ХАЛҚАРО ЧЎЛПОН МУКОФОТИ СОВРИНДОРИ, БИРИНЧИ РАҚАМЛИ НОСИР, ЁЗУВЧИ БАҲОДИР МУРОДАЛИ БУ ДУНЁДАН ЎТДИ, ЖОЙИ ЖАННАТДА БЎЛСИН…
2016 йилнинг 14 май куни менинг кўнглим кўк аршидан қуйига юмалагандай бўлди. Бир кун аввал негадир Баҳодирни кўргим келаверди. Хатто Бешёғочдан мен минган автобус ҳам Кўкчага бориши мен учун сирли ишорат эканини англамабман. Мен негадир Кўкчага уч-тўрт бекат етмасдан автобусдан тушиб, жума намозини ўқишни эрталаб режалаштирганимдек Хўжа Аҳрор жомеъсига йўл олдим. Балки Баҳодирни ортиқча ҳаражатга туширмаслик учун шундай қилгандирман. Чунки жуда ҳам қўли очиқ йигит бўлиб, агар Кўкча жомеъсида бирга намоз ўқисак менинг ёнимдан пул сарфлашга қўймай уйига таклиф қиларди. Мен тихирлик қилсам, дори сотганини пеш қиларди.
Баҳодир адабиётга шон-шуҳрат орттириш, пул топиш учун кирмаганди. У гарчанд шеър ёзмаса ҳам насрнинг шоири эди. У Рауф Парфининг май ичмайдиган улфати бўлиб, менга ҳали қирмизи империя давридаёқ уйига чорлаб Навоийнинг “Муножот” шеърий рисоласини ўқиб берган эди.
Икки оғиз биринчи танишганимиз ҳақида. 1979 йили мен хотиним билан 27-марказда турардик. Бир куни унли шоир Йўлдош Эшбек Кўкча дарвозадаги ижара уйга мени таклиф қилди. Икковимиз “қуролланиб” олиб, Рауф Парфи таъбири билан айтганда, ичкилик харид қилинса, “қуролланган” ҳисобланардик. Йўл-йўлакай у билан бирга бир андижонлик бир ёш ёзувчи ижарада туришини айтди. Бориб Баҳодир Муродали билан танишдим. Лекин у бир қултум ҳам “зорманда”дан ютмаса ҳам биз билан гурунглашди. Биз шеър ўқисак, у ҳикоя ўқирди. Унинг ҳикоялари ўта ҳаётий бўлиб, танқидчи Иброҳим Ғафур ҳам юксак баҳолаган. Шу-шу Йўлдош Эшбек бошқа жойга кўчиб кетса ҳам Баҳодир билан тез-тез суҳбатлашадиган бўлдик.
Кейинчалик ўша Кўкча даҳасидан ҳовли ҳам сотиб олди. Албатта унинг уйи кўплаб вилоятлардан келадиган шоиру ёзувчиларга пакка вазифасини ўтар эди. Кўнгли каби дастурхони ҳам очиқ одам эди.
Мен Ўзбекистон маданият вазирлиги Театрлар бошқармасида репертуар-редакцион коллегияси аъзоси бўлиб ишлардим. 300 одимлар нарида Навоий музейи ва қўлёзмалар институти жойлашган бўлиб, у ерда Баҳодир Муродали, навоийшунос олим Шарофиддин Шариф, ёзувчи Темур Бек, Фозил Йўлдош ўғлининг невараси Аббос Турсун, Эргаш Жуманбулбулнинг невараси Шомирза Турдим, туркшунос олим Насимхон Раҳмон, яна бир қанча суҳбати жонон йигитлар ишлашар эди. Кунда ёки кун ора кўришиб турардик.
Баъзан Пушкин боғида ошлашардик. Кўпинча Рауф Парфининг ишхонасида кўришардик. Навоий кўчасида жойлашган жами ошхоналарни шундай деб атардик. Ўша 70-йиллар охири ва 80-йиллар бошида ўзбек адабиётида истиқлол оҳанглари баралла янграй бошлаган эди. Лекин шеърлар ўқилмаган бирор кун бўлмасди.
