукр қиласиз. Майли, қамашди, энди ҳар қалай одамга ўхшаб муомала қилишаяпти, демак ҳали УМИД бор, ЁРУҒЛИКДАН умид бор деган бир толим нур пайдо бўлади қалбингизда.
Ростини айтсам, менда озодликка чиқиш умиди биринчи марта СНБда ётганимда пайдо бўлди.
Ички Ишлар вазирлигига қарашли бўлган Шимолий вокзал ва Тошкент шаҳар милиция бўлимларидаги ифлос камераларда ётган кезларимда ўзимни аллақачон одамлар сафидан чиқиб қолган махлуқ сифатида ҳис эта бошлаган эдим.
Яъни, озодликка чиқишдан умидимни батамом узиб қўйган эдим…
5.
Мен юқорида тилган олган Ички Ишлар вазирлиги қарамоғидаги қамоқхоналарида ётган кўпчилик маҳбуслар СНБнинг қамоқхонасини шунинг учун ҳам орзу қилар эканки, бу ерда шарт-шароит ҳам, ходимларнинг муомаласи ҳам яхши экан.
Мен кейинги қирқ-эллик кун мобайнида кўрпа-тўшакни кўрмаган эдим, темирга ётаверса одам ўрганиб ҳам қолар экан.
Пар ёстиққа бош қўйсам, уйқум қочиб кетадиган бўлиб қолибди.
Икки-уч кундан кейин юмшоқ кўрпа-тўшакка, пар ёстиққа секин аста ўргандим…
6.
СНБ ҳибсхонасида ҳамма нарса Қонун асосида, тартиб интизом билан йўлга қўйилган.
Ҳар ойда икки марта – бешинчи ва ўн тўққизинчи числоларда уйингиздан “передача” олар экансиз.
Мен оиламнинг дастхатини яхши билардим.
У қабулхонага “передача”ни топшираётган пайтида махсус бир вараққа нималар топшираётганини ёзиши керак экан: масалан, неча грамм конфет, неча грамм нон ва ҳоказоларни аниқ ёзиб қўйиб, имзо чекади.
Мен ўша “передача”ни олаётганимда ҳам қайтадан тарозига тортиб кўрсатилади ва бояги варақнинг бир томонида бўш турган жойни тўлдириб, имзо чекиб қўярдим.
Ички Ишлар вазирлиги тизимидаги қамоқхоналарда уйдан жўнатилган овқатларни эгасига бермасдан еб қўйишлар қаерда-ю, бу ердаги тартиб-интизом қаерда: уларнинг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор эди.
Қолаверса, “передача” билан бирга камерага кириб келган мужда – оилангизнинг дастхатини кўриб, қадрдон уйнинг, жондан азиз болаларнинг ҳидини туйгандай бўласиз.
Шунда беихтиёр – ҳаёт давом этаётганини, оилангиз ва бола-чақангиз уйда Сизни кутаётганини ҳис этиб, кўнглингизда озодликка интилиш, ёруғ кунларни кўриш умиди уйғонади.
Яна яшагингиз келади…
7.
Шу гапларни ёзаяпман-у, лекин уни ўқиган одамлар гап нима ҳақида кетаётганини англаб етармикан ё англамасмикан деб ўйлайман.
Бари бир бор гапни ёзишим керак: озодликдан “передача” ни қабул қилиш жуда катта бахт эканини мен қамоқда англадим.
Ҳамма сени ҳақорат қилиб, уриб-сўкиб юрган бир пайтда оиланг сени одам деб озиқ-овқат келтиряпти. Сени яшашга ва озодликка чиқишга руҳлантиряпти.
Бу ниҳоятда даҳшатли бўлар экан!
Ушбу сатрларни ўқиб, эҳтимол кимдир: “Ия, хотин бўлганидан кейин “передача” беради-да!” деб ажабланиши мумкин.
Лекин сен учун ўша озиқ-овқат, хотининг ёзган ўша бир оғиз илиқ сўз, ўша мужда – ОЗОДЛИК тимсолига айланиб қоларкан.
Озодликнинг қадрини эса – озодликдан маҳрум бўлгандагина билар экансан.
Мана, гап қаерда…
8.
Олдинги бобларда айтганимдек, прокурор Сизни қамоққа олиш тўғрисидаги санкцияга имзо чекканидан кейин Сиз энди одам эмассиз: терговчилар Сиз билан одам сифатида гаплашмайди, соқчилар ва навбатчилар ҳам, бошқалар ҳам Сизни бир пулга олишмайди.
Шундай пайтда Сизни яккаю ягона оилангиз ва болаларингиз озодликда йўлларингизда интизор бўлиб кутиб ўтиришар экан.
Яқин ўртоқларингиз ҳам “передача” бермас экан. Тўғри, истаган одам “передача” бериши мумкин, аммо Сизни қамоқма-қамоқ излаб юрадиган ўртоқлар кам топилади.
Боз устига Миллий Хавфсизлик Хизматининг ертўласида ётганингизни эшитган айрим ўртоқлар аллақачон Сиздан юз ўгирган бўлади.
Эҳтимол садоқатли ўртоқлар ҳам бордир, лекин мен унақасини учратмадим.
Оиламнинг қадрини қамоқда билдим…
9.
Озодликда юрган пайтларимда оиламни ҳуда беҳуда ранжитган ва хафа қилганларимни эслаб, ўз-ўзидан хунобим ошиб кетаверарди: бўғзимга муштдек бир нарса келиб тиқилиб қоларди – йиғлай десам товуш чиқмасди.
Одам қамоқда ётган пайтида хотинининг меҳрига зор бўлар экан, дўстим.
Ҳар гал хотинимдан “передача” олганимдан сўнг: “Агар қамоқдан ўлмай чиқсам, сени бир умр бошимга кўтариб юраман!” деб ўз-ўзимга сўз берардим.
Биз эркаклар ҳуда беҳуда хотинларимизни ранжитиб юрамиз.
Ўша ноўрин дилозорлигимизни қамоқда эслаб, ич-ичимизни еб ўтирар эканмиз, қилган ишларимиздан пушаймон бўлар эканмиз…
10.
Хуллас, уйдан “передача” келса – камерамизда байрам бўлиб кетарди.
Келган нарсаларни ўртага қўйиб, биргалашиб баҳам кўрардик.
СНБда мен ётган камерада покистонлик битта талаба (студент) йигит ҳам бор эди. У ТошМИнинг олтинчи курсида ўқир экан. Лекин Карачи разведкаси агенти сифатида – “шпионлик”да айбланиб, қамоққа тушиб қолган эди.
Юзларидан нур ёғилиб турадиган, мўйловли, қадди қомати келишган йигит эди. Кўринишидан ҳам “Штирлиц”га сира ўхшамасди, муғомбирликни, қувликни билмасди.
У намозхон эди.
Мен ҳам унга қўшилиб, қирқ кун намоз ўқишни ўргандим. Ҳар куни беш вақт каравотнинг устида унга иқтидо қилиб, унга тақлид қилиб, бошимни саждага қўярдим. Ўзим мустақил намоз ўқишни билмасам-да, лекин ўша йигитга қўшилиб, намоз фарзларини бажарардим.
– Муҳими – ният, намоз ўқишга ният қилинса, бас, умид ҳосил бўлади. Оллоҳ – Яратган Эгам ниятингизни инобатга олади, – дерди покистонлик камерадош танишим.
Биз у билан рус тилида гаплашардик.
Бу ерда эрталаб соат – олтида, сўнг кундузги соат – тўртда туалетга – ҳожатга олиб чиқишади. Одам шунга кўникма ҳосил қилар экан.
Икки марта таҳоратимизни янгилаб олсак, бемалол, беш вақт намозимизни канда қилмасдан ўқишимиз мумкин бўларди.
СНБнинг камерасида, умримда биринчи маротаба – худони ёдга олдим. Унинг қудратига ишониб, озодликка чиқишимни илтижо қилиб, ялиниб ёлвордим.
Инсоннинг психологияси қизиқ: бошига иш тушса – озодликдан маҳрум бўлиб, қамалиб қолса  –  Худони ёдга олади.
Ишлари юришиб, омади чопиб, оёғи ердан узилиб кетса – унутади…

 

 

