Menu
Categories
Юсуф Жума. Тангрининг ўзидир буюк Режисёр, Театр эмасдир менинг ҳаётим…
08/07/2016 Адабиёт
Юсуф Жума шу
Юсуф Жума.  Янги шеърлар
Безак ҳақида ривоят
Нодон элга бир замон
Султон бўлди бир оқил.
Бахт қуши келиб қўнди,
Лек нотинч тоза кўнгил.
Рад этди подшоликни,
Қуш учирилди такрор.
Яна доно бошида,
Наилож энди тождор.
Элни йўлга солгунча
Юрак бағри эзилди.
Манглайига ажинлар
Тўлқинлардай тизилди.
Деди:  бир уй безатинг,
Бир оз ҳордиқ олайин.
Кўзу кўнгил яйрасин
Ором ичра қолайин.
Султон ахир султондир,
Ҳар бир сўзи фармондир.
Бир қаср безатилди
Зар,  тиллодан алвондир.
Оқил тождор кўрдию
Қавоғидан ёғди қор.
Гарчи гўзал ошёндир,
Хизматкорлар шай,  тайёр.
Бошқа жой ҳозирланди
Бошдан оёғи гулзор.
Ҳар бир гулнинг ёнида
Битта гўзал интизор.
Хушламади ҳукмдор:
Аҳли донишни чорланг.
Уларнинг ақли билан
Безатиб жой ҳозирланг.
Оқиллар дер кошона
Ҳофизлар билан тўлсин.
Куй наволар подшонинг
Кўнглига ором бўлсин.
Доно тождор кўрдию
Зўрға босди ўпкасин.
Бас,  ўзим безатаман,
Бор нодонлик тўхтасин.
Бир чеккада бир кулба,
На зарли,  на кумушли.
Безаксиз,  кимсасиз уй,
Фақат тоза ич теши.
Шоҳ деди оқилларга:
Кўринг безаги нима?!
Бирон безак тополмай
Елка қисади ҳамма.
Барча кўриб қайтдию
Тополмади ҳеч бири.
Султон дер:  Манглайимга
Битилган элнинг кўри.
Бу оламда иккита
Безак бўлса дил ғамсиз.
Бири оқил дўст,  у йўқ,
Бириси одамсизлик.
  1. 11. 2015
Ягона Тангридир – ягона шоир,
Энг гўзал шеърлари – гўзаллар нодир.
Қани имкон бўлса қаламим билан
Багримга кўчирсам барин бирма бир.
  1. 11. 2015.
Барча йўлим тўсилган дема
Кеманг тешик бўлса,  бас,  яма!
Отинг йўқми,  пиёда чопгин
Ҳар қандай пайт бир йўлин топгин.
Гир атрофинг тўсиқ,  идрок қил
Бир йўлини тополган оқил.
Бор йўлингни тўсса ҳам дунё
Топ,  бир йўлин қолдирар худо.
  1. 11. 2016.
Сочлари – сунбуллари солланади сонида,
Торлари — қоп­қора сел торларининг сонича.
Тушимда висолида мен тириклар сонида
Ўнгимда ҳижронида мен ўликлар сонида.
Ол юзли, бошдан оёқ ол олмадек ол – қизил,
Ол гулдайин ол­қизил,  олтиндайин ол­қизил.
Кўз олма,  кўз олмагин,  кўз олсанг,  кўз — ол­ қизил
Ол,  қиз ул,  бас,  ол қиз ул,  бас ол қиз ул,  ол қиз ул.
Армони ажал бўлиб бошдан ҳар он кечадир,
Ёришмас марҳум кўнгли – тонглари йўқ кечадир.
Висоли етмаган жон жаҳондан кечадир,
Юзи – куни кундузгир,  сочи – туни кечагир.
Жон томир этар эдим зулфидан бўлса бир тор
Қизғанар патагин ҳам —  чиройининг бағри тор.
Жигарим гажагининг торлари саноғича
Юрагим сўкилгандир кокилларидай тор­-тор.
Таралар хуш бўйлари тилимга олсам отин,
Фақат хаёлда эмас,  бошимда одим отгин.
Фақат тушимда эмас,  ўнгимда ҳам сурайин
Бахт отин – висол отин,  жон отин,  кўнгил отин.
Сочлари – сунбуллари солланади сонида,
Торлари — қоп­қора сел торларининг сонича.
Тушимда висолида мен тириклар сонида
Ўнгимда ҳижронида мен ўликлар сонида.
2016
Ёр бўлмагач — дилга ёқар,
Ёлғизликка нима етсин?!
Дўст бўлмагач дилни уқар,
Ёлғизликка нима етсин?!
Эл бўлмагач кўзи очиқ,
Тоза қалб йўқ,  бари балчиқ.
Идрокнинг чироғи ўчиқ,
Ёлғизликка нима етсин?!
Отанг борми,  чоп,  интизор,
Онанг борми,  топ,  интизор.
Бошқадан қоч,  этади хор,
Ёлғизликка нима йетсин?!
Бир нодонга бўлсанг дучор
Дийдори минг дўззахча бор.
Қочишдан ўзга не бахт ёр,
Ёлғизликка нима йетсин?!
Танҳоликдир бир жаҳаннам
Ичу тешингни ёқар ғам.
Йўқдир бундан яхшиси ҳам
Ёлғизликка нима етсин?!
  1. 12. 2015
Жўралар суҳбати
ҳазил
– Сен ёрингни хўб севасан,  ниҳоясиз суясан
Хотин зоти тез бузилар,  эҳтиёт бўл, куясан.
– Йўғе,  наҳот шундай бўлса,  сенга ташаккур жўра,
Бузилмасин,  ишлатиб сўнг музлатгичга қўяман.
