Menu
Categories
Талант АЛЕКСАНДЕРОВ: УНИНГ ВАЪДАСИ ҲАҚДИР… (Мавзуга қайтиб)
10/31/2016 Бош мақола

%d0%bc%d0%b8%d1%80%d0%be%d0%b4%d0%b8%d0%bb-%d0%b6%d0%b0%d0%bb%d0%be%d0%bb%d0%be%d0%b2

Адлия баъзан айбсизларни хукм қилади,
 аммо Тарих доимо айбдорларни жазолайди.
(Мустафо Камол Отатурк)
Бугун 21 июн куни таниқли ва ўз даврида турли йўналишлардаги эзгу амаллари билан элга донғи кетган тадбиркор Миродил Жалоловнинг таваллуд топган куни, шу куни 51 ёшни қарши оладилар.
Бу санани, қолаверса бу шахсни “айримлар” унутиб юборган бўлса эҳтимол, аммо уни шахс (личность) сифатида биладиганлар унутмаганлари аниқ. Ачинарлиси, у киши ўзларининг 6-чи туғилган кунларини, авахтадами, камерадами, уй қамоғидами, хуллас тутқинликда кутиб олмоқдалар.
Ўтган вақт ичида у кишини махкамага тортилиб, суд қилинганлиги тўғрисида ҳеч қандай аниқ маълумотлар йўқ, бу эса унинг тақдирига тегишли ҳар қандай маълумот давлат сири даражасига кўтарилганидан далолатдир.
Тўғри, халқ орасида унинг тақдири тўғрисида турли миш-мишлар тарқаб туради- кимдир уй қамоғида деса, кимдир “Гвардейский”да дейди, яна кимдир эса унинг суди ёпиқ тарзда ўтказилиб, катта муддатга хукм қилинганлигини ва эндиликда “зонага этап” бўлишини гапиради, яна кимлардир у яқинда чиқиб, бир қурилиш компаниясига асос солмоқчи бўлганлигинии, бундан хабар топган бир чэт эл ширкати унга қарши қарздорлик тўғрисида судга даъво аризаси киритганидан кейин уни яна “ичкарига ёпиб қўйишди” дейди…
Аниқ маълумот ва фактлар эса ханузгача йўқ. Аниғи шуки, 6 йилдан бери унинг тақдири оммага ошкор этилмайди. Қизиқ, Ўзбекистонда деярли ҳеч бир воқеани аҳолидан беркитиб бўлмайди, хатто куч ишлатарлардан чиққан генераллару-зобитлар, хокиму-амалдорлар, вазирлару-акобирлар, сенаторларни, уларнинг яқинларини маҳкамага тортилгани-ю, улар устидан тегишли ҳукмлар ўқилгани тўғрисида деярли аниқ маълумотлар оммага бевосита ёки билвосита ошкор этилади, улар катта-катта, ўта оғир жиноятларни содир этиб, бандиликка маҳкум этиладилар, амнистия акти ёки олий раҳбарнинг авфи туфайли тутқунликдан озод этиладилар, уларнинг баъзилари эса беморликлари сабабли уйларида сўроқ бергани қўйиб юбориладилар, айримларига эса озодликдан махрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо белгиланади, бироқ таниқли тадбиркор ҳеч қўйиб юборилмайди, унга раҳм-шавқат қилинмайди, қисмати эса сирлигича қолиб кетаверади?!
Нимага ундай экан-а, шунчалик мамлакат миқёсидаги жиддий сирларни биладиган одам эдими у, ёки ўта оғир жиноят содир этганмиди, Россиялик Ходорковскийга ўхшаб тож-тахт талашганмиди, ёки мамлакатда инқилоб қилмоқчи бўлганмиди, унинг айби нима эди?! Барчага аён: кейинги кунларда асли ҳарбий бўлган, ҳатто қаҳри қаттиқ деб айтиладиган Россия президенти ҳам ўта оғир ҳарбий жиноятларни содир этган, рус халқини, аскарларини қирган жиноятчиларни бирин кетин кечирмоқда, уларни озод этиб, ўзининг инсонпарварлик қирраларини намоён этмоқда.