11.
Энг муҳими – СНБ ҳибсхонасида кутубхона бор экан.
Ҳар куни кутубхоначи опа бир даста китобни кўтариб келиб:
– Ўқийсизми? – деб сўрайди.
Сиз ўзингизга маъқул бўлган китобни танлаб олиб ўқишингиз мумкин. Мен шу ерда “Қора лола” деган китобни, Жюль Верннинг бир нечта романларини, Федор Достоевскийнинг “Жиноят ва Жазо” романини (рус тилида), Борис Полевойнинг “Чин инсон қиссаси” ни (рус тилида) ва яна кўпгина маза- матрасиз китобларни ҳам бир чеккадан ўқиб чиқдим.
Менимча СНБнинг  кутубхонасидаги китобларни янгилаш керак. Чунки аксарият китобларга “КГБ СССР” деган муҳр босилган. Яъни, китоблар шўро мафкурасига мос равишда танланган экан.
Энди мустақиллигимизни тараннум этадиган ёки ҳеч бўлмаса, шўро мафкурасини тарғиб қилмайдиган китоблар билан СНБ кутубхонаси бойитилса, яхши бўларди.
Бу менинг СНБ ҳибсхонасида “меҳмон” бўлган оддий бир ўқувчи сифатидаги мулоҳазаларим, холос.
Бари бир яхши томони шундаки, кун бўйи китоб ўқиб, ҳибсдаги вақтингизни фойдали ўтказишингиз мумкин…
12.
Эрталаб соат олтида турамиз – “Подьём!” бўлади. Кечки соат ўнда – “Отбой!” бўлади – ётамиз.
Лекин шуниси ёмон эканки, кечаси ҳам чироқларни ўчиришмас экан  – Сиз маҳбуслигингизни ўша чироққа қараб билиб турар экансиз.
Бугун ўша кунларимни ўйлаб ҳайрон қоламан. Қирқ кундан зиёд вақт давомида СНБ камерасида бирор тун ҳам чироқ ўчмади. Бугун энди мустақилликнинг 25 йилига келиб, у ерларда ҳам чироқлар бот-бот ўчиб турса керак деган ўйга бораман…
Кун бўйи чойшабларнинг устига ўтириш ёки ётиш мумкин эмас. Эрталабки соат олтидан, кечки ўнга қадар стулда ўтирасиз, ёзасиз ёки китоб ўқийсиз, камерада айланиб юрасиз.
Чойшабга ўтирсангиз гап эшитасиз…
13.
СНБ қамоқхонасида эсда қоладиган ҳолатлар анчагина.
Улардан бири шундан иборатки, бизни туалетга ёки тоза ҳаводан нафас олиш учун ташқарига олиб чиқаётганларида ва қайтиб ичкарига олиб кираётганларида йўлакларда бирор кишини ҳам кўрмайсиз, учратмайсиз, ҳатто қўшни камераларда кимлар ётганини ҳам билмайсиз.
Йўлакдан бошқа йўлакка ўтаверишда қарсак чалинади, шу заҳоти гап-сўзсиз ҳаракатдан тўхтаб, деворга қараб туришингиз керак. Шу пайт Сизни олдига солиб кетаётган ходим қандайдир тугмачани босади-ю, ширқ этиб деворнинг ўрнида эшик пайдо бўлиб очилади – рўпарангизда янги йўлак пайдо бўлиб қолади, яна юришда давом этаверасиз.
Хуллас, йўлак ва коридорларда ҳеч кимни учратмайсиз, ҳеч кимни кўрмайсиз.
Қизиқки, терговчининг хонасига сўроққа олиб чиқишаётганда ҳам бир қарсак чалинса бас, дарҳол барча эшиклар ёпилади.
Ҳатто СНБнинг ходимлари ҳам қайси камерада кимлар ётганини билиши мумкин эмас экан. Қачонки биз ўтиб кетганимиздан кейингина ортимиздаги барча эшиклар очилиб, яна ҳаракат бошланиши мумкин.
СНБ маҳбуслари бораётган йўлак ва коридорлар то улар ўтиб кетгунга қадар кимсасиз бўлиб тураркан.
Бу ердаги тартиб қоидалар ана шунақанги ажойиб ва ғаройиблиги билан ҳам хотирамда сақланиб қолган…
14.
СНБ қамоқхонасида Сиз ҳар куни орзиқиб кутадиган вақт – қирқ беш минутлик сайр.
Ҳар куни ўзингиз истаган, ўзингиз танлаган вақтда Сизни қирқ беш минут давомида ташқарига олиб чиқишиб, тоза ҳаводан нафас олишга, атрофи панжаралар билан қуршаб олинган қафасда сайр этишга рухсат беришади.
Эрталабки соат олтидами, еттидами, хуллас, ўзингизга маъқул бўлган вақтни айтсангиз, камерадошингиз билан Сизни ён-атрофи – темир-бетон девордан иборат, тепаси – панжара билан тўсилган алоҳида хоналарга олиб чиқишади.
Панжаралар орасидан осмон кўриниб туради.
Томнинг тепасида, панжаралар билан тўсилган хоналар тепасидаги махсус йўлакчада автомат ушлаган соқчи айланиб юради. У беш-олтита бўлмани бирданига – бир вақтнинг ўзида назорат этиб туриш имкониятига эга.
Панжаралар орасидан кўриниб турган осмондан Сизга тоза ҳаво келади.
Тоза ҳаво билан бирга – озодликка чиқиш иштиёқи ҳам юракларингизни қамраб олади…
15.
Сизга осмондан тоза ҳаво келади ва энг даҳшатли томони шундаки, бу тоза ҳаво билан бирга  –  СНБ “Зарафшон” ресторанининг ёнида жойлашгани боис, ҳар-хил антиқа овқатларнинг ҳиди, қовурилаётган товуқ ва картошкаларнинг таъми димоғингизга гуп-гуп этиб урилади-ю, кўнглингиз ағдар-тўнтар бўлиб кетади.
Одамнинг кўнгли озиб кетади овқат ҳидидан.
Озодликда юрганимизда “Зарафшон” ресторанининг атрофидан минг марта ўтсак ҳам, лекин у ердан таралаётган таомларнинг ҳидини сезмас эканмиз.
Бироқ озодликнинг биргина кунига зор бўлиб, СНБ подвалининг рутубатли камерасида ётган пайтингизда қирқ беш минутга тоза ҳаводан нафас олиш учун ташқарига олиб чиқишган чоғда ҳар хил овқатларнинг ҳиди димоққа шундай уриладики, беихтиёр бошингиз айланиб, кўзингиз тиниб қолади.
Назаримда, ҳибсдагилар учун, овқатларнинг ҳидлари ҳам  – озодликнинг тимсолига айланиб қолади…
16.
Ўша – тепангиздаги бир парча осмонга термулиб ўйга чўмасиз.
Тоза ҳаво насимлари билан бирга димоғингизга урилаётган антиқа таомлар таъмини ҳис қилиб, тамшанасиз, кўзларингиз беихтиёр ёшга тўлади.
“Зарафшон” ресторанида ўтган мулозимлик давридаги кайфу сафоларни эслаб, мискин хаёлларга ошно бўласиз.
“Ўзбекистон Ҳаво йўллари” авиакомпанияси раиси Арслон Рўзметов фарзандининг никоҳ тўйини ана шу мўҳташам ресторанда катта дабдаба билан нишонлаган эди.
Тўйга Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан бирга мен ҳам бориб, қатнашган эдим.
Ооо, бугун – ўша рестораннинг шундоққина ёнгинасидаги СНБ ертўласидан туриб,  ўтган шон-шуҳратли кунларимни эслаш мен учун қанчалар оғир ва азобли эканини билсангиз эди.
Биз Мавлон ака билан иккимиз ресторанга кириб келганимизда, тўй аллақачон бошланган бўлиб, Арслон ака рафиқаси билан бизни кўрган заҳоти ирғиб ўринларидан туриб, истиқболимизга югуриб, пешвоз чиқишади.
Бу ерда республиканинг барча казо казоларини учратиш мумкин эди. Биз ана шу казоларнинг барчасини доғда қолдириб, виқор билан тўйхонанинг энг тўридаги ўзимиз учун ажратилган махсус жойга етиб боргунча, ҳамманинг нигоҳи бизда эканини сезиб турардик.
Тўй эгаларининг алоҳида мулозамати, тўйхонадаги казо казоларнинг ўткир ва синчков нигоҳи, камон қош раққоса-ю, хонандаларнинг мафтункор ва сирли қарашлари бизга ёқарди.
Биз мансаб шуҳратию, амал қудратига шунчалик берилган ва асир бўлган эдик-ки, эрта бир кун буларнинг бари саробга айланиб, бу ердан унча узоқ бўлмаган махсус хизмат ертўласи бизни интизорлик билан кутиб турганини ҳали билмасдик…
17.
СНБ ертўласининг бизга тоза ҳаво ҳадя этиб турган бир парча осмонига термулиб яна бир воқеа ёдимга тушди.
Бу воқеа 1989 йилнинг 23 июль куни рўй берган эди.
Ўша куни – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг навбатдан ташқари чақирилган Пленумида Ислом Каримов – республиканинг янги биринчи раҳбари этиб тайинланади.
Тушдан кейинги пайт эди.
Инқилоб хиёбонидаги Газетлар корпусининг етти қаватли биносидан чиқиб, “Энди нима қилсам экан” деб хаёл суриб турганимда “Правда Востока” газетаси Бош муҳаррири Рубен Акопович Сафаров ҳаллослаб келиб қолди.
У мени кўрди-ю, сўрамасам ҳам, ўзидан ўзи: “Исмат, твой земляк стал первым секретарем ЦК!” деб айтиб қолди.
– Какой земляк, о ком Вы? – дедим ҳеч нарсага тушунмай.
– Ислам Каримов стал первым секретарем ЦК Компартии Узбекистана! – деди бу сафар дона дона қилиб.
Мен Рубен Акоповичнинг бу хабарини эшитиб, бир лаҳза  ўзимни йўқотиб қўйдим.
– Наҳотки!!! – дедим-у, қувонганимдан бир сакраб Сафаровнинг елкасига осилиб олдим.
У мендан бундан саркашликни кутмаган эди, шекилли: “Ты что, с ума сошёл что ли?” деб  оғирлигимни кўтаролмай, фонтанлар отилиб турган биллур фавворалар ёнидаги зинапояда чўккалаб ўтириб қолди…
18.
Мен эса чексиз бир қувонч ва ҳаяжон билан ҳозиргина ўзим чиққан бинога қайтиб кириб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси реадкциясига қараб чопдим.
Мен ишлайдиган газета учинчи қаватда жойлашган эди.
Бош муҳарриримиз Аҳмаджон Мелибоев МарказҚўмнинг олдинги раҳбарлари тазйиғи билан мени ишдан бўшатиш масаласини яна кун тартибига қўйган долғали ва ғавғоли кунлар эди ўшанда.
Лекин энди бу муаммоларнинг ҳаммаси Рубен Сафаровнинг бир оғиз хушхабари билан барҳам топган ва чилпарчин бўлган эди. Энди мени ишдан бўшатадиган куч йўқ эди Ўзбекистонда!
Чунки мен куни кеча Москвада – “Россия” меҳмонхонасининг мўҳташам ресторанида икки ҳафта бир стол атрофида ўтириб, улфатчилик қилган, ака ука бўлиб, қадрдонлашиб қолган Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари этиб тайинланган эди.
Шу муносабат билан редакцияда ким бор бўлса, ҳаммасини “Инқилоб хиёбони”нинг шундоққина биқинидаги “Зарафшон” ресторанига таклиф қилдим.
Ёқубжон Хўжамбердиев, Нодир Норматов, Камол Матёқубов, Рашид Раупов, Ашурали Жўраев, Абдумўмин Тиловов, Абдунаби Ҳайдаров, Бекқул Эгамқулов ва яна аллакимлар бор эди, ҳозир ҳаммаси эсимда йўқ.
Ресторанга кириб, ҳамкасбларимга ким нима истаса, бемалол буюртма беришини айтдим. Официантка қизларни чақириб, стол устини ноз-неъматга тўлдиришларини, кўпроқ ароқ олиб келишларини буюрдим.
Ислом Каримовнинг Ўзбекистон раҳбари этиб тайинланиши муносабати билан мен бирга ишлаётган ҳамкасб дўстларимни ана шундай ҳотамтойлик билан меҳмон қилгандим.
Мен “Зарафшон” ресторанидаги ўша зиёфат билан – Ўзбекистоннинг янги раҳбарини қутлаш баробарида, ўзим учун келиши муқаррар бўлган порлоқ истиқболимни ҳам ювган ва шарафлаган эдим.
Лекин эрта бир кун “Зарафшон”нинг шундоққина ёнидаги СНБ ертўласидан туриб, бу ердан таралаётган антиқа овқатлар ҳидига маст бўлиб, бугунги шодон зиёфатимни кўзда ёш-у, хасталик билан, чексиз бир армон-у, шикасталик билан эслайман деб ўйламаган эдим…
19.
Майли, ортиқча ҳис-ҳаяжон ва армонларга берилмай, “Зарафшон” ресторанидан яна ўз жойимизга – СНБ подвалига тушсак.
Бир парча кулранг осмонга термулиб, тоза ҳаво насимлари ва хуштаъм овқат ҳидларига тўйиб улгурмасингизданоқ, сайрга ажратилган вақт ҳам тугайди.
Қирқ беш минутдан сўнг эшик ширқ этиб очилади, гап-сўзсиз, қўлингизни орқага қилиб чиқиш жойига борасиз.
Навбатчи яна бир тугмачани босади, лифт тепага кўтарилади, лифтга кириб Сиз яна подвалга тушиб кетасиз.
Ўзи подвалдасиз. Яна подвалга тушиб кетасиз. Билмадим, СНБ ертўласидаги ҳибсхоналар неча қаватда жойлашган экан.
Билганим шуки, “Зарафшон” ресторанининг ёнидаги – биров билиб, биров билмайдиган СНБ биносининг остида ҳам худди шу бинонинг бўйидек, балки ундан-да баландроқ ва узунроқ шаклдаги ер ости ҳибсхонаси мавжуд.
Бу ҳибсхонанинг неча қаватдан иборатлиги менга номаълум.
Мен ўзимга маълум бўлган, у ерда ўзим кўрган ва гувоҳ бўлган воқеа-ҳодисаларни қандай бўлса шундайлигича қоғозга тушириш менинг инсоний ва журналистик бурчим ҳисобланади.
Инсонийлик бурчим шу маънодаки, токи у ердаги кўрган кечирганларимдан одамлар ўзлари учун тўғри ва керакли хулоса ва сабоқларни чиқариб олишсин. Ислом Каримовдек бир мустабид раҳбар бўлган “Мустақил” Ўзбекистонда қамалиш ва кутилмаганда СНБ ертўласига тушиб қолиш ҳеч гап эмаслигини доим ёдда тутишсин.
Журналистик бурчим эса, шу маънодаки, адолат ва диёнат деб, эркин сўз ва ҳур фикрлик деб, қолаверса – демократия деб, нафақат орзу умидлари саробга айланган Исмат Хушевнинг, балки бутун бир халқнинг, авлодларнинг зое кетган, шамолга учирилган умри ва ҳаёти ҳаққи ҳурмати – одамлар бугунги сиёсий тузум ҳақидаги бор ҳақиқатни билишлари ва 25 йилдан бўён юмуқ бўлиб келган кўзларини ниҳоят очишлари керак…

