Menu
Categories
Отиб ташланган Андижон… (Русчадан Исмат Хушевнинг эркин таржимаси) 4-қисм
05/17/2016 Бош мақола
Алексей ВОЛОСЕЕВИЧ: ОТИБ ТАШЛАНГАН АНДИЖОН – Рус тилидан таржима (4-қисм)
Алексей Волосеевич: Отиб ташланган Андижон!
Алексей Волосевич
Алексей Волосеевич
(13 май фожеаларини бошидан кечирган шаҳарнинг машъум хотиралари…)
Бу дахшатли воқеалар ўққа тутилган Андижонда 16 майдан эътиборан икки ҳафта давомида ёзилди.
Ҳали маҳаллий аҳоли бу қонли воқеалардан ўзига келолмаган, уларнинг баъзилари ҳатто ўз яқинларини дафн ҳам этишолмаган – аксар мурдаларни топишнинг иложи йўқ, улар қаёққадир ғойиб бўлишган…
отилган андижон
“Фергана.РУ” ахборот агентлиги мухбири, 13 май фожеалари гувоҳи Алексей Волосеевич Андижонда уйма-уй юриб, ҳалок бўлганларнинг қариндош-уруғлари, яқинлари, қўни-қўшнилари билан учрашиб суҳбатлашди.
Бу суҳбатлар асносида 24 нафар қайғули ҳикоя ҳосил бўлди.
Бу ёзувлар шарҳ талаб қилмайди. Фақат бир ҳолат бундан истисно: қуйида келтирилажак исмлар ҳикоя қилувчиларнинг хавфсизлиги нуқтаи-назаридан ўзгартирилган, холос.
Журналистларга кўнглини очувчи кишилар тақдири бу ерда фожеали якун топаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас…

Бу “Андижоннома”нинг қисқартирилган қисми 8 июнда (2005 йил) Москванинг Время новостей” газетасида эълон қилинган.
Мазкур фожеаноманинг тўла матни эса Сизга хавола этилмоқда…

Таҳририят


ххх
Ҳалок бўлганларни топиш жуда осон. Истаган маҳаллага кириб, “Жаноза қаерда бор?” деб сўрасангиз кифоя, Сизни дарров олиб боришади. 13 майда ҳалок бўлганларнинг уйлари ҳам бир-биридан узоқ эмас. Бутун шаҳар бўйлаб сочилиб ётибди “жанозали” уйлар…
Баъзан бир бирига туташ қўшни ҳовлилар ҳам учраб туради. Ҳаммасида дарвоза бўйлаб қўйилган узун ўриндиқларга кўрпачалар тўшалган, марҳумлар хотирасига дуо қилиш учун ҳозирланган муваққат жой бу.
Келиб, ўтганлар руҳига дуои-салом ўқиб, бир лахза сукут сақлаб, кетаверасиз. Юракни сиқувчи совуқ сукунатдан сесканиб турасиз.
Гўё бутун Андижон улкан ва рутубатли қабристонга айлангандек…

 

Биринчи ҳикоя
Бахтиёр, 1986 йилда туғилган.
Биз унинг онаси ва қариндошлари билан мўжазгина ҳовлида суҳбатлашаяпмиз. Ғариб ва ночор бир манзара. Ўғли ҳақида ҳикоя қиларкан, онаизор ўксиб йиғларди: “15 май куни ўғлимнинг туғилган куни эди. Икки кун яшаганида ўн саккизга тўларди шўрлик…”
Унинг исми – Нигора, 1956 йилда туғилган, уй бекаси. Жами олти нафар фарзанди бўлиб, Бахтиёр билан яна бир ўғли бор эди. Энди ўғиллардан битта қолди. Бахтиёр оилада бешинчи фарзанд эди. Иккинчи ўғли ундан атиги бир ёш катта, холос. Бахтиёр ҳам акаси билан одамларнинг хизматини қилиб пул топарди. Бозорда арава ташир, уй ремонти билан шуғулланар – ҳар қалай нима тўғри келса қилар, чунки катта оила ташвиши акаси билан унинг елкасида эди. Отаси уларни ташлаб кетган, онаси ундан айрилиб, каттакон рўзғор ташвиши шу икки ўғил гарданида эди…
Бахтиёрнинг топгани гоҳида икки-уч долларга етар, баъзан шунга хам етмас, лекин хар қалай шу пул ҳам оилани бир амаллаб тебратишга етиб турарди. Онаси ҳали пенсия олмас, кўп болали оилаларга бериладиган пул эса ҳукумат томонидан бекор қилинган эди…
Бу ҳовлида улардан бошқа яна холалари ҳам икки қизалоғи билан яшар эди. Жами уч хона ва бир айвондан иборат эди уларнинг уйлари. Ҳовлидаги ягона крандан 14 оила навбат билан сув ичишади. Яккаю ягона тахтадан қилинган хожатхона ҳам ҳамма учун умумий… Андижоннинг деярли ярми бугун ана шундай аҳволда …
“12 майдан 13 майга ўтар кечаси соат тўққиз-ўнлар атрофида отишма бошланди. – хотирлайди Бахтиёрнинг онаси. – Одамлар ҳовлига тўпланиб осмонга қарашар, ниманинг шарафига салут отишяпди деб ҳайрон бўлишарди. Лекин 12 май оқшоми ниманинг шарафига салут берилиши мумкин эди? – ўз-ўзига савол беради она. – Одамлар салут деб билган бу нарса хақиқий отишма эканлиги маълум бўлди – автоматлар, пулемётлар, БТР лар отишмаси эди…
Эрта тонгда Бахтиёр ўртоғи билан қаёққадир кетиб, пешинда қайтиб келишди. Тушлик қилиб, яна қаёққадир чиқиб кетишди. Шу кетганича қайтиб келмади. 14 май куни унинг дўстлари келиб, акасига Бахтиёр вилоят биноси олдидаги ҳайкал пойида ётганини маълум қилишди. Мурда устидаги латтани олиб қараган акаси “Бу Бахтиёр эмас” деган.
Мурда мажақланиб, бир кўлмак қонга айланиб қолган эди. “Бу Бахтиёр эмас” деган-у, лекин оёғидаги крассовкадан таниб қолган. Кундуз соат иккиларда уни уйга олиб келишди. Мен ҳушимни йўқотиб қўйган эдим. Уни олиб келишди-ю, ювиб “Писта-Мозор” қабристонида дафн қилишди. У ерда аллақачон бошқа бир янги қабр ҳам бор эди…
“Ўғлим ҳатто мачитга ҳам бормаган, номоз ҳам ўқимасди, – фарёд қилади онаизор. – Эртадан кечгача ишларди. Иккала шўрлик ўғлим бизларни боқишни ўйларди, холос… Марҳумнинг акаси: “Солдатлар тинч ахолини ўққа тутишди. Бахтиёрга иккита ўқ текканди – бири юрагига, иккинчиси – юрагининг остига…”
Марҳумнинг онаси: “Тинч аҳолига тегишмайди дейишганди, уларнинг айби нима? Қанча ўспирин ўлиб кетди…” Она ўз фарзандини отган, Андижонни ўққа тутган ҳукумат жазоланишини талаб қилди. Унинг сўзларига қараганда, Бахтиёрнинг дўстлари ҳам ҳақиқий қотилларни топиш ва жазолашга қасам ичишган…

