Menu
Categories
“Озодлик” радиоси ва унинг раҳбари Алишер ҳақида навбатдаги танқидий мактуб…
05/31/2016 Бош мақола
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳарририга мактублар” туркумидан
Алишер Сиддиқ
Ассалому алайкум ҳурматли Исмат Хушев!
“Озодлик” радиосида “Раҳбарни мақташ керакми?” номли сарлавҳа остидаги баҳсдаги иштирокингиздан жуда қувондик.
Одатдагидек, яхши ва самимий, биз кутмаган – теша тегмаган  гапларни топиб гапирдингиз.
Лекин радио мухбирларининг Сизга бўлган носамимий муносабатидан қаттиқ ранжидик, жуда ғазабландик.
Кейинги пайтда “Озодлик” радиоси ҳақидаги танқидий мақолаларни сайтингизда тез тез ўқийдиган бўлдик. Олдин ҳам бундай мақолаларни берардингиз, лекин кейинроқ улар бир қадар тўхтаган эди.
Ўзи Сиз “Озодлик”да жуда кам чиқасиз. Чиққанда ҳам ҳар бир чиқишингиз катта воқеа бўлади. Охирги гал: “Ислом ака Иноятовни ҳибсга олиши керак!” деб айтганингиз ҳанузга қадар қулоқларимиз остида жаранглаб турибди. Шу пайтга қадар Сиздан бошқа ҳеч ким бу гапни радиодан гапирмаган эди.
Ўшандан бўён Сиз ҳақингизда, Ўзбекистондаги 25 йиллик инқироз ҳақида тез-тез ўйлайдиган бўлиб қолдик. Олдинлари бунга негадир эътибор бермасдик.
Бу гал радиода Сизнинг номингизни эълон қилишганида, барча оила аъзоларимиз билан дастурхон атрофида жам бўлиб, ўтирган эдик, бутун вужудимиз қулоққа айланиб, эшитдик.
Лекин негадир Сизнинг гапларингизни “Алишер ака” деб ҳамма қуллуқ қилиб турадиган одам тез тез бўлиб турди. Нега бундай қилди, тушунмадик. Нега Сиз унга муносиб жавоб бермадингиз?
Олдинлари улар Сизни бўлиб қўйса, ўз ҳаққингизни талаб қилиб, қаршилик қилардингиз. Уларни бундай қилмаслик ҳақида огоҳлантирардингиз. Нега бу гап Алишерга қарши гапирмадингиз?
Илгари Сарвар Усмон шундай қилиб, Шароф Убайдуллаевни тез тез бўлиб турарди. Бу бизни ҳақли равишда жаҳлимизни чиқарарди. Энди Сизни Алишер Сиддиқов бўлиб, вақти вақти билан ўз нишини санчиб турди. “Заҳар солмоқ эмиш касби илоннинг” деб шунга айтсалар керак-да.
Сиз ахир Каримов Ўзбекистондаги барча фожеаларга сабабчи деб жуда тўғри гапирдингиз. Мен уни умр бўйи мақтаб келдим, бунга мен ҳам айбдорман деб очиқ ойдин мардларча тан олиб гапирдингиз. Лекин Сизнинг ҳамма яхши ва керакли гапларингизни Алишер бўлиб турди. Биз сабрсизлик билан кутиб юрган китобингиз ҳақидаги муҳим гапларингизни эса Алишер умуман эшитишни ҳам истамади. Нега бундай қилди?
Бу Алишер дегани ким ўзи? У “Озодлик” радиосига қаердан келиб қолди? Ким уни раҳбар қилиб қўйди бу радиога? Унинг кўнгли кирлиги, Сизни кўролмаслиги шундоққина кўриниб турибди-ку. Олдинлари эътибор бермасдик, Сиздан бу қадар аламзада эканини билмасдик. Лекин бу гал биз ундан, “Озодлик”дан жуда қаттиқ ранжидик ва ғазабландик.
