Menu
Categories
“Дунё ўзбеклари” тақдим этади: Истеъдодли ёзувчи Собир Ўнар билан икки суҳбат
04/29/2016 Адабиёт
Sobir O’nar. Ikki suhbat.
088
Собир Ўнар билан бўлган бу икки суҳбатнинг ораси беш йил. Биринчиси 2009 йилнинг июнида «Hurriyat* газетасида босилган, иккинчи суҳбат шу йилнинг март ойида «Кitob dunyosi» газетасида босилган. Ўтган 5 йиллик вақт мобайнида ёзувчининг адабиётимиз ва ижодкорлар ҳақидаги фикрларида ўзгариш юз бердими? У 2009 йилда нималарга диққатини қаратдию, бугун қандай муаммолар ҳақида гапирмоқда? Айни шу жиҳатдан ҳар икки суҳбат ўқувчи учун қизиқ бўлади деб ўйладим ва уларни сизга тақдим этдим.
011
Собир Ўнар
ИККИ СУҲБАТ
ҲАҚИҚИЙ ЁЗУВЧИДА ЯРАТИШ ИШТИЁҚИ СЎНМАЙДИ
066
032ХХ асрнинг бошларида юзага келган ўзбек ҳикоячилигининг ривожланишида ижтимоий воқелик, жамият ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар муҳим аҳамиятга эгалиги шубҳасиз. Адабиётнинг бош мақсади инсонни таҳлил этиш экан, бу ўзгаришлар унинг ҳаётига, онгу шуурига қандай таъсир этаётганини ўзида акс эттиради.
Асрнинг дастлабки йилларида юзага келган ҳикоячилик жанрида ҳаёт ҳақиқатлари рўй-рост акс эттирилиб, реалистик тасвир устуворлик қилган бўлса, жамият тараққий этгани сайин адабиётда ҳам воқеа-ҳодисаларни ўзгача шакл, усулларда тасвирлаш юзага кела бошлади.
Энди содда ва равон тилда ифода этилган бадиий воқелик ўз таъсирини бироз йўқотди. Ана шу ўзгачаликни адабиётшуносларимиз турлича талқин қила бошладилар. Кимдир бу ҳолатни ижоддаги янгиланиш деса, яна кимдир Ғарб адабиётига тақлид деб баҳолади. Ёзувчи, “Ёшлик” журналининг бош муҳаррири Собир ЎНАР билан бўлиб ўтган суҳбатимиз ҳам бугунги адабий жараён, ёзилаётган асарлар салмоғи ва мазмун-моҳияти ҳақида кечди.
— Собир ака, кейинги пайтда адабиётшунослигимизда янгича истилоҳ — “модернизм” анчагина кучайди. Сиз бу жараёнга қандай баҳо берасиз?
— Қодирий ўзбек романчилигига асос солганида дунёда атиги бешта романчилик мактаби мавжуд эди. Жаҳон адабиётининг олтинчи мактабини яратаман деб енг шимарган адибнинг жасоратини кўз олдимизга келтириш мумкин.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, Қодирийга қадар романчиликлар Волтер Скотт даврларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда беш юз йилдан ортиқ тарихга эга, Европа насри тамом илғорлашиб кетган эди. Сервантес, Ж.Свифт насри ҳозиргача диққат билан ўқилади, мумтоз адабиёт намуналари сифатида эътироф этилади. ХХ асрга келиб эса инглиз, франтсуз, асосан, немис адабиётида шаклий тажрибалар қўллаш, анъанавийлик, реалликдан чекиниш ҳолатлари рўй бера бошлаган, франтсузлар, айниқса, натурализмдан бутунлай безор бўлган эди.
Сирасини айтганда, модерн адабиёт ҳам катта эҳтиёж маҳсулидир. Болага чақалоқлигида алла, сўнгроқ эртак, достонлар таъсир қилгани каби ақли тўлишганда ўта жиддий асарлар ўқиш зарурати туғилади. Шунинг учун ҳам Абдулла Қодирий Ғарб, Шарқ адабиётларининг барча “ёзиш йўсин”ларини ўзлаштиришни ўзига бурч деб билади. Айни замонда тарихнинг “ўта чиркин” замонидан сўз очиб, бугуннинг “Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин”, “Чор дарвеш”лари янглиғ асар битмоққа ўзида улкан жасорат топади.
