Menu
Categories
Буюк адиб Одил Ёқубов таваллудининг 90 йиллиги олдидан
10/15/2016 Адабиёт

%d0%be%d0%b4%d0%b8%d0%bb-%d0%b0%d0%ba%d0%b0%d0%bc-%d1%91%d1%80%d0%b8-%d0%b1%d0%b8%d0%bb%d0%b0%d0%bd

Бердиёр ЖУМАЕВ

Одил Ёқубов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан

БУЮК ИЖОДКОР, УЛКАН АРБОБ, УЛУҒ ИНСОН!

Бизлар ҳали талабалик вақтларимиздаёқ ўзимиз фуқароси ҳисобланмиш Совет Иттифоқи, дея номланувчи ўта ёпиқ мамлакатнинг энг журъатли ҳамда машҳур матбуот нашрлари – “Литературная газета” билан “Комсомольская правда”ни қизиқиб ўқирдик. Ўша пайтгача Одил Ёқубовни бизларнинг, яъни ёшларнинг севимли ёзувчимиз тариқасида ардоқлаган бўлсак мана шу давр жараёнида эса, “Литературная газета”нинг Ўзбекистон ССР бўйича махсус мухбири бўлиб ишлаган айни инсонни жасур ва иқтидорли журналист сифатидаям кашф айлаганмиз, у кишининг “Литературка”да уюштирган муаллифлик чиқишларини, мақолаларини талашиб-тортишиб мутолаа қилганмиз, муҳокама этганмиз.

Ғойибона тарзда бирмунча илгарироқ замонга кўчганим ҳолатида айтмоқчиман-ки, менимча, Одил Ёқубов “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафтаномасининг бош муҳаррири бўлиб фаолият кўрсатган йилларда, у киши “Литературная газета” билан “Комсомольская правда”нинг илғор журналистик услубларини-ю фаол ижодий анъаналариниям мазкур нашрда муваффақият билан жорий этди ҳамда қўллади. Балки ушбу сабабдан ҳам-ки, Одил ака раҳбарлик қилган йилларда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ўзбек халқининг севимли матбуот нашрига айланди, оммабоп ҳамда ҳаммабоп ахборот воситасига эврилганлиги учун-да, ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирида “ЎзАС”нинг адади бир миллион нусхадан-да ошиб кетди.

Худди ўша оралиқда мазкур таҳририятнинг таркибида фаолият кўрсатган журналистлар тимсолида ва унинг муаллифлари орасида ўнлаб кучли ижодкорлар шаклландилар, кейинчалик эса, улар ўзбек адабиёти ва журналистикасининг олдинги сафларини муносиб равишда тўлдирдилар, атоқли-таниқли қаламкашлар бўлиб етишдилар, шунингдек, қатор масъул ва нуфузли матбуот нашрларининг бош муҳаррирлари бўлдилар.

Яна бир нарса: мен йироқ йиллардан буён Одил ака билан битта умумий жиҳатимиз уйғун эканлигидан ўзимча фахрланиб келганман. Негаки, ўзим ҳам у киши сингари 20 октябрь куни туғилганман, фақат оралиқда 28 йиллик фарқ мавжуд.

Мана шунинг учунми, гарчи бадиий салоҳият, ижодий иқтидор, салмоқдор самара ҳамда серқирралик-пурқамровлик нуқтаи назаридан олганда Одил ака, бамисоли осмонда-ю мен фақир-у ҳақир эса, айни нуқтаи назардан ёндашганда гўёки заминда бўлсам-да, у кишини ўзимга нисбатан анча-мунча яқин олиб юрганман.

Балки, айнан ушбу боисдандир, доимо Одил Ёқубовнинг янги асарлари билан тезроқ танишиш ҳаракатига тушар эдим. Анча муддатлик шахсий таҳлилларим ҳамда хусусий кузатишларим натижасида айтишим мумкин-ки, Одил аканинг ҳар бир қиссаси, ҳар қайси романи босилиб чиқиши биланоқ, ўзбек адабиёти учун ўзига хос адабий-бадиий воқеага айланган, дея ишонч билан таъкидлаш мумкин. Мана шулар қаторига «Муқаддас», «Қанот жуфт бўлади», «Матлуба», «Тилла узук», «Бир фельетон қиссаси»  «Биллур қандиллар», «Эр бошига иш тушса», «Улуғбек хазинаси», «Диёнат», «Кўҳна дунё», «Оқ қушлар, оппоқ қушлар», «Адолат манзили» каби қиссалари ҳамда романларини бемалол қўшиш мумкин. Яхши асарлар эканлиги туфайли, уларни собиқ иттифоқнинг ҳудудсиз кенгликларида миллионлаб мухлислар қизиқиб ўқиганликлари-ю ўқиётганликлари, ҳар қайсиси ўнлаб хорижий тилларга таржима қилинганлигиям бундан яққол далолатдир.

У киши ўзининг серқирра ижодкор эканлигини-да яққол исботлади.«Чин муҳаббат» (1955 йил), «Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди», «Юрак ёнмоғи керак» (1958 йил), «Олма гуллаганда» (1961 йил), «Музаффар Темур» (1996 йил), «Бир кошона сирлари» (2000 йил) каби драматик асарлари, «Дилбарим», «Баҳор ёмғирлари»(1971 йил) киносценарийлари ҳам тегишли даврларининг оғриқларини фош айлаганлиги билан ажралиб туради.