Ислом Каримовни ёмонлаганингиз, мамлакатдаги барча фожеаларга уни айбдор деганингиз унга ёқмади, шекилли. Олдинлари Каримовни мақтаганингизда улар Сизни умуман бўлишмасди. Нега бу гал бўлиб қўйишди деб ўйлаб қолдик.
Қизиқ, Сизни суҳбатга улар таклиф қилишдими ё ўзингиз чиқишни истадингизми? Бизда гўё Сиз уларни мажбур қилгандай таассурот қолди. Агар ўзлари Сизни суҳбатга таклиф қилишган бўлса, нега гапиргани қўйишмади? Таклифдан мақсадлари нима эди? Ё машҳур номингизни эълон қилиб, одам тўплашмиди шум ниятлари.
Радио суҳбатнинг якунроғида Сизнинг бир ҳамюртингиз гапларингиздан руҳланиб, қувониб гапирганида, Алишер: “Нега бунча тез кечирувчанмиз?” деб яна бир бор заҳрини сочди. Бу билан у Сизни мақтаб гапиришларини умуман истамаганини, Сизни ростдан ҳам кўролмаслигини, обрў эътиборингиздан аламзада эканини билдириб қўйди.
Радио раҳбари ўз худбин туйғусини ошкор қилиб, эшитувчиларга тазйиқ ўтказишга нима ҳаққи бор? Нега Сиз шу пайтда ҳам унга эътироз билдирмадингиз? Нимани ўйладингиз? Нимадан истиҳола қилдингиз?
Ахир Сиз кези келганда, ҳақ гапни айтиш учун ҳеч кимни аямайдиган журъат ва жасоратли журналист эдингиз? Нега бу гал ҳали журналистикада ҳеч иш қилиб улгурмаган қандайдир бир муттаҳамнинг олдида ожизлик қилдингиз?
Кези келганда яна бир гапни айтмоқчи эдик: “Озодлик” радиоси ўзбек мухолифати орасидаги ўзларига ёққан ва ўзларининг ноғорасига ўйнайдиганларга кўпроқ минбар беришади. Ҳақ ва тўғри сўзни айтувчилардан қўрқишади.
Масалан, Юсуф Жумага нега минбар беришмайди. У ахир ноҳақ қамоқда ўтириб чиққан исёнкор ўзбек шоири-ку! Ёки бўлмаса Муҳаммадбобир Маликов, Ёдгор Обид, Абдураҳим Пўлатов ва Санжар Умаровларни олиб кўрайлик. Уларнинг радиодан чиқмаганига ҳам анча вақт бўлиб қолди.
 “Озодлик” радиоси – Алишерга ўхшаган тайини йўқ, журналистикада ўз ўрнини тополмаган, талантсиз ва сурбет такасалтангларнинг котта холасидан қолган чорбоғими?
“Алишер Сиддиқов” номини “Гоогл”га солиб изласак, ҳемириям топилмади, ҳеч вақо чиқмади-ку. Яна кимсан – Исмат Хушевдек ўзбекнинг машҳур журналистига осиламан, қаршилик қиламан дейди, номард. “Сен аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ!” дейдиган бирорта фаросатли одам йўқмикан унинг атрофида.
Хуллас, биз “Озодлик” радиосидан, айниқса – унинг тасодифий раҳбари Алишердан қаттиқ ранжидик ва хафа бўлдик. Шунинг учун ўз фикримизни хат орқали ёзиб, Сизга етказишга қарор қилдик.
Буни эълон қилсангиз, зора улар ақлини йиғиштириб олишса. Ўзларига, айтадиган ҳар бир сўзларига эътибор берадиган бўлишса…
Ҳурмат билан,
ўзбекистонлик мухлисларингиз номидан:
Шокир Саъдуллаев,
Тошкент шаҳри.
27 май, жума оқшоми.
Яхши-суратим
“Дунё ўзбеклари”дан:
Нашримизда қатор танқидий мақолалари эълон қилинган – Ватан ичкарисидаги куюнчак ҳамкоримизнинг Бош муҳаррирга меҳр муҳаббат ва садоқат ҳисси билан тўлиб тошган бу мактубини эълон қилишдан олдин кўп ўйладик, мулоҳаза қилдик. 
