Menu
Categories
Муҳаммад Солиҳнинг ББСдаги чиқиши хусусида
04/21/2016 Муносабат
Муҳаммад Солиҳнинг ББСдаги чиқиши хусусда қисқача таҳлил
раиснинг кутубхонаси
2016 йил 18 апрел куни ЎХҲ йўлбошчиси Муҳаммад Солиҳ фейсбук орқали ББС радиоси билан тўғридан тўғри суҳбат қурди. Йўлланган саволларга жавоб берди.
Бу мухолифат лидерининг ўта жиддий ва, айни пайтда, аҳамиятли чиқишларидан бири бўлди. Мухолифатнинг ҳолати, ҳаракати ҳақида мана шундай ошкора хабарлар, баёнотлар бериб туришнинг фойдаси катта.
Суҳбат давомида Муҳаммад Солиҳ дунёвий миқёсда фикрлайдиган сиёсатчи ўлароқ намоён бўлди. У берилган ҳар бир саволга ўта ишонч ва ўта хотиржамлик, ўта қатъият билан жавоб қайтарди.
Муҳаммад Солиҳнинг 21 аср маънавият асри бўлади деган қараши бошқа сиёсатчиларнинг қарашларидан кескин фарқланади. Чунки Муҳаммад Солиҳ шахснинг ҳукмронлигини эмас, балки жамиятнинг эркинлигини истайдиган сиёсатчидир.
Муҳаммад Солиҳ ҳамма одамда ҳам кўнгил, ақл бор, шунинг учун ҳар ким бир ҳур инсон сифатида ўзи истаган ҳаёт йўлини кечириши лозим деб ҳисоблайди.
Муҳаммад Солиҳнинг Турк давлатлари конфедерациясини тузиш ғояси ўта аҳамиятлидир. Суҳбатда у Марказий Осиё давлатларининг ўзаро иттифоқини назарда тутди. Агар турк тилида сўзлашувчи давлатларнинг барчаси ўзаро эркин иқтисодий, маданий, сиёсий алоқага киришса, бу ҳудудларда яшовчи халқларнинг салоҳияти гуркираб кетади, шубҳасиз. Чунки ҳар қандай тараққиётнинг асоси – коммуникациядир. Яъни ўзаро алоқа-муносабат ривожланишга етаклайди. Коммуникация сиёсатда, иқтисодда, илм-фанда, маданиятда ва умуман барча соҳаларда устувор бўлиши шарт.
Инсоннинг томирлари бўйлаб қон яхши юрса, организм бақувват ва гўзал бўлади. Шунинг учун ҳаммамиз иложи борича жисмоний машқлар қилишга интиламиз. Ҳаракатланамиз. Шу каби давлатлар ҳам ўзаро қанчалик кўп алоқага киришсалар, самараси шунчалик йирик бўлади. Масалан, маҳсулот экспорт қилиш, таълим соҳасида тажрибаларни ўртоқлашиш, масалаларни ҳал қилишда сиёсий суҳбатларни уюштириш, тенгликка ва дўстликка асосланган муносабатларнинг хайрли оқибати борлигини тарих кўп тасдиқлаган.
Шу маънода, Муҳаммад Солиҳ илгари сураётган Турк Давлатлари конфедерацияси ғояси бугунги кунда энг устувор, энг яшовчан ва энг жонли ғоядир.
Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон ичкарисида мухолифат аъзолари борлиги, мухолифат сифатида ўзини кўрсатишга қодир потенциал мавжудлигини қайта-қайта таъкидлади. Бу, шубҳасиз, ҳақиқатдир. Бугун ахборот оламида, ижтимоий тармоқларда виртуал об-ҳавони белгилаб турган қатлам халқнинг жуда борса, беш фоизини ташкил қилиш мумкин. Ўзбекистондаги ўттиз миллиондан ошиқ аҳолининг ҳукумат ҳақида асл фикри қандай? Президент тўғрисида уларнинг самимий хулосаларини биламизми?
Вирутал тармоқда ўтириб олиб, ичига Каримовдан қўрқиш васваси тушиб, жоним омон бўлсин, Каримовни мақтаб қўйсам ёки мухолифатни битта сўкиб қўйсам, МХХ кузатувидан омон қоламан деган хаёлпарастлар тугал хулоса ясаш учун арзирли асос эмаслиги аниқ. Қишлоқларда, шаҳарларда яшаётган, хорижда Ватан соғинчида юрганлар ҳукуматни севади, шу ҳукумат мангу қолсин дейди деб айтганлар ғирт ёлғончидирлар. Шунчаки овози чиқмаётган, ўз қишлоғидан ташқарини кўрмаётган миллионлаб одамларнинг дарди ичида. Агар озгина рағбат берилса, кўз олдларида реал Йўлбошчини кўрсалар, халқ, албатта, Каримов режимига барҳам беради. Чунки бутун Республика оёққа турса, уни бостириш имконсиз. Ўттиз милион халқни отиш учун, албатта, Каримов амр бера олади, бироқ халқ денгиздир, уни бир пуфлаб чирпирак қилиб ташлайди.
