Menu
Categories
Абдусаид Кўчимов: МЕН ШОИРМАН, ИСТАСАНГИЗ ШУ! (Янги китобнинг 2-қисми)
05/26/2016 Адабиёт

 

Абдусаид Кўчимов
“Дунё ўзбеклари”дан:
Яқинда давлат мукофоти соҳиби, таниқли адиб Абдусаид Кўчимовнинг улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов ҳақидаги “Мен шоирман, истасангиз шу!” номли янги китоби нашрдан чиқди.
Унда Абдусаид Кўчимов Абдулла Орипов билан бўлган суҳбат ва гуруҳлар асосида унинг буюклиги ва даҳолигини содда ва самимий сатрларда исботлаб беради.
Бугун биз Тошкентдан китобнинг электрон вариантини қабул қилиб олдик.
Энди мазкур китобни бобма-боб сайтимизда эълон қила бошлаймиз.
Биз бутун дунё ўзбеклари номидан ажойиб ва бағри дарё инсон, таниқли ёзувчи Абдусаид Кўчимовга Орипов ижоди мухлислари номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирарканмиз, у кишига ва устозимиз Абдулла акага сиҳат саломатлик, бахт саодат ва узоқ умр тилаб қоламиз…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,

 

22 май, 2016 йил,
Торонто шаҳри, Канада…

 

Орипов Кўчимов

Абдулла акамнинг қаҳқаҳаси

Абдусаид  Кўчимов
————————–
 ЧЎҚҚИДАГИ ҚУЁШ
                                  БАДИА
Халқимизнинг ардоқли шоири,
Ўзбекистон Қаҳрамони
Абдулла Орипов гурунглари
 2012 йил 18 июл

 