Бугун якшанба тонггида яна бир бор муаллиф билан телефонда боғланиб, “Шуни эълон қилиш шартми” деб фикрини сўрадик. Кеча “Озодлик”ни тинглаб, жаҳл устида ёзган бўлса, бугун ўзига келиб қолгандир деб ўйладик.
Йўқ, у “Озодлик” нинг бошқа эшиттиришларини ҳам тинглаб, радиода фаолият олиб бораётган журналистларнинг таржимаи ҳолларини ўрганиб, бу борада қатор таҳлилий ва танқидий мақолалар ёзишга киришганини айтди.
Жумладан у Алишер Сиддиқнинг туғишган акаси илгари Ички Ишлар вазирлиги тизимида ишлаганини, ҳозир унинг нима иш қилиши билан қизиқаётганини маълум қилди. Баъзи маълумотларга қараганда у ҳозир махфий хизмат тизимида ишлаши мумкин, Алишер уларнинг “одами” деб, ўз башоратини ҳам яшириб ўтирмади.
Нима ҳам дердик. “Биз “Озодлик” радиосидаги ҳамкасб дўстларимизни ҳурмат қиламиз, уларнинг фидокорлик билан олиб бораётган заҳматли меҳнатларини қадрлаймиз.
Шахсан биз улардан заррача ҳам хафа эмасмиз.
Қолаверса, радио суҳбат ва баҳсларни тартиб билан олиб бориш, гапираётганларнинг фикр ва мулоҳазаларини тартибга солиб туриш, мавзудан четлаб кетмаслигини таъминлаш каби вазифалар – эшиттиришни олиб бораётган журналистлар зиммасида.
Шу маънода, биз Алишерни ҳам тушунишга ҳаракат қиламиз.
Модомики, бизнинг мухлисимизга унинг баъзи одобсизлиги қаттиқ теккан ва ёқмаган бўлса, буни ҳам Алишерга билдириб қўйиш бурчимиз. Ўйлаймизки, Алишер ақлли йигит, бундан тегишли хулоса чиқариб олади.
Айни пайтда куюнчаклик билан ёзилган хат ҳақида яна нима ҳам дейиш мумкин?
Биринчидан, Алишернинг яқинлари махсус хизмат ва куч ишлатар тизимларида ишламаслигини биз яхши биламиз.
Иккинчидан, унинг Исмат Хушев шахсига ғараз ва эътирози борлиги (агар ростдан ҳам бор бўлса)  – бу унинг шахсий иши. Биз учун бунинг заррача ҳам аҳамияти йўқ. Қолаверса, бундай майда чуйда нарсаларга эътибор беришга бизда фурсат ҳам, эҳтиёж ҳам йўқ. Бизнинг олдимизда бундан-да улуғвор ва оламшумул, ижтимоий, сиёсий ва ижодий вазифалар турибди.
Учинчидан, Шуҳрат Бобожонов мазкур кўрсатувга Юсуф Жума ҳам қатнашса деган таклифини айтган эди. Лекин мен буни ўз вақтида Юсуф Жумага етказолмадим.
Аниқроқ айтсам – унинг телефони жавоб бермади (балки ўзгаргандир)…
Қолган бошқа гапларни эса ўқиб, муҳокама ва мулоҳаза қилиш ҳар кимнинг ўзига, доно фикрига ҳавола.
Энг муҳими – матбуотга масъул бўлганлар ҳақида ёзилган танқидий хат ва мулоҳазалар, улар кимга аталганидан қатъий назар, албатта матбуот юзини кўриши шарт.
Агар Ўзбекистонда ҳам ҳукумат шу одатни йўлга қўя олганида эди, жамиятдаги муаммо ва таназзуллар бугун бу қадар ривожланмаган ва авжига чиқмаган бўларди…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
28 май, 2016 йил,
Торонто шаҳри, Канада.