Ўша пайтларда адабиёт ва санъат аҳли орасида маҳаллийчиликнинг “м” ҳарфи ҳам йўқ эди. Баҳодирни хотирлаб ёзаётганим ушбу фиқрада гапни чўзаётгандирман. Лекин драматургияга хос бўлган “берилган шарт-шароит” нуқтаи назаридан қараганда бўлгуси адабиётчиларга ана шу тонготар суҳбатлар, тортишувлар алал-оқибат ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Кимдир адабиётнинг тош қотган нонига сабр тишларини ботириб кун кўраётган бўлса, кимлардир мойли мансаб ортидан қувалади.
Баҳодир Муродали истиқлолнинг дастлабки йилларида “Кўк тўнлилар” номли романининг биринчи қисмини дастлаб журналда, кейинчалик китоб ҳолида эълон қилди. Ҳар бир сўз устида ишлаши, насрида мусиқа мавжудлиги жиҳатидан Баҳодир Муродали Тоғай Муродга яқин ёзувчи эди.
1987 ёки 1988 йилими аниқ эсимда йўқ Москва адабиёт институтининг Добролюбов кўчасида жойлашган ётоқхонасидаги 705 хона тақиллади. Уйқусираб эшикни очсам, Баҳодир кириб келди. Қучоқлашиб бўлгач, ўтиринг деди-да, сумкасидан папка олиб “ошна, роман ёзаяпман, эшитинг” деди-да шариллатиб ёзганларини ўқий бошлади. Мен ҳали юзимни ҳам ювмаганман. Хижолат бўлиб, “чой қўйиб келай” десам, Андижон шевасида “шашманг, шошманг” деди-да романни ўқишда давом этди. У мен томонга қарамасдан жуда берилиб ўқирди. Қия очиқ эшикдан лип этиб чиқдимда, ошхонага бориб қўлимдаги чойнакни қўйиб ювинадиган хонага ўтиб кетдим. Ошхонага келиб чой қўйгач, ўз хонамга келиб қарасам Баҳодир қироатдан тинмаган эди.
Курсдошим Ражаббой Рауповнинг 735 хонасига бориб таққилатдим. У кўзларини уқалаб чиққанида Баҳодир Муродали деган даҳшатли ёзувчи келганию бир оз лоф қилиб, у “Ўтган кунлар”дан кейин турадиган роман ёзганини, уни хонада кутаётганини айтдиму орқага қайтдим. Ўзим ошхонада куйманарканман, Ражаббойнинг хонамга кириб кетганини сездим. Яна баланд овозда қироат бошланди. Бир неча дақиқадан сўнг чойни дамлаб кирсам иккови ҳам йўқ. Бир-икки пиёла чой ичгач, 735 хонага бориб, ажойиб манзаранинг гувоҳи бўлдим. Хонтахтанинг бир томонида Баҳодир, иккинчи томонида Ражаббой тикка туриб олишиб, ҳар бири овоз чиқариб ўз асарини ўқирди. Биттаси нафас олганида иккинчиси ўз асарини ўқишни бошларди. Икковини томоша қилиб, “яхшиямки иккови ҳам шоир эмас, бўлмаса троллейбусни тўхтатиб қўйиб йўловчиларга шеър ўқиб, йўлларни тиқинга айлантиришарди” дедим ичимда.
Сўнгра уларни бир амаллаб “жиловлагач” менинг хонамда нонушта қилдик. Иккови чой ичаётган бўлса ҳам қўлёзмаларини қўлдан қўйишмай фотиҳа қилинган заҳоти ўз асарларини баланд овозда ўқишга шай эдилар.
-Баҳодиржон, Михаил Сергеевич (Горбачев) ёмон бир туш кўриб, бирор ёш ўзбек ёзувчиси билан дўст тутинсам деб одам қидириб, уйқулари ўчиб юрган эмиш. Шунинг учун пул сарфлаб учиб келдиларми?
