Menu
Categories
Одил Ёқубов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан
09/06/2016 Адабиёт

 

Одил Ёқуб (2)Бердиёр ЖУМАЕВ 

Одил ЁҚУБОВ таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан

 

ОЛТИ АСРНИНГ ЁДИ – КЎҲНА КЕЧМИШНИНГ ФАРЁДИ…

 

Жорий йилнинг 20 октябрида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Туркистон заминининг фидойи фарзанди, бутун жаҳон ўзбекларининг фахри ҳамда ифтихори Одил ЁҚУБОВ (1926-2009 й. й.) таваллуд топган кунга 90 йил тўлади.

Маълумки, ушбу улуғ ва буюк адибимиз ўзининг бетакрор ҳамда бетимсол  ижоди билан халқаро майдонда-ю миқёсда ҳам турли мақомдаги юксак тан олишларга, турфа даражадаги олий эҳтиромларга сазовор бўлди.

Мен Одил аканинг бундан қирқ йилча олдин танишганим “Улуғбек хазинаси” романи бош қаҳрамонларидан бири – Қаландар Қарноқийни ўша пайтдаёқ ўзига хос бир шахс сифатида ёқтириб қолгандим.

Айни асарни илк ўқиганимданоқ, бундан 6 аср муқаддамги кўҳна кечмиш фарёдларининг аянч акс-садоларини қулоқларим остида азоб-у изтироб билан ҳис этган эдим.

Бундан бирмунча муддат илгари эса, сайрамлик маълум ва машҳур жаҳонгашта ҳамда қаламкаш Анвар Сайрамий 1994 йили Қаландар Қарноқийнинг жонли тимсолини тиклагани ҳолда унинг қиёфасига кириб, қадим ва навқирон Қарноқ қишлоғига саёҳат қилганидан хабар топгач, айни бемонанд воқеа хусусида “ЙИГИРМАНЧИ АСРНИНГ ДАРВЕШИ – Қаландар Қарноқий қандоқ қилиб, қадимий Қарноқ қишлоғига қўққисдан қайтганди…” сарлавҳали бадиамни битгандим ҳамда ушбу ижод маҳсулим маҳаллий матбуот билан биргаликда, нуфузли халқаро нашрдаям эълон этилиб, муҳокама қилиниб, анча-мунча эътироф-у эътиборга лойиқ кўрилганди.

Очиғи, ўша даврдаёқ кўнглимда Қаландар Қарноқий ҳақида ўзимнинг алоҳида махсус асаримни яратиш иштиёқи пайдо бўлганди, аммо унинг қачон ва айнан қандай битик сифатида дунёга келишини ўзим-да ҳали билмасдим.

Улуғ миллатдошимиз ва буюк ёзувчимиз Одил Ёқубов туғилган куннинг 90 йиллик санасини нишонлаш тараддуди ва тадориги бошланиб кетганидан кейин, оддий бир ижодкор тариқасида мазкур тўйга баҳолиқудрат шахсий туҳфамни тайёрлашга қарор қилдим.

Мана, ниҳоят, шундай эзгу ният билан “Саёқий, фироқий, сўроқий, йироқий – Қарноқийдурман!” сарлавҳали “Қаландар ҚАРНОҚИЙ нидоси” ёруғлик юзини кўрмоқда.

Қаландар Қарноқийнинг кимлигини “Улуғбек хазинаси”ни ўқиганлар ҳамда мазкур роман асосида ўзбекистонлик телеижодкорлар тарафидан ишланган кўпқисмли видеофильмни томоша қилганлар яхши билсалар-да, айни битигим янада англашиларлироқ бўлмоғи учун ушбу зот хусусида мухтасар маълумот бериб ўтишим мақсадга мувофиқ кўринади.

Саҳройи қалмоқ босқинчи ёғийларнинг дастидан ҳали ўсмирлигиданоқ Қарноқ заминини тарк айлашга мажбур бўлган “Улуғбек хазинаси”нинг мазкур қаҳрамони тақдир тақозосига кўра, Самарқанд тарафларга келиб қолади. Қарноқий ўзининг илмга ва ижодга кучли иштиёқи туфайли, мусофирликда эканлигига қарамасдан, ёшлигидан саводини чиқариб, жадал билим олиб, назм сирлариниям ўрганиб, адабий ҳамда илмий жабҳада ном қозонади.

