Menu
Categories
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ! Орипов ҳодисаси: кузатишлар, қайдлар, талқинлар
08/22/2012 Тошкентда шов-шув бўлаётган асар

1.

Гоҳо шундай тўфонлар қўпади, шундай эврилиш ва ёки бўҳронлар содир бўладики, улар кимнингдир хоҳиш-иродаси ва инсоний ҳасад-хусуматдан жуда баланд туради.

У биз кўниккан ҳаётни ислоҳ этиб, жиддий ўзгартиш киритади. Ва бу Яратганнинг азми-иродаси эканини тан олмай, илож йўқ.

Тафаккур тарзида фавқулодда ўзгариш ясаган, одатий тушунча ва қарашларни остин-устун қилиб юборган бу мислсиз ҳодиса қошида таъма-хусуматдан йироқ инсонлар танг қолади ва шоён ҳайратга тушиб, унга маҳлиё бўлади.

Мана шу холислик ва ошуфталик янгилик ва яшаришга йўл очади, янги насллар Яратганнинг марҳаматидан баҳраманд бўлади, олам яшариб, ҳиммат ва яхшилик барқ уради.

Мудом шундай бўлган ва ҳамон шундай.

Бу ҳаёт шундайки, беш бармоқ баробар эмас. Толеида бўлмаса ҳам, мана шундай янгилик содир этишга, дунёни лол қолдириб, улуғлик тўнини кийишга ва таманно қилиб яшашга қасд қилган қавм ҳам йўқ эмас. Ва бу қавм илми-амал билан шундай ҳодисалар илдизини қирқиб, унга жон риштасини боғлайди, ундан куч олиб, одамларнинг, ҳикмат аҳлининг қонини ичиб яшайди. Мудом бадкирдорлик қилади. Бу ҳам ҳаёт, бу ҳам “санъат”. Бу ҳам яшамоқнинг бир йўли. Хўрланган ва ҳақоратланган пайғамбарлар ва даҳолар мудом шундай зулм ва қаршиликни енгиб ўтиб, оламга ёруғлик ташиган, халқ бўлиб яшаётган жабрдийда одамлар йўлини ёритган.

Мудом шундай бўлган ва ҳамон шундай.

Шам каби бўл, ўзгаларнинг йўлини ёрит, аммо ўзинг қаронғида тур, дейди Баҳоуддин Нақшбанд.

Бундай ҳодисалар ўз йўлида собит бўлган салобатли карвон кабидир. У золимлар қутқусини писанд этмай, ўз йўлида давом этади, тарихнинг бурилиш нуқтасини ёритиб, абадиятнинг, мангу яшилликнинг зурриёди каби барқ уриб умрбод яшайди.

Сизнинг қутқу билан зарра ишим йўқ,
Шундай салобатли карвонман улуғ, – дейди Абдулла Орипов. Ёки бўлмаса, қуйидаги хитобга эътибор қилинг:

Бошингга агар қўнса шу кун шарпаи иқбол,
Пойингга, элим, бош уриб Қуръон ёзажакман!

Бундай демоқ осонми?

Бундай ҳадд урмоқ учун ким ҳуқуқ беради, Одам авлодига?! Ва бундай инсоний саодат қандай зотларга насиб этади?!

Гапни чўзмай, бир ҳақиқатни очиқ айтиш мумкин.

Шеърият ошиқларидан бири, Абдулла Орипов билан ким бўйлаша олади, деб сўради мендан.

– Мен билган шоирлар ичида Пушкин, – дедим унга.

Аслидаям шундай эмасми?

Ҳар қандай шоир ўз даврининг фарзанди бўлади. У шу иқлимда нафас олади, шу асрнинг юки-ҳасрати билан яшайди. Ундан айри туша олмайди. Муҳаммад алайҳиссалом замонидан буён янги эътиқодчилар неча бор дунёни бузиб, неча бор кўлмаклатди. Шундай экан, Румий билан Навоийнинг, Ҳофиз билан Низомийнинг, ҳаттоки Гомер билан Дантенинг ҳам йўли-йўриғи бошқа, ҳар ким ўз замонига ва ҳаётига масъулдир.

(давом бор)

Leave a Reply
*