Menu
Categories
Эркин Воҳидов ила суҳбат: “Қалбларимиз ҳудудини омон сақлайлик”
06/01/2016 Адабиёт
ЭВОҲ
Эркин Воҳидов: “Қалбимиз ҳудудларини омон сақлайлик”
  • Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидов билан суҳбат
    – Сиз севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг Миллий театримизда бўлиб ўтган 70 йиллик юбилей тантанасидаги табрик сўзингизда кўп­чиликни ҳаяжонлантириб юборган бир воқеа тафсилотини айтдингиз. Яъни, сўз санъаткори Абдулла Қаҳҳорнинг ўша долғали 60-йилларда Сиз ва Абдулла Ориповга нисбатан “Сизларни бу аждаҳоларга ем қилиб бериб қўймайман” деганларини эслатганингизда ўтирганлар бир қалқиб тушгандек бўлди. Агар мавжуд воқелик нуқтаи назаридан олиб қараганда ростдан ҳам бу сўзлар ҳақиқий жасорат тимсоли эди. Назаримда худди мана шу жойда адабиётга садоқат ва эътиқод масаласи бўй кўрсатади. Адабиётнинг яшовчанлиги ва софлиги ижодкор эътиқоди ва фидойилиги билан чамбарчас боғлиқ ҳодисага ўхшайди. Сиз бунга нима дейсиз?
    – Ўтган асрнинг 60-йилларида адабиётга кириб келган янги авлод – бамисоли навбаҳорнинг илк бойчечаклари бўлдик. Чинакам баҳорга ҳали узоқ эди. Қиш хатари кетмаган, бир совуқ ел бизларни адо қилиши ҳеч гап эмасди. Лекин биз буни сезмас, ўйламас эдик. Танқидларни самимий қабул қилардик. Кўпни кўрган устозлар, қатоғон йилларини бошдан кечирган кекса авлод бу хил айбловлар оқибатини билиб, ҳис этиб, хавотирланишар эди.
    Ғафур Ғулом 1966 йилнинг апрелида Тожикистон ёзувчилари анжуманига борар экан, Комил Яшинга айтиб мени ҳам рўйхатга киритганини, йўл-йўлакай бу боланинг қулоғини чўзиб қўяман, деб айтганини эшитганман. Дарҳақиқат, у киши ўша сафардан қай­тишда менга танбеҳ бериб: “Сиёсатга тўғри келмай­диган шеърлар ёзармишсан. Ҳукумат билан ўйнашма, жимжилдоқдек шоирсан. Бу давлат маршалларни ҳам отган”, дегани қулоғимдан кетмайди.
    Бу отадек меҳрибон, куюнчак устознинг сўзлари эди.
    Абдулла Қаҳҳор табиатан исёнкор адиб сифатида бизни йўлдан қайтариш эмас, аксинча қўллаб-қувватлаш, қалқон бўлишдек масъулиятни зиммасига олган эди. Ўз асарларига бизнинг шеърларимиздан эпиг­раф олгани, “мен шу ёшлар томонидаман, уларга тега кўрманг”, деган жасоратли хитоби эди.
    Ижодкорлар бир-бирига ўхшамаганлари каби устозларимиз: Миртемир, Зулфия, Асқад Мухтор, Шуҳрат, Саида Зуннунова, Озод Шарафиддиновларнинг бизга меҳру ардоғи ҳам турли йўсинда бўлган. Уларнинг ёди олдида қарздормиз ва бу қарзни ижодкор ёшларга меҳр кўрсатиб узмоғимиз керак. Сиз айтган адабиётга садоқат ва эътиқод масаласи ҳам аввало сўз санъатининг келажаги тўғрисида қайғуришдан бошланади. Адабиётимиз олдида қайғуришга лойиқ муаммолар бор. Замон янги, авлод янги, дунёқараш, муносабатлар янги. Рақобатли дунёда китобнинг қуд­ратли, сеҳргар рақиблари кўп. Аввалги мавқеини тик­лаш учун янги авлоддан фавқулодда истеъдод ва мислсиз жасорат талаб этилади.
    – Ҳар бир миллат адабиётининг ўз овозлари бўлади. Бу “овозлар” ўша миллат адабиётининг, маънавиятининг тимсоли саналади. Ўтган ХХ аср ўзбек шеъриятида ўнлаб янгроқ овозлар пайдо бўлди ва авж пардаларда жаранглаган бу овозларнинг акс-садоси ҳамон эшитилиб турибди.
