Menu
Categories
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ! Орипов ҳодисаси: кузатишлар, қайдлар, талқинлар
08/24/2012 Тошкентда шов-шув бўлаётган асар

3.

Абдулла Орипов шеърияти ҳаётнинг ўзидек тахир ва аччиқ, зада ва беомон. Биз бундай тарбия олган эмасмиз. Шу боис, дафъатан эсанкираб қолганмиз.

Нимага десангиз, пурвиқор жаранги билан ақлни оладиган замонасоз шеърлар ўқиб вояга етганмиз, ўзимиз кўрмаган-билмаган, аммо ўша шоирлар тараннум этган коммунистик ўйдирмаларга асир-маҳлиё бўлганмиз.

Ва ўзимиз ҳам темир йўл бузилишини, дарсликда ўрнак қилиб берилган пионер каби, алвон галстукни ҳилпиратиб чиқиб, поездни ҳалокатдан асраб қолишни, қаҳрамонлик кўрсатишни орзу қилганмиз.

Ҳолбуки, биз томонларда темир йўлнинг ўзи бўлмаган!

Тарбия шундай уюрма-гирдоб! У ҳар қандай одамни комига тортиб кетади.

Одил Ёқубов бошланғич синфда ўқиган маҳали дафтар жилдидаги Пушкиннинг расмидан, шоирнинг жингалак сочлари орасидан душман қидиргани ва ҳатто уни топгани ҳақида алам билан ёзади.

Шунда у ўзини қаҳрамон ҳис этган! Ҳамма лол қолган, ҳамма унга ҳавас қилган!

Ҳазилакам гапми бу, ахир!

Ҳолбуки, ўша вақтда отаси ҳибсда ётган, лекин бу билан иши йўқ!

Нималар бўлаяпти ўзи, нега ашаддий коммунист отам ишдан олинди, “халқ душмани”сифатида қатағон этилди, деб ўйлаш йўқ!..

Ленинча таълимот шундай сирли-жодули бўлган.

Ориповнинг шеърлари эса, ўткир ичимлик томоқни куйдириб ўтгани каби жоду кучини кесар, жилвали ўйдирмалар, ясама тушунчалар юзидаги ҳижобни куйдириб ташлар эди.

Шу боис, зулматни нурдай тилиб ўтган бу шеъриятни, руҳий ғалаёндан иборат ўтли-оловли нафасни борича ва аслича қабул қилиш қийин кечган.

Ёдимда, синф хонасида улкан харита доим осиғлик турар эди. Унга дунёнинг ярми жо этилган. Ва бежама ёзув билан “СССР” деб хатлаб қўйилган.

Биров Ватан деса, арслонёлли шу харита кўз олдимизга келган. Чунки шундай бўлган, тарихга ҳам шундай муҳрланган ва шундай деб қулоғимизга қуйишган.

Лекин, шоир қўлимиздан тутиб бизни тўхтатди ва шаҳодат бармоғи билан она юрт сарҳадларини кўрсатиб, ука, сен билан менинг Ватаним она Ўзбекистон, деб уқтирди.

У Ватанни қандай севмоқни ҳам англатди, бизга:

Сен – онам, сен – синглим, ёримсан азал,
Эй жону жаҳоним, Ўзбекистоним!

Жондан азиз онангни, мунис ва меҳрибон синглингни, ҳаётингнинг мазмунига айланиб кетган оиланг аъзоларини ва яна жону жаҳонингни севмаслик мумкинми, ахир?!

Ватан шундай азиз, шундай мукаррам! Нимаики ардоқли, мўътабар бўлса, барчасини ўзида мужассам этган! Қандай қилиб уни кўзга тўтиё этмаслик, севмаслик мумкин?!

Шунинг учун одамлар она заминни кўзга суртади, баҳодирлар Ватан ҳимояси йўлида жон олиб-жон беради. Тўмарис, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби фидолар юрт озодлиги деб ақл бовар этмас ғайрат-шижоат, матонат ва қаҳрамонлик кўрсатади.

Шунинг учун ўлмас даҳолар Бухорий, Хоразмий, Замахшарий, Термизий, Фарғоний, Марғиноний деб униб-ўсган юрти номини бошига кўтариб яшайди.

Абдулла Орипов ўша ёвқур ўтмишдошлари каби жон овози билан нидо қилади:

Ватан! Менинг бор қисматим шу бир сўзда ҳал,
Балки мен ҳам бахш этурман унга жон-танни…

Шунда жасур ва ўтюрак ўғлонларининг муборак қонига чайилиб, ота-боболарнинг хоки покига айланган, киндик қони томган замин кўз олдимизда бор бўй-басти билан намоён бўлади.