— Романнинг бир бобини тугатдим. Шуни сизга ўқиб берай деб келдим.
— Яхшиям Московда ўқийман. Агар океаннинг нариги томонида ўқиганимда йўлкира учун катакдай ҳовлингизни ҳам сотаркансиз-да.
— Аввал эшитинг.
— Сиз ҳикоялар устасисиз. Қағозни ҳам тежаб 3-4 бетли ҳикоя машқ қилиб юравермайсизми?
Баҳодир жиндай қизарди-да ўқишга тутинди.
Менга унинг тасвир, ифода услуби ва асар тили ёқди. Лекин дарсга боришим кераклиги учун 15 дақиқалардан сўнг луқма ташладим:
— Баҳодир, мен институтга боришим шарт. Ҳафтада олти кун дарс бўлса, шундан ўн куни институтга бормайдиган ўзбек прозасининг кичкина отаси Ражаббой Ота… Бўта… Рауфнинг катта қулоғини Сизга омонатга қолдираман.
— Тушликка девзирадан ош қилиб тураман.
— Ошни кечқурун бирга қиламиз. Эҳтиёт бўлинг, Ражаббойнинг хонасига борманг. Унинг хонасига борсангиз, фақат мезбон асар ўқийди. Кунлар келиб менинг қулоғимга ҳайкал қўйилади. Тунги 3-4 соатларда ҳам хонани тақиллатиб келаверади. Ҳа, деб сўрасанг, иккита жумла ёздим дейди. Баъзан “учта жумла ёзиб келсанг кирасан” деб кўпинча эшикни очмайман.
Ўша йиллари аҳли қаламчалик ҳеч ким истиқлолни орзуламаган, уни ҳар дақиқа соғиниб кутмаган эди. Адабиёт дарвозаси ёки тирқишига бўйнини суққанки адиб ёки ҳаваскор мустақиллик деса юзи ёришиб кетарди. Кимдир “мустақиллик” сўзини томоғи йиртилгудай бақириб айтарди. Кимдир имо-ишора билан сўз тагидаги ним сўз билан айтарди. Баҳодир ана шундай камтар, лекин ичи тўла исён адиб эди. Унинг ҳар мисраси, ҳар нафаси эгаманлик, ўзлик тарафга қаратилган эди.
Носирлар ичида Рауф Парфи атрофида энг кўп ўрмалашиб юрган ёзувчи бўлиб, намозини ўқиб бўлгач, гарчанд ўзи суймаса ҳам қонни қизитадиган майдан олиб келиб беришдан тоймайдиган йигит эди. Кўп дўстлари шоирлар бўлгани учун ҳам ҳикоя ёзадими, қисса ёзадими ҳар бирини чоп этилгунча ўн марталаб овоз чиқариб ўқишдан тоймасди.
Мен унинг ҳикояларини жуда яхши кўрсам ҳам уни кўрган заҳоти ҳазиллашиб “бугун ҳикоя эшитишга тоқатим йўқ. “Қозоқлар насрни “қора сўз” деб аташади, нақадар доно халқ” дердим. Москвада уни қаршилаганимда ҳам шундай қилдим. У қаерда ишлаган бўлмасин, кўпинча жўнроқ вазифаларда, яьни оддий муҳаррир бўлиб, ўзи ишлаётган жойда китобини чиқаришга ҳам жазм қилмасди. У минбарларга интилмасди.
Икковимиз нақадар қалин бўлсак ҳам менинг феълим унинг тескариси эди. Менга нон тутмасалар ҳам сўзга навбат беришлари шарт эди. Ўша даврда ўтган асрнинг 80-90 йилларида хокисор халқ адабиёт аҳлини бошида кўтариб, бир бурда қора нонини баҳам кўрарди. Мен раҳбар бўлиб ишлаган Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг тарғибот маркази баъзи кунлари бир неча стадион одам йиғиб, истиқлол ва Ватан ҳақида учрашувлар ўтказардик.
Шоир, ёзувчи ва санъаткорларга бир чиқиши учун ойлик маошидан кўра кўпроқ қалам ҳақи берардик. Буни нима учун эслаяпман? Шундай учрашувларга бирор марта яқин дўстим Баҳодир бормаган. Мен уни неча марта таклиф қилсам ҳам “мен шоирмидим” деб кўнмасди.
Дарвоқе ўша пайтда Президент девонига ишга ўтган “қаламкаш” жўраларимиз уюшманинг хўжалик ҳисобидаги тарғибот марказини ёпиш учун кўп ҳаракат қилишди. Ҳар ойда турли текширувлар уюштиришди. Лекин ёпишолмади. Бироқ тарғибот марказига муқобил равишда давлат бюджетидан молиялаштириладиган Республика маънавият тарғиботи маркази ташкил қилинди.
Бир куни Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев хонамга (Мен тарғибот марказининг директори ва ёзувчилар уюшмаси котиби эдим) кириб келиб, “мен госсоветник Усмон Азимнинг хонасида конъяк ичиб келаяпман. Усмоннинг гапича, “Сиз ўзингизни пропаганда қилиш учун тарғибот маркази топган пулдан стипендия бераяпман деб давлат бюджетидаги пулдан бизга бераркансиз” деди.
Мен унга “тарғибот маркази на ҳукуматдан, на ёзувчилар уюшмасидан пул олади” десам, Шукур ака ишонқирамасдан “Усмоннинг конъяги бошимни оғритаяпти, ходимларингизга айтинг, ароқ билан кабоб келтиришсин” деди. Мен котибамдан тарғибот марказининг бош ҳисобчиси Собир Холхўжаев ва тарғибот марказидаги котибамни чақиришни сўрадим. Собиржонга “Шукур акага битта ароқ ва кабоб олиб беринг-да қайтиб хонамга киринг. Шукур ака менинг ишим кўп, сиз билан ўтиролмайман” деб хайрлашдим.
Ўн кунлардан кейин яна Шукур ака келиб, “Тўра Мирза, стипендияни тўхтатибсиз-ку. Сигаретга ҳам пулим йўқ” деб норози бўлди. Унга сигеретага ўз ёнимдан пул берарканман, “Давлат маслаҳатчиси Усмон Азимга бориб айтинг, сизларга давлатдан стипендия олиб берсин” дедим.
Хуллас, Чўлпон Эргаш, Йўлдош Эшбек ва бошқа ёзувчилар ҳам олдимга кириб бир неча марта муҳтожликларини айтишди. Баҳоли қудрат уларга ёрдам кўрсатдигу лекин стипендияни тикламадим. Бир куни Чўлпон Эргаш уйида нонга ҳам пул қолмаганлигидан шикоят қилди. Ҳозир Сизга пул бераман десам ёнимда ҳе мири йўқ экан. Чўнтагимда 100 литр бензиннинг талони бор экан, “Чўлпон ака, кўчага чиқиб қарасангиз, метродан чиқаверишда маршрут таксилар қалдирғочдай тизилиб туришибди. Ўшаларнинг ҳайдовчиларига талонни сотингда уйга нон ва гўшт олиб кетинг, пулингиз тугаса келаверинг” дедим-да ва тарғибот марказининг котибасини чақиртириб, стипендияларни тўхтатиш ҳақидаги буйруқни олиб келишни буюрдим. Буйруқни йиртиб-йиртиб ташладим-да “Собирга айтинг, ўтган муҳлат учун ҳам стипендияни тўла тўласин” дедим. Котиба “Шукур акага-чи?” деб сўради. “Шукур акага биринчи ўринда тўланглар” дедим.