Адабиётда: «Ҳаёт ҳақиқати билан бадиий ҳақиқат ўзаро уйғун ҳамда мутаносиб бўлмоғи даркор» мазмунидаги ёзилмаган қонун амал қилади. Аксарият адабий-бадиий тадқиқотчиларнинг холисанлиллоҳ эътироф этишларига кўра, Одил Ёқубовнинг қиссалари-ю романлари мана шундай муҳим талабларга энг кўп жавоб берадиган ижоднинг ажойиб намуналаридир. Дарҳақиқат, у кишининг қаламига мансуб бўлган қайси асарни мутолаа этсангиз ҳам-ки, унинг ҳар битта саҳифасидан ҳаётий ҳаққониятлар уфуриб, турмуш фожиалари дод-фарёд солиб ҳамда тирикчилик муаммолари очиқ-ошкора бўй кўрсатиб туради.

Барчамизга атрофлича маълумки, ўзбек адабиётида буюк ёзувчилар ҳамда улуғ шоирлар оз эмаслар. Аммо холисона эътироф айлайдиган бўлсак, улар орасида – албатта маълум давр доирасининг қамровида – Одил ака сингари эл-юртининг оғриқларини, халқининг дардларини баралла айтиш, уларни бартараф этишга даъват қилиш борасида дадил ҳамда жасоратли ижодкорни топиш мушкул ва амримаҳолдир.

У кишининг ҳали қудратли ҳамда ҳайбатли совет давлати оёқларида мустаҳкам турган вақтлардаёқ – СССР халқ депутатларининг съездида сўзлаган нутқи оддий одамларни бир томонга қўя турайлик, ҳатто-ки, казо-казолар наздидаям катта қаҳрамонлик намунаси эди. Одил Ёқубовнинг мана шу тарихий чиқиши ўшанда бутун СССР раҳбариятининг, КПСС марказий қўмитаси сиёсий бюросининг диққат-эътиборини Ўзбекистонга қаратганди, Совет Иттифоқидаги сони юздан ортиқ миллатлар намояндаларининг назарларини ўзбек халқининг аянч аҳволига жалб этганди.

Ўша исёнкор маъруза Ўзбекистон ичидаям ижодкорлар, зиёлилар, шунингдек, оддий меҳнаткашларнинг ҳам қизғин маъқуллашларига ва қўллаб-қувватлашларига ҳамда жиддий мунозаралари-ю тортишувларига сабаб бўлганди.

*      *      *

Минг таассуфлар-ки, Одил ака билан шахсан танишиш шарафига муяссар бўла билмаганман. Лекин у кишини турли расмий-норасмий йиғинларда, турфа ижодий учрашувларда кўрганман, учрашганман, оташин-у ошкора фош этувчи нутқларини ҳамда маърузаларини тинглаганман, долзарб публицистик мақолалари мағзини чақиб, улардан улкан маънолар-мазмунлар топганман.

Ижодидан баҳолуқудрат баҳраманд эканлигим, юқоридаги сингари анжуманлар-у издиҳомлардаги дангал ва қизғин ваъзларидан олган таассуротларим натижасида чиқарган хусусий хулосам шу-ки, Одил Ёқубов, нафақат, адабиётда буюк адиб эди, балки сиёсатчиликда-ю жамоатчилик миқёсидаям улкан арбоб эди, шунингдек, ҳаётдаям улуғ инсон эди. Ҳақиқатан-да, ана шундай эканлигини исботловчи ўнлаб мисоллар келтириш мумкин.

Бошқа улуғ шоирларимиз-у буюк ёзувчиларимизнинг шон-шуҳратларига кўланка ташлашни истамаганим ҳолда, яна ушбуни уқтирмоғим даркор-ки, менга қолса, аҳли қалам орасида Одил акадек ўзбек халқининг тақдири учун ўта фидойи, ўзбек миллатининг манфаатлари учун жуда жонкуяр, шу билан биргаликда, холис-у адолатли бошқа шоир ёхуд ёзувчини учрата олмадим. Бу – албатта менинг шахсий фикрим.

Мана шундай вазиятларни эътиборда тутган ҳолда айтиш мумкин-ки, ушбу инсоннинг исми, айнан Одил, дея қўйилганидаям бир илоҳий башорат ёхуд каромат бордек, назаримда.

*      *      *

Мен оддий бир қаламкаш ҳамда китобхон қаторида ўзимча шундай мулоҳазага келганман: Одил аканинг ижодий мероси – ўзбек адабиётининг улкан дарсхонаси-сабоқхонаси саналишга, айнан ҳақдор ҳисобланади! У кишининг асарлари мана шундай мартабага лойиқ ва муносиб эканлиги бисёр бора эътироф этилгандир.

Бутун бошли халқнинг ҳамда миллатнинг адабиёти учун сабоқхона бўларлик даражадаги ижодий мерос ярата билиш эса, ҳар кимнинг-да қўлидан келавермайди. Бундайин шарафга муяссар бўлган камдан-кам аҳли қалам орасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг борлиги адабиётнинг, ўша адабиёт мансуб бўлган халқнинг ҳам-ки, бахтидир!

Одил Ёқуб – буюк ижодкор, улкан арбоб-у улуғ инсон –

Эл-юртининг жонкуяри-ю миллатининг фидойисидир.

Жаҳон ўзбеклари фахрига у айланмишдир аллақачон,

Не-ки инсонийликка дахлдор – барчасининг адойисидир.

 

Одил Ёқубнинг тўқсон ёши – умрининг тағин бир бекати,

Уни ҳали бисёр наслларнинг эъзоз-эҳтироми кутмоқда.

Ижодига таъсир қилолмас йилларнинг бешафқат шиддати,

Ўлмас асарларида яшаб, боқийлик сари юз тутмоқда!

 “Дунё ўзбеклари” учун махсус

 

 

Leave a Reply
*