Menu
Categories
Анвар Сайрамий: Сафар таассуротлари. Илк сафар
11/18/2016 Сафар таассуротлари...
page-0002Анвар САЙРАМИЙ.
(Пардабеков)
Сафар таассуротлари
Илк сафар
Гарчи сайру – саёҳатнинг ўзига хос машаққатлари бўлсада, “Саёҳат дилга роҳат” деб халқимиз бежиз айтмаган.
Мен ҳам саёҳатга кўнгил қўйганларданман. Шу боис йўл азобидан кўра унинг тил билан ифода эта олмайдиган жозибали томонларини афзал кўраман.
Даставвал сафаримни она юртим Сайрамдан – Тошкент – Оҳангарон – Наманган – Андижон марширути бўйлаб, кажавали “Урал” мотоциклда бошлаганимда, баъзи кишилар бунга ишонишмади. “Енгил машина ва автобуслар турганда бунга бало борми”, дегувчилар ҳам топилди.
Дарвоқе, биринчи сафаримнинг қийинчиликларидан бири шу бўлдики, айни Фарғона вилоятида комендантлик соатининг жорий этилгани, яъни 1989 йилнинг ёз ойларига тўғри келди. Олмалиқ трассасидан Оҳангаронга бурилиш чорраҳасидаёқ “Камичик” довонининг берклиги, ГАИ ходимларининг айтишича алоҳида рухсатнома зарурлиги маълум бўлди. Шу ерда матбуот билан алоқадорлигим сабабли, ишим ўнгидан келди. Ҳарбийлар ва милиция ходимларидан тегишли ҳужжатни қўлга киритгач, йўлимда яна давом этдим.
Ҳув олисдаги Ангрен кони кўзга яққол ташланиб туради. Поезд составлари, қудратли экскаваторлар бамисоли девор ёнлари узра ҳаракат қилаётгандай гўё.
Аҳён – аҳёнда ГАИ пунктлари учрайди, у ерда танклар, қуролланган аскарлар ва милиционерлар атрофни назорат қилиб туришарди. Менинг буткул фикру – ҳаёлимни табиат манзаралари, осмонўпар тоғлару, ойнамисол Ангрен сув омбори чулғаб олганди.
Тушлик кўнгилдагидек бўлмаганлиги сабабли, эътиборимни йўл чеккасидаги кафе ўзига тортди. Кечки овқатланиш ва тунаш жойимга айланган бу ер дарё ёнгинасига жойлашган бўлиб, тоғнинг мусаффо ҳавосию, серфайз манзаралари билан ўзгача эди. Асли Ангрендан бўлган икки ошпаз йигитларнинг гурунгини тинглаб ётиб пинакка кетдим. Тонг саҳар йўлга тушганимда атроф ҳали қоронғу, сув шабадаси этни жунжиктирарди. Сал ўтмай узунлиги 50 чақирим чамаси келадиган баҳайбат довон бошланди. Эҳтиёткорликни ошириб рулга маҳкамроқ ёпишиб оламан. Ҳаётимда илк бор ўтаётганлигим сабабли ҳам ваҳимали, ҳам қизиқарли бўлган бу манзараларни кўриб завқланаман. Ҳа, “Худонинг жамолини кўрмак истасанг, тоққа чиқ” деб бежиз айтишмаган эканда!”
Қамчиқ довонидан кўтарилиш ўта машаққатли кечди. Боиси аксари жойларга тўсиқлар қўйилганлиги ва яна баъзи жойларга “Белаз”машинасида келтириб тупроқ тўкиб асфальт йўлни мутлақо кўмиб ташлаганидир. Гумