Menu
Categories
БАҲОДИР ЧОРИЕВ: 2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ
05/19/2016 Муҳокама учун мавзу
Етса Молим, етмаса Жоним
фидо бўлсин Халқим учун!
Баҳодир Чориев оқ шарф билан
БАҲОДИР ЧОРИЕВ
2015 ЙИЛ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ
Ўзбекистон Конституцияси ва қонун­ларини оёқ ости қилиб, 25 йилдан буён мамлакатни яккаҳокимлик, зўравонлик, адолатсизлик билан бошқараётган Ис­лом Каримов сиёсий соҳаларда етарли ислоҳотларни олиб бормади. Асли коммунистик партия махсули бўлган Каримов тилида демократия деб, дилида эса коммунистик бошқарув услубларига содиқ қолди, халқни алдаб, зулм ва қатағон сиёсати ўтказиб келди. Оқибатда Ўзбекистон халқи бугун ҳар соҳада таназзулга учради. Мамлакат муаммолар гирдобида қолди.
 
Биз эса, диктатор Каримовдан фарқли ўлароқ, жонажон мамлакатимизда барча соҳада адолат ва қонун устиворлигини ўрнатамиз. Матбуот, сўз ва эъ­тиқод эркинлиги, инсонларнинг барча ҳуқуқлари Конституция тарафидан тўла кафолатланишига ва амал қилинишига ва Демократияни мамлакатда тўлиқ йўлга қўйишга эришамиз.
 
АСОСИЙ МАҚСАДЛАРИМИЗ:
  • ДАВЛАТ ПРЕЗИДЕНТ ЯККАҲОКИМЛИГИДАН ЧИҚАРИЛИБ, ПАРЛАМЕНТ БОШҚАРУВИГА ЎТАДИ;
  • МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ ПРЕЗИДЕНТ ИХТИЁРИДАН ЧИҚАРИЛАДИ ВА ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИГА ЎТКАЗИЛАДИ;
  • ҚЎШНИ ДАВЛАТЛАР БИЛАН ЎЗАРО МАСАЛАЛАР ФАҚАТ МУЛОҚОТ ВА МУЗОКАРАЛАР ЙЎЛИ БИЛАН ҲАЛ ЭТИЛАДИ;
  • ЕРГА ЭГАЛИК БАРЧАГА ТЕНГ ТАҚСИМЛАНАДИ ВА БИР УМРГА БЕРИЛАДИ;
  • «СЎМ» БЕКОР ҚИЛИНАДИ ВА ЯНГИ ВАЛЮТА АМАЛГА КИРИТИЛАДИ;
  • ХОРИЖДАГИ ЎЗБЕКЛАР, ДИНИЙ ВА ДУНЁВИЙ МУХОЛИФАТ ВАТАНГА ҚАЙТАДИ;
  • ДУНЁДАГИ ҲАР БИР ЎЗБЕК ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТИ ҲИМОЯСИГА ОЛИНАДИ.

ИЧКИ СИЁСАТДА
 
Парламент бошқарувига ўтилади
Ўзбекистонда Конституция, қонунлар ва  адолат устиворлигини ўрнатамиз. Давлат тизимини Президент бошқарувидан, Парламент бошқарувига ўтказамиз. Мамлакатда барча туман, шаҳар ва вилоят ҳокимлари сайланишини йўлга қўямиз.
Ички Ишлар Вазирлигида тубдан ислоҳот ўтказамиз, Милиция номи Полицияга ўзгартирилади, ҳамда “Полиция ҳақида қонун”нинг қабул қилинишига эришилади.
Диний ва сиёсий жиноятлар билан жавобгарликка тортилган фуқароларнинг ишларини қайта кўриб чиқилиши, ва ноҳақ қамалган фуқароларнинг барчасини тамоман оқланади, озодликка чиқарилади ва уларга компенсация тўланади. Фуқароларни ноҳақ қамаш, қийноққа солиш ёки ўлдиришда айбдор ИИВ  ходимларини халқ ва қонун олдида жиноий жавобгарликка тортилади.
МХХ Президент ихтиёридан чиқарилади
 
МХХни шахсан Президентга бўйсунишдан чиқариб, Парламен назоратига ўтказамиз. «МХХ ҳақида Қонун» қабул қиламиз, МХХ фаолиятини тўлиқ қонун доирасида бўлишига эришамиз. Фуқароларни ноҳақ қамаш, қийноққа солиш ёки ўлдиришда айбдор МХХ ходимларини халқ ва қонун олдида жиноий жавобгарликка тортилади.
МХХ ва ИИБ жиноятларига шерик бўлган айғоқчилар рўйхати эълон қилинади. МХХга ёлланган шахслар ва уларнинг фитналарига доир махфий архивларни очилади ва матбуотда чоп этилади. Бу чоралар, жумладан, Суд ва Прокуратура органларининг ходимлари ва фаолиятига ҳам тааллуқлидир.
 