 

 

20.
СНБ ҳибсхонасининг хотирамда қолган одатларидан яна бири – Сизни терговга чақиришгандаги вазият.
Одатда, Сизни терговга олиб чиқишаётган пайида: “Хушев, Сиз ташқарига чиқинг!” дейилмайди.
Навбатчи камеранинг темир туйнугини очади-да, кўрсаткич бармоғини бигиз қилиб:
– Фамилия? – дейди русчалаб.
Масалан, бир киши:
– Ҳакимов! – деб жавоб беради.
Сўнг соқчи иккинчи маҳбуснинг кўзларига тикилганча:
– Фамилия?! – дейди.
– Джурабеков, – деб жавоб беради тепакал камерадошингиз.
Сўнг соқчи Сиздан:
– Фамилия?! – дейди бояги оҳангда ва бояги ҳолатда турган ҳолда. У ҳаммага бир хил муомала қилади, ўзининг ҳис-туйғуларини асло ошкор қилмайди.
– Хушев! – деб жавоб берасиз.
– Ты выходи! – дейди навбатчи. – Сен чиқ!
Аслида, навбатчи ким кераклигини ҳам, Сизнинг Хушев эканлигингизни ҳам яхши билади. Чунки йигирма кундан кейин барча навбатчиларга, Сизни у ёқ-бу ёққа олиб чиқадиган соқчиларга  таниш бўлиб қоласиз.
Лекин ҳар гал камерадаги ҳамма маҳбусларнинг фамилиясини бир бошдан сўраб чиқади, керакли одамни: “Сен чиқ!” деб опчиқиб кетади.
Қоида шунақа экан…
21.
Йўлакка чиққанингиздан кейин, икки қўлингизни деворга тираб ёки юқорига кўтартириб, оёқларингизни елка кенглигида очиб қўяди-да, путларингиз орасини, қўлтиқларингиз остини, хуллас, ҳамма жойингизни тинтиб кўради.
Чунки одамлар камерада ўтирган пайтларида бекорчиликдан ҳар хил нарсаларни ясашар экан.
Сўнг терговчининг хонасига олиб боришади. Терговчи Сиз билан одамга ўхшаб гаплашади, Сизлаб мурожаат қилади.
Умуман, СНБ терговчилари – прокуратура ва ички ишлар вазирлиги тизимидаги терговчиларга қараганда анча маданиятли ва илтифотли кишиларга ўхшайди.
Сизни сўкмайди, урмайди.
Улар прокуратура ёки милиция терговчилари томонидан тайёрлаб берилган “Дело”нгизни ўрганиб чиқиб, энди ўзларининг “йўналиши” бўйича Сизни тергов қила бошлайдилар…
22.
Бир гал мени СНБ ҳибсхонаси полвалидан лифт билан терговга олиб чиқишганларида СНБ формасини кийган, қошлари камондек гўзал бир қиз сўроқ қилди.
Бу сўроқ – СНБ идорасининг юқори қаватдаги хоналарининг бирида бўлиб ўтди.
Юпқа панжарали деразанинг оппоқ ҳарир пардалари орқасидан шаҳар кўриниб турар, зангор осмон мовий ва кўм кўк ҳусну таровати билан қалбимга маҳзун бир дилгирлик ва шикасталик олиб кирарди.
Баъзан бир парча осмон ва шаҳар қиёфаси ҳам Сиз учун қўл етмас ва ушалмас армон бўлиб қоларкан.
Хусусан, ҳибсда бўлсангиз агар.
Ўшанда озодликда юрган кўчадаги одамларга, осмонда учиб юрган қушларга қанчалар ҳавас қилганимни билсангиз эди.
Ҳатто мени сўроқ қилаётган рўпарамдаги мана шу гўзал терговчига ҳам, кабинетга кириб чиқиб юрган навбатчи ва соқчиларга ҳам ниҳоятда ҳавас қилгандим.
Менинг бу руҳий ва психологик ҳолатимни умрида бир неча кунга бўлса-да, озодликдан маҳрум қилинган ва қамалган одамгина яхши билиши ва тушуниши мумкин.
Терговчи мендан аввал Умрзоқов, сўнг Жўрабеков ва ҳатто Каримовнинг оила аъзолари ҳақида нималарни билишимни узоқ сўраб суриштирди.
Лекин одоб билан, маданият билан савол жавоб қилди…
23.
Энг ажабланарли жойи шундаки, СНБда мендан бирор марта ҳам Китоб район прокурори Фарҳод Шайманов тўғрисида ва нима учун унинг фаолиятига тўсқинлик қилганим ҳақида сўрашмади.
Ҳолбуки, аслида, мен ҳамон 194-модда бўйича айбланаётган эдим.
СНБ терговчиларининг саволлари фақат Мавлон Умрзоқов, ҳукумат, сиёсат, Президент ҳақида бўларди.
Боя айтганимдек мен Ўзбекистон Жиноят Процессуал Кодексининг 194 модда, 6-банди бўйича айбланаётган бўлсам, демак тергов ҳам аслида шу модда қамрови доирасида бўлиши керак эди. Агар менга бошқа моддалар қўйилса, унда тергов доираси кенгайиши мумкин.
Масалан, “Нима учун Китоб район прокурорининг фаолиятига тўсқинлик қилдинг?” деб сўрашлари керак эди. Бу ҳақда икки ой аввал Тошкент шаҳар милицияси ҳибсхонасида мендан бир марта сўрашиб, сўнг умуман қайтиб оғиз очишмади.
Кейин эса фақат порахўрлик, кадрлар сиёсати, Давлат маслаҳатчисининг фаолияти, сиёсат, қайси кадрни қаёққа қўйгансиз, Сенинг вазифанг нималардан иборат эди каби саволларга мендан жавоб олишмоқчи бўлишарди.
Демак, улар мени “дежурний” модда билан қамоққа олишганди. Яъни, 194-модда шунчаки бир баҳона эди, холос.
Уларнинг асосий мақсади – Мавлон Умрзоқовнинг фаолият доирасида менинг қандай роль ўйнаганимни аниқлаш ва ойдинлаштиришдан иборат эди.
Бу жараёнда мен эришган энг катта ютуқ шундан иборат бўлдики, мен уларнинг найрангига учиб, видеога тушмадим.
Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳибсхонасида мени хар хил йўллар билан “тузоқ”қа туширмоқчи бўлишди, лекин мен тушмадим.
Ислом Каримовнинг ўз сиёсий рақиби Назир Ражабов масаласидаги аччиқ ва аламли сабоғи мени бу тузоқдан қутқариб қолди…
24.
СНБдаги тергов чоғида менга берилган саволлар асосан қуйидаги мазмунда бўларди:
– Мавлон Умрзоқовнинг пуллари қаерда?
– Унинг онгида Президентга қарши бўлган фикрлар қачон пайдо бўлган?
– Умуман, Сиз Ўзбекистон Олий раҳбариятида – Президентга қарши, душманлик кайфиятида бўлган яна кимларни биласиз?
– Сиз қандай қилиб Адабиёт газетасининг оддий ва вақтинча ишга олинган мухбирлигидан кутилмаганда Бош муҳаррирлик лавозимига чиқиб қолгансиз?
– Давлат сиёсати ва Президент ишончига қай йўсинда доғ туширгансиз?
– Ўзингизнинг бошқа айбларингиз ҳам борми?
– Мавлон Умрзоқов атрофидаги одамларнинг порахўрлиги тўғрисида нималарни биласиз? Уларнинг ахлоқий ва маънавий бузуқлиги ҳақида-чи? Мисоллар…
– Ўзингиз кимлар билан алоқа қилгансиз? Кимларни қайси лавозимга кўтаргансиз ва ҳоказо…
25.
Яширмайман, СНБ терговчиларининг аксар саволлари мен учун янгилик эди.
Чунончи: “Мавлон Умрзоқовнинг онгида Президентга қарши бўлган фикрлар” борлиги тўғрисидаги сафсаталар ҳеч қандай асосга эга эмас эди.
Тўғри, маиший масалаларда Умрзоқов қуюшқондан чиққан бўлиши мумкин, ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандамиз, лекин у сиёсатнинг асосий йўналишига ҳеч қачон қарши бўлмаган, Президентга хиёнат қилмаган ва бундай фикр унинг хаёлига ҳам келмаганди.
Хуллас, СНБдаги терговчилар одамга ўхшаб муомала қилишарди.
Улар анави прокуратура ва милиция тизимидаги ўпкаси йўқ терговчилардек: “Отилиб кетасан!”, “Камида 17 йилга қамаласан!” деб қўрқитишмайди, дўқ қилишмайди…
26.
Дарвоқе, Ўзбекистон прокуратурасидаги асосий терговчимнинг номи – Нурмуҳаммад Ҳайдаров эди.
Мени уйимдан республика прокуратурасига алдаб олиб бориб ҳибсга олган, Шимолий вокзал ҳибсхонаси билан  Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг қон ва тер ҳиди анқиб турган ертўласида дўқ пўписа билан қўрқитиб савол жавоб қилган бу муттаҳам зотнинг шунча даб-дабаси бўлгани билан СНБ идорасига киришга ҳаққи йўқ экан.
Қирқ кун СНБ ҳибсхонасида сақланган бўлсам, у бирор марта ҳам ҳузуримга келиб мени сўроқ қилолмади. Бу ернинг қонун қоидалари балки шундайдир, бу менга қоронғу.
Аслида, ҳар бир маҳбуснинг асосий терговчиси, у қаерда бўлса ҳам, ўша ерга келиб, ҳибсдаги тутқинини бемалол тергов қилиши мумкин.
Лекин СНБ идораси учун бу қонун-қоидалар бекор экан…
27.
Нурмуҳаммад Ҳайдаров асли Сирдарёдан дейишди.
Узун бўйли, ориқ юзли, нусхаси совуқ бир кимса. Мен уни даставвал қозоқ бўлса керак деб ўйлаган эдим. Чунки, бир қарашда кўринишидан қозоқларга ҳам ўхшаб кетарди.
У бир муддат Москвада ҳам ишлаб келган экан. Лекин чидаб бўлмас даражада ифлос одам эди.
Мен журналист сифатида ҳуқуқ-тартибот идораларидан азият чеккан инсонларни ҳимоя қилиб, ҳар хил кишиларга дуч келган бўлсам ҳам, бироқ терговчилар орасида айнан Нурмуҳаммад Ҳайдаровга ўхшайдиган бирорта ҳам муттаҳам, разил ва аблаҳ одамни учратмаган эдим.
У кўзингизга термулиб туриб, кутилмаганда онангизни ва оилангизни ҳақорат қилиши, Сиз отилиб ёки 17 йилга қамалиб кетганингиздан кейин, болаларингиз кўчаларда хор зор бўлиб, фоҳишалик қилиб юришини бемалол, пинагини ҳам бузмасдан башорат қилиш мумкин.
Ҳайдаров – қўрқитиш ва шантаж қилишга устаси фаранг бўлган шу қадар ифлос бир махлуқ эди.
Қандай йўқ билан бўлса-да, Сизни майиб ва мажруҳ этиб, руҳан синдириб, тавбангизга таянтириб, инсоният сафидан тамомила йўқотиб юборишга ишқибоз бўлган жаллод ва муртаднинг терговчи бўлиши мумкинлигини мен Н.Ҳайдаров тимсолида кўриб, адолат ва диёнатдан ҳам кўнглим қолиб кетган эди…
28.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Ажабки, ўша аблаҳ бизнинг терговимизни “аъло” даражада поёнига етказгани учун, янглишмасам, Мустақилликнинг беш йиллиги арафасида Президент Фармони билан “Жасорат”ми, “Шуҳрат”ми медали билан мукофотланади.
Бироқ, у ҳатто кимларнинг ҳомийлиги остида Президентни чалғитиб, давлатнинг нуфузли мукофотига сазовор бўлган эса-да, Нурмуҳаммад Ҳайдаровнинг прокуратура соҳасига тасодифий келиб қолган ялоқхўр ва муттаҳам бир каззоб эканини яхши билардим.
У маълум муддат республика прокуратурасида ўта муҳим ишлар бўйича тергов олиб борган бўлса ҳам, аммо орадан кўп ўтмасдан ўн саккиз яшар бокира қизни зўрлаб ўзининг дала ҳовлиси (дача)га олиб кетаётган пайтида ўша қиз бирдан рулга ёпишади-ю, машина жарликка қулаб тушади ва шўрлик қиз фожеали равишда воқеа жойида ҳалок бўлади.
Анави ифлос эса яна тирик қолади.
Бу иш бўйича жиноий иш қўзғатилади, лекин Н.Ҳайдаров “оғзаки” хайфсан олади. холос.
У яна ўзини ўнглаб ишга тикланади…
29.
Тақдир ўйинини қарангки, 1999 йилнинг 16 февраль куни Тошкент марказида портлаш рўй берган чоғда мен ишхонамдан чиқиб, нима бўлганини билиш учун Ватан ҳимоячиларидан ҳам олдинроқ Нодирабегим номли кинотеатр ёнига хизмат машинамда етиб борган эдим.
Бу пайтда мен аллақачон қамоқдан чиқиб, Н.Ҳайдаровнинг гестапоча терговидан қутулиб, яна Бош муҳаррир этиб тайинланган бахтли ва саодатли дамларим эди.
Портлашдан ваҳимага тушган ҳайдовчиларнинг бесаранжом йўл ҳаракатини тартибга солишни ҳам унутиб қўйиб, симёғочлар панасида яшириниб турган ГАИ (ДАН) ходимлари: “Ака, у ёққа борманг! Ҳамма ўша томондан қочиб келяпти!” деб ваҳима қилган бўлсалар-да, лекин Президентга содиқ эканимни кўрсатиш учун бўлса керак, террорчилар билан яккама-якка олишиш мақсадида Мустақиллик майдонидаги фавворалар ёнига етиб бордим.
Беихтиёр, нохуш манзараларга гувоҳ бўлдим: бировнинг калласи танасидан узилиб кетган, кимнингдир оёқ-қўли трамвай изида ётар эди…
30.
Мен даҳшатли манзарадан донг қотиб турсам, бирдан республика прокуратурасига қарашли, ўша бизни уйимизни бориб босгандаги каби деразаларига парда тутилган беш-олтита “РАФ” машинасида “ОМОН”чилар билан оператив ходимлар етиб келишди.
Қизиғи шундаки, уларга йўл-йўриқ кўрсатиб, бошчилик қилиб турган мулозим – Нурмуҳаммад Ҳайдаров эди. У ҳайдовчининг ёнида, қўл телефонини қулоғига тутганча, гердайиб ўтирар эди.
Н.Ҳайдаров мени – яп-янги ва қоп-қора хизмат машинамнинг ёнида турганимни кўрди-ю, бирдан ранглари оқариб, ўлик тусида менга бақрайиб қараб қолди.
Биз 1994 йилдан кейин – қамоқдан чиққанимдан сўнг, учрашмаган эдик.
 Табиийки, у менинг яна Бош муҳаррир этиб тайинланганимни ҳам билмасди.
Ҳойнаҳой, у мени ваҳимали хизмат машинам ёнида кўриб (чунки атрофи аллақачон ўраб олинган портлаш содир бўлган майдонга оддий машиналар киролмаслигини у яхши биларди), бир пайтлар оёқларимга йиқилиб ёлворган Исмат Хушев ҳозир қандай лавозимда экан деб роса бош қотирган бўлса керак.
Мен унга бош силкитиб қўйдим-да, машинамнинг орқа ўриндиғига ястаниб ўтириб, мудҳиш ҳодиса рўй берган жойдан жўнаб кетдим…
31.
Орадан бир-икки йил вақт ўтди.
Бу пайтга келиб Нурмуҳаммад Ҳайдаровнинг Олмалиқдаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётганини айтишди.
У пора олаётган пайтида СНБ (МХХ) нинг “Коррупция ва порахўрликка қарши кураш” Бош Бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинибди.
Мана, бизни қанақа манфур кимсалар тергов қилган эди.
Худога шукрки, Миллий Хавфсизлик Хизматининг терговчилари Ҳайдаровга ўхшаган аблаҳларнинг олдида кўзимга фариштага ўхшаб кўринишарди…

