Menu
Categories
Анвар САЙРАМИЙ: ОЛТИНЧИ ҚАБР (Ҳаётий-фожеий ҳикоя)
08/12/2016 Бош мақола

%d1%81%d0%b0%d0%b9%d1%80%d0%b0%d0%bc%d0%b8%d0%b9Анвар САЙРАМИЙ
 
ОЛТИНЧИ ҚАБР
 
Ҳаётий-фожеий ҳикоя
 
Яна ўша гап: эрталабки нонуштани тугатиб улгурмасдан, дастурхон йиғиштириб олинмасдан турибоқ, рафиқам кечаги ҳангоманинг давомини бошлади.
– Токайгача ўша расмларни-ю ҳужжатларни папкангизда сақлаб юраверасиз?! Ушбу нарсаларни сизга ўз эгаларига етказиб беради, дея ишонишган. Ахир, кунлар ўтиб бормоқда-ку. Намунча ҳайиқасиз, билмадим.
– Авваламбор, ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан ҳайиқаётганим йўқ. Қолаверса, бир неча марта шаҳарнинг “Север” даҳасига бордим, анча кишилар билан учрашиб, сўраб-суриштирсам-да, дараги чиқмади-ку! Шунча одам: “Танимаймиз” – деб туришса, нима қилишим керак? Майли, шу бугуноқ шаҳар “Маълумотхона” (“Справочное бюро”)сига бораман ва тегишли манзилни аниқлайман.
Кейинчалик Чимкент шаҳар “Маълумотхона”сига қараб йўл олдим. Мазкур маҳкамага киришим билан, иккита дарча ёнида одамларнинг турнақатор чўзилган навбатига кўзим тушди. Уларнинг барчаси ишларини тезроқ битириш илинжида, менинг юмушим эса, янада зарурроқ.
– Навбатга туришдан наф йўқ, – ўйладим ўзимча ва бошлиқ эшигини тақиллатиб, салом билан ичкарига кирдим. Хона тўрида ўтирган раҳбарга “Пресса” ёзувли ҳужжатимни кўрсатиб, келишдан мақсадимни айтдим. Бошлиқ хонадаги столлардан бирида ўтирган аёлни ёнига чорлади-да, мен излаган маҳалла, уй ва хонадонни жадал аниқлаб келишни топширди.
Орадан ўн дақиқаям ўтмади-ки, ҳалиги ходима қайтиб келди-да, ўзимдан олган ҳужжатларни ва керакли манзилнинг аниқ ўрни ёзилган қоғозни раҳбарига узатди.
У киши ўша ҳужжатларни каминага топшира туриб: “Яхши боринг, вазифангиз бирмунча қалтис экан” – дея хайрлашди. Ташаккуримни билдириб, ташқарига чиқдим.
…Мана, мен бир неча кундан бери излаётган уй. Кўпқаватли бинонинг биринчи қаватида жойлашган керакли хонадоннинг қўнғироғини истамайгина босдим. Эшик очилиб, қаршимда 70-75 ёшлар чамасидаги бир аёл пайдо бўлди ва: “Сизга ким керак?” – дея ҳайронона юзланди.
– Бахтиёр Холметов шу ерда яшайдими? – сўрадим ҳалиги кампирдан.
– Ҳа, шу ерда яшайди-ю, лекин ўзи бу ерда эмас, – деди у шошилганича.
– Биламан, опажон, ўзим унинг олдидан келдим, – сўзладим, дабдурустдан нима дейишимни билмай.
– Вой, Бахтиёрнинг ўзи қаерда? Қани, ичкарига киринг-чи, батафсилроқ гаплашайлик. Ўғлим тушмагур-ей, ҳечқурса, хат ёзса, лоақал, телефон орқали “переговор”га чақирсаям бўларди-я… Мана, тўрт йилдир-ки, ундан дарак тополмай қийналамиз. Қанча ялиниб-ёлворишимга қарамай, келиним ҳам, олти ойдир-ки, уч набирамни олиб, онасиникига кетиб қолган. Сабр қилса бўларкан-а, мана, Бахтиёр боламнинг ҳам дараги чиқди…
У шундай, дея мени ошхонага чорлаб, стол атрофига қўйилган стуллардан бирига ўтиришга ундади. Чой дамлаб келгач, стол устига нон, қанд-қурс ҳамда бошқа егуликларни қўяркан, қайта-қайта саволлар берар, ўғлининг қаердалиги тўғрисида, не сабабдан шу вақтга қадар ном-нишонсиз кетганлиги, соғлик-саломатлиги қандайлиги ҳақида сўраб, билишни истарди.
Онахон косада мастава келтириб, менга тутқазаркан: “Раҳмат, ичмайман, ҳозиргина тушлик қилгандим” – деганимга қулоқ ҳам солмади. Ахир, бир пиёла чойниям ичолмай турган бир вазиятда овқат томоғимдан ўтармиди…
– Хўш, энди гапиринг-чи, ўғлим қаёқлардан юрибди, – онахон кўзларимга умидворона тикилди.
– Орёл вилоятининг Крома туманидаги Крома посёлкасида – шаҳарчага ўхшаш жой экан, – дейман косага тикилганимча, гўё қошиқ билан маставани аралаштириб совутаётгандай ҳаракатлар қилиб.
– Қачон қайтаркан, бу ёққа келиш вақтини айтмадими сизга? – дейди онахон тағин савол устига савол бериб.
– Ҳа, билишимча, яқин орада қайтиб қолса керак, – жавоб қайтараман не дейишимга ҳайрон ҳолатда.
Ичимда айтаман: “Астағфуруллоҳ, ёлғон сўзлашга мажбур бўлаётганлигим учун ўзинг кечиргин, Парвардигорим! Биз ўтирган манави столнинг нариги четида турган портфелимда ўғлининг ўлим далолатномаси, Бахтиёрнинг тобут ичига жойланган ҳолатидаги, шунингдек, дафн маросимида унинг иккинчи хотини Бахтиёрнинг икки яшар фарзандини кўтаргани ҳолатда тобут ёнида туширилган суратлари, бошқа ҳужжатлар борлиги бу бечора аёлнинг  етти ухласаям тушига кирмайди-ку!”
Ўзим билганим мудҳиш хабарни, ўзича: “Болагинам топилди!” – дея боши осмонга етиб ўтирган онаизорга қандай баён этишга, қай тарзда англатишга ақлим етмасдан қийналиб кетгандим.
***
 Келинглар, азиз ўқувчиларим! Юқоридаги даҳшатли даракни қаердан эшитганим, Бахтиёрнинг ўлим далолатномаси-ю ўта нохуш тасвирлар акс эттирилган суратлар ҳамда бошқа ҳужжатларни унинг яқинларига топшириш масъулияти қай тарзда зиммамга юклатилганлиги хусусида батафсилроқ гапириб берай…
2001 йилнинг эрта кўкламидаги бедор тунларимнинг бири. Ана шундай вақтларда республика, вилоят ҳамда туман матбуот нашрларида босилиб чиққан кўпгина шеърларим, мақолаларим ҳамда бошқа битикларимни қайта кўздан кечириш одатим бор.
Ана шу эрмак билан шуғулланиб турган пайтимда, ногаҳон, “Меҳнат байроғи” (“Сайрам садоси”) туман газетасининг 1986 йил 28 августдаги 104 (5534)-сонида ёритилган ва “Улуғ Ватан уруши солномаси” Бутуниттифоқ экспедициясининг қатнашчиси А. Шакула қаламига мансуб “Уларнинг номи мангу барҳаёт!” сарлавҳали ахборот тарзидаги мақола диққатимни тортди. У билан батафсил танишиб чиқдим: муаллифнинг ёзиши-ча, Сайрам туманидан 1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан уруши жангларида қатнаша туриб, шаҳид бўлган сайрамликлардан беш нафарининг қабрлари Орёл вилоятида эканлиги аниқланган. Шундан кейин Шакула ўша қурбонларнинг яқинларини воқиф этишни илтимос қилган ҳамда уларнинг фарзандлари ҳақида қуйидаги маълумотларни келтирган:
  1. “Коммунизм” колхозининг Абдуллаобод участкасидаги 26-уйда яшовчи Ирисмат Тўлагановга.
Унинг отаси Тўлаган Холметов 1943 йил 8 июлда ҳалок бўлган ва Орёл вилоятининг Малоархангельск туманидаги Подгородненск қишлоғидаги қардошлик мозорига дафн этилган.
  1. Қизилқишлоқ қишлоғида яшовчи Ирисдавлат Элтоевга.
Унинг отаси Элтой Юнусметов 1943 йил 3 февралда ҳалок бўлган. У Орёл вилоятининг Колпнянск туманидаги Краснянск қишлоқ советига қарашли Андреевка қишлоғидаги қардошлик қабристонига дафн этилган.
  1. Қорабулоқ қишлоғининг Муқимий кўчасидаги 22-“А” уйда яшовчи Абдурашид Мусаевга.
Унинг бобоси Шопўлат Мўминов 1943 йил 30 июлда ҳалок бўлган ҳамда Орёл вилояти Крома туманидаги Большеколчевск қишлоқ советига қарашли Закромский хуторидаги қардошлик мозорига дафн қилинган.
  1. Самсоновка қишлоғининг Жамбул участкасида яшовчи Сеитхон Мавлоновга.
Унинг акаси Бойзоқ Мавлонов 1943 йил 10 июлда ҳалок бўлган, Орёл вилоятидаги Троснянск туманининг Никольский қишлоғидаги қардошлик қабристонига дафн этилган.
  1. Беловод қишлоғидаги Пушкин кўчасининг 68-уйида истиқомат қилувчи Галина Михайловнага.
Унинг отаси Михаил Фёдорович Хлякин 1943 йил 9 февралда ҳалок бўлган ва Орёл вилоятидаги Покровск туманининг Верхнетерновск қишлоқ советига қарашли Вепринец қишлоғидаги қардошлик мозорига дафн этилган.
Кейин эса, мақолада яна: юқорида номлари қайд этилганлардан кимда-ким ушбу ҳалок бўлган кишиларнинг қабрларини зиёрат қилмоқчи бўлсалар, уларга кичик маслаҳатим бор.  Аввало, дастлаб қардошлик қабристони жойлашган қишлоқ советига мактуб йўллаб, ўша манзилга қачон бориш мумкинлигини сўраб, аниқлаб олсинлар. Қишлоқ советидагилар, албатта таклифнома юборишади, – деб ёзилганди.
Журналистлар анча-мунча қизиқувчан келадилар ва бу – табиий ҳол, албатта! Менинг-да мана шу одатим устун келдими, мазкур масалада нима ишлар қилинганлигини билиб олмоқчи бўлдим. Биринчи бўлиб, ўзимнинг ҳамқишлоғим Ирисмат ака Тўлагановдан: “Орёл вилоятига бордингизми ёхуд ўша ёқлардан таклифнома олдингизми?” – дея сўраб-суриштирдим.
“Афсус-ки, йўқ, – деди у киши, – Ғалабанинг 40 йиллик байрами муносабати билан менгаям таклифнома юборишганди. Ўша кезларда бизлардаям нохуш воқеалар содир бўлганлиги сабабли бора олмадим”.
Сўнгра Шопўлат Мўминов, Бойзоқ Мавлонов, Элтой Юнусметов ҳамда Михаил Хлякиннинг яқинлариникигаям бордим. Ватанимиз озодлиги ва эл-юртимизнинг тинчлиги-фаровонлиги йўлида ўзларининг азиз жонларини фидо қилган жангчиларнинг хонадонларида бўларканман, улардан икки нафарининг, яъни Тўлаган Холметов билан Шопўлат Мўминовнинг умр йўлдошлари ҳаёт эканликлари бола-чақалик, невара-чеваралик бўлганликларини билдим.
Аммо, таассуфки, Михаил Хлякиннинг қизи Галина Михайловнадан ташқари ҳеч ким турли сабабларга кўра, оталарининг қабрларини зиёрат қилиш учун Орёл вилоятига бора олмаганлиги аён бўлди.
Галинанинг айтиши-ча, Улуғ Ватан урушида қозонилган Ғалабанинг 40 йиллиги муносабати билан таклифнома олиб, отаси дафн қилинган Орёл вилоятидаги Покровск туманининг Верхнетерновск қишлоқ советига қарашли Вепринец қишлоғидаги биродарлик қабристонига борганида, ўша жойда уруш ва меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат арбоблари, мактабларнинг ўқитувчилари-ю ўқувчилари тўпланишиб, тантанали, шу билан биргаликда қайғули эслаш маросимларини ўтказганлар, уруш қурбонларининг хотираларини ёд этганлар, уларнинг қабрларига гуллар қўйганлар, хотираларига таъзим бажо айлаганлар. Шундан сўнг, барча иштирокчилар кўтаринки руҳда келган жойларига тарқалишган…
Мана шу воқеадан кейин, тинчимни топа олмай қолдим. “Немис фашизми устидан эришилган Буюк Ғалаба йўлида жонларини қурбон қилган юртдошларим бизлар, шу жумладан, ўзим ва менинг оилам учун ҳам курашганлар-ку. Нечун, энди камина ҳам уларнинг қабрларига гул қўймаслигим, уларнинг қаҳрамонликлари олдида бошимни эгиб таъзим этмаслигим керак?! Ахир, улар бутун эл-юртимиз озодлиги йўлида шаҳид кетдилар-ку!” – деган мулоҳазалар бутун фикр-у хаёлимни чулғаб олди.
Хуллас, мана шу эзгу мақсадда Орёл ҳамда Курск вилоятлари сари сафар уюштиришга, кўзлаган ниятимни амалга оширишга қарор қилдим.
***
Мана, ниҳоят Москва шаҳрига етиб келдим, Қозон вокзалида мени янгажоним қизлари билан биргаликда кутиб олишди. Уларнинг хонадонида бир кеча тунагач, кўзлаган манзилим сари кузатиб қўйишди…
Орёл вилояти, 2001 йил 17 апрель, эрта тонг, соат бешлар чамаси. Поезд вокзалидан ташқарига чиқибоқ, йўловчилардан вилоят ҳарбий комиссариатига қай тарзда етиб боришим мумкинлиги ҳақида сўраб-суриштирдим. Улардан биттаси: “Мана шу транспортга минасиз-у роппа-роса ўн иккинчи бекатда тушиб қоласиз. Ўша жойдагиларга ўзингизга керакли манзилни айтсангиз, кўрсатиб қўйишади” – дея йўлга бошқарди.
Ўн иккинчи бекатга яқинлашарканман, атрофимдаги йўловчилардан вилоят ҳарбий комиссариатига қандай боришим мумкинлиги тўғрисида сўрагандим, бир ўрта яшар аёл: “Нимага эди, мен ўша ерда ишлайман” – деб қолса бўладими. Қувониб кетдим, ҳалиги аёлга миннатдорчилик билдирган ҳолда, у билан қўшилиб жўнадим. Вилоят ҳарбий комиссариатига яқинлашар эканмиз, шеригим: “Ана, генералнинг машинаси ҳовлида турибди, демак, анча эртачи келибди-да” – деди.
Иккаламиз катта дарвозанинг ёнидаги назорат-ўтказиш пункти (КПП)га кирдик…
Кейинчалик маълум бўлиши-ча, ўшандан бир кун илгари Россия Федерацияси бўйлаб, кенгқамровли ҳарбий машғулотлар ўтказилганлиги муносабати билан, генерал ҳамда бошқа офицерлар зарурият юзасидан ҳарбий комиссариатда тунаган эканлар. Каминани бу ёққа бошлаб келган аёл эса, “облвоенкомат”нинг хоналарини тозаловчи фаррош бўлиб чиқди.
…Аёл навбатчиликда турган ҳарбийга юзланганича: “Манави меҳмон қозоғистонлик экан, ҳарбий комиссар билан учрашиш истагида келибди. Генерал билан боғланиб кўринг-чи” – деди.
Менинг ким эканлигим, ташрифимнинг асл мақсади нималигини аниқлаб олган навбатчи генералга қўнғироқ қилиб, рухсат олгач, ичкарига киритиб юборди. Биз ҳалиги аёл иккимиз, тахминан соат олти яримлар чамасида Орёл вилоятининг ҳарбий комиссари генерал А. В. Циганов ҳузурига кириб бордик.