Демак, адабиёт, шу жумладан, наср пайдо бўлгандан буён унинг шаклини ўзгартиришга иштиёқ кучли бўлган. Оғзаки адабиёт ўзгармай қолиши мумкиндир, сабаби у оғиздан-оғизга кўчиб юради. Шунинг учун тушунарлилик талаб этилади. Аммо ёзма адабиётни шахслар яратади. Ўз-ўзидан хоҳ у нас­рий, хоҳ шеърий бўлсин, муаллифнинг кўнгли, фикри ёхуд воқеа-ҳодисаларнинг шоир ёки носирга мослашиб қолиши табиийдир. Шу маънода “содда ва равон тилда ифода этилган бадиий воқелик” муқим бир тамо­йил касб этмаслиги тайин эди. Аввало мен бу ҳолатни зарурат деб тушунаман. Янгиланиш осон эмас, ХХ аср бошларида Маяковский каби йирик шоир ҳам зинапоя усулидаги шеърлари билан новаторлик кўрсатгани учун қаттиқ танқидга учраган, адабиётшуносларнинг қизғин баҳс-мунозараларига сабаб бўлган эди.
ХХ асрнинг 80-йилларига келиб адабиётимизда анъанавийликдан бироз четланиш, бошқача оҳанг, шакл ва ифода усуллари пайдо бўлди. Табиийки, буни анъанавийликка мослашган адабий жамоатчилик тезда ҳазм қилолмади. Бу жараён шеъриятга тааллуқли эди. Аммо “модерн” деган сўз ишлатилмасди, чунки у ўша шеърнинг ўзи каби истеъмолга кириб улгурмаган эди. Бироқ, ёш ижодкорлар бу шаклни тезда қабул қилиб, шижоат билан ёқлай бошладилар. Негадир асли Ғарб адабиёти таъсирида кириб келган бу шеърларнинг асл манбаига эмас, ўзбекча кўринишларига тақлид қилувчилар кўпайиб кетди. Матбуотда мутлақо фикрсиз, сўзларнинг айқаш-уйқаш шамойилларидан иборат тизмалар ҳам пайдо бўлди. Уларга қанча кўп эътироз билдирилса, шунақа шеърлар аксига олиб кўпаяверар эди. Бироқ, ўша шоирлар асли қалби буюрмаган шаклга рўжу қўяётганларини кейинроқ ўзлари ҳам англаб қолишди. Кўп ўтмай бояги модернчи шоирлар модернчи бўлмай қолдилар…
Насрда эса бу жараён кечикиб намоён бўлди. Омон Мухторнинг кейинги романлари, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Жажман”, Назар Эшонқулнинг ҳикоялари, хусусан, “Баҳоуддиннинг ити” ҳикояси бошқа унсурлар борлиги билан фарқ қилади. Ҳолбуки Франц Кафканинг асарида “одам ўргимчакка айлангани”га қарийб саксон йил бўлди. Бизнинг эртакларимизда малика қурбақага, тошга, кийикка айланиб қолса ҳайрон бўлмаймиз бироқ, жиддий прозада бунга дуч келсак, роса энсамиз қотади.
— Бугун дунёда юз бераётган глобаллашув китобхон бадиий тафаккурида ҳам ўзгаришлар ясамоқда. Худди ана шу жараён сабабли ўзбек ҳикоянавислари Ғарб адабиётидан таъсирланиб, унга хос бўлган тасвир ва ифода усулларини турли кўринишлар билан адабиётга олиб кирдилар. Сизнингча, бу адабий таъсир адабиётимизнинг миллий хусусиятларига путур етказмайдими ёки…
— Адабиётчилар “онг оқими”, “онг ости оқими” (“подсознание”), онг таҳлили ҳақида кўп гапиришади. Мен бу гапларга унча тушунмайман. Аммо Маркес, Фолкнер, Кафка асарларини ўқиганда унча ҳайрон қолмайман. Ёзувчининг руҳиятига тушиб олсам ҳеч нарса ғайритабиий туюлмайди…
“Вещи называт своими именами” деган китобда Маркеснинг учта суҳбатини ўқиган эдим. Бир суҳбатида ёзувчи “Танҳоликнинг юз йили” романининг биринчи сатрини 19 ёшида ёзиб қўйгани, вақт-соати келиб роман миясида обдон пишиб етилгач, уни бор-йўғи икки кунда ўтириб ёзиб ташлаганини баён этган. Мен бу асар тез ёзилганига шубҳа қилмайман, лекин асар ҳажмидан келиб чиққанда ҳатто уни икки кунда ўқиб чиқиш ҳам осон иш эмас.
