Menu
Categories
“Дунё ўзбеклари” тақдимоти: Шукур ЖАББОР: ЭЙ, ИШҚ…
04/19/2016 Адабиёт
 асқар маҳкамбекЭЙ ИШҚ!..
Талабалик давримизда уйнинг бурчагига ўтириб олиб, Асқар Маҳкамнинг қуйидаги шеърини ўқиб, бехуд бўлиб йиғлаб ўтирган эканман.
Ҳар куни уйимизнинг, домнинг тагида шоир-ёзувчилар йиғилишиб суҳбатлашиб ўтиришарди.
Шеригим “Юр ўша ерга тушамиз” деди. Мен унга қарамай, ўзинг боравер, дегандай қилиб, қўлим билан ишора қилдим. У тушиб кетди.
Ёзувчилар ундан мени сўраган экан, “Асқар Маҳкамнинг шеърини ўқиб йиғлаб ўтирибди” дебди. Бироз ўтиб ўша шеър кайфиятида пастга тушсам, қалам аҳли устимдан кулишаётган экан.
Биргина Раҳмон ака (Раҳмон Қўчқор) ёнимни олиб, ундай деманглар шоирона кайфиятни тушуниш керак деб турган экан.
Мен “Сизлар дард аҳлини қайдан билардинглар!” деб қайтиб аразлаб уйга кириб кетдим.

Тақдир тақозоси бўлиб, раҳматли Асқар ака билан битта корхонада ишладик, жуда қадрдонлашдик. Асқар аканинг ўша шеъри бошқа матнда “Ҳаққа нечун тупроққа жон?

Ҳаққа нечун жонга иймон?” – деб бошланар эди. Хуллас, мана ўша шеър:
Асқар Маҳкам бу
ЭЙ ИШҚ – БАЛОЙИ ЖОН!
Сен менга жазо бергил, ошкора сазо бергил,
Кўйида адо бергил, эй Ишқ – балойи жон!
Қисматким азал шулдир, ёндир, мени куйдиргил,
Дардимга даво бергил, эй Ишқ – балойи жон!
Гар йўқману пайдоман, йўқсилману дороман,
Созимга садо бергил, эй Ишқ – балойи жон!
Менким адашиб сендин, айро тушайин элдин,
Минг қатла хато бергил, эй Ишқ – балойи жон!
Дунёси қилиб торлик, пойимга илиб чориқ,
Илкимга асо бергил, эй Ишқ – балойи жон!
Девоналарим басдур, афсоналарим басдур,
Бир ақли расо бергил, эй Ишқ – балойи жон!
Васлингга етолмасдан пойингда агар ўлсам,
Бир пора мато бергил, эй Ишқ – балойи жон!
Ёнсам чидамас маҳшар, куйсам чидамас маҳшар,
Руҳимга сафо бергил, эй Ишқ – балойи жон!
Гар Ёр жафо истар, пайваста хато истар,
Умримга қазо бергил, эй Ишқ – балойи жон!
Асқар Маҳкам ва Неъмат Иброҳим
Суратда: Неъматулло Иброҳим ва Асқар маҳкам…
Бу сафар яна йиғладим.  Энди шеърдан таъсирланганим учун эмас.
Аксинча шундай шеърдан таъсирланмай дийдам қотиб, бағритош бўлиб қолганим учун, ушшоқ оламида химматим йўқолгани учун, ўсиш ўрнига пасайганим учун, руҳим тозариш ўрнига бора-бора хиралашгани учун, ишқсизлигим учун йиғладим…

Наби Асқар билан

https://www.facebook.com/shukur.jabbor
Leave a Reply
*