 

 

32.
Энди СНБ дан мени кутилмаганда Ички Ишлар вазирлиги подвалидаги ҳибсхонага ҳайдаб юборишларига асос бўлган воқеага ўтсак.
Махфий Хизмат ертўласидаги ҳибсхонада одамга ўхшаб яшаётганимдан мамнун эдим.
Маданиятли ва илтифотли СНБ терговчилари мен билан бўлган учрашувдаги тергов жараёнида ҳамма саволларга тўғри жавоб беришда давом этаверсам, шу ердан судга қатнашим мумкинлигини айтиб, кўнглимни кўтаришарди.
Маҳбуслар судга, одатда, Тоштурмадан қатнашлари жоиз экан.
Яъни, Тошкент шаҳридаги барча ҳибсхона ва изоляторлардаги маҳбуслар тергов давомида у ерда сақланиб, тергов ниҳоясига етганидан сўнг, барчаси Тоштурмага олиб ўтилар экан.
Тоштурмадан эса, суд маҳкамаси тугагач, белгиланган жазони ижро этиш учун жойлардаги меҳнат ва “дисбат” колонияларига жўнатилар экан…

 

 

33.
Хуллас, мени СНБ ҳибсхонасидан – МВДнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даҳшатли зиндонига ўтказиб юборишларига асос бўлган воқеани айтиб ўтишим керак.
Мавлон Умрзоқовнинг Маҳмуджон Мелиқўзиев деган қудаси бор эди. У киши ҳақида юқорида қисман айтиб ўтдим.
Ўқувчига кейинги воқеалар тушунарли бўлиши учун мени пойтахтнинг Жуковский кўчасидаги Тошкент шаҳар милиция бўлими қамоқхонасидан нима учун СНБ ҳибсхонасига ўтказиб юборганлари сабабини яна бир бор эслатиб ўтишим керак.
Демак, ўша ҳикоядан кўчирма:
“Мавлон Умрзоқовнинг қудаси Маҳмуджон Мелиқўзиев министр бўлиш иштиёқида юрарди. У киши асли Фарғонанинг Учкўпригидан бўлиб, водий томонларда у кишини пулдорлиги боис “Маҳмуд миллион” деб аташаркан.
Шу киши бир куни: “Исматжон, юринг, Сиз гувоҳ бўлинг, мен Аҳмаджон Отажоновга ўн минг доллар пул бераман!”, деб мени эргаштириб бир жойга олиб борди.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ. У қудаси Умрзоқовга эмас, балки унинг ўринбосари Отажоновга ўн минг доллар пора беради.
Отажонов эса: “Агар Сизни министр қилолмасам, палон жойдаги квартирамни сотиб, пулингизни қайтариб бераман!” , – дейди.
Узоқ давом этган тергов чоғида мен ўша воқеани билиб-билмай оғзимдан гуллаб қўйган эдим.
Аҳмоқ бўлмасам, биринчидан, бунақа чиркин ишларга гувоҳ бўлмаслигим керак эди. Иккинчидан, тергов пайтида “билмадим дединг – қутулдинг!” қабилида иш тутишим лозим экан.
Йўқ, охиригача ҳалол бўлишим керак, терговчига ҳамма гапни рост гапиришим керак деган аҳмоқона ақида тилимдаги тушовни бўшатиб, мени сайратиб юборади!
Шу воқеани терговчига айтганимдан сўнг: “Раҳмат, сизга!” деб, мени Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) нинг қамоқхонасига ўтказиб юборишди…”

 

