«Боткен вилояти Қадамжой тумани Қирғиз-Қиштак чеккасида чегарачилар ва ҳуқуқ тартибот ходимлари Қирғизистон фуқаросига қарашли ҳовлида ер ости йўлини аниқлаганлар. 16 апрелда «Қизил Қия» автомобил назорат масканида икки томон чегара вакиллари учрашиб, Ўзбек томонига хабар берилган», дейди Қирғизистон Чегара хизмати расмийси.
Илк бор 17 мартда Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистоннинг Қирғизқишлоғидан бошланиб, Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Бўрбалиқ қишлоғи фуқароси уйига олиб келувчи ер ости йўлини топганлари ҳақида хабар берганлар.
Айтилишича, ер ости йўлининг чуқурлиги 7-8 метр, узунлиги 110 метр бўлган. Ер ости йўли иккала томондаги аҳоли уйларини боғлаган.
Ўзбекистон ер ости йўлидан экстремистлар ўтган бўлиши мумкинлиги эҳтимолини билдирган.
Бироқ, 29 мартда Қирғизистон чегарачилари туннелнинг учи топилмаганини айтганлар.
Қирғиз Чегара хизматига кўра, 9 апрелда биргаликда амалиётлар натижасида Қирғизистон томонидан ҳам махфий туннелнинг чуқурлиги 70 см, кенглиги 60 см бўлган чиқиш йўлини топишга муваффақ бўлинган.
Март ойи ўртасида икки давлат ўртасидаги баҳсли ҳудудга Наврўз байрами муносабати билан хавфсизлик чоралари дея Ўзбекистон томони ҳарбийларини киритганди.
Айни пайтда, иккала томон ҳам топилган махфий ер ости йўли ҳақида бошқа қўшимча маълумотлар кўрсатмаган. Суриштирув-қидирув ишлари кетаётгани айтилган.