Шундан кейин у, дастлаб атоқли аллома Али Қушчининг, кейинроқ эса, унинг ёрдамида Султон Мирзо Улуғбек ҳазратларининг назарига тушади ва эътиборини қозонади.

Ўз даврининг энг бой ва бадавлат одамларидан бири – Салоҳиддин заргарнинг невараси Хуршида бонуни астойдил севиб қолганлиги ҳамда ўзининг муҳаббат туйғулари заргар томонидан қатъийона тарзда рад этилганлиги оқибатида Қаландар Қарноқий шоирлиги-ю олимлигидан воз кечиб, тарки дунё қилади-ю, энди ҳақиқий дайди дарвешга айланади.

Раҳнамоси ва валинеъмати Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти хатар остида қолганидан қаттиқ таъсирланган Қаландар Қарноқий устози Али Қушчига ёрдамга шошилади.

Улар дўстлари билан биргаликда Мирзо Улуғбекнинг улкан маънавий хазинаси ҳисобланмиш ноёб қўлёзмалардан иборат нодир китобларнинг ўн олти сандиғини Ургут тоғларининг пинҳоний ғорларидан бирига яширишга муваффақ бўладилар.

Бу орада Қаландар Қарноқий севгилиси Хуршида бонуниям падаркуш Абдуллатифнинг мудҳиш чангалидан озод этиб, ишончли жойга элтиб, ёмон кўзлардан бекитиб қўяди ва уни ўз никоҳига олади.

Бироқ мазкур сирдан тасодифан хабар топган Хуршиданинг ишқибозларидан яна бири – хоин ва сотқин Амир Жондор бонуни олиб қочишга муваффақ бўлади. Айни ҳодисадан кечроқ хабар топган Қарноқий севгилисини қутқаришга ҳаракат қила туриб, Жондор отган камон ўқидан ҳалокат топади.

Қаландар Қарноқийнинг улкан армони бор эди: у чорак аср давом этган айролиқдан сўнг таваллуд ошёни – Қарноқ қишлоғига Хуршида бону билан биргаликда қайтмоқчи, ота-боболарининг қабрларини зиёрат қилмоқчи, яқинларини топиб, улар билан дийдор кўришмоқчи, сўнг эса, эл-юртига хизмат этмоқчи, фарзандлар ўстирмоқчи эди.

Бироқ ваҳший Амир Жондор ёйининг пайкони ушбу ниятларнинг ҳаммасига чек қўйди. Қаландар Қарноқийнинг барча эзгу орзу-армонлари ўзи билан бирга олис мусофиротда кўмилди. Хуршида бону ҳам заҳар ичиб, вафот этди. Мазкур оташин муҳаббатана шундай тарзда фожиали интиҳо топди.

Тошбағир Салоҳиддин заргар неварасининг ўз жонсиз вужудини Қаландар Қарноқийнинг жисми билан бирга дафн этиш юзасидан ўлими олдидан қилган сўнгги илтижосиниям бажармади.

Илло, Яратганнинг ўзи бундай ваҳшиёна шафқатсизликлари учун айни бераҳм бобони тириклигидаёқ қаттиқ жазолади: унинг якка-юягона ўғли ва меросхўри мавлоно Муҳиддин ақлдан озиб, даҳшатли ўлим топди.

Салоҳиддин заргар эса, беҳисоб бойликлари беэга қолиб, хорлиг-у зорликка маҳкум этилди.

 

Одил акам шу инсон

 

  САЁҚИЙ, ФИРОҚИЙ, СЎРОҚИЙ, ЙИРОҚИЙ – ҚАРНОҚИЙДУРМАН!

 

 

 Қаландар ҚАРНОҚИЙ нидоси

 

 

Кимларга олим, шоир ардоқий, кимларга сойир* саёқийдурман,
Қоп-қаро қисмати ғариб-хароб, терс-талх тақдири фироқийдурман,
Барча саволларим жавобсиздур – турган-битганим сўроқийдурман,
Олти асрдир-ки, ота юртимдан, она элимдан йироқийдурман –
Жисман олисда мадфун** эсам-да, аслан Қаландар Қарноқийдурман! 
 