 

Иккинчи ҳикоя
Толиб, 1972 йилда туғилган.
У биринчи май кўчасида яшар эди. Унинг уч фарзанди етим қолди. Энг жажжиси эндигина олти ойга тўлган эди, исми Раҳматилло…
Марҳумнинг уста-дурадгор қўшниси шундай ҳикоя қилади: “Бу маҳаллада деярли ҳамма устачилик билан тирикчилик қилади. Биз одамларнинг уйига бориб эшик, ром, мебел ясаймиз. Майдонда отишма бошланган маҳал граждан кийимидаги милиция ходимлари ҳаммани уй-уйига ҳайдай бошлади. Биз хам эндигина кўчага чиққан эдик, уйга қайтиб кирдик.
Оқшом соат тўққизларда отишма бошланди. Кўчада қимирлаган неки бўлса ҳаммани ота бошлашди ҳарбийлар. Аллақачон оқшом тушган эди, ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. қўшним отишмани эшитиб кўчага чиққан эди, оёғидан яраланиб уйига қайтди. Толиб эса ёлғиз яшайдиган амакисидан хабар олгани қўшни уйга ўтди. Сўнг орқасига қайтаётганда – шундоққина муюлишда уни отиб ўлдиришди…

 

Учинчи ҳикоя
Аҳмад
Ахмад 1961 йилда туғилган. Қайнотаси ҳикоя қилади: “Турмага хужум уюштирилган 12-дан 13-майга ўтар кечаси Аҳмадни яқин синфдош дўсти Зикрилло уйғотиб, қувончли воқеани хабар қилади: у набиралик бўлган эди. Тунги соат икки бўлишига қарамай икки синфдош, икки дўст боболик завқи билан келинларини кўргани – янги ва интиқиб кутилган набирани кўргани туғруқхонага ошиқадилар.
Аҳмад арендага машина олиб, таксистлик қиларди. Туғруқхонага бораверишда Ашуров (собиқ Красноармейская) кўчасини кесиб ўтиш керак эди. Худди шу манзилда ҳарбий қисм ҳам жойлашган эди. Нақ ҳарбий қисм рўпарасида уларни тўхтатишади.Оёқ, қўл билан эмас, автоматдан ўқ отиб тўхтатишди, мангуга тўхтатишди… Машина тўхтаса ҳам отаверишди, отаверишди… Шу ерда икки дўст, икки синфдош, икки қўшни, эндигина туғилган набиралари рухсорига етолмай ҳалок бўлишди…
“Мен уларни кун бўйи изладим. Кимдир Аҳмаднинг машинасини Ашуров кўчасида кўрганини айтди. Бориб уларни топдим. “Бу менинг куёвим” – дедим ҳарбийларга. “Йўқ, улар турмадан қочган тутқунлар!” – деб жавоб қилишди ҳарбийлар. Уларнинг иккаласи ҳам уй кийимида эди. Ҳамма ёғлари илма-тешик бўлиб кетган. Кейинчалик санашганда уларга юздан зиёд ўқ узилган экан… Ҳарбийлар: “Улар қочмоқчи эди, шунинг учун отишга мажбур бўлдик” – деб айтишди. Лекин бу жойдан қочишнинг иложи йўқлиги шундоққина кўриниб турибди – йўл фақат ҳарбий қисм олдидан ўтади холос…
“ТИКО” русумли, 17Г72-62 рақамли арендага олинган машина қандай ўққа тутилган бўлса шу алфозда илма-тешик бўлиб ётарди. Ўша куни менга уларнинг мурдасини беришмади – прокурордан қоғоз олиб келинг, деб айтишди. Қоғозни олишга икки кун вақт кетди. Икки кун уларнинг ўлиги катта кўчада – ҳарбий қисм ёнида , ўша ўққа тутилган жойда қолиб кетди. Ўққа тутилган машина ва мурдаларни қўриқлаб турган ҳарбийлар прокурор ва судмедекспертларни кутишди. Ниҳоят улар келиб воқеа жойини ва мурдаларни суъратга олишди. Машина отилган жойдан олтмишга яқин ўқдан бўшаган автомат гилзалари топишди…
Машинага эса ундан ҳам кўп ўқ теккан эди… Мурдаларни моргга олиб кетишди. Уларни машинага мен ўзим юкладим. Моргдан эса бизга қайтариб беришди. Уларни “Ойша-хоним” қабристонида ёнма-ён дафн этдик…Ўша куни мазкур қабристонда яна олти киши дафн этилди. Болалар ва аёлларнинг мурдалари негадир кўринмасди. Уларни қаергадир ғойиб қилишди… Ҳалок бўлган болалар ва аёллар жуда кўп эди. Лекин ҳеч ким уларнинг ўлигини кўрмади…
Зикриллонинг фарзанд кўрган келини ҳалиям роддомда. Аҳмаднинг уч фарзанди – икки ўғил ва бир қизи етим қолишди. Аҳмад илгари автобус ҳайдарди. Бизда завод ва фабрикалар ёпилгач, автобуслар ҳам йўқолиб, таксистлик қила бошлаган эди. Машинанинг кунлик аренда ҳақидан ташқари унга рўзғор тебратиш учун бир ярим-икки минг сўм қоларди (бир ярим-икки доллар).
“Уларнинг кимлигини сўраб-суриштирмай тўхтатишди-ю, отиб ташлашди. Агар текшириб кўришганида тирик қолишармиди? Уларни қандай отишган бўлса шундай ҳалок бўлишди… Марҳумларнинг мўжазгина ҳовлисида ҳамма ўзбекларники каби анвойи гуллар барқ уриб очилган. Қабрлар узра ҳам қизил гуллар қўйилган. Умуман шу кунларда бутун Андижон ана шу қизил гуллар қўйнида мангу уйқуга кетган шаҳидлар шаҳрига айланган… Шаҳарнинг қайси бурчига борманг, албатта таъзия ё маъракага дуч келасиз. Ҳар ерда кўрпачалар тўшалган ўриндиқлар, уларда бош эгиб ўтирган чопон ва дўппилик азадор кишилар… Ҳамма келиб, дуо ўқиб, чуқур хурсиниб марҳумларнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этиб чиқиб кетади…
“Унинг хотини ишламасди, уйда болаларга қарарди. Энди бу оила ҳам менинг қарамоғимда қолди…” – деди Аҳмаднинг қайнотаси…

 

Тўртинчи хикоя
Акмалжон Мамаризаев, 32 ёшда.
Унинг отаси ҳикоя қилади:
– Унинг томоғи оғриган эди. Ютинолмай қолганидан сўнг кечқурун дори излаб кўчага чиқди-ю, ҳалок бўлди… Дайди ўқ унинг умрига зомин бўлди. Менга бу хақда қўшнилари хабар қилишди. Кечирасиз, ўғлим ўлганидан буён ўзимга келолмайман. Нақадар даҳшат!
– У “Чўлпон” кинотеатри ёнида ҳалок бўлдими?
– Ҳа…

 

