Menu
Categories
Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов-шув бўлаётган асаридан боблар (1-35)
08/16/2012 Тошкентда шов-шув бўлаётган асар

5.

Ҳикояга якун ясасам дейман. Қаранг, шу тобда нима кўнглимдан ўтаяпти?

Миразиз Аъзамнинг оташин хитоби!..

У Одил Ёқубовга укасидан ҳам меҳрибон эди.

1991 йил.

Воҳидов, Салай, Мурод Дўст, Усмон, Эркин, Хуршид, Султонов ва Кўчим кабилар Уюшмани забт этиш учун қўшин йиққан. Ўша қавм. Чумолидай изғийди, уйқу – нима, билмайди. Бири очиқ ҳамла қилса, бири зимдан иш кўради. Бир нимадан қуруқ қолаётгандай ўлиб-тирилади. Тинмайди, сира.

Қирқоёқ. Ҳалакунинг кучуги…

Ўша пўртанали съезд арафаси.

Яна бунинг устига, Ёқубов “тўйиб” кетган, ишдан кетмоқчи, қарори қатъий. Масала баланд мақомда ечим топган. У мени уйига таклиф қилди.

Шуни айтиб: “Сиз бу ишга аралашиб қолманг, тағин! – деб астойдил ўтинди. – Зинҳор-зинҳор аралашманг! Менинг бирдан-бир илтимосим шу!”

Мен лафз қилдим ва ўзимни четга олдим. Чиндан ҳам, бунда бир сир яширин эди. Вазият жуда қалтис ва хатарли туюлар, воқеалар оқими юракка ваҳм соларди.

9 октябр.

Президент Ислом Каримов таниқли шоир, ёзувчи ва адабиётшунос олимларни қабул қилди, “Халқни ҳамкорликка, жипсликка чақириш учун сизнинг мададингиз зарур!”, деди уларга.

Шундан сўнг бир пиёла чой устида съездни кўнгилли ўтказиш, чинакам сўз эркинлиги ва халқчил асарлар яратиш бўйича фикр алмашилди.

17 октябр.

Эртага съезд…

Кечқурун. Миразиз Аъзам билан айланиб юрибмиз. Унинг ҳасратидан чанг чиқади. Йилт этган нажот йўқ. Аммо, аввалги бир пленумда бўлгани каби, ёзувчилар Ёқубовга изн бермоқчи эмас.

Амал ҳасратида елиб-югураётган қавм эса, қутуради, ҳадд билмайди, ҳаловат билмайди.

“Кўрак чувиш машинаси” ишлаб кетган, чанг бурқситиб, дунёни бузади!

Миразиз Аъзам шунга куюнади, “Сиз билмайсиз-да!..” – деб қўяди, ўкли хўрсиниб.

Чиндан ҳам, мен кўп нарсани билмаганман. Шунданми, зиқланиб:

– Бир гап бўлар! – дедим ахийри. – Ёқубов ишдан кетса, осмон узилиб тушмас!..

– Йўқ, биз қайтмаймиз! – деди шоир инжиқлик билан, кейин менга юзланиб, қайдан куч олди, билмайман, бирдан қайнаб хитоб этди:

Қирқ пари қувиб келар,
Ел билан, довул билан!
Келса келсин довул билан,
Зўрлагаймиз… овул билан!

Ўшанда бу яхшилар маршига айланган! Ва қирқ “пари” Ёқубовни ағдара олмаган!

Ўша съезд Навоий номидаги академик театр биносида бўлган. “Ёқубов қилган ҳисобот маърузасини муҳокама қилиш ғоят қизғин тусда ўтди…

Музокарада қарийб эллик нафар нотиқ сўзга чиқди”.

Очиқлик, ошкоралик, демократия бўлса, шунчалик бўлар-да!

Ниҳоят, ташкилий қисм бошланди. Адиблар раисликка Хуршид Даврон номзодини кўрсатди. Ёзувчилар эса, яна Ёқубовни илгари сурди. Ўшанда Даврон атиги 37 та овоз олган, холос. Шунча асъасаю дабдаба билан!

Мўйсафид Ёқубов уни чангда қолдириб кетди, бутун қавми, ўрамаю афсуни билан!

Кейин Мурод Дўст минбарга йўл олди, у шартакилик билан: – Ёқубовнинг программаси йўқ-ку?! – деди.

Кўрдингизми? Булар – компьютер, программа бўлмаса, ишлай олмайди.

Дастурсиз компьютер – яроқсиз қути, демоқчи у.

Ҳолбуки, одамлар бошқача яшайди!

Ҳолбуки, масала ҳал бўлган.

Ўшанда мўйсафид, бари бир, унга жавобан минбарга чиқди, қилган ишлари ва яхши ниятларини баён этди. Ҳатто Дўстга: – Укаларим, шогирдларим бўлиб, мунча одамга сачрайсизлар?! – деди.

Шунда Дўст: – Нима, сиз менинг қўлимдан тутиб, ёзишни ўргатганмисиз?! – деб ўдағайлади.

Худди бир нима ёзиб, қойил қип қўйгандай!

Графоман!

На ишида, на ёзувида на бош-на кўт бор!

Дардисар, овсар!

Даврон эса: – Раис бўлсам, ўзгариш қилар эдим! – деб йиғлайди. Чақалоқнинг сўрғичини олиб қўйсанг, шундай ҳиқиллайди.

Ўшанда Султонов: – Биз бундай союзга аъзо бўлмаймиз! Ундан чиқиб кетамиз! – деб, аъзолик билетини ташлаб, съездни тарк этди. Унга бор-йўғи 14 та шотири эргашди, холос…

Кейинчалик Мадаминов ҳам худди шундай қилди. 1992 йил 2 июлда, Олий Кенгаш сессиясида у депутатлик мандатини ташлаб чиқиб кетди.

Бунинг нима эканини сиз қаёқдан билар эдингиз!

Жоду илмида бу ёзувчиликдан ва халқ ишончидан ўз ихтиёри билан воз кечиш, деган…

Эт устухондан ажралмоқда.

Мен маҳобат қилаётганим йўқ.

Буни ҳар қадамда кўриш мумкин.

Асиллик ва тугал Озодлик учун кураш шундай кечди.

Қирқ “пари” Иблис салтанати меросхўри бўлиб, уни сақлаб қолмоқ, қавмининг ишончини оқламоқ учун ўлиб-тирилган, аслида…

Гап Кўҳна қитъада эмас, Эркин дунё ва Шарқий Европада, ёки бўлмаса, Шом ва Ироқда эмас, аслида, улар йўқ нарсалар, ҳамма гап мана шу ерда, мана шу заминда – Икки дарё оралиғида!

Одам Ато ҳам, Момо Ҳаво ҳам Зарафшон бўйларида тўп қўйиб палак ёзган, унинг сувини ичиб, ўша ерда зироат етиштирган, уй-жой қилган, мол боқиб, ўзидан кўпайган!

Қобил ҳам Ҳобилни шу ерда ўлдирган.

Қарғиш олиб борган жойи вақти-соати билан Бобил деб аталган…

Майли, воқеалар оқимидан четга чиқмайлик.

Хўш, нега шундай бўлди?

Ёқубов даврида юзлаб ёшлар уйли-жойли бўлди, дала-ҳовли олди. Қанчада-қанча автоулов берилди.

Уюшмада иш қизғин. Ижод аҳлига эътибор кучли. Ёзувчи-шоирнинг иши нима? Ёзиш-чизиш! Айниқса, кеча Озодликка чиққан мамлакатда қалам аҳли ҳаммага ибрат бўлиши, енг шимариб халқчил асарлар ёзиши, оқимни эргаштириб кетиши ва ёруғликка бошлаши ҳам қарз, ҳам фарз-ку?!

Беҳбудий шундай бўлган! Қодирий, Фитрат ва Чўлпон ҳам!..

Окамгилар бунинг ўрнига, нега исён-тўполон қилиб юрибди?!

Тақир ерда чанг чиқариб, дерсиз.

Беҳбудийлар нега йўқ қилинган?

Қодирийга ҳамон кун беришмайди!

Нега?

Бунинг илдизи битта: Қобил нега ўлдирди, ўз акасини?!

Аввало, улар буни Каримов қилаяпти, бу – девоннинг иши, деб масалага сиёсий тус берди ва ёзувчиларни унга қарши қўйди. Икки орага совуқлик солди ва ўзига донғил йўл очди. Девонга кўчиб ўтиши. Ва кирдикорини унинг номи билан боғлаб, давом эттирди.

Ҳатто Чингиз Айтматовни таъмагирга чиқарди, улар! “Қаранг, пул сўрапти-я! Нима қилсин, ўрганиб кетган-да, совуришга! Йўқ, ухлаб қолган, қабул пайти! Бўлади-да, шунақасиям, қант касали бор!..”

“Қўйинг, Қодирийни тилга олманг, Шеркон анавиларга қўшилиб кетипти!

Катта эшитиб!..”

“Одил Ёқубовни асраш керак!” “Маҳмуд Сатторга айтинг, Орипов ҳақида эсдалик ёзмасин! Нима деган гап, бу! Олдин ўлсин, кейин ёзамиз!”

“Фаррух Зокировга нима етмайди, ўзи?!”

“Мурод Ражабов ҳам қовун туширипти!..”

“Эркин Комилов!..”

“Наим Каримовни бермай туринглар! Шерали Турдиевни ҳам!..”

“Музаффар Аҳмад нима қилган? Рўйхатга илиниб юрибди?!.”

Ё фалак!

Қанча рўйхат тузилди, тарқатилди! Қанча одамнинг йўли кесилди!

“Мустақиллик майдони” фильми тайёр бўлгач, Султоновга кўрсатгани олиб келдик. Мен сценарий муаллифи, Қуддус Аъзам эса, бошловчи. Султонов уни “ёқтирмай” қолган. Шу боис, бир кўриниб, мавзудан мавзуга кўчишни айтади, халос. Аммо шу ҳам Султоновга “ёқмади”.

– Қуддус! – деди у, ижирғаниб, кейин сўлиш олди ва ўнг кўзини хонасида бир айлантирди. – Познерни биласан?!

– Биламан, Хайриддин ака! – деди Қуддус вазиятни юмшатиш учун. – Ҳамма айтаяпти, шуни! Ҳатто оғайнилар ҳам “дазмолни токка уласак, лоп этиб сен чиқасан”, деяпти!

– Надоел!

Ҳолбуки, Қуддус шахсан Каримовнинг кўрсатмасини адо этган!

Ва Озодликнинг қадр-қимматини ёш авлодга етказишда ҳеч ким учалик жон куйдирмаган!