2.
  Шу асно гурунгимиз, ўз-ўзидан ўзбек халқининг суюкли фарзанди, жаҳон адабиёти хазинасига “Навоий”, “Қутлуғ қон”, “Олтин водийдан шабадалар” каби бебаҳо жавоҳиротлар ҳадя этган  улуғ адиб Ойбек  фазилатларини эслаш билан бошланиб кетди.
– Ойбек домланинг суҳбатларини эшитиш бизга насиб этмади, – дедим Абдулла аканинг Ойбек ҳақидаги фикрларини батафсилроқ эшитиш иштиёқида. – Аммо, домла ниҳоятда пок  ва беғубор бўлган эканлар.
– Илму фан дейсизми, саркардалик ёхуд адабиётми, барча соҳаларда ҳар бирининг номи бутун миллат тарихини безай оладиган зотлар мавжуд: Алишер Навоий, Мирза Бобур, Қодирий, Чўлпон. Ана шу бетимсол шоданинг энг йирик гавҳар доналаридан бири, шубҳасиз Ойбекдир.
Бундай покиза,  фариштали зотлар  камдан-кам келади, – деб бошлади Абдулла ака. –  У киши ҳам улуғ ижоди, ҳам пок шахсияти билан инсоният учун доимо ибрат намунаси бўладиган ҳавасли  фазилатлар  эгаси эди. Биргина “Навоий” тарихий романи учун Ойбек шоён таҳсинга сазавордир. – Абдулла ака гапира туриб гавдасини  бир-икки қимирлатиб ўтирган жойига жойлашиброқ олди. – Биз нима учун тарихни ўрганамиз, тарихий китоблар ўқиймиз, ёзамиз? – давом этди кейин. – Чунки, тарих, аввало, тарихий ҳақиқат учун зарур.
Қолаверса, миллат ўз-ўзини танимоғи учун мунаввар кўзгу унинг тарихи ҳисобланади. Бизнинг улуғ тарихимиздан жудо қилиш ҳаракатлари кўп бўлган. Жумладан, Навоийни  “Ўзбек шоирими – йўқми?” деган мазмунда катта-катта мунозаралар уюштирилган. Шундай йиғилишларнинг бирида  бобомизни Чиғатой-ўғиз миллатига тақаб, бу миллат Сирдарё бўйларида яшаган ва қирилиб кетган, демак, Навоийнинг миллати йўқ, деган хулоса чиқаришгача борилган.
Безбетликни кўринг! Улар бизни тарихи йўқ, маънавияти йўққа чиқармоқчи бўлишган. Йиғилишга кечроқ келган Арбели деган грузин академик: “Улуғ грузин шоири Шота Руставелидан улуғ ўзбек шоири Алишер Навоийга салом!”, дегандан кейин эса зал беихтиёр қалқиб кетиб, ҳамма чапак чалиб юборган. Ўша замонларда бизни  жаҳон халқлари карвонининг охирги туяси, деб атаганлар, биз ҳам бундай атамаларга  кўникиб қолган эдик.
Ойбекнинг “Навоий” романи юксак бадииётидан ташқари, ҳалигидақа камситишларга берилган жавоб – зарбалиги билан ҳам қадрли, аҳамиятли. Мен кўпгина тенг-тўшларим қатори бу улуғ устоз  суҳбатларидан баҳраманд бўлганимдан, меҳр булоғидан қониб ичганимдан ифтихор қиламан.
Устоз  Ёзувчилар уюшмасига киришимга тавсия ҳам берган эдилар, – ҳикоя шу ерга етганида Абдулла ака тўхтаб бир пас тин олди. – Шу ерда сал чекиниш қилсам майлими? – деди сўнгра узрли оҳангда. – Мақтанчоқликка йўймасанглар, Ойбек домла менга қай йўсин тавсия берганларини айтаман.
Биз жон-жон деб турардик. Вужудимиз қулоққа айланиб, устоз томон  энгашиб олдик.
      – Бир куни ёзувчи  Носир Фозилов билан домланикига бордик, – деб бошлади устоз. – Бу менинг домланикига  иккинчи маротаба  келишим эди. Биринчи марта Ғафур Ғулом номидаги  Адабиёт ва санъат нашриётида ишлаётган  пайтимда Ойбек романлари муҳаррирларидан бири бўлган марҳум Рустам Комилов билан боргандим.
Рустам ака: “Сени Ойбек ака йўқлаяпти”, – деганда қаттиқ ҳаяжонландим, эндигина матбуотда уч-тўртта шеъри чиққан болани шундай гигант адиб йўқлаттирганига ишонгим келмасди.
Ҳозиргидай кўз олдимда: уйга кирганимиздан сўнг, Рустам ака мени таништирди. Домла машаққатли талаффуз билан исмимни такрорлади. Сўнг Зарифа опа, Ойбек адабиётимизнинг кенжа авлоди билан қизиқаётгани, баъзи бир тенгқурларим қатори, менинг машқларимни ҳам ўқигани учун чақиртирганини айтди.
Домла кўпчилик номдор инсонларда камдан-кам учрайдиган самимият ва болаларча беғуборлик билан опанинг гапларини тасдиқлади. Адабиёт заҳматлари ҳақидаги ўша кунги суҳбат ҳалигача қандай бўлса, шундайлигича – сўзма-сўз ёдимда турибди. Айтаверсам, бир китоб.