Шунинг учун Каримов бор кучи билан ўзидан бошқа лидерга йўл бермаяпти.
Муҳаммад Солиҳ ўзига нисбатан қилинган туҳматларга, ҳақоратларга ўта маданият билан жавоб берди. Ўзини сўккан, одобни билмайдиган одамларни қайтариб ҳақорат қилиб ўтирмади. Бу паст ишга ўзини чоғламади.
Муҳаммад Солиҳ мухолифат эришган натижалар ҳурриятга эришганимиздан сўнг майдонга чиқади деди. Бу ҳам тўғри гап. Мухолифатнинг ичида турган одам ўзини ташқаридан кўра олмайди ва камтар одам ўзини мақтамайди. Ҳақ гап шуки, Муҳамад Солиҳ бошчилик қилаётган ўзбек мухолифати тарихда камдан кам кўриладиган катта жасоратни амалга оширяпти. Бу мухолифат камдан кам одамлар уддалай оладиган бир ишни муваффақиятли уддалаб келяпти.
Гап шундаки, Каримов режими каби қаттол бир режим даврида ҳуррият ғояларини асраб қолиш, шу ғояларни байроқ қилиб одамларни бирлаштириш, сўнгги қуввати қолса ҳам, ўрнидан туриб курашга чоғланиш – энг катта миссиядир. Агар мухолифат бўлмаса, дейлик, Муҳаммад Солиҳнинг ўтган яқин ўттиз йиллик фаолияти бўлмаганда, қандай вазиятни тасаввур қила олардик? Агар Муҳаммад Солиҳ бошчилик қилган мухолифат бўлмаганида бугун ўзбек халқининг ёшлари, улғайиб келаётган навқирон авлод бу зулмдан қандай қутулиш мумкинлиги ҳақида била олмас эдилар. Муҳаммад Солиҳ бошчилик қилиб келган мухолифат, эҳтимол, кимларнингдир кўз олдида умуман ютуққа эришмагандир, лекин бу ерда жуда катта ютуқ, натижа турибди. Бу – сиёсий курашиш тажрибасидир. Бугун дунё сиёсат майдонида ўзбек мухолифати деган бир тушунча бор. Зулм ва босимлар остида ўзининг борлигини кўрсатиб, одамларни уйғотиб, йўқотишларга қарамасдан ўз йўлида собит бўлиш – катта ғалабадир.
Яқин ўттиз йилки, ўзбек мухолифати Каримов режими сиёсатини чуқур кузатиб келяпти. Диққат билан кузатиб келяпти. Режим йўл қўяётган хатоларни билиб турибди. Ҳар бир воқеликка ўз муносабатини маълум қиляпти. Демак, мухолифатда давлат бошқариш, давлат қуриш борасида амалий тажриба йиғилмоқда.
Мухолифатнинг асосий кучи ташқарига чиқиб кетди. Бу ўзбек мухолифатига дунё сиёсий майдонларидаги вазиятни янада аниқроқ кузатиш имконини берди. Бугун ўзбек мухолифати жаҳон сиёсатини ҳар томонлама ўрганди, сиёсий маневрларга қараб вазиятни олдиндан тахмин қила олиш малакасини қўлга киритди.
Бургут боласини чиниқтириш учун баландликка олиб чиқиб ташлаб юборар экан. Бургутча то ерга тушгунча қанотини қоқиб, шамолга ва бошқа тўсиқларга қарши курашиб, уларни енгиб учиб кетаркан.
Одатда, болалиги қийинчилик билан ўтган кишилар келажакда катта ғалабаларга эришадилар. Тўкинлик ва фаровонликда улғайган болалар эса кўпинча принципсиз ва тегманозик бўлиб қолади.
Мухолифат яқин ўттиз йил олов ичида яшади. Мухолифат яқин ўттиз йил тўрт томонидан ўқталиб турилган тиғлар ичида яшади. Мухолифат оловга ҳам, тиғга ҳам қарши курашиш усуллари ўзлаштирди. Бу синовлар уни тоблади, пиширди. Биз бунинг яққол тимсолини Муҳаммад Солиҳда кўра оламиз.