Хориждаги ўзбеклар ватанга қайтиши ва ҳокимиятга келишига замин ҳозирланади
 
Каримовнинг қатағон сиёсати сабабли Ўзбекистондан хижрат этган мухолифат вакилларининг ватанимизга қайтишлари учун ҳуқуқий замин яратилади. Уларга қарши очилган сохта жиноят ва қидирув ишлари бекор қилинади. Уларнинг Ўзбекистон ижтимоий ва сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишлари учун шароитлар таъминланади.
Диний жамоалар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш зарур. Каримов режими улар билан мулоқот ва музокара олиб бориш, уларни қонунлар доирасидаги, легал фаолиятга йўллаш ўрнига, қатағон ва босимлар йўлини танлади. Бугун диний таълим олгани учун Ўзбекистон фуқаролари сайланиш ҳаққидан ҳам маҳрум этилгандир. Ваҳоланки мусулмонлар аҳолининг 95% ни ташкил этади.
Биз ҳокимиятга келгач, диндорларнинг сайланиш ва барча конституциявий ҳуқуқлари таъминланади. Уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаолияти қонунлар доирасида белгиланади. Диний асосларга таянган ташкилот ва сиёсий партиялар тузиш, улар номидан сайловларда қатнашиш ва ҳатто ҳокимиятга келиш мумкин бўлади. Ҳокимиятга келадиган партия ва ташкилотлар, аҳолининг аксарият кўпчилигининг қўлловига эришган ва умумхалқ сайловларида ғолиб чиққан бўлиши керак.
Меҳнат муҳожирларининг ҳақлари давлат ҳимоясига олинади
Хориждан иш излаб кетган ўзбекларнинг (Меҳнат муҳожирларининг) умумий сони, турли ҳисобларга кўра 8-10 миллионни ташкил этади (биргина Россияда 2.2 млн.), бу миллионлар — ўзбек халқининг ишга яроқли қатламидир. Ўзбекистон давлати хориждаги бу миллионларни ҳуқуқий, тиббий ёки бошқа турда ҳимоя қилаётгани билинмайди. Ваҳоланки хориждаги ўзбекларнинг йиллик пул жўнатмалари сўнгги пайтлар йилига 5-7 миллиард доллар бўлган, бу ялпи ички махсулотининг 10% демакдир.
Биз ҳокимиятга келгач, дунёдаги ўзбекларнинг барчасини давлат ҳимоясига оламиз. Яқин ва узоқ хориждаги катта шаҳарларда Ўзбекистон консулликлари очамиз, ва Ўзбекистон фуқароларининг барча ҳуқуқий муаммоларини қулай ва тез суръатда ҳал этиш учун барча шароитлар яратилади. Паспортларни янгилаш ва йўқолган ҳужжатларни тиклаш ўша консулликларнинг ўзида амалга оширилади.
Ҳарбий хизмат профессионал ва контракт асосида бўлади
Ҳарбий хизматни тўла контракт хизматига ўтказамиз. Армияда профессионаллар хизматини йўлга қўямиз. Армияни бугунги дунё тажрибасидаги «Миллий Гвардия» тарзида қайта тузиш ва битим асосида шакллантирамиз. Яъни 20-26 ёш йигитларнинг барчаси, йилига икки ойдан, жаъми олти йил ичида бир йил мажбурий ҳарбий хизматни ўташлари керак бўлади.
Бу сиёсий ислоҳотлардан кўзланган мақсад – Ўзбекистонни сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, илмий, технологик ва маънавий бўхрондан олиб чиқишдир. Буларни амалга ошириш билан мамлакатмизни жадал суръатлар билан ривожланиш сари бошлайди.
ТАШҚИ СИЁСАТДА
 
Мамлакатдаги сиёсий ҳокимиятни узурпация қилиб олган Ислам Каримов узоқни кўра билмаслиги, фақат ўзини жуда катта чоғлаб, қўшни давлатларнинг раҳбарларини менсимасдан, улар билан алоқаларни яхшилаш ўрнига, доим адоват ва низолар, ўзаро чегараларнинг ёпилиши, виза тартиби жорий қилиниши, чегара ҳудудларини миналаш, Ўзбекистоннинг ўзини ҳам бугунги кунда ўта қийин сиёсий, иқтисодий аҳволга олиб келди.
Ўзбекистон бугунги кунда дунёдаги энг ёпиқ давлатларнинг бири ҳисобланади. Ўзбекистон географик жойлашуви жиҳатидан дунёдаги 33 анклав давлатлар рўйхатига киради. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон қўшни давлатлар билан чегараларни очиши, турли соҳаларда улар билан интеграцияга киршиши шарт эди. Афсус ҳозиргача Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ҳам жуда абгор ҳолатда.
Биз, аввалом бор қўшни давлатлар билан ҳар томонлама интеграцияга киришамиз, ўзаро сиёсий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга эришамиз.
Минтақавий масалаларни ўзимиз ҳал этамиз
 
Қўшни давлатлар билан чегараларни очиш, барча соҳада қўшнилар билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўямиз. Роғун ва Қамбар-Ата ГЭСларининг қурилишини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаймиз ҳамда ушбу корхоналарни ўзаро иқтисодий манфаатда ишлатамиз. Афғонистоннинг янги хукумати билан ўзаро манфаатли муносабатлар ўрнатамиз.
Халқаро ҳамжамият билан сиёсий ва иқтисодий алоқалар ҳамда кўп векторли сиёсатни йўлга қўямиз. Дунё ҳамжамияти олдида қабул қилган мажбуриятлар ва имзолаган барча ҳужжатларга тўлиқ риоя қилинишига эришамиз.
Биз барча давлатлар билан кўп векторли сиёсатни йўлга қўямиз, энг аввало қўшни давлатлар билан тенг манфаатли алоқаларни йўлга қўямиз.
 
ИҚТИСОДИЙ СОҲАДА
Асли советча режалажтириш бўйича иқтисод соҳасида ўқиган диктатор Ислом Каримов мамлакатимиз Ўзбекистон иқтисодини ҳам советча режалаштириш орқали бошқариб келмоқда. Унинг билимсизлиги, иқтисодни билмаслиги мамлакатимиз ва халқимизга жуда катта зарарлар келтирди. Совет ҳукуматининг тугаши арафасида Болтиқбўйи давлатлари ўз ихтиёридаги совет пулларидан тезроқ қутулиш мақсадида Совет давлатидан жуда кўп миқдорда метал маҳсулотларини сотиб ола бошлади. Бизнинг ахмоқ диктаторимиз эса, совет пулидан тезроқ қутулиб, ўз пулини тезда муомалага киритиш ўрнига Ўзбекистон давлатининг мустақил пулини ишлаб чиқаришни жуда ортга суриб юборди. Чиқарганда ҳам бошида пул-купон чиқариб халқнинг яна-да иқтисодий қийин аҳволда қолдирди. Аҳоли камбағаллаша бошлади.
Каримов ҳукумати фақат 1994 йилдагина ўз пулини муомалага чиқарди. Бошида 1$ 6 сўм қилиб белгиланган бўлса, бугунги кунда 1 АҚШ доллари 4000 (тўрт минг) сўмдан ошиб кетди. Мамлакатда эркин валюта айирбошлаш йўқ.
Биржаларда деярли савдо-сотиқ ўтказилмайди, биржа савдолари ўтганда ҳам жуда кулгили, кам миқдорда савдо амалиётлари бўлиб ўтади. Конвертацияга йўл очилмаган.
Солиқ ва божхона ставкалари жуда баланд. Мамлакатда электр, газ, сув, йўллар, канализация ва ишлаб чиқариш учун бошқа хомашё таъминотлари жуда катта муаммо бўлиб қолмоқда. Коррупция даражаси жуда баландлаб кетган.
Аҳолининг деярли 70% ишсиз, бошқа давлатларда қийинчилик билан оила боқиш учун юрибди. Совет давридан қолган корхоналарнинг деярли барчаси касодга учраган. Мамлакатда ҳозиргача пахта, ғалла мажбурий режа асосида йиғиштирилади. Халқнинг иқтисодий турмуш даражаси жуда ёмонлашган.
Совет даврида ўртаҳол бўлган ўзбекистонликлар бугунги кунда қашшоқ ва камбағалларга айландилар. Мамлакатда тўлиқ бозор иқтисодиётига ўтилмади.
 
Биз халқимиз,  ўлкамиз ривожига қаратилган улкан лойиҳамизни танлаши, қўллаши асосида, келажакда, мавжуд зўравонлик, порахўрлик, адолатсизлик амалиётига таянган Каримовнинг диктаторлик  режимини ўрнига оммавий мулкдорликка асосланган давлат қурамиз. Чунки фақат мулкдоргина мустақил, ўз ҳаёт йўлини ўзи белгиловчи, мустахкам оила қурувчи етук шахс бўлишини тараққий этган  АҚШ, Канада, Германия, Франция, Англия, Италия, Испания, Япония, Швеция, Швецария, Жанубий Корея, Туркия ва бошқа қатор мамлакатларда кўриб турибмиз.
Бу ҳамма бирданига задогон, бой бўлиб қолади деган гап эмас, лекин ҳар бир оддий ишчи, деҳқон, фермер, хизматчи ўз иш жойига, пулига, уй-жойига, машинасига эга бўлишини барпо этиладиган мулкдорликка асосланган давлатдаги шароит таъминлайди”.  Бу ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон ташқи дунёда бугунги кундай ҳақ-ҳуқуқсиз, ижтимоий ҳимояланмаган меҳнат муҳожирлари ҳолида эмас, аксинча, олий маълумотли, кучли, ўз соҳасини пухта биладиган, давлат ижтимоий ҳимояси ва қонунлар ҳимоясида бўлган малакали ёшларни катта маошлар ҳисобига Ўзбекистондан ташқарида иш топишларига эришамиз.
Ерга эгалик халққа бир умрга берилади
Ҳозир муомаладаги “Сўм”дан бутунлай воз кечиб, янги “Турон” пул бирлигини амалга киритилади. “Турон” валютасини эркин конвертация қилинишига шароит яратилади.
Ерлар тўлиқ хусусийлаштирилади, фуқароларга қимматбаҳо қоғозлар орқали тенг тақсимлаб берилади. Ерга мулкчилик ҳуқуқи бир умрга, тўлиқ фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Давлат буюртмаларига боғлиқ бўлган пахта, ғалла ва пилла етиштириш бутунлай бекор қилинади. Солиқ ва божхона ставкаларини имкон қадар соддалаштирилади ва камайтирилади.
Иқтисодга давлатнинг аралашуви минимумга туширилади.
Янги “Буюк Ипак Йўли” лойиҳамизни бошлаймиз ва тўлиқ амалга оширамиз. Бугунги кунда бутунлай қуриб бораётган Орол денгизини қайта тиклаш, ҳамда Орол атрофи экологиясини яхшилаш, минтақани халқаро сув йўллари билан туташтириш мақсадида Орол денгизини Каспий денгизи ҳамда Сибир дарёлари ўртасида кемалар қатнай оладиган каналлар қурилишини бошлаймиз.
Ташқи дунё билан иқтисодий алоқалар кучайтирилиши лозим. Сармоядорлар ва хусусан чет эл инвесторлари учун қулай шароитлар яратамиз, жумладан, кўп фуқаролик таъминланади. Капитални ҳар қандай чекловлардан озод этамиз.
Мамлакатда замон талабларига жавоб бера оладиган, янги шаҳарлараро йўллар қурамиз. Электр энергияси ишлаб чиқариш, узатиш ва истеъмолчига етиб боришини кафолатлайдиган даражада мазкур соҳани тўлиқ янгилаймиз.
Бу ислоҳотлар натижасида мамлакатдаги қашшоқлик ва камбағалликка бутунлай нуқта қўйилади. Хусусийлашмай қолган корхоналар тўлиқ хусусийлаштирилади.  Ҳар бир инсон, ҳар бир оила МУЛКДОРЛАР сафида бўлади ва ўз мулки, бойлиги, пули, ерига эга бўлиб мамлакат мулкдорлари сонини кўпайтиради.
 
