Menu
Categories
Исмат Хушев: Тошкентдаги фоҳишалар резиденцияси (Иноятов ва Ҳайдаров жанги) -1
08/07/2016 Бош мақола
Яхши-суратимИсмат Хушев: Тошкентдаги фоҳишалар резиденцияси
(ёки  МХХ раиси Рустам Иноятов ва Президент Девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаров жанги)
1.
Шу кунларда Тошкент шаҳар судида – Ўзбекистон Президенти резиденциясини исловотхонага айлантирган бир гуруҳ давлат мулозимлари устидан ёпиқ суд маҳкамаси давом этяпти.
Давлат раҳбарининг муборак номи билан бевосита боғлиқ бўлган бу суд маҳкамаси ҳақида расмий ўзбек матбуоти ҳозиргача бир оғиз ҳам сўз айтгани йўқ. Айтолмаса ҳам керак.
Хориждаги «Озодлик», «ББС» ва «Дунё ўзбеклари» бу шармандали ҳол бўйича ўз ўқувчиларига баҳоли қудрат хабар бериб туришибди, холос.
Хўш, нега Ўзбекистондаги энг биринчи рақамли шов шувли бу воқеа ҳақида расмий Тошкент матбуоти гапирмасликни лозим кўрди?
Нега ойнаи жаҳон ва радио ҳам ҳануз  жим?
Шунчалик қудратли куч турибдими бу шов шувли суд маҳкамаси ортида?
Агар ростдан ҳам шундай бўлса, ким экан бу қудратли куч?
«Озодлик» радиоси ушбу шармандали  маҳкама ҳақида ёзаркан, бу жараённи МХХ раиси Иноятов билан Президент Девони раҳбари Ҳайдаров орасидаги тўқнашув ва беомон жанг деб таърифлади.
«Озодлик»нинг бу таърифида нечоғли жон бор?
2.
Маълумки,  Ўзбекистон президентига тегишли бўлган  давлат резиденцияси – бевосита миллий хавсизлик хизмати ва хуфия идоралари тасарруфида бўлади.
Қоровулдан то унинг биринчи раҳбари – директоригача – махсус хизматларнинг сон саноқсиз ва синчков текширувидан ўтказилиб, сўнг ишга олинади.
Шундай экан, бу олий ва муқаддас даргоҳ, яъни давлат резиденциялари фаолияти ҳам 24 соат, эртадан кечгача – кузатув идоралари ва кузатув камералари назоратида бўлади.
Хўш, шундай экан, қандай қилиб бу даргоҳда шунча йилдан бўён фоҳишабозлик авж олиб келади-ю, Рустам Иноятов идораси бундан тамомила бехабар бўлса?
Бунга ишониш жуда ҳам қийин.
Бизнинг назаримизда, «Туркистон» давлат резиденциясидаги «бу ажиб ҳол» айнан МХХ томонидан ташкил этилган ва қулай вазият келгунча сир сақлаб келинган.
Бу фаҳш ишидан резиденция раҳбари (сирдарёлик йигит Абдураҳмон Солиев ) хабардор бўлган, албатта.  Эҳтимол у МХХ ташаббуси билан «бу ажиб ҳол»ни ўзи махсус уюштирган бўлиши ҳам мумкин.
У айни пайтда, ўзини ишга олган Зелемхон Хайдаров эрта бир кун ўзи туфайли катта сиёсат қурбонига айланишини хаёлига ҳам келтирмагандир…
3.
Хўш, резиденцияда аслида нима бўлган эди?
Март ойида Тошкентдаги қаттиқ қўриқланадиган давлат резиденцияси ҳудудида фаҳш билан шуғулланган прокуратура, МХХ ва бошқа тузилмалар ходимлари қўлга олинган эди. 
Бугунга келиб маълум бўлишича¸ МХХ томонидан уюштирилган қора ниқоблилар иштирокидаги рейд давомида 16 аëл ва 16 эркак фаҳш ишлари билан шуғулланаётган пайтда ушланган. 
Озодлик ихтиëридаги маълумотларга кўра¸ давлат тасарруфидаги “Туркистон” резиденциясига Миллий хавфсизлик хизматига доир ниқобли гуруҳ рейд уюштиргани пайтида қўлга олинган 16 эркак прокуратура, МХХ ва бошқа куч ишлатиш тизими идоралари ходимлари бўлган… 
Бу ҳақда «Озодлик» радиоси шундай ёзади: 
Рейд нишони – Зелимхон Ҳайдаров 
Нашр хабарида Оқсарой қароргоҳига яқин жойлашган мазкур мажмуанинг президент маъмурияти раҳбари Зелимхон Ҳайдаров ваколатлари доирасида экани инобатга олинса, ниқобли гуруҳ ёрдамида амалга оширилган махсус амалиётнинг асл нишони ҳам президентнинг кўп йиллик сафдоши бўлиши мумкинлигига шама ҳам қилинади.