У бутун борлиғини шунга бағишлади, десам, ҳақ гап айтган бўламан.
Ва шунинг учун у бир четга суриб қўйилди!

“Надоел!”

“Сен кимсан, ўзи?!”

Муттаҳамдан шундай деб сўрагим келди, жуда, аммо бу – жоиз эмас!

Субординация!

Унга риоя этиш шарт!

У бош устимда ўтирибди, кимсан, кичкина котта!

Бир нима деб бўладими?!

Осмонни тутиб турган бўлсанг ҳам!..

Мана шу вазиятда, телекомпанияда Кўчим даҳшат солади!

Аждарҳо! Олов пуркайди: “Ҳэ-э, онангни фалон-писмадон! Нимага Ёқубовни кўрсатасан? Ўчир-р! Қорасини кўрсатма! Катта!..”

Компания чайқалиб кетади. Қўрқув-ваҳима! Қий-чув! Тўполон! Йиғи-сиғи!

Кимнинг боши учиб кетган, кимнинг – оёғи!..

Қиёмат қойим!

Ў-ў, бунинг “ўйин”лари!..

Нуқул “она”дан келади.

Ўткир Раҳматни шу четлатган, девондан! Очиқ туҳмат билан!

Албатта, “ош”ни Алимов пиширган, Азизхўжаеву Шоғуломов билан, аммо ҳал қилувчи запрбани у берган!

Яна мақтанади, уйига ўт қўйиб юбордим, деб!

У ҳатто Ўткир Раҳматнинг қудасини ҳам “учириб” юборди! Депутат бўламан деб бирга номзод қўйгани учун!..

Хусуматни қаранг!

Бахтиёр Эргашев деган умумий дўстимиз бор, Навоий вилоятида! У ижтимоий таъминот бошқармасига от қўйди! Кўчим тилда уни отга ”миндирди” ва кўз олдимда тўққиз минг уч юз долларни қуртдай санаб олди, худди пешона тери билан топгандай, битталаб!

Кейин вазирдан илтимос қилди, аммо Баҳодир Умурзоқов кўнмади!

Шунда Кўчим шундай бир “ўйин” қилдики, Умурзоқов қандай “учиб” кетганини ўзи билмай қолди! Иш битмади, аммо ўша пул ҳам эгасига қайтмади! Аксинча, у қамалиб кетди…

Кўчимнинг Тўра Мирзога, оила ичига қилган ёмонлиги-чи?

Чегара билмайди!

Фақат шу эмас!..

Телеиғво билан Хоразм ҳокими Искандар Юсуповнинг тагига сув қуйган, Иброҳим Норматов билан Собир Ўнарни кўп балога гирифтор қилган ҳам мана шу палид бўлади!

Унинг Пирмат Шермуҳамедовга қилган қоралигини айтмай қўя қолай!

Бу ҳолатда унинг яқинлари Цезарга ўхшаб: – Сен ҳамми, Брут?! – деб қолаверади!

Айрим жабрдийдалар судга беради, аммо яна ўзлари жабр кўради.

Ҳамиша Кўчим ҳақ бўлиб чиқади…

Ўзгалар назарида, у Каттанинг эркатойи! Бир тоғнинг кийиги!..

Ҳолбуки, у қилган иғво, фисқу фасод…

Бугун ўша олчоқни чақириб, айтган гапинг учун жавоб бера оласанми, десам, ўтда ёнган елим идишдай ириб оқади…

Бу ёқда Остонов маҳобат қилади:

– Европага тегманглар! Дунёни Европа бошқараяпти!

Ҳайрон қоламан!

Ўзим билган одам, ўша Остонов! Девонда қўл остимда ишлаган, бир иш айтсанг, нуқул, каллам ишламаяпти, деб зорланган, ими-жимида Султоновнинг хизматини қилиб юрган!

Қуддус шуни айтган-да, бир йиғинда: “Тентак қўй!” – деб. Қаранг, бошини деворга урар эди, каллам ишламаяпти, деб. Бугун бўлса, ўзгариб кетган! Валломат!..

Ўзи ўша нусха, аммо ҳайбатидан от ҳуркади! Бир нима деса, осмону фалак акс-садо беради:

– Европага тегманглар! – деб…

Тавба деб ёқа ушламай бўладими, шунда!

Унинг кабинетида сир бор, гапига тус беради…

Очарчилик йиллари оғир бўлган. Бир киши аёлидан айрилиб қопти. Очликдан бола-чақасиям шишиб кетибди. Шунда давлатманд қўшниси унинг ёдига тушибди. Шоир айтади-ку, Ярқираб юлдуз ёнодур тун қаро бўлган сайин, Ёдима Тангрим тушар бахтим қаро бўлган сайин, деб.

Шунга ўхшаб, қўшниси яхши одам! Карами кенг! Борса, қуруқ қайтармас! Ўғил-қизи туз тотса, уч-тўрт кун яшар! Унинг қўлида жон бермас!

У йўлга чиқади. Ёғин-сочин. Лойгарчилик. Яна, бунинг устига, силласи қуриган. Бўсағага аранг етади. Йиқила туриб, дарвозани тақиллатали.
Бой чиқиб қараса, шу ҳол.

– Нима гап? – дейди у. – Тинчликми, қўшни?!

– Қизингга совчи бўлиб келдим! Келин қилмоқчиман, уни!

Бой хизматкорларига буюради. Ва уни мурчага олиб кириб ювинтириб, бойнинг эски кийимларини кийдириб, меҳмонхонага олиб чиқишади.

Бой меҳмон қилади, кейин:

– Тинчликми, қўшни?! – деб сўрайди.

Бечора ёниб кетади, зорланади.

Бой бир қоп ун, бир қоп гуруч, мой-пой бериб, уни кузатади.

Хизматкорлар қайтиб келгач, ҳайрон бўлиб:

– Бой ота, ҳеч ақлимиз етмаяпти, – дейди. – У, болаларим очдан ўлиб кетмасин, деб ялинди. Дастлаб, қизингга совчи бўлиб келдим, деган эди-ку?! Бу – нимаси?

Бой, қани, бир кетмон ол-чи, дейди унга ва ўша, қўшниси йиқилган жойни ковла, деб буюради. Қарангки, бир оз қазгач, ўша ердан бир хум олтин чиқади.

– У шундан куч олган! – дейди бой. – Шунинг учун, қизингни келин қилмоқчиман, деган. Тилла одамни кўтаради…

Шунга ўхшаб…

Бир куни Остонов Хайриддинни улуғлаб қолди, жуда-а покдомон йигит-да, бу, деб.

Мен қўл силтадим.

У ҳайрон бўлди.

– Сиз билмайсиз! – дедим унга. – У учига чиққан товламачи! Мана, оғайнингиз Соат Шарипов!..

Соат Шарипов ёш оила, келин-куёв қандай танишгани, қандай оила қургани, қайнонанинг муносабати ҳақида бир кўрсатув ташкил этди.

Одамлар шундай нарсага ўч, ташна жуда. Каттаю кичик уни берилиб кўра бошлади. Шунда бир кўрсатма бўлди: кўрсатувнинг аудиторияси кенг.

Унинг ахлоқий-маърифий таъсирини кучайтириш лозим. Шариповга кўмак беринглар. Бир кўрсатувда оиланинг мўътабарлиги, иккинчисида – келиннинг бурчи-вазифаси, учинчисида – қайнона-келин муносабати масаласига урғу берсин, яхлит бир тизимга айлантирсин!

Шариповни рўйхатига киритинглар, мукофотга! Менинг раҳматимни етказинглар!..

Худо берди!

Шарипов хизмат кўрсатган артист бўладиган бўлди!

Бир куни Соат ака йўқлаб қолди. Бордим. Чой ичиб ўтириб: – Кеча Аҳрор келди! – деди. – Бу йил даъвогар кўп экан, чамаси, медалга илинасиз! Шуни билгач, Соат аканинг имкони бор-ку! Ҳаракат қилиш керак, деб келдим, олдингизга, деди…

– Ундай бўлмайди! – дедим мен, юқоридаги тартиб-қоидани биладиган одам сифатида. – Биринчидан, бу – Каттанинг топшириғи! Ҳеч ким унга дахл қила олмайди! Иккинчидан, у бола Мелибоев билан яқин, бир жойдан! Мелибоев қабристондан ўтса, бир суякни илиб кетади! Бўлмаса, ўлиб қолади! У сиздан бир нима ундириб қолай деган, етимагини юборган!

Шарипов хотиржам бўлди, аммо масала ҳал бўлишига бир ҳафта қолганда у яна телефон қилди. Кўришдик. Жуда безовта.

– Ҳа, тинчликми?

– Ўша гапда жон борга ўхшайди! Боя Сафар келди, бундай ишлар харажатсиз битмайди! Беш минг тахла, ҳал қиламан, деди.

– Сиз нима дедингиз?

– “Бир ками, унвон сотиб олмаганим қолувди, ўзи! Фалон-писмадон!..”, дедим.

Мен ички бир қаноат билан яна унга таскин дердим.

– Буям Мелибоевнинг иши! Остонов билан у бир одам! Курсдош! Хайриддин тоза йигит! Бу гапдан бехабар, у! Мен кириб айтаман, Соат акага унвон берса, арзийди, деб…

Ўшанда Султонов билан бир йилча бирга ишлаганмиз, кўп ишим тушмаган, у ҳақда фикрим яхши эди; ўзиям ҳалим, муллайигит, хуш муомала қилади.

Кечки пайт унинг олдига кирдим. Уч-тўрт масалада маслаҳат олгач, авзойига қараб Шариповдан гап очдим ва унга унвон берса, арзийди, дедим.

Биласизми, шунда нима бўлди?

У қутурган итдай ташланди, менга!

– Сиз аралашманг, бу ишга! У – фирмач! Мошенник! Ширма учун кўрсатув қилади! Аралашманг! Боринг, ишингизни қилинг!

Мен кутмаган эдим, буни!

У “юзочар” қилди.

Ва шу кундан бошланди, тинтув-текширув!

Чиндан ҳам, Шариповнинг фирмаси бор экан! Аммо, атиги битта операция қилган экан, халос! Аммо прокуратура уч ой ийиғини чиқариб эзғилади, уни!

Агар, майда бир ишкал чиқса ҳам, Соат Шарипов қамалиб кетар эди!

Сўзсиз! Унинг бошида айланган тегирмон тоши ўша кўрсатувни йўқ қилиб юборди!

Мен шуни айтдим, Остоновга, башарасига!

Аммо, ўшанда Аҳрордан кейин сен боргансан, лўттибоз, демадим, яна кимдир борган, унга Соат ака “шундай-шундай деган…”, дедим, сўзма-сўз!

