Menu
Categories
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ! Орипов ҳодисаси: кузатишлар, қайдлар, талқинлар
08/27/2012 Тошкентда шов-шув бўлаётган асар

6.

Шундай қилиб, Абдулла Орипов шеърларини ўқий бошлаганимга ўттиз тўққиз йил бўлди. Шундан буён уни қўлдан қўймайман. Аксарияти ёд бўлиб кетган.

Дастлаб шоир ва унинг шахси сир бўлган. Биз ҳеч нима билган эмасмиз.

“Митти юлдуз”да бир сурати бўлган. Навқирон шоир чапдаст овчи каби ички бир ўктамлик билан зийрак кўз тикиб турибди.

Лекин, олдинда нималар кутаяпти, дўст – ким, душман – ким, буни ўзиям аниқ билмаган.

Ҳар қанча зако бўлмасин, ёшлик ҳавоси, бари бир, сезилади.

Ҳа, яна у 1941 йил туғилгани қайдадир қайд этилган.

Зоти ким? Насл-насаби қандай? Қайси шоирни яхши кўради? “Биринчи муҳаббатим”ни кимга атаб ёзган? Нима бўлган, ўзи? Биров билмайди.

Совет даврида бу ҳақда кўп айтилмас эди.

Яна ўша кезлар Асқад Мухтор “Комсомольская правда”да уни “уриб чиққан”, катта йўлдаям эплаб юра олмайди, деб! Ўтмишни қўмсашда айблаган! Бошқа замон бўлса, уйи куйиб кетар эди!

Ҳақиқатни айтсанг, оқсуякларга ёқмайди! Нима, халқни бўлиб ташламоқчимисан, дейди! Ўдағайлайди!

Ўшанда Ориповни Худо асраган!

Ҳазилакам хуруж эмас эди, у!

Шуни сезибми, муҳиблари шоир ҳақида, шахсий ҳаёти ҳақида билмоқ истарди, лекин маълумот бўлмаган. Бироқ даҳоси ҳамиша дилларда тўлғама ясаган.

Ўша замон ёшларига бир нима бўлган эди, ўзи!

Ҳамон кўз олдимда.

Танаффус пайти.

Бир талаба сабоқ хонасида, бошқа бири чиқаяпти, кимдир кириб келаяпти.

Кўнгли ярим одам дардини хиргойи қилгани каби, улар Ориповни айтади, биров тинглаяптими-йўқми, иши йўқ, ҳар ким ўзича бир шеърни ёд ўқийди.

Пахта терими пайти-ку, шоирга маҳлиёлик чегара билмайди. Кечқурун гулхан ёқиб, унинг атрофини олиб, йигит-қизлар шеър ўқийди.

Улар бошқа биров учун эмас, ўзи учун, юрагини бўшатиб олиш, дардини тўкиб солиш учун сел бўлиб, ёниб-куйиб шеър ўқийди.

Шундай ўқийдики, тавба деб ёқа ушлайсан!

Нима бу?

Шундай бўлиши мумкинми?!

Бўлар экан-да, шунақаси ҳам, бу дунёда!

Бу – замонлар оша йиғилган қат-қат дарднинг-ҳасратнинг тўкиб солиниши!

Азага борган дардини айтиб йиғлаши!

Шунга ўхшаш ҳодиса.

Нима бўлгандаям, қайтиб бундай ҳодисани кўрган-учратган эмасман!

Ўртаниб-отилиб чиқаётган шеърий унлар-садолар сўзлар жилваси билан ақлни шоширар, теран дард-ҳасрат оқимида ногаҳоний фикрлар чақмоқдек чақнаб, юракни ўртар, аъзойи танингни жимирлатиб юборар эди.

Айниқса, “Онажон” маҳзун бир йўқлов каби дийдани ийитиб ўтарди.

Кейин кимдир: “Оҳ, қандай ўлим бу, севги ўлими, Унга на қабр бор, на бир жаноза”, – дея нидо қиларди.

Бу хитобни эшитганда, ким бир сесканиб тушмайди, ким ҳушёр тортмайди.

Биз халқнинг жўн ва оддий сўзлари уйғунлашиб, шу қадар оҳор ва теранлик касб этишини, жонда ўт ёқувчи таъсирга-кучга эга бўлишини шунда англаганмиз, ҳис этганмиз.

Қизғалдоқ баргидек учар дилдан ғам,
Тошқинлар киради қалбимга маним.
Баҳоринг муборак бўлсин ушбу дам,
Менинг Ўзбекистон – дилбар Ватаним.

Фақат сен қалбимга чўктирмай малол,
Чарчаган руҳимга илҳом солурсан.
Баҳор ҳам, умр ҳам ўтар эҳтимол,
Фақат сен дунёда мангу қолурсан.

Қуйма сатрларнинг туғёнли оқими, шоирнинг ўтли-оташли нафаси ҳар бир тирик жонни чулғаб-сеҳрлаб, унинг ҳолига-дунёсига олиб кирар, ҳамма Ориповга айланар ва тун оғушида қорайиб ётган далаларга, кечасиям тиним билмай ғимирлаётган, уловда пахта ташиётган беором кишиларга, ўз қавмига, Ватанига унинг кўзи билан қарар эди…

(давоми бор)

Leave a Reply
*