МАОРИФ СОҲАСИДА
Ҳар қандай моддий йўқотишни тиклаш мумкин, аммо маънавий йўқотишни қайта тиклаш осон кечмайди. Афсуски, диктатор Каримов билимли, зиёли, маданиятли, юксак маънавиятли ўзбек хақлини маънавий қашшоққа айлантирди. Бугунги маориф соҳасидаги чуқур инқироз бир неча ўн йиллар бизнинг ривожланишимизни орқага тортиб юборади. Ҳозирги кунда мамлакатда Маориф соҳаси тубдан издан чиқди. Мактаб ва коллежларни битираётган болаларнинг аксарияти билимсиз, маънавий дунё қараши жуда саёз. Мамлакатимизда ҳамма мактаб ва коллеж болалари ҳамон мажбурий дала меҳнатига сафарбар қилиниши Каримов режимининг миллатимизга хиёнати деб баҳолайман.
Давлат бюджетининг тақрибан ярми Маориф соҳасига ажратилади
1 ёшдан мактаб ёшигача бўлган фарзандлар болалар боғчаларида тарбияланади. Бу боғчалардаги таълим ва тиббий хизмат тўлиғича давлат тарафидан молиялаштирилади. Тиббий суғуртаси бўлмаган болалар 18 ёшгача давлат тарафидан суғурталанади.
Ота-оналар учун мактаб таъмири, ёки бошқа тадбирларга пул йиғишига чек қўйилади.
          Мактаб ёшидаги болалар учун замон талабларига кўра янги қурилган ёки замонавий кўринишда таъмирланган ва илмий асосларга таянган мактабларда таълим дастури йўлга қўйилади. Ўқиш эрталаб соат 7-00 дан, кеч соат 17-00 гача давом этади. Мактабда икки маҳал иссиқ овқат, бепул транспорт, кичик ёшдаги мактаб ўқувчилари учун 2 соатлик дам олиш муддати кўзда тутилади. Мактаблар 100% бепул бўлади, болаларнинг мактаб формаси ҳам давлат тарафидан таъминланади. Қолаверса, маориф ходимларининг маошларини кескин ортиши натижасида, уларнинг Мулкдорлар сафига қадам қўйиши учун катта имконият яратилади. Мактаб, ёки бошқа ўқув жойлари, қишлоқ хўжалиги, ҳамда бошқа юмушлардан бутунлай озод қилинади.
Машғулотлар ҳафтада 5 кунлик бўлади
Мактабгача таълим гуруҳлари, бошланғич ва ўрта умумий таълим муассасалари 5 кунлик машғулот  тартибига ўтказилади.
Бугунги глобаллашаётган дунёда ҳар соҳадаги рақобатга дош бериш учун мактаб болалари ёшлигидан ўта пухта билим эгаси бўлиши керак. Улар мактабда икки ёки ундан ортиқ тилни яхши ўзлаштириши, иқтисод, пул, бизнес соҳаларини ҳам етарлича ўрганишлари муҳимдир. Биз мактаб болаларини иқтисодий билимларини ошириш, уларга пулга сиғиниш эмас, пулни зарурий восита эканлигини тушунтириб боришимиз лозим. Бунинг учун биз ҳозирги замон мактабларидаги 5 балли баҳолашдан қисман воз кечамиз.
Ҳар бир мактаб остонасига қадам қўйган бола учун унинг номига ичида $10 пули бўлган алоҳида дебит карта очиб берилади. Бу дебит картада боланинг мактабни битиришигача ҳамма йиққан пуллари тўпланиб боради. Мактабни битиргач, бола ушбу маблағни ўз ихтиёрича сарф қилиши мумкин. Ҳар бир мактаб ўқувчиси билим олишига қараб баҳоланиб борилади ва йилига $50 дан $100 гача баҳо-пул тўплаши мумкин. Болаларни билимини баҳолашда ҳозиргидек 5 балли баҳолаш давом этаверади,  аммо ҳар ойнинг якуни билан ўқувчилар  тўплаган балларининг йиғиндиси маълум бир миқдордаги пулга айлантирилиб,  бу пуллар болаларнинг шахсий ҳисоб рақамига қўйилиб борилади.  Ҳар чорак якуни билан болаларнинг ҳулқи,  одоби, билими яна бир натижаланиб,  уларнинг ҳисоб рақамларига мукофот тарзида алоҳида мукофот пули қўшиб борилади.
Болаларга баҳо сифатида берилаётган пуллар маориф соҳасига ажратилган бюджетдан олинади. Юқори синф ўқувчилари учун мактаб ичида ва атрофида ҳар хил ишлаб чиқариш ва турли пулли хизматларда кунига 2-4 соатдан ишлаш йўлга қўйилади ҳамда уларнинг ишлаб топганлари ўз номларидаги банк ҳисобларига бориб тушади. Болалар ҳар бир касб ва соҳада оз бўлса-да танишиш, меҳнат қилиб кўришларига имкон берилади.
Турли соҳалардаги меҳнат билан таништирилган болалар келажакда ўз соҳаларини мактабнинг ўзидаёқ аниқлаштириб олишларига эътибор қилинади. Мактабнинг битирувчи синф ўқувчиларига мактабда ўз меҳнатлари эвазига ҳалол ишлаб топган пуллари билан дунёдаги ёки Республикамиздаги фонд биржаларининг қимматбаҳо қоғозлар савдо-сотиқларига қатнашишларига рухсат берилади. Улар акцияларни сотиб олишлари, фойдаси билан сотишлари мумкин бўлади.  Бундан муддао шуки, келажакда ҳар бир мактаб ўқувчиси қайси касбни ёки соҳани танлашидан қатъи назар, иқтисод ва бизнес соҳасини, ҳамда мактаб билимларидан ташқари камида иккита чет тилини пухта ўрганиб чиқишларига эришишдир.
Қачон биз мактабларда оммавий равишда шу кўрсаткичларга эришсак, шунда биз маориф соҳасини тўлиқ ислоҳ этдик деб айта оламиз.
Мактабларда жаҳон тилларини,  айниқса инглиз тилини чуқур ўрганишга шароит яратилади. АҚШ ва бошқа ривожланган мамлакатларга кўплаб талабалар жўнатамиз.
Мактаб битирувчиларининг мактаб даврида ўз ҳисобларида йиғилиб қолган пуллари кўпчилик Олий ўқув юртларига тинчлик бермаслиги табиийдир, чунки Олий ўқув юртлари тўлиқ хусусийлаштирилгач, домлалар пора олиб кун кўришни эмас, аксинча билимли, иқтидорли ҳамда ўз ҳисобида кўпроқ пули бўлган мактаб битирувчиларини ўз Олий ўқув юртларида ўқишларини истайдилар.
Албатта, бу йигит-қизлар Олий ўқув юртларини битиришлари ортидан ушбу Олий ўқув юртларининг обрўси яна-да ошади, бу эса Олий ўқув юртига қизиқишнинг ортишига, ушбу Олий ўқув юртининг рейтинги, шу билан пул тўлаб ўқиш баҳосини ҳамда ушбу масканда даромаднинг кескин ошиши натижасида профессор ва домлаларнинг маошларини кескин ошишига туртки бўлади.
Маориф соҳасидаги ислоҳотларимиз мамлакатимиз ёшларини билимли, иқтидорли, маънавий дунёсининг кенг этиб тарбиялайди. Қолаверса мактабларда иқтисодий соҳалардан ҳам дарс берилиши, болаларимизни келажакда Мулкдорлар сафини кўпроқ тўлдиришига хизмат қилади.
Улар келажакда кучли олий уқув юртларида ўқиши, кучли билим эгалари бўлиши ортидан Ватанимиз Ўзбекистонга катта ёрдамлари тегади. Қолаверса Маориф соҳасининг барча ходимлари Мулкдор бўлишига эришиши, уларнинг ҳаётларини фаравонликка  олиб чиқиши табиий ҳолдир.
 