34.
СНБ ҳибсхонасидаги маҳбуслар ҳаёти ва у ерда кўрган кечирганларим ҳақида батафсил ҳикоя қилиб бердим.
Энди нима сабабдан СНБдан мени МВД зиндонига ўтказиб юборганларини айтиб бермоқчиман.
Мен аҳмоқ СНБ ҳибсхонасига ўтиш иштиёқида ГУВД терговчиларига Маҳмуд Мелиқўзиев билан Аҳмад Отажонов орасидаги олди бердига гувоҳ бўлиб қолганимни айтиб қўйиб, катта хато қилганимни кейин англадим.
Ҳолбуки, “Умрзоқовнинг жиноий гуруҳи” сифатида биз билан бирга қамалган Мелиқўзиев билан Отажоновлар ўша пайтлари айнан мана шу “олди-берди”ни терговчиларга инкор қилиб турган пайт экан.
Яъни, Отажонов пора олганини – тан олмаётган, Мелиқўзиев эса пул берганини – инкор этаётган экан. Хуллас, иккаласи айбни бир-бирига тўнкаётган, тўполон бўлаётган экан.
Энди битта гувоҳ етишмай турарди. Ўша бўшлиқни мен тўлдиргандим…
35.
Терговда кўп гапирмаслик, булбул бўлиб сайрамаслик керак экан.
Чунки ҳибсда ва терговда айтган ҳар бир гапинг учун жавоб беришга тўғри келар экан. Қолаверса, айтилган бу гап-сўзлар протоколлаштирилиб, темир папкаларда мангуга зикр этилиб қўйиларкан.
Мен аҳмоқ бўлсам, ўзимни ўзим тутиб бердим.
Аслида, терговчилар: “Ҳеч бўлмаса, М.Мелиқўзиев билан А.Отажонов ўртасида олди-берди бўлганини тан олсангиз, бас, Сизни СНБга ўтказиб юборамиз!” деб ваъда беришган эди.
Мен гувоҳлигимни тан олдим, ўша гапимда турдим. Шундан кейин мени СНБга ўтказишди.
СНБ қамоқхонасига ўтказилганимдан сўнг орадан бир ой ўтгач, бизни Маҳмуджон ака билан учраштиришди. Ҳа, биз шунчаки учрашдик, холос. Бу ҳолни “юзлаштириш” деб бўлмасди.
Чунки мени навбатчи битта хонага олиб чиқди, бошқа томондан М.Мелиқўзиевни келтиришди. Маҳмуджон аканинг ёнида адвокати ҳам бор эди. У аёл киши эди, жуда хушмомала экан.
Адвокат ҳам, бошқалар ҳам бизни ёлғиз қолдиришди:
– Ўзларинг гаплашиб олинглар, – деб чиқиб кетишди.
Шунда Маҳмуджон ака йиғламсираб тавалло қила бошлади:
– Исматжон, қамоқда ўтирганимизга ҳам икки ойдан ошиб кетди. Прокурор яна икки ойга санкция берибди. Энди тўрт ой қамоқда ўтирамизми?! – деди.
– Ака, мен нима қилай?! Начора, тақдир экан, – дедим гап нимада эканлигини тушунмай.
– Исматжон, ахир мен Отажоновга пора берганим йўқ-ку! Сиз аввалги гапингиздан қайтинг: “Йўқ, мен кўрганим йўқ!” деб айтинг! Булар менга бошқа айб қўйишолмади. Фақат “олди берди” қилгансан деб туришибди…
Милиция қамоқхонасидан бир амаллаб СНБга ўтиб олдим, энди биз билан одамга ўхшаб муомала қилишади деб ўйладимми ёки Маҳмуджон акага раҳмим келдими, билмайман, рози бўлдим.
– Бўпти, Маҳмуджон ака, агар менга боғлиқ бўлса қамалиб кетишингиз, мен аввалги кўргазмамдан қайтаман, – дедим.
– Минг раҳмат Сизга, Исматжон. Мана кўрасиз, ҳали ҳаммамиз қутулиб чиқиб кетамиз. Қамалгандаги ваҳималардан бугун асар ҳам қолмади. Ҳеч нарсани исбот қилолмай, жиноят тополмай, терговни чўзиш билан овора булар…
Мен ҳали чучварани хом санаб ўтирганимдан бехабар эдим…
36.
Биз гаплашиб бўлганимиздан сўнг, хонага терговчи кириб келди.
У икковимизга ҳам маъноли қараб қўйди. Ўртамизда нима гап-сўз бўлиб ўтганини, афтидан, у биларди. Боғ-ҳовли (дача) да ўтириб, гапирган гапларингни биладиган СНБ ўзининг ичида бўлаётган гапларни эшитмаслиги мумкин эмасди.
– Хўш, қандай қарорга келдингизлар? – деб сўради терговчи.
– Ҳеч қачон ўн минг доллар тўғрисида гап бўлмаган! Ҳеч ким ҳеч кимга пул бермаган. Мен ҳеч қандай порахўрликка ҳеч қачон гувоҳ бўлмаганман! – деб бирданига аввалги кўргазмаларимдан тондим-қўйдим.
Шунда терговчи ажабланиб менга бир қаради, сўнг Маҳмуджон акага ҳам бир қаради-да, битта қоғозни олдимизга қўйиб:
– Қўл қўйинглар, – деди.
Икковимиз ҳам ўша қоғозга имзо чекиб бердик.
Маҳмуджон ака ўрнидан туриб:
– Исматжон, раҳмат, ука, бу яхшилигингизни бир умр унутмайман! – деб адвокати билан хонадан чиқиб кетди.
Мени ҳам опчиқиб кетишди…
37.
СНБга ўтиш учун ГУВДда берган аввалги кўргазмамдан тонганимдан кейин бирдан тўполон бўлиб қолди.
Тўсатдан камерамизнинг эшиги очилиб, битта терговчи кириб келди. Бир ой СНБ ҳибсхонасида яшаган бўлсам, ҳали бирор марта ҳам камерамизга биров кириб келмаган эди. Фақат эшик  туйнугидан савол-жавоб бўларди.
Бу гал эса темир эшик очилиб, камерага терговчи кириб келди:
– Сиз олдинги кўргазмаларингиздан нега тондингиз? Ахир, шу ердан судга чиқиб кетардингиз-ку?! Энди ўзингиздан кўринг! Ҳали ҳам кеч эмас, бугунги гапингиздан қайтасизми-йўқми?
– Йўқ, мен қайтмайман. Бор гап – шу. Мен ҳеч нарсани кўрганим йўқ, – деб туриб олдим.
Тўполон баттар авж олди.
Бояги терговчидан кейин бошқаси – ундан каттароғи, шекилли, энди икки киши камерага кириб келишди:
– Хушев, Сиз бу ерда нафақат олдинги кўргазмангиздан, балки қамалишдан аввал раисимиз номига ёзган хатингиздан ҳам қайтдингиз. Сиз ўз мактубингизда Умрзоқов ва унинг оиласини Президентга қарши фаолиятда айблаган эдингиз. Лекин биз билан бўлган савол жавоб ва суҳбатларда – улар Президент сиёсатига доғ туширишни хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар деб ўз ёзганларингизга қарши кўрсатма бердингиз. Нега бундай қилаяпсиз?
– Чунки мени айғоқчиларингиз “шундай хат ёзсанг, Президент сенга яна ишонч билдириб, ишга тиклайди!” деб ишонтиришган эди. Сизлар эса мени ишга тиклаш ўрнига, аксинча – ҳибсга олдингизлар… – деб мен ҳам тўғрисини айтдим.
Терговчилар бош чайқаб, камерадан чиқиб кетишди…
38.
Хуллас, СНБ ҳибсхонасида уларнинг раиси Ғулом Алиев номига ёзган хатимга қарши кўргазма берганимда менга индашмаган эдилар.
Лекин Мелиқўзиев билан Отажоновлар орасидаги “олди-берди” ҳақидаги кўргазмамдан тонган кунимоқ – кечаси мени нима учундир – Ички Ишлар вазирлиги ертўласига олиб кетишди.
Нима учун мени кутилмаганда СНБ дан МВДга олиб ўтганлари сабабини эса, Зокир Алматовнинг қон ва тер ҳиди анқиб турган зиндонига борган кунимоқ англаб етдим…
39.
СНБ ҳибсхонасида бир ойча турдим.
Қамоққа олинганимга уч ойдан ошиб қолганди, яқинда бизнинг устимиздан суд бошланиши лозим эди.
СНБ подвалидаги камераларга энди-энди кўникиб қолган эдим, лекин бу жойдан ҳам кўчишга тўғри келди.
СНБ – қамоқдаги учинчи жойим эди. Дастлаб, Шимолий вокзалдаги Темир йўл милицияхонасида сақландим, сўнг Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг қамоқхонасига ўтказилдим – бунда қирқ кун, аввалги жойда – ўн кун, жами эллик кун бўлса, СНБда бир ой турган бўлсам, демак маҳбуслигим уч ойга яқинлашиб қолибди.
СНБда ётган пайтимда Самандар Қўқонов ҳам қўшни камераларнинг бирида сақланаяпти деб эшитдим. Биласиз, у республикамизда: “Бензин қироли” деб ном чиқарганди. Қамоққа олинганида уйидан уч-тўрт “КамАЗ” машина гилам чиққанини телевизорда қайта-қайта кўрсатишган эди.
Аслида, Қўқонов “ЭРК” партиясининг фаол тарафдорларидан, тарғиботчиларидан бўлган.
Муборак шаҳар ижроия қўмитасининг собиқ раиси Мурод Жўраев ҳам СНБда сақланаётганини эшитдим. У ҳам “ЭРК” партиясининг фаолларидан, қизғин тарғиботчиларидан бири ҳисобланарди.
Уларнинг иккаласи ҳам – Олий Кенгаш депутати бўлиб, Ўзбекистондаги обрў-эътиборли сиёсатчилардан эдилар.