Шукур акани унинг вафотидан бир ҳафта олдин Юнусободдаги универсам бозори ёнида учратиб қолдим. У менга ёрилди: “Тўрамирза иним, Сизни ёзувчилар уюшмасидан ва ТВдан кетказишган ҳам менинг тожик укаларим. Менинг ҳам онам тожик, лекин аканг қарағайнинг отаси турк, нарпайлик ўзбек. Уларнинг отаси ҳам, онаси ҳам тожик. Мен уларга бир неча марта айтдим ”ҳаммангни бирлаштирса ҳам Тўрамирзанинг тирноғига арзимайсан” деб. “Шукур ака, Абдулла Ориф айтган-ку “қошу киприк ўзбегим тожик билан”, ўзбекларнинг ичида ҳам, тожикларнинг ичида ҳам яхшию ёмонлари кўп” деб гапимни тугатмасимдан туриб, Нортўхта Қилич келиб қолди ва “Шукур ака, гўшт олиб бераман, лекин ароқ олиб бермайман” деди. Шу пайт менинг автобусим келиб қолди. Шукур ака “Тўрамирза, шунча йил амалдор бўлиб ишлагансиз, мошнангиз йўқми?” деб сўради. Мен унга кулиб “менинг нечта поездим бор-ку, метродаги ҳамма поездлар меники” дедим-да автобусга чиқиб кетдим.
Гарчанд Баҳодирнинг вафоти ҳақида ёзаётган бўлсам-да бу шарҳлар кимгадир ортиқчадай туюлиши мумкин. Лекин хаёлимга келган нарсани қағозга тўкавердим.
Чунки, мустақиллик учун энг кўп жон куйдирганлар четда қолиб кетиб, ёзувчиларнинг сал ушмундоқлари ёғли қозоннинг бошига кўпроқ йиғилишганини кўрмайман деб кўзингни юмиб олсанг ҳам кўраркансан-да.
Хунгаристоннинг улкан шоири Шандор Петефи трибун адиб бўлиб, инқилоб учун энг кўп курашган эди. Инқилобдан сўнг бўлган митингда унга сўз беришганида у оташин нутқини бошлаганида пешонасига палағда тухум отилган. Петефи ичида “худога шукр, халқим илгари нафас олишга ҳам ҳайиқарди-ку” деб гапини тўхтатиб минбарни тарк этган эди.
Гап Баҳодирнинг ўта камтарлиги хусусида кетаяпти. Мендан бирор нарса сўраб келмаган. Уюшманинг котиблиги пайтимда уни чақириб ёзувчилар уюшмаси аъзолигига ўтиш учун ариза ёзишни илтимос қилдим. У кўнмади. Мен унга “учта ўғлингиз, бир қизингиз ва каталакдай ҳовлингиз бор, уюшмага ўтсангиз, кейинги йил уй берамиз” десам ҳам кўнмади. Ахийри “Кўк тўнлилар” романингизнинг 1-қисми учун “Халқаро Чўлпон мукофоти” бермоқчимиз, кейин нега бердинглар деб судга бермайсизми” деб сўрасам “Чўлпон номидаги гувалани берсангиз ҳам миқ этмаймиз” деди ва унга ўшанда мукофот берилди.
Мен Ўзбекистон маданият вазирлиги Театрлар бошқармасида репертуар-редакцион коллегияси аъзоси бўлиб ишлаётганимда бир гал “Ёш гвардия” театрида саҳналаштириладиган бир хорижий пьесанинг таржимасини Баҳодирга бергандим. У саҳна юзини кўрган эди.
Қўлёзмалар институтига кирганда бир неча марта улкан олим, афсонавий шахс Ҳамид Сулаймоннинг қўлларини олишга муяссар бўлганман. Менинг Ҳамид Сулаймонга атаган бир шеърим биринчи китобимда ҳам чиққан. У “Ҳамид Сулаймоннинг жомадонида Туғилган жойига қайтмоқда Ватан” мисралари билан тугар эди. Олим ва ёзувчи Маҳкам Маҳмуд бир даврада шу шеърни ўқиганимда эшитиб қолиб, ҳали ўзимнинг китобим чиқмасдан туриб Ғафур Ғулом нашриётида чиқаётган адабий-танқидий китобида шу шеърни таҳлил қилган эдилар.
