Menu
Categories
Муҳаммад Солиҳ: “Ҳеч кимни писанд қилмайдиган такаббур шоирлар эдик…”
11/16/2016 Адабиёт

%d0%bc%d1%83%d2%b3%d0%b0%d0%bc%d0%bc%d0%b0%d0%b4-%d1%81%d0%be%d0%bb%d0%b8%d2%b3-%d0%be%d1%84%d0%b8%d1%81%d0%b8%d0%b4%d0%b0

Суратда: Ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев билан Туркиянинг Истанбул шаҳрида…
Исмат Хушев
(“Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатлар” туркумидан)
Бир суртнинг икки изоҳи
Ёки йигирма олти йил муқаддам олинган расм…
Бундан икки йил муқаддам Прагага борганимда Муҳаммад Солиҳга бир расмни кўрсатиб, уни шарҳлаб беришини илтимос қилдим.
Суратни кўриб, шоир ажиб ҳайратларга ошно бўлганини яширмади.
– Қаердан олдингиз буни, – деди ҳаяжонланиб.
– Сиз билан учрашувимдан хабар топган мухлисларингиз Тошкентдан юборишган эди, – деб жавоб бердим…
“Прага кундаликлари”да ва Қурултойнинг матбуот анжуманида бир оз шаккоклик қилган ҳолатларим бўйича ўз эътирозларини билдираркан, Муҳаммад Солиҳ ўзи ҳам бир пайтлар мендай шаккок ва такаббур бўлганини тан олди.
Ва бутун умр ўз кибри билан “уруш ҳолатида” бўлгани ва ҳозир ҳам шу ҳолатда эканини айтди. (Дарвоқе, бу холатни М.Солихнинг “Президентга мактуб” эссесида хам кўриш мумкин)
Шунда уни бугун такаббурликда айблаётган баъзи кимсаларнинг нақадар ғофил эканини англадим.
Сўнг мавзу айланиб, саксонинчи йилларга, Озод Шарфуддинов билан бирга беш дарвеш Усмон Азимнинг машинасида Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрига бориб, мушоира ўтказиб, тожикистонлик ўзбеклар билан шеърхонлик қилгандаги дилбар хотираларга бориб тақалди:
– 1986 йилнинг куз ойи эди. Озод Шарафиддинов,Рауф Парфи, камина, Иброҳим Ҳаққул, Усмон Азим, Мирзакарим (фамилияси эсимдан кўтарилибди) Ленинободдаги мушоирадан кейин Ўринбой Усмонникида бир кеча ётиб, сўнг уйга қайтаётган пайтимизда олинган расм бу.
Дўстларимиз бизни Ўзбекистон чегарасигача кузатиб келишди. Шунда Рауф Парфи “энди мутлақо ичмайман” деб қасам ичиб, бўшаган ароқ шишасини дафн қилаётган (ерга кўмаётган) пайт акс этган бу суратда…
Қолганлари ленинободлик шоир ва ёзувчилар…
Сурат матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда…
Муҳаммад Солиҳ
Шеър менинг тарбиячим эди. Аммо у таянч нуқтаси эмас эди. Эл қатори, мен ҳам бир таянч нуқтасига муҳтож эдим. Чунки, эл қатори мен ҳам адашганлардан бири эдим.
…Эҳтирос қамчиси остида дир-дир
Титраётган туядай, тушов оёқда,
Юришга мажбурмиз, юрмоққа мажбур,
Билмай, мағриб қайда, машриқ қаёқда.
(“Адашганлар қўшиғи”, 1983)
Бу изтироб худди қадимги юнон файласуфи Пармениднинг изтиробига менгзар эди. Парменид шундай нола қиларди: “Эй, худолар, мен сиздан ҳеч нарса сўрамайман, менга фақат битта Собитлик беринг. Бу тинмай ўзгараётган, ҳар турли рангларда товланаётган беқарорлик денгизида менинг ёпишиб олишим учун бир оғоч – бир барқарорлик, бир собитлик беринг!”, деб ёлворарди шўрлик.
Лекин унинг нолалари беҳуда эди, чунки, у собитликни Оллоҳдан эмас, худолардан сўраётган эди. Парменид политеизм (кўпхудолилик) замоннинг қурбони эди. Аммо ўзи англамаган ҳолда, Оллоҳни, бутун оламларни яратган ягона Оллоҳни – ягона таянчни излаётган эди.
Бундай таянчни совет даврида ўз динидан узоқлаштирилган одамлар ҳам излай бошладилар. Менга ўхшаганлар учун шеър бу изланишда воситачи эди. Шеър изланиш изтиробидан чарчамаслик учун бир танаффус эди. Шеър ташқарисида чексиз, юракни орзиқтириб юборувчи бўшлиқ бор эди.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
"1" Comment
  1. Буюк инсонлар тасвири бор экан суратда. Озод аканинг оёқлари бутун пайти. Солиҳ аканинг сочи ва соқоли қора пайтлари.
    “Мард йигитнинг ваъдасида тутриқ бўлмайди”, деганларидай Рауф ака дафн қилинган шишани ўлгуничада ёнидан айирмади.

Leave a Reply
*