Бешинчи хикоя
Санжар Турсунбоев, 1938 йилда туғилган
(Президент билан тенгдош экан…)
Андижоннинг эски шаҳрига хос бўлган манзара. Бир хил кўринишдаги мўъжаз ва кўримсиз уйлар… Ўн йиллаб бирга истиқомат қилаётган қўни-қўшнилар… Кўзларида тубсиз мунг муҳрланиб қолган маъюс кексаларнинг бошлари хам, аҳён-аҳёнда чуқур хўрсинишади… Латта билан бўлиб қўйилган бир тўп аёллар эса “Бу не кулфат” бўлди дея бошларини сарак-сарак қилиб Худога нола қилишади…
Ҳалок бўлган кексалардан бирининг ўғли – Ғофур ҳикоя қилади:
– Вилоят ҳокимияти рўпарасида Навоий номли боғ бор. Отам бир дўсти билан тротуар ёнида гаплашиб турганида тўсатдан пайдо бўлган ҳарбий машинадан уларга қараб ўқ отилган ва отам ҳалок бўлган. Орқасидан отишган, аблаҳлар… Ўртоғи уни Андижон мединститутига зудлик билан олиб борган. Йўлда ҳали тирик бўлган отам касалхонага етар-етмай жон таслим қилган…
…Отамнинг тўртта фарзанди бор эди – икки ўғил, икки қиз. Мен укам билан тирикчилик боис Россияда ишлаётган эдик. Мен келдим, лекин у йўлкира ҳақи қимматлиги боис келолмади. Биз у билан Новосибирскда – қурилишда ишлаяпмиз…
Марҳум билан ўша куни тротуарда сайр қилиб юрган Йўлдош ака ҳикоя қилади (1939 йилда туғилган):
– Биз суҳбатлашиб турган эдик – тротуарда, қаёқдандир ҳарбий машиналарда аскарлар пайдо бўлишдию, ҳаммага қарата ола-тасир ўт оча бошлашди. Ҳамма ёқни қий-чув тутиб кетди. Биз ҳам қочдик. Бир пайт унинг чопаётиб йиқилганини кўрдим – орқасидан отишди. Атрофга – оломонга ўт очганча машина ўтиб кетди. Бунақасини киноларда ҳам кўрмаган эдик. қиёмат қойим бўлди…
У орқасидан ўқ еб йиқилганида ҳали тирик эди – фақат оёқлари ишламай қолди…

 