Боз устига романнинг шакли, руҳи, қоришиқ воқеалар, тирик ёки ўзи йўқ бўлса-да, муаллифнинг тафаккурига бўйсуниб ҳаракатланувчи ўнлаб образлар, кутилган ва кутилмаган фожиалар унинг икки кундан кўпроқ муддатда ёзилганини билдиради. Сирасини айтганда, мен Маркесдек ёзувчининг руҳиятига қойил қоламан. Унинг руҳи шу қадар кучлики, ёзувчини худди булдозерда сургандек оппа-осон ўз маромига солиб етаклаб кетаверади. Э, шошма, оғайни, ундоқ эмас, бундоқ-ку, дейишга ботинолмайсиз ҳам. Бошқа романлари ҳам худди шундай, ҳатто одамни нафас ростлашга қўймайди.
Маркес ўзини испан адабиёти вакили ҳисоблагани ҳолда бизнинг биринчи асаримиз Сервантеснинг “Дон Кихот” романидир деб ҳисоблайди. Бизнинг ҳам бой оғзаки адабиёт намуналаримиз мавжуд.
Қайсидир маънода кимнингдир ёзгани айнан Кафканинг, Маркес, Борхес ёки биз ўқимаган бировнинг асарига ўхшаши мумкин. Навоий манзумаларида ҳам тақлидчилик калака қилинган. Аммо бизда ҳозир бунинг хавотирланадиган жойи бормикан — гап шунда. Умуман, ўзбек адабиётида мен бу хавфни сезаётганим йўқ… Мен адабиётда, хусусан, насрда хилма-хиллик тарафдориман. Бир хиллик адабиётнинг жиловини орқага тортиб тураверади.
— Бугун бирор даврада адабиёт ҳақида гап очилса, китобхонлар яхши асар йўқлигидан нолишади. Аммо кейинги пайтда таниқли адибу шоирларимизнинг қатор китоблари чоп этилмоқда. Бундай аҳволни китобхон савиясининг ўта баландлиги деб тушуниш мумкинми ёки…
— Ҳеч бир халқнинг адабиёти тўхтаб қолиши мумкин эмас. Лекин гап ўша асарнинг савиясида. Чингиз Айтматов бир вақтлар “шундай бир ҳикоя ўқисангки, кечаси билан йиғлаб чиқсанг” деб ёзганди. Шундай ҳикоя соғинчи менда ҳам бор. Хусусий газеталарда кунаро ўнлаб ҳикоялар босилади. Турган-битгани ўлим, фожиа, айрилиқ, мусибат. Лекин бир мусибатни Чеховнинг “Ванка”сидай таъсирчан бадиий асарга айлантириш нақадар мушкул иш. Эҳтимол ёзувчиман деган одам 80-90 ёшгача ҳам шуни ёзолмай дунёдан ўтиб кетиши мумкин. Бироқ Чехов (врач, иши бошидан ошиб ётибди, феъли шунақаки, ҳаммага яхшилик қилгиси келади, барчани уйига меҳмонга таклиф қилади, мактаб, кутубхона, касалхона қуради, гоҳ-гоҳидагина ёзишга ўтиради) аксарият ҳолларда бир ўтиришда ёзган, қайта ишлаб ўтирмаган, бунга вақти ҳам бўлмаган. Демак, ижодкорда меҳнатдан таш­қари Худо юқтирган юксак истеъдод ҳам керак.
Бир вақтлар матбуотнинг тури саноқли эди. Адабий нашрда асари ёки иккита шеъри чиққан одам танилиб кетиши мумкин эди. Таъсирчанроқ бир ҳикоя ёзсанг, номингга ўнлаб хатлар келарди. Ўзинг ёзган нарса ҳақида узоқ ўйлашга, демак, масъулиятли бўлишга мажбур эдинг. Ҳозир аҳвол умуман бошқача. Бунинг учун ўқувчини айблаб ўтириш шарт эмас. Аввал ҳам асл ўқувчи асарнинг ­сарасини топиб ўқирди, ҳозир ҳам шундай. Масалан, бозордан газета сотиб олиб ўқиётганлар эса ўша газетанинг бир ой аввалги сонидаги ҳикоянинг номини ҳам эслаёлмайди. У вақт ўтказиш, бироз бўлса-да овуниш учунгина ўқийди. Лекин унга нега бундай қилаяпсан, деб бўлмайди. У эркин ва савияси ҳам ўша газетага жуда мос. Шундай “гигант” ёзувчилар борки, бир йилда беш-олти “роман” ёзиб ташлаяпти. Китоблари қўлма-қўл ўқилаяпти. Бироқ адабий жамоатчилик унинг номини ҳам эсламайди. Жиддий ёзувчи тўғрироғи, сўз қадрини юқори биладиган, ёзган асарлари ҳақиқий адабиёт десак бўладиганлар эса ҳамон жиддий асарлар ёзиш билан машғул. Масалан, Эркин Аъзам, Хайриддин Султонов, Нормурод Норқобилов, Шойим Бўтаев, Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдош, Улуғбек Ҳамдам, Зулфия Қуролбой қизи, Луқмон Бўрихон, Исажон Султон ва бошқа ёзувчилар ижод қилишаяпти. Уларнинг асарлари манаман деган чет эллик ёзувчиникидан кам эмас. Одамзотнинг қисмати, эртаси, келажаги нима бўлишини ўйлаб қайғураётган, қалби ўртаниб, азоб чекиб ёзаётган адиб билан бугун кичкинагина бир фожиавий ҳангомани ёзиб эртаси куни газетада чиқариб, чапак чалиб юрган қаламкашнинг фарқи бор-да, албатта.
