Menu
Categories
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ! Орипов ҳодисаси: кузатишлар, қайдлар, талқинлар
08/26/2012 Тошкентда шов-шув бўлаётган асар

5.

Агар, эътибор берган бўлсангиз, “Титаник” фильмида борлиқ қонунияти асос-илдизи ва бутун кўлами билан очиб берилган. Аввалига йўлга чиққан баҳайбат кема, ундаги серғулу ҳаёт дунё ичидаги бир дунё каби кенг ва батафсил намойиш этилади.

Кибр ва бойлик, виқор ва дабдаба, мусиқий ва ўйин-кулги, киборлар таманноси ва хонимлар истиғноси.

Виқорли ва муаззам ҳаёт. У бир маромда давом этади. Худдики, ҳатто Яратган ҳам унга дахл қила олмайди.

Ҳеч кутилмаганда музтоғ кемага тегиб кетади. Дунё ичидаги дунё бир чайқалади. Ҳалокат таҳдиди. Безовталик. Бесаранжомлик.

Биз кўрган-билган, ўзига бино қўйган кишилар бирдан тинчини-ҳаловатини йўқотади, таҳлика ва саросима вазиятни қуюшқондан чиқаради. Жонсараклик. Таҳлика. Ҳаёт-мамот. Жонни қутқармоқ ҳасрати.

Лекин, шунда ҳам кимдир ўзини эмас, ўзгаларни ўйлайди. Уларни деб жонинини Жабборга беради.

Ниҳоят, сўнгги дам етиб келади. Улкан кема тумшуғи билан тикка чўка бошлайди. Ҳайбатли нарсанинг ҳалокати ҳам ваҳимали бўлади. Одамлар тутдай тўкилади. Уюрма уларни ямламай ютиб юбормоқда. Омон қолгани эса, ундан қочишга уринади. Яна қанча одам жон ҳалпида юқорига тирмашади, яна қанча йўловчи муваққат нарсага ёпишиб олган…

Қиёмат қойим.

Худди шунга ўхшаб, шўро салтанати инқирозга учраган вақт. Ит эгасини танимайди. Талвасанинг чеки йўқ. Юраклар қапчиб кўчган, ўлиб қолиш мумкин! Лекин бу кўзга кўринмайди. Уюрма тортиб кетади. Одамлар ўзини ўтга-сувга уради.

Илож йўқ.

Ҳалокат чанг солиб турибди.

Таҳлика кўз очирмайди.

Бундай вақтда, одатда, мараз бир тоифа пайдо бўлади. Кафанталончи. Улар вайрон бўлган уйларни “тозалаб”, ёрдамга илҳақ бўлиб ётган яримжонларни “шилиб” кетади.

Худди “Титаник”да бўлгани каби, ўша тоифа жон талвасасидаги ҳаммани босиб-янчиб, ўлиб-тирилиб юқорига ўрмалайди. Юзингда кўзинг борми, демайди, уят, андиша – нима, шарм-ҳаё – нима, билмайди. Бообрў кишиларни мажлисда талаб-юмдалаб, юзига оёқ босади, кимдаки амал-мартаба бўлса, қашқирдай ташланиб, улуғлик тўнини шилиб олади. Кўз очиргани қўймайди, сира.

Одамлар юрак олдириб қўйган, чўчиб-ҳайиқиб қолган.

Жин кўзадан чиққан. Бир ёнда митинг, жазавали хитобу даъват, бир ёнда эл аро низо-адоват. Қонли хуружлар, ўтли-оловли воқеалар. Кимдир Ўзбекистонни Косоводаги, ёки бўлмаса, Яқин Шарқдаги каби ҳеч ўчмас аланга ичига тортмоқ истайди. Ва ҳалимлик билан банд солади.
Кўзга кўринмас уруш бошланган.

Қани энди, бу халқ бошида қандай балолар айланганини билса эди!
Юртдан файз-барака кўтарилган! Ҳеч нимага ишонч қолмаган! Ҳаёт омонат…

Бўҳрон ва тўлғама авжига чиққан, оломон қутурган ўша ногтинч замонда Абдулла Орипов бир шеър ёзган, “Ишонч кўприклари” деган. Ва ҳалокат тўфони келтириб чиқарган тарихий вазият, оламшумул таҳлика ва жонсараклик унда сурат янглиғ муҳрланиб қолган:

Юздан парда кетса,
Дилдан диёнат,
Меҳр ришталари зимдан узилса,
Юракларни босса шубҳа, хиёнат,
Ишонч кўприклари бузилса;

Етимлар ҳақидан қўрқмаса биров,
Сўқмоққа айланиб кетсалар йўллар,
Қиблагоҳлар осий, туғишганлар ёв,
Ғазналарга чўзилса қўллар;

Болалар руҳига ҳаёт деган дарс
Манманлик уруғин жойласа,
Ошиқлар кўчада маъшуқасин эмас,
Кимнингдир қадамин пойласа;

Элнинг шоирлари ғаним зотлар каби
Бир-бирларин ғажиб есалар,
Минбарларга чиқса кўча-кўйнинг гапи,
Андишани қўрқоқ десалар…

Бундай юртда энди қирғин шарт эмас,
Вабо ҳам қочади ундан йироққа,
Ҳатто дарёлари қурир басма-бас,
Ҳатто тупроқлари тушар титроққа…

Шоир инқирозли воқеликни, юзага келган серғулу-таҳликали вазиятни, Ҳалакунинг кучугидай ўзини ўтга-сувга ураётган беор, бехосият ва жонсарак қавмни, мана, деб кафтига олиб кўрсатади.

