Menu
Categories
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ! Орипов ҳодисаси: кузатишлар, қайдлар, талқинлар
08/25/2012 Тошкентда шов-шув бўлаётган асар

4.

Абдулла Орипов биринчи синфда ҳарф ўргатган муаллим каби фақат она Ватанни танитиб қолмай, бир инсондай яшаш учун нимаики зарур бўлса, барчасидан сабоқ берган, ниманики севмоқ керак бўлса, уни эъзозлаб-ардоқлаш, нимадан нафратланмоқ лозим эса, ундан ҳазар қилмоқ илмини ўргатган.

У ҳақни ноҳақдан, покни нопокдан ажратиб кўрсатган миллий шоирдир.

У “Саҳиҳ ҳадис”лардан билим олган, десак, у замонда Бухорий таъқиқ остида эди, ҳатто Расулуллоҳ қораланиб, Яратган йўққа чиқарилган.

Кишилик тарихи деса, Маркснинг патак соқоли кўз олдимизга келган. Худдики, унгача ҳеч вақо бўлмаган!

Худдики, ҳаёт шундан бошланган!

Шундай метин-мустаҳкам девор ортидаги аслликни илғаш осон эмас, албатта.

Билмадим, бунда бўлак сир бордир?

Балки шоир даҳоси ўз ишини қилгандир, қонида жўш урган аждодлар хислатини ёқиб-оловлантириб юборгандир? Билмадим. Лекин нима бўлгандаям, учрар экан-да, шундай ҳодисалар!

Аммо жондош халқини Ориповчалик севиб-ардоқлаган оташнафас шоир камдан-кам. Унинг Ватанга муҳаббати халқига арзи-ихлосида илдиз отгандир.

Хўш, нечун севасан Ўзбекистонни,
Сабабини айтгин десалар менга,
Шоирона гўзал сўзлардан олдин
Мен таъзим қиламан она халқимга:
– Халқим, тарих ҳукми, сени агар-да
Мангу музликларга элтган бўлсайди,
Қорликларни макон этган бўлсайдинг,
Меҳрим бермасмидим ўша музларга?
Ватанлар,
Ватанлар,
Майли, гулласин,
Боғ унсин мангулик музда ҳам, аммо
Юртим, сени фақат бойликларинг-чун
Севган фарзанд бўлса, кечирма асло!

Бу шеър мавҳум якун топгандек, Ўзбекистонни нима учун севишини шоир очиқ айтмагандек бўлиб туюлади. Чунки у шеърини якунлар экан, юртини бойликлари учун севмаслигини уқтиради.

Бу таъкид жон ипи пайваста халқини кўкка кўтариб улуғлашга восита бўлади.

Нимага Ўзбекистонни жон қадар севасан, деса, мен аввал жондан ҳам азиз она халқимга таъзим қиламан, агар у мангу музликларни Ватан қилган бўлса, ўша музликларга меҳримни берар эдим, дейди шоир.

Мен ўйлайманки, шундай дамда катта бобоси, Одам Ато бўлмаса ҳам, Турк Ёфас ўғлининг толмас руҳи унинг бош устида чарх уриб айланиб –
ўргилади, шу заминда қандай илдиз отиб, палак ёзгани, қандай тарихни бошдан ўтказиб, қандай ўзидан кўпайгани ҳақида айтиб-уқтириб, қўллаб-қувватлаб туради.

Унинг қавми йўқ бўлиб кетмади! Бугун бир эл, катта бир оила бўлиб яшаяпти! Бу халқ, бу миллат Одамнинг асл фарзанди! Бир ота-онадан кўпайган!

Рум зафар қучади.
Қуръонда айтилган.
Рум Чингизхон эмас, Доро ҳам эмас!

Орипов буни унутмайди. Ва ўзини шу улуғ карвоннинг бир муаррихи-куйчи шоири деб билади.

Бу – мумтоз тушунча, муборак туйғу! Қани энди, ҳаммагаям шу насиб этса! Қачонки шу ҳақиқат жонингни ўртаса, оламга кўзингни очиб қарайсан! Сал пастга тушиб, оёғингни ерга қўясан. Ва Пушкин каби хор-зорларга ачинмоққа чақирасан!

Кеч куз эди, мен сени кўрдим,
Деразамдан боқарди биров.
У сен эдинг, о, деҳқон юртим,
Турар эдинг ялангтўш, яёв.
– Ташқарида изиллар ёмғир,
Кир, бобожон, яйрагил бир оз.
Дединг: – Пахтам қолди-ку, ахир,
Йиғиштирай келмасдан аёз.
Кетдинг, умри маҳзаним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Абдулла Орипов шу халқ фарзанди, аммо фақат шу учун эмас, унинг палаги тоза, бағрибутун, даҳоси ва марҳамати беқиёс бўлгани учун иззат-икром билан уни севиб ардоқлайди.

Шоирнинг “Саратон” шеърига бир эътибор қилинг.

Менинг деҳқон бобом, андак ором ол,
Қуёш буровига олган палла бу.
Саратон ўзи ҳам мудрайди беҳол,
Оҳангсиз ялла бу, сўзсиз алла бу!

Ҳали тонг ғунчаси очмасидан лаб,
Наҳор фароғатин ўйламай тақир,
Кимсасиз далага кўзни уқалаб,
Чиқиб кетганингни кўрдим-ку, ахир.

Кўрдим-ку, манглайинг тер билан қотиб,
Бераҳм оташга берганингни тоб.
Кўрдим-ку, тепангда ўзни йўқотиб,
Ҳайратдан лол қотиб қолганин офтоб.

Азму шижоатинг мен ахир кўрдим,
Кўрдим кўзларингда чарчоқ бир кулгу.
Майли, ором олгин, эй бобо юртим,
Саратон жунбушга келган пайт-ку, бу…

Юракдан отилиб чиқаётган дарднинг-ҳасратнинг худди мумтоз наво янглиғ босқичма-босқич авж пардага кўтарилиб бориши хаёлни ўраб-чирмаб олади, истайсизми-йўқми, ҳолнинг ичига кирасиз, воқеликни кўриб, юракдан ўтказасиз, бевосита иштирокчига айланасиз. Шунинг учун у сизни бедор-безовта этади ва ёдингизда муҳрланиб қолади.

Абдулла Орипов айтадики, эсимни танигач, қатор савол йўлимда кўндаланг бўлиб, идрокимни қийноққа солган. Нега халқим хор-ҳақир, таҳқирга маҳкум? Нега она тилимнинг қадри йўқ? Тарихим нега ерга урилган? Нега она Ватанни улуғлаш мумкин эмас?

Шоир шу саволларга жавоб излайди. Шеърияти аслликда, тириклик сувида илдиз отади. Шунинг учун унда ҳақлик-ҳаққоният юз кўрсатади.

Эҳтимол, Илоҳнинг ўзи улуғлик тўнини ёпиб, унинг дилига шу дардни солгандир?

Эҳтимол, шунинг учун руҳий поёни чексиз, ҳасратли унлари, долғали овози-нафаси шунга монанддир?

Эҳтимол, шунинг учун, Шарқни ва Ғарбни бир шеърига жо эта олар?

Эҳтимол…

(давоми бор)

Leave a Reply
*