Menu
Categories
Исмат Хушев: Гаплашадиган гаплар – ўқувчилар билан мулоқот (Июль, 2016 йил)
07/06/2016 Бош мақола
Яхши-суратимИсмат Хушев:
Гаплашадиган гаплар
 “Tangrim dini -Turkiylar dini” учун “Дунё ўзбеклари” энди ёпилди…
Эгамназар Шаймановнинг иккинчи истеъдоди…
 Ўзбекистонда диктатура тугаб, янги ва яхши кунлар кутилмаганда  бошланиши мумкин…
Сиёсий партия тузиш таклифига жавоб 
1.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Сўнгги мулоқотимизда мен ўқувчиларга бундан кейин пайсалга солмай, тез-тез ҳисобот бериб тураман деб сўз берган эдим.
Шунга ҳам аллақачон бир йил бўлибди…
Умр эса гулдурос солиб, шиддат билан ўтиб бормоқда. Яшашга ҳам улгуролмай қоляпмиз, баъзан.
Мен Канададаги ҳаётни назарда тутяпман, Ўзбекистондагини эмас…
Хуллас, шоир айтганидек:
Умр ҳам ўтмоқда гулдурос солиб,
Унинг қайтганини ким ҳам кўрибди.
Во ажаб, қай бир зот ўз умри қолиб,
Менинг қадамимни ўлчаб юрибди…

 