— Катта адабиёт кучли танқидчиликнинг шаклланишига таъсир ўтказадими ёки кучли танқидчилик катта адабиётнинг юзага келишига асос бўладими?
— Адабиётнинг равнақида адабиётшунослик, айниқса, тан­қидчиликнинг ролини инкор этиб бўлмайди. Қизиғи шундаки, булар кўпинча баравар, деярли бир хил суръатда ҳаракат қилади. ХИХ аср рус адабиётида даҳо шоиру ёзувчилар қатори Добролюбов, Белинский, Гертсен, Чернишевский каби адабий танқидчилар етишиб чиққан. ХХ асрда ҳам адабиётга қараб танқидчилик кучайган.
Ҳозирги кунда чиндан ҳам, баҳсталаб, мунозараталаб асарлар дунёга келмаётган бўлиши мумкин. Эҳтимол адабий тан­қид ҳам шунга яраша, танқидий чиқишлар эса бор-йўғи мақтов ёки эътирофлардан иборатдир. Назаримда адабиёт гуллаб-яшнасагина унинг атрофида адабий танқидчилар ўралаша бошлайдилар, адабиётшунослик ўз-ўзидан кучайиб, адабиёт ундан орқада қолиб кетиши мумкин эмас.
— Адиб учун истеъдод муҳимми ёки меҳнат?
— Мен истеъдод ва маҳорат, меҳнатни бўлакларга ажратолмайман. Сабаби, истеъдодли ёзувчидагина маҳорат бўлиши мумкин. Масалан, Лотин Америкасининг 70-йиллардаги адабиётини ўқисангиз, диктаторлик тизимининг нақадар аянчли фожиалари кўз ўнгингизга келади. Таъсирланасиз. Сабаби, уларнинг тузуми бизникига ўхшар эди… Мана, гап қаерда. Бугун мустақил мамлакатнинг фуқароси — сиз Карпентер, Борхес, Кортасар, Фуентес, Маркеснинг катта-катта асарларини мароқ билан ўқиёлмайсиз. Чунки энди сиз бошқа тузумда яшаяпсиз. Ёзувчининг маҳоратига, истеъдодига тан берасиз, холос.
— Унда қандай асар адабиётда мангу яшаб қолиши мумкин деб ҳисоблайсиз?
— Бу борада ҳам бирон нарса дейишга одамнинг журъати етмайди. Авваламбор, ёзувчи ўз қудрати ва маҳоратини мукаммал намоён эта билиши лозим. Иккинчидан хўш, уни эртага кимлар ўқийди деб ўйлаймиз. Ҳар бир ижодкор мана шу икки ўт орасида қоврилади, хавотирда яшайди. Нима бўлганда ҳам ҳақиқий ёзувчида яратиш иштиёқи ҳеч қачон сўнмаслиги керак. Энг ёмони — чекиниш, тан бериш. Барибир ўтли сўз, ҳаяжон, ибратли фикр ва унинг юксак бадиий ифодасини топган асар кўпроқ яшашга ҳақли деб ўйлайман.
Гулноз САТТОРОВА суҳбатлашди
ЁЗУВЧИ БОР, АСАР БОР, ЛЕКИН ЭЪТИБОР СУСТ
066
— Собир ака, бугун адабиётимизда кўплаб истеъдодли ёзувчилар, шоирлар ижод қиляпти. Янги дунёқараш адабиётда ҳам бўй кўрсатаяпти, янгича ёндашувлар шаклланаяпти. Бироқ адабиёт фақат шу соҳа аҳлининг таҳлилида қолиши керак эмас-ку. Ёзувчи ижоди кенг омманинг баҳосини олиши керак. Асл адабиёт ўз ўқувчиларини топаяптимикан ёки бироз муболаға қилаяпманми?
