Menu
Categories
Исмат Хушев: Собиқ депутат Шуҳрат Нусратов етти йилга ҳукм қилинган
04/20/2016 Бош мақола
Собиқ депутат Шуҳрат Нусратов етти йилга ҳукм қилинган…
Яхши-суъратимИсмат Хушев,
журналист шарҳи.
2011 йилнинг октябрь ойида ҳибсга олинган Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати Шухрат Нусратов етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Айни пайтда Навоий колониясида жазо муддатини ўтаётган собиқ депутатнинг соғлиги ёмон. Унинг олдига бориб келган яқинларининг айтишича, Шухрат ака ниҳоятда озиб, бир сиқим бўлиб қолган.
Бир пайтлар пойтахтдаги Куйбишев райкомининг биринчи секретари, кейинчалик Мирзо Улуғбек туман ҳокими бўлиб ишлаган Шухрат Туҳфатович Олий Кенгашнинг тарихий еттинчи сессиясидаги нутқи билан тарихга ва одамларнинг юрагига кирганди.
Эндигина Президент этиб сайланган давлат раҳбарига қарата у шундай деган эди:
“Разведка ва контрразведка органлари барча техник воситалари билан биргаликда битта одам¸ яъни Каримовнинг қўлига бериб қўйилмоқда. Бу мумкин бўлмаган бир нарса. Бунга сира йўл қўйиб бўлмайди. Агар бунга йўл қўйсак¸ бизни 37- 40 йиллардагидек қатағонлар кутади. Оқибатларни ҳатто тахмин ҳам қила олмаймиз. Ўртоқлар бизни кутаëтган даҳшат кўламини тахмин ҳам қила олмаяпсизлар¸ айниқса¸ бизнинг президентнинг жиловсиз характерини ҳисобга олсак. Эртага бизни қамашади. Эртага сизни қамашади.”