    Хассос шоир Абдулла Ориповнинг шеърияти ўзининг теран фалсафаси билан, шоир Рауф Парфи ижоди шакл ва моҳиятдаги янгиликлари билан, Ҳалима Худойбердиева, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Азим Суюн ва Мирзо Кенжабек сингари шоирларнинг шеърияти ўзининг бетакрор жозибаси ва оҳанглари билан алоҳида ажралиб турди. Сизнинг ижодингиздаги Сўз эса жўшқинлиги ва сержило оҳанглари билан ўқувчи қалбини забт этди.
    Айтмоқчи бўлганим: эндиликда адабиётимизда бу янгроқ овозларга ҳамоҳанг ва сафдош овозлар намоён бўлмаётгандек. Нима, истеъдоднинг юзага келишига ҳам ижтимоий-тарихий ҳаётнинг таъсири бўладими?
    – Ҳар бир замоннинг ўз идеаллари, ихлос қўйган санъати бўлади. Миллий театримизнинг Маннон Уйғур, Етим Бобожон раҳбарлик қилган, Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурхон, Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраевалар гуркираган даврини эсланг. Марғилонда Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Хоразмда Комилжон Отаниёзов авж пардаларда куйлаган даврларни ёдга олинг. Муқимий номидаги театрни жаранглатган Маҳмуджон Ғофуров овози ҳам санъатимиз тарихида ёрқин саҳифа бўлган. Бугун энди эстрада замони. Овоз борми-йўқми, фарқсиз, ҳамма қўшиқ айтадиган бўлди. Савод борми-йўқми, ҳамма қўшиққа сўз ёзадиган бўлди. Овоз кучайтиргичлар қулоқ пардаларини ёриш даражасига етди. На илож, ҳозирги ёшлар шуни яхши кўрадилар.
    Тегирмон навбати билан айланар экан. Шеърият ҳам қирқ-эллик йил аввалги шуҳратини тиклаб олар. Ёшлардан умид катта. Уларга эътибор ва ғамхўрлик ҳам ҳар қачонгидан юксак. Адабиётимизнинг келажаги муҳтарам Президентимиз диққат марказида турган масалалар сирасига киради. Юртбошимиз топшириғи билан тузилган «Ижод» жамоат фонди энг бой ва фаолият доираси кенг жамғармалардан бири. Янги таъмирдан чиқарилган Дўрмон боғи энг шинам ижод маскани бўлиб қолди. Бу ғамхўрликлар албатта ўз ҳосилини беражак.
    – Биз мактабни тамомлаётганимизда Ҳаз­рат Навоийнинг 550 йиллик тўйи нишонланган эди. Рос­тини айтиш керак, биз ўрта мактабдан Навоий ҳақида бор-йўғи уч-тўртта жумла ўрганиб чиқдик. Тўғри, ўша пайт дарсликларида Ҳазратнинг қарашлари, идеаллари бузиб кўрсатилган, ҳукмрон мафкура “мусиқаси”га мослаштирилган эди. Бугун орадан 20 йил ўтибди. Мустақиллик йилларида Навоий ижодини ўрганиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилди. Мамнуният билан айтишимиз мумкинки, шу кунларда бир гуруҳ заҳматкаш олимларимиз томонидан Ҳазратнинг тўлиқ асарлар тўплами қайта нашрга тайёрланмоқда. Аммо мени ўйлантирган масала шундаки, Ҳазрат Навоий ҳақида бугунги ўрта мактаб битирувчиси, биз – 20 йил бурунги битирувчилардан кўпроқ нарса билишига ишониш қийин. Назаримда, ўрта мактаб­ларимиздаги педагог-кадрлар савиясига кўп нарса боғлиққа ўхшайди…
    – Ҳар бир миллатнинг келажаги истаймизми-йўқми, ўқитувчилар савиясига боғлиқ. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз лозим. Биз эндиликда шўроча мафкурадан, адабий мезонлардан бутунлай қутулдик. Адабиётимизни, хусусан, мумтоз адабиётимизни бутун бўй-басти билан кўрсатадиган вақтлар келди.
    Биз улуғ адибларимизнинг мумтоз асарларини боқий деб атаймиз. Дарҳақиқат, юз йиллар, минг йиллар ўтиб оҳорини йўқотмаган ижод намуналари бор. Мумтоз адабиётимиз намуналари орасида баъзан шундай байтлар, мисралар борки, уларни мутолаа қилган инсон қалби ва руҳиятида ажиб бир ўзгариш, покланиш содир бўлганини ҳис этади. Бу ғазаллар оддий илҳом лаҳзаларида эмас, илоҳий илҳом тўлқин­ларидан ту­ғилган бўлса ажабмас. Болаларимиз мана шу бебаҳо ва беқиёс маъволардан бебаҳра қолмас­лиги керак.
    Лекин бу борада бошқа бир ҳақиқатни ҳам тан олишга мажбурмиз. Ҳар замоннинг ўз тафаккур тарзи бўлади. Бугунги ёшлар онгини ҳар дақиқа босиб келувчи ахборот тўфони кўмиб ташлаган. Ўрта аср хотиржамлиги йўқ. Томоша, ўйин-эрмакнинг ҳам минг хил тури бор. Ҳақиқатга очиқ кўз билан қараган инсон бугун Навоийнинг оммавий мутолаа қилинмаслигини тўғри тушунади.
    Мен ўзим ҳазрат ғазалларини ёшликдан ўқиб қалбга сингдирганман ва бу соҳир сўздан ҳамманинг баҳраманд бўлишини истайман. Лекин бу ширин орзу, холос.
    Навоийни XV асрда ҳам барча бирдек тушунган эмас. Сўзларининг мазмунини билганлар ҳам сўз остида ётган чуқур маънонинг илдизига етиб боролмаганлар. Буюк шоир ташбеҳларини англаш учун мадраса илми камлик қилган.
    Ҳазратнинг муҳташам “Хазойинул-маоний”сини бошлаб берган:
    Ашрақат мин акси шамсил каъси анворул ҳудо,
    “Ёр аксин майда кўр”, деб жомдин чиқти садо.
    – байтларини Алихон Тўра Соғуний ҳазратлари бир соатга яқин шарҳ қилган эдилар. Кейин англасам, бу шарҳ тасаввуф илмидан ажиб бир сабоқ бўлган экан.
    Миртемир домладан: “Нега ижодхонангизда Пушкин сурати стол устида, ўзимизнинг Навоий панароқ жойда турибди”, деб сўраганимизда, устоз шоир шундай жавоб берган эдилар: “Мен Пушкинга тик қарашим мумкин. Уни бошдан-оёқ ўқиганман, кўп таржима қилганман. Лекин Навоийни ростмана англаб етма­дим, барча асарларини ўқиб мағзини чаққан эмасман”.
    Устознинг бу сўзларини машҳур навоийшунос олим Абдуқодир Ҳайитметовга айтсам, у киши камтарлик билан: “Биз ҳам шундай”, деган эдилар.
    Бу сўзларим, Навоийни ўқиб англашга уринмай қў­яқолайлик, деган маънони билдирмайди. Ҳазрат – ўзбекнинг ота шоири. Унинг асарларини бошдан оёқ ўқиб таҳлил қила олмасак-да, энг машҳур ғазал, рубоий, туюқ, фардларидан, достон ва маснавийларидан бир шингил бўлса-да ёд билмасак, улуғ шоир бундоқ деганлар, деб ҳикматли сатрларни айтолмасак, ўзбек­лигимиз қаерда қолади?
    – Дунё моддийлашиб бормоқда. Эндиликда ҳар бир нарса моддий қиймат билан ўлчанадиган бўлиб қолди. Кишилардаги романтик руҳият ўрнини реалистик кайфият эгаллаб бормоқда. Табиийки, бундай шароитда одамларни, хусусан, ёшларни китобга, бадиий адабиётга қизиқ­тириш осон кечмайди. Бироқ китобсиз яшаб ҳам бўлмайди. Шундай экан, сизнинг-ча, “қизиқти­риш” жараёнини қаердан ва қай йўсинда бошла­ган маъқул?
    – Бунинг учун қўлимизда турган имкониятлардан унумли фойдаланишимиз керак. Имкониятларимизни фарзандларимизнинг келажаги, миллатимиз маънавияти, адабиётимиз равнақи учун фойдали ишларга сафарбар этишимиз лозим.
    Бугунги кунда интернет деярли ҳар бир хонадонга кириб улгурди. Бироқ телевидение оммавийликда ўзининг етакчи мавқеини бўшатиб бергани йўқ. Уни ҳамма кўради, эшитади. Элга танилишнинг йўли – телевидениеда кўриниш. Қайси хонанда телевизорда кўпроқ чиқса, тўйларнинг тўри уники. Шоир, ёзувчилар тўйга юрмайдилар, телевизорда чиқишдан манфаатлари йўқ, ойнаи жаҳондан ўзларини тортиб юрадилар. Бу тўғри эмас, албатта. Элга кўриниб туриш, эл ичида бўлиш одамларда адабиётга, китобга меҳр уйғотиш учун керак. Ахир меҳр кўзда деган гап бекорга айтилмаган.
    Биз ўзбекларда истиҳола кучли. Ўзни намоён қилишдан тортинамиз. Ахир бизнинг ўнлаб ноёб истеъдод эгаси бўлган, юрт ардоғидаги шоирларимиз, ёзувчиларимиз бор. Улар зинҳор телевизорда кўрин­майдилар. Шеърлари ўқилса ҳам кадр ортидан, муаллифи айтилмай ўқилади. Бу камтарликнинг фойдасидан зарари кўпроқ.
    Шу ўринда бир воқеа эсимга тушди. Саксонинчи йиллар эди. Мени ўртача лавозимдаги вазифага та­йинлаш учун ҳужжат тайёрлаётган юқори идора мансабдори таржимаи ҳолимни ўқиб шундай деган эди: “Мен сизни жиддий раҳбар деб ўйласам ҳали шеър ҳам ёзасизми?”
    Бундай тушунча ҳамон йўқолмаган кўринади. Биз­нинг тортинчоқлигимиз адабиётни ўлдириши мумкин. Яна такрор айтаман, улкан рақобат асрида яшаяпмиз. Инсон қалбидаги ҳудуднинг ҳар қаричи учун кураш кетаётган замон. Биз чекинаётган қўшин каби анчагина ҳудудимизни бой бердик. Муҳтарам Юртбошимизнинг ўтган йил Ёзувчилар уюшмаси раиси билан қилган мулоқоти ва бадиий ижодга улкан шароитлар яратиб бергани бежиз эмас. Адабиёт ҳамиша маънавиятнинг олдинги қаторида борган ва шундай бўлиши керак. Бунинг учун етарли куч-қувватимиз бор. Энди ўша истиҳолани йиғиштириб, халқ билан мулоқотнинг ҳамма шаклларидан фойдаланишимиз лозим. Бу замон олдидаги, Ватан олдидаги бурчимиздир.
    – Эркин ака, ижодкор ўз ҳайратларини сақлаб қолиши билан бошқалардан ажралиб туради. Суҳбатимиз якунида бугунги кун ҳайратларингиз ва ижодий режаларингиз ҳақида сўрасам майлими?
    – Мен бошқа асрда, бошқа замонда туғилиб, яшаб, бошқача бир давронда ҳаёт кечираётган одамман. Бундай эврилишни хаёлга сиғдириш қийин. Мен ҳам, ҳар дақиқа ҳайрат ичида яшайман.
    Кейинги бир йил ичида ижодий иш билан кўп­роқ шуғулланяпман. Бундай имкониятларга эга бўл­ганимдан бошим кўкда. “Ёшлик”ка ҳисобот бериб қўяй: ўтган йил “Орзули дунё” ва “Табассум” деб аталган икки китобим чиқди. Шеърларим матбуотда мунтазам эълон қилинмоқда. Кечагина “Шарқ юлдузи”га бир туркум шеър­лар юбордим. Ўқирсиз, баҳо берарсиз.
    Суҳбат сўнгида ўзим биринчи муҳаририр бўлган “Ёшлик” журнали ижодий ходимларига, муштарийларига қизғин салом ва энг яхши тилакларимни йўллайман. Истиқлолимизнинг йигирма йиллиги ҳаммамизга муборак бўлсин!
    Суҳбатдош: Алишер НАЗАР

    Эркин Воҳид санам билан

    “Ёшлик” журнали, 2011 йил, 5-сон.
Leave a Reply
*