Муҳаммад Солиҳнинг қайсидир бир укаси ҳам СНБда сақланаяпти деб айтишарди…
40.
Дарвоқе, СНБда ётганимизда биздан махфий хизмат раиси Ғулом Алиев номига тавба-тазарру қилдириб, хат ёздириб олишади.
Мен ҳам, Мавлон Умрзоқов ҳам шундай хат ёзиб берганмиз. Албатта, биз у кишидан ялиниб-ёлвориб кечирим сўраганмиз.
Агар ёдингизда бўлса, “Дўрмон”да – ҳукумат дачасидаги зиёфатларнинг бирида Мавлон ака унга қарата: “Мени кузатадиганнинг йўғон ичагини суғуриб оламан!” дегани учун, мен бўлсам Президентнинг “Ёзги резиденция”сида: “Ғулом ака, кайфингиз ошиб қолибди, бориб дам олинг!” деб шаккоклик қилганим учун  биздан ўч олдими ёки бошқа сабабданми, билмадим, ҳар қалай СНБ ҳибсхонасида биздан шу мазмунда хат ёздириб олган эдилар.
Эҳтимол, биз ялиниб-ёлвориб ёзган ўша хатлар СНБ архивида сақланаётган бўлса керак.
Агар давр ўзгариб, бу сиёсий шамоллар тиниб, бугунги махфий хизмат архивлари очилиб, ўша хат нусхаси топилса, бу китоб охирида, албатта,  илова қилинади.
Мен ўша хатни йиғлаб ёзгандим: “Акажон, мени кечиринг!”, деб раиснинг оёқларига йиқилгудек бўлгандим, ялиниб-ёлворгандим.
Кейинчалик, Ғулом Алиев СНБ раислигидан бўшатилиб, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлади. Сўнг: “Соғлиғи ёмонлашгани боис” деган формулировка билан секингина нафақага чиқарилиб, Андижондаги ҳовлисига – уй қамоғига ўтказилади.
У умрининг сўнгги кунларини кўздан қолган ҳолда, қалбан – ғариб ва тушкунликда, руҳан – майиб ва турғунликда ўтказади.
Умуман, махфий хизмат раҳбарларининг ҳаёти ҳамиша – тарихда ҳам, бугун ҳам – фожеали якун топган.
Бу нафақат Ғулом Алиевга нисбатан, балки СНБнинг бугунги раиси Рустам Иноятовга ҳам бевосита алдоқадор гап…
41.
СНБда эсимда қолган нарсалардан яна бири шуки, бу ерда куч ишлатилмас экан: бунда қон изларини кўрмайсиз, кечалари жон аччиғида қичқираётган бечораларнинг нола-ю, фарёдини эшитмайсиз.
Бунда табобат кўриги йўлга қўйилган: ҳар куни битта опа камерадагилардан: “Қалайсизлар? Кимга нима керак?” деб бирма бир сўраб чиқади.
СНБда фақат руҳий босим кўрсатилади, холос.
СНБда хатлар эгасига ўз вақтида берилади, ёзганларингиз ташқарига чиқарилади. Сиз Ўзбекистоннинг қайси идора ва ташкилотига нима ёзсангиз, улар қўл қўйиб олишади ва албатта ёзган хатингизни адрес бўйича жўнатишади.
Бошқа жойлардан хат ва аризангизнинг ташқарига чиқиши қийин.
СНБда ётган пайтимизда ташқарига очиқ ҳавода сайр этгани олиб чиқишар эди.
Ўшанда панжаралар орасидан осмонга қараб шу қадар ўксинар эдимки, қанийди қуш бўлиб олис-олисларга учиб кетсам дердим. Қанотим йўқлигидан армон қилардим.
Агарда қанотим бўлса, тўрт метр тепамда турган панжаралар орасидан учиб чиқиб, бир ёқларга парвоз этиб кетган бўлардим. Қандай қуш бўлсам ҳам рози эдим: майли, қарға бўлай, майли зоғ бўлай, ҳар қалай қанотли қуш бўлсам, кифоя эди.
Лекин қирқ беш минутлик вақт тугаб, темир эшиклар шарақлаб очилади-да, ширин хаёлларингиз тумандек тарқаб, минг афсус ва надомат билан, яна ҳавоси оғир подвалга тушиб кетасиз.
Озодлик ва самоларга парвоз этиш – фақат орзу бўлиб қолади…
42.
СНБ ходимлари ички кечирмаларини умуман сиртига чиқармас экан.
Уларнинг муносабатларини фақат кўзларидан сезиш мумкин: бир ой давомида анча қадрдон бўлиб қолсангиз ҳам, бир оғиз илиқ сўз айтишмасди.
Албатта, ёмон гап ҳам айтишмайди. Фақат Низом бўйича муомала қилишади. Ортиқча гап-сўз йўқ, худди темир роботга ўхшайдилар.
Масалан: “Қалайсизлар, майли, ҳаммаси ўтиб кетади” дейиш мумкин-ку!
Ҳеч ким йўқ пайтда камера эшигини очиб, кўнгилни кўтариб қўйсалар ҳам бўлади.
Йўқ, улар фақат “Устав”га амал қиладилар.
Бир-икки ҳафтадан кейин улар кимнинг қандай одамлигини билиб оладилар.
Шунда ҳам фақат кўзларида, қарашларида меҳр пайдо бўлади, холос…
43.
Ўз-ўзидан равшанки, СНБнинг қамоқхонаси – бу республикадаги биринчи рақамли маҳбусхона ҳисобланади.
Бу ерда фақат давлат хавфсизлиги ва дахлсизлигига алоқадор энг ашаддий жиноятчилар сақланади.
Сиз Москва Давлат университетини битирган бўлсангиз ҳам, бир пайтлар Президент каромати билан Бош муҳаррир вазифасида ишлаган бўлсангиз ҳам, бироқ энди буларнинг ҳаммасига чизиқ тортилади – кресть қўйилади.
Бу ернинг шарт-шароити яхши бўлса-да, натижаси, оқибатлари ёмон бўлади…
44.
Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати (СНБ) қамоқхонаси ҳақида яна нима дейиш мумкин?
Қодирийлар, Чўлпонлар қийнаб, йўқ қилинган жойларда бўлиб қайтдик.
Ўзбекистон журналистларидан яна ким СНБ нинг подвалида ётиб чиққан экан?
Менимча – ҳеч ким!
Устига устак Ўзбекистондаги Бош муҳаррирлар орасида бу яқин тарихда ҳеч ким давлатнинг энг ашаддий жиноятчиси сифатида СНБ подвалига қамалмаган.
Бу жаҳатдан ҳам мен ҳозирча ягонаман – ягона нусхаман. Бу – қувонадиган, мақтанадиган воқеа эмас. Аксинча, ачинарли ва фожеали факт.
Лекин, ҳар қалай, менинг тақдиримда шу аччиқ ва аламли қисмат бор экан-да, на чора…
45.
Хуллас, СНБдаги бир ойлик “роҳат-фароғат”дан сўнг мени МВДнинг зиндонига олиб кетишади.
Мен Ички Ишлар вазирлигининг подвалида қаватма-қават қамоқхоналар бор деб илгари кўп эшитгандим. Лекин қанақа эканлигини билмасдим.
Олдинги бобларда ҳикоя қилганим каби, илгари – Президентга яқин бўлиб юрган давримда вазирнинг кабинетига кириб, ундан маҳбуслар зонада ясаган олтин суви юритилган, жимжимадор ханжарни совғага олганман, холос.
Лекин эрта бир кун ўзим ҳам шу бино подвалига тушиб, менга ханжар совға қилган вазир розилиги билан тепки ейман деб ўйламаган, бундай бўлишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим…
Сўнгсўз ўрнида
Шу ўринда яна бир бор таъкидлаб ўтишим керак: Махфий Хизмат ертўласидаги ҳибсхонада ҳамма нарса рисоладагидай йўлга қўйилган эди.
Маҳбусларга муносабат, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, “передача” ва “корреспонденция”ларни ўз вақтида бериш, арзу-шикоятларингизга эътибор, ҳар куни қирқ беш минутлик очиқ ҳаводаги сайр, маҳбусларнинг шахсий гигиенаси ва ҳоказолар шулар жумласидандир.
Менинг ушбу иқрорим ва дил розларимни ўқиб, кимдир ишониб, кимдир ишонмаслиги ҳам мумкин. Бунинг менга фарқи ҳам, аҳамияти ҳам йўқ. Мен СНБ ҳибсхонасида бир ой яшаб, кўрган кечирганларимни қандай бўлса – шундайлигича ёзишга қарор қилдим.
Яна бир бор такрорлайман: Булар менинг СНБ ҳибсхонаси ҳақидаги 1994 йил – октябрь ва ноябрь ойларидаги фикрларим.
Мустақилликнинг кейинги йигирма йилида бу идорада қандай ўзгаришлар рўй берганига, биз бугун ҳикоя қилган жуда кўп ижобий нарсалар салбий томонга нечоғлик юз бурганига – биз ҳали келамиз.
Биз бугун бу идорада маҳбусларга нисбатан қўлланилаётган ноинсоний қийноқлар “анатомияси” ва кўз кўриб қулоқ эшитмаган “сўроқ ва саволлар” нинг қонли “физианомияси”ни яхши биламиз.
Ва булар ҳақида ҳам ҳали ўз фикр ва мулоҳазаларимизни очиқ ойдин ёзамиз.
Бир сўз билан айтганда: СНБнинг мен кўрган ҳибсхонаси билан – бугунги ҳибсхонаси орасида ер билан осмонча фарқ борлигини, “Дунё ўзбеклари” ўқувчилари унутмаслиги керак…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
Торонто шаҳри, Канада
14 апрель, 2016 йил,