  1. 12. 2015
ҳазил
Чексиздир,  чексиздир ақлин камоли
Барчанинг ақлидан зиёда,  созроқ.
Тугаб қолмасин деб ёримнинг боли
Фақат онда­ сонда ўпади озроқ.
Миш­миш оралади – ҳаммаси ёлғон
Гўё бевафомиш суйган гўзали.
Бир бўса олиб дер:  поклиги аён
Заррача камайган эмас асали.
  1. 12. 2015
Бир кишварга нидо келди кўклар устидан
Тангри денглар,  йўқса жойинг ернинг остидан.
Ҳамма қўрқув,  даҳшат ичра Тангри дер гуррос
Силкинтирар осмонларни ушбу жўравоз.
Лекин оқил бир йўлакда бетин овора
Чумолини босманг дея турар дил пора.
Йўлни кесиб хирмон сари бўлиб қўш қатор
Ўтиб қайтар қумусқалар тун­кун беқарор.
Ҳой одамлар боса кўрманг жониворларни,
Хор айламанг,  оҳ шундоқ ҳам ночор хорларни.
Кишиларчи сўкиб ўтар:  эй кофир,  бедин,
Мўр дегунча Тангри дегин,  дорийди ўпқин.
Лекин оқил йўлак узра турар соқчидай
Узун­-узун мўрлар сафи она сочидай.
Барча бирдай Тангри дерди кечаю кундуз,
Ер ёрилиб кетармикин,  тушарми юлдуз.
Саросима ичра тун кун бетоқат элат
Оқил:  босманг қумусқани,  дер эди фақат.
Парвойи йўқ одамларнинг дод войи билан
Мўрлар йўлни тарк айлади,  ташилди хирмон.
Энди доно ҳордиқ олиб ёнбошлар беун
Бедин дея аҳли элнинг манглайи ғижин.
Чиндан юртга ўлат келди,  тарқалди вабо,
Бир оқилдан бўлак барча топади қазо.
Тангри дейиш тангри дейиш эмас беадад,
Ҳақ дейиш ҳақ йўлидаги ҳар бир ҳаракат.
  1. 12. 2015
Шерга қарши ким қилади жанг?!
Ҳамма жимдир,  ҳанграр кўр эшак.
Қани кўрсат аканг бор аканг,
Мендан зўрни билмайди фалак.
Дерлар:  чиқма,  топасан ажал,
Сўқир уқмай,  қони бўлди сел.
Сен майдонга чиқишдан аввал,
Кимга қарши чиқаяпсан,  бил.
  1. 01. 2016
Эркинг йўқми,  демак ҳеч ниманг йўқдир,
Умрбод қамалган тутқундир ҳамма.
Ўлимдан қўрқишинг нимаси,  сўқир,
Ўлимдан қўрққанлар топмас ҳеч нима.
Ташна бўл курашга,  ташна бўл ўчга,
Ўлимдан қўрқмаган топади мурод.
Ҳаёт эмас яшаш жонни ҳовучлаб,
Ўлимдан қўрқишга арзимас ҳаёт.
  1. 01. 2016.
Гўзал қурилгандир у боқий жаҳон,
Фақат бир қусури борлиги аён.
Яхшилиги бошқа ҳар кимнинг гўри,
Лекин Қабристоннинг бирлиги ёмон.
  1. 01. 2016.
Ролни бошқа ерда уйнагин гўзал,
Театр эмасдир менинг ҳаётим.
Сен ҳам бошимдан кет сотқин дўст – ажал,
Театр эмасдир менинг ҳаётим.
Шекспирдан қолган эски гап ошкор,
Олам театрдир,  бор кимса актёр.
Тангрининг ўзидир буюк Режисёр,
Театр эмасдир менинг ҳаётим.
Содиқ дўст ёр ролин уйнайди барча
Шундан юрагимдир парча ва парча.
Ҳаммага ёпганим қопқаю дарча,
Театр эмасдир менинг ҳаётим.
Энди халқнинг бачадони эмас бачадон
Актёрлар урчитар,  пишиқдир чандон.
Устози – хиёнат йиғиндиси – қон,
Театр эмасдир менинг ҳаётим.
  1. 03. 2016.
Қайси юртга қилсанг қўнғироқ
Ҳатто ярим кўнглинг тўлмайди.
Дерлар ҳақдан бошласанг сўроқ:
Телефонда айтиб бўлмайди.
Ҳар сўзингни тинглайди минглар
Ростин айтсанг душманга тенглар.
Фақат ютар тилсизлар – гунглар,
Телефонда айтиб бўлмайди.
Айтилса бир чимдим ҳақиқат,
Гумондадир барча иккиқат.
Бош террорчи — бор ҳар бир давлат,
Телефонда айтиб бўлмайди.
Қарғиш теккан лаънати дунё,
Олсанг агар чуқурроқ ҳаво.
Дер:  Тузумга ғаним норизо,
Телефонда айтиб бўлмайди.
ҚЎРҚИБ СЎЙЛАР ПОДШО ТЎРДА ҲАМ,
Қулоқ бордир ҳатто гўрда ҳам,
Айтиб бўлмас ҳатто шеърда ҳам,
Телефонда айтиб бўлмайди.
  1. 03. 2016.
юсуф жума америкада
Суратда: Исёнкор ўзбек шоири Юсуф Жума Америка Қўшма Штатларида…
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
"1" Comment
  1. Шоирнинг биринчи шеърини ўқиб, бехииёр буюк Фароғийнинг:”Бир бедавлат элнинг боши бўлгандан, давлатманднинг эшигида қул бўлгин”, дегани келди.

Leave a Reply
*