— Муболаға-ку қилмаяпсиз. Ўзи бизда тарғибот ҳам айтарлик эмас. Газеталаримиз анжуманлар, китоб тарғиботлари билан боғлиқ тадбирлар, адабий учрашувлар ҳақида маълумот беришади. Шунинг учун баъзан уларни ўқимасанг ҳам ҳеч нарса ютқазмайсан. Бир қарашда адабиётда турғунлик, бир сокинлик борга ўхшайди. Лекин тирик ёзувчи, тирик шоирнинг қиёфасини кўз олдингизга келтириб, ўзи унинг асарлари қандай деб китобхонликка шўнғисангиз, кўп нарсалар топасиз. Тулпор отни улоққа қўшмасангиз, тулпорлиги билинмайди.
Адабиётда қатор-қатор номлар ва қатор-қатор асарлар пайдо бўлаётгани бор гап. Мисол учун айтаманки, кейинги йилларда аёл ёзувчилар ижодида улкан силжиш, силкинишлар юз берганини эътироф этмоқ керак. Зулфия Қуролбой қизи, Жамила Эргашева, Саломат Вафо, Рисолат Тошпўлатова, Муяссар Тилововаларнинг ҳикоя ва қиссаларини ўқиб кўринг. Жуда жид­дий ҳамда маҳорат билан ёзишаяпти.
Аҳмад Аъзам кейинги беш йил ичида жуда кўп асар ёзди. Қисса, роман, эссе, мақолалар чоп этди. Умрининг сўнгги кунларигача жуда катта ишлар қилди. “Ўзи уйланмаган совчи” деган кино романини бир ҳикоя ўқигандай тез ўқидим. Жонли тирик образлар, одамлар, тил, ҳаракат, овоз, ўй, қарор ва беқарорлик ёшларга хос бечидамлилик — бу ифодаларни ёзувчининг теран кўзи ва бадиий маҳорати билан юзага балқиб чиққан. Чехов ёки Қаҳҳор уни ихчамроқ ҳикоя қилиши мумкин эди, бироқ, Аҳмад Аъзамга унинг қисқалиги эмас, шундай жонли ифодаси керак ва эҳтимол биз каби ўқувчига ҳам. “Тиқин” ҳикояси, “Тугмачагул” , “Ҳали ҳаёт бор” қиссаларини ўқинг. Одамлар ҳаракатини, тилини қанчалик табиий бера олиши мумкинлигини кўрасиз. А. Аъзам насри янги, замонавий, ётиб олиб ўрганса арзийдиган наср.
Ёзувчи бор, асар бор, лекин эътибор суст. Биз ҳайратланмаймиз, қойил қолмаймиз, баъзан баракалла деб қўйишни ҳам эплай олмаймиз. Ўзи зўр адабиёт қанақа бўлади? Буни ҳам тасаввур қилмаймиз. Навоий ёки Қодирий ҳазратлари осмондан оёғини узатиб тушиб келишлари керакдек.
Ш. Холмирзаев, Э. Аъзам, А. Аъзам, Х. Дўстмуҳаммад, Н. Эшонқул, И. Султон, У. Ҳамдам, Н. Норқобилов, А. Йўлдошев, Л. Бўрихон, Қ. Норқобил асарларини бирор оммавий хориж тилига ўгириб кўринг. Биз ўзи асли бошқаларга ҳам, ўзимизникига ҳам қойил қолмаймиз. А. Орипов, Э. Воҳидов, У. Азим, Ҳ. Худойбердиева қайси Нобель олган шоирдан кам ёзяпти? Бадиий жиҳатдан бўшми, фикр доирасидан торми, қалбидаги вулқон уларникидан пастми? Собиқ Иттифоқ ҳудудида ижод қилаётганларни ҳам матбуот, интернет орқали кузатаяпмиз. Жуда қойил қилишаётгани йўқ.
Бизда адабиёт ҳозирги ҳолида жуда кучли. Фақат унинг кучини бошқаларга билдиролмаяпмиз: эплаб таржима қилмаяпмиз, тарғибот қилмаяпмиз.