Олтинчи ҳикоя
Темур, 19 ёшда.
У автомобилларни ремонт қиладиган уста эди. Ёш бўлса ҳам қўли гул эди – отаси билан бирга ишларди. Бундан ташқари уларнинг кичкина дўконлари ҳам бор эди – машинага керакли бўлган қисмлар сотишарди.
Онаси ҳикоя қилади (45 ёшда):
– У жуда… жуда ҳам яхши йигит эди… – кўз ёшларини яширолмайди шўрлик онаизор…
Отаси:
– У турмада эди – ўғирлик айби билан тергов бераётган эди. Телевизор ва компютер ўғирлашда айбланганди. Холбуки уни алдашганди – телевизор Ўшдан келган, шуни дўконингда сотиб бер деб алдашган экан. У содда бола “Хўп” деб молларни олиб қолиб бемалол сотмоқчи бўлган… Уларни турмадан озод қилишганда акромчилар; “Энди ўғирлик қилманглар, Оллоҳ буни кечирмайди” деб огоҳлантириб қўйиб юборишган. Лекин энг охирида чиқаётган 150 нафар кишини олиб қолишган. Ўғлим ҳам шулар ичида бўлган. Уларнинг ҳаммасини турмага туташ Сой бўйидаги пояфзал фабрикасига олиб бориб ушлаб туришган. Солдатлар яқинлашганда ҳаммасини қўйиб юборишган. Лекин ҳарбийлар уларни битта қўймай қириб ташлашган. Биз уларни қутқазиш учун чопиб борганимизда ҳаммаси аллақачон ҳалок бўлган эди. Жумладан ўғлим ҳам… Уни қутқазолмадик…
– Уни фабрика ёнида ўлдиришди, деб ким айтди?
– Моргда – патанатом айтди. Бу ўликлар ҳаммаси фабрика ёнидан олиб келинди деб…
Қўшни:
– Уларнинг ҳаммаси “Контролний” ўқдан ҳалок бўлган – юраги ва бошидан отилган…
Отаси:
– Уларни ҳали қутқазиш мумкин эди, кўплари яраланганди, холос. Лекин бунинг ўрнига уларни “контролний” ўқ билан отиб ўлдиришган, аблаҳлар…
Қўшни:
– Нега улар ҳаммани отиб ўлдиришдийкин? Гувоҳларни ҳам ўлдиришган. Ҳеч кимни қолдиришмаган. Ҳамма бошидан ва юрагидан ўқ еган. “Контролний” ўқ…
Пояфзал фабрикаси “Чўлпон” проспектида жойлашган. “Чўлпон” кинотетри ёнида. Оммавий қирғин ўша ерда бўлган…
Еттинчи ҳикоя
Раҳимов Азизбек, 1980 йилда туғилган.
“Чўлпон” проспектида ҳалок бўлган.
Қариндошлари ҳикоя қилишади:
“У бизнинг жиянимиз эди. Ҳеч қаерда ишламайдиган рафиқаси Одина – бева, икки яшар қизалоғи Робия эса – етим бўлиб қолишди. Морг худди уруш даврини эслатарди – мурдаларнинг оёқларига рақам “бирка”лари ёзиб қўйилган эди… Жиянимнинг оёғига “313″ рақамини илиб қўйишган эди, аблаҳлар…
(Улар бизга ўша машъум “бирка”ни кўрсатишди – эски картон қоғозига шарикли ручка билан “313″ рақами эгри-бугри қилиб ёзиб қўйилган…)
Саккизинчи ҳикоя
Ҳамдам, 17 ёш.
Онаси: “Менинг болагинам…” – ўксиб, ўксиб йиғлайди онаизор…
Отаси: “Милиционерлар “Ким уруш бўлди” деса қамаймиз деб ошкор зуғум қилишмоқда. Менинг ўғлим футболга ишқибоз еди. Дўстлари жуда кўп еди, магнитофон ва мебелларни тузата оларди. Булардан ташқари у кичкинагина дўкон очволиб майда-чуйда нарсалар билан савдо қиларди…”
Қўшниси: “У жуда осойишта, оғир-босиқ йигит эди. Биз ҳар жума мачитга бориб номоз ўқурдик -жума номозини. Мен уни охирги марта ўша жойда кўрган эдим…
Онаси: “Цигарета чекмасди, ичмасди…” – яна йиғлайди она…
Қўшни: “Жума номозидан сўнг биз уни кўрмадик. У Сой бўйидаги қариндошларидан хабар олгани ўша ёққа борган экан. Ўша ерда – 15 мактаб олдида ҳалок бўлган…
(Моргда унинг оёғига боғлаб қўйилган “бирка”нинг рақами – 277, қонга беланган картон ҳам, ҳарфлар ҳам…)
Отаси: “Моргда ўз кўзим билан кўрдим – тўққиз-ўн ойлик гўдак қўлсиз эди…”
Ота-онасининг айтишларича халок бўлган фарзандларининг ўнг биқини ўпирилиб кетган эди – катта калибрли пулеметларгина шунақа из қолдиришади…
Қўшнилари: “Улар майдондан кета бошлашганда солдатлар ўраб олиб отиб ташлашган. Отишмаганларида халқ уйига кетаётган эди. Нега отишдийкин халқни…”
Ўзингиз ўз кўзингиз билан бориб кўришингиз мумкин – қабристоннинг ёнидаги данғиллама уйни – шаҳар прокурориники. Халқ эса оч-яланғоч….
Тўққизинчи ҳикоя
Улуғбек, 15 ёшда…
“Чўлпон” кинотеатди ёнида жойлашган “Янги турмуш” маҳалласи. Марҳумнинг отаси ҳикоя қилади:
“Менинг икки ўғлим бор эди. У – каттаси эди – жуда қувноқ, спорт билан шуғулланарди. Биз уй қураётгандик – у менга ёрдам бераётганди. Тўсатдан олатапур – отишма бошланиб қолди. Хабар олайчи, нима гап экан деб бешларга яқин уйдан чиқиб кетди. У шу кетганича қайтиб келмади…
Биз уни кўп изладик. Атроф қоп-қоронғу, зим-зиё эди – ҳамма жойда отишма, цветлар узиб қўйилган эди…
Эрталаб ёруғда уни излашни яна давом эттирдик. “Чўлпон” кинотеатри ёнидаги майдонда бир тўп ўликлар борлигини айтишди. Мен ўғлимни шу ердан топдим. Унинг орқасидан отишган эди – иккита ўқ текканди.
Простинага ўраб уйга олиб келдик. Эндигина ўн бешга кирган – кўпам оғир эмас эди, кўтариб келдик…
Шукрки, қабристонда справка сўраб гаранг қилишмади – ҳамма жойда уруш бораётгани учунми, тезроқ дафн қилишга рухсат беришди…
Афсуски фотосурати бизда йўқ. У ҳали паспорт ҳам ололмаган эди – эндигина ўн бешга тўлганди…
У ҳали мактабда ўқиётганди, 25 майда унинг сўнгги қўнғироғи эди…
Ўликлар орасидан уни топганимда оёқяланг эди – назаримда қочаётиб, ўқ еб йиқилган… Уни қабристонга олиб бораётганимизда бир мухбир келиб: “қизми, ўғилми” – деб сўради. “Ўғил” деб айтдик. Суратга тушир дегандик, фотоаппарати йўқ екан. Ундан сурат ҳам ҳатто қолмади…
Уни “”Бусоуддин” қабристонида – бобосининг ёнига қўйдик…
Ўнинчи ҳикоя
Ёрқиной, 33 ёшда.
Унинг ўзини ошкор қилишни истамаган қариндоши ҳикоя қилади:
“У ақлан ожиз бўлиб, руҳшунослик шифохонасида ҳисобда турарди. Жума эрталаб уйдан чиқиб қайтиб келмади. Сешанба куни унинг ўлигини моргдан топдик. Қаерда, қандай ҳалок бўлганини билмаймиз. Унинг акаси бор эди, ўша роса излаб, охири моргдан топди синглисини. Унинг касалманд онаси бўлиб, руҳи хаста қизига қарарди. Унинг моргдаги рақами – 18 эди. Назаримда у биринчилардан ўқ тегиб ҳалок бўлган…
Ўн биринчи ҳикоя
Рустам, 24 ёшда.
Унинг хақиқий исмини қариндошлари айтишни исташмади. Улар журналистлар билан учрашган одамлар фожеасидан сўнг ўзларини ошкор қилишдан жуда ҳам қўрқиб қолишган эди. Бу йигит ўз оиласи билан шаҳарнинг “Шимолий” мавзесидаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшар эди. Биз уларнинг уйидамиз. Стуллар йўқ – ҳамма кўрпачаларда ўтирибди.
Ўртадаги камтарона дастурхонда нон ва уч-тўрт дона конфетдан бўлак ҳеч нарса йўқ,. қуруқ чой ичиб суҳбатлашамиз. Хонада аёллар кўп. Уларнинг аксарияти рўмол ёпиниб олган. Оқ дўппилик йигит рус тилида яхши гапираолмаса-са, шуларни айтиб берди: “У ишламасди. Умуман бу ерларда иш йўқ. Шунинг учун ҳам одамлар ишлагани Россия тарафларга кетишяпди. У иккинчи гурух ногирони эди. Ёзиш ва чизишни билмасди.
Онаси бозорда савдо қилар, у эса оғир сумкаларни ташиб ойисига ёрдамлашарди. Бир ой муқаддам уйланган эди, шўрлик. Унинг 24 ёшли рафиқаси ҳам шу ерда жимгина йиғлаб ўтирарди…
Тўполон бошланганда уйдан чиқиб кетди-ю, қайтиб келмади. Уни “Чўплон” кинотеатри ёнидаги асфалт ерда ўлиб ётганида топишди. Биқинидан ўқ теккан эди…
Унинг манзили ва исмини айтишдан қариндошлари чўчишди. Уларни тушуниш мумкин. Суратини ҳам беришни исташмади. “Биз сиз билан суҳбатлашгандан сўнг бизни ўлдиришларини истамаймиз” дейишди улар… Суҳбат якунида уларнинг нигоҳларида қўрқув муҳрланганини сезамиз.
– Моргдаги рақами неча эди, – сўрайман улардан.
– Йўқ, йўқ, айтолмаймиз – узр сўрашади улар. – Мана, қўшни маҳаллага ўтсангиз, бир хонадондан беш киши ўлдирилган…
Ҳорғин хаёллар билан уйдан чиқарканмиз, ёнимизга келган аёл кўзларини жовдиратиб: “Уни солдатлар отиб ўлдиришди. Лекин буни айтиб кимни ишонтириш мумкин. Ҳамма қўрқиб қолган…
Ким журналистлар билан гаплашса, йўқолиб қолаяпди…
Кеча маҳалламиздаги бир аёл журналистлар билан гаплашган эди, бугун машинада келиб олиб кетишди. Қаёққа, ким олиб кетди – ҳеч ким билмайди.
– Унинг исмини айта оласизми?
– Йўқ, мени ҳам олиб кетишларини истамайман…
Ўн иккинчи ҳикоя
Дониёр, 1983 йилда туғилган.
50 ёшли отаси ҳикоя қилади: “12 май оқшоми эди. Ваҳҳобийларми, Акромийларми, менга барибир, ўшалар бошлашди ҳаммасини. Ўғлим қизиққанидан намойишга борган. Иккита ўқ еб, халок бўлган – бири оғзидан, иккинчиси – кўкрагидан…
Калласининг ярмини ўқ олиб кетган. Бу воқеа “Чўлпон” кинотеатрининг ёнида содир бўлган. Ўша куни у уйга келмади, биз хали унинг ўлганидан бехабар эдик. Шанба куни шаҳар моргидан ўлигини топдик. Ўртоқлари у ҳамма қатори намойишчилар сафида бўлганини айтишди. Моргдаги рақам номери – 305… Моргдан ўлими сабаблари хақида берилган ҳужжатни кеча маҳалла идорасидагилар йиғиб кетишди… Учта фарзандим бор эди – энди иккитаси қолди…
У ўртанчиси эди…
Марҳумнинг паспортини отасининг қўлидан моргда тортиб олишган. Шундай қилиб тирик бир одамдан ном-нишон ҳам қолмаган…
Ўн учинчи ҳикоя
Сарвар, 30 ёш ва Алишер, 28 ёш.
Бу оилада бир пайтнинг ўзида икки нафар ёш йигитлар қурбон бўлишди…
“Менинг тўртта болам бор эди”, – дейди кўз ёшларини тўхтатолмай онаизор, – икки ўғил ва икки қизим бор эди. Ўғилларимни ўлдиришди, мен энди нима қиламан, – деб аюҳаннос солади шўрлик она. – Воқеалар бошланганда Сарвар майдонда – митингда эди. Алишер уни излаб борган.
Шанба куни улардан дарак бўлмагач, қизим уларни излаб Сой бўйи (“Чўлпон” проспекти атрофидаги район)га чиққан. Алишерим аптеканинг ёнида ўлиб ётарди. Унга иккита ўқ теккан экан – бири қўлига ва яна бири юрагига…
Биз уни тонгда топдик. Сарварни эса моргдан чиқариб беришди. Унинг вафот рақами – 244 эди…
Бу рақамни биздан аллақачон тортиб олишди. Ўлим қайд этилган ҳужжатни эса маҳалла қўмитасига топширдик. Аниқроғи – улар йиғиб кетишди. Чунки бу ҳужжатларда ҳам вафот рақамлари қайд этилган эди…
Алишерни моргга олиб боришимизни буюришди. Сарварим пояфзал фабрикасида ишларди. Алишер ҳали ишламасди – бизда умуман иш топиш қийин. Бозорда савдо-сотиқ қиларди. Сарвардан уч бола етим қолди. Алишердан эса иккита – ўғил ва қиз…”
Сарварнинг хотини: “Энди нима қилишни ҳам билмайман. Сарварсиз қандоқ яшаймиз энди, болаларимга нима дейман… (У ҳеч қаерда ишламайди, уй бекаси эди…)
Сарварнинг хотини: “Худо хайрингизни берсин, суратга туширманг, биз яшашимиз керак…”
Ҳалок бўлган бу икки азамат ўзбек йигитларининг шўрлик онаси бизга ўз исмини айтишга ҳам қўрқиб, “шунчаки она…” деб ёзинг дейди…
Бу оилада энди биттагина эркак қолди. Бу оиланинг бошлиғи – ҳалок бўлганларнинг отаси…
У 59 ёшда. Таксистлик қилади. Ўша куни ҳам эрта тонгдан пул ишлаш учун уйдан чиқиб кетган эди. Оилада жами тўққиз жон бор. Энди уларни боқиш ёлғиз ота зиммасида…
Улар ўзларини суратга олишга рухсат беришмайди, қўрқишади – “Ҳали яшашимиз керак”…
Моргда негадир ўлганларнинг паспортларини олиб қолишган…
Ўн тўртинчи ҳикоя
Раҳматилло, 1974 йилда туғилган.