20 шарҳ

  1. Агар Сиз истамаганингизда бу жанжал умуман йўқ эди. Шокир Садуллаевнинг мақоласини бериш шарт эмас эди. Уни “Озодлик”ка юборсангиз олам гулистон эди. Нимадандир ўзингиз ранжигансиз, шекилли, ҳамма нарсани элга достон қилиб юбордингиз. Буни кўриб ўзбек ҳукумати ва хусусан снбчилар фақат хурсанд бўлишади, холос. Шу керакми бизга ҳозир?

  2. Агар ҳозир ўзбек мухолифати орасида “Озодлик” фаолияти бўйича сўров ўтказилса, кўпчилик бу ерда айтилаётган гапларни қўллаб қувватлайди. Озодликчилар, хусусан унинг раҳбари Алишер бундан хулоса чиқариши керак. Исмат Хушевдан ёки унинг сайтидан хафа бўлиш ўринсиз.

  3. Ozodlik radiosini tanqid qilganimiz bilan foydasi yo`q. Ulatni almashtirish kerak.

  4. Алишер Сиддик Исмат акани мухлислари томонидан Атакага учради шекилли ;)). Аммо Алишер Сиддик, Исмат ака ХУШЕВни гапларини айтилиши такикланган еки бу ерда биз хужайин дегандик тутди, албатта журналистлар фаолитини узлари яхши билишади каерда кандай суз янграши керак эканлигини Шухрат Бобожон Шер укиганда эса у кишининг иктидорига Яна Бир бор амин булдим, шахсан мен Дуне узбекларини ашадий укувчилариданман, бу сайтни хурмат киламан.

  5. Озодлик радиоси ходимларига

    Бу ерда кўтарилган танқидни тўғри қабул қилиш керак. Сизлар тарафкашлик қиласизлар доим. Ўзларингизга ёққан одамларни доим чиқарасизлар. Лекин ўзбек мухолифатининг юзлаб, минглаб вакилларини кўрмаганга ва билмаганга оласизлар. Юқорида номлари келтирилганлардан ташқари яна бир гуруҳ мухолифат аъзолари бор. Исмоил Дадажонов, Намоз Нормўмин, Ҳазратқул Худойбердиев, Башорат Эшова, Матлуба Азаматова, Ғофурбек Йўлдошев, Абдурашид Отажонов, Абдувоҳид Ҳайитов. Америка, Канада, Европа ва Араб давлатларида қанчаси бор. Уларни санайверсак, адоғи йўқ. Нега буларни ҳам “Озодлик” эсламайди. Фақат бир гуруҳ одамлар доим чиқиши керак, бошқалар чиқмаслиги керак. Исмат Хушев бу масалани кенгроқ ва каттароқ муҳокамага қўйиш керак аслида. “Дунё ўзбеклари” тўғри қилади сизларни танқид қилиб, бўлмаса Каримов режимидан сираям фарқларинг қолмайди. Ўзбекистонда фақат биз адолатни тиклаяпмиз деб жаа ҳадларингдан ошиб кетдиларинг…

  6. o’qituvchi

    Исмат Хушев ҳам пайғамбармас. Ҳадеб мақтайвермайлар. “Дунё ўзбеклари” яхши сайт. Буни тан оламиз. Лекин “Озодлик”ка нисбатан Исмат Хушев уюштирган бу тарафкашлик яхшиликка олиб келмайди. Агар Исматбек мард бўлса бутун куч қувватини Каримов ва Иноятов режимига қарши қаратиши керак, Озодликка эмас. Ана ўшанда унга қойил қолиш мумкин.

  7. Vatandan

    Бир пайтлар “Бирдамлик” лидери Баходир Чориев камазлари билан Оқ уй олдида Озодлик раҳбарлари истефосини сўраб, митинг қилганида устидан кулганлар ҳам бўлди. Мана бугун Баходир хақ эканини кўриб турибмиз. Озодлик ундан қурқиб қолди. Ҳозир тез тез чақириб туради эшиттиришларига. Бўйнида иллати борнинг оёғи қалтирайди деб шунга айтсалар керак-да. Энди Юсуф Жума ҳам бола чақаси билан Оқ уй олдида ўтов тикиб митинг қилиши керакми? Нега уни ва Шокирвой мақоласида тилга олган бошқаларни чақиришмайди радиога. Масалан, Мутабар Тожибой қизи, Саҳвий, Ёдгор Турлибой, Фазлиддин Ёқуб, Алибой Йўляхшиларни умуман эшитмай қўйдикку кейинги пайтларда. Озодлик фақат ўз доирасидаги таниш билишларини эшиттиришга чақиради. Бундай бемаъни тарафкашликка чек қўйиш вақти келди. Биз бу ерда фақат четдагилардан умид қилиб юрибмиз. Ўлиб кетдикку бу мараз ва сотқин каримўпчилар орасида қачон озодликка чиқарканмиз деб…

  8. Xeva

    Исмат Хушев хукумат тарапида булса биз хам хукумат тарапидамиз. Карши булса биз хам каршимиз. Олдин у Каримовни мактарди, биз хам мактардик. Энди eмонлаяпти, биз хам eмонлаймиз. Негаки биз Исмат Хушевни китопларини укиб, у кишига ишонганмиз ва михр куйганмиз.

  9. Shoxida

    Biz ham Ismat Hushevning muhlisimuz, Ozodlikdan hafa bo`ldik. Alisherni tanimaskanmiz. Endi tanib oldik. Bachkana va engiltak odam ekan. Rahbarlikka mutlaqo noloyiq. U avval jurnalistikani, maqola yozishni Ismat Hushevdan o`rganishi kerak.

