Menu
Categories
Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов-шув бўлаётган асарининг сўнги қисми…
08/21/2012 Тошкентда шов-шув бўлаётган асар

7.

Дунёда шундай ишлар бўлиб ўтди, ўтган асрнинг иккинчи ярми ва учинчи минг йиллик бошида. Ва яхшилар Ҳақ йўлида мудом сабот кўрсатди.

Айниқса, Одил Ёқубов, қаранг, унинг шахси жараённи ғалвирдан ўтказиб, яхшини ёмондан, оқни қорадан ажратишга йўл очди.

У катта шахс эди, Ислом Каримов, Михаил Горбачев, Борис Ельцин ва Чингиз Айтматов каби…

Мен Одил Ёқубовни улуғлаб, қолган фидоларни камситиш фикридан йироқман. Аслида, бу қисса у ҳақда эмас, одил ёқубовлар ҳақида.

Дунёга келиб нима қилган ва нима деган бўлсам, ҳазрат Одамнинг шу наслига меҳрим туфайли…

Бўлмаса…

Бу даврда ҳаммаям қўрқинч туш каби мудҳиш бир жараённи бошдан ўтказди.

Йўқотиш кўп бўлди!

Жабру жафо ҳам!

Оёқости қилишларни айтмаса ҳам бўлади!

“Чақиб” ташланган, ноҳақ ишдан кетган, жабр кўрган ва туҳматга учраб қамоқда ётган, афсуски, оз эмас!

Итнинг кейинги оёғи бўлиб юрган дарё кўнгиллар ҳам кўп, ҳали!

Аммо, ҳаммаси жой-жойига тушади…

Ўкинч шундаки, бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор!

Мен яхши кўрган кўп одамни шундай қўлимдан юлиб олишди! Ямламай ютишди!

Очофатлар!

Одил Ёқубов ҳам бемаврид кетди!

Сўнг бор дастурхон устида:

– Кўриш насиб этмас экан-да! – деди у, ички бир армон билан.

– Бу – инжиқ нарса! – деб изоҳ бердим, албатта, ўзимни айбдор ҳис этиб. – Бир силтов билан қилсанг, асорати қолади! Кейин у насл суради!..

Ёқубов индамади, сўнг уч ой ётди. Кўргани бордим. У менга бир қараб олгач:

– Носир ҳеч қўймади! – деди. – “Йўқ!” десам ҳам қўймади! “Тўйимни ўтказиб берасиз!”, деди! Зинадан тушаётиб, йиқилдим, кейин яна, яна!..

У қатъий қарор қабул қилган эди.

Шу боис, кўзимни олиб қочдим ва бир нима демадим.

Шундай бўлар экан-да!

Анвар Жўрабоев: – Жуда қўрқинчли! – деган эди.

Эҳтимол, шундайдир?!

Аммо, кўчиш ҳар бир бошда бор! Ва бу билан ҳеч нима ўзгариб қолмайди!

Изингда кўркам бир ҳаёт қолса, ўзингга қутлуғ! Бўлмаса, жон азоби…

Азим Суюн ёзади:

Ўлимдан титраган зот
Титрагайдир ҳаётда!
Уларга мен ҳамма вақт
Қараб келдим нафрат-ла!
Лекин, билсанг, оламда
Бургут деган бир қуш бор,
Титрамайди ўлимдан,
Долға каби шиддаткор…

Одил Ёқубов 2009 йил 21 декабр куни соат 14:30 да оламдан ўтди.

Сўнгги дамида, укасининг айтишича, узоқ ҳушсиз ётган, вақт етиб келгач, илкис кўз очган. Укаси севиниб: – Мана, ўзингизга келдингиз, ака! Илоё, умрингиз узоқ бўлсин! – деб дуога қўл очган. Шунда Одил ака унга тийрак назар солиб, “Шошма!” – дея имо қилган.

– Бўлди, бас! Энди қайтиш керак!

Бу вақтда кўпчилик ишда эди, айримлар турмуш ташвиши билан юрган.

Аммо у билан видолашиш Омон Мухторга насиб этган. “Одил аканинг қўлини бир дам тутиб, сийпалаган бўлдим.

– Одил ака, бу – мен! – дедим. – Сизни яхши кўрамиз, Одил ака!”

Қайноқ меҳрга чайилган бундай нафас оғушида оламдан кўз юмиш ҳар кимга ҳам насиб этмайди.

Ва бу нидо яхшиликнинг қадрига етган ҳар бир одамнинг дилида бор эди…

Омон Мухтор:

– Кунлар қанот ёзиб,
Суриб борар от,
Йўллар узоқ, баланду пастдир.
Сен дунёнинг мулки, Хотирот,
Сенсиз яшаш
Мумкин эмасдир.

Ердан кўкка сапчиган Ғирот,
Парвозингдан
Кўнгиллар мастдир.
Сен борки, биз бормиз, Хотирот,
Сенсиз яшаш
Мумкин эмасдир.

Алишер Навоий:

– Ироданг бирла тақдирингдин ўлғай икки кавн ичра,
Агар бўлса фано зоҳир, вагар бўлса бақо пайдо!
Фалак ҳам ожиз, ахтар ҳам забун сайру сукун ичра,
Ки сендиндур, не бўлса анжуму афлок аро пайдо.
2012 йил март.

Тугади…

No
  1. Otabek Toshev

    Бу асар бир ёклама ёзилган булиб, уз ракибларининг камчиликлари буртириб курсатилган, максад кандайдир уч олишга ухшаб кетади. Ахир хар кандай одам ижодкорми ёки бошками яхши ёмон томонлари булади, ха деб салбий томонларини факат курсатилса купчилик одамларга ёкмаслиги табий.

  2. Bu asarni to’la bo’lmasada har qalay o’qidim. Bu bobda muallif yozyaptiki men boshqa shaxslarni kamsitish fikridan yoroqman deb. Lekin asarni o’qish jarayonida shu narsa amin bo’ldimki, ko’p yaxshi yozuvchi va shoirlar ayamay oyoq osti qilingan! Muallif balki o’zicha haqdir!? Ammo keskin haqoratlar, kamsitilishlar shundoq ro’yi-rost yo’zilgan va men bunga umuman qo’shilmayman. Bularni to’gri yoki noto’gligini ham bilamyman, lekin bilganim shuki asar yaratilishda odob qoidalariga rioya qilish albatta hamma uchun shart!

Leave a Reply
*