ТИББИЁТ СОҲАСИДА
Тиббиёт соҳаси халқимизнинг энг ташвишли, оғир соҳаси ҳисобланади. Эсласангиз, ўтган асрнинг 80 йиллар охирига қадар Ўзбекистонда бепул ва жуда сифатли тиббиёт тизими йўлга қўйилган эди. Бугун эса диктатор Каримовнинг 25 йиллик бошқаруви ортидан Тиббиёт соҳаси тўлалигича касодга учради. Кучли малакали шифокорлар мамлакатни бутунлай тарк этдилар ёки иш қидириб бошқа давлатларда ишламоқдалар. Соҳага давлат тарафидан етарлича эътибор қаратилмади. Хусусийлаштириш тўлиқ олиб борилмади, қисман хусусийлаштирилган муассасаларнинг нормал фаолиятини амалга оширишга ҳам имконият берилмади. Тиббиёт ходимлари ичида малакасизлик, порахўрлик авж олди.
Бугунги Тиббиёт муассасаларида электр ва газнинг йўқлиги, биноларининг ҳаммаси таъмирга муҳтожлиги, тиббий ходимларнинг маошларини камлиги туфайли соҳани тарк этаётгани, жойларда тиббий асбоб-ускуналар, дори-дармонларнинг етишмаслиги соҳани касодга учраганлигидан далолатдир. Соҳа тўлиқ ислоҳотга муҳтож!
Тиббиёт соҳасини тўлиқ хусусийлаштирилади
Биз Тиббиёт соҳаси тўлиқ хусусийлаштирилиши тарафдоримиз. Бу соҳани қўллаш, хусусийлаштириш жараёнларини қонун доирасида олиб бориш, соҳага давлат эътиборини доим қаратиб бориш, мамлакатда профилактика ишлари ҳамда касалликларни олдини олиш мақсадида аҳолининг тиббий ҳимоясини кучайтириш ҳамда мамлакатда янги малакали ходимларни етиштириш ишлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳамда вилоят ва туман бўлимлари тарафидан олиб борилади.
Давлат ихтиёрида қолаётган Тиббиёт муассасалари, уларнинг бинолари, олий ва ўрта ўқув юртлари, шифохоналар, туғуруқхоналар, тиббиёт бўлимларининг барчаси тўлиқ хусусийлаштирилади. Хусусийлаштириш жараёнида ҳар бир Тиббиёт муассасаси пухта таъмирланиб, уни замонавий дунё талабларига жавоб берадиган ҳолатга келтирилади ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминланади.
Шундан кейин Соғлиқни сақлаш Вазирлиги ушбу муассасаларни тиббиёт соҳасида ишлаётган, ушбу муассасанинг Бош шифокори, ёрдамчи шифокорлари, ҳамширалари ёки ушбу туманда шу соҳада ишловчи Тиббиёт ходимларига туман аҳолисининг Тиббиёт соҳасининг хусусийлаштириш учун ташкиллаштирилган сайлов натижалари ортидан муассасанинг янги эгаси, Мулкдор сайлаб олинади.
         Бу масканларда янги мулкдорни аниқлашда ҳар бир хусусийлашаётган Тиббиёт муассасаси учун алтернатив равишда камида беш ёки ундан ортиқ номзод билан сайловлар ташкиллаштирилади. Сайловлар холис ва эркин олиб борилиши учун Республика ва маҳаллий матбуотда тўлиқ ёритилиб борилади. Ушбу замонавий тиббий муассаса халқнинг ўзи сайлаган янги Мулкдорга 10 йил ичида Кредит тарзида хусусийлаштирилиб берилади. Ушбу Тиббиёт муассаси фақат Соғлиқни сақлаш Вазирлигига тўлиқ бўйсунади.
Давлат ушбу маҳаллий сайлов ортидан хусусийлашган мулкни Янги Мулкдорга Соғлиқни сақлаш Вазирлиги томонидан ажратилган иқтисодчи-бошқарувчи билан бирга топширади. Ушбу Тиббиёт муассасасини иқтисодий бошқараётган Бошқарувчи давлат томонидан берилган кредит пуллари банкларга тўлиқ қайтгунга қадар ушбу муассасада қолиб ишлайди ва хусусийлашган Тиббиёт муассасасини молиявий томонини тўлиқ назорат қилиб боради ва янги Мулкдорга қарзлари тўланиб ўтгунга қадар 10 йил давомида кўмак кўрсатиб туради. Тиббиёт муассасалари аҳолига 100% пуллик хизмат кўрсатадилар. Мамлакатда тиббий суғурта тўлалигича йўлга қўйилади. Суғуртаси бўлмаган ва кам таъминланган кишиларга давлат тиббий суғуртасини йўлга қўямиз.
Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар ортидан хорижда ишлаб юрган малакали мутахассислар ватанимизга қайтади. Тиббиёт олий уқув юртлари хусусийлаштириши ортидан соҳада порахўрлик буткул йўқолади. Олийгоҳлар юқори малакали шифокорларни етқазиб берадилар.
Халқимиз сифатли тиббиёт хизматидан фойдалана олиш имкониятига эга бўлади. Аёллар, ёш болалар, қариялар, ногиронлар ва ишсизлар учун давлат томонидан тиббий хизмат ва ижтимоий муҳофаза кафолатланади.
МАДАНИЯТ СОҲАСИДА
Бир миллатни ўлдирмоқ учун, унинг тарихини, тилини, маданияти ва манаъвиятини ўлдирмоқ кифоядир. Афсуски Ислом Каримов даврида маданият соҳаси ҳам абгор аҳволга туширилди. Соҳанинг тўлиғича давлат назоратига олиниши, соҳага молиялаштиришни камайтирилиши ёки баъзи бирларини ёпилиши асло тузатиб бўлмас хатолик деб ҳисоблаймиз.
“Ўзбекистон эли қадимдан дунё илми, маданияти ва ривожи марказларини бунёд қилган,  жамият, табият, тиббиёт ва коинот сирларини очиб, куч адолатда, инсонни қадирлашда экани кўрсатувчи, тараннум этувчи китоблар, рисолалар, достонлар  яратиб, умумжаҳон тараққиётига етук хисса қўшган. Тоталитар Шўролар даврида ҳам халқимиз саноат, қишлоқ хўжалиги, техника, илм, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларида тинмай меҳнат қилиб, Ўзбекистонни етакчи республикалар қаторига кўтарди”.
Бугунги режим томонидан тугатилган ёки молиялаштирилиши камайтирилган маданият соҳасидаги барча соҳаларни қайта кўриб чиқиш, уларга бюджетдан маблағ ажратамиз.
Биз тарихимиз, ўтмишимизни ўрганиш жараёнида миллатимиз вакилларини маънавиятли, билимли, жасоратли, мард, тўғри сўз қилиб етиштиришда маданият соҳасида ислоҳотларимиз имкон беради. Бу соҳанинг ходимлари, жонкуярларининг халқимиз хизматига қўшаётган хизматлари беқиёс бўлади.
 