      Хуллас, иккинчи марта бордик.  Домла ҳовли ўртасида оддийгина курсида, бошида қоракўл папаҳ, ёлғиз хаёл суриб ўтирган экан. Ўша стол атрофида давра қуриб бир пас суҳбатлашиб ўтирганимиздан кейин, фавқулодда Ойбек домла менга қараб, чап қўли билан “Ўқи!” дегандек ишора қилиб қолди.
Ўша кунлари Кавказдан қайтиб, “Арманистон” деган шеъримни ёзиб тугаллаган эдим. Нима бўлса бўлар,  деб шеърни ўқиб юбордим. Қисқаси, шу куни менинг бутун умримга татирлик ҳодиса юз берди: Ойбек домла Ёзувчилар союзига киришимга тавсия ёзиб берди.
Шоир, адиб, мутафаккир олим, тарихнавис сифатида   тенги йўқ бу зот ёшларга ҳам ота каби меҳрибон эди. Бундай улуғ инсонлар  адабиёт алломалари орасида   у қадар кўп эмас. Менинг назаримда, Ойбек носир сифатида, Қодирий сингари адабиётда ўзбек миллий қиёфасини яратган адиб, шоир сифатида  назмимизнинг абадул-абад гултожига айланган зоти шарифдир.
Ҳамид Олимжон бекорга: “Ойбек прозада шоиру поэзияда  прозаикдир”, демаган. Туркманларнинг улкан ёзувчиси Берди Кербобоев бир жойда:  “Мен Ойбекни  қардош Ўзбекистон адабиёти осмонидаги ой деб ҳисоблайман”, дейди.
Ойбек домла  ҳаммага қўлидан келган ёрдамини аямайдиган, ўта одил, ўта сахий,  ўта жўмард ва мурувватли қалб эгаси эдилар. Унинг қалбида гина-кудурат, ҳасад, ғайирлик, ғараз, ўткинчи алам ва озор учун қасос олиш, кўролмаслик, бахиллик, кибр дейилмиш  ярамас туйғулардан асар ҳам йўқ эди.
Баъзи майда одамларнинг ғашга тегувчи қилиқлари,  такаббурликлари хаёлимдан ўтганда, ўшандоқ тоифаларнинг қилмишларидан, хатти-ҳаракатларидан  ичим эзилади. Худди шундай ҳасадчи, ичи кир кимсаларнинг  ношудлигидан усталик билан фойдаланган  ўша давр  мафкурачилари Ойбекдек  бетимсол  одамни тилдан қолдирди.
Ойбек Ёзувчилар  уюшмасида раислик  қилган йилларда  уюшмада Лена хола деган фаррош ишлаган.  Шу кампир  гоҳо пичирлаб айтардики,  Ойбек  уйига кетганидан кейин, кечаси махсус  одамлар келиб Ойбек хонасида у йиртиб ташлаган турли-туман қоғоз қийқимларини саватдан олиб, бир-бирига улаб ўқиб чиқишар экан.
Ойбек ҳамиша  даҳшатли сиқувлар, пинҳона кузатувлар гирдобида яшаган. Аммо гунг бўлиб, уйдан чиқолмай қолганида ҳам  покликка хиёнат қилган эмас.
Абдулла ака чой ҳўплаётганида, устознинг “Ойбек  ҳақида  қўшиқ” деган  шеъри эсимга тушди:
          Ҳар  калиманг  маърифатнинг
          Уфқида ойдек тўлиб,
          Эл аро топдинг шараф сен,
          Устоз  Ойбек  бўлиб.
   Қарасам, Абдулла ака бошини олдинроқ ташлабгина, диққат билан эшитиб турибди.  Яна тўрт қатор айтвордим:
       Хизматингдан, ҳикматингдан
       Элу юрт мангу ризо,
       Ўчмагай, номинг асрлар
        Сўнгида бергай садо.
 – Яхши эслатдингиз, – деб кўнглимни кўтариб қўйди Абдулла ака. Сўнгра хаёлчанлик билан деди: – Ойбек ижодининг шуҳрати  ўзбек халқининг шуҳратини орттиради, халқимизнинг ифтихор қилишига асос беради. Унинг шахсияти  шундай азамат бир дарёки,  бу дарёдан бир  ҳовуч  сув  ичган одам умрбот лаззатланади.
Ҳозир-чи? – деб ўтирган жойида қаддини ярим ростлаб мийиғида маъноли  жилмайиб қўйди. –  Гоҳ-гоҳ  ҳозир  шундай дарёдил одамлар  борми, деб атрофга қараниб,  одамларнинг шумликларидан  ваҳимага  тушиб кетган пайтларим  бўлади.  Демак, улуғлик ҳам  индивудуал ҳодиса. Бутун оммадан шуни талаб қилиб бўлмайди.  Ҳар ҳолда қаноат, сабр бўлиши керак.
– Шундай  беозор ва буюк инсонни  иғво қилишга қандай тили борди экан?!  – аламли хитоб қилди Муҳаммад.
– Ойбеклар яшаган  давр беҳад мураккаб бўлган. – деди  Абдулла ака Муҳаммадга жавоб бераётган тарзда. – Ҳар бирининг ортида икки-учтадан пойлоқчи юрган. Ундан ташқари, ёзувчи қавмининг ичида ҳам бир-бирини  сотадиганлар, гап ташийдиган “қулоқ”лар кўп бўлган.
Бир вақтлар Мильчаков, Швердин деганлар ўзимизнинг “яловбардорлар”дан уч-тўрттасини  қаватига олиб  Ойбекка қарши  ҳужум бошлайди. Ҳозир  сизга  бу “яловбардорлар” кимлар эканини номма-ном айтишим ҳам мумкин.