Биздаям шундай ўзбек халқига хос инсонпарварлик тамойилидан келиб чиқиб, тадбиркорни озод этишса бўлмасмиди?! Айби амалдорлардан кўра мамлакат раҳбарига яқинлашиб кетганидамиди, бу учун амалдорлар у давлат лавозимига кўтарилса, бизларнинг холимиз нима кечади деб қўрққанларидамиди, ҳасад ўтида ёнганларидамиди ёки айби республикада жаҳон миқёсидаги қурилишларни қалаштириб ташлаганидамиди; ана турибди у қурган бинолар Ўзбекистоннинг юзидаги чиройли хол бўлиб?!
Халқнинг мулкига хиёнат этган, бировни алдаган бўлмаса, маблағларни харом нарсаларга айлантирмаган бўлса, бировнинг бурнини қонатмаган бўлса…Давлат маслаҳатчиси-ю, хокимдан ёки генераллардан ҳам кўпроқ бошқа биз билмаган асос бормикин уни мавҳум холатда ушлаб турилишига?!
Адолат бор бўлса, бу йиллар орасида у аллақачоноқ ЖК ва ЖПК тегишли меъёрларига асосан у ёки бу тарзда озодликка чиқиб кетган бўлар эди-ку. Демак, бу ерда бир катта сир бор, бу сирни эса деярли ҳеч ким билмайди, фақат уни хибсга олишни уюштирган, буни “катта ўйин” даражасига олиб чиққан “сиёсий технологлар” билади, холос, улар хам жудаям тор доирадаги шахслар бўлса эҳтимол, бу борада тишини оқини кўрсатмасликка, яъни бу маълумотни сиздирмаслик ҳақида битимга имзо чеккан бўлишлариям мумкин.
Демак, бу жудаям катта ўйин, бу ўйинга Ўзбекистон миқёсидаги катта иш кўнга тикилган, қартани чийловчилар эса, менимча ўзлари ҳам ўйин нима билан тугашини тахлил эта олмасалар керак, чунки ўйин 6 йилдан бери тугамайди, хали бери тугашиданам дарак йўқ, чиқазворайлик деса, судсиз нимага шунча муддат ушлаб турилганлиги учун жавоб беришлари керак, ушлаб турайлик деса, яна судсиз нега тергов шунча давом этди деб, савол туғилиши мумкин- тегишли хос ташкилотлардан, албатта.
Хуллас ўйинчилар ўзларини боши берк кўчага киритиб қўйишган кўринади. Асосийси бу ўйинда ютувчилар бўлмайди, фақат ютқазувчилар бўлади, амалдорлар ҳам ютқазади, халқ хам ютқазади- деярли ютқазиб бўлди. Натижада эса бир фидойининг 6 йиллик умри тутқинликда завол топди, инсоннинг қадри топталди.
Бундай олиб қаралса, Миродил акани 6 йил судсиз қамоқда ўтирган инсон деб бемалол Гиннеснинг рекордлар китобига киритса бўларди, ўзимизнинг келажак тарихимизга ва қалбларимиздаги “рекордлар китобига-ку” у аллақачон кириб бўлган. Тан олиш керак -мустақил Ўзбекистон тарихида халққа ва Ватанга моддий хам маънавий бойлик қолдирган, турли даражадаги стратегик аҳамиятга эга бўлган объектларни қурган, бунда қўлини ва виждонини булғамаган, мафия билан уйғунлашиб кетмаган, миллионлаб маблағларни ўзига эмас, оддий халққа улашган ягона катта тадбиркор бу Одил акадир ва дадил айтиш мумкинки, бу йўналишда у феномендир, зеро Ватандаги кўзга кўринган катта тадбиркорларнинг ҳеч бири оддий халқни унингчалик кўтармаган ва қўлламаган, унингчалик халққа ва Ватанга меҳнати сингмаган.
Манфаатдор амалдорлар “унуттириш технологиясини” қўллаб, харчанд у кишини номини унуттиришга харакат қилишмасин, уни хеч ким унутмаганига шубха йўқдир, бамисоли русларнинг “Ҳеч ким, ҳеч нарса унутилмаган” ёки “Матонатинг абадийдир…” деган Улуғ Ватан Урушида вафот этганларга бағишланиб айтилган сўзларидай.
Фақат уни шу кўйга солганлар, унга яқин бўла туриб, ичига илондай кириб олиб, сирини “юқорига” етказиб, хиёнат этганлар унинг ҳеч қачон чиқмаслигидан манфаатдор бўлишлари мумкин, зотан бир буюк инсонни жувонмарг этишга этиб, энди унинг, халқнинг кўзига қандай қарай олар эдилар.
