Menu
Categories
Исмат Хушев: Президент соқчисининг жиноятлари…
08/19/2016 Бош мақола
Яхши-суъратимИсмат Хушев: Президент соқчисининг жиноятлари
Шоҳ қизининг инқирози ёки Президентнинг “ўнг қўли”ни нега кесдилар?
Давлат раҳбарининг тансоқчиси – Бош  Ясавулбошини ишдан олиш, суюкли қизи Гулнорани обрўсизлантириш ташаббускори ким бўлди?
Президент оиласидаги бу маш-машалар МХХ нинг Коституциядан келиб чиққан бурчи ва касбий вазифасими ёки Ислом Каримов салтанати инқирозидан далолатми?
Муҳожиротдаги журналист шарҳи
1.
Ўзбекистон раҳбарининг хавфсизлигини таъминловчи тансоқчилар гуруҳини расмий тилда Президент хавфсизлик Хизмати (СБП) деб аташади. Норасмий тилда эса тансоқчилар ёки қўриқчилар дейишади.
Бугун бу хизматда қанча одам борлиги, улар кимга бўйсуниши  –  давлат сирига айланган.
Президент Хавфсизлик Хизмати расман МХХ структурасига киради-ю, лекин аллақачон унга бўйсунмай қўйган.
Бундан ўн йиллар муқаддам уларнинг сони Россия Президентиникига яқинлашиб қолгани айтиларди.
Россия улкан давлат эканини, унда 100 дан зиёд миллат ва элатлар яшаши, аҳолиси сони 150 миллиондан зиёдлиги ва у собиқ СССР меросхўри эканини ҳисобга олсак, бу сон ва рақамлар ўша пайтлардаёқ ғанимларимиз хаёлини анча фаромуш қилган бўлиши табиий.
Орадан йиллар ўтди. Бугунги  ишончли маълумотларга кўра, Президентимиз тан соқчиларининг сони Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари тан соқчиларининг умумий сонидан кам эмас.
Шунга қарамай, Президент қаерга бормасин: Чорвоқдаги резиденциясигами, бирор тадбир ўтказиш мақсадида вилоятларгами, генерал Аҳат Носиров қўл остидаги соқчилардан ташқари, вилоят ва туманлар ҳокимияти ходимлари, прокуратура, милиция ва МХХ ходимлариининг бутун таркибини оёққа турғазиб, уларни Президент кортежи ўтадиган йўл ёқаларини қўриқлашга бир икки кун олдин сафарбар қиларди.
Четдан қараганда, Каримов хавфсизлигини, у қаерга бориб келмасин, энг камида – бутун бир армия доимий равишда қўриқлаётгандек туюлади.
Ана шундай қудратли ва салоҳиятли хизмат аслида МХХ га бўйсуниши керак эди.
Ҳа, аслида Миллий Хавфсизлик Хизмати таркибида туриши лозим бўлган бу хизмат анчадан бўён МХХ га бўйсунмай  қўйган.
Бунинг маълум сабаблари бор…
Ахат Носир
2.
Мазкур хизматни анчадан бўён – Андижон вилоят МХХ бошқармасига раҳбарлик қилган энг ёш генерал  Ахат Ҳамзаевич Носиров бошқариб келарди.
2013 йилнинг 16 октябрь куни – Ҳайит байрами арафасида у кутилмаганда ишдан олинди.
Унинг ишдан олиниши асносида Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Исломовнага қарши тергов ҳаракатлари бошланди: 21 октябрдан эътиборан унга тегишли бўлган  радио ва теле эшиттиришлар ёпилди, бир қатор йирик бизнес савдо мажмуаларида тафтиш бошланди,  у билан ҳамкорлик қилганлар бирин кетин терговга тортилиб, ҳибсга олина бошланди…
Албатта Ўзбекистонда бу гапларга бир оз муқаддам мутлақо ишониш мумкин эмас эди.
Лекин бугунги воқелик шундан иборатки, Президент оиласи ва Ўзбекистон давлати чуқур инқирозни бошдан кечирмоқда.
Нима бу?
Йигирма беш йиллик сиёсий бошқарувнинг мағлубият ва  инқирозими ёки махсус хизматларнинг Ислом Каримов ва унинг сиёсатига  бўлган норозилик кайфиятининг инъикосими?
3.
Аввало шуни айтиш жоизки, Президент Хавфсизлик Хизмати раҳбари кўпгина давлатларда, хусусан Россияда – давлат бошлиғидан кейинги қудратли шахс бўлиб келган.
Горбачев ва Ельциннинг тансоқчилари Медведев ва Коржаковлар ҳақида ҳанузга қадар турли афсоналар юради.