Сабаби – вақтида у айтганки: “Ўзимни ҳурмат қилмасангиз, Кресломни ҳурмат қилинг!..”

Ҳамма гап Креслода!..

Ва бу Кресло унга хатлаб берилган, яна орқасида – партия, ўша, Ильичдан қолган жоду шилтаси! Унинг ортида эса, “шаҳар мўйловдори” Султонов турипти, сўлиш олиб, кўзини хонасида айлантириб!

Яна, юз амри иссиқ!

Жуда андишали халқмиз!

“Қўйинг, шу гапларни! – дейишади. – Сизга нима?”

Жонини еб-ичаяпти, аммо: “Кечиримли бўлайлик!” – дейишади!

Қайтаришади!

Қўймайди!

Нохуш, аммо шундай!

Шариповни чулғаб олган жоду тўфони энди-энди тўзғияпти. Ва у яна юзага чиқаяпти.

Қанча умри куйиб кетди.

Мен шунга ачинаман.

Шу ҳам иш бўлди-ю?

Наҳот, шундай яшаш мумкин?

Ақлдан эмас, бу!

Аламзада мажруҳнинг тизгинсиз талвасаси!..

Майли, Остоновга қайтайлик! Уям кичкина одам эмас! Сиз уни кўзга илмаслигингиз мумкин, аммо у жодухона мубадлари мубади . Шунинг учун: “Европага тегманглар! – деб ҳукм қилаяпти!

2007 йилнинг охири. Иқтисодчи олим Ашур Қодиров бир мақола олиб келди, ўшанда у тилсимли иқтисод Европада инқироз келтириб чиқаришини айтган. Вақти-соати билан бу бало Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонни ҳам комига тортиб кетишига ишора қилган. Намоз Саъдуллаев кўзи тешилиб уни тайёрлади, саҳифага қўйилди. Эрталаб қарасак, йўқ!

Мажлисда Остонов расмий “Баёнот” билан чиқди:

– Бизнинг экспертлар бунинг тескариси бўлади, деган хулоса берди!

Европага тегманглар! Дунёни Европа бошқараяпти!

Одамларга ҳақ гапни етказиб бўлмайди! Тўқсон тўққиз фоиз нашр устида шунга ўхшаш ўлик жон. Улар фикр ва янгилик оқимини тўсиш билан овора.

Худдики, оламда бўлаётган ўзгаришнинг Ўзбекистонга ҳеч қандай дахли йўқ!

Худдики, ҳамма ёқ тинч, сув қуйгандай! Жимжитлик!

Нега?

Ўзгариш уларнинг зиёнига!..

Буни ўзгалар тугул, ҳатто ўзлариям билишни истамайди! Ва хусумат қилиб, яхшиларни аросатда тутишга уринади…

– Ўзбекистон тараққиётдан йигирма йил орқада қолди, – дейди Остонов!

Яна буни писанда қилиб айтади! “Биз унга йўл бермадик, қўлингдан нима келади?!”, деб.

Аммо, шундай бир ҳақиқат борки, уни ҳеч ким рад эта олмайди!

Ўзбекистон жирканч куч оёғидан ушлаб, орқага тортган бир вақтда, бўйнига осилган зил-замбил юкни кўтариб, ҳалоллик, заҳмат ва матонат билан баралла қад ростлади!

Жаҳон молиявий инқирозга учраган тўлғама замонда!

Буни дўст ҳам, душман ҳам кўриб турибди!..

Ҳаттоки Султонов ҳам!..

“Худди ерда Бухоронинг сўнгги амири Зарафшонда
сочиб кетган тангаларни кўргандай, нигоҳингни асти ердан узмайсан…”

– деб ёзади Иброҳим Ғафуров “Хайриддин” мансурасида.

Олим Отахонов уни шундай изоҳлайди: “Манфаат йўлида, секин-аста ўз идеалларига – ёшликдаги орзу-умидларига хиёнат қила бошлаган ёш йигитнинг тубанлашаётганини кўрган шоир нола чекади-ю, “кўкка қара, бошинг кўтар, ер чизмасдан, Хайриддин”, деб илтижо қилади”.

Бу – отам замонидан қолган гап! Ундан буён чорак аср ўтди, яна қанча ишлар бўлиб кетди. Ва бошни баланд кўтариб юриш учун одамда юз, ор-номус бўлиши керак, ғурур ва орият, ҳақ-ҳуқуқ бўлиши керак!

Изида йилт этган ёруғлик бўлиши керак!

Қилган иши қабоҳат бўлса, ҳаммани қон қақшатса, қандай қилиб яна бош кўтариб юради, у?

Бундай бадбахт ҳатто ер чизишга ҳам ярамайди!

Ва ер чизиш унча чўзилмайди.

Асли йўқ нарса йўқ бўлиб кетади…

– “Тақдир ажойиботлари”ни ўқидим, – деди бир зиёли. – Буни кўпчилик яхши билади! Фақат айтишга истиҳола қилади! Ёки журъат этмайди! Чунки у юқорида ўтирипти! Сиздан бир нимани сўрасам, майлими?!

– Сўранг, сўранг!

– Яқинда телевидение Султоновнинг тизимида қилинган шармандали ишлар ҳақида фильм берди, ҳужжатли, яна икки қисмдан иборат! Қаранг, дорнинг тагидан қочган, қамалиб чиққан бузуқилар унинг васийлигида ишга жойлашган, ҳатто амал олган ва яна юлғичлик қилган! Улар бизга, матбаачилар шаънига иснод келтирган!

Бу рўй-рост айтилди! Ҳатто, бир очофат етимхонага бориб, бир қоп шакар берасан, деб жанжал қипти! Буниям эшитдик, бундан баттарини ҳам!

“Матбуот тарқатувчи”, Матбуот ва ахборот агентлиги, “Шарқ” НМАКда қилинган кирдикорлар очиб ташланди.

Унинг ўринбосари Муҳидинов кирдикори ҳам очиқ айтилди.

Шунинг учун у девондан ҳайдалган! Яна бир ўринбосари Болтабой Шодиев эса, қора қилмиши учун, бир неча йилдирки, қамоқда ётибди!

Бундай вазиятда, одатда, шайкага қўшиб, “крестный отец” ҳам йўқ қилинар эди!

Уни ким тутиб турипти, ёш авлод тарбияси, миллат матлаби, эртанги кун зуваласи қориладиган шундай бир нозик жойда?!

– Уни тутиб турган – инсу жинс, сеҳр-жоду! – дедим унга. – Бошқа ҳеч нима эмас! Унинг турган-битгани шу!

Аслида ҳам шундай!

Кўза кунида синади!

Шунда ҳаммаси ечим топади!..

Агар, сиз эътибор берган бўлсангиз, “Ватан тарихи”да анимизм (руҳга сиғиниш), тотимизм (аждодлар руҳига сиғиниш), магия (сеҳргарлик) дастлабки диний эътиқод сифатида талқин этилган. Бу – шу нарса!

Кейингиси! Ва уни ёзган бу сирни билади, унинг кучини, амал илмини ҳам!..

Ва, нималар деяпти у, ёшларга?!.

Тоҳир Малик “Шайтанат” деб роман ёзади, бу юзи қора уни унвон билан сийлайди, “Ўзбекистон халқ ёзувчиси!..”

Хўш, нима дегани у – шайтанат?!

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?!

Қаранг, миллий тил иҳотаси учун сув билан ҳаво бўлган Атамақўм ўтиш даврида тугатиб юборилди!

Нега шундай қилди у?

Ёқубовга хусумати учунми?

Йўқ, ўзбек тили билиқсиб ётсин, боши ғурбатдан чиқмасин учун!..

Навоийшунос Иброҳим Ҳаққул олдин форсча матн келтиради, кейин ўзбекча маъносини беради.

Султонмурод Олим эса, Навоий – уйғур, деб даъво қилади, нари борса, пирлари ва устодлари, султони ориён ва дедойи калон Жомий отамизнинг бир мутаржими-да, дейди.

Нусратилла Жумахўжа бўлса, “Оҳ, Сафавий, воҳ Сафавий!” – деб кўкрагига уриб йиғлайди ва Шайбонийхонни каллакесарга чиқаради.

Яна қаерда?

Мактаб дарслигида!

“Шайбонийнома” таҳлилида!

Тасаввуфшунос “дониш” кимошдишуносга айланиб олган! Ҳам шохига уради, ҳам туёғига! “Қора бозор”ни қиздиради!

Тоза додини беради!

Мен Нажмиддин Комиловни айтаман!

Аҳли мурид юрт бўйлаб изғийди!

Давр келди, сур бегим!

Нима кўп – депутат бўлсам, дахлсиз бўламан, мушугимни биров пишт дея олмайди, деган крохобор кўп!

“Кимошди” савдоси!

“Кўк”идан, фақат “кўк”идан!

Бели синмаган бўлсин!

Кеп қолинг!

Тендер!

У ёқда тожиклар хуруж қилади, акун, Самарқанду Бухорони бизлар қурганмиз, деб!

Кун бермайди!

Кўз очирмайди, сира!

Чукур-чукур, чукур-чукур!

Нима эмиш, туркийлар кўчманчи эмиш! Олтойдан кеп қолган эмиш, мол боқиб, уларнинг ерига!

Аслида, бунинг зидди бўлган-ку, биродар?!

Аммо улар ташаббусни қўлдан бермайди, байроқни олиб чопади “номаълум тепалик” сари!

Мудом сувни лойқалатади!

Бир қутурди бу қавм, у ёқ-бу ёғи йўқ!

Қани энди, Низомулмулк тирик бўлса-ю, “Ахборот”дан сўнг бир чиқиш қилса:

– Эй, ит, нега оламга фитна соласан?! – деб…

Сиз Султоновни айтасиз! Муштдай бир тирмизак – Хайрулло Нуруллаев!

Шунга ҳеч ким бас кела олмайди! “Ёшлар” каналига миниб олган, суднинг қарорини писанд этмайди! “Бу идорада суд ҳам, прокурор ҳам, Президент ҳам ўзим!”– дейди! Биров эътироз билдирса, “Шарафутдиновга айтаман, чиққан жойингга тиқиб юборади!” – деб дўқ уради, дағдаға қилади!

Шунда бизнинг идоралар ҳам зир титраб кетади!

Турқини кўрсанг, кўнглинг айнийди! Аммо, дағдағаси дунёни бузади!

Э-э, нимасини айтасиз!

Шукр қилиш керак! Уриб ўлдириб қўймагани учун!

Юрибмиз-ку, тупроқдан ташқарида, Миртемирга ўхшаб!

Миртемир олтмишга кирганда Куйбишев район Ёнғин хавфсизлиги бўлими Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган!