Тўғри, “Сариқ матбуот”, юзаки адабиёт тушунчаси бор. Унинг ҳам йўлини тўсиб бўлмайди. Қийин иш. Лекин асл адабиётни ўқийдиган одам хусусий газетани эмас, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Жаҳон адабиёти”, “Тафаккур” журналларини, “Китоб дунёси”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газеталарини ўқиши, обуна бўлиши керак. Жиддий адабиётни ривожлантириш ҳақида ҳукумат қарорлари ҳам бор. Уларда юқорида номлари тилга олинган нашрлар мактабларда қўшимча таълим жараёнига қўшиб ўрганилсин, ўқитилсин дейиляпти. Аммо натижа ҳаммамизга маълум… Очиғи, баъзан маънавиятни, унинг ажралмас бўлаги бўлган адабиётни бутунлай бегона соҳа деб яшаётган раҳбарларни ҳам кўраяпмиз. Зотан, адабиёт мактабда пухта ўргатилмас, қизиқтирилмас экан, бу соҳанинг келажагига қандай қараш мумкин? Сиз бўлса унинг тарғиботи ҳақида гапирасиз…
— Ёзувчи маҳорати деганда нимани ҳис этасиз? Чинакам адиблик, ёзувчилик аслида нима?
— Баъзи бировлар ёши ўтинқираганда шеър ёзиб, мен шоир эканман, истеъдодим барқ уряпти, деб ҳаммани гаранг қилиб юради. Бекорчиликдан кўп нарсалар хаёлга келиши мумкиндир, лекин “бир думалаб” шоир бўлиб қолиш қийин. Назаримда, шоир азалдан бўлади. Баъзан эса ёши қирқдан ўтиб бирор нарсалар қоралаб, гўё ақлини пешлаб, ёзувчилар қаторига қўшилиб кетганларни ҳам биламиз. Нима бўлгандаям ёзувчилик ва шоирлик Қаҳҳор қатъий ва тўғри таъкидлаганидек, касб эмас, ҳунар. Шундай бўлгач, у ўта шахсий ишдир.
Хемингуэйнинг фақат билган, танийдиган одамлар ҳақида ёзиш керак деган ўгити менга ёқади. Билмаган инсон ҳақида ҳар қанча чираниб ёзманг, аввало уни сиз билмаслигингиз аён бўлиб туради. Шундай бўлгач, ўқувчини ишонтиришингиз қийин кечиши табиий.
Ҳа, инсон руҳиятини очиш учун катта маҳорат керак. Ёзаётган одам бу мақсадда қалам ушламайди, яъниким, бу одамнинг руҳиятини катта истеъдод билан ифодалашим керак деб мақсад қўя олмайди. Шу жиҳати билан ёзувчилик ҳоким, вазир ёки фермернинг вазифасидан кескин фарқ қилади. Жиҳатлар ва жиҳатларнинг жиҳатлари ёзувчига илҳом беравериши мумкин. Руҳият шу аснода очилса, ажаб эмас.
Ижтимоий ҳаёт дегани жуда кенг миқёсдаги тушунча. Ёзувчи одам уни билмай, билишга ҳам қизиқмай иложи йўқ. Лекин аввал ижтимоий ҳаётни чуқур ўрганай, кейин ёзаман деб ҳам режа тузиб бўлмайди. Умр эса жуда тез ўтади.
Кўпинча тезкорроқ ёзувчи ютади. Қодирийга ўхшаб 25 ёшингда “Ўткан кунлар”дек бир романни қойиллатиб қўйган бўлсанг қанийди!
Биз анъанавий романчиликни, қиссачиликни А. Қодирий, Ойбек, А. Қаҳҳор, ў. ўулом, О. Ёқубов, П. Қодиров, Ш. Холмирзаевдан ўрганамиз. Айнан хорижникига ўхшатиб ёзмоқчи бўлсак, бу бизнинг бир ёқламалигимизни, ғўрлигимизни билдиради. Адабиёт эса ғўрликни, жўнликни кўтармайди.
Ёзувчидан маҳоратдан ташқари катта руҳ ва йирик йўналиш ҳам талаб этилади. Шекспирона ёзиш учун Шекспирнинг руҳи, Толстойча ёзиш учун Толстой руҳи керак. Руҳнинг пастлиги жўнликка олиб келиши мумкин. Сабаби руҳ баланд бўлмаса, ўзингиз топган воқеалар, уларнинг тафсилотлари орқасидан эргашиб юраверишингиз — ўзингизни енголмай қолишингиз мумкин. Одам асарда ўзининг устидан ғолиб келса, кучли нарса келиб чиқади. “Танҳоликнинг юз йили”да Маркес ўзини енголган.
— Истеъдод ўз маҳоратини намоён этиш учун маълум бир шарт-шароит бўлиши, албатта, шарт­ми?