Ишониш қийин бўлган бу афсоналарнинг аксарияти  ҳақиқат эканини нафақат гувоҳлардан, балки ўша тансоқчиларнинг ўзлари ёзган хотира ва мемуарларидан ҳам билиш мумкин…
Қолаверса, уларнинг кимлиги, қаерда туғилган ва яшагани, қайси табақага мансублиги, миллати ва маълумоти, оилавий келиб чиқиши батафсил элга ошкор этилган, таништирилган ва маълум маънода жамоатчилик ва депутатлар назоратида бўлган.
Ана шу воқеликдан келиб чиқиб, энди Ўзбекистонга қайтсак…
4.
Ўзбекистон Президентининг Хафсизлик Хизмати раҳбари генерал Ахат Носиров ҳақида бизда ҳеч қандай, ҳатто оддий биографик маълумот ҳам йўқ.
Унинг кимлиги, қаерда туғилгани, маълумоти ва оилавий аҳволи, ижтимоий келиб чиқиши бизга ҳам, элга ҳам маълум эмас.
Ўзбекистонда нафақат биринчи раҳбар тансоқчиси, балки давлат ва ҳукумат мулозимларининг ҳам кимлигини халқ билмаслигини ҳисобга олсак, бунга чидаш мумкин.
Лекин Ахат Ясавулбоши ўзига берилган чексиз ҳақ-ҳуқуқдан фойдаланиб, биринчи раҳбар тансоқчилигини байроқ қилиб – бепоён Ўзбекистонда “давлат ичида давлат” яратганини қандай баҳолаш мумкин?
У яратган қудратли салтанатдаги бу ҳукмронликни нималарда кўриш мумкин?
5.
У бир қанча югурдак мулозимларга эга эди.
Уларнинг машинасини кўрганда шаҳар мулозимлари қалтирай бошлар эди.
У аввал балконларни ёптириш, кейин будкаларни беркитиш ва ниҳоят истаган мулозимни вазифасидан четлатиш қудратига эга бўлди.
Энг аянчлиси – керакли ва кераксиз жойлардан газета киоскаларини олдириб ташлади. Президент юрадиган кўчаларда бирорта ҳам будка қолмади.
Булар хавфли точкалар эмиш.
Шундан келиб чиқиб у ҳатто шоҳ кўчаларни ҳам беркитиш ҳуқуқига эга эди.
Масалан, шаҳар марказида – Марказий Универмаг (ЦУМ) нинг олдидаги шоҳ кўчани ёпиб,   ўн минглаб одамларни сарсон саргардон қилди.
Ҳозирги Шароф Рашидов шоҳ кўчаси (собиқ Ленин проспекти) нинг Навоий шоҳ кўчаси билан туташган жойида – ярмидан қирқиб ташлади ва Ц-4, Ц-5, Ц-6 мавзеларига элтадиган шоҳ кўчадан минглаб хонадонларни маҳрум қилди.
Президент кортежи ўтадиган йўлга туташган барча бекат ва кўчаларнинг шўри қуриди.
Уларда қурилган савдо ва маиший хизмат мажмуалари фақат ва фақат соқчи жанобларининг раъйи ва марҳаматига қараб очилиб ёпиладиган бўлди.
Унинг тутуриқсиз ва қуюшқонга сиғмас ҳатти ҳаракатига озгина эътироз билдирган одамни у энг камида 15 суткага қаматарди.
Охир оқибат одамлар Президентнинг ўзидан кўпроқ унинг соясига айланган Ахат Ясовулбошидан зир титрайдиган бўлиб қолишди…
Ахат лента кесмоқда
6.
“Сквер”даги пойтахт кўркига кўрк қўшиб турган қадимий чинор дарахтларини олдириш фармондори ҳам айнан Ахат Ясавулбоши  эканини бугун элга ошкор айтишимиз керак.
“ЎзТАГ”нинг саккиз қаватли яп-янги биноси бузилиб, унинг ўрнига “Анжуманлар” саройи қурилганидан сўнг бу ерга келаётган давлат раҳбарини “Сквер”даги чинорлар орасида яшириниб олган “снайперлар” отиб қўймаслиги учун қилинган иш экан бу.
Бу катта дарахтларнинг шохидан туриб террорчи мерганлар давлат раҳбарини бемалол нишонга олиши мумкин деган.
Президентни шунга ишонтирган.
Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари қўриқчисининг бу аҳмоқона фалсафасидан кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайди киши.
Аввал ўша атрофдаги уч тўртта кичик даратлар кесилди.
Бунга норозилик билдириб, кўчага чиққан беш олтита уруш ва меҳнат ветеранларини Ахат Ясавулбоши милиция отрядини чақиртириб, куч билан ҳибсга олдирган.