  10. Bobur

    Журналист Исмат Хушевнинг борлиги ва баъзи баъзида Озодлик радиосидан чиқиб туриши жуда қувончли ҳол. Мен ҳар гал унинг чиқишини катта қизиқиш билан эшитаман. Ҳар доим у бизни ўз гап сўзи билан ҳаяжони билан мафтун этиб келади. Унинг кимлигини билмоқчи бўлганларга “Дунё ўзбеклари” сайтига кириб, унинг ёзган мақолаларини диққат билан ўқиб чиқишни тавсия қиламан. Биринчи ўринда Алишер қилиши керак бу ишни. У ҳали Исмат акани яхши билмаскан. Худди ёш болани бўлиб қўйгандай бўлиб қўйди. Кимдир Исмат акага яхши гап гапирганида, уни нимагадир жеркиб ташлади. Маданиятли одам, журналист одам, раҳбар одам бундай қилмаслиги керак эди.

  11. Jaloliddin

    Бу Алишер деган ўргимчак олдин ббс да ишлаб, ўз ўрнини тополмай Озодлик”ка ўтиб кетган эди. Кейин қандай қилиб у ерга бошлиқ бўлиб олди, худо билади. Озодликнинг ўзида қанчадан қанча бошлиқ бўлишга арзийдиган тажрибали журналистлар бор. У аввал журналистикани ўрганиб олиши керак. Бугун мухолифат сафларида минглаб одамлар бор, умрида бир марта хам Озодлик дан чиқмаган. Улар билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Монополия қилиб олди Алишер деган луттибоз бу радиони. Мен Фазлидди Ёқубнинг гапларига тўла қўшиламан. Холислик етишмайди буларга.

  12. Мухаммад Амин

    Мен Шокир Садуллаевнинг мақоласини диққат билан ўқиб чиқдим. Кўнглимиздаги айни гапларни ёзибди, отасига раҳмат. Озодлик радиоси ходимлари ўзларини бозордаги чайқовчилардай тутишади. Биров энди яхши фикр айтаман деса, Ўзбекистон раҳбарлари ёки СНБ ни ёмонлайман деса, айтгани ва ёмонлагани қўйишмайди. Исмат Хушев билан ҳам худди шундай бўлганини кўрдик. Агар Алишернинг калласи ишлаганида эди, у Исмат Хушев шу бугунгача айтмаган сир асрорларни учини очганида, ҳамма нарсани тўхтатиб, ўша эшиттиришда гапиртирб олиши керак эди. Калласи ишламаслигини шундан ҳам билса бўлади. Исмат Хушев биз учун ўта муҳим сирни очмоқчи бўлди. У Тошкентга борганида ўзбек ҳукумати ва снб билан бўлган музокаралар сири. У гапни бошлаши билан Алишер сўзларини бўлиб, тўхтатиб қўйди. Бу бориб турган сотқинлик ва снбчиликдан нишона эмасми?

  13. xolis

    Мен ҳам эшитиришларда қатнашганман “озодлик”даги мухбирлар ўзларини кўп кўрсатишади гуёки реклама қилишиб. Қанақа ахмоқгарчилик журналисни вазифаси савол бериш, ҳа деб гапириш эмас. Отти калласидек ойлиқ оласанлар ўз устиларингда ишламайсанлар. Берадиган саволларинг тутуриқсиз. Маза матраси йўқ. Калланг ишламайди кўпинча. Келиб келиб Исмат Хушевдай узбек журналистларнинг отасига тош отасанларми? Эчкини улгиси кеса, қасоб билан уйнашади…

