Menu
Categories
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ! Орипов ҳодисаси: кузатишлар, қайдлар, талқинлар
08/23/2012 Тошкентда шов-шув бўлаётган асар

2.

Албатта, ҳар қандай ҳодисанинг аввали ва охири, кўнгилни ошуфта этиб, ақл-идрокни ишғол этиш мақоми-даражаси ва унинг тилларда достон бўлиб, авлоддан-авлодга ўтиб яшаш тарзи-мароми бўлади.

Орипов ҳодисаси ҳаёт биз учун сирли ва ғаройиб янги дунёлар очган бир фаслга тўғри келади.

Бир минг тўққиз юз олтмиш тўққизинчи йилнинг жазирама ёзи.

Бу дунё ўзимиз кўз очиб кўрган ва тўрт томони паст-баланд тоғ билан ўралган ғариб ва юпун қишлоқдан иборат деб билган, болалиги эгат орасида кўмилиб қолган биз – қишлоқ ёшлари, ниҳоят, одамни эзиб ташлайдиган дала заҳматидан халос бўлиб, иссиқ ўлкаларга талпинган қушлар каби йирик шаҳар оғушига ўзимизни урдик.

Киприкка инган ғубор ҳали ариган эмас, ҳали нафас ростлаб улгурганча йўқ, бу рангин дунёдан ўрин топа олмай, яна ўша дўзах азобига қайтмаслик учун, ўша уқубатдан бира-тўла оёқни узиб олиш умидида, қандай бўлмасин, университетга кириш, ўқиш ҳасратида, уйқу – нима, билган эмасмиз.

Шундай кунларнинг бирида, университетнинг кенг ва ҳаволи фойесида, китоб дўкони олдида қиз-йигитлар чуғурчуқдек бир нимага талпинганини кўриб, ҳайрон бўлдим, қарасам, пештахтада бир китоб тахланган, у талаш бўлаётир. Бир нимадан қуруқ қолгандек, мен ҳам ўзимни тўдага урдим.

Китобдан бўёқ ҳиди уфуриб турар эди.

Бу соҳага кўнгил берган, унинг тузини тотган одам бу ҳид нима эканини яхши билади. У думоғига урилганида, юраги орзиқади. Уни ҳозир тандирдан узилган қайноқ нон исидан кам кўрмайди.

Ҳануз ёдимда, китоб жилди тўлиб кетган ҳасратли фалакка ўхшар эди. У йиғламоқдан бери бўлиб тургандек, гўё. Ва яна унинг бағрини ўйиб, “Онажон” деб ёзишган.

Абдулла Орипов…

Биз учун тамомила янги ном.

Янги бир олам эди, бу.

Ҳар бир асар шоирнинг қонидан, шууридан, фитратидан оқиб чиқади. Ва унинг феъл-атвори, дарди-дунёсини ўзида намоён этади. Токи шу кунгача биз билган-ўқиган шеърларга мутлақо ўхшамаган бу асарлар Абдулла Ориповни бир бошқача, кеча ўлаатга кўчиб келган, ҳали эл бўлиб кетмаган, шу боис бир четда ётсираб турган бола каби кўзимизга сирли-ғалати қилиб кўрсатган.

Бу шундай бир хилқат эдики, оҳорли, долғали, шиддаткор.

Бу шеърларни ўқиб, шу тилда, шу усулда, ҳеч кутилмаган чақмоқдай фикр баён этиш мумкин эканидан қайта-қайта ҳайратга тушганмиз. Фикрнинг ёлқинли алангаси ақлни ўғирлаган, ороланган тил жилолари мудом хаёлни маҳлиё этган.

Фикрлар қуюқ, салмоқли. Борлиққа, воқеликка муносабат янгича. Яна ўша китобда шеърлар қуюқ-ботиқ ёзувда бўлиб, бу ҳам шоирнинг аҳволу руҳиясидан белги берар, унинг вазмин дарди-ҳасратини англатиб турар эди, гўё.

Аввало, шоирнинг “Онажон” шеъри жуда тез ёйилган. Ундан сўнг “Биринчи муҳаббатим”. Кейин “Сароб”, “Баҳор” каби мумтоз асарлар тафаккурда ислоҳ бошлаган, лекин уларнинг моҳиятини тугал англамоқ учун йиллар керак бўлди.

Бу дунёда алам бўлмас, бўлмас деб фироқ
Даста-даста китоблардан ўқирдик таълим.
Равон йўллар қаршингизда турибди муштоқ,
Дерди бизга ҳарф ўргатган ёш бир муаллим…

Бу шеър олтмиш тўққизинчи йили китоб бўлиб чиққан. Биз уни қайта-қайта мутолаа қилиб, шоирона кайфиятга берилганмиз, умрнинг турли даврларида унга мурожаат қилганмиз.

Нимага десангиз, маъно-моҳиятини англашда давом этганмиз. Шеърга кўчган шундай ҳақиқатлар борки, бошинг бориб унга урилмагунча, илғай олмайсан. Ҳаёт пардаланган, сиёсат афъюн каби сеҳрловчи.