Уларнинг баъзиларини Президент девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаров аралашганидан сўнггина қамоқдан чиқариш мумкин бўлди.
Салласини ол деса, калласини олиш шу бўлса керак-да…
7.
Ўзбекистон пойтахтининг фахри бўлган Қизил Майдондаги 20 қаватли ҳукумат ва давлат биносини қоқ белидан кестирган ҳам қудратли Ахат Ясавулбоши эди.
Эмишки, 20-қаватнинг томидан оқ сарой яққол кўриниб турар эмиш.
Бу ердан давлат раҳбарини нишонга олиш осон ва қулай эмиш.
Тутириқсиз айбномани қаранг!
Бир имо-ишора билан 20 қаватли мўҳташам бинони яксон қилишни кўринг…
8.
Жамики вилоятларда аэропортдан шаҳар марказига элтадиган шоҳ кўчалар Ахат Ясавулбошининг фармони билан қайтадан кўриб чиқилди.
Ва қачадан қанча бино, гараж ва дарахтларга қирон келтирилди.
Дарвоқе, гаражлар ҳақида.
Пойтахтдаги ҳар бир гараж, Ахат Ясавулбошининг тутуриқсиз фалсафасига кўра, террорчилар ўрнашиб олиши мумкин бўлган ўт очиш нуқтаси – истеҳкоми эмиш…
Ясавулбошининг вилоятларга ҳар бир ташрифи қанчадан қанча мулозимларнинг бошини еди…
Ахат бошқармоқда
9.
Президентнинг оила аъзолари орасида ўз мавқеини мустаҳкамлашда ҳам Ахат Ясавулбоши устаси фаранг эди.
Шулардан бири – шоҳ қизининг кўнглини овлаш билан боғлиқ.
Яқинда Гулноранинг Швецариядаги уйидан топилган ноёб санъат асарлари ва дурдоналарининг мамлакатдан хамирдан қил суғургандай олиб чиқиб кетилиши ҳам  шахсан Ахат Ясавулбошининг найранг ва кирдикорлари билан боғлиқ.
У – Ўзбекистондаги бебаҳо санъат асарлари дурдоналарини ўғирлашда ҳам асосий рол ўйнади.
Шоҳ қизининг кўнглини олиш илинжида жонини ҳам беришга тайёр бўлган ясавулбоши учун бу ноёб санъат асарларининг бир тийинлик қадри йўқ эди.
Шу боисдан ҳам уни ҳеч ким йўлини тўсмайдиган ва тўхтатмайдиган ўз ваҳимали хизмат машинасида бу асарларни тўппа-тўғри самолёт пиллапоясига етказиб берибгина қолмай, балки уларни қаерда сақлаш керагигача Гулноранинг қулоғига қуйган ҳам, бу мунофиқликни ўйлаб топган ҳам, айнан ана шу -Аҳмад ясавулбоши эди…
10.
Шоҳ қизининг кўпдан кўп қадамлари бош ясавулбошининг кирдикорлари билан чамбарчас боғланиб кетган.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда ўтказилган “Олтин департ” кинофоруми, вилоятларда кенг қулоч ёзган, чексиз ва чегарасиз масштабларга эга бўлган “Асрлар садоси” каби суюқдан суюқ ва саёз, зўрма зўраки тадбирлар анчадан бўён Ўзбекистон зиёлилари ва санъат аҳли асабларини чархлаб келаётган эди…
Мазкур тадбирлар ортида Ахад Ясавулбошининг шахсан кўрсатган йўл йўриғидан ташқари бу тадбирларни ўтказиш ва “жамоат тартибини сақлаш” мақсадида кўрсатилган моддий ва маънавий кўмак ҳам Ахад Ясавулбошининг кирдикорларига бориб тақалади…
Ва оқибатда жамийки вилоят ва туманларда бош Ясавулбошининг шахсан топшириғини бажарадиган унинг ҳар бир имо ишорасига лаббай деб жавоб берадиган, амрига мунтазир бўлиб қўл қовуштириб турадиган бутун бир – қўрқоқ ва хушомадгўй мулозимлар армияси пайдо бўлди…
11.
Бизнинг бугун олис Канададан туриб ёзган бу таҳлил ва шарҳимиз – Ахат Ясавулбоши кирдикорларидан бир шингил, холос…
Ҳали Ўзбекистоннинг янги тарихида сирлилигича қолаётган нуқта ва доғлар жуда кўп.
Эндиликда бу сирлар бирма бир очилиб, халққа ошкор бўлса ажаб эмас.
Биз ҳали бу мавзу тафсилотларига  батафсил  қайтамиз…
Ахат Носиров
Суратда: Ўзбекистон Президенти Хавфсизлик Хизматининг собиқ раҳбари Ахат Носиров (ўнгда)…
12.