— Истеъдод тўла намоён бўлиши учун қулай шароит зарур деб ҳисоблайман. Толстой ва Хемингуэйлар катта ёзувчи бўлиш учун пул керак, деб ўйлашган. Ёзувчига муттасил ўтириб ижод қилиши учун барибир уй керак. Соғлом бўлмаса, яна қийин. Ёзишдан безганда айланиш учун кўча, хиёбон, боғ бўлса яна тузук. Хайрихоҳ хотин, хайрихоҳ фарзандлар бўлса боз устига. Бир жойдан етарли мояна олиб турсанг, Ш. Холмирзаевга ўхшаб зориқиб қолавермасанг… Лекин Шукур ака ҳамма нарсадан ёзишни, Адабиётни устун кўриб яшаган ягона ўзбек ёзувчиси бўлиб қолди.
Тоғай Мурод “Ўзбек халқига хайкал қўяман” деб яшади. Хемингуэй фақат ёзиш учун яшаган. Ёзолмай қолганини англаган куни ўзини отган. Достоевский ҳаёти эса жуда пала-партиш, ҳеч ҳавас қилиб бўлмайди. Балзак уйқуга, чарчоққа бас келиш учун совуқ сувли тоғорага оёғини тиқиб ёзаверган. Қодирий ва Ойбек шоҳона яшамаган. Лекин Толстойга графлиги, қўшимча сармояси обдон қўл келган деб ўйлайман. “Анна Каренина” ёки “Уруш ва тинчлик”ни ёзиш учун камбағалчилик кўп панд берар эди.
Муболағаларнинг уяси бўлган Маркес “Танҳоликнинг юз йили”ни ёзаётганида ҳожатга чиқишга ҳам вақтини қизғонар экан.
З. Саидносированинг эслашича, Ойбек домла курсолида ҳеч вақоси бўлмаса ҳам оч-наҳор ўтириб ёзаверган экан.
Бунин, Шолохов, Айтматовнинг яшаш тарзи, ёзиш шароитлари ҳам ҳар хил бўлган. Шоир кета туриб ҳам ён дафтарига нималарнидир қоралаб, балки шеър­ни тўлиқ қоғозга тушириб қўявериши мумкиндир, лекин, ёзувчи одамга уй ва мояна албатта зарур деб ҳисоблайман.
Ижодий маҳсулотнинг қандай бўлиши – бу бошқа масала. Худога шукур дейиш керак, бизда шарт-шароитдан қийналиб қолган ёзувчилар йўқ.
Замонавий ёзувчиларимизнинг насрий асарларини назарда тутиб айтаман: жанр хусусиятларига баъзида амал қилмаяпмиз ёки ўарб адабиётининг таъсирими, ҳар қалай, шу ҳолат ўйлантириб қўяди, баъзан.
ўарб адабиётининг таъсири дейиш балки тўғрироқ бўлар. Чунки, улар прозанинг эски қолипларини синдиришга уриниш бошланганига юз йилдан ошиб кетди. Тажриба, экспримент тарзида ёзилган баъзи бир асарлар бора-бора мумтоз романлар қаторига кирди. Бизда ҳам модерн адабиётига хайрихоҳлик бор. Бу жараёнга ёт кўз билан қарамаслик керак. Роман ёзиш равишига ўзгартириш киритганлардан бири Омон Мухтор бўлди. Ва айтиш жоизки О. Мухтор жуда самарали ижод қилди. Фақат “Шарқ юлдузи” журналида босилган охирги романининг сўнгига тушунмай қолдим. Ё ёзувчи ўзи топган мавҳумотда адашиб кетди, ёки менинг ақлим ноқислик қилди.