Аммо, муҳтарам Президентимизнинг маънавият соҳасидаги доно сиёсатига амал қилиб,  ундай қилмаймиз. “Биз яқин ўтмишимизни тафтиш қилмасдан халқимизни поракандаликдан сақлаб қола олдик, – дейдилар Ислом ака. –  Мен ўтмишда ким кимга ёмонлик қилганини қўзғаб ҳозирги яхши муносабатларни бузишга қаршиман”.
Миллат, давлат аҳамиятига эга бўлган ўта муҳим тарихий гап бу. Фақат, бошқаларга ибрат бўлмоғи учун Ойбекка қарши бўлган  тўда бошида Уйғун ака турганини тилга олсак етади.
– Қолаверса, домла Уйғуннинг бу масаладаги қилиқлари кенг жамоатчиликка аллақачонлар маълум ва ошкор бўлиб бўлган, – сўзини давом этарди устоз. –  Хуллас, гуруҳбозлар даставвал “Навоий” романида Навоий сиймоси ортиқча идеаллаштирилган деган даъвони кўтариб чиқади.
Роман нуфузли комиссия томонидан  тафтиш қилинади ва иғвофурушларнинг даъволари тасдиқланмайди. Аксинча, 1946 йил романга биринчи даражали Сталин мукофоти берилади.
Шум нияти амалга ошмаган ҳалиги гуруҳ энди жон-жаҳд билан “Олтин водийдан шабадалар”га ёпишади. Гап шундаки, ўша кезларда бу роман учун Ойбекка иккинчи марта давлат мукофоти берилмоқчи бўлади.
Довруғли олимлардан бири “Қизил Ўзбекистон” газетининг тўрттами-бештами сонида  ўзбек адабиётининг баъзи камчиликлари ҳақида гапирган бўлиб, асосан Ойбек романига маломат тошларини дўлдай ёғдиради.
Ваҳоланки, ўша мақола муаллифи – довруғли олим Ойбекка яқин – шогирд мақомида бўлган. Москвада  диссертация ҳимоя қилганда, Ойбек  уни қўллаб катта нутқ сўзлаган. Зарифа  аямизнинг “Ойбегим менинг” деган китобини варақлаган киши,  ўша замон иғвогарлари ҳақида шу хилдаги яна кўпдан-кўп воқеаларни билиб олиши мумкин.
Қаллоб ва бешафқат  тузум дарбонлари ёзувчиларни бир-бирига тезлаб, жиққа-мушт қилиб, дўғириб, жонини олиб қўйган – зада қилиб ташлаган. Айримларигина ҳар хил сабаблар билан омон қолган. Масалан, ғанимлари қанча “елиб-югурмасин”  Ойбек домлани, Шайхзода, Саид Аҳмад ёки Шукрулло сингари қаматиб юборишга эришолмаган. Ойбекни кам гаплиги, Ғафур Ғуломни лўлипитиш қилиқлари асраб қолган.
Камгаплик Ойбекни  кўп  балолардан асради, деган гапни менга Тўхтасин Жалолов айтувди. “Йигитлик вақтимизда давра қуриб ўтирсак, ичиларди. Ўтирганларнинг учдан икки қисми “ёзиб оладиган” одамлар эди. Ойбек гапирмай ўтирарди. Шу индамаслиги уни  асради”, деганди домла Жалолов.
“Ғафур Ғулом мўлтони эди. Кечаси билан ҳукуматни сўкиб,   эртаминан мен партиясиз яшолмайман, деб шеър ёзиб, радиода варанглатиб ўқиб, шу билан ўзини эҳтиётлаб юрарди”, деган гапни ҳам Жалолов домладан эшитганмиз.
Душманлари бир гал  Ғафур  акани ёмонлаб Рашидовнинг олдига боришади. Шунда  Шароф ака,  Ғафур Ғуломнинг  фойдаси  кўпми, зиёними, дейди. Иғвофурушларнинг боши эгилиб қолади.  Шароф Рашидович Абдулла  Қаҳҳор ҳақидаям худди шундай гапни айтган,  Қаҳҳорга тегманглар, деган.
– Лекин, Абдулла Қаҳҳор, негадир умр бўйи Рашидовга қарши гаплар қилган…
– Бу икки шахс ўртасидаги муносабат чигал ва ҳайрон қоларли, – деди Абдулла ака бир муддат ўйланиб турганидан кейин ўша хаёлчанлик билан. – Ўтган алломалар ҳаётини кузатсангиз, кўпдан-кўп  улуғларнинг ижоди билан яшаш тарзи ўртасида фавқулодда қарама-қаршиликлар борлигидан ўйга толасиз. Фақт Навоий ҳазратларигина бундай қусурлардан холи.
Найим Каримов бир китобида, Қаҳҳор домла ёзувчиликдан бошқа  “ўта муҳим” вазифаларни ҳам бажарган, уни Московда юксак мақомдаги  сирли  покравителлари бўлган, Қаҳҳор Рашидовга тош отиш билан одамларнинг диққатини ўзига қаратиб, катта обрў қозонган, деган мазмунда мулоҳаза билдиради.
Тикилиброқ қаралса,  Найим  домланинг шу иддаолари беҳуда эмасдай туюлади менга ҳам.
(Давоми бор)
Орипов Исмоил
Суратда: Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов садоқатли шогирди, истеъдодли шоир Муҳаммад Исмоил билан…
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Тошкентдан юборилган
Leave a Reply
*