Ахат Ясавулбоши давлат ва ҳукумат тугул, ҳатто мамлакат олий раҳбариятини ҳам ўз соясига салом бердирадиган қилди.
Мен Ислом акани, унинг феъли атворини яхши билган ва ўрганган одам сифатида шуни айтишим мумкинки, ўз қўриқчисининг қуюшқонга сиғмас бу ҳатти ҳаракати Президентга маълум бўлган ва қўллаб қувватланган.
Президент оиласи ва қизларининг барча хурмача қилиқлари, ножўя ҳатти ҳаракатлари, ноқонуний ишлари –  Ахат Ясавулбоши томонидан амалга оширилган ва рағбатлантириб турилган.
У ўз вазифасини байроқ қилиб, Президент хавфсизлигини таъминлаш баҳонасида Ўзбекистонда ўзининг ақли даражасидаги турли туман аҳмоқона қонун ва қоидаларни ўрнатди.
Оқибатда одамларнинг Президентга ва давлатга бўлган ишончини оёқ ости қилди, саробга айлантирди…
13.
Бугун яна бир гапни очиқ ойдин таъкидлаш лозим:  Президент Хавфсизлик Хизматига тааллуқли бўлган бу тавқи лаънат – бевосита МХХ адресига ёғилиб турди.
Бир сўз билан айтганда Президент Хавфсизлик Хизмати ва унинг ҳаддидан ошган раҳбарининг бу жиноий ҳатти ҳаракатлари  – алал оқибат Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) шаънига доғ бўлиб тушди.
Ҳолбуки, юқорида айтганимиздай, улар МХХга аллақачон бўйсунмай қўйишган эди…
Улар – Президент хавфсизлигини таъминлашни байроқ қилиб, аслида Президент шаъни, обрў эътибори ва мавқеини, номи ва қадр қимматини оёқ ости қилишди…
14.
Мен Тошкентда яшаганимда, Президентнинг ёзги резеденцияси атрофидаги Герман Лопатин маҳалласида Шароф Рашидовнинг 18 йил тансоқчиси бўлиб ишлаган Аҳмаджон Азизов билан қўшни яшаганман.
Биз қўшнилар ҳар тонг саҳарлаб Шароф Рашидовнинг Анҳор бўйидаги ҳовлиси атрофини яёв айланиб, бир икки соат бадантарбия қилган бўлардик.
Шахобиддин Зиёмов, Эркин Ҳайитбоев, Солижон Мамарасулов, Аҳрор Ёрқулов, Нурали Қобул ва бошқа собиқ ва ҳозирги мулозимлар қаторида  Аҳмаджон Азизов ҳам биз билан бирга сайр қиларди.
Аҳмаджон акада  бирор жойда ўзини кўз кўз қилишга уриниш бўлмаган. У киши ўзъаро суҳбат давомида бирор маротаба ҳам ўз тарихи ва касби ҳақида гапирмаган.
Ҳолбуки у киши 18 йил Шароф Рашидовнинг бош қўриқчиси, тан соқчиси бўлиб ишлаган эканлар.
Бу хизмат у пайтда КГБ нинг ( 9 бўлими саналарди.)
Мен буни кейинчалик бошқалардан, хусусан – Нурали Қобулдан эшитганман.
Аҳмаджон ака Улуғ Ватан урушида бошдан оёқ қатнашган бўлиб, аслида Власов армиясида хизмат қилган экан. Генерал Власов бошчилигида 200 минг одам немислар тарафига ўтиб кетганида у киши бошидан ўқ еб, госпиталда даволанаётган бўлган. Шу ярадорлик у кишини хоинликдан сақлаб қолган.
Шундан сўнг унга ишонч билдирилиб, КГБ га ишга олинган.
Тўқсон ёшлар атрофидаги Аҳмаджон Азизовнинг яқинда қазо қилганларини эшитдим.
Асли янгийўллик бўлган бу ҳалол ва  камтарин инсонни мен бугун бежиз эсламадим.
У кишини яхши ва яқиндан билган одамлар дилида Аҳмаджон ака камтарлик ва ҳалолликнинг ёрқин тимсоли бўлиб узоқ йиллар яшаб қолсалар керак.
Агар Ахат Носиров ҳам Аҳмад Азизовга ўхшаш ўз ўтмишдошлари ҳаёти ва фаолиятни ўрганганида, улардан ўрнак олганида бугунги шармандали ҳолга тушмасмиди…
Ахат ўнгда
15.
Сталин ҳам шу соҳани бошқарган ўз хавфсизлик хизмати раҳбарини 18 йиллик садоқатли хизматдан сўнг шахсан ўзи  қаматиб юборган экан.
Ўзбекистонда ҳам Сталин методига қараб борилаётган эди. Бу яхшиликка олиб келмаслигини керакли идоралар тушуниб етди.
Ва давлат раҳбарининг бош соқчисини Сталиндан фарқли ўлароқ Ислом Каримов эмас, МХХ  қуролсизлантирди…
У бир қутурган дев эди. У рамкадан  чиқиб кетса, қайтиб солиш мумкин эмас эди…
Ва Президент тансоқчисининг айнан мана шу яккаҳокимлиги унинг бошига етди…
16.
Бугун кўпчилик Ахат Носировнинг ишдан олиниши ва Президентнинг тўнғич қизи билан боғлиқ машмашалар шахсан Ислом аканинг қарори деб ўйлашади.
Мен бундай демаган бўлардим.
Буни – Президент тансоқчисининг ноқонуний ва телба тескари ҳатти ҳаракатлари туфайли маломатга қолган МХХнинг ташаббуси десак тўғрироқ бўлади…
Ҳа, давлат ичида давлат пайдо қилган Ахат ясавулбоши, Президент оиласига алоқадорлигини пеш қилиб, одамлар ишончини суистеъмол қилаётган шаддот “малика”миз    –  профессионал касбига содиқ Рустам Иноятовнинг ҳушёр чекистлари томонидан ўз пайтида тўхтатиб қолинди.
Агар шундай қилинмаганида эди, бунинг оқибати нима билан тугаши ноаён эди…
17.
Лекин, энди, ажабки, МХХ идорасининг ўзи қутурган девга айланди. Унинг ўзи энди рамкадан чиқиб кета бошлади.
Ҳали Ўзбекистон тарихида ҳеч ким бу идорага Рустам Иноятов каби 25 йил узлуксиз бошчилик қилмаган эди. Аниқроғи, ҳали ҳеч кимнинг бочилиги бу идорада тўрт-беш-олти йилдан нари ошмаган эди.
Бутун ўзбек жамияти, ижтимоий ва сиёсий ҳаёт, ундаги ҳар бир соҳа, ҳатто давлат ва ҳукумат бошқаруви ва кадрлар сиёсати ҳам  – бошдан оёқ махфий ва хуфия хизматлари ихтиёрига бериб қўйилди.
Мустақил Ўзбекистон бугун ўттиз миллион нафар шўрлик халқи билан МХХ нинг ўта синчков ва ҳушёр назорати остида қолди.
Табиийки, энди бу “қутурган дев”ни рамкага солиш жуда қийин бўлади…
17.
Президент Хавфсизлигини таъминлаш – қийин ва мураккаб, айни пайтда ўта масъулиятли иш.
Бу жуда оғир вазифа. Бунга Президентнинг кайфияти ва руҳияти ҳам таъсир қилиши мумкин.
Умуман давлат раҳбарига яқин бўлиш, у билан бирга нафас олиш бу жуда қийин ва фожеали қисмат.
Бу ерда одам қиличнинг дамида юриши керак…
Буни тушуниш мумкин.
Лекин Президент хавфсизлигини сақлайман деб, ўз касбини байроқ қилиб одамларни оёқ ости қилиш, қонунларни менсимаслик – давлат раҳбарини обрўсизлантиради, унинг шаънини ерга уради.
Президентга Ахатдан ҳам яқинроқ бошқа шахслар бор эди.
Аслида бу хизматни Зелемхон Ҳайдаровга ўхшаш кўпни кўрган, оғир ва босиқ, мулоҳазали ва донишманд кишиларга  бериш керак.
Зелемхон ака йигирма беш йилдирки,  Ислом ака билан бирга.
Лекин шу йиллар давомида бирор маротаба ҳам у кишини бирорта одамга озор берибди, ўз мавқеидан фойдаланибди ёки бировнинг йўлини кесиб ўтибди деганини эшитмадик…
Ахат18.
Президентга яқин бўлиш ҳар ким ҳам насиб этавсермайдиган олий бир шараф!
Мен ҳам бир замонлар шундай олий бахтга муяссар бўлганимдан ҳануз ва ҳануз фахрланаман, энтикаман, қалбимда ажиб бир армон туяман.
Ўз аччиқ тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтмоқчиманки, Олий раҳбариятга яқин бўлган, унинг командасига кирган мулозимлар, назаримда, биринчи навбатда поклик ва ҳалолликни, Президент шаънига садоқат намунасини кўрсатишини – ўзларининг олий мақсади деб билишлари керак.
Айни пайтда улар ҳар бир қадамини халқ кўриб ва кузатиб турганини ҳам унутмасликлари зарур.
Замонлар ўтади, тахтлар ва бахтлар ўзгаради, ўшунда бизнинг ўтган тарих олдида юзимиз шувит бўлмаслиги керак.
Халққа ва келажакка тик қараш учун ҳар бир қадамимизни ўйлаб босмоғимиз лозим.
Президент ясавулбошисининг бебахтлиги назаримда мана шу оддий ҳақиқатни унутганида эди.
Бу унинг ўрнига келганлар учун ҳам, Президент учун ҳам аччиқ сабоқ бўлиши керак!!!
 
ТАҲРИРИЯТДАН:
Ахад Ясавулбошининг кирдикорлари чексиз, албатта. Бугун биз уларнинг бир қисминигина тилга олдик, холос.
“Дунё ўзбеклари” сиз азиз ўқувчи ва муштарийлардан бош ясавулбоши кирдикорлари билан боғлик факт ва маълумотларни бизга ёзиб юборишингизни сўрайди.
Токи Ахад Ясавулбоши каби Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги махфий мулозимларнинг асл башарасини биргаликда очамиз деб умид қиламиз.
18 январь, 2014 йил, Торонто шаҳри, Канада
7 шарҳ
  1. Валижон

    Афсус надоматлар булсинки, оддий халкимиз хамон овам халкга айланиб колмокда. Сиесий салохияти пастлашиб, эртанги кунга умиди суниб бормокда. Чунки, якка хокимчилик, бюрократизм, диктатура тулик тус олганлиги сабаб. Кани эди, бечора халкимиз бу гапларда бохабар булишса. Жирканчли нафрат уйгонади.

  2. Selimbek

    Adashmasam Muallif President havfsizlik hizmati rahbarini avvaldan tanigan va albatta uning kirdikorlarini oldindan bilgan. Qiziq nimaga endi maqola aynan u kishi hizmat lavozimidan ketganidan keyin yozildi? (Kechirasizu bu maqolani yomg’irdan keyingi birinchi qo’ziqorin yoki to’ydan keyingi nog’ora degan bulardim) Holis jurnalist sifatida shu malumotlarni avvalroq ham yozish mumkin edimi? Uzr hurmatli muhlislar, lekin maqolada shaxsiy adovat (ko’raolmaslik, mazah…) hidi ufurib turibti.

    • Гулноз

      Selimbek sharhingiz uchun rahmat! 3 marta meni sharhimni e’lon qilmadi bu sayt. gapingizga 100 % qoshilaman.

  3. Bunday maqolani bugun Ismat Xushevdan boshqa hech kim yozolmasa kerak!

  4. AK

    “Президентга яқин бўлиш ҳар ким ҳам насиб этавсермайдиган олий бир шараф!”

    Тупурдим ўша олий шарафга.

  5. Мамаёкуб Хамраев
    Ажойиб ва холис фикр мулохаза! Бугунги Узбекистонда, Президент ва оиласининг обруси тикланиши, халк томонидан ана шу ахмокона уйинларда МХХ хам бор деган айбловларни инкор килдириши учун МХХ жуда куп ишлаши керак. Тугри айтасиз Исмат ака! Бугунги кунда Ислом Абдуганиевич кандай фикрда хеч ким билмайди, аммо уз обруси ва давлатни саклаб коламан десалар, ХАЛК ВА МХХ томонига утиши керак, хисоботларига хам, барака топгурларига хам халк ишонмаяпди. Кулок ва куз икки фикрда, бошка аъзоларга бари-бир. Инсоф сари!

     

    1. Аъло

      Цитата: “Muxlis
      18.01.2014 at 10:06 (Edit)
      Bunday maqolani bugun Ismat Xushevdan boshqa hech kim yozolmasa kerak!”

      Тугри, бундай тутуруксиз, манбаасиз, маколани хам Исмат Хушевдан бошкаси ёзмайди.
      Исматжон, агар юрагингизда утингиз булса, менга е-мэйлга жавоб беринг.

       

    2. 7 шарҳ

      1. Мен ўзим махсус хизматларнинг истеъфодаги офицериман. Бугунги кунда тақдир тақозоси билан Анголада яшайман. Оилам врач бўлгани боис, тақдир бизни шу ўлкага олиб келди. Исмат Хушевнинг МХХ ва Рустам Иноятов ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларини доим ўқиб келаман. Олдинлари унинг ёзганларини ўқиб, Иноятовга содиқлигидан нафратланардим. Кейинги ўзгаришларни ўқиб, билиб, бу одамга ҳурматим юз чандон ошди. Назаримда Исматбек Ўзбекистондаги барча фожеаларнинг асосий сабабчиси Рустам Иноятов ва Ислом Каримовнинг ўзлари эканини ниҳоят тушуниб етган кўринади. Агар ростдан ҳам шундай бўлса, мен жуда хурсандман. Президентнинг бу соқчисини ҳам Каримовга айнан Иноятов тавсия қилганида мен унинг ёрдамчиси эдим . Исматбек “Озодликда”ги қайсидир бир эшиттиришда МХХни аслида Каримов бошқаради деб айтганида Абдулла Искандар унга киноя қилган эди. Мен ўшанда Исматбекнинг ахборот олиш доираси ниҳоятда кенглигидан ҳайратланган эдим. Ҳайратимнинг сабаби эса шуки, МХХ ни ростдан ҳам Иноятов эмас, аслида Каримов бошқариб келади. Бугунги мақолада ҳам Исматбек ана шу аччиқ ҳақиқатга ишора қилган. Лекин буни биров тушунди, биров тушунмади… Мен Ўзбекистон махсус хизматлар ва хуфия идора фаолиятини бу қадар яхши ва ичидан биладиган бошқа бир журналистни кўрмадим…

      2. MXX dan

        Исмат акa, давайте жить дружно и мирно…

      3. O’qituvchi

        Тошкентда бугун яна шов шув. Ҳамманинг оғзида Ахат Носиров ва Исмат Хушевнинг сайти. Газетлар корпусида ҳам, ошхоналарда ҳам, барча редакция биноларида ҳам шу гап. Демак хақиқий журналист қаерда булишидан қатий назар ўзининг борлигини ўз таланти ва истедоди билан хамиша билдириб туриши мумкин экан. Аъло деган биродаримизнинг изоҳини ўқиганданоқ, унинг снбдан ёзилганини сезиш мумкин. Улар Ахат носировни бугун ҳам ҳимоя қилибяпти. Демак Гулнорага Ахат Носиров атайлаб биркитилган, вазифасини бажариб бўлгач, Гулнорага ўзи қазган чуқурдан снб томонидан ториб олинган. Мана шу аччиқ хақиқатни Исмат Хушев ўз мақоласида жуда моҳирона очиб берган.

      4. Buxoradan

        Хат ёзишдан асосий максадим шуки, биз бугунга қадар бу дунёда бунақа хизмат борлигини билмас эдик. Ахат Носиров деган жаброил снбчи шунча ножўя иш қилган экан, нега буни Исмат Хушевдан бошқа биров очиб беролмади. Исмат Хушевнинг мана шу мақоласи учун унга журналистларнинг йиллик мукофотини бериш керак эди аслида. Бу мақола ёзилганига икки йил бўлибди. Лекин бугун яхшилаб қарасангиз, унинг ёзганларини бугун ҳаётда ўз исботини топган. Ахат генералдан кейин Гулнора малика ҳам йўқ қилинди. Унинг бизнес ва медиа империяси кули кўкка совурилди. Назаримда СНБ Ахат Носировни атайлаб, бу балолардан қутқариб қолгандек гўё… Мана шу оддий ҳақиқатни Исмат Хушев ўз журналистик таланти билан чиройли қилиб очиб бера олган…

      5. Qodir

        Салом Исмат Хушев. Сизнинг ижодингиз мисолида биз бугун ўзбек журналистикасининг халқаро миқёсдаги ҳақиқий ва ёруғ юзини кўриб турибмиз. Ўзбекистондаги энг ёпиқ мавзу ҳақида бунақа очиқ ва ошкор мақола ёзиш ҳар кимнинг хам қулидан келавермайди. Исмат Хушев бугун ўзининг ҳақиқий Исмат Хушев эканини бутун дунёга кўрсатиб қўйди. Аъло деган махлуқ кимсанинг махсус хизмат идорасидан эканини бир қарашдан сезиш мумкин. Лекин шуни хам Исматбек хеч иккиланмай эълон қилганидан, сезиш мумкинки, бу жасоратли инсон олдида снб хам бугун бир пул экан. Шижоат ва жасоратингизга балли, Исматбек. Биз сиз билан доим фахрланамиз.

      6. O’zbekxan

        Ахад Ясавулбоши мисолида Президент хавфсизлик Хизматини қилаётган ишларини ажойиб қилиб очиб берибсиз. Ҳеч бир наширда бундай маълумотлар эълон қилинмайди. Катта раҳмат Исмат ака! Ало деган муттахамнинг изохини элон килибсиз. Шартмиди бунака луттибозларнинг изохини бериш. У куриниб турибди снбдан келгани. Ало бумай хар бало бўл сан мараз снб. Хали энангни учкурғондан курсатамиз, шошмай тур.

      7. Bekzot

        Фақат Ахат Носиров эмас бундай амалдорлар Ўзбекистонда юзлаб топилади. Бу жоҳиллар мансабни гуёки оталаридан мерос қилиб олган. Минг лаънатлар бўлсин ёпиқ жамиятга! Якка Ҳокимликдек жирканч режимга. Аъло деган аблах ё снб идорасидан, ё ахат носирнинг ўзи. Унинг гапини тахрирсиз берганингиз учун рахмат, Исмат ака. Мардлигингизга доим тан бериб келганмиз. бугун яна бир бор тан бердик. Шундай далил исботли мақолани қабул қилолмаган одам ё снбдан, ё ахат насирдан бўлади. Бошқаси бўлиши мумкин эмас.

"2" Comments
  1. Ismat aka sizni tushunib bulmidi Qachon chiqarasiz prezident Islom Karimovga suyuqast qilinganini etudizku interyu berganizda.

  2. Алибек

    Исмат ака, Гонконгдан туриб бу шархингизни укиб таажжубландим, хар бир система камида 10-20 йилда мукаммал холатга келади. Шу вакт ичида нега кутиб турилган, бу система нинг вужудга келишига тускинлик килинмаган. Сабаб хохиш ва истак булган бу системага. Системани йук килиниши хам шунча вакт талаб килиши мумкин. Давлат бошкарув системасидаги манархия шуни хохладими, демак биргина езиш ва маьлумот беришдан, амалий харакатнинг йулини кидириш керак булади. Ака, бу гапларим борасида уйлаб куринг.

Leave a Reply
*