Муҳаммад Солиҳга узоқ йилларки, мухолифат лидерлигини бермай келаётгани ҳам иддао қилиб турилади. Бу савол ушбу суҳбатда ҳам кўтарилди. Сиёсатчи бизнинг ўрнимизни эгаллайдиган ёшлар келса, жон деб пенсияга чиқар эдим деди. У бу гапларини самимий айтди. Чунки мухолифат лидери бўлиш ҳавас қилинадиган ўрин эмас. У Каримовнинг курсиси эмас. Мухолифат лидери кеча-кундуз маза қилиб ҳузур-ҳаловатда яшайди дегани эмас. Балки унинг ҳаёти ҳамиша хавф остида. Душманлари пайт пойлаб қотил юборишади. У тушкунликка тушишга ҳақли эмас. Чунки миллионлаб одамлар унга кўз тикишган. У ўзидан кейин ҳам бу хайрли ишларни соф виждон билан давом эттирадиган самимий ёшларни топиши, уларни бирлаштириши ва сиёсий, ҳаётий сабоқлари бериши лозим. Керак бўлса, уларга ҳар томонлама ғамхўрлик этиши керак. Бу – чинакам йўлбошчининг хусусиятларидир.
Муҳаммад Солиҳ бу вазифаларни уддалаб келяпти.
Мардлик, жасорат, қўрқмаслик – ноёб фазилатдир. Чунки одам жони кўзга кўринганида ҳамма нарсасидан воз кечса-да, жонини сақлаб қолишга тиришади. Муҳаммад Солиҳ ўз фаолияти мисолида жасоратнинг қандай бўлишини амалий кўрсатиб берди. Бу билан у ўзининг яна бир миссиясини адо қилди.
Мен мустақилликнинг боласиман. Истиқлолнинг илк йилларида ақлимни танидим, мактабга бордим, университетни битирдим. Агар Муҳаммад Солиҳнинг тайёр тажрибаси, ўзбек мухолифатининг тарихи сабоғи кўз ўнгимда бўлмаганида бугун, эҳтимол, Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг аъзоси бўлмас эдим. Мен бугун ўзбек мухолифати юриб келган йўлдан қайта юришимга ҳожат йўқ. Мен ўзбек мухолифати ва унинг лидерига қараб нима қилишим кераклигини тушундим. Бу ўзим учун ҳаётимдаги энг тўғри қарор эди, иншаОллоҳ.
Кўпчиликка Каримов режими ағдарилиши учун яна узоқ вақт керакдек туюлиши мумкин. Вақт тез ўтяпти. Кўз очиб юмгунча Каримов режими тугашига шоҳид бўламиз, иншаОллоҳ. Шунда ҳукумат яна қандайдир жиноий гуруҳлар қўлига тушиб қолмаслиги учун ўзбек мухолифати миллат тарихида катта ўзгариш ясайди, иншаОллоҳ.
Умуман олганда, ўзбек мухолифатининг фаолияти келажакда ҳали батафсил ўрганилади. Бугун биз яшаётган Вақт келажакнинг тадқиқот манбасига айланади. Аммо у пайтда олимлар бугунги кунимизга қайтиб кела олмайдилар. Мен шу бугуннинг ичида туриб қатъият ва ишонч билан айтаманки, ўзбек мухолифати Муҳаммад Солиҳ бошчилигида зиммасидаги вазифани шараф билан адо этмоқда. Бу йўл йўловчисиз қолмайди, иншаОллоҳ.
Абдуллоҳ Нусрат
http://uzxalqharakati.com/
"4" Comments
  1. Муқаддас

    Ниятингизга етинг, илоҳим.

  2. Shuxrat Normurod

    Ўзбек мухолифатини Муҳаммад Солиҳ етакчи эканлигини биз ҳам тан оламиз. Кейинги пайтда Исмат Хушев билан яқинлигини сезаяпмиз. Агарда улар бирлашса Каримов режимини тугатишлари мумкин.

  3. Muhammad Solihga bo`lgan e`tibor uchun Dunyo O`zbeklariga rahmat. Bo`lmasa bu tuzumga qarshi yana kim bor tunu kun tinim bilmay kurashayotgan. Hamma muholifman deb oqiz ko`pirtirib yurganlar chet elga chiqib olib, o`z tinchini o`lab qolgan.

  4. O`zbek muholifatida bitta tirigi shu odam. Umri uzoq bo`lsin, orzusiga etsin, ilohim.

Leave a Reply to Муқаддас
*