Майли, бизнинг қадамимизни ўлчаб юрганлар масаласи – алоҳида мавзу. Уларни ҳозирча қўятурайлик.
Вақти келса, бунга ҳам бафуржа қайтамиз.
Ҳозир эса яхши гаплардан гаплашайлик….
2.
Бир нарсани ўқувчиларимизга қувонч билан айтиб ўтишимиз керак: Бугун “Дунё ўзбеклари”ни ер юзининг 158 давлат ва мамлакатида ўқишяпти. Айни пайтда  нашримизга ҳар куни кирувчилар сони эндиликда ўн минг кишидан ошиб кетганини ҳам алоҳида эътироф этиб ўтишни истардик.
Бу бизнинг – сайтимиз ўз фаолиятини бошлаган 2012-йилдаги кўнглимизга тугиб қўйган энг биринчи  вазифамиз ва айтиш мумкинки, ширин ва яширин орзу-умидимиз  эди.
Бугун бизнинг бу орзуимиз ушалди. Бугун “Дунё ўзбеклари” – ҳар куни ўзининг ўн минглаб ўқувчилари билан дийдор кўришиш бахтига эга экани – қалбимизга ажиб бир завқ-шавқ бахш этади.
Айни пайтда Сиз азизларнинг бу улуғ ва муқаддас ишончи зиммамизга улкан масъулият ҳам юклашини яхши биламиз.
Шунинг учун ҳам вақт-бевақт Сизлар билан юзма-юз туриб учрашишга, бизга йўллаган саволларингизга баҳоли қудрат жавоб беришга, Сизни ранжитган ва дилингизга озор берган ҳатти ҳаракатларимиз бўлса, уларни тўғрилашга ҳаракат қиламиз.
Зотан, демократик жамиятдаги эркин матбуотнинг энг биринчи галдаги вазифаси –  ўз ўқувчилари билан очиқ ойдин мулоқот олиб бориш, уларни қизиқтирган барча саволлар жавобини вақти- вақти билан мухлисларга етказиб туришдан иборат.
Бир сўз билан айтганда, “Дунё ўзбеклари” ўқувчилари кўнглида пайдо бўлган энг кичик эътирозни ҳам, заррача норозиликни ҳам пайқаши ва ўз вақтида унинг олдини олиши керак.
Ўзбекистондаги расмий матбуот каби – газета ва журналлар, радио ва телевидения бир тараф, халқ, яъни уни ўқувчи ва кўрувчилар бир тараф бўлиб қолмаслиги лозим.
Ношир билан нашр дарёнинг бу қирғоғида, мухлис  ва ўқувчилар – нариги қирғоғида қолиб кетмасликлари керак…
3.
Эркин матуботнинг ана шу ҳаётий талаб ва истакларидан келиб чиқиб, биз бугун Сиз азиз ўқувчилар билан дийдорлашишга, Сизга қайсидир маънода ҳисоб беришга қарор қилдик.
Қолаверса, кейинги пайтда бизга келган хат ва саволлар билан бирга – эътироз ва маломатлар ҳам кўпайиб қолди.
Биз уларга ҳам жавоб бермасак, кўриб кўрмасликка олсак – одобдан бўлмас.
Энди бевосита савол жавобларга ўтсак…
4.
Исмат Хушевга изоҳлар рукнида берилган савол:
“Tangrim dini -Turkiylar dini” ники остида изоҳ ёзувчи ҳамманинг жонига тегиб бўлди. Биз Сизни ҳурмат қиламиз ва сайтни яхши кўриб ўқиймиз.
Лекин “Дунё ўзбеклари” ни очар пайтда юрагимиз бизиллаб туради – яна ўша одам изоҳ ёзган бўлмасинда деб. Бу изоҳчи бизнинг дилимизга озор бермоқда, муқаддас динимизни камситмоқда, оёқ ости қилмоқда. Ундан снбнинг ҳиди келмоқда. Нега бу одамга бунча эркинликлар бериб қўйибсиз?
Агар бизни ҳурмат қилсангиз, шу сўровимизга жавоб берасиз деган умиддамиз.
Саудия арабистонидаги «Таҳфизул-Қуръон» мадрасаларининг бирида таҳсил олаётган бир гуруҳ ўзбекистонликлар номидан,
Муҳаммад.
Жидда шаҳри,
2 июль 2016 йил.
Nuur
TANGRI DINI deb izoh qoldirayotgan odam ROSA JONGA TEGIB ketdi .
Жавоб:
Бу саволга қадар ҳам айни мавзуда бизга жуда кўп хат ва эътирозлар, норозиликлар тушган эди.
Бугунги Жиддадан йўлланган маломат ҳам бизни бу борада ниҳоят, якуний хулоса ясашга ундади.
Самарқанддан – Ҳабиб, Зулхумор, Исмоил, Шахрисабздан – Самад бобо, Гулнора Нарзиевна, Бухородан Мулла бобо Шамсиев, Адолат, Зуҳра ва Бибиражаб ҳожи оналар, Намангандан Азимжон, Асрорбек ва Муҳаммаджонлар, Арабистондан Шамсия опа, Дубай ва Истанбулдан Азамат ҳожи, Анвар ҳожи ва Исмоил ҳожилар, Россиядан Шоислом, Фарҳод, Миртемир, Германиядан Насриддин ва Коммуна, Испаниядан Маҳмуджон, Аргентинадан Сардор, Мексикадан Розиябону, Италиядан Самандар, Ҳиндистондан Амалия хоним, Зебунисо, Хайриддин, Хитойдан Малика ва Зайнаб, Садриддин Исомович ва бошқалар ҳам бизга хат йўллаб, ислом дини қадриятларини оёқ ости қилаётган, одамлар орасида адоват қўзғаб, кимни қайси динга меҳр қўйишини тартибга солмоқчи бўлган “Tangrim dini -Turkiylar dini” га нисбатан ўз эътирозларини баён қилишган.
Шу ўринда биз бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишни истардик: “Дунё ўзбеклари” диний ақида ва қоидаларни таҳлил қиладиган, одамларга дин ва ислом аҳкомларини ўргатадиган сайт эмас.
Интернет оламида бунга мутахассислашган, чуқур диний ва исломий билимга эга бўлган махсус  нашрлар бор. Биз уларнинг ўрнига даъвогарлик қилсак – уят бўлади.
Биз ўз динимизни ҳурмат қиламиз. Айни пайтда “Дунё ўзбеклари” – муқаддас динимизни билиб билмай танқид ва ислоҳ қилувчилар минбари бўлиб қолишини ҳам истамаймиз.