  14. Shayboni

    ОЗОДЛИК РАҲБАРИ БУНДАЙ МУЪТАБАР ЭРК ТАРҚАТАЁТГАН РАДИОГА МУНОСИБ ЭМАС. БУ АЛИШЕР ДИГАНИ ЭШИТИРИШНИ ОЛИБ БОРСА КАРВОН САРОЙГА КЕЛГАНДЕК БЎЛИБ ҚОЛАСАН КИШИ. САНИ ҲУРМАТ ҚИЛИБ ИСМАТ ХУШЕВДАЙ ТАЛАНТЛИ ЖУРНАЛИСТ, БИЗГА ЎХШАШ ДУНЁ МАЗЛУМЛАРИНИНГ ЙЎЛБОШЧИСИ ЭШИТТИРИШИНГГА КЕЛСА, ҲУРМАТИНИ ЖОЙИГА ҚЎЙДА, НОМАРД. ШУҲРАТ БОБОЖОН БУГУН ЭРТА ЎЛАМАН ДЕБ ТУРГАН ШОИРНИНГ ШЕРИНИ ЎҚИСА УНГА ТАШЛАНСАНГ, ИСМАТ ХУШЕВ ТЎҒРИ ГАПНИ ГАПИРАМАН ДЕСА УНГА ТАШЛАНСАНГ, САН ЎЗИ КИМСАН? САНДА БИР ОЗГИНА ФАРОСАТ БОРМИ ЎЗИ? ҲУКУМАТНИ МАҚТАГАНИДА БЎЛМАСДИНГ, ЭНДИ ҲАҚ ГАПНИ АЙТИБ, ТАНҚИД ҚИЛА БОШЛАСА ЁҚАСИДАН ОЛАСАН, СНБДАН ҚЎРҚДИНГМИ Ё. ҲОЛЛАНДИЯДА ИСМАТ ХУШЕВ БИЛАН ЎЙНАШАМАН ДЕГАН НАМОНГОНЛИК ТЕНТАК БИР МУТТАҲАМ БОР ЭДИ. ХУДОНИНГ ЎЗИ ЖАЗОСИНИ БЕРДИ…

  15. Men Ismat Hushevning saytidan ancha uzoklashib ketgandim . Sababi – men u odamni tanimasdim . Yangi dunyo saytidan taniy boshlaganman . Dunyo Ozbeklari saytida juda katta samimiyat bilan ishtirok etardim . Bu samimiyatim biroz chegaradan oshdimi bilmadim yoki kimgadur makul bolmadimi , vaziyat ozgardi . Endi Ozodlik radiosiga kelsak hakikatdan ham holislik etishmayotganga ohshayapti . Chunki , bizlar ham kop hakikiy fikrlar chikarilmayotganidan kattik iztiroblardamiz …

  16. Shuxrat Normurod

    А.Сиддиқ гапларидан махсус хизматни одами бўлиши мумкин. Бу журналист доимо ўзига ўхшаган уқувсизларни чақиради радиога шуни айтишадида мол эгасига ўхшамаса ҳаром ўлади деб. Алишер Исмат Хушев олдида ҳеч ким эмаслиги шундоққина кўриниб турибди. Ҳатто радионинг энг кўзга кўринган журналисти Шуҳрат Бобожонов ҳам Исмат акага нисбатан маълум маънода ҳурмат сақлаб туради. Алишерга айтмоқчимиз: “Обрўйинг борида этагингни йиғиштириб ол. Йўқса, кеч бўлади”…

  17. O’zbekxan

    Алишерни журналист сифатида савияси пастлиги бошқа ҳамкасиблари ичида яққол кўриниб тўради. Ундан ташқари ҳаммани фикрини тез тез бузади енгилтакларча. Кўролмаслик масаласига келсак Исмат ака ва унга ўхшаган талантларни бундайлар ичиқоралик билан қарши олиши табийдир. Исмат Хушевнинг олдида бу бола касб нуқтаи назаридан бачча ҳали. У Исмат акага етиб олиши учун кўп меҳнат қилиши ва тер тўкиши керак. Ким уни Озодликка раҳбар қилиб қўйган бўлса ҳали пушаймон қилади ва жавоб беради…

  18. Ҳурматли Дунё ўзбеклари сайти муҳлислари, мен юқорида Алишер Сиддиқ тўғрисида ва Озодлик радиоси ҳақидаги туркум танқидларнинг барчасига тўлиқ қўшиламан.
    Бугунги кунларга келиб ОЗОДЛИК радиоси кўчадаги аёлларнинг деди-деди гапларию, бўлиб ўтган ноҳуш ҳабарларнинг жарчисига айланди.
    онда-сонда унинг обрўсини Шароф Убайдуллаев, Исмат Ҳушев, Ҳамроқул Асқар, Абдураҳмон Ташановларнинг чиқишлари сал кўтариб беради. Бу ҳам каттиқ ҳалақит беришлар эвазига.
    Ҳолислик етишмайди, махсус кучларга тегишлилиги рост!!