Баҳодир ва Темурбек менга кўп бора Ҳамид Сулаймон ва Фозила Сулаймон ҳақида таъсирчан ҳикоя қилишиб, менга шеър учун мавзу беришган эди.
Ана шу мулоқот орқали туғилган икки шеърни эътиборингизга ҳавола қиламан.
ҲАМИД СУЛАЙМОН
Тўрт бор сайланмади Ҳамид Сулаймон,
Тўрин зўрга бермас академиклар.
Ҳамид устод илм ичра паҳлавон,
Улар ука демак, укадемиклар.
Навоий девонин киприк-ла артиб,
Лондондан келтирган энг буюк ҳаммол.
Кўкда юлдузларга берди у тартиб,
Чақнади Навоий чироғи яққол.
Тунни оқартади кўзларнинг оқи,
Сабоҳда туғилар буюк ҳосила.
Мижжа қоқмас Тошкент тоқ бир чироғи,
Бир ён фозил олим, бир ён Фозила.
Қора тунлар ичра Ҳабиб Абдулла,
Марҳум денгизлардан топар гавҳарни.
Нур қидириб Ҳамид Сулаймон қўл-ла,
Кўнгил-ла титкилар қўлёзмаларни.
Ассалом айлайкум, уйғон, ой, қуёш,
Ўқи Навоийдан, топилди шоҳбайт.
Ғазаллар ўқийди бунда кекса-ёш,
Ўзакадемия уйқуда фақат.
ФОЗИЛА СУЛАЙМОН
Тухум босган товуқ мисоли Лондон
Битта кўзи юмуқ, бир кўзи очиқ.
Асрий чанглар ютар Ҳамид Сулаймон,
Ўтмишни ёқалаб хаёллар қочиқ.
Тилласи таланган, тили тилинган,
Осмондан балчиққа юмалаган Шарқ.
Темурбек отига дуч келган минган,
Оқ-қора-бир, ҳаққа қовушган ноҳақ.
Юрт тарихин тахир лаҳзаларини
Шеърга муҳрлаган аҳли шуаро.
Ғарч-ғарч қадам ташлаб-бошлаб жуфтини,
Устод балчиқ кечган беш юз йил аро.
Кезиб олим қирол кутубхонасин,
Ой олган боладай равшандир ичи.
Навоий, Хоразмий очар чин юзин,
Фотога рухсат йўқ дер назоратчи.
Бор эди ҳамёнда на доллар, на фунт,
Олима чиқарди ёндан хонатлас.
Атласдан сирғалиб чиқди бирдан кун,
Назоратчи четга бурилди бир пас.
Завжасин атласи қолди Лондонда,
Буюк шоирларнинг қайтди баёзи.
Қуёш билан йўлдош йўл бошлар тонгда
Етти иқлим аро шуаро рози.
Элона элана ўтди, арзим бор,
Нусхасин келтирмиш олтин дасхатнинг.
Фозила опадан атлас қарзим бор,
Фотиҳа қарзи бор Ватан, миллатнинг.
Баҳодир Муродали бир куни менга яна бир шеърга мавзу берди. “Устоз Азизхон Қаюмовни бир куни кўчада яёв кетаётганларини кўриб қолдим. Гарчанд бўйлари пастроқ бўлса ҳам менга энг дароз одам бўлиб кўриндилар. Шу ҳақда шеър ёзинг” деб қолди.