Тўрт кишини йиғиб, союзда уни қутлашган. Охирида оқсоқол сўз олиб:

– Менинг фикримни ҳукуматга етказсангиз, Комил Нуъмонович! – деган. – Мен давлатимиздан ўла-ўлгунча розиман! Вақтида қамади, тарбиялади, одам қилди! Бўлмаса, Сайёрга ўхшаганлар кўчада тутиб олиб, уриб ўлдириб юборар эди!..

Майли, буям ўтади!..

Бир вақт қарасангиз, Муҳиддинов, овчининг тозисидай хонама-хона изғийди, жуда сирли оҳангда қулоққа шипшийди: “Чагаев тилга олинмасин, Руслан Чагаев!..”

Уни хотирангдан ўчириб ташла деб ундайди. Лекин, одам компьютер эмас-ку, хотирани ўчира олса! “Бу – қандай гап? Нега бундай бўлаяпти?” – деб ўйлайди, масаланинг илдизига етмоқчи бўлади. Шунда улар фасод ёяди.

“Қаранг, шундай қипти-я, кўрнамак! Каттанинг…”

“Унақа одам эмас у!” – десангиз, балога қоласиз! “Миш-миш”чилар қўймайди, тинчлик бермайди, уриб енгади!

Нима учун?

Русланни қора қилиш, рақибига йўл очиш учун!

Уни “синдиради”. Чунки Волуев уларнинг одами!

Ёки кинорежиссёр Баҳром Ёқубовни олайлик!

Кўнгилочар газеталар унинг обдон ийиғини чиқарди! Қаранг, “7х7” етти марта “чайнади”, сақич қилиб!

“Олдин!..”

“Йў-ўқ, кейи-ин!..”

“Қанақасига, “кейин?!” Олдин ўпади, кейин!..”

Ёш-ёш қизлар, шуни муҳокама қилади, газета орқали!

Нима деяётганини ўзи билмайди! Аммо, фасод билиқсийди!

“Одамлар, ҳо-о, одамлар! Эшитмадим демангла-ар! Баҳром Ёқубов, ҳа, ҳа, ўша Баҳром!.. Цивилизовнный любовь!..”

“Желтый пресса” муайян қавмга ва муайян мақсадга хизмат қилади ва лойиҳа муаллифининг “қўшиғи”ни хониш қилади.

Ва бу тасодиф эмас!..

Бугун Ёқубов ҳатто ўзи ишлаган фильмга исми-шарифини қўя олмайди!

Бу ҳуқуқдан у маҳрум этилган!

Нега?

“Юқоридан айтишди!”

Сабаб?

“Биласиз-ку!..”

Энди ўзингиз ўйланг: бировнинг номини ўчириб ташлашга кимнинг нима ҳақи бор?! Ва ким унга ваколат берган?!

Шундай бўлади, ўзи!

Ўйин-ўйиндан ўт чиқади.

Бир қарасанг, ўзингдан ўтгандай!

Бир қарасанг, душманлик қилгандай!

У бировнинг хасмига кўз олайтирган эмас! Ва дунёда кўп хунук ишлар бўлиб ётибди! Аммо бировнинг бу билан иши йўқ! Нега унинг кўрпаси остига тумшуқ тиқишди?!

Тўғри, Озода Нурсаидова шундай шармисор қилинган! Айтишларича, Юлдуз Усмонова унга ҳасад қилиб, мисини чиқарган!

Хўш, Баҳром кимнинг арпасини хом ўрипти?

Нега уни қора қилишди?!.

Ва ҳамма эшик тақа-тақ ёпилди!

Бошини кўтариб юра олмайди.

Уйда ҳаловат йўқ.

Одамлар ўзини олиб қочади.

Таъби хира.

Қўли ишга бормайди.

Сиқилади.

Нега шундай бўлди?

Минг ўйлама, ўйингнинг охирига ета олмайсан!..

Чунки, бу узоқ тайёргарлик билан, кўп одамни ёллаб, тилсимга таяниб қилинган иш!

“Цивилизовнный любовь”дан мақсад – Ёқубовни “синдириб” ташлаш эди!

Ва бу фақат ризқ учун қилинган эмас!

Баҳром Ёқубов “Февраль воқеалари” фильмини яратган! Ҳужжатли ва уч қисмли! Унда ваҳший терроризм бутун ёвузлиги ва асос-илдизи билан очиб берилган! Бу ҳақда шундай тугал фильм бўлмаган, илгари!
Ва бу фильм етиб бормаган мамлакат йўқ, дунёда!

У одамларни ларзага солиб, тушунчаю тасаввурни ўзгартиб юборди!

Шунинг учун айлантириб келиб, ундан шундай ўч олишди!

Хўш, уни ким ташкил қилди?

Очиқ айтайми?

Жаҳонгир Қосимов!

Мана шу “хизмати” учун уни Султонов ўринбосар қилиб олди…

Нимасини айтасиз?

Айтгилиги бўлса экан!

Бирдан ҳукумат телефони жиринглайди!

Олсанг, Зерифбай!

Биласан, бу устаси фаранг Султоновнинг “ўнг қўли”. У эшилиб товланади: “Бегали Қосимов масаласида эҳтиёт бўлинг, ака! Шу кунларда номи чиқмай тургани маъқул! Катта ғазаб қилган…”

Қайси катта?

Катта Каттами ёки кичкина котта?

Ва, нега?

Буни сўрайдиган масъул йўқ.

Умуман, сўраб бўладими, ўзи?!

У сиёсий маҳкама бўлса!

Зерифбай “Раҳмонқулов даражасидаги одам!”

Раҳмонқулов давлат маслаҳатчиси бўлса! Катта унга ишонса! Хавфсизлик хизмати унга қараса! Яна ўзи ҳалол, жонкуяр…

Йўқ! Бу масалага аралашиб бўлмайди!

Палак шундай тўқилади.

Қуйида “миш-миш”чилар отряди жавлон уради, одамлар орасида маъноли ишора қилади: “Фалончи хол қўйипти! Чиқмай турсин, дейишди!” Яна охирида: “Ўзидан ўтибди-да!” – деб қўйишади.

Шундай қилиб бир шўрликнинг уйи куйиб кетади.

“Туда нельзя, сюда нельзя!”

Ҳамма гаранг, ҳамманинг боши қотган!

Нима қилиш керак?!

Қандай қилса, ўрамага тушмайди?!.

Шундай яшаб бўладими?!

Тўртта иблис, ҳаммани ўйнатади!

”Зерифбайнинг бир оғиз гапи билан наҳот шундай бўлса?!”

Ўйламанг, ўзи шундай! Гап Зерифбайда эмас, у – ким, у? Нари борса, бир ижрочи!

Аммо унинг цейфи – атторнинг қутиси. Фармон, Қарор, Фармойиш бланклари…

Раҳмонқуловда Каттанинг факсимиле йўқ, Зерифбайда уям бор!

“Соҳибқирон” ёки Султонов фатво берса, “кўрак чувиш машинаси” ишлаб кетади. Ҳужжатга факсимиле босилади! Уни ўша куни имзо чекилган ҳужжатларга қўшиб, Канцелярияга ўтказадиган одами бор, Зерифбайнинг!

Ҳатто ижросини таъминлавчи масъуллар ҳам!..

“Соҳибқирон”нинг хизмати номаъқулнинг нонини ейдими, шуни қилмаса!

Бутун бир тизим, параллел иш кўради!

Сиз нима деб ўйлаяпсиз!

Давлат ичида давлат!

Бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди.

Адашмасам, 2006 йил.

Эски шаҳарда иш қизғин.

Болалар ижодиёти уйи, Миллий либослар саройи, Қодирий боғи ишга тушган, Хастимомда эса, кўламли иш бошланган. Шу ҳақда ёзиш менга юкланган. Давлат раҳбари лойиҳа муҳокамасида, қурилиш устида айтган фикрлари, барча баённома қўлимда.

Бир вақт Шуҳрат телефон қип қолди. Ўша вақт у “Халқ сўзи”нинг Бош муҳаррири вазифасини бажараётган эди.

– Менга бир мавзу айтинг, – деди Жабборов. – Газетани сал кўтарай!

– Мана, Эски шаҳар! – дедим унга. – Шунча иш бўлди, бир газета бир сатр ёзган эмас!..

Хуллас, менинг таклифим билан у учта мақола чиқарди. Охиргиси “Қодирий боғидан узилган гуллар” эди.

Ўша куни Шодиқул Ҳамроев: – Бирга тушлик қиламиз, гап бор! – деди сирли оҳангда. Ва чой устида: – Шуҳрат акани ёмон қипти! – деди овозига сиёсий тус бериб. – Боя олдимдан чиқди, бўш қопдай ҳилвираб қолган!

– Ким уни ёмон қипти?

– Султонов!

– Нега?

– Қодирий боғи ҳақида мақола берган экан! Каттага ёқмапти! Султонов чақириб, тоза қонини ичипти, икки соат! “Умуман, Қодирийни тилга олманглар!” – деган кўрсатма бўпти…

Шол бўлиб қолдим. Бу – менинг тавсиям. Шуни қиламан деб у ғазабга учрапти. Ўзинг калтак есанг, майли, ўзимдан ўтди, дейсан, чидайсан.

Аммо бировга зиёнинг тегса, ёмон. Дилида жароҳат қолади. Уни тузатиб бўлмайди.

Жуда эзилиб девонга қайтдим. Келиб, ҳужжатларни кўтардим. Йўқ, Ислом Абдуғаниевич Қодирий боғи ҳақида яхши фикрлар айтган, ҳатто бир жойда: “Қодирий боғи шундай бўлсинки, кўрган кўз қувонсин! Буюк ёзувчимиз асарлари каби ўғил-қизларимиз тарбиясига хизмат қилсин!” – деган!..

Тушуниб бўлмайди!

Ё кейин бир фалокат рўй бердими?

Сиёсат шундай нарса. Ўзгариб туради.

Шу пайт телефон жиринглади. Олсам, Султонов.

– Бир киринг! – деди у.

Бордим.

Бир даста қоғоз узатди.

– Маънавият ҳақида китоб тайёрлар эканмиз! – деди у масалага ойдинлик киритиб. – Бош қисмини ўзлари ёзипти, давомини айтиб турди, ҳозир ёзиб олдим! Сиз бошлайверинг, шундай давом этамиз!