Мункиллаб қолган оппоқ соқолли шўрлик ота гапиради: “Ўғлимдан беш фарзанд етим бўлиб қолди – икки қиз ва уч ўғил… Хотини ҳам ишламайди. Оиламизда илгари тўққиз жон эдик, энди саккизта қолдик. Энди фақат менинг пенсиямни кутамиз, холос. У ҳам етмайди. Илгари ўғлим ишлаб топган пулга пенсиямни ҳам қўшиб бир амаллаб яшаётгандик… Энди қандай кун кечирамиз, худо билади…
Унинг характери юмшоқ, очиқ кўнгил, оғир йигит эди. Яқинда бир ўғил кўрганди…
Воқеалар бошланганда у уйда эди. Қачон ва қандай уйдан чиқиб кетганини билмай қолдик.( Уларнинг эшиги алоҳида) Унинг ҳеч қандай қуроли йўқ эди. Уруш бошланганини эшитиб ташқарига чиқдим. Уни излаб тополмадим. Тирикларни клиник касалхонага олиб боришганларини эшитиб ўша ёққа бордим, тополмадим. Реанимацияда экан. Тўрт кун ўтиб, оламдан ўтди…
Уни бир маротабагина кириб кўрдим, холос, сўнг қўйишмади…. Ўқ мана бу ерига теккан экан (қошини кўрсатади) уни олишолмадилар… Оёқларига ҳам ўқ теккан экан…
Қўшни оғир хўрсиниб қўшимча қилади: “Қанчадан қанча йигитлар ҳалок бўлиб қанча келинлар тул бўлиб қолди…
Унинг моргдаги рақами – 378 экан. Аниқроғи – ўлими ҳақидаги ҳужжатда. Рақамни эса моргда унинг оёғига оддий қалам билан ёзиб қўйишибди, номардлар…
Унинг онаси – Нилуфархон, 1947 йилда туғилган. Унинг айтишича ҳалок бўлган ўғлидан ташқари унинг яна икки нафар қизи ҳам йўқолган. Ҳозиргача уларнинг қаердалиги номаълум…Бирининг учта, бошқасининг бешта боласи бор. Уларнинг эрлари ҳам йўқ. қаердалигини ҳеч ким билмайди…
Ғойиб бўлган қизлари ўз оилалари билан улардан алоҳида – Боғишамол атрофида яшашарди. Бир ҳовлида туришарди – чунки эгиз ака-укаларга турмушга чиқишган эдилар. 13 май куни улар бозорга бориб қайтиб келишмаган. Улар ғойиб бўлишди ва бу ҳақда ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Бугун уларнинг етим қолган бир тўда болалари – жами ўн уч нафар, кексалар қарамоғимда… Уларни қандай боқишни улар хаёлларига ҳам келтиришолмайди…
Ўн бешинчи ҳикоя
Акрамжон, 1977 йилда туғилган.
Менинг қўлимда 2005 йилнинг 14 май куни Б.Акрамжон номига ёзилган, 284 рақамли “ўлимни қайд этиш хақидаги” шаҳодатнома. Хужжат рус тилида ёзилган бўлиб, унинг 9 бандида шундай савол битилган: “Ўлим қачон юз берди?” “Жавоблар: 1. касалхонада. 2. уйда. 3. бошқа жойда”. Худди шу ерда ручка билан “Кўчадан олиб келинди”, деб ёзиб қўйилган…
Кейинги бандида “Ўлимга олиб келган сабаблар” кўрсатилиши лозим. Бу ерда эса яна ручка билан “Кўкрак ва қорнига ўқ тегиши оқибатида ҳалок бўлган” деб ёзиб қўйилган… Ва ҳужжат сўнггида: “Мен, врач Зухриддинова С.Н.” деб имзо чекилган…
Акрамжон оилада учинчи фарзанд эди. У уйда пояфзал тикиш билан тирикчилик қилар, ўзининг дўконида тиккан бежирим оёқ кийимларини сотиш билан рўзғор тебратарди… Унинг уч нафар фарзанди етим бўлиб қолди. Марҳумнинг уйида бўлганимизда хоналарнинг бирида тартиб билан тахлаб қўйилган сифатли ва бежирим пояфзалларга кўзимиз тушди.
Уларни Акрамжон қандай тахлаб қўйган бўлса ҳозир ҳам ўшандай тартиб билан тахланганча турибди… Бугун Андижонда бундай оёқ кийимлари жуда харидоргир. Унинг оиласи Маҳфура математика ўқитувчиси, 28 ёшда. Унинг учта боласи, эри ўлгач, етим бўлиб қолди – каттаси олти ёшда, кенжаси олти ойлик…
Акрамжоннинг касалманд онаси йиғлаб ҳикоя қилади: “Отаси ўттиз беш йил депода меҳнат қилди – темирйўлчи эди. Икки ўғлимизни бир йил муқаддам “Акромийлик”да айблаб ҳибсга олишган эди. (Ўша 23 “Акромийлар” қаторида). Бугун уларнинг қаердалигини ҳеч ким билмайди. Кеча бир гуруҳ ҳарбийлар келиб отасидан “ўғлинг қаерда?” деб сўрашди. Биз билмасак, уларнинг қаердалигини. Энди отасини ҳам олиб кетишди, қаерга – номаълум…”
Мархум Акрамжоннинг онаизори: “Бир оиладан, мана, уч киши энди йўқ. Бу ноҳақликка қандай чидай? Уларни террорчи дейишяпди. Менинг пашшага ҳам озор бермайдиган ўғилларимни “террорчи” деб аташмоқда. Қани ҳақиқат, эй, мусулмонлар! Ҳалол ва ўқимишли, иймон-эътиқодли болаларимни “душман” деб эълон қилишди. Шуми – демократия, шуми мустақиллик?
Қўшни: “Улар бутун оиласи билан тижорат қилишарди, фақат тижорат. Андижоннинг тенг ярмини арзон ва сифатли пояфзал билан шулар таъминлашарди. Уларнинг айби шу эди, холос…
“Акромийлик”да айбланганлардан бирининг оиласи, 30 ёшда: “Бизни бутун суд давомида судга қўйишмади. Ҳатто болаларимни ҳам, улар бир йил давомида оталарини бир маротаба ҳам кўришолмади…
Онаизор: “Шўрлик болаларимга бутун суд давомида бир оғиз ҳам гапиришга рухсат беришмади. Улар фақат жим ўтиришди, холос…
Қўшни: “”Чўлпон” да ўлдирилган аёллар ва болаларни қаергадир олиб кетиб кўмиб ташлашди. Ҳамма буни билади. Лекин қаердалигини ҳеч ким айтмаяпди…
Онаизор: “Катта ўғлим турмада йил давомида касал бўлди. Унга ёрдам кўрсатиш нарёғда турсин, умуман врачни ҳам олдига қўйишмади…
Қўшни: “Улар бева-бечораларга, муҳтожларга ёрдам беришарди. Ҳато бир ўрис кўчада ўлиб қолганида, ўз ҳисобларидан дафн этишган эди…
Мен улардан: “Нима деб ўйлайсизлар, нима учун уларни ҳибсга олишди” деб сўрайман.
Қариндошлар: “Терговда уларга фақат “Сизларга ким пул юборяпди” деб сўрашаркан…
Улар катта ўғиллари ҳибсда бир йил, кичкинаси 9 ой бўлганини эслатиб ўтишди…
Қариндошлар: “Улар “Биз айбдор эмасмиз, биз тижоратчи бизнесменлармиз, холос” деб жавоб беришди… 10 майда улардан уч нафарини озод қиламиз дейишган эди, лекин ҳеч кимни қўйиб юборишмади…