Мен Баҳодирнинг “топшириғи” ни бажарганимга бир неч йил ўтган бўлса-да унга ҳали шеърни ўқиб бермаган эдим. Шу йил февраль ойида буюк олимнинг 90 йиллигига бағишланиб Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтказилган тадбирда шу шеъримни ўқиб бердим ва Азизхон акага тутқаздим. Уйга келибоқ Баҳодирга телефон қилиб, у мавзу берган шеърни кутубхонада ўқиб берганимни айтиб, унинг келмаганидан ўпкаландим. У бир кун аввалги тадбирда қатнашганлиги, аммо бугун иш чиқиб қолганлиги учун келолмаганлигини айтиб узр сўради. Тўқсон ёшида юзта китоб чиқарган буюк олимга аталган шеърни эътиборингизга ҳавола қиламан.
АЗИЗХОН ҚАЮМ
У йўлга тушганда букилиб тоғлар,
Силкитиб чўққисин, очар бағрини.
Тунга тик қараса-сиёҳин оқлар,
У силайди терак мўрт баргларини.
Бошида дўпписи чордона қурган,
Яктакнамо эски кўйлак эгнида.
Ўтгунча қоялар жим пойлаб турган,
Тоғ қушлари сабрин тишлаб инида.
Анча дароз одам борар жилмайиб,
Эгилиб салом дер гиёҳ, шувоққа.
Бўйи узунликдан қилганидай айб,
Кўзлари жовдирар-назар тупроқда.
Тошкент кўчаларин кезар зиёда,
Чинор елкасига қоқиб қўяди.
Ўйлар учоқдай тез, ўзи пиёда,
Ҳафиф қарашлари тошни ўяди.
Мароқ билан бармоқ билан варақлар
Саҳифасин тиклар битиктошларни.
Кўз югуртса кўхна қопқа шарақлар,
Эски ёзув қалқиб тиклар бошларни.
Тошларга битилган миллат кечмиши,
Йўриқ ўйган бобо неварасига.
Ўпиб ўқиса, из қолдирар тиши,
Олим соқчи Турон чегарасига.
Олтин васиятлар очар рангини,
Арийди тарихнинг кўзидаги қум.
Лаби билан артиб тошлар чангини,
Югуриб келмоқда Азизхон Қаюм.
Баҳодир ХХ1 асрда асосан табобат билан шуғулланди. У Жанубий Туркистон Республикасининг биринчи президенти Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг эски ўзбек ёзувидаги ёстиқдай келадиган “Тиббиёт” номли китобини бугунги алфавитга табдил этиб чиқарди. Бу китобнинг нашр қилинишига Гулнора Каримова ҳомийлик қилган.
Биз ойда ёки икки ойда бир кўришиб турардик. Мен ҳар гал ижод ҳақида суруштирардим.
Баҳодир вафот этганининг учинчи кунида тўрт-беш киши суҳбатлашиб ўтирсак, ўзи ҳам дурустгина ёзувчи бўлган бир дўстимиз “Баҳодирнинг “Кўк тўнлилар” деган ҳикояси жуда зўр-да” деб қолди. Мен жаҳлим чиқса ҳам босиқ гапирдим: “Аввало “Кўктўнлилар” журналда ҳам қисса деб эълон қилинган. Алоҳида китоб қилиб чиқарилган. Бунга чорак аср бўлди. Шунча вақтдан буён унинг устида ишлаб романга айлантирди”. (Дарвоқе, вафотидан бир ойча бурун романни тугатаяпман деган эди.)
Мен овозимни бир оз кўтардим: Ўзбек адабиётидаги “Ўтган кунлар”, “Кеча ва кундуз”, “Отамдан қолган далалар”дан кейинги тўртинчи роман “Кўк тўнлилар”!
Баҳодир 2016 йил 14 майгача ўзбек насрининг биринчи рақамли ёзувчиси эди.
Даврадагилар гапимни маъқуллашди.
Мен 14 май куни соат 20.00ларда дўстимнинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитиб ва бир неча соатдан кейин ушбу йўқловни бошлаган эдим.
Бугун 17 майда унинг ўғиллари соат 10.00 да ўтказиладиган кичик худойига мени ҳам таклиф қилишди. Мен ушбу шеърни тугатиб йўлга чиқдим.