Таъсир кўрсатувчи барча манба, таълим-тарбия, матбуот, радио-телевидение бир маслакка хизмат қилади. Ва уст-устига ёққан қор каби ҳақиқатни тўсиб-пардалаб боради.

Қачонки ўқишни битириб, ҳаётдан ўз ўрнимизни топамиз деб қийналганда, минг уқубат билан ишга жойлашгач, ҳар қадамда таъма ва ноҳақликка дуч келганда, тушунча ва тасаввурлар кунпаякун бўлиб, бир меҳрибон дўстга, бир умидбахш сўзга зор бўлганда сиёсат ўз йўли билан, ҳаёт ўз йўли билан одимлаётганини англаб етганмиз.

Ва ўзимизни кўз илғамас метин исканжа ичида кўрганмиз. Ундан қутулмоқ йўқ, халос бўлмоқ йўқ…

Шоир буни шундай таъкидлайдики, чорасизлик, армон ва ҳасрат юракни тилка-пора этади:

Юрагимга бир маҳаллар кирган туйғулар
Энди сендан кетгаймиз деб сўрайди жавоб.
Мени бир зум ҳол-жонимга қўймайди улар,
Қўймайдилар, ваъдаларинг чиқди деб сароб.

Абдулла Орипов йигирма беш ёшида, ўша қаттол замонда аччиқ ҳақиқатни баралла айтган, афсус-надомат билан ўкли хабар берган.

О, Абдулла, кўзларингни очиб қарагин,
Ким айтади бу дунёда йўқдир деб бўрон…

Шеъриятнинг беқиёслиги шундаки, шоирнинг дарди-хулосаси ҳар бир юракка зарб билан урилади ва қалб кўзини, тасаввурни туғёнга солади, мушак каби бодраган исён тафаккурни ларзага келтиради, жазб-тўлғама фикрни очишга, илгарилашга ундайди.

Шунда ҳаёт ҳақидаги билиминг-тушунчанг муаллақ ва омонат эканини англайсан, лекин чора йўқ, замон оғир, чидайсан-яшайсан. Ўша замонда мана шу иложсизлик кўп одамлар ҳаётини бузиб ташлаган.

Кимнидир йўлдан оздирган, кимнингдир умрини хазон қилган.
Бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. “Совет Ўзбекистони” газетаси таҳририятида Рустам Муродович деган кекса бир зиёли ишлар эди. У фақат чоғиштириб ўқишга жалб этиларди.

Бу одам вақтида “пролетариат доҳийси”нинг асарларини таржима қилган, кейин космополит деган сиёсий айб билан қатағон этилган. Гарчи орадан кўп йиллар ўтган бўлса-да, ҳамон тили қисиқ.

Шу боис, ҳар йиғинда муҳаррир уни калака қилади, “Темир дафтар”га бизниям хатлаб боради”, деб устидан кулади, гарчи ўзи шу одамнинг тирноғига арзимаса ҳам!

Москвада СССР Композиторлар союзининг съезди бўлган, унда союз раиси Тихон Хренников узундан-узоқ маъруза қилган, шуни оқсоқол билан чоғиштириб ўқияпмиз.

Маъруза охирлаб қолганида у киши бир нафас ростлайлик деб қолди. Етиб келган жойимизга белги қўйгач, у йўлакка чиқиб, теварак-атрофга бир назар ташлади, кейин эшикни зичлаб ёпди.

– Ўғлим, сиз ёшсиз, – деди у, зўр бир тараддуд билан. – Ёзувчисиз, сиздан бир нимани сўрамоқчиман, қани айтинг-чи, нима англадингиз, шу маърузани ўқиб?

Мен ўйланиб қолдим. Ҳеч бунга эътибор қилмаган эдим. Нимага десангиз, кундалик иш, одатдаги юмуш, шунга ўрганиб-кўникиб кетганмиз.

Ҳайрон бўлдим. Муддаоси нима, нима демоқчи, бу одам, деб ўйладим.

– Ўғлим, сиз зийрак бўлинг! – деди оқсоқол. – Бизнинг зиёлилар бичиб ташланган, партияга яхши кўринаман деб халқни аврашдан бошқани билмайди! Газетанинг уч бетига сиғмаган маърузада маънили бир гап йўқ! Эсимни танигандан буён шу! Яна шуни унутмангки, қаерда фашизм қарор топса, ўша ерда якка партия ҳукм суради!

Шунда миям чайқалиб кетган. Бирон-бир художўй бирдан Яратганни инкор этса ёки ашаддий зиндиқ-худосиз қўққисдан иймон келтириб, эй Худо деб нидо қилса, одам шундай аҳволга тушади.

Парда ортидаги ҳақиқат юз кўрсатганда, ақл шошиб қолади. Уни англаш-идрок этиш жуда оғир, саросимали. Айтиш эса, ундан ҳам оғир…

Аммо айтинг, қайда қолди у ёшлик пайтим,
Қайда қолди мен ишонган у ўзга ҳислар, – деб нидо қилади шоир, ўша замонда.

(давоми бор)

Leave a Reply
*