 

41 шарҳ
  1. uzbek

    Балким СНБ хибисхонаси тугрисида ёзганларингиз тугридир. Яна ким билади бошидан утган табиб дейишади. Лекин шу йилнинг яъни 2016 йил узида МХХ хибисхонасидан нечта нечта милиция ходимларини улиги чикмади. Оддий битта курсатма учун камалиб не не ходимлар улиб кемади камалиб. Энг асосийси уз уйингда ерга жой солиб котиб колган нон есангиз хам камокдан хар бандани ОЛЛОХНИНГ УЗИ АСРАСИН ОМИЙН!

  2. “ГАР ОЛТИН ҚАФАС ИЧРА ҚИЗИЛ ГУЛ БИТСА,
    БУЛБУЛГА ТИКОНДЕК ОШЁН БЎЛМАС ЭМУШ”!
    МВД қамоқхоналари фашистлар концлагериданда даҳшатлик эканлигини ва у ерда ишлаётган фашистларнинг кимлигини ўтган боблардан ўқиб билдик. Тирик чиқганингизнинг ўзи катта бахт. Уларнинг бугунги ваҳшийликларини эса тинимсиз чиқаётган ўликлар ошкор қилмоқда.
    МХХ хибсҳонларида ҳар қалай инсонлар ишлашар экан. Лекин у ердаги Бугунги аҳвол қандай билмаймиз.
    Битта ҳақиқатни жуда тўғри ёзгансиз; БОШИНГГА ТАШВИШ ТУШСА ОИЛАНГДАН ЎЗГА ДЎСТ ҚОЛМАЙДИ!!

  3.  

    1. uzbek

      ХОЗИР АЙРИМ МХХ ХОДИМЛАРИ ГАЗ СУВ НАВБАТДА ТУРМАСЛИК УЧУНАМ ГУВОХНОМА КУРСАТИШАДИКУ. ГУРУНЧ КУРМАКСИЗ БУМАЙДИ…

    2. xorazimdan

      АСЛИДА СНБ ГА АҚИЛЛИ ШАХСЛАРНИ ИШГА ОЛИШ КЕРАК! ХОЗИР БИЛМАДИМ ОЛДИН ҲАР ХОЛДА ИНТЕЛГЕНТЛАР БОШИ БУТУНЛАР ОЛИНГАН. БУНИ ИСМАТ ХУШЕВНИНГ БУГУНГИ ХОТИРЛАРИДАН ҲАМ БИЛСА БЎЛАДИ. ҲОЗИР СНБДА АҲВОЛ БОШҚАЧА. РУСТАМ ИНОЯТОВ ХАММА ЖОЙНИ РАСВО ҚИЛДИ. ИСМАТ ХУШЕВДАН СНБНИНГ БУГУНИ ҚИЁФАСИ ХАКИДА ХАМ УЗ ФИКРИНИ КУТИБ КОЛАМИЗ.

    3. Zokir

      1996 йилда снб да аҳвол хозиргидан яхши бўлган экан. Нима бўлганда ҳам мен Исмат Хушевга ишонаман. Давомини сабирсизлик билан кутамиз.

    4. Sizga juda boglanib qoldik. Dunyo o`zbeklarisiz bir soat ham yasholmaymiz. Umringiz uzoq bo`lsin. Qo`lingiz dard ko`rmasin. Bolalaringizning rohatini ko`ring, ilohim.

    5. Zarafshon restoranidan taralayotgan ovqatlarning hushbo`y hidlarini yaxshi ta`rif etibsiz. Haqiqiy shoirona tu`ygular. Sizning yozganlaringizni doim bosh ko`tarmay o`qiydi odam. Yaxshi yozuvchi bo`lib shakllandingiz< Ismatjon. Ko`z tegmasin ilohim.

    6. MXX hibshonasi haqida umrimda birinchi marta u erda bo`lib qaytgan odam hikoyasini o`qidim. Ismat Hushevga o`z minnatdorchiligimni bildiraman.

    7. Ismatjon, xotiralaringizni o`qiy boshlagandan beri tinchim yo`qolgan. Men prezidentga mehr qo`ygan sizni ham shuncha azob uqubat ko`rganingizni bilmagan edim.

    8. Naqadar to`gri fikrlar. Ismat Xushevga rahmat.

  1. Nurmuhammad Haydarov fojeali halok bo`lgan deyishadi, shu rostmi, Ismat aka?

    “Дунё ўзбеклари”дан: Бизга ҳам шундай хабар етиб келганига бир неча йиллар бўлди. Лекин аниқ билмаганимиз учун, бу ҳақда ёзишни ножоиз билдик…

  2. Rahmat, Ismatjon. Juda samimiy asar yozyapsiz. Q`olingiz dard ko`rmasin. Boshingiz omon bo`lsin.

  3. Mahsus hizmat idorasining hibshonasi haqida bugunga qadar hech qaerda bunday batafsil ma`lumotga ega bo`lgan qiziqarli maqola oqimagan edim. Ismat Hushevni men bugun o`zim uchun talantli jurnalist sifatida kashf qildim va bildim.