 
Бешафқат фалак дастидан дод-ким, буткул хонумонимни куйдирмиш,
Мендек ердаги бир ҳақир хасга самовий суманбарни суйдирмиш,
Унинг отин барно бону, менинг отим дайди дарвеш қўйдирмиш,
Ишқ, илм, ижоддан этиб мосуво, яксон-сарсон умримдан тўйдирмиш –
Икки дунё аро аросатда қолган Қаландар Қарноқийдурман!
 
 
Ўзимдек ғамда ўтганлар бисёр каж даврондан, тунд макондан толиб,
Эвоҳ, ҳамон Қарноқийлар мағлуб, хоин Жондорлар эканлар ғолиб,
Ишқ жаллодлари кезмишлар, ҳануз ошиқлар бошига ажал солиб,          
Наҳот, азалдан то абад юргай улар севишганлар жонин олиб –
Мен ҳам-ки муҳаббатнинг йўлида сўлган Қаландар Қарноқийдурман!
 
 
Мирзо Улуғбекдек беназир зот раҳнамо – валинеъматим эрди,
Али Қушчи – бетимсол аллома устоди ибрат – ҳазратим эрди,
Аҳли табъ, аҳли фазл, аҳли салоҳ*** ҳамсуҳбатим-у улфатим эрди,
Лек нафс-наҳс хайлига**** ёв-ётлигим фожиам ҳамда кулфатим эрди –
Ки, ёғий ўқидан паймонаси тўлган Қаландар Қарноқийдурман! 
 
 
Гарчанд устозларим чорламишлар яхшилик, эзгулик, омонликка,
Илло ҳар қадамда дуч келмишам олчоқлик, сотқинлик, ёмонликка,
Найлайин-ки маҳкум экандурман хорлик, зорлик, ранги сомонликка,
Етишолмай жувонмарг ўлдим-ку тинч ошён, фаровон замонликка – 
Йўлим ёпиқ, аммо кўзим очиқ кетган Қаландар Қарноқийдурман!
 
 
Қарноғим, қадим-азим кентларнинг ягонаси-дурдонаси ўзинг,
Турон-у Туркистон тарихида маҳкам-мустаҳкамдур ўрнинг-изинг,
Ҳазрати Султон ҳам Соҳибқирон руҳларин шод айлаб, ёруғ юзинг,
Маърифат-тариқат бобидаям зўр зурёдларинг-ла кескир сўзинг –
Фақат мен пешонамга  жудолик битган Қаландар Қарноқийдурман!  
 
 
Аждодларинг эъзозлаб ўтмишлар туркийликнинг муқаддас шонини,
Авлодларинг юксакда тутмишлар миллатнинг виждони-имонини,
Фарзандинг Одил Ёқуб забт этмиш ижоднинг сарбаланд довонини,
Ё, насиб, наслларимиз тўлдиргай ўзбегим орият майдонини –
Дуои жонларингизни қилиб ётган Қаландар Қарноқийдурман!
 
 
Олти юз йиллик айролиқ учун узримни қабул қилгил Қарноғим,
Сендан қарзимни узолмаганим, ёҳу, кўксимдаги ўчмас доғим,
Буюк Одил Ёқуб бўлиб қайтдим, сенга эъзозим, унга ардоғим,
Тоабад гулла-ю яшна, доим ўзинг беҳишт боғим – таянч тоғим –
Нетай, жаҳолат-қабоҳат чоҳи ютган Қаландар Қарноқийдурман!
 

 

* сойир – мазкур ўринда дарбадар кезгувчи; ** мадфун – дафн этилган, кўмилган; *** аҳли табъ, аҳли фазл, аҳли салоҳ – ижод, илм, яхши хислат-фазилат аҳллари, солиҳ инсонлар; **** нафс-наҳс хайли – нафс ҳамда наҳс қулларининг тўдаси, галаси.

 

“Дунё ўзбеклари” учун махсус 

 

 

 

 

 

Leave a Reply
*