Одатдагидек салом-алик ҳамда аҳволлашишдан сўнг, муддаога кўчдим. Ўзаро фикр алмашишгач, у бир лейтенантни ҳузурига чорлаб: “Бу кишини ўз хонангга олиб чиққин-да, нонушта ташкил қилиб бер, бироздан кейин ёнимга кирасизлар” – деди.
Лейтенант дамлаб берган чойни ичиб, у-бу нарсалардан тамадди қилиб ўтирган эдик-ки, бир капитан аёл хонага салом бериб кирди-да, менга юзланганича: “Илтимос, мен билан юрсангиз” – деди.
Иккаламиз архив хонасига кирдик: мазкур жойнинг бир томонига ойнаванд деразалар ўрнатилган, бошқа тарафларини эса, ҳужжат жавонлари эгаллаб олган экан. Жавонларнинг ҳар биттаси кўплаб қатор-қатор катакча (каталог)лардан иборат ва улардан ҳар қайсининг устки қисмига алифбо тартибида тўртта ҳарфдан иборат ёзувлар битилган қоғозчалар ёпиштирилган эди.
Капитан “Холм” ҳарфлари ёзилган катакча тортмасини очди-да, унинг ичидаги ҳужжатларни бирма-бир назаридан ўтказишга киришди. Сўнг излаган нарсасини топгач, Холматов Тўлаганнинг ҳужжатини қўлига олиб, тегишли маълумотларни қоғозга туширди. Шунингдек, у менга керак бўлган бошқа инсонлар – Мавлонов Бойзоқ, Юнусметов Элтой, Мўминов Шопўлат ҳамда Хлякин Михаил хусусидаги керакли маълумотларниям ана шундай тартибда ёзиб олганидан кейин, икковимиз генерал кабинетига қараб йўналдик.
Ҳарбий комиссарнинг эшигини очиб, хонага киришимиз билан, капитан: “Товарищ генерал, все данные подтвердились” – деди-да, қўлидаги маълумотларни бошлиғига топширди.
Генерал Циганов ёзувли қоғозни олгач, диққат билан танишди ҳамда столида турган одатдагидан каттароқ қоғозга қалам билан нималарнидир чиза бошлади, сўнгра унга қандайдир нуқталар қўйиб чиққач, бешта туман ҳокимликлари жойлашган қишлоқ ва шаҳарчалар номларини ёзди. Ўша дақиқада: “Ўртоқ генерал! Сизнинг буйруғингизга биноан келдик” – дея бир офицер билан битта солдат рухсат сўраб, кириб келишди.
“Сизлар мана бу журналист ўртоқни машинага ўтқазиб олинглар-да, вилоят ҳокимлиги биносига боринглар. У ердаги тегишли одамга йўлиқиб, ўша билан биргаликда Малоархангельск тумани ҳокимлигига ўтиб, мана бу қоғозни ўша жойдагиларга берасизлар. Мен телефон орқали барча масъул одамларни огоҳлантириб қўяман” – дея буйруқ берди генерал уларга.
…Малоархангельскда туман ҳокими Н. В. Заложних ҳамда унинг муовини Л. Н. Зубарева каминани эътиборли қўноқ сифатида кутиб олдилар ва Василий Агошков муаллифлигида чоп этилган “Малоархангельские истоки” номли китобга “Анвару Сайрамий – Пардабекову – писателю, поэту, журналисту из Казахстана в память пребывании на Малоархангельской земле и местах боев Орловско-Курской битвы. Г. Архангельск Орловской области, 19 апреля 2001 года. Глава администрации: Н. В. Заложних”  мазмунида дастхат ёзганича, ўз имзосини чекиб, тегишли муҳрни босиб, менга совға сифатида тутқазди.
Туман ҳокимининг ўринбосари Л. Н. Зубареваям ўз тилаклари битилган дастхат тагидан имзосини қўйиб, муҳр босар экан, эзгу ниятларини изҳор айлаганича, майингина табассумини инъом этди.
Кейинчалик бизлар туман ҳокими раҳбарлигида қардошлик қабристони томонга йўл олдик. У ерда мактаб болалари ўзларининг ўқитувчилари билан биргаликда, қўлларида гулчамбар тутганлари ҳолда, кутиб туришган экан. Сафаримиздан воқифлик топган маҳаллий матбуот ва телевидение журналистлари ҳамда сураткашлар ҳам ўша ерда эдилар.
Куннинг дастлабки ярмида қабристонни зиёрат этиб, гулчамбарлар қўйиб, уруш қурбони Тўлаган Холметовнинг таваллуд ошёни – она юртидан олиб борганим тупроқни унинг қабри устига ва унинг атрофида ўстирилган арча дарахти тагига сочиб, бўшаган пакетга Тўлаган Холметов қабридан олинган хокни солиб, марҳумнинг яқинларига етказиб бериш мақсадида ўзим билан олдим. Теваракка назар ташлаганимда, бироз нарироқда окопларнинг излари, ўт очиш нуқта (ДЗОТ)сининг қолдиқларига кўзим тушди.
Куннинг иккинчи ярмида чор-атрофдаги диққатга сазовор манзиллар, тарихий ёдгорликлар билан танишиб чиққач, ўзим учун ажратилган қўнимгоҳ сари йўл олдик.
Эртасига Троснянск туманида, кейинги кунлари Крома, Колпнянск, Покровск туманларида бўлиб, тегишли масъуллар ҳамроҳлигида биродарлик қабристонларига гулчамбарлар қўйиб, тантанали хотира тадбирларини ўтказдик, қабрларга уруш қурбонлари – Элтой Юнусметов, Шопўлат Мўминов, Бойзоқ Мавлонов ҳамда Михаил Хлякинларнинг туғилган ватанларидан олиб борилган тупроқларни уларнинг қабрларига сепиб, мана шу қурбонларнинг хокларини олиб, тупроқдан бўшаган пакетларга жойлаб, уларнинг қаҳрамонликлари шарафига таъзим бажо қилган ҳолатимизда ёдлов маросимларини ўринлатдик.
Ўша кунлари Троснянск тумани ҳокими “Тросна” – топонимо-краеведческие очерки” тўплами, Колпнянск тумани ҳокими ўринбосари Н. Д. Шалагинов «Огненные версты» китобига эзгу тилак-истаклари билдирилган дастхатларини ёзган ҳолларида каминага туҳфа айладилар. Жумладан, «Огненные версты» китобига битилган дастхатда: “Спасибо Вам за память и дружбу между нашими народами” мазмунидаги дил сўзлари муҳрланган эди.
Сўнгги хайрлашувимиз чоғида Крома туманининг ҳокими «Кромы – ровесник Москвы» – (Муаллифлари – Владимир Петухов, Алексей Абакумов, Василий Агашков) китобига дастхат ёзиб, шахсий имзоси ва муҳр билан тасдиқлагач, менга тантанали тусда топширар экан, муовинига юзланганича: “Меҳмонни яқин атрофда яхшилаб тамадди қилдиринглар-да, кейин муносиб равишда кузатиб қўйинглар” – дея топшириқ берди.
Биз ҳокимлик рўпарасидаги кафега кирганимизда унинг хўжайини алоҳида хонани тайёрлаб, ходимларининг бирига таомлар келтиришни буюрди ва ўзиям хизматимизда бўлди.
Туман ҳокимининг ўринбосари икковимиз у-бу мавзуларда суҳбатлашиб ўтирган эдик. Кутилмаганда емакхонанинг каттаси ҳоким муовинига қараганича, унга узрини айта туриб: “Азиз меҳмонимиздан бир нарса сўрамоқчи эдим, майлими” – деб қолди.
“Мабодо унчалик нозик савол бўлмаса, гапираверинг” – деди муовин аёл мудира аёлга. Кафенинг каттаси менга юзланиб: “Сиз Чимкентданмисиз?” – дея қизиқди.
– Ҳа, – дедим унга жавобан. – Янаям аниқроғи: Чимкент шаҳрининг кун чиқиш тарафидан ҳисоблаганда, тахминан ўн икки чақирим масофадаги Сайрам қишлоғиданман.
Мудира муовинга мурожаат этиб: “Бу киши билан буфетчи ходимамиз гаплашишга изн тилади, мумкинми, кирсинми?” – дея илтимос қилди. Менам, Крома тумани ҳокимининг ўринбосариям бироз таажжубландик ва бир-биримизга маъноли қараб олгач, розилик билдирганча бош ирғадик.
Эшик ёнида кўҳликкина, либослари эгнига бирам ярашиб тушган бир жувон пайдо бўлди ва салом берганича остонадан журъатсизгина ҳатлади. У муовиндан изн олгач: “Сиз Чимкентни яхши биласизми, “Север” даҳасини-чи?” – дея менга мурожаат этди.
– Ҳа, – дедим унга қарата. – “Север”ниям, “Восток”ниям ҳамда бошқа жойлариниям жуда яхши биламан. Нимайди?
– Гап шунда-ки, менинг турмуш ўртоғим Чимкент шаҳрининг “Север” даҳасидан эди. Аввалроқ вафот этди. Бундан унинг туғишганларини ва яқинларини қай йўл билан хабардор қилишни билмасдан, калламиз қотиб турганди. Агар малол келмаса, бир савоб иш қилсангиз-да, эримнинг вафоти билан боғлиқ суратлар ва ҳужжатларни уларга етказиб берсангиз. Менинг сиздан ўтиниб сўрайдиганим шу эди, илтимос, рад этмай, рози бўлинг-чи! – деди ялинганнамо ўша буфетчи келинчак йиғламсираб.
Инсоннинг ўлими билан боғлиқ бўлган мудҳиш даракни ўша марҳумнинг ҳеч нарсадан новоқиф туғишганларига ва яқинларига етказиш нақадар оғир вазифа ҳамда кўнгилсиз юмуш эса-да, ушбу ўтинчни рад эта олмадим.
Биз столга қўйилган таомларни тановул қилиб, ташқарига чиққанимизда буфетчи аёл такси билан уйига бориб, каминага бериб юбориладиган суратлар-у ҳужжатларни келтириб, ташқарида кутиб турган экан.
Қисқагина мулоқотимиз жараёнида аён бўлди-ки, чимкентлик Бахтиёр Холметов исм-шарифли йигит Россиянинг турли шаҳарларига юк таший юриб (халқ тилида бундайлар “поливальщик” ёхуд “дальнобойщик” аталишади), шундай сафарларининг бирида унинг йўли Орёл вилоятининг Крома туманидаги Крома посёлкасига тушади. Айни манзилда, тасодифан ўша буфетчи қиз билан танишиб, уни ёқтириб қолгач, Чимкентдаги онаси, хотини, бола-чақалари-ю туғишганларидан воз кечиб, унга уйланиб олади, ушбу хусусда оиласидагиларни-да воқиф этмайди. Орадан йиллар ўтади. Иккаласининг турмуш қуришлари натижасида битта фарзанд дунёга келади.
Буфетчи қизнинг Холметовдан бошқа ошиқлари ҳам кўп бўлган, шекилли, ўртада низолар чиқади ҳамда аламзада жазманлар пайт пойлаб, Бахтиёрни калтаклаб уриб ўлдирадилар…
Кафенинг ёнида туман ҳокимининг ўринбосари билан бир-биримизга эзгу тилакларимизни изҳор айлаганимиз вазиятида самимий хайрлашдик. Кейинчалик буфетчи жувон ёллаган машинага ўтириб, Бахтиёр Холметов дафн қилинган қабристонга бордик.
Унинг гўри ёнбошида ўтириб, ўзим билганимча тиловат қилдим. Онасини ва бошқа яқинларини йиллаб ўзининг тирик-ўликлигидан бехабар қолдирган, оиласининг барбод этилишига сабабчи бўлган, балки мана шундай ёмон номаъқулчиликлари боис, умриям даҳшатли тарзда интиҳо топган, оқибатда, мозори-да ёт юртларда қолиб кетган айни банданинг қабрига аянчли ҳолатда боқар эканман, Бахтиёрнинг ортида қолган туғишганларига астойдил ачиндим…
қабр 1
ХОТИМА 
“Ушбу хонадонда сиздан бўлак яшайдиганлар ҳам борми?” – сўрадим Бахтиёрнинг онасидан.