Шунақа, Омон ака бошқа ёзувчиларга ўхшаб роман бошланмасида ўзига объект яратиб олиб, борар манзилини айтиб, бисмилло деб ўтирмай, бирданига “газ босиб” кетадиган усул топди. “Алишер ва рассом Абулҳайр” деган тарихий романида ҳам бу сезилади. Бир драмасида ҳатто Навоий замонидаги террорчи гуруҳлар ҳақида ёзди. Майлида, бу насрга ҳам шаклан, ҳам мазмунан турлича ёндашишни билдиради. Улуғбек Ҳамдамнинг тўрт бетлик мини романини ўқидим. Мазмунан қараганда, наъматак ўсимлиги тимсолига авлодлар алмашинуви, инсоний муносабатлар, севги-муҳаббат тарихини ҳам сингдирибди. Лекин қисқа бир асарни роман дебди. Х. Дўстмуҳаммад беш юз бетлик ҳикоя, икки бетлик романлар ҳақида гапирган эди. Н. Эшонқулнинг “Гўрўғли” романи, қатор ҳикоялари, Исажон Султоннинг “Дарбадар”, “Озод” романларини ўқиб кўринг. Уларда биз кўниккан реалистик адабиёт белгилари йўқ. Рамзлар, тимсоллар бор. Ёзувчининг фикри, ғояси ҳам мавҳумотларга, ишораларга яшириб қўйилган. Реалистик адабиётнинг ҳам имкониятлари кенг, бироқ бошқача руҳдаги, бошқача шаклдаги адабиётга ҳам кўзимизни ўргатишимиз лозим. Чунки, дунё адабиётига бирёқлама ёндошиб бўлмайди. Қодирий ўтган асрнинг бошидаёқ ёзишнинг “турлук йўсунларини билмак” тўғрисида ёзган эди. Айни пайтда бор нарсалар, мавжуд ёзилган асарларни ҳам эътироф этишимиз, авваломбор уларни ўқимоғимиз лозим.
Аҳмад Аъзам 1988 йилда “Ўзим билан ўзим” деган бир қисса ёзган эди. Адабиётшунослар, танқидчилар индашмади. Ёки унинг “ўулистонга сафар” романини олинг. Адабий даврада бу роман ҳам яна жимлик билан кутиб олинди. Ҳайрон қоласан. Ё одамлар ўқимайдиган бўлиб кетган, ё ўқиган асари ҳақида фикр уйғонмайди. Ҳолбуки, юқорида тилга олинган асарлар янги ўзбек прозасининг намуналаридир. Ёзса ёзибди-да, деб бепарво, беписанд ўтириш ҳам умумий адабий жараённинг сустлигини билдиради. Шундай эмасми?
— Бугунги ёшларнинг ижодий изланишларига қандай баҳо берасиз?
— Ҳозирги ёшлар катта бир оқим бўлиб юзага чиқаётганлари йўқ. Мен уларнинг аксарияти ўқимаслик касалига дучор бўлганидан қўрқаман. Ёзадилар, лекин ўқимайдилар. Бир хиллари экспримент усулида бир балоларни ёзади, тушунтир-чи, ўзи кимга ўхшаб, кимга эргашиб бунақа нарса битдинг десанг, елка қисади. Ҳолбуки, биз буткул бошқа замонга келиб қолгандек. Хабардорлик, огоҳлик керак.
Бадиий адабиётга бевосита тааллуқли бўлган анча-мунча адабиётлар интернетда ҳам мавжуд. Атоқли шоир Хуршид Даврон жуда кўплаб арзирли асарларни интернетга жойлаштирди. Буям жонкуярлик. Аммо, ёшлар на интернет, на китобга эътиборсиз бўлаётгани чатоқ. Интернетга қизиқишади, лекин асарга, адабиётга эмас.
Йилда бир-икки марта ёшларнинг адабий кўрик-танловларида хизмат тақозосига кўра қатнашишга тўғри келади. Айниқса шоир бўламан деган ёшлар ўқимаслик бобида ҳайратга солишади мени. Ўсмоқчилаб сўраб келсанг, Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини ўқийман дейди, унинг ҳам китоблари номини билмайди. Аслида улар М. Юсуфни ҳам ўқимаган бўлади, радио ёки телевидениеда шоир шеърлари билан айтилган қўшиқларни эшитган холос. Бироқ бу орқали ёшларнинг ҳаммаси бир хил деган баҳони бериб бўлмайди. Изланувчан, катта адабиёт маъсулияти билан ижод қилаётганлар жуда кўп. Шодмон­қул Салом, Нурилла Чори, Анвар Суюнов, Холиёр Сафаровларни алоҳида таъкидлагим келади.
Адабиёт бир жойда депсиниб туриши мумкин эмас. У сокин, бир ўзанда оқаётган дарёдек бўлиши мумкин. Катта истеъдодлар чиқса бу дарё тошади, тўлқин отади, ўзани бошқа ёқларга кетиши ҳам мумкин.
Мен шахсан бунинг бўлиши мумкинлигига доим ишониб яшайман.
Феруза ТЎРАЕВА суҳбатлашди
087
(Tashriflar: umumiy 8, bugungi 1)
одил ака абулқосим билан
Суратда: Ёш истеъдодлар Собир Ўнар, Абулқосим Мамарасулов ва Муҳаммад Исмоил устозлари Шукрилло ва Одил Ёқубов билан…
“Дунё ўзбеклари” учун махсус 
Leave a Reply
*