Menu
Categories
Дилдорбек ҳожи РАҲМОНОВ: БЕРЛИННИ ОЗОД ЭТГАН ФАҲРИЙ
05/09/2016 Маданият ва Санъат
720БЕРЛИННИ ОЗОД ЭТГАН ФАҲРИЙ
Самадилло ҳожи Мўминов 23 феврал 1917 йилда Ўш шаҳрининг ҳозирги “Олой” меҳмонхонаси ўрнидаги маҳаллада туғилган. Отаси Абдумўмин ака қори, онаси Зуранисо ая отинча бўлишган. Бешта фарзанднинг иккинчиси бўлган Самадилло ака ёшлигидан ҳайдовчилик касбига қизиққан ва Қўқон шаҳрида бир раҳбарни ташиган.
Улуғ Ватан уруши бошлангач Самадилло ва акаси Абдумажид билан фронтга ўз хохиши билан кетишади. Урушнинг оғир йилларида Ленинград қамалида гвардия дивизиясида хизмат қилади. Самадилло ака ЗИС-5 автомашинасини миниб қамалда қолган Ленинград шаҳрига озиқ-овқат, қурол-яроғ ва бошқа нарсаларни ташиб келади.
Автомашинаси ЗИС-5 муз устида юриб бир неча марта фашистларнинг самолётлари ёғдирган бомбалари остида қолиб кетади, лекин умри бор экан тирик қолади. Ленинград қамалидан кейин Самадилло акани ҳарбий қисми Сталинград фронтига юборилади.
Самадилло ака ва аскар ўртоқлари бир қишлоқни озод этишади ва бир катта залда немислар қолдирган ноз-неъматлар билан безатилган дастурхонга дуч келишади. Ҳамма солдатлар дастурхонга қўйилган ноз-неъматларни ейишади, ароқни ичишади, фақат Самадилло ака ва яна иккита мусулмон солдатлар ароқ ичишмайди.
Бироздан сўнг ароқ истеъмол қилган аскарлар ўлишади, чунки немислар кетаётиб ароқни заҳарлашган экан. Фронтда ярадор бўлган солдатларни Самадилло ака ЗИС-5 автомашинасига юклаб госпиталга олиб бориб, кўплаб аскарлар умрини сақлаб қолган. Акаси Абдумажид Мўминов фронтда бедарак йўқолди деган совуқ хабарни эшитган Самадилло ака фашистлар билан аёвсиз кураш олиб борди.
Калининград шаҳрини озод этишда қатнашди. Берлин шаҳригача етиб борди ва 9 май Ғалаба кунини Берлинда кутиб олди. Совет ҳукумати Самадилло Мўминовни Улуғ Ватан урушида кўрсатган қахрамонликларини юксак баҳолаб “Октябр революцияси”, II ва III даражали “Шуҳрат” орденлари ва кўплаб медаллар билан тақдирлаган.
Урушдан қайтиб келган Самадилло ака Ўш шаҳар йўловчиларни ташиш автобазасига ишга кирди ва у ерда нафақага чиққунга қадар ҳайдовчи бўлиб ишлаган. 1994 йили Самадилло ака муқаддас ҳаж сафарига Маккаю-Мадинага бориб, бешинчи фарзни адо этиб келди. Ўзи истиқомат қилган Қорасув туманининг Шарқ қишлоғидаги “Сармозор” масжиди қурилишига фаол қатнашган ва ўша масжид имоми бўлган.
Умр йўлдоши Ҳувайдо ая билан бешта фарзандни тарбиялашди. Фарзандлари: Хадичахон ҳожи Ўш шаҳар ипак йигирув корхонасида бригадир, вафот этган, Суҳбатилло ҳожи ошхона бош ошпази, вафот этган, Ибайдилло ҳожи троллейбус ҳайдовчиси, бош ошпаз ва ишбилармон, Манзурахон тадбиркор, Холидахон боғбон бўлиб ишлашган. Ҳозирда Самадилло ака ва Ҳувайдо аяни 20 та невараси, 34 та чевараси ва 7 та эвараси бор.
1 июл 1997 йили уруш фаҳрийси Самадилло ҳожи Мўминов вафот этган бўлса-да, лекин у Ватан озодлигида жасоратлари ва меҳнатлари билан халқимизнинг ёрқин хотирасида абадий сақланиб қолади.
Дилдорбек ҳожи РАҲМОНОВ,
Ўш шаҳри, Қирғизистон
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*