– Яхши, – деб хонага қайтдим. Қарасам, Ислом Абдуғаниевич қора сиёҳда анча қоғоз қоралаган. “Нима ёзган экан?” – деган қизиқиш билан уни ўқиб чиқдим. Учинчи саҳифада чор босқини, эл-улус ёвга бас кела олмагани ҳақида сўз юритиб, аслида, бу кулфат амир ва хонларнинг калтабинлиги туфайли келиб чиқди, маишатга мук кетган бу фосиқлар оёғи остидан нарини кўра олмади, халқнинг бошини бириктириш ўрнига жаҳолатда тутиб турди, деган. Халқнинг аҳволу руҳиясини ўзимизга тасаввур этиш учун буюк ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг “Ғирвонлик маллавой” асарини эслаш кифоя, деб, ундаги бир воқеага эътибор қаратган. Ғирвонга биринчи паровоз кириб келмоқда. Ғирвонликлар уни ҳайбатли қора айғир деб ўйлайди ва ўн арава кўк беда билан эллик пуд арпа тайёрлайди.

Ёзувчи шуни енгил ҳажв қилади.

Мана шу ҳолат, маълум маънода, ўша давр кишилари қандай тушунча билан яшаганини кўрсатади, албатта.

Европада ишланган паровоз ҳаётимизга кириб келаётган бир вақтда, одамлар уни “Қора айғир” деб қабул қилади.

Ислом Абдуғаниевич, кўрдингизми, кишиларимиз нечоғлик тараққиётдан орқада қолиб кетган, бизни қулликка маҳкум этган, аслида, шу, деб хулоса чиқаради…

Кўнглим равшан тортди.

Нимага десангиз, бу – ҳали сиёҳи қуримаган ёзув! Каттанинг амалдаги фикри эди.

Яна, шу тобда “ММ” телеканали: “Ҳозир “Ўтган кунлар” фильмини намойиш этамиз”, – деб киношунос Ҳамидулла Акбаровни экранга таклиф қилди. У фильмнинг биринчи ишланмасини олқишлай бошлади.

Шартта Шуҳратга телефон қилдим.

– Мана шу канални очинг! – дедим, унга.

– Очдим!

– Кўраяпсизми?

– Эшитаяпман!

– Агар, сизга айтилган гап чин бўлса, бу канал бу фильмни яқин йўлатмас эди! Энди буёғини эшитинг!..

Мен унга баённомада айтилган, ундан сўнг Ислом Абдуғаниевич ўз қўли билан ёзган ҳалиги фикрларни сўзма-сўз ўқиб бердим, буни Султонов Оқсаройдан ҳозир олиб тушди, дедим.

– Билмасам, – деди Шуҳрат, у жуда тўкилиб қолган эди. – У менга шунинг тескарисини айтди!

– Шуҳрат! – дедим унга. – Президент сизнинг ишингиздан хурсанд бўлган! Шунча жон куйдириб, шунча маблағ сарфлаб, лойиҳани қайта-қайта муҳокама қилиб, қурилишнинг тепасида ўзи туриб, боғни обод этади-ю, шу ҳақда илиқ бир гап айтилса, ранжийдими? Мана, ўз қўли билан “буюк ёзувчимиз” деб ёзиб қўйипти! Эҳтимол, “Қодирий боғидан узилган гуллар”ни ўқиб, шу ўйга боргандир?! Шундан сўнг ёзгандир, буни?!

– Билмасам?!.

Чиндан ҳам шундай. У қаёқдан билсин, тепада нима бўлаётир?! Ва унга бунинг иссиқ-совуғи борми? У шуни биладики, ўқувчига директор эмас, ўқитувчи баҳо қўяди. Масалани у ечади. Қулоғини қимирлатиб кўрсин-чи!..

Султоновнинг айтгани – айтган, дегани – деган!

Бундай зарба одамни не кўйга солишини мен яхши биламан!

Журналист ҳам, муҳаррир ҳам галдираб, нимани ёзишни билмай қолади.

“Қўй! – дейди. – Оч – қорним, тинч – қулоғим!”

Худдики, оёқ остига мина кўмилган, у қаерда, билмайди. Юрак ҳовучлаб, оёқ босади.

“Ўзинг асра энди, мени, туморим!..”

Ҳамма унинг соясига салом беради!

Сояси эса, ҳамма ёқни босиб кетган!

Эчкининг оти – Уста Каримхон, Шокарим ходжа, Миркарим саййид!..

Қозоннинг бошида – шулар!

Султонов нега тескари сиёсат юритади, деб ўйларсиз.

Гап шундаки, Қодирий қанча осмонга чиқса, унга осилган бадбахт, дейлик, Ғафур Ғулом ёки Султонов шунча қора ерга киради.

Гарчи, Султонов амалда ўтирган бўлса-да, ризқ Қодирийники!

Абадият қонуни шундай.

Улар йўлтўсарлик билан ризқ ундириб келган.

Шунинг учун Қодирий йўқ қилинди, кўп-кўп ризқи улуғлар ҳам…

Шароф Рашидовдан Рауф Парфигача, Шукруллодан Азим Суюнча, ризқ учун четга суриб қўйилди.

Жамол Камолни тилга олиб бўлмай қолди.

Ўрозбой Абдураҳмонов – “бирлик”чи, Бахтиёр Генжамурод – таъмагир!..

Қарангки, бу сиёсатга айлантирилди.

Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеяси, айрим нашр ва хизматлар, кўрсатувлар, ҳатто тизимлар тугатиб юборилди.

Қаранг, жаҳолатга қарши маърифат билан курашамиз деган давлатда, ижро ҳокимиятида шу тизим йўқ, тугатилган; соҳа ундан йироқ бир масъул зиммасига юклаб қўйилган…

Нима учун?

Ахлоққа, миллий фитратга зид, бузғунчи тушунча ва ҳаракат эмин-эркин кириб келиши ва кенг қулоч отиши учун!..

Каттадан-кичиги спортга ундалган мамлакатда Спорт қўмитаси йўқ, у Маданият ишлари вазирлиги таркибига қўшиб юборилган!

Нега?

Давлат сиёсати тугал амалга ошмасин учун!

“Ким қилади, шуни?! Ахир, бу жуда нозик масала-ку?!”, деб ўйларсиз!

Худди шундай!

Айланиб келиб, шу савол оёқдан олишини билиб, мен вақтида айтган эдим, сизга: “унинг кўлами жудаям катта”, деб…

Ислом Абдуғаниевичга осон эмас!

Ва бу ишни ўша, ҳасадгўй қавм қилади, сеҳр-жоду билан!..

Эсланг, бири даъво қилган, ўша тўқсонинчи йилларда: “Қалъа ичкаридан олинади!” – деб. Шу ҳол воқеъ бўлди, ҳаётда…

2006 йили Абдухолиқ Абдураззоқов балчиққа ботди. Уни “Ҳуқуқ” газетаси Бош муҳаррирлигидан четлатишди. Газета Бош прокуратура нашри эди, “унинг қошида кичик корхоналар очган, имтиёзларни суиистеъмол қилган”, деган овоза ёйилди.

Ўша кезлар “Ҳуқуқ ва бурч” деган кучли бир журнал ташкил этилди. Унга Шодиқул Ҳамроев масъул эди. Бир куни у: – Бугун мени вазир ўринбосари чақирди, – деб қолди. – “Абдураззоқовни муовин қилиб олинг, уни прокуратура текшираяпти! Қамалади! Унгача ишлаб туриши керак, қочиб кетмасин учун”, деди…

– Шунчаликми?

– Аҳволи жуда ёмон! – деди Ҳамроев. – У Хайриддиннинг курсдоши, бирга кўп иш қилган, аммо Султоновнинг қўлидан ҳам бир иш келмади!

Орадан бир-икки ой ўтди. Бир кун қарасам, Муҳиддинов девон олдида бир опа билан гаплашаяпти. Ниҳоят, у опа билан хайрлашди ва менга йўлдош бўлди. Кайфияти баланд.

– Ким – у? – деб сўрадим.

– И-я, танимайсизми?

– Йўқ!

– Дилбар опа-ку, Жаҳонгирова, Касаба уюшма раиси. Биз у киши билан бирга ишлаганмиз, опа ҳоким ўринбосари бўлган, мен – котибият мудири. Яхши аёл, мени ука ўрнида кўради.

Ислом Абдуғаниевичнинг олдига кириб: – Фатхиддинни менга берасиз! – депти, “Ишонч”га! Катта рози бўпти! “Тағин ўзингдан сўраб қолса, йўқ, дема!” – деб тайинлади!

Насиб этса!..

Бу гап жума куни бўлган.

Сешанба куни газета ўқиб ўтириб, “Бош муҳаррир Абдухолиқ Абдураззоқов” деган ёзувга кўзим тушди, яна қаерда денг, “Ишонч”да!

Ё фалак!

Секин Фатхиддиннинг олдига ўтдим. Қорайиб кетган! Қон бўлиб, тўкилиб ўтирибди.

– Бу – қанақаси? – деб сўрадим ундан. – Уни “қамалади” дейишган эди?!.

Фатхиддин тутаб кетди.

– Бу – ифлос, – деди у ўртаниб. – Хайриддин ҳамма советникка ялиниб чиқди, шуни асраб қолайлик, деб! Бўлмади! Ундан олган, тили қисиқ!

Ўша куни олдига кирдим. Биласиз, бундай гапни айтиб қўймаса, бўлмайди, “Йўқ, хизматга керак!”, дейиши мумкин, ғайирлик қилиши мумкин! “Нега мендан яширдинг, нега зимдан иш қиласан?”, дейиши мумкин! Айтиб бўладими, ака?!

Кириб: – Хайриддин ака, шундай-шундай! – дедим. Унинг башараси буришиб кетди. Узалиб “прямой”ни олди, “Жаҳонгировани уланг!” – деди.

Сўнг: – Дилбар Набиевна, мен ҳозир Каттадан топшириқ олдим, “Ишонч” газетасига Абдураззоқовни олиб бориб таништиринг! Мен айтаман, йигитлар уни сизга бошлаб киради!, деди!

Бошимдан ҳушим учди!

Қотиб қолдим!

Шундай қилди-я, нокас!

Буни бировга айтиб бўладими, ака?!.

Қарабсизки, кундадай керилиб Абдураззоқов “Ишонч”да иш бошлади, яна!

Тақа-тақ текширув тўхтади!

Муносабат ўзгарди!

Чунки бу ишга Каттанинг номи аралашди!

Ҳамма лол-ҳайрон!

Сиёсат бу!

Ким Каттанинг олдига кириб, фикрингиз ўзгардими, Ислом ака, деб сўрай олади?

Каттанинг эса, мингта иши бор!..

Биласиз, бир замон “Ёзувчи” деган нашриёт, “Сирли олам”, “Қалб кўзи”, “Марказий Осиё маданияти”, “Мулоқот” деган газета-журнал, “Юзма-юз, “Газеталар шарҳи”, “Келин-куёв”, “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?!”, “Биз билган, биз билмаган тарих” деган кўрсатувлар бўлар эди.