  4. MXX haqida yozilgan bu gap so`zlar ularning bugungu holatiga mutlaqo zid va qarama qarshi. Ismat Xushev hamisha to`gri va o`lgan viqelarni yozishini hisobga olsak, demak bu idora Inoyatov davrida tubdan o`zgardi. Yaxshi tomonga emas, albatta. Ismat Xushev yozayotgan bu voqealar esa Gulom Aliev davrida ro` bergan…

  5. Alisher

    Исмат Хушевга катта раҳмат бўлсин. Ўзим гуёки МХХ ҳибис хоналарига кириб чиққандек бўлдим. Очиғи бу жойни тассовиримга сиғдира олмас эдим. Ҳеч кимни бундай жойга тушкилик қилмасин.

  6. O’zbekxan

    1990 йиллар ўрталарида куч ишлатар тармоқлари озроқ бўлса ҳам қонунга амал қилар эди. Хозир булар қонунни бир тейинга олмайди. Шури қисиб турмага тушиб қолганлар айби бўлса ҳам, бўлмасада жаҳаннам азобини тортиши аниқдир. Лекин Исмат Хушевнинг бу қиссасида МХХ турмасида бир оз инсоф бор эканлиги баён этилган. Мен шахсан Исмат акага ишонаман. Бу энди тўқсонинчи йиллардаги гап. Хуш, бугун бу ерда ахвол канака? Мана бугуннинг энг мухим саволи?

  7. Jaloliddin

    Исмат ака маза қилиб ўқидим, СНБ ўлса ўлиги ортиқ экан прокуратура ва мелисадан. Наҳотки юқорида айтган терговчилар одамлар тақдирини белгиласа. Мен олдин ҳокимятга озроқ ишонар эдим энди мутлоқа ишонмайман. Лекин сизга рахмат. Билмаган куп нарсаларни билиб оляпмиз асарларингизни укиб.

  8. Ҳурматли Исмат ака! Сизнинг ёзганларингизни ўқишнинг ўзиёқ, миллионлаб юртдошларимиз юрагида куч ишлатар тизимларнинг нопок ҳодимларига нисбатан чексиз нафрат уйғотиш баробарида, ЎША ФАШИСТ ВА ҚОНҲЎРЛАР АЛБАТТА ХУДОДАН ТОПИБ, ЎЗ ЖАЗОСИНИ ОЛИШИГА ИШОНЧНИ ҲАМ УЙҒОТА ОЛАЯПДИ!
    КУЧ ИШЛАТАР ТИЗИМНИНГ РАХБАРИ ТАСОДИФИЙ КЕЛИБ ҚОЛГАЧ Н.ҲАЙДАРОВГА ЎХШАГАН, ОНАСИДАН ҚАЙТМАЙДИГАНЛАР ҲАМ ТАСОДИФИЙ КЕЛИБ ҚОЛИШАДИ.
    УШБУ ЁЗГАНЛАРИНГИЗДАН КЕЙИН, ОДАМЛАР УЛАРНИ КЎЧАЛАРДА ҚЎЛИ БИЛАН КЎРСАТАДИГАН БЎЛАДИ “АНА ЖАЛЛОД” ДЕБ!

  9. Шокир

    Ўзбек адабиётидаги янгилик – Исмат Хушев қаламига мансуб ўзбекча Архипелаг ГУЛАГ давом этяпти. Давомини сабрсизлик билан кутамиз.

    19 шарҳ

    1. Bobir

      Нима Ўзбек қамоқхоналарида чет элдан келиб ишаяптими? Йўқ! Шу зўравонлар ҳам ўзимиз яшаётган жамиятни ичидан чиққандир, айтишадику юзинг қийшиқ бўлса ойнадан ўпкалама деб. Нима бугандаям СНБ қамоғи хакида Исмат Хушевчалик хали хич ким ёзмаган эди. Ман умуман бу одамга коил қоганман.

    2. mirzo

      Ўша пайтилар собиқ КГБ ни шомали кетмаган хозирги махсус хизматда шароит нихоятда оғир экан. Исмат ака шулар хакида хам ёзинг. Кутамиз.

    3. Jahongir

      Исмат ака юрагингиз тозада терговчилар алдаса ишонгансиз. Аччиқ бўлса ҳам тан олиш керак бу дунёда тўғри гапирган одамни боши ташвишдан чиқмайди. Лекин асарингизни укиб, барибир сизга тан бермай илож йўқ, ака.

    4. Inoyatov sizni prezidentni maqtash marafonidan oldinroq haydashi kerak edi, Ismatbek. Mana endi bu iste`dod bilan ko`p uluq va hayrli ishlar q`ilishingiz mumkin. Omad sizga.

    5. Bundan olti oy oldingi lo`ttivoz jurnalistni tanimay qoldim. Mana endi Ismat Hushev mening tan beradigan va havas qiladigan haqiqiy kumirimga aylandi.

    6. Chet eldagi zerikarli hayotimga mazmun berganingiz uchun rahmat sizga, Ismatjon…

    7. Gulom Aleyvning siyosiy portretini o`qidik. Ruztam Inoyatovni qachon o`qiymiz?

    8. Ismat Hushevning uchinchi kitobini o`zbek adabiyotidagi voqea deb atagan bo`lardim…

    9. Ismat Xushevga jurnalist sifatida bigun kim raqib bo`lishi mumkin? O`zbekistonning ichkari va tashqarida shundau azamat bormikan?

    10. Ismat Xushevning bu asarini Arhipelak Golakka o`xshatishganlarida ishonmagan edim. Bugungu bobni o`qib, ishondim. Shokir, rahmat Sizga.

    11. Dunyo o`zbeklari ni topganimdan bo`yon siz haqingizda har kuni o`ylayman. Oilangiz va bolalaringizga havasim keladi…

    12. Men oldin ham sizga ishonardim, bugun ham ishonaman. Siz juda samimiy va ishonarli qilib yozasiz. Rahmat sizga.

    13. Karimov va Inoyatovlarning haqiqiy basharalarini ochib berayotganingiz uchun sizdan minnatdormiz. Bo`lar ekan-ku haqiqatni aytsa…

    14. Ot aylanib joyini topar deganlar doim…

    15. SNB ning kechagi va bugungi kunlariga holislisona yondashib, ob`ektiv baho bergansiz. Sizni shu paytga qadar rejim maddohi deb kelganlar ham bugun hayronu lol bo`lib qolishdi. O`zbekistonga rejim tashabbusi bilan bemalol borib kelgan jurnalis bugun haqiqiy siyisiy pozisiyasini qo`rqmay oshkor qilayorgani quvonchli hol, albatta. Shu yo`ldan chekinmasangiz, o`zbek muholifatining eng odo`li vakillaridan biriga aylanishingiz muqarrar.

    16. Agar O`zbekistonda haqiqiy demokratiya bo`lib, Ismat Xushevning bu asari Toshkentda nashr etilganida, u eng katta mukofotni olgan bo`lardi.

    17. Ismatjon. Tan olib aytishim kerak, siz talantli yigitsiz. Lekin shu paytga qadar Karimovni maqtashlaringizni o`qib, sizdan nafratlanib kelardim. Bu nodon o`z boshiga shuncha gurmat solgan diktatorni nega buncha maqtaydi deb. Mana endi ko`zlaringiz ochilibdi. Tabriklayman!

    18. Vaqtinchalik mansab, obr`oni Zokir Almatov, Rustam Inoyatovlar umirbotlik deb oylashadi. Oxir oqibatda xor bolib `olishadi. Zokir Almatov amaldan ketganidan song Yunusobotga judayam katta xashamatli machit qurganini eshitdim. Namozga borib meni aldashdi, men aldanib qoldim deb ozini oqlshga urinar ekan. Lekin inson bir marta aldanishi mumkun, ikki marta aldanishi mumkun. Bir umurga aldanmasa kerak. Axir u yosh bola emasku. Bu qonx`or uzining xalol puliga machit qursin edi…

    19. Нақадар даҳшатли ва аянчли сатрлар! Исмат ака сизнинг ёзаётганларингиз ва бугунги кунларда юртимиз концлагерларида содир қилинаётган ваҳший жиноятлар, аллақачон кўчаларга чиқиб кетган ТЕПА-ТЕПлар тарихда ЎЗБЕК ФАШИЗМИ номи остида қолиб кетиши хавфи ҳар қачонгидан кучли бўлиб турибди.
      Муссолини-Гитлер-Сталин ва бошқа ўнлаб қонҳўрлар бизникиларга муридликга ҳам ўтолмайди шу кетишда бўлса!
      Ғулом Алиев тегишли жазосини олганлигини ўқиб, нимагадир кўз олдимга Рустам Иноятовнинг пушаймон ва армон бўла нигоҳлари намоён бўлди…
      Аҳмадбоев ҳам шу кетишда бўлса Алматовга етиб олади! Қўҳна тарих гувоҳ, бундай аянчли ва ранжли ОҚИБАТЛАРГА!
      Ноҳақ қурбонларнинг қони тутади буларнинг барчасини!
      Чорак асрлик тарихимизнинг энг ҳаққоний тарихчиси ИСМАТ ХУШЕВ!

"3" Comments
  1. ijodizga rivoh tilab qolaman
    Ismat aka

  2. Гап ўзимиздики турмаларда ишлаётганлар ҳам миллатимиз ваккилари бегоналар эмас. Фақат буларни айблаш ҳам бир ёқламалик бўлган бўларди. Тўғри режим яратган шароитга ким ҳам қарши бора олади, диярли ҳамма оқим билан сўзишни мақул кўради. Алиев даврида СНБ яхши бўлган. Иноятов даврида ваҳшийлашган. Исмат Хушев мана шу ҳақиқатни очиб бермоқчи, шекилли.

  3. Сиз, Исмат ака фожиавий ҳолатларни ҳам чиройли бир санъат даражасига кутариб, ёзишга қодир талантли ижодкор экансиз. Сизни ёзганларингизни ўқиб бир вақтни ўзида ҳам йиғлаш, ҳам кулиш мумкин.

Leave a Reply to zulfiy
*