ИЖТИМОИЙ СОҲАДА
Менимча, бизнинг ижтимоий аҳволимиз дунёдаги энг ёмонлардан биридир. Мамлакатда ёш болали оналар, нафақа ёшидагиларнинг жуда кам нафақа ва моддий ёрдам олиши, ижтимоий ҳимоясизлиги жуда ачинарлидир. Биз бу соҳа билан бугунги кунда Африка давлатлари билан тенглашиб қолдик. Мамлакатда ишсизлик, ишсизларга моддий ёрдамнинг йўқлиги, тиббий хизматнинг сифатсизлиги, ёки қимматлиги, болаларнинг ижтимоий ҳимоясизлиги, умуман халқимизни ижтимоий ёмон аҳволи диктатор Каримовнинг жинояткорона мамлакат Конституцияси ва қонунларининг оёқ ости қилиб нолегитим ва нолегал бошқарувининг натижасидир.
Авваламбор ёлғиз оналарни давлат ёрдами ҳамда юқори маош тўланадиган соҳаларда иш топишига кўмак берилади. Ногиронларни жисмоний имкониятларини эътиборга олиб, уларни ҳам яхши иш ҳақи тўланадиган соҳаларга ишга жойлаштириш таъминланади.
Мамлакатда нафақа ва моддий ёрдам кўрсатишни қайта кўриб чиқиб, халқимизнинг моддий имкониятларини ошириш учун ислоҳотларни амалга оширамиз. Мамлакатда бизнинг ислоҳотларимиз даврида, давлатнинг одил ва оқилона сиёсати ҳамда ўз ҳалол меҳнати натижасида, аҳоли қашшоқлик-камбағалликдан бутунлай қутулади. Биз уларни албатта Мулкдорлар сафига кириб келишлари учун ҳамма ишларни амалга оширамиз.
Биз ҳукумат бошқарувига келгач, халқимиз бизнинг ижтимоий соҳадаги ислоҳотларимиз ортидан ҳаётлари яхшиланади. Нафақалар оширилади, қашшоқликка, камбағалликка юз тутган кишилар, оилалар махсус қисқа муддатли мактабларга бепул ўқишга жалб қилиниб, уларни иқтисодий саводхонлиги оширилиб борилади. Уларга мактабнинг битириш якунида ўз бизнесларини яратиш учун имтиёзли кредитлар ажратилади. Бизнес режалари тузишда кўмаклашилади, доимий маслаҳатлар бериб борилади. Ишга жойлашиш учун кўмаклашилади. Ҳар ҳил тоифадаги ногиронлар тўлиқ иш ўринлари билан таъминланадилар. Мамлакатимиз аҳолиси ўртасида ижтимоий тенглик ва барқарорлик йўлга қўйилади.
 