Шуҳрат ака бу оташин нутқини ирод этганида мен ҳам ўша мажлислар залининг энг биринчи қаторида – у нутқ сўзлаётган минбар ёнида – Ислом Каримов ва бошқа Ҳайъат раҳбарларининг шундоққина рўпарасида ўтирган эдим.
Мен бугун бу мажлис тафсилотларига тўхталиб ўтирмоқчи эмасман. Бу ҳақда “Оқланмаган ишонч қиссаси” номли китобимда батафсил ёзилган ва у “Дунё ўзбеклари”да эълон қилинаяпти.
Мен бугун ўша – бундан салкам йигирма йил муқаддам айтилган сўз учун Шуҳрат Нусратовни қамашганларини, қамашганда ҳам номардларча қамашганларини айтмоқчиман, холос.
Ўша сессиядаги тарихий нутқидан кейин кўп ўтмай Шуҳрат акани ҳам ошдан олишган эди. Лекин ўша пайтда у кишига тегинишмади. Бу билан Ислом ака ўзининг бағри кенг ва кечиримли одам эканин яна бир маротаба исботлади.
Орадан ўтган қатор йилларда Шуҳрат ака сиёсатдан узоқлашиб, ҳеч нарсага аралашмай, тинчгина ўз бизнесини қилиб юрган эди.
Мен хориж эллар сари юз тутишдан олдин ТТЗ тарафлардаги Шуҳрат аканинг тинч ва сокин қаҳвахонасига бориб, икки кружкадан пиво ичиб, у киши билан дардлашиб, хайрлашган эдим.
Ўшанда у киши менга Президентдан миннатдор эканини, ўша айтган сўзлари аслида тўғри бўлгани учун ҳам мана ўн беш йилки, унга тегинишмаганини ажиб бир қониқиш ва миннатдорлик билан баён қилган эди.
Орадан йиллар ўтди.
Мени тақдир олис Канада тарафларга етаклаб келди.
Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма йиллиги муносабати билан (2011 йил ҳақида гап кетаяпти)”Ўзбеккино” ҳужжатли фильмлар студияси тасвирга туширган ўтган кунларимиз ҳақидаги фильмнинг энг сўнгги, мукаммал нусхасини кўриб, розилигини олиш учун давлат раҳбарининг эътиборига ҳавола этишади.
Фильмда тилган олинган ўша тарихий еттинчи сессия ҳақидаги лавҳаларни кўраркан, Президент экрандаги Шуҳрат Нусратовга кўзи тушиб, бир оғиз: “Бу ҳалиям борми?” деган, холос.
Уни қаманглар ёки йўқ қилинглар демаган. Фақат “Бу ҳалиям борми? Нима иш қилаяпти ҳозир?” деб сўраган. Тамом!
Давлат раҳбарининг шу биргина сўзи унинг тинч ва сокин ҳаётини заҳар ва заққумга айлантирди.
Молиявий ишкалликлар боис ҳибсга олинган Шуҳрат ака етти йиллик қамоқ жазосига юз тутганини биз яқинда Навий қамоқхонасига бориб, уни кўриб, ҳолидан хабар олиб қайтган умумий танишимиздан эшитиб билдик.
Нима бўлганда ҳам мен Ислом Каримовни яхши билган ва у кишининг характерини мукаммал ўрганган журналист сифатида шуни айтишни истардимки, давлат раҳбарининг атрофидаги – оёғи остидан нарини кўра олмай қолган сиёсий лўттибозлар, “Саллани келтир деса, каллани олиб келадиган” мулозимларнинг айби туфайли Шуҳрат ака ноҳақ қамалган.
Ўн беш йил индамаган мамлакат раҳбари йигирманчи йилда ушлаб қаманглар деб айтмаса керак.
Нима бўлганда ҳам биз йўлини қилиб, Ўзбекистон Олий Кенгашининг жасоратли ва оташин депутати Шуҳрат Нусратов ноҳақ қамалганини Президентга етказишимиз, унинг зудлик билан озод этилишига эришишимиз лозим.
Агар Ислом Каримов ўзига бир пайтлар ўша оташин сўзларни айтиб, қайсидир маънода шаккоклик қилган Шуҳрат аканинг қамалганини эшитса, ўша заҳотиёқ уни озод қилишга кўрсатма беришига ва уни ҳибсга олганларни жазолашига ишонаман.
Чунки бир пайтлар Олий Мажлис сессиясида унга кескин ва танқидий гапларни айтган одамнинг қамалиши ўзига обрў келтирмаслигини Президент яхши билади.
Агар хориждаги оммавий ахборот воситалари (“Озодлик”, “ББС”, “Америка овози”, “Немис тўлқини”, “Машҳад”) ҳам бир овоздан собиқ парламент депутатининг ноҳақ қамалишига нисбатан ўз холис муносабатини билдирсалар ва бизнинг бу овозимиз Ўзбекистон раҳбарига етиб борса (етиб боришига мен ишонаман), Шуҳрат Нусратовнинг қамоқдан озод қилинишини кутиш мумкин.
Чунки у кишининг қамалиши хато бўлган ва бу хатони Ислом ака тўғрилашига негадир менинг ишонгим келади.
Шунинг учун ҳам, агар таъбир жоиз бўлса, бу – ўксик мақолани биринчиси деб билайлик-да, яхши ва ёруғ кунларда – у киши қамоқдан чиққанидан сўнг, иккинчи – табрик мақолани ҳам ёзиш бизга насиб этсин, илоҳим…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
Торонто шаҳри, Канада
сентябрь, 2012 йил
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
“Озодлик” радиоси
"10" Comments
  1. Исмат Хушевга

    Жуда яхши ва самимий мақола ёзилган. Лекин Марат Захидов ҳар доимгидек ҳукуматга ёқиш ва оқни қора дейиш илинжида. У бутун умр шундай яшаб келди. Бундан кейин ҳам шу тарзда яшаса керак. Афсус. Афсус. Афсус.

