Menu
Categories
Фарғоналик аёл эрининг ўлимида “орган ходимларини” айблаяпти
06/12/2016 Ватандан хабарлар

Айбдор

Фарғоналик аёл эрининг ўлимида “орган ходимларини” айблаяпти

Published on Jun 10, 2016

Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Яккатут қишлоғида яшовчи Нодира Солижонованинг иддаосича, эри Ғиёсиддин Исомиддинов “орган ходимларининг қийноғидан сўнг” ўз жонига қасд қилган. Солижонованинг OzodMikrofonга қўнғироқ қилиб айтишича, туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимида 10 йил давомида ишлаб келган эри 29 апрель куни ўзини боғдаги дарахтга осиб ўлдирган.

51 яшар Нодира Солижоновага кўра, жорий йил апрелида прокуратура ходимлари унинг эри, 55 яшар Ғиёсиддин Исомиддиновни ноқонуний равишда ер сотиш билан шуғулланганлик ва бунинг эвазига 15 минг доллар пора олганликда айблаб жиноий иш қўзғатган.

Солижонованинг иддаосига кўра, “орган ходимлари бу айбловни эрининг бўйнига қўйиш учун унга нисбатан қийноқ қўллаган” ва шу қийноқлар ҳамда сохта айбловлардан сўнг эри ўз жонига қасд қилишга мажбур бўлган:

– Прокуратурага олиб кетишгач, эртаси куни қариндошларим бориб хўжайинимни Яйпандан олиб келишди. Турмуш ўртоғим келган пайти тушкун ҳолатда эдилар. “Ҳа, дадаси, сизга нима бўлди”, десам, сўкиниб, аччиқлари келиб “Ўзимдан кичкина болалар мени уриб, мажбур қилиб, қилмаган ишимга қўл қўйдирди. Бошимга дубинка билан урди”, деди. “Ер сотиб, пулига машина олгансан” деб уриб, оёқларини кўкартириб юборган. Қўллари кўкарган. Кафтларига урган, қўл қўясан деб. Столга чўккалатиб ўтқазиб, оёқларини тескари қилиб, дубинка билан шунақа урибди денг, кўкариб кетибди. “Улар менга туҳмат қилиб, шундай аҳволга солди”, деб шунақа ғалати аҳволда келди. Кўриб йиғлаб юбордим, – дейди Нодира Солижонова.

Суҳбатдошга кўра, ушбу воқеанинг эртасига эри уйи ёнидаги боққа чиқиб, ўзини мева дарахтига осиб ўлдирган. Солижонова эрининг ўлимида прокуратура ходимларини айблаб, уни қийноққа солганларни жазолашни сўраб, тегишли жойларга шикоят аризаси топширганини айтади:

– Прокуратурага олиб кетган йигитларни айблайман биринчи ўринда. Бир суткада уриб эзиб ташласин деган қонун ҳеч қаерда йўқку?! Менинг эримни шу кўйга солмаганида, ақли-ҳуши жойида бор одам мана шунақа ишни қилмасди. Нимага энди ўзини ўзи осади? Ўша куни роса ғазабда келди. “Болам тенгқур болалар мени боғлаб қўйиб, савалади”, – деди.

ОЗОДЛИК

"1" Comment
  1. Ҳурматли дунё аҳли!
    Ҳар қандай давлатда фуқоро ноҳақ жазоланса, ўлдирилса ёки ўлимига сабабчи бўлинса ўша жиноятчи манфур кимсалар ким бўлишидан қатъий назар ички текширув тугагунча ҳизмат вазифасидан четлатилади, айби исботланса тегишли жазо тайинланади.
    Агарда буйруқ юқоридан бўлган бўлса, терговчи ишлайверади, ўлдираверади, қамайверади шекилли!

    МАХСУС БУЙРУҚЛАРНИ БАЖАРУВЧИ ЖАЛЛОД!
    НАҲОТ!
    ЮРТИМ ДАРАХТЛАРИ ДОРҒА АЙЛАНДИ,
    ҲАЛҚНИНГ ҲИМОЯЧИЛАРИ БУ КУНГА КЕЛИБ,
    ЖАЗОЛАР БЕРГУВЧИ, ОЗОРҒА АЙЛАНДИ!
    НАҲОТ!

Leave a Reply
*