БОШ МАҚСАД — ЎЗБЕКИСТОНДА МУЛКДОРЛИК ТУЗУМИ!
Мен ушбу Сайловолди Дастуримда барча ислоҳотлар ҳақида режаларимни қисқача баён этдим. Албатта сизни қизиқтирган саволлар бўлиши мумкин. Марҳамат, мен билан очиқ мулоқатга киришинг, саволларингизни йўлланг, баҳсларимизга қатнашинг, бизнинг фаолиятимизни яқиндан кузатиб боринг. Биз сизнинг ишончингизни оқлашга ва сиз учун хизмат қилишга тайёрмиз!
«Азиз ватандошлар, тадбиркорлар ва ҳунармандлар, деҳқонлар ва фермерлар, ишчилар ва ишсизлар, давлат амалдорлари ва ҳукумат ходимлари!
Муҳтарам оталар ва оналар, акалар ва опалар, укалар ва сингиллар!
Миллатимиз, юртимиз келажаги ёшлар! Қўрқувни, лоқайдликни, ёлғонга ишонишни улоқтиринг ва ўз фуқаровий бурчингизни ёдга олинг! Халқ дарди “Бирдамлик” дарди, шу боис бизга ҳамдард бўлинг!»
Ўзга юртларда ишлашга мажбур бўлаётган миллатдошлар, бизни қўлланг!
Бизнинг асосий мақсадимиз – Ўзбекистон халқи эркин, бой ва фаравон яшасин. Сиёсий маҳбуслар, инсон ҳуқуқлари, адолат учун курашганлар, дунёвий ва диний ўзгача фикрли эканлиги ва соф тадбиркорлиги учун қамалган маҳбуслар зудлик билан озод этилсин.
Шахсий жамғармаларимдан ўлкамиз бўйлаб 100та замонавий компьюторлар билан жиҳозланган кутубхона очмоқчиман. Мамлакатимиз дунё давлатларининг оҳирги ўнлигидан эмас, биринчи ўнлигидан муносиб ўз жойини олсин!
Ғоямиз — Ўзбекистонда МУЛКДОРЛИК ТУЗУМИНИ шакллантириш!
Мақсадимиз — Мулкдорлик тузуми шаклланиши баробарида халқимизнинг фарвонлик даражасини ошириб бориш!
Баҳодир ЧОРИЕВ
Ўзбекистон Президентлигига номзод
 
www.birdamlik.info
 birdamlik@gmail.com
Leave a Reply
*