 

Ўн олтинчи ҳикоя
Шерзод, 20 ёш…
…У умумий коридори балконга бориб тақалувчи ётоқхона типидаги тўрт қаватли мўжазгина уйда яшарди. Шунга ўхшаш уйларни совет даврида йирик корхоналарнинг ишчиларига беришарди. Қўшниларнинг ёрдамида марҳумнинг уйини топиб бордик. Агар ҳалок бўлмаганида 12 август куни Шерзод 21 ёшга тўлар эди…
Унинг онаси ҳикоя қилади: «Сизлар билан гаплашганимиз учун бизларни ҳам йўқ қилишмасмикин? Ахир менинг яна учта болам бор…»
«Мен умр бўйи заводда меҳнат қилдим. Лекин болаларим қаровсиз қолмасин деб, ишни ташлаб, бўш вақтларимда савдо-сотиқ билан шуғулландим. (Оилада эркак йўқлиги боис тўртта болани ҳам унинг бир ўзи оёққа қўйган…) Шерзод мактабда ўқирди, саккизинчини битирган. қаёққа ҳам ўқишга борарди, бизлар камбағал бўлсак…
Марҳум ўғлининг суратларини кўрсатаркан, онаизор беихтиёр уввос солиб йиғлай бошлади…»Суратларга тушган ўғлим-а, дўстлари билан тушган ўғлим-а, онасини куйдириб кетган ўғлим-а…»
«Менинг бошқа ўғлим ҳали ишда. У кенжатойим билан пойафзал тикишади. Шахсий фирма очиб олишган. Кенжам акасига мактабдан сўнг ёрдамлашади. Шерзодим шофёрликка ишқивоз эди, лекин ўқиёлмади ва вақтинча Тахта бозорда ишлаб юрганди…
Эрта тонгда отишмадан уйғониб кетдик. Мен болаларимни ҳеч қаёққа чиқмасликларини илтимос қилдим. Лекин кап-катта болаларни боғлаб олиб ўтириб бўлмайди-ку! Шерзодим уйда музика эшитиб ўтирган эди. У музикага – санъатга жуда ишқибоз эди. Куй-қўшиқлар ёзилган дисклари жуда кўп эди…
Мен кўчага чиқиб кетганимда у уйда қолган эди. Бу – 13 майнинг кундуз соат уч-тўртлари атрофида эди. Уйга қайтиб кирганимда калит жойига осиқлик турарди… Мен уни ўртоқлари билан музика эшитиб ўтиргандир деб ўйлабман. Биз уни тун бўйи кутиб чиқдик, лекин ундан дарак бўлмади. Шундай бўлишини ким ўйлабди дейсиз. Эрталабдан уни излай бошладик.
Бир кун ўтиб моргдан топдик… Якшанба куни «Таваккал бува» қабристонида дафн этдик… Ўлими хақидаги қоғозни қабристонда қўлимиздан олишди. У бошидан ўқ еган эди… Моргда холодилниклар йўқлиги боис марҳумлар ерда қатор ётишар эди – жами 350 нафар… Улар ҳидланмаслиги учун ичак-чавоқлари ажратиб олинган эди…»
«Ўғлим қизил курткада эди. Чошгоҳ маҳал отишма бошланганда ўғлим ўртоқлари билан ерга ётиб олишган. «Каллангни кўтарма!» деб бир-бирларини огоҳлантиришган. Бир оз ўтиб отишма тўхтагандан сўнг «Шерзод! Шерзод!» деб чақиришса ҳам у бош кўтармаган… Унинг ўртоғи елкасидан ўқ еган экан, «горотдел» га олиб бориб роса қийнашибди: «Нега кўчада юрган эдинг, сен ҳам экстримистсан, энди қамаласан» деб… Моргдан Шерзодимни олиб келишга борган ўғлим кўрибди, ўликларнинг ҳаммаси пешонасидан бир текис ўқ еган… (Моҳирона отилган – махсус тайёргарликдан ўтган ҳарбийлар иши – изоҳ авторники)
Марҳумнинг онаси ҳикоя қилишича унинг катта қизи эри билан Россияда ишлашар экан. «У ҳали укасининг ҳалок бўлганини билмайди. Ўша куни телевизордан кўриб телефон қилган эди: «Тинчмисизлар?» деб… Укаси ўлганини унга айтолмадик… Агар айтсак, келиши керак, бунга ҳам пул кетади. Ўлган ўлди – уни энди қайтариб бўлмайди…
«Чўлпон» проспектида эртаниси тонгда аёлларнинг оёқ кийимлари сочилиб ётарди, лекин ўзлари йўқ. Отилган болалар ва аёлларни «Камаз»ларда қаёққадир ташиб кетишди…»
Мен ундан «Боғишамол» ҳақида нима дея оласиз?» деб сўрайман. Уйда суҳбатимизни тинглаб ўтирган онанинг кенжа ўғли ўзбек тилида «Айтманг, онажан, бизни тинч қўйишмайди…» деб шивирлайди…
Суҳбатда иштирок этаётган бошқа бир киши менинг саволимга жавобан: «Чўлпон»дан болалар ва аёлларни «Камаз»ларда ташиб бўлишгандан сўнг, ҳайдовчиларни ҳам гум қилишди» дейди…
Ўн еттинчи ҳикоя
Рустам, 29 ёш…
У «Чўлпон» кинотеатри атрофида истиқомат қилар, бозорда савдо билан шуғулланарди. Унинг учта боласи етим қолди – ҳаммаси қиз – каттаси эндигина саккиз ёшда. Рафиқаси Лола -ҳомиладор… Кеча унинг йиғлашини кўрсангиз эди… 13 май соат 19.40 да унинг эрини касалхонага олиб келишган. 21.30 да эса у вафот этган – бошидан ўқ еган экан…
Унинг акаси ҳикоя қилади: «Биз касалхонада унинг кийимларини кўрсатишларини сўрадик. Ўн кун излаб, охири кийимларидан топиб олдик шўрлик укамни…
«Агар ҳозир Моргга борсангиз, у ердаги деворда турли хил даҳшатли расмларни кўришингиз мумкин. Ҳатто бошининг ярмини ўқ олиб кетган – биттагина кўзи қолган расмлар ҳам бор…»
«Биз ҳамма қатори яшашни орзу қилгандик, холос…»
«Боғи-шамолдагилар айтишича, бошсиз жасадларни битта гўрга тиқишган. «Нефтпром» томонда… У ерда шаҳар «свалка»си – мусурхона жойлашган… Одамлар шунақа дейишяпди…»
…Моргда марҳумларнинг фотосуратлари илиб қўйилган – кеча камида қирқ сурат кўрдик ( Бу – ҳали шахси аниқланмаган марҳумларнинг расмлари). Тахминан 8Х12 хажмли суратлар… Суратда унинг лабларида нимадандир кўкарган из қолган, уни ҳам бошқа шахси аниқланмаганлар билан бирга аллақачон «Боғишамол» га кўмишган экан. Ҳар бир қабрда иккитадан, ораларини шифер ажратиб тураркан… Шўрлик укам бир кун касалхонада, уч кун Моргда турган, бир оз ўзгарган – боши негадир шишиб кетган. Аввал биз уни таниёлмадик…
13 май куни тахминан 18.30 ларда ола-тасир бошланганда ҳамма қатори у ҳам ташқарига чиққанди. Шу-шу уни қайтиб кўрмадик… Фақат илтимос, бизлар билан гаплашганларингизни биров билмасин. Агар Сиз билан мулоқот қилганимизни билишса бизни ўша заҳотиёқ СНБ га олиб кетишади. Бизни бу ҳақда огоҳлантиришди ҳам. Укам террорчи эди деб айтишга мажбур қилишяпди…»
Суҳбатга яна бир неча киши қўшилди. Булар марҳумнинг яқинлари – қариндош-уруғлари. Жуда секин, деярли шивирлаб гаплашамиз. Ҳамма асабий ҳолатда. Хонанинг энг тўрига ўтилгач, эркаклар бир оз ўзларини тутиб олишди…
Қўшни: «Менинг ён қўшнимни кўчада куппа-кундуз куни отиб ташлашди: икки жойидан ўқ еб, касалхонада оламдан ўтди… Ҳозир унинг ўлиги ҳам йўқ, қаердалигини ҳеч ким билмайди, қидирмаган жойимиз қолмади… У касалхонада ўлим билан олишиб ётганида ёнига ҳеч кимни қўйишмаган…
Суҳбатга бошқа эркаклар ҳам қўшила бошлади: «Улар асфалът йўлда тахминан 30 нафар ўликни қолдириб, қолганларини гумдон қилишди. «Бор-йўғи шунча одам ўлди, холос»- дейиш учун… Бошқа ўликларни қаерга олиб кетишганларини ҳеч ким билмайди…
«Мен ўзим ўз кўзим билан икки «ЗИЛ» ва бир «КаМаз» машиналарини кўрдим. Бу машиналарда тахминан тонги 4.20 ларда ўликларни олиб кетишди. Бунга қадар кеч соат 11.ОО ларда эса бошқа ўликларни «Отойил» автобусига ҳам жойлашган эди. Кейин «КаМаз» ва «Зил»ларга ортишди. Солдатлар жуда тез ишлашди… Одамлар ёрдам қилишмоқчийди, лекин уларни қўйишмади…»
«Мен Моргда «420″ рақамгача санадим. Фақат буни мен айтганимни ҳеч кимга айтманг…»
