Menu
Categories
Таниқли ўзбек ёзувчиси Баҳодир Муродали вафот этди…
05/25/2016 Бош мақола
таъзия ва жаноза
“Дунё ўзбеклари”дан:
Тошкентдан яна нохуш хабар келди: Халқаро Чўлпон мукофоти соҳиби, таниқли ёзувчи Баҳодир Муродали 62 ёшида вафот этибди.
Баҳодир ака ниҳоятда катар ва камсуқум инсон эдилар.  Мен у кишини яхши билардим. У киши ёзувчидан кўра кўпроқ қишлоқ мактабидаги адабиёт ўқитувчисига ўхшаб кетардилар.
Баъзи бир ёзувчилар бирор нарса ёзиб қойиллатмай туриб, дунёни бошига кўтариб, бузиб юради. Баҳодир ака қатор яхши ҳикоялар ёзиб, эл оғзига тушсалар ҳам миқ этмай юрардилар.
Гўё шундай бўлиши лозимдай, ҳамиша камтар ва камсуқумликни сақлаб қолардилар.
Кейин йиллар ўтиб, у кишининг ажойиб қисса ва романлари чоп этилди.
Асарлари адабиётшунос олимлар томонидан юксак баҳоланди. Баҳордир ака барибир ўша ўша камтар қа камсуқум бўлиб қолавердилар.
Бугун у кишининг бевақт вафот этганларини эшитиб, юрагимдан бир нарса узилгандай бўлди. Энг яқин ва қадрдон кишимдан айрилгандай бағрим эзилди.
Начора, ўлим – ҳақ!
Фақат у Баҳодир акани йўқлаб, бунчалар эрта келади деб ўйламаган эдим…
Баҳодир Муродалининг оила аъзолари ва сафдош дўстларига Яратган Эгамдан сабр ва бардош тилашдан ўзга чорамиз йўқ энди…
Исмат Хушев,
Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
24 май, 2016 йил,
Торонто шаҳри, Канада.

 

 

ДАРИҒО…
Олис сафарда юриб ғафлатда қолибман. Ўн кун аввал ўзбекнинг ҳақиқий миллий ёзувчиси, устозим, менга ёзувчиликни, табибликни ўргатган инсон – Баҳодир Мурод Али оламдан ўтибдилар.
Сўнгги йўлга кузатолмай қолдим. Баҳодир Мурод Али шўро даврида ҳамма қўрқиб ёзолмай турганида ўзининг “Кўктўнлилар” асари билан “босмачилар”ни оқлаб чиққан эди.
Баҳодир Мурод Али ҳозир ҳам илгариги қўқрқув асорати билан ҳеч ким тилга ололмаётган Алихонтўра Соғуний ҳазратлари ҳақида китоб ёзган эдилар.
Шу мардлик сабабли тушларида таважжуҳ билан Соғуний ҳазратларидан табибликни қабул қилиб олган эдилар. Уйғур табобатини ўзбекчага табдил қилиб ҳам китоб тасниф этган эдилар.
Васфларини айтсам жуда узун ёзишимга тўғри келади. Шундоқ инсоннинг жойи ҳеч шубҳасиз энг яхши жойлардан бири бўлади. Чунки, ўғилларини айтишларича жонларини топширишдан бир кун аввал туш кўрибдилар, тушларида Каъбатуллоҳга бориб Каъба эшиги халқасини ушлабдилар.
Бу инсон ўнгларида ҳам Каъбага оналарини олиб бориб хаж қилдириб келган инсон эдилар…
Ўзбек оналарининг соддалиги ҳам ўзларига ярашади-да.
Муҳтарама оналарини хажга олиб борганларида бутун атрофда одамлар чуғур-чуғур қилиб арабча гапираркану бир масжидда микрофонда азон айтиб Қуръон ўқиганларини оналари эшитиб кўриб “Ўғлим булар арабча гапираркану ҳартугул азон билан Қуръоннни ўзбекча ўқиркан-а” деб соддалик қилибдилар.
Қулоқлари ўрганиб қолгани учун азон ва Қуръон оятларини ўзбекча дебдилар-да.
Баҳодир ака шуни менга кулиб айтиб берган эдилар, раҳматли.
Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, ким менга ўхшаб улгурмаган бўлса Кўкчадаги Оқилон маҳалласига бориб бир кафт дуо билан фотиҳа қилиб қўйса яхши бўлади…
https://www.facebook.com/shukur.jabbor

 

Leave a Reply
*