Тугатилди, ҳаммаси!

Бозор муносабатига бардош бера олмаган, дейсизми?

Йўқ, ундай эмас!

Бирининг илдизига назар солинг, бошқаси ҳам ойдинлашади.

Давлат раҳбари девон ходими Абдуқаҳҳор Иброҳимовни чақириб, “Ватан туйғуси” деган китоб ёзишни буюради. Унинг тузилиши, маъно-мазмуни ва нимани ўз ичига олишини тугал баён этади. Ёзганингни етти яшардан-етмиш яшаргача бирдай тушунсин, дейди.

Шундан сўнг “соҳибқирон”га, яъни, Ташкилий ишлар ва кадрлар бўйича давлат маслаҳатчиси Темир Алимовга, бунга шароит яратиб бер, деб тайинлайди.

Китоб тайёр бўлади.

Алимов қўлёзмани ўқиб чиқиб, маъқул, дейди, сиёсий томонини тўлдирсин, деб Нарзулла Жўраевга беради.

Ва, сенга ўзингга хос ва ўзингга мос иш берамиз, топшириқ шундай, деб Иброҳимовдан ариза олади.

Ҳолбуки, девонга ариза билан ишга олинмайди ва бўшатилмайди ҳам…

– Хуллас, Нарзулла китобни бойитди, – дейди Иброҳимов. – Унинг ҳиссаси ўттиз фоизни ташкил этди. Қаламҳақи шундай тақсимланди.

Корректура келди. Ўқилди. Муқова тайёр. Ана чиқади, мана чиқади, деб турганда Шоғуломов йўқлаб қолди.

Бордим. Нашриёт директори билан Нарзулла ҳам шу ерда экан. Кирдик.

Шоғуломов: “Мен ҳозир кўрсатма олдим, биринчи қилиб Хайриддин Султонов номини қўйларинг!” – деди. Мен норози бўлдим. Нарзулла, ҳатто нашриёт директори ҳам қатъий эътироз билдирди.

Шунда Шоғуломов бирдан менга ташланди ва: – Сени ернинг ҳалиги жойига тиқиб юбораман! – деб ўшқирди. Аммо шунда ҳам рози бўлмадим, “Бу китобга Хайриддиннинг нима алоқаси бор?!” – дедим унга.

– Гап тамом! – деди у ўшқириб. – Чиқларинг!

Хуллас, Султонов биринчи эмас, иккинчи муаллифга айланди, китоб чиқди. Бир куни Нарзулла телефон қилиб, хабарингиз борми, эртага Давлат ва жамият қурилиши академиясида китобнинг тақдимоти бўлаяпти, деди.

Бордим.

Биласиз, Нарзулла “Мулоқот”дан чиққан, Бойқобилов – унинг устози.

Ҳаммани йиғиб келган экан, охирги қаторни тўлдириб ўтирибди. Мен ҳам уларга қўшилдим.

Зал тўла одам.

Бир вақт тақдимот бошланди. Султоновга сўз берилди. У китоб ҳақида, у қандай ёзилгани, мазмун-моҳияти ва маърифий аҳамияти ҳақида батафсил тушунча берди. Кейин: – Саволлар борми? – деди.

Шунда Бойқобиловнинг ёнида ўтирган ходими Давлатмурод Саъдуллаев қўл кўтарди.

Султонов рухсат бергач, у ўрнидан туриб:

– Хайриддин ака, – деди. – “Ватан туйғуси” ўн бобдан иборат бўлса, унинг еттитасини Абдуқаҳҳор Иброҳимов, қолган учтасини Нарзулла Жўраев ёзган! Китоб муқовасида сизнинг фамилиянгиз нима қип турибди?!

Аммо, Хайриддин бало экан.

– Америкада ака-ука Вики деган ёзувчилар бор! – деди у кифтини келтириб. – Укаси ёзади, акаси нашр ишлари билан шуғулланади. Бизнинг иштирокимиз шундай!

Шу билан тақдимот якун топди ва “бадиий қисм” бошланди.

Бойқобилов таъқиб остига олинди. Адабий йиғинларда уни Шарафиддинов кўп “калтаклади”. Чийратма хатлар уюштирилди. Аммо ишдан олиб бўлмади. Уни Крайнов қўллади. Икки ўртада Иброҳимов ишсиз қолди. Жўраев эса, ёмонотлиққа чиқди ва четлатилди.

Шу орада “Ватан туйғуси” умумтаълим мактабларига дарслик сифатида киритилди. Ва ҳамон ўқитиб келинади. Аммо, унинг кўркам жилдида Нарзулла Жўраевни айтмай қўя қолай, ҳатто Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг ҳам исми-шарифи йўқ!

Техник сабабларга кўра, “учиб” кетган!..

Яна денг, “Маънавият” нашриёти ҳар гал уни чоп этаётиб, Иброҳимовга тақриз ёздириб олади, “Қўлингдан нима келади?!” – деб!..

“Сиз “Мулоқот” журнали қандай ёпилганини айтмоқчи эдингиз”, демоқчимисиз?

Шундай ёпилган! Бойқобилов оламдан ўтгач…

Мен буни очиқ айтаяпман.

Нега?

Бу – шундай бало.

Ва унга тўғри баҳо берилса, хатога йўл қўйилмайди…

Аммо, ўша съездда қирқ “пари”нинг бели чиқиб кетди!

Улар Уюшмани қўлга олмоқчи эди.

Нега?

Сессияда “иш” чиқмагач, дунё бир чайқалди!

Ё ҳаёт, ё мамот!

Бутун қавм уларга кўз тиккан!

Шунда Уюшма – сув билан ҳавога айланди! Чунки у турли кучлар ўчоғи эди. Унга раҳбар бўлсанг, шу кучларга ҳукмингни ўтказа оласан!

Ҳал қилувчи курашда бу жуда муҳим!

Аммо бунинг учун!..

Шуни кўздан қочирманг сиз, ҳаммаси ойдинлашади.

Бир эсга олинг, муқаддам, 30 сентябр куни Олий Кенгашнинг VII сессияси бўлган. Ундаги тўлғама-ғалаён жуда оғир кечган. Аслида, сценарий битта, фақат у катта миқёсда ва астойдил “ўйналди”.

Албатта, шунга яраша узоқ ҳозирлик кўрилди! Нурали Қобулнинг уйи машваратхонага айланди.

Э-э, нимасини айтасиз!

Эринмайди бу қавм, тинмайди сира!

Сессия телевидение орқали тўлиқ олиб берилди.

Талаб шундай бўлган.

Бу – жўн Кенгаш эмас, мамлакат ҳаётидаги фавқулодда сиёсий ҳодиса!

Аниқ айтганда, парламент орқали давлат тўнтариши ясашга уриниш!

Энг қизиғи, 26 сентябр куни соат 15.30 да Москванинг “НТВ” телеканали: “Ҳозир Тошкентда Ўзбекистон парламентининг йиғилиши бўлаяпти. Унда бир гуруҳ депутатлар республика раҳбари истеъфога чиқишини талаб қилди”, деб хабар тарқатади.

Ажаб ҳол, бу!

“НТВ” тўрт кун кейин бўладиган “сессиянинг аҳволу руҳияси ҳақида қандай қилиб тўрт кун олдин фол очди экан?” – деб савол қўяди газета .
Ундан ҳам қизиғи, 30 сентябр куни сессия худди шу руҳда қайнаб-тошади. Журналистлар “аввал хабар қилинганидек” дейишни яхши кўради.

“НТВ” ҳам 1 октябр куни соат 15.30 да шундай довул қоқади:

“Ўзбекистон парламентининг навбатдан ташқари сессиясида 230 депутат Ўзбекистон Президентининг истеъфога чиқишини талаб қилди…”

Излар тўғри Москвага олиб боради.

Ўша чақириқда парламентга 500 депутат сайланган. Демак, унинг 230 таси инқилобчи бўлган, яъни, шу ишга бош қўшган.

Ислом Абдуғаниевич улар уюшиб ҳаракат қилаётганини, микрофонларни эгаллаб олганини кўриб, “Жиддий тайёргарлик кўриб келгансизми, дейман?!” – дейди.

Шунда сирдарёлик бир депутат ҳеч иркилмай: “Сессия бўлади-ю, тайёргарлик кўрмай келамизми?!” – дейди иддао билан.

Сессияда 230 депутат эмас, уларнинг етакчилари бош кўтарди ва истеъфо талаб қилди.

Нега?

Улар, тиз чўкиб яшагандан, тик туриб ўлган афзал! Ўзбекистон онангизнинг маҳрига тушган эмас! Бўлди-да, шунча ҳукм сурганингиз! Энди жиловни беринг, бизга! – деган иддао билан ташланди.

Юзсизларча!

Мана, орадан шунча йил ўтди. Бугун дўппини олиб қўйиб, ўзингиз бир ўйланг, жуда ғалати даъво эмасми, бу?!

Нима, вице-президент тиз чўкиб яшаганми? Унинг қўли жуда узун эди!

Ўша одамлар ундан манфаат кўрган, шунинг учун атрофида уймалашган.

Сессияда манфаат доирасини кенгайтириш учун уюшган.

Буни етти яшардан-етмиш яшаргача яхши билади.

Қолаверса, парламент ҳуда-беҳуда истеъфо талаб этмайди. Хўжалик ҳаёти издан чиқса, мамлакат оғир аҳволга тушса ёки давлат раҳбари обрўйини тўкса, одатда, шундай қилинади.

Ислом Каримов жар ёқасига келиб қолган ўлкани олов ичидан олиб чиқиб, хўжалик ҳаётини изга солаётган, одамлар оғирини енгил қилаётган ва унинг давлат мустақиллигини эълон қилган бир пайтда, ишлайман деган одам уйқу билмаган вазиятда нега улар қўққисдан истеъфо талаб этди?

Ёки Ўзбекистон уларнинг онасининг маҳрига тушганмиди? Шунинг учун истеъфо деб кўз очирмай, ҳақ талашдими?!

Ёки Мустақиллик, демократия ёки инсоф-адолат учунми?! Ватан, халқ учунми?!

Йўқ!

Мамлакат оёққа турмоқда, одамлар уюшмоқда, сиёсатни қўлламоқда, эртага ҳокимият кучга тўлса, ҳеч нима қилиб бўлмайди, вақт – шу вақтдир, деб улар ҳокимият учун, жиловни қўлга олиш учун бош кўтарди!