  2. Тошкентлик

    Исмат Хушев тўғри ёзган, шуҳрат нусратовни президент эмас, унинг Рашид Қодировга алоқадор бўлган бизнес ҳамкорларидан бири қаматтирган. Унинг кимлигини Шуҳрат ва унинг оиласидагилар яхши билишади.

  3. Ўқитувчи

    Исатжонни жуда ҳурмат қиламан, истеъдодига тан бераман. Очиқ кўнгил, юраги тоза, самимий инсон. Лекин негадир то ҳануз Ўзбекистонда бўлаётган адолатсизликларнинг асосий сабабчиси ва ҳомийси Ислом Каримов бир четда қолиб, айбни фақат унинг атрофидагиларга юклайди. Агар у ана шу кўзбўямачиликдан қутулса ва асл айбдор ким эканини очиқ ойдин айтадиган бўлса, унга тенг келадиган журналист бўлмасди. Қалами кучли, сўзи ўткир бўлиш билан бирга жасоратли ҳам бўлиш керак одам деган. Шахсан мен Шуҳрат Нусратовни Президент қамаганига заррача ҳам шак-шубҳа қилмайман. Шунча нарсани билган Исматжон наҳот шу оддий ҳақиқатни билмаса…

  4. Исмат Хушевга

    Ҳамма гапларингизга қўшиламан. Фақат Ислом Каримов бу гап-сўздан бехабар эди деган фикрни ўйлаб кўриш керак бўлади…

  5. Исмат Хушевга

    Яхши мақола. Фақат нега унинг қамалишидан президент бехабар деб ўйлайсиз? Асосингиз борми шундай деб фикр юритишга? Агар веский ва ишонарли асосингиз бўлса, айтинг, биз ҳам билайлик. Лекин мақолага ва ундаги таҳлилга, самимийликка гап йўқ. Фақат мана шу биргина савол кўнгилга ғашлик солиб турибди, холос…

  6. В горном деле существует понятие “горный удар”. Такое явление бывает в щахтах, например. Одно время взрывались стаканы с грячей водой.По принципу где тонко, там и рвётся. Точно также и с зубами. Бор машина, загнивание… всё это влияет на внутренние напряжения, нарушение баланса внетренних сил. Вот и всё. захидов марат

  7. Исмат ака, Сизга каттакон раҳмат. Шуҳрат аканинг яқин қариндошлари бу мақолани ўқиган эканла, Сиздан жуда хурсандла…

  8. Шухрата давно надо освободить. Есть более серьёзные жулики предприниателию НО. У меня есть к нему вопрос. КТО РУКОВОДИЛ ИМ А ТАКЖЕ ВСЕМ ПРОЦЕССОМ 30 СЕНТЯБРЯ 1991 Г. НА СЕССИИ ВЕРХОВНОГО СОВЕТА? ТОЛЬКО ЧЕСТНО. Я ПРОСТО ТАК ТАКИЕ ВОПРОСЫ НЕ ЗАДАЮ. ЗАХИДОВ М.

  9. Ассалому алайкум! Исмат ака шу инсонни расми архивларизда йук эканда. Гуглда хам йук экан.

    “Дунё ўзбеклари”дан: Топишга ҳаракат қиламиз, дўстим…

  10. Исмат ака биламиз сиз биринчилар қатори Шуҳрат акани қамоқдан озод этишни президентга мурожат қилиб ёзган эдингиз. Назаримда Ўзбекистон ёпиқ жамият бўлгани учун бундай мурожат аста секинлик билан етиб борди. Каримов яратган ута ёпиқ бошқарув системаси ўзига қарши ҳаm ишлайди. Сизнинг мана шу мақолангиз, Озодлик ва ББС радиоларининг чиқишлари барибир ёрдам берди деб ўйлайман.

Leave a Reply
*