Ўн саккизинчи ҳикоя
Комил, 28 ёш…
У «Чўлпон» кинотеатри ёнидаги маҳаллада яшар эди. Унинг қариндош-уруғлари, қўшнилари ҳикоя қилишади:
«У ҳамма қатори оддий ва самимий одам эди. Фақат ҳеч қаерда ишламасди. Ўзингиз биласиз, бизда энг катта муаммо – бу иш муаммоси. Унинг иккита акаси Россияга иш излаб кетишган. Улар оилада – ўн нафар фарзанд эдилар. Энди икки ўғил ва олти қиз қолишди. Бундан тўрт йиллар муқаддам мана шу укаси ҳалок бўлган жойда (кинотеатр ёнида) акасини машина уриб кетган эди…
Умуман бу ерлар хосиятсиз жой. Илгари бу ерда эски қабристон бўлган дейишади. Ҳа, бугун одамларни отиб ташлашган «Чўлпон» проспектида муқаддам қабристон бўлган. Балким шунинг учунми, билмадик, бу ерда деярли ҳар куни авария ё бир фожеа рўй беряпди… (камида ҳафтада икки марта) «қабристон маҳалласи» номли бу мозор жуда катта бўлган дейишади. Бундан қирқ йиллар муқаддам уни ёпишган. Қабрларни кўчириш ўрнига устидан асфалът ёпиб кўмиб юборишган…»
Комилнинг ҳалок бўлиш тарихи шундай: «У яраланган дўстига ёрдамлашиб уйига олиб бораётганида дарвозаси олдида ҳарбийлар иккаласини ҳам отиб ўлдиришган… Ҳа, солдатлар маҳаллама-маҳалла юриб, дарвозаси олдида турган одамларни ҳам отиб ўлдиришди…»
«Фарғонадан махсус ҳарбий қисмлар келиб қирғин-барот қилишди. Шахсан Президентнинг «БАРС» номли махсус хизмат қўшинлари…» Бу ҳақда бутун шаҳар гапирмоқда. Баъзиларнинг айтишича у ерда десантчилар полки жойлашган. Бошқаларга кўра халқни отган аскарлар Тошкентдан махсус самолетларда шошилинч олиб келинган. Фарғонадан келган полк эса фақат йўлларда тартиб ўрнатган дейишмоқда. Нима бўлганда ҳам Президент ўз халқини ўққа тутди. Буни ҳеч ким унутмаслиги керак!»
«Барча ярадорларни отиб ўлдиришган, ҳаммасининг пешонасида моҳирона отилган ўқ изи бор…»
«Айтишларича одамларни отиш машқини олган солдатлар болалар уйида тарбия топган, ота-онасиз вояга етган бағри тош ва бераҳм, беқалб жаллодлардан ташкил топган. Уларга икки яшик ароқ бериб «жанг»га йўллашган… Ман ҳатто қушни отишга ҳайиқаман, улар бўлса одамларни бемалол отишди… Бир одам уларга қарата «ёрдам беринглар» деб қичқирган эди, улар ёрдам бериш ўрнига бориб уни хотиржам отиб ўлдиришди…»
«Одамларни отиб йўқ қилишгандан сўнг махсус хизмат вакиллари жўнаб кетишди. Уларнинг ўрнига мана бу солдатлар келишди. (БТР да тиржайиб турган беҳаё солдатларни кўрсатади у). Бизга ўқ узганлар – ҳайвон ва махлуқлардан бошқа нарса эмас эди…»
«Махсус хизмат қўшинлари – Фарғонадан келишди. Болалар уйида вояга етганларда иймон нима қилсин. Уларда виждон бўлмайди…»
«Бизнинг Андижонда автомашиналар рақами «17″, Фарғонада эса «15″. Мен кўрган ҳарбийлар минган «Виллис» ва «Урал» машиналарининг рақами «15″ эди…»
«Мен Моргда кўрган 1,2,3,4 рақамли суратлардан сўнг бирдан 220 ва 370 рақамлари бошланган. Демак шунча шахси аниқланган ўликлар олиб кетилган. Аниқланмаганлари қолган…»
«Биз фақат яхши ва тинч яшашни истаймиз холос. Лекин энди нима бўлади? Мен ўз яқинларимни йўқотдим, улар отиб ўлдирилди. Мен ҳам ҳаққимни талаб қилиб майдонга чиқсам, мени ҳам отишади. Қирғизистонда Президент халқни отишга буйруқ бермади. Холбуки улар инқилоб қилмоқчи эди. Биз ўз оддий хуқуқларимизни талаб қилиб чиқсак – отишди… Бизнинг Президент «Давай, халқни от!» деб буйруқ берди, номард!»…
«Бизинг Президент – қанжиқ! Уни суд қилиш керак! Агар бизнинг сиз билан гаплашганимизни билишса, қанжиқнинг СНБ ва милицияси сизни отиб ўлдиради…»
«Бу ерда ҳамма бир-биридан қўрқиб қолган. Масалан СНБ менга таниш бўлиб, мени олиб кетмаса,( мен унинг дўсти ёки қариндоши бўлишим мумкин) унинг ўзини олиб кетишади…»
«Одамлар жуда ночор ҳаёт кечиришади, камбағалчилик. Масалан менинг уйимнинг томи тешик, ямолмайман. Қўлим калталик қилади шифер сотиб олишга… Бир дона шифер – 5000 сўм. (5 доллар)… Бир халта ун олсак, ялаб кун кечирамиз… Россияда одамлар яхши яшашяпди-ку! Нега бизда аҳвол унақа? Бунинг устига Каримов телевизордан чиқиб – қаранг, қандай яхши яшаяпмиз дейди уялмай…»
Эркаклардан бирининг айтишича, унинг бир таниши Моргда ўликлар рўйхати сақланаётган ҳужжатда «700″ рақамини кўриб даҳшатга тушган. Биз бу киши билан кўришмоқни истаб, уни сўроқлаймиз. Унинг номини сир сақлашга, унга зиён етказмасликка ваъда қиламиз. Ҳамсуҳбатимиз бир оз тараддудланади, атрофдагиларга термулади. Афтидан ким хақида гап кетаётганини улар яхши билишади. «Йўқ, у сизларга буни айтишга қўрқади… Бекорга овора бўласизлар. Гувоҳлик бераётган қанчадан қанча одамларни олиб кетишяпди…»
Ўн тўққизинчи ҳикоя
Иброҳим Мансуров. 10 апрел куни 60 ёшга тўлган эди…
Унинг жияни Илҳом Мамадиев ҳикоя қилади: «У «Тез ёрдам» машинасида шофёрлик қиларди. Иш вақтида ҳалок бўлди. 13 май куни. Бу воқеа Андижон Давлат Университети яқинида содир бўлган. Машинани ўққа тутишганда амаким билан бирга врач, медбрат ҳам ҳалок бўлишган. Оқибатда бемор ҳам вафот этган. Йўқ, у аскарлар ўқидан эмас, балки манзилга вақтида етказилмагани учун вафот этган. У ярадорлардан эмас эди, «тез ёрдам»га муҳтож бўлган оддий бемор…
Унинг олти фарзанди етим қолди. Энг кичиги ҳали уйланмаган. Унинг қачон ҳалок бўлганини аниқ билмаймиз. Лекин айтишларича аскарлар уларни ўққа тутишганда ҳали қўзғолончилиар ҳокимият биносини тарк этишмаган экан… Уларнинг машинаси аскарлар блок постига тахминан 30 метрлар етмаган холос. Даб-дурустдан ўққа тутилган…
Ўнг кўзининг остидан ўқ тешиб ўтган. Лекин орқа томонида ҳеч нарса қолмаган, ўпириб кетган… Ўлим ҳақида берилган справкада регистрация номери қайд этилмаган…
«Онаси ҳали бехабар. Узоққа сафарга кетган деб турибмиз. Онаси жуда кекса – 1918 йилда туғилган – эшитса кўтаролмай қолиши мумкин…»
Жияни: «Уни кўмишга ҳам жуда қийналдик – ҳамма ёғи қип-қизил қон, остига икки-уч нафар матрас тўшасак ҳам қон тўхтамасди. Охири селофанга солиб, кейин матога ўраб дафн қилдик. Ҳамма ёғи аскарлар ўқидан илма-тешик бўлиб кетган эди…
Йигирманчи ҳикоя
Собит, 30 ёш.
3 май куни ҳалок бўлган. Биз билан ҳадиксираб гаплашган чол унинг отаси эди. У биз билан гаплашишга шу қадар қўрқар эдики, тезроқ кетишимизни истаётгани шундоққина билиниб турарди.
«Биз уни майдон яқинидаги жойдан топдик. Аниқроғи бизга топиб беришди. Кейин дафн қилдик. Бошқа ҳеч нарса айтолмайман. Мени тинч қўйинглар. Бўлган иш бўлди. ўлганлар тирилмайди энди…» Ўғлим жуда яхши йигит эди. Пояфзал тикарди, қўли гул эди. Бошқа нима ҳам дейишим мумкин… Кошки қайтиб келса…»

Андижон 2015

“Фергана.РУ” ахборот агентлиги
Рус тилидан Исмат Хушев таржимаси
(Давоми бор)
Leave a Reply
*