Кўз олдимда собит турар фақат шу Ватан,
Кулбаси ҳам кенглик қадар чулғайди мени.
Туйғуларим фақатгина унга берар тан,
Юртим, мен ҳам умрим қадар севгайман сени.
Мен ҳам сенинг қуёшингда ўсиб-улғайдим,
Қарздорман, тупроғингда қолдирдим излар…

Шеър хаёлга ғарқ этади.

Дунё дунё бўлганидан буён мана шу заминда яшаб, орзу-ҳавасига собит интилган ҳаёт дарёси кўз олдингдан ўтади. Бир халқ, бир миллат бўлиб, мурувват ва оқибатни азиз билиб яшаётган бу қавм ҳаёти эъзозга муносиб. У босиб ўтган йўл кишилик тарихи бўлмайин, нима?!

Тарих деб аталган қисмат бу, ахир,
Қошида юзтубан ҳаттоки Худо.
Кимни у камситиб, этмаган таҳқир,
Кимни у юртидан қилмаган жудо?
Менинг ҳам Ватаним жанглар гувоҳи,
Менинг ҳам тупроғим топталганди хор.
Менинг ҳам руҳимда аждодлар оҳи,
Менинг ҳам қонимда қилич занги бор.
Минорлар эмас бу – фалакка қасам,
Қасоскор боболар кетмишлар санчиб.
Мен тортган ғамни ҳам бир-бир санасам,
Ўлик фиръавнлар кетарлар сапчиб.

Мана шу замин, она Ватан, мана шу халқ руҳи борлиқ тарихнинг тилсиз гувоҳидир. Ўтмишимиз, эзгу орзу-интилишимиз, келажагимиз унда мужассам. Ундан бошқа саждагоҳимиз, бош уриб борадиган жойимиз, суянадиган тоғимиз йўқ, бу оламда!

Қиблагоҳим, юпанчим ёлғиз,
Сен барҳаёт онамсан, Ватан!

Шоир ноғора чалиб, эл-юртни ва она тарихни мадҳ этмайди, унинг улуғлигини асос-илдизи билан кўрсатиб беради.

Санъат шу!

У жўнликни ёқтирмайди.

Ориповгача ҳам шундай оловли руҳ собит бўлган. Лекин, у воқеъ бўлган замонда мустабид сиёсат унинг гўрини ковлаб, кўмиб юборган, сўнг ўрнида сиёсий артел барпо этган.

Шу боис, Абдулла Орипов йўқдан бино бўлган каби сирли ва ғаройиб туюлган, юракларга ҳайрат солиб, долғали из қолдирган.

(давоми бор)

No
  1. “Равоний” – “Шизофреник”
    Саиджаҳон Равонийнинг шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги ёзганларини ўқиркан ёдимга Редярд Киплингнинг “Жангалнома” асаридаги оғзидан доимо сулак оқиб юрувчи “шоқол” ёдимга тушди. Аниқроғи, “Жангалнома”даги бир саҳна: бўрилар сардори шикорда ўлжани ушлай олмас экан, шоқол: “Акелла промахнулся! Акелла промахнулся!!” деб чийиллай бошлайди.
    Бунақа “шоқоллар” – номи ҳеч кимга номаълум ёзғучи ва шоирчалар охирги дамларда тиқилиб кетди. Ким ўзига ном чиқармоқчи бўлса, Муҳаммад Солиҳни тилга олади.
    Саиджаҳон Зайнобиддинов ҳам ўшанақа “адабиётшунос” ва “шоирча”лардан. Авваллари тузуккина ҳуқуқбон эди. Аммо, қамоқда ўтирган ойларда уни “попугини” пасайтириб қўйишган шекилли, озодликка чиққач, 180 даражага ўзгарди. Фикрини ўзгартиргани бу, албатта, унинг виждонига ҳавола. Лекин, охирги бир-икки йилда бир тийинга қиммат, зўраки шеърлари ва адабий таҳлиллари билан танилиш ҳаракатига тушиб қолди.
    Унинг валдирашлари таҳлилга ҳам арзимайди. Агар лозим топсам ва мавриди келса, ўз фикримни исботлашга ҳам тайёрман.
    Фақат, айтадиганим бир гап бор. Равонийга эс-ҳушларини йиғиб, номларини ўзгартирсинлар демоқчиман. “Равоний” форсчадан таржима қилганда “Шизофреник” деган маънони англатади.
    Яна билмадим, агар исм жисмга монанд бўлади деган ақидада бўлсалар, унда ўзлари биладилар.

Leave a Reply
*