"6" Comments
  1. Озодликнинг ўзбек хизмати мухбирларига қасида

    Абутов Муҳаммсолиҳ
    (Озодликнинг ўзбек хизмати мухбирларига қасида)

    Озодлик мухбирларин бизга таниш, сиймоси,
    Прагада офиси, АҚШда раҳнамоси.
    Ўзбек бўлими машҳур, бутун Ўзбекистонда,
    Олтмиш йилки, тинмайди унинг саси, садоси.
    Бугун бу ерда ишлар, беш ўнта мухбир шоввоз,
    Кеча кундуз тинмайди, лекин айюҳанноси.
    Чорак аср бўлдики, ўша ўша, битта гап,
    Газ йўқ, ток йўқ, ҳаказо.., эл юртнинг муаммоси,
    Хуллас, бу ерда мудир, бўлган Алишер Сиддиқ,
    Ўзи ҳали ёш бола, бор эканда даҳоси.

    Қариялар ичида, Сарвар Усмон биринчи,
    «Озод Назар»ини ҳеч, йўқ мантиқи маъноси.
    Ака Садри шубҳасиз, содда, қишлоқи инсон,
    Лекин мен уни дерман, мухбирларнинг доноси.
    Сирожиддин Исломни, БиБиСичи дейишар,
    Аммо, у Озодликни, уламоси, муллоси.
    Бобожонларга келсак, Ҳурматига ҳурматим,
    У бола Бобожонлар, ичин ақли расоси.
    Қурултойчи рассомга келсак, нимаям дердим?,
    У ўзи тан олгандек, «Шарли Эбдо» шайдоси.
    Замира Шукурни биз, борига шукр деймиз,
    Бу аёл асли барча, мухбирларнинг пешвоси.
    Ўзи диндан бехабар, диний дастур устаси,
    Тан оламиз Барнони, аёлларнинг барноси.
    Меҳрибон меҳрин сочар, доимо одамларга,
    Ўзи меҳр тополмай юрган, меҳр гадоси.
    Фаррух Юсуфни шаксиз, алоҳида ўрни бор,
    У бўлмаса бўлмасди, Озодликнинг зиёси.
    Умидбек Москвадан, тарқатар нохуш хабар,
    Меҳнат муҳожирларин, турли хил можароси.
    Шерзод Қирғизистонда, туриб мухбирлик қилар,
    Тузукроқ дастури йўқ, йўқдир меҳригиёси.
    Афғонлик мухбир Олим Кўҳкан дейилар, номи,
    Тиниб тинчимас доим, афғонлар муаммоси.
    Яна, битта яримта, кимса ишлар, у ерда,
    Мана шулар Озодлик, хизматининг асоси.
    Кеча — кундуз тинмасдан, гап сотади, шоввозлар,
    Билмаймиз қанча турар, бу меҳнатлар баҳоси?!
    Истасалар улуғлаб, истаса қилар бадном,
    Йўқолмасин одамни, инсоф, виждон, ҳаёси.
    Кимгадир ёқмай қолсанг,»байкот» қилишар тамом,
    Микрофонни тутмагай, шудир сенга жазоси.
    Тўғри, баъзида жиддий, гап сўзлар бўлар, бунда,
    Лекин, билинмас қачон, ибтидо, интиҳоси?!
    Зулмга қарши чиқиш, шаксиз, улкан жасорат,
    Тугамас экан лекин, золим, жабру — жафоси.
    Тобора Озодликдан, алоқасин узмоқда,
    Хорижда мухолифат, барча казо — казоси.
    Бу ажойиб мухбирлар, ўз билганидан қолмас,
    Уларда ҳам бор ахир, таниш — билиш, ошноси.
    Улар ҳам тирикчилик, қилмоғи лозим, албат,
    Деманг; булар мухбирлик, касбининг жон-фидоси.
    Гарчи бўлсада махсус, низом, тартиб, қоида,
    Улар ҳам биздек одам, кўпдир нуқсон, хатоси.
    Қўлидаги имкондан фойдаланиб туришар,
    У бу кимдан, олишиб, қолган бўлса, қасоси.
    Улар орасига ҳам, шайтон иғволар солар,
    Билиниб қолар баъзан, баъзан, ички низоси.
    Ўйламайдилар, улар, бир кун «собиқ» бўлишин,
    Тожу — тахт, микрофонни, бўлган эмас вафоси.
    Майли юрсинлар ўйнаб, давру — давронин суриб,
    Барибир бир кун тугар, ҳаёт кайфу — сафоси.
    Булардан бирорта ҳам, одам рози бўлганмас,
    Гарчи бетараф, холиc, туришлик иддаоси.
    У бу шахсга, гуруҳга, тарафкашлик ёмондир,
    Булар ҳам бўлиб бўлган, шу бало, мубталоси.
    На чора, буям балки, мухбирларга қисматдир,
    Инсон зоти турфа хил, тугамас муддаоси.
    Холислик даъво қилгач, холис бўлинг, жаноблар,
    Ғаразгўйлик дардининг, топилмаган давоси.
    «Тўғри гап туққанинга, ёқмайди» деган, гап бор,
    Танқидни ёқтирмайди, булар кибру — ҳавоси!
    Гина кудурат қилиш, сизга ярашмас, асли,
    Холисликнинг шарти шу, бўлмайди истисноси.
    ИАК каби мақтовни, истасангиз, мабодо,
    Унда бўлинглар, бир эл, мустабиди, подшоси.
    Мен қаршилик қилгандим, бир пайтлар Чориевга,
    У ўйларди, лозим деб, буларнинг истеъфоси.
    Ўйламанг «ҳасад қилар, бизга одамлар» дея..,
    Сизлардан кам эмасдир, бизда, дунё матоси.
    Босар тусарин одам, унутмаса яхшидир,
    Юзда бўлар намоён, қалб сирлари, жилоси.
    Сизларга ёмонликни, раво кўрганимиз йўқ,
    Бу қасида сизга бир, насиҳатгўй дуоси.
    Барибир, қай маънода, тақдиримиз ўхшашдир,
    Сизлар ҳам бизлар каби, юртининг мосивоси.
    Аслида ҳаммамиз ҳам, юрган ватангадомиз,
    Ҳаммамиз битта ватан, фарзанди, фуқароси.
    Имон неъмати борлар, унутмасин ҳеч қачон,
    Сизга лозимдир албат, Яратганнинг ризоси!
    Имони бўлмаганлар, виждонни лозим тутсин,
    Бу сизлардан оддий бир, мухлисни илтимоси.
    Бу гапларим ярим чин, балки ярим ҳазилдир,
    Деманглар буни сизлар, «Озодликни сазоси»!
    Тан оламиз Озодлик, радиоларнинг ичинда,
    Ҳозирча энг машҳури, пешқадами танҳоси.
    Бу шеърим учун мени, «оқ» қилсанглар, начора?,
    Шу эканда мен учун, азал тақдир, қазоси.
    Сизга қасида ёзиб, салом йўллайди Саҳвий,
    Авф этинглар ҳаддидан, ошганда эҳтироси.