Биласиз, унга Мирсаидов бош-қош бўлган, Шукрулло Раҳматович, вице-президент. Унутманг, у ГКЧПни уюштирган Янаевнинг шахсий дўсти ва маслакдоши эди! Нурали Қобул билан Мадаминов, Омон Матжон билан Усмон Азим эса, унинг шахсий дўсти ва маслакдоши. Яшириб нима, Иблис салтанати сарқитларидир!

Энди, Мустақиллик арафасида бўлиб ўтган август хунтаси, яъни, ГКЧП нима эканини билмоқчи бўлсангиз, бир воқеани айтай: ўша куни Ёқубовни зудлик билан Куйбишев райкомига чақириб, ҳибсга олинувчи Уюшма аъзолари рўйхатини тутқазган!..

Сиз нима деб ўйлаяпсиз?!

Ҳаётнинг ички тўлқинлари бир зум тинган эмас!

Бу, Ўзбекистонни орқага қайтариш ва яна қулликка маҳкум этиш ҳаракати эди, аслида!

“Ўз ғарази йўлида истибдод орқали эл устига ҳукмрон бўлғучилар йўқотилмас экан, бизга нажот йўқдир!” – дейди Абдулла Қодирий .

Аммо, ўша сессияда Ислом Каримов ҳикмат билан уни тўзғитиб юборди. Ва бу ҳаракат съездда яна завол топди.

Ўзингиз ўйланг, кеча Озодликка чиққан мамлакатда Мустақиллик деган, халқни, Ватанни ўйлаган одам шундай бузғунчилик қиладими?!

Зиёлиларни, эл-улусни бўлиб ташлайдими?!

Аслида, бу ҳаракат Фарғона воқеалари билан бошланиб, Ўш-Ўзганга кўчган, Бўка, Паркент ва Гулистонда давом этган. Ва кейин ҳам узликсиз хуруж қилди.

1999 йил 16 феврални бир ёдга олинг! Тошкентда, олти жойда мудҳиш портлаш содир этилди. Буни қилган – Мадаминов билан Тоҳир Йўлдош.

Нима эмиш, Ислом давлати ўрнатар эмиш!

Ўзбекистоннинг куни икки қонхўрга қолдими?!

Қирғинни Козим Зокиров ташкил этган, у ашаддий каллакесар; судда айтишича, террордан олдин Истамбулда Мадаминов билан учрашган. Салай Ўзбекистоннинг оятулло Хумойнийси бўламан деб Ҳажга отланиб турган экан…

– Мен Чеченистонда “ўқитган” хоразмлик жангари йигитлар бор, икки юзта, уларниям муҳорабага тортинг! – дейди у. – Агар, қойил қилмасангиз, бориб ўзим портлатаман!..

Шунда ўн олти нафар беайб ва бегуноҳ одам ўлиб кетди!

“Катта мақсад йўлида беш-ўн одамнинг қурбон бўлиши йўқотиш ҳисобланмайди!” – дейди Мадаминов.

У одамларни шоҳмот тахтасидаги тош деб билади ва кўнгил хушлиги учун “ўйин” қилади.

Чунки, жудолик нима эканини билмайди!

Қўлидан бир яқини ситилиб чиқиб кетган, йўқотиш ва ғам-алам жонини ўртаган одам дунёга бошқача қарайди. Бир четда туриб, зимдан одамларни ўтга тиқиб юбориш ва унга исиниш бошқа, ўтда ёниш бошқа!

Мен ўша воқеа ичида бўлганим учун, кўз юмиб-очгунча у қандай ваҳима қўзғаб, қанча дилни сиёҳ қилганини, қанча уйга мусибат олиб кириб, ҳаётни қандай ўзгартиб юборганини яхши биламан.

Қутурган кўр ваҳшийлик бу!

Одамларнинг тинчини кўра олмайдиган мараз ва бадкирдор кирдикори!

Аммо, айтиш керак, террор режаси чуқур ўйлаб тузилган. Давлат раҳбари, ҳукумат аъзолари, ҳокимлар Вазирлар Маҳкамасида, йил якунлари кўриб чиқилмоқда. Бирдан маҳкама остида тўрт юз кило тротил портлайди. Бино ердан узилган лаҳза кунчиқарда яна юз кило тротил портлайди. Ва унинг зарби иморатни ағдаради. Тирик жон қолмайди, унда!

Мана шу фурсатда мамлакат бўйлаб яна қирқ беш жойда, йирик шаҳарларда, ҳарбий-сиёсий ўчоқларда мудҳиш портлаш содир этилади.
Ваҳм, саросима, таҳлика!

Вилоятлар, вазирлик ва маҳкамалар, бутун бир мамлакат эгасиз қолган. Одамлар ҳушини йўқотган, нима қиларини билмайди. Уларга йўл кўрсатадиган киши йўқ.

Ҳамма шол, ҳамма карахт.

Дунё тескари айланиб кетган.

Шунда Мадаминов Қозоғистон орқали, Тоҳир Йўлдош Ҳайратон орқали, Жума Наманганий эса, Тожикистон орқали ўз қўшини ва бўлғуси аъёнлар билан кириб келади.

Ҳамид Исмоилов “Би-би-си” орқали Ўзбекистонда Ислом давлати ўрнатилиб, ҳожи Мадаминов Президент вазифасини бажаришга киришгани ҳақида расман баёнот беради.

Вассалом!

Ҳожи Мадаминов Исмоил Сафавийдан қолган дасторни илиб, тахтга ўтиради ва, хотиржам, Султоновни чорлайди.

– Мулла Хайриддин, зудлик билан ҳарбий ҳолат ўрнатиш ҳақида Фармон тайёрланг!

Султонов бу ишнинг ҳадисини олган. “Халқнинг хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, мусурмонлар идораси таклифи билан нодавлат ташкилотлар мурожаатини инобатга олган ҳолда, хонадонлар тинчлигини кўзлаб, деб гапни айлантиради, кейин бир сўлиш олиб “кесади”:

Белгилаб қўйилсинки…”

Вассалом.

Шўринг қисиб ётаверасан!

Яна бу етмагандай, Ботир Зокиров қон қилади: “Пешонаси-и-ини-инг-г шў-ўри бо-ор!..”

Қойилмисиз?

Нақадар тотли режа, аммо Мадаминов “Черняевка”дан ноумид бўлиб қайтди, ўз одамлари билан, Киевга…

У судда ўтира олмади!

Мен Ҳамид Исмоиловни айтаяпман!

У “Би-би-си”нинг расмий вакили сифатида Тошкентга, очиқ судга ташриф буюрган эди. Ўтирди, адолат пешвоси каби, керилиб. Йўқ, Ўзбекистон ислом ҳаракати матбуот атташеси Зайниддин Асқаров: – Тошкентда портлатиш бўлган! Аммо бизнинг қўлимизда ҳеч қандай маълумот йўқ! Нима бўлган, нима қўйган, билмаймиз! Бу ёқда Ҳамид ака телефон қилади, қайта-қайта: “Баёнот берайми, йўқми?!”, дейди! Мен бир нима дея олмайман! Тўғрими, Ҳамид ака?! – деб унга уч-тўрт қайта мурожаат қилгач, ҳоли-аҳволи ўзгарди.

Ўша пленумда Ўткир Ҳошимов столнинг тагига қандай кириб кетган бўлса, уям шундай – қора ерга кириб кетди.

Ҳақиқат шундай тиғдор, ҳақиқат шундай оғир, ҳақиқат! Уни кўтариш осон эмас! Унча-мунчанинг белини синдириб юборади! У қуёшга ўхшайди ва ҳар ким унга тик қарай олмайди!

Шу-шу, йўқолди у. Қайтиб қорасини кўрмадим, Тошкентда!..

Баёнотчи!..

Ўзбекистоннинг куни сенга қолдими, эй кўҳна касал, дейдиган бир одам йўқ.

Бу шундай иш – қонли, қасосли, унутилмас!

У юракларда битмас-туганмас жароҳат қолдирган!

Ўша судда олий жазога маҳкум этилган Козим Зокиров охирги сўзида:

– Биз қон тўкдик, қасддан одам ўлдирдик! – дея иқрор бўлган. – Бу ишларни Ислом номидан қилиб, жуда оғир гуноҳга ботдик!

Эҳтимол, бизнинг қисматимиз бошқаларга бир сабоқ бўлсин, деб Оллоҳ сабр этгандир?!

Мени қийнаётган, ўлимдан ҳам оғир нарса – билиб-билмай қилган бу ишлар учун Яратганнинг олдида нима деб жавоб бераман?

Буни эшитганлар унутмасин, охири пушаймонлик бундай ишларни зинҳор қилмасин!

Менинг охирги гапим, тилагим – ҳеч бирингизнинг хонадонингиздан бизга ўхшаганлар чиқмасин!

У юртбошидан кечирим сўраб:

– Ислом ака! – дея ўтинган. – Биз сизни ўлдирмоқчи, ҳокимиятни босиб олмоқчи бўлдик! Аммо сизнинг бахтингиз, ҳаётингиз бизнинг қўлимизда эмас экан!..

Ҳақлик шу, Ҳақиқат шу! Ва уни ҳар бир ғофил, у ким бўлишидан қатъий назар, чуқур англаб олмоғи даркор!

Сиз билмайсиз, ўша қонли талвасада ўйнаб-кулиб юрган одамлар кутилмаганда қандай ўлим топганини! Ҳали бир юмуш билан юрган киши, мундай қарасангиз, боши йўқ! Тани куйиб, титилиб кетган! Ўнг қўлини мушт қилиб тугишга улгурган, халос.

Яна бир йигитдан асар қолмаган, ўнг қўлини айтмаса! Унинг кимлигини соатидан билишди…

Ойдай бир келинчак тириклай ёниб кетган…

Шуни кўриб, сочим оқарган!

Уларнинг гуноҳи нима?

Ким сенга ваколат берган, одамларни қон қақшатишга?

Кўк кийган бир момо сира кўз олдимдан кетмайди. У ёлғиз ўғлидан жудо бўлган. Қабристондан бери келмайди. Шўрлик беҳол бош чайқаб: “Уч неварам чирқираб қолди! Менга қийин бўлди!..” – деб зорланади.

Қулоғимга ўтириб қолган, шу!

Унинг гуноҳи нима?

Ким бунга жавоб беради?!

Қурбон олдин кетади, қотил – кейин!

Аммо омонлик топмайди…

Албатта, кейинги хуружлар, тўкилган қонлар ва қурбонлар ҳам шу жирканч ҳаракатнинг узвий давомидир!

Аммо, қон тутади!

Тутганда ҳам ёмон тутади!

Қисқа қилиб айтганда, қирқ “пари” Ислом Каримов даврида кўп нотинчлик келтириб чиқарган, кўп қон тўккан ва мудом оёқдан олиб, орқага тортган Иблис малайларидир.

Агар, ўз номи билан айтсак, кишилик жамиятини кемирувчи термитлар! Ёки зоти паст “шаҳар мўйловдорлари” деса ҳам бўлади. Улар ҳамма жойда, ҳаётнинг ҳамма жабҳасида ўмариш ва зиёнкорлик билан шуғулланди. Халқнинг нонини туя қилди. Тараққиётнинг йўлини тўсди. Давлат раҳбарини ўраб олди ва унга ҳаммаслак инсонларни бир четга суриб қўйди. Аммо, минг уринмасин, Каримовга бас кела олмади.

Асилликка буюк бир интилиш унга метин қанот бўлди.

Шунча балони енгиб ўтди-я!

Ўйласам, юрагим орқага тортиб кетади!

Буни билган билади, билмаган зиддини айтиб ўтаверади…

Яна денг, уялмай-нетмай ўша съезд бўлган куни, кечқурун Кўчим ялтоқланиб келган. “Мен биринчи ўринбосар бўлиб қолай, сиз айтсангиз, “йўқ” демайди! Нима хизмат бўлса, қиламан!..”

Ўшанда Ёқубов уни Вазирлар Маҳкамасига ўтказиб юборди. Орадан кўп йиллар ўтгач, оқсоқол умрига якун ясаётган кунлар, Муҳаммад Исмоил ва Кўчим билан уни зиёрат қилгани бордик. Шунда у Кўчимга хушламай қараб:

– Абсайт, – деди важоҳат билан, сўнг унга тиғдор тикилди. – Сени мен одам қилдим! Биласан, Ислом Абдуғаниевич билан муносабатимиз яхши эди! Лекин, орани бузишди! Сен айт-чи менга, ким қилди, шуни?!

Кўчим саросимага тушди. Аввалига Мурод Дўст бўлса керак, деб талмовсиради, аравани олиб қочди, аммо Ёқубовнинг таъқибига чидай олмай, Султоновни ҳам балчиққа тиқиб юборди. Шунда ҳам Ёқубов кўз узмай қадалиб тургач, Кўчим чулдираб, ахийри тили айланмай қолди.

Бирдан Одил Ёқубов столни муштлаб, унга шердай ташланди.

– Орамизда бир одам ўтирибди! – деди у ғазаб билан. – У бор ҳақиқатни билади! Ва бир кун башарангга тупуради!

Кўчим чолдай букчайиб қолди.

Ноилож турдик.

Жа-а ёмон-дэ, мана шу, Абсайтнинг турқига айбини солиш!

Ёқмийди.

Лекин, нима қилсин?

Оқсоқолга ҳам осон эмас! Вақт зиқ! Ҳар лаҳза ҳисоб-китобли. Ажал эшик пойлаб турибди. Орани очиш керак. Шунинг учун ҳаммасини бир қилиб, андоқ урдиларким, Кўчим қора ерга кириб кетди!

Шоша-пиша турдик.

Хайр-маъзурни ҳам насия қилиб, кўчага чиқдик.

Майдалаб ёмғир ёғаяпти.

Кўчим кўкрагини ғижимлаб: – Мени ичгим келаяпти! – деди, елкасига муштлади. – Бир жойга ўтайлик!

– Уйга борамиз, – дедим мен.

Келиб, узоқ ўтирдик.

У ўлгудек ичди. Ётиб итдай ичганини ҳеч кўрган эмасман, лекин, маст бўлгани йўқ. Ора-сира кўкрагига мушт уради, ғижимлайди. Қотиб қолса керак-да. Ниҳоят, туришга чоғланди. Шунда у қўлини фотиҳага очиб, менга чақчайиб қаради, сўнг: – Худонинг олдида гуноҳимиз бор! – деди димоғ кериб. – Кечирса, кечирар! Кечирмаса, ўзимиз кечириб қўяверамиз!

Шунақа!

Бунга Муҳаммад Исмоил гувоҳ.

Сиз билмайсиз, уларни!

Улар Қобил насли, жодудан куч олиб, Яратганнинг юзи ва кўзи, ҳаттоки ўзи – биз! – деб даъво қилган, кечалари: – Худодурмен! – деб улиган қавм бўлади!

(давоми бор)

No
  1. Бу кас бутун умрини мукофот ва мансаб учун сарфлаб, олган мансаби Ок саройда кичик бир югурдак “лавозими” булди. Одил Ёкубов ёзувчи эди, катта-кичик, аммо ёзувчи, аммо унинг шотирлари узбек адабиёти деб аталган Уюшмага сукилиб кириб олган энг талантсиз пасткаш кимсалар эди. Шулардан энг “кузга курингани” Г.Хотомов булади. Диккат килсангиз, бу тубан одам тош отган инсонлар узбек адабиётининг энг кузга куринган вакиллари, бу тасодифми сизнингча? Бу гуё мустакил вовиллаётган лайчанинг оркасида ким турган булиши мумкин? Нахотки, бу одам бу бор-йуги психболницадан справкаси бор оддий бир акли нокис булса?

  2. Узбек адабиётини жахонга шарманда килишни бундай йуллари бор экан! Шахсий гараз, манфаат туфайли медалнинг иккинчи томонини дунёга куз-куз килиш телбаликдан бошка нарса эмас.Бир нарса талашингки, у талашишга ярашсин. Халол СУЗ учун курашингки, бу гузал курашдир.Бу нима? Магзава!!! Ундан кура дунё ахли укиётган гузал адабиёт намуналарини укиб, укиб яшанглар, мусулмонлар! Уят борми? Адабиётдан гузал маъвони боткокликка айлантириб куйиш инсоф ё иймонданми? Ижодкор шахси билан ижоди тарози палласида тенг келмаса, бунга ижодкор айбдор эмас.Бунга унинг талантсизлиги айбдор. Хакикий талант бу хакикий ижод одами булиб, уфиску фужурдан баланд турган, тура олади. Биз тожикистонлик узбеклар учун Тошкент адабий мухити узбек адабиётини Маккаси кабидир.Шундок мукаддас даргохни бунча булгонч килиб курсатасизлар! Аллохдан куркмайсизларми, Улган одамлар гурини титишга! лган одам ортидан ёмон суз билан эслаш гунохи кабирку! Мусулмонмисизлар? Хазрат Румий айтадилар, “Хазор сола рахест аз ту то мусулмони, Хазор соле дигар то ба хадди инсони”.Аккали мусулмон булинглар.Инсонликка хали йул узок. Уят керак одамга!

    • Адабиётни, улганларни оёкости килиб машхур булишни орзулаш учун инсон узлигидан йирок кетган булшии керак. Мен доимо узбеклигим, форс адабиётига Бедил,Хайём, Хусрав Дехлавий,Зебунисо каби зур истеъдодлар етказиб берган халк вакили эканлигим билан фахрланиб келганман. Кодирий,Чулпонлар, узи тожиклигига карамай, узбек адаибёти учун жон фидо этган Фитратлар билан гурурланганман. Пахлавон Махмуднинг форсий рубоийларини укиб хузур киламан. У дейди, Ай хожа, чаро ин жахон бехабари, Рузхойи шабон дар талаби сийму зари.Сармояи ин мулки жахон як кафан аст, Ин аст гумон, ки бари ё набари. Узбек узига бек, багри кенг миллатдир. Аммо “Такдир ажойиботлари” узбекники эмас! У манфаатники, ифлос манфаатники!Бировни бадном этиб хали хеч ким барака топмаган!Кузингинзни очинг, узбеклар!

  3. Fazliddin Yokub

    Birovlar emas , siz ozingizni inson deb atashni istasangiz , tezlik bilan tohtating bu yolgon va yaramas fitnalaringizni . Tovba kilsangiz yahshi bolardi mohi Ramazonda . Hali beri Ozbekistondagi juda kop hakikatlarni bilgan pokiza insonlar bor ichkarida ham , tashkarida ham . Shuning uchun biror narsa yozish kerak bolsa , ozgina bolsa ham farosatni ishlatish kerak . Fazliddin Yokub . Amerikadan .

  4. Абу Бакр Асоев

    Оббо, Ғаффор ака-ей, нега бунча ўжарсиз-а?! Ё бахиллик қилаяпти деб ўйлаяпсизми? Самимият билан айтяпмиз-ку, ахир! Ҳалиям бўса “асар”ингизнинг қолган бобларини оммага етказишдан тўхтатинг! Нега тушунмайсиз, ахир?! Ўзигизча ҳақиқатни айтяпман деб ўйлаётган бўлсангиз, адашасиз! Ҳақиқат бу тарзда айтилмайди! Сиз танлаган усул мўминга хос эмас! Бир ёқда Устозингиз Одил Ёқубовнинг руҳини чирқиратаяпсиз. Бошқа томондан бу амалингиз учун фарзандларингизнинг юзи ерга қараган бўлиб қолади! Бузғунчининг боласи деган маломатга қўясиз, шўрликларни! Балки меҳнатингизга ачинаётгандирсиз?! Тожикистонлик беғараз бир инингизнинг айтган холис гапини яна бир марта ўйлаб кўрсангиз-чи!

  5. “1999 йил 16 феврални бир ёдга олинг! Тошкентда, олти жойда мудҳиш портлаш содир этилди. Буни қилган – Мадаминов билан Тоҳир Йўлдош.

    Нима эмиш, Ислом давлати ўрнатар эмиш!” O’zbekistonda turib bunday asarning yozilishiga kotta Kottadan nima uchun ruhsat tekkanining sababi bul!
    Bechora Goffor!!!! Vaqt otsin, keyin koramiz nimalar haqida nima deb yozar ekansan!

  6. Гаппор Хотамовни Оксаройдан кутига тепишгандан кейин у Хайриддин Султоновнинг душмани булиб колди, бу каснинг пул ва мукофотдан бошка дарди йук бу дунёда. Тугри Х. Султоновни хам фаришта деб булмайди, аммо у Гаппоордай безбет шармсиз эмас, хар холда уз килганларидан уялади. Гаппор бу ерга Олим Отахонннинг гапларини келтириб унинг устига хам узининг сассик курпасини ёпяпти, Олим Отахон эса Гаппорлардан нафратланади,Тура Мирзо ахмок,у Гаппорлар билан хам бошлалар билан хам огизбурун упишиб юраверади.

  7. Bu shallaqilarcha uydirilgan yolgon! Birorta togri sozi yoq, butun voqealar oyogi osmondan qilib , teskari yoqzilgan. Bu qadar pastkash boladimi yozuvchi?! Bolarkan, qarang, oqing ibrat oling!

Leave a Reply
*