Халқимизда буюк маъного эга бўлган “қайтар дунё” деган ибора бор, “дунёнинг қайтишига” эса асрлар давомида инсоният гувоҳ бўлиб турибди. Аммо бизга “дунёнинг қайтишидан” хам Одил аканинг қайтиши муҳимроқдир, биз бировга ёмонлик тиласак, улардан қандай фарқимиз қолади, фақатгина виждонлари озгина қийналса, Одил ака қурган боғча-ю, мактабларда, масжидлару, хиёбонларда, тураржойлару, стадионларда ва бошқа иншоотларда ўзларининг болалари фойдаланганини кўриб: “мен шуларни қурган одамни қаматишда қатнашган эдим, ҳолбуки менинг фарзандларим улардан фойдланаяпти” деб кўзларида озгина азоб ёшлари милтилласа шуни ўзи катта гап, албатта уларнинг қалблари ҳанузгача тош қотиб қолаётган бўлмаса. Аммо барчанинг ўз қилган амалига қараб Яратганнинг ўзи жазосини белгилайди, Унинг ҳукми олдида биз бандалар ожизмиз.
6 йил… Айтишга осон… Шу йиллар орасида у Тангри ўз бандаларига ато этган энг буюк неъматларидан – ота-онасидан, озодлигидан, тинчлик-хотиржамлигидан айрилди, бу орада қанча яхши ишларни амалга оширар эди-я; насиб этмаган экан, пешона экан…
Қайсидир мустақил ОАВ ўз вақтида ёзган эди: “Миродил Жалолов “Лайлат ул-Қадр” кечасида олиб кетилди” – деб, Параврдигорнинг инояти билан мўъжиза юз бериб, шу муқаддас кечада эҳтимол уни озод этишар, ахир яхши ният айб эмас-ку, боз устига айни кезларда муборак Рамазон ойи кунлари бўлса…
Азизлар, Одил акани таниган, билган, нон-тузини еганлар, ундан манфаат кўрганлар, у қурган, таъмирлаган масжидларда ибодат этувчилар ва унинг тақдирига лоқайд бўлмаганлар, келинглар шу муқаддас рўза кунларида Одил акани бир дуо этиб, Яратганга илтижо этайлик: унинг мушкулини осон қилсин, кўрган барча азоб-уқубатларини ортда қолдириб, уни озодликка чиқишни ато этиб, халқимизнинг қалбини хушнуд этсин.
Зора бу дуоларимиз осмонга қадар кўтарилиб, Оллоҳга етиб борса, у киши яна халқнинг, бола-чақаси ва яқинларининг бағрига эсон-омон қайтиб келса, кўрган-кечиргани шу бўлса; зотан кўпчилик қиладиган, қолаверса муқаддас кунлардаги дуолар ижобатдир, бу Оллоҳнинг ваъдасидир, унинг ваъдаси эса ҳақдир
Туғилган кунингиз билан Одил ака, ҳеч сиқилманг – сўнгги йиллардаги аянчли тақдирингиздаям бир ҳикмат бор бўлса, не ажаб…
© Талант Александеров
2016-06-21; 05:21, Тошкент.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

3 шарҳ

  1. Талантбек, офарин Сизга.

  2. Talant Aleksande ijodini anchadan bo`yon kuzatib kelaman. Rahmat!

  3. Талант Александровга минг раҳмат. 6 йилдан бери қамоқда қолаётган ўзбекнинг асл фарзандини шу одамдан бошқа биров эсламапди шу пайтгача. Ҳолбуки Миродилбек қанчадан қанча одамларга беғараз ёрдам берган, чор ночор инсонларга қўл чўзган, моддий кўмаклашган қўли очиқ улуғ зот эди. Энди унинг тақдири нима бўлади? Дунё ўзбеклари бу масалани ўз назоратига олиб, раҳбарларни уйқудан уйғотса яхши бўларди, Исмат ака.

Ижтимоий тармоқларда баҳамлашинг!

Share to Google Buzz
Share to Google Plus
Share to LiveJournal
Share to MyWorld
Share to Odnoklassniki
Leave a Reply
*