Озодликнинг Ўзбекистон ҳокимият идораларига яқин манбаси шанбага ўтар кечаси Тошкентнинг Юнус Ражабий кўчасида жойлашган “Туркистон” давлат резиденцияси ҳудудида рейд амалга оширилганини тасдиқлади. Бу манба ҳам амалиётдан асл мақсад “Зелимхоннинг мавқеига зарба бериш” бўлган, дея иддао қилди.
“Зелимхон Ҳайдаров билан МХХ раиси Рустам Иноятовнинг муносабатлари эскитдан яхши бўлмаган. Лекин, айниқса, сўнгги бир йил ичида иккаласи қирпичоқ бўлишяпти. Улар бир неча масалада чиқиша олмаган. Энг сўнгги зиддият кадрлар масаласида чиқди. Ўтган йили Зелимхон ўз одамини юқори амалга тайинлатмоқчи бўлганида, Иноятов қайтариб юборган. Зелимхон ҳам бўш келмасдан, жуда нуфузли канали орқали Иноятовга босим ўтказиб, ўз одамининг юқори лавозимга тайинланишига эришди. Шундан кейин иккаласининг ўртасида қарама-қаршилик янада кескинлашди.
“Туркистон”да бундай айшу ишратлар доим бўлиб келган, ўзи МХХчиларнинг паккасику бу резиденция. Шу пайтгача ҳеч ким индамасдан келди, бирданига кимгадир керак бўлиб қолди бу нарса. Чунки резиденция Зелимхоннинг ваколатида”, дея иддао қилди Озодлик манбаси.
Коттежлардан бирида уй қамоғидаги Гулнора сақланмоқда
“Туркистон” резиденцияси ҳудудидаги коттежлардан бирида Гулнора Каримова сақланаётгани айтилмоқда
Зелимхон Ҳайдаров билан Рустам Иноятов ўртасида зиддият кучайгани тўғрисидаги иддаоларни бошқа бир манба ҳам тасдиқлади. Ўзбекистон куч ишлатар идораларидаги бу манба баланд девор билан ўралган “Туркистон” давлат резиденцияси ҳудудида уй қамоғига олинган юқори даражали собиқ амалдорларни сақлаш учун махсус коттежлар қурилгани тўғрисидаги иддаоларни тасдиқлади.
“Бу коттежлардан бирида икки йилдан бери президентнинг қизи Гулнора Каримова сақланмоқда. Яқингача МХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Ҳаёт Шарифхўжаевнинг манзили ҳам шу коттежлардан бири эди”, дейди Озодлик манбаси.
Ҳокимият йўлакларидаги гап-сўзлардан яхши хабардор Узметроном нашри қаттиқ қўриқланадиган давлат резиденцияси ҳудудида “гуруҳли фаҳшбозлик”нинг аниқлангани Зелимхон Ҳайдаровнинг ўз лавозимидан кетишига олиб келмаса-да, унинг мавқеига, қолаверса ҳокимиятнинг турли қатламларидаги одамларига жиддий путур етказишига олиб келишини тахмин қилади.
 70 ёшли Зелимхон Ҳайдаров собиқ совет даврида Ўзбекистон ССР Компартияси аппаратида Ислом Каримов билан бирга ишлган ва иккаласи ўртасидаги муносабатлар бир неча ўн йиллик тарихга эга. 1993 йилда Ўзбекистон президенти маъмурияти бошлиғи этиб тайинланган Ҳайдаров орадан ўтган 23 йил ичида мамлакатдаги энг нуфузли шахслардан бирига айлангани айтилади.
“Туркистон” резиденцияси Тошкентнинг қоқ марказида Оқсарой ва Ички ишлар вазирлигидан бир хил масофада жойлашган.
Манба: ОЗОДЛИК

 

 

4.
Биз ана шу саволлар билан Зелемхон Хайдаровни яхши билган, у билан узоқ йиллар Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида, сўнг Президент девонида бирга ишлаган таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаевни суҳбатга тортдик.
Устозимиз ўз сўзларини МХХ раиси Рустам Иноятовни ўзига ҳайкал қўйган уч оламшумул ғалабаси билан бошлади.
Давлат резиденциясидаги фаҳш ишларининг ошкор этилишини ҳам, ажабки,  Шароф Убайдуллаев МХХ раиснинг ўз лавозимидаги энг катта ютуқларидан бири деб эътироф этди.
Устозимиз Шароф ака Зелемхон Ҳайдаровни ниҳоятда ҳурмат қилишини, лекин давлат резиденциясидаги бу шармандали ҳол, биз истаймизми, йўқми, барибир, Президент Девони раҳбари обрўйига раҳна солишини, минг афсус ва надомат билан айтиб ўтдилар…
(Шароф Убайдуллаевнинг бир соатлик суҳбатини эртага эълон қиламиз)
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
7 август, 2016 йил, Торонто шаҳри, Канада.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

 

Leave a Reply
*