    ………..

    Саҳвий.

    02.02.2016

  2. Неъматжон Рахимов

    Мен эса шу Алишер хакида ёзишни хам истамас эдим. У киши хозир менга “Озорликда” суз бермай куйган. У кишини ким у ерга утказиб куйганига тушунмайман У киши принцпсиз бир инсон сифатида узбеклар устидан кулади. Бунга куп бора амин булганмиз. Баъзи гаплари учун олдимда булганда узим билар эдим уни нима килишни!

  3. Ismat Xushevni maqtab, Alisher Siddiqni yomonotliqqa chiqarayotganlar diqqatiga!!! Men ishonmayman Alisherning MXXga xizmat qilishga, Ismatni ko’raolmasligiga, uning saviyasi pastligiga. Alisher juda yaxshi jurnalist ekanligiga ishonaman. Alisher ishlayotgan Ozodlik radiosining barcha jurnalislari haqida ijobiy fikrdaman. Ismatjon ukamizni ham ular qatorida birdek ko’raman. Shokir Sadullaevning qalbi toza emasligiga, maqolani yaxshi niyatda yozmaganligiga ishonaman…

  4. Dilimizdagi gaplar…

  5. Ассалому алайкум Исмат ака Озодликдаги чикишингиз жуда зор болди, бундан кейин Озодликни курултой дастуридамас. ОзодНазар дастурида чикиш килиб турсангиз максадга муофик боларди. Энди мазза килиб Отам Онамла билан тинглаймиз деганда сизни сўзларингиз болиб юборилди. Жуда яхши гапирдиз. Исмат Хушев ва Шароф Убайдулаев сингари журналистлар Узбекистон учун хозир жуда зарур. Ташшакур сизга Узбекистонни шартли санитарлари.

Leave a Reply
*