– Ҳа, кичик ўғлим, келиним ҳамда набираларим бор, – жавоб қайтарди у ва деразани очганича, кўпқаватли бинонинг ҳовлисида у ёқдан бу ёққа югургилаб юришган болаларнинг ичидан неварасини чорлаб:
– Ҳой, Наби, бор, отангни чақир, амакингнинг олдидан одам келганини айт, – дея уни йўл чеккасида жойлашган кичик бир дўкончада савдо қилаётган ўғлининг ёнига йўллади.
Бироздан сўнг, эшикдан ҳаллослаб кириб келган Бахтиёрнинг укаси чала-чулпа саломлашгани-ча: – Акам қани, у қаерда, – дея мени сўроққа тутишга киришди. Унга қандайдир мавҳум сўзлар билан таскин берган бўлдим ва кейин жиддий тарзда дедим:
– Укажон, Чимкент шаҳрини унчалик билмайман (аслида шаҳарнинг ҳамма жойларини беш қўлимдек биламан). Шунинг учун, мени Сайрамга борадиган бекатгача кузатиб қўйсанг, илтимос!
Онахон билан кайфиятсиз ҳолатда хайрлашиб, Бахтиёрнинг укаси иккимиз кўча бўйлаб яёв кетар эканмиз, холироқ бир ерга етгач, уни тўхтатдим-да, тағин мурожаат этдим:
– Укажон, сен эркак кишисан, оғир ва бардошли бўл. Гап шунда-ки (ўша кезда йигитнинг ҳолати ўзгариб, нохуш хабарни сезгандай бўлди), аканг – Бахтиёр, энди йўқ! Онангга қай тарзда баён этишимни билмадим. Мана, акангнинг ўлим далолатномаси, манавилар эса, унинг жасадининг тасвири туширилган суратлар ҳамда бошқа ҳужжатлар. Онангни қўрқитмасдан, унга ётиғи билан тушунтиргин…
Хуллас, ўша жойда ғалати вазиятга тушиб қолган ва кутилмаган мудҳиш гапдан эсанкираганича, кўз ёшларини тўкаётган укага ўзларига тааллуқли нарсаларни топширдим-да, у билан ўта тушкун тарзда хайрлашдим.
Шаҳардан қайтгунча бозор айланиб, уйимга келганимда не кўз билан кўрайин-ки, дарвозам олдида “Газель” машинаси турибди. “Сизни чорлашаяпти” – деди ҳалиги ука. Қанча рад жавобини беришимга қарамасдан, у қўярда қўймай Чимкентга қайтариб олиб кетди.
Боядан бери таниш ўша дом олдида кўпгина одамлар йиғилишган ва уларнинг барчаси менга ёвқараш билан боқардилар. Бир кимса эса: “Бахтиёрни ким ўлдирди, нега ўлдирди?” – дея менга бақира бошлади.
Шунда гапларидан диёнатли эканлиги сезилиб турган бир мўйсафид унга дакки бериб: “Ҳой, ҳовлиқмасдан, аввал буёққа қара! Бу йигитда не гуноҳ, шунчалик қилган холис хизмати учун унинг ёқасидан олмоқчимисан? Намунча эдранглайсан, ўпкангни боссанг-чи!” – деди…
Инсон ҳар қандай вазиятга ва шароитга кўникишга мажбурдир. Шундан сўнг биргаликда Бахтиёр Холметовнинг мотам маросимларини ўтказдик. Унинг амакиси, укаси кейинроқ Орёл вилоятига бориб, жигарларининг қабрини зиёрат қилиб қайтишганига-да гувоҳ бўлдим.
Аммо, барибир, ўзимнинг дилим хиралигича қолди. “Нега?” – деган саволни ўз-ўзимга такрор-такрор беравераман. “Бешта қабрдагиларнинг тақдирлари қандай кечди-ю олтинчи қабрдаги инсоннинг қисмати қай тарзда ниҳоя топди?!” мазмунидаги сўроққа ҳанузгача жавоб излайман.
Уруш қурбонлари бўлган беш нафар жангчиларнинг муқаддас руҳлари қошида бошимизни эгдик, таъзим қилдик, табаррук хотираларини ёд этдик, қабрларига гулчамбарлар қўйдик. Бахтиёрнинг мозори ёнида эса, фақат тиловат қилиш билангина чекландик, холос… Нечун?!
қабр 2
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*