Бундай юртда энди қирғин шарт эмас! Ҳатто ўлат-вабо ҳам ундан қочади.
Ва бу – маҳобат эмас.

Гўзал пойтахтимиз Тошкент шаҳрида шундай зилзилалар бўлганки, наинки тупроқ титроққа тушган, балки ер ўкириб-ёрилиб кетган! Унда чақмоқ чақнаб, қудуқларнинг суви қочган.

Шундай бўлган!

Ва бу тарихда қайд этилган.

Мана шундай вазиятда оқиллар қандай йўл тутади?

Табиийки, ҳамма иллатнинг, бу балою офатнинг асос-илдизини қидиради.
Шифокор қўлига тиғ олиб, жарроҳлик билан банд бўлади, бесаранжомлик келтириб чиқарган ички аъзони очиб кўради. Қараса, аҳвол чатоқ, саратон босган. Соғ жойнинг ўзи йўқ. У секин этни ёпиб қўяди.

Қариндош-уруғига, қўйинг, бечорага азоб бермайлик, бир-икки кун умри қопти, уйга олиб боринглар, бола-чақаси олдида бўлсин, дейди.

Вассалом.

Жамиятнинг аҳволи бундан ҳам ёмон бўлса-да, Абдулла Орипов кўнгил узмайди. Билади, бу – дарди бедаво! Аммо у нажот истайди. Ва яна таянган-суянган азал тоғига умид билан кўз тикади:

Халқим, бундайларни кўргансан азал,
Кўп чеккансан улар озорин, доғин.
Сен енгиб ўтгансан, лекин ҳар маҳал,
Халқим, топинаман ўзингга тағин.

Агар эътибор қилсангиз, бу мумтоз шеър, бу ўтли нидо тўқсонинчи йиллар жафокаш халқ учун, миллат учун, эл-улуснинг кунига ярайман деган Жонкуяр учун қанчалик қийин ва машаққатли бўлганини ойдин бир равшанликда аниқ намоён этади.

Бу эл-улус, бу миллат асрий орзу-ҳаваслари йўлида қандай сабот кўрсатгани, оёғига тушов бўлган балони қандай чидам билан енгиб ўтгани унда рўй-рост кўриниш беради!

Жанггоҳларда жон берган боболарни унутманг,
Мошоқ териб нон берган момоларни унутманг.
Эътиқод, иймон берган дуоларни унутманг,
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.

Абдулла Ориповнинг “Халқ” шеъри ана шу мислсиз курашнинг мумтоз ҳосиласидир. У буюк бир давон ошиб ўтилгач, кўзлаган манзилига талпинаётган улуғ оқимга хитоб-даъват каби янграйди.

Шеър ҳар қачонгидан босиқ, ҳорғин ва залворли оҳанг касб этган. Вазмин ва салобатли, юкли ва ҳасратли. Нотинч замон ва суронли урҳо-урлар қолдирган чарчоқ унга тус бериб, маҳзун бир кайфият ташийди. Шоир ҳам олдинги Орипов эмас! У ҳаёт зардобини ютиб, ҳамон Ҳаққа интилаётган мутафаккирдир.

У олам ҳодисасини чиғириқдан ўтказиб, ҳукм-хулоса чиқаради. Ва мана шу зарб бонг каби янграб, асарга залвор ва улуғлик бағишлайди.
Шеър “Ҳамма нарса ўтади” деган тугал зикр билан бошланади.

Бу қатъий фикр-хулоса мағзи тўқ далиллар ва унутилмас ташбеҳлар воситасида мантиқан асослангач, ҳаёт бор экан, у давом этар экан, халқ мангу яшайди, унинг юзига соя солган, ризқини талон-тарож этиб, қонини ичган золимлар йўқ бўлади, аммо каттакон йўлга чиққан орзуманд халқ абадий қолади, деган фикр таъкидлаб айтилади. Ва унда ҳаётнинг жавҳари, дунёнинг бор ҳақиқати шу, деган фикр-хулосага таъкид ва урғу берилади.

Амалпараст, лўттибоз бўлмаган қачон, ахир,
Сак бир нима емаса, оғзи бўлармиш тахир.
Бизнинг барчамиз шоҳмиз, бизнинг барчамиз фақир!
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.

Вақти-соати билан қул қулдордан, мазлум золимдан, эт устухондан ажрагани каби, Эзгулик ўз ёқасини ёвузлик чангалидан халос этгани унда яққол сезилиб туради.
Шоир шунга урғу беради:

Каттакон йўлга чиқдинг, йўлдошинг бўлай, халқим,
Фарзандингман, қўллайсан, қўлдошинг бўлай, халқим.
Ҳасратинг кўп дилингда, дилдошинг бўлай, халқим,
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.

Дунёнинг бор ҳақиқати шу!

Фозиллар, уламолар, мунажжим ва акобирлар чарх уриб ахтарган ҳикмат-хулоса шу!

Қолган барчаси риё.

Қолган барчаси ҳечдир.

Масъум гўдакнинг бир севинчига арзимайди.

(давоми бор)

Leave a Reply
*