Ана шуларни ҳисобга олиб, бугундан бошлаб “Tangrim dini -Turkiylar dini” ёзган дин мавзуидаги баҳсли фикрлар, қўпол ва беандиша изоҳлар сайтимизда ортиқ нашр этилмайди.
У кишига биз билан бўлган ижодий ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдириб, айни пайтда бу сабоқни “Дунё ўзбеклари” каби дунёвий сайтлар билан эмас, балки – диний сайтлар билан, жуда бўлмаса – аксар фикр ва башоратлари кўпинча тўғри бўлиб чиқадиган “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатов ва унинг “Ҳаракат.нет” нашри билан давом эттиришларини маслаҳат бериб қоламиз…
5.
“Assalomu alaykum.
Ming istihola bilan sizdan bir savol surayapman.
Kanadada doimiy yashash uchun qaysi tashkilotga murojaat qilishim mumkin.
Ming bor uzr va oldindan rajmat.
“Дунё ўзбеклари”га Давронбек ёзган бунга ўхшаш саволлар жуда кўп келади.
Чироқчидан Сабоҳат, Зумрад ва Башоратлар, Қамашидан Салим ва Аҳрор, Элликқальадан Сотимбой, Берунийдан Гулистон, Пойариқдан Гулнора, Жомдан Фозилжон, Попдан Неъматилла, Ўсматдан Исоқжон, Бахмалдан Шоира, Авазбек ва Улуғбеклар ҳам бизга айни саволлар билан мурожаат қилишган.
Канадада яшаш учун ҳеч қайси ташкилотга мурожаат қилинмайди. Студент виза учун бу ердаги олий ўқув юртлари билан боғланиб, уларнинг суҳбатидан ўтиб, виза олинади. Бошқа масалада ҳам бу ердаги ташкилотлар виза бериши учун ҳаракат қилиш керак.
Доимий яшаш  (ПМЖ) ва сиёсий бошпана олиш учун эса, жуда кўп ва йиллаб турли “процедура”лардан ўтиш керак, бу бугунги кунда деярли имконсиз…
6.
Исмат ака.
“Дунё ўзбеклари”ни бугун кўпчилик ўқийди. Жумладан,  Ўзбекистонда ҳам.
Сиз ёзган мақолалар юртимизда, хусусан зиёлилар орасида жуда шов шув бўлиб юрибди.
Обрў эътиборингиз ва довруғингиз  ҳозир энг чўққига чиққан давр.
Нега бирорта сиёсий партия тузмайсиз. Чет элда бундай имкониятлар катта-ку.  Ўзбекистонда партия тузиш нари турсин, юқорининг рухсатисиз, кўчага ҳам чиқолмай қолдик ҳозир…
Олимбек,
тошкентлик талаба.
Жавоб:
Менда сиёсий амбиция олдин бор эди, ҳозир йўқ.
Чет элдаги бугунги ўзбеклар билан сиёсий партия тузиш, бу ҳеч қачон натижа бермайдиган фойдасиз  бир ишни бошлаш демакдир. Бу нодонлик ва соддаликдан бошқа нарса эмас.
Қолаверса, сиёсий ҳаракат учун энг аввало фидойи ва садоқатли, иймон-эътиқодли одамлар билан бирга, айни пайтда, маълум миқдорда маблағ ҳам керак.
Бизда ҳозир биринчиси ҳам, иккинчиси ҳам катта муаммо…
Шунинг учун хориждаги ўзбек мухолифати тарқоқ ва заиф. Буни кўра била туриб, яна бу ишга қўл уриш ва талпиниш кулгули бўларди…
Сўзларимнинг исботи сифатида Россия Президенти Владимир Путин билан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовларни мисол қилиб келтириш мумкин. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам ўз сиёсий фаолиятларини катта маблағ ва садоқатли, фидойи дўстлари билан бирга бошлашган.
Путин бу дўстларини авайлаб асраб Кремлгача қўллаб қувватлаб келган бўлса,  Ислом ака  мустақилликни ва ўз тахтини мустаҳкамлаб олганидан кейин, уларни бира тўла баҳридан ўтиб қўя қолди.
Дарвоқе, уларни катта сиёсатга олиб кирган ва катта мансабларга ўтқазиб қўйган ўша катта маблағ ҳақида. Улар бу пулларни ҳалол йўллар билан топганлигига шахсан мен ишонмайман.
Жиноий йўллар ва криминал оламидаги шериклар билан билан топилади одатда катта ва беҳисоб бойлик…
7.
Исмат ака.
Бир гапни айтсам, мендан хафа бўлмайсизми?
Туғилган кунингиз муносабати билан эълон қилган мақола ва шеърлардаги иккита ҳолат диққатимни тортди.
Биринчиси шуки, бу йил негадир Каримов билан бирга тушган суратларнинг бирортасини ҳам  эълон қилмадингиз.
Олдинлари тўлдириб юборардингиз сайтни бу расмларга.
Иккинчиси, бу йил табрик ва қутловларни олдинги йиллардаги каби ҳаммасини бошидан охиригача эълон қилмадингиз.
Камтар бўлиб қолдингизми ё бу йил табриклар кам келдими?
Мухлиса синглингиз…
Тошкент.
Жавоб:
Тўғри пайқабсиз.
Ҳаёт бизни умримизнинг охирига қадар тарбиялаб бораркан.
Инсон ҳеч қачон мен энди мукаммал бўлдим деб айта олмас экан.
Илгарилари Президент билан тушган расмларни эълон қилишдан қалбимда ажиб бир завқ-шавқ туярдим. Фахрланардим.
Бугун эса мен бу расмлар билан фахрланаман деб айтолмайман…
Карим Баҳриевнинг ҳам Ислом Каримов билан бирга тушган жуда камёб бир расми бор. Лекин уни Каримжон эълон қилишдан доим истиҳола қилиб келган. Мен олдин унинг бу “камтар”лигини тушунмасдим, тушунишни истамасдим ҳам.
Энди билсам, Карим менга қараганда анча донишманд ва ақлли йигит экан…
Табрик ва қутловларга келсак, йўқ, бу йил улар ҳар қачонгидан ҳам кўп келди. Туғилган кунимдан бир ҳафта – ўн кун ўтиб ҳам, ҳануз келишда давом этаяпти:

Timur Tolegen‎ to Ismat Khushev
Исмат ака,
кечикиб бўлса-да, тугилган кунингиз билан чин кунгилдан табриклайман.
Timur  Tolegen's photo.
Ўзингизга сог-саломатлик, оилангизга фаравон ҳаёт тилайман…
June 27 at 10:18am

Бу табрик ва қутловларнинг  ҳаммасини  бошдан оёқ  эълон қилмаганимиз сабаби, уни йўллаган ватандошларимизнинг хавфсизлигини ўйлаб, шундай йўл тутдик.
Чунки биз кейинги пайтда Ўзбекистон Олий раҳбарияти – (Ислом Каримов) ва махсус хизмат идораси (Рустам Иноятов) фаолиятини ҳам кескин танқид қила бошладик.
Бизни қутлаганлар орасида эса оддий мухлис ва ўқувчиларимиз дохил – расмий Тошкент вакиллари, Бош муҳаррирлар, ҳукумат ва давлат идорасининг катта-ю, кичик мулозимлари ҳам бор эди.
Сўзимизнинг исботи учун бошқаларни айтиб ўтирмаймиз, биргина ёзувчи Набижон Боқийга – ҳукуматнинг Ҳамза ҳақидаги салбий фикрига қарама қарши ўлароқ – бизда эълон қилинган Ҳамза ҳақидаги ижобий мақоласи учун кўрсатилган тазйиқни айтиб ўтиш кифоя бўлса керак…
8.
Исмат ака.
Бугун “Америка овози”га берган интервьюнгизни эшитдим.
Одил Рўзалиевнинг баъзи саволларига йиғлаб жавоб бергансиз.
Мен Сизни Канададай фаровон давлатда мазза қилиб яшаб юрган дарди йўқ, бахтиёр одам деб билардим.  Лекин йиғлаганингизни кўриб, Сизнинг ҳам қалбингизда армон борлигини, дардингиз кўплигини сездим.  Каримов ва унга бўлган муносабат ҳақида гапираётиб, йиғлагансиз. Ватан соғинчи ва Каримовга бўлган меҳр учун пушаймон ҳиссини туйдим сўзларингизда .
 Ё нотўғрими бу тасаввурларим…
Зебо,  
Тошкент шаҳридан.
Жавоб:
Шу саволингизга жавоб бермасам, майлими…
Бундай пайтда  баъзан тинч ва сокин хаёлга чўмиш ҳам яхши жавоб ўрнини босиши мумкин.
Мендан ранжимайсиз ва тўғри тушунасиз деган умиддаман…
9.
Исмат Хушевга (Ўзбекистондан)
Совет даврида Хоразм обкомини узоқ йиллар бошқарган Мадиёр Худойберганов вафоти сабаб устозингиз Шароф Убайдуллаев билан уюштирган суҳбатингизни мазза қилиб эшитдим.
Жуда яхши ва савобли ишга қўл урибсиз. “Озодлик” ўз йўлида, Сиз ўз йўлингиздасиз.
Шу ишни давом эттириб, Ўзбекистонда адолатсизликка учраётган журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, шоир ва ёзувчиларга ҳам сўз бериб борсангиз, нур устига аъло нур бўлур эди…
Жавоб:
Фурсатдан фойдаланиб, айни масалада бизга мурожаат қилмоқчи бўлган Ўзбекистондаги ва хориждаги Ватандошларимиз учун “Дунё ўзбеклари” микрафони доим очиқ эканини айтиб ўтмоқчимиз…
10.
Исмат ака.
Сизнинг шеър ўқишингизни кўриб, жуда ҳавасим келди.
“Шеър ва қўшиқ қанотида Оттавага оилавий сафар” номли хотираларингизни ўқиб, унда жўшиб ёддан айтган шеърларингизни эшитиб, мен ҳам худди Сиз билан ўша сафарда бирга ҳамроҳлик қилгандай бўлдим.
Яқинда “Торонто оқшомида ўқиган шеър”ингизни ҳам мазза қилиб эшитдим. Балконда ёнингизда турган одам ким эди? Сизларни видеога олган-чи?
Сиздай ажойиб ва завқли дўсти бор бўлган бу бахтиёр ватандошларни бизга таништириб ўтинг, илтимос…
Отабек Тошев,
Норвегия
Жавоб:
Балкондаги йигит – Торонтода истиқомат қиладиган жиззахлик журналист  – Эгамназар Шайманов. У ҳозир рассомлик билан машғул. Жуда гўзал полотнолар яратяпти.
Яқинда унинг Канадага келиб очилган бу иккинчи истеъдоди ҳақида батафсил ҳикоя қилиш ниятидамиз.
Видеога олган дўстимиз – Абдурашид Отажонов…
Сўнгсўз ўрнида
Биз бугунги мулоқотимизни ҳам одатдагидек яхши ва умидли кайфият билан якунлашни истаймиз.
Чунки биз устозимиз Ислом Каримов Ўзбекистонда яратган диктатура ажойиб кунларнинг бирида ҳеч ким кутмаган бир лаҳзада барҳам топишини, юртимизда ҳам худди Канададаги каби янги ва яхши кунлар бошланишини яхши биламиз.
Зотан, шоир Йўлдош Эшбек айтганидек:

 

Биз бахтиёр бўлгаймиз хўп,
Бизни зафар қучажак.
Тепамизда чарх айланиб,
Қалдирғочлар учажак!!!
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада,
4 июль, 2016 йил.

 

Flag Counter

“Дунё ўзбеклари” учун махсус 

 

16 шарҳ

  1. Shuxrat Normurod

    Сиз жуда тўғри қилгансиз Ўзбекистондан кетиб. Яккаҳоким шароитида дардингизни ичингизга ютиб қисилиб юрардингиз ёки “ортиқча ҳаракат қилиб ” қамалиб кетардингиз. Сизга ўхшаган ватанни, халқни севадиганлар бефарқ юришга одатланмаган қолаверса виждони йўл қўймайди.

  2. O’zbekxon

    Исмат ака сиз мўхожирликка чиққанлар орасида ватанимизга энг кўп хизмат қилган, катта шахсдирсиз, буни мен бир холис инсон сифатида айтаяпман. Ташқарига чиққиб кетганлардан ҳеч ким сиздек ёниб бутун вужуди билан ижод қилган эмас, мана шу машақатли меҳнатингиз ҳисобига ватандошларимизни бир қисмини атрофингизга бирлаштирдингиз . Бундай машақатли ишни муҳолифатдагилар қила олмаган эди. Биз сизга ишонамиз ҳали миллий миқёсдаги мақсадларга эришишга қодир зотсиз.

  3. Tangrim dini-Turkiylarning dini

    Тошпўлат ака,
    Дунёўзбеклари дунёвий сайт бўлса нега ислом динини тарғиб қилган мақолаларни ва шеърларни эълон қилади? Мана шу тарғибот сабаб ёшлар ислом динига кириб жиҳодга кетмоқда. Дунёўзбеклари умуман ҳеч қанақа динни тарғиб қилмасин унда. Канадада туриб демократияни бўғиш ва Ислом динини тарғиб қилиш яхшиликка олиб келмайди.

  4. muxlis

    Исмат ака, биз сиз билан биргамиз.

  5. muxlis

    Hamma dinlar odamlar tomonidan o’ylab topilgan, xuddi hozir qonunlarni o’ylab topishayotganday! Din o’sha eski zamonlarda ommani boshqarishni eng qulay yo’li bo’lgan. Albatta hamma dinlar ham ezgulikka etaklaydi, lekin har bir dindan ham kamchilik topsa bo’ladi, chunki hamma muqaddas sanalgan kitoblar bu inson tafakkurining mahsulidir. Albatta bu dunyoni yaralishiga (hozir ham bu jarayon davom etyapti) qandaydir kuch ta’sir qilgan, buni biz Xudo, Tangri yoki Alloh deymismi buni ahamiyati yo’q.

    Chunki bular hammasi shartlidir. Masalan qadim zamonlarda bizning ota bobolarimiz nonni “non” deb nomlashgan, lekin uni non emas “tosh” deb atasa ham bo’lar edi. Tillarning paydo bo’lishi va rivojlanishi bu endi boshqa mavzu! Hozirgi ilm-fan dunyo yaralishini bir necha soniyalardan keyingi jarayoni haqida ilmiy tassavurga ega. Agar shu “katta portlashdan” bir necha soniya oldin nima bolgani aniqlansa, unda jumboqning asosiy qismi echiladi! Meni nazarimda bunga juda ko’p vaqt qolmadi.

  6. Ёзувчилар уюшмасидан

    Биз Ўзбекистонда туриб, Сиз ёзган мақолаларни ўқирканмиз, кўзларимиз ёшга тўлади. Аслида ўзбек матбуоти ҳам худди сиз каби ўз ўқувчилари билан мана шунақанги мулоқотларни тез-тез ўтказиб туриши керак эди. Лекин минг афсуски, бугун буни фақат орзу қилиш мумкин, холос. “Дунё ўзбеклари”нинг обрў-эътибор ва нуфузи нега бунча баланд эканининг сабабини мана шу мулоқотдан ҳам билса бўлади. Биз бу яқин ўртада бирорта матбуот раҳбарининг сиз каби ўз ўқувчилари билан юзма юз туриб, суҳбатлашганини эшитмаганмиз. Раҳмат сизга. Ҳақиқий журналист мана шунақа бўлиши керак. Ўзбекистондаги ҳамкасбларингиз сиздан ўрганиши керак кўп нарсаларни. Бугун сизга яна бир бор ҳавас қилдик.

  7. oyparcha

    Hammàda din ekinligi bor. Hamma o’z fikrini bildirish mumkin bu demokrtyà .Nima uchun biz o’zbeklàr o’z huquqimizni buzamiz. Inson tanqidlardan hulosa chiqaradi balki buning bizda ham foydasi tegar. Bu odam ham yamon gapirmayabdi shekilli, kimgadir foydasi tegayabdi. Kimningdir aziz farzandi 21 as vafosi yani islomiy davlatdan yuz og’irayotgandir.

    Bugungi Muqqadas shaxardagi voqealar bunga misol.Umid qilamanki bu yerda bizning ozbeklar yoq.

  8. Ismat Xushevdek insonlar ko’p emas, raxmat sizga dunyo uzbeklari sayti borligi uchun .

    • Yusuf Toshkandi

      Ismat aka,
      Bu Tangrim dinini yo’qotib to’g’ri qildiz. Endi mazza qilib islom dinida yuramiz. Islom dini nimani buyursa shuni qilamiz. Bu Tangrim dini ustidan Islom dinining g’alabasi. G’alaba muborak bo’lsin. Sizdaqa insonlar bor ekan Islom dini gullab yashnayveradi. Yoshlarimiz Quronni yodlayveradi ertadan kechgacha. Bunga har bi kishining haqqi bor. Yashasin g’alaba.

  9. Sanjar

    Doim omon bo’ling Ismat aka! Sizning minbaringiz ajib, uziga xos uslubingiz bor. Samimiy va holisligingiz uchun sizni ardoqlaymiz!

  10. Tangrim dini-Turkiylarning dini

    Ismat aka,
    Dindorlarga siz ham bosh egdingiz. Qo’rdingiz to’g’risi. Demokratik mamlakatda yashab demokratiyadan voz kechdingiz. Endi jihod yanada gullab yashnar ekanda o’zbeklarda. Yana yoshlarimiz Quronni yodlab jihodga ketar ekanda. Kimdir bunga qarshi turib halqni qutqarishi kerak edi-ku! Afsus o’zbek halqinng qutqaruvchisini ham yo’qotdingiz. Lekin o’zbek halqida aqlli odamlar bor. Bir kuni ozod bo’lamiz bu arablarning dinidan. Arablarning dini muqaddas emas. Chunki bu din jihodga buyuradi

    Islom dinini men haqorat qilmaganman. Balki haqiqatni aytdim. Usmon halifasi Quronni yozdirgan desam buni nimasi haqorat? Sudga bersin mani unda.

    Tuhmat qilsa ham bo’lar ekanda. Halq ko’rib turibdi-ku!

    • Ташпўлат ака

      Азиз мухлис. Фикрларингиздан хулоса чиқарадиган бўлсак, саводингиз борга ўхшайди, уларнинг баъзиларини қўлласа ҳам арзийди. Лекин сиз танлаган тахаллуснинг ўзи ихлосманд мусулмонлар учун ҳақоратли. Бу билан сиз эски ном остида янги дин яратмоқчи, ўша диннинг раҳномаси бўлишга интилувчидек кўринасиз. “Дунё ўзбеклари” дунёвий сайт. Ислом фундаменталистларига қарши чиқиб энди шу сайтни эски ном ила янги динни тарғиб этиш минбарига айлантирмоқчимиз? Хушев сиздан воз кечиб жуда тўғри қарорга келибди.

      • Tangrim dini-Turkiylarning dini

        ТОШПЎЛАТ АКА,
        СИЗНИНГ ФИКРЛАРИНГИЗНИ ҲУРМАТ ҚИЛАМАН. ЛЕКИН ДИННИНГ ЭСКИСИ ВА ЯНГИСИ БЎЛМАЙДИ. ҚАДИМИЙ ДИНЛАР ТАНГРИМ ТОМОНИДАН БЕРИЛГАНЛИГИ АНИҚ. ЯНГИ ДИНЛАР ЎЙЛАБ ТОПИЛГАН. АРАБЛАР ЖУҲУДЛАРНИ ЕНГИШ УЧУН ЯНГИ ДИН ЎЙЛАБ ТОПИШИБ УНИНГ ИЧИГА ЖУҲУДЛАР ЛАъНАТЛАНГАН ДЕБ ЁЗИБ ҚЎЙИШГАН. ИСЛОМ ДИНИ ДА ЯРАТГАН ЭГАМНИНГ ЯРАТУВЧАНЛИК ИШЛАРИГА ҚАРШИ БУЙРУҚЛАР БОР. ЖИҲОД ВА КОФИРЛАРНИ ЎЛДИРИШ, 4 ТА ХОТИН ОЛИШ ВА ҲАКОЗА. МАНА ШУ ФАКТЛАРНИНГ ЎЗИ ИСЛОМ ДИНИ ЁЛҒОНЛИГИ ИСБОТИ

      • Донишманд

        Жуда ажойиб суҳбат бўлибди. Мен кўп ижодкор ва зиёлиларнинг суҳбатини ўқиганман. Лекин Исматжоннинг бу суҳбати ўз самимийлиги билан ўзбек журналистикаси тарихида узоқ йиллар яшаб қолишига ишонаман. Одилбекка ҳам катта раҳмат.

      • Музаффар

        Исмат ака, “Америка овози”га берган интервьюда йиғлаб юрагимни эзиб юбордингиз. Сиз ёлғиз эмассиз. Шуни доим ёдда тутинг! Қонга қон, жонга жон. Биз сиз учун ўлимга ҳам тайёрмиз, ака.

  11. Гуландом

    Исмат Хушевнинг бу дардли суҳбатини тинглаб, менинг ҳам тўйиб тўйиб йиғлагим келди…

"1" Comment
  1. алибек

    Исмат ака хали иккимиз яна Тахтакорачадан эркин ва ёруг юз билан утиб кайтамиз. Колган кунимизни энди санамайлик, кейинда колдира оладиган сермахсул ишларимиз ва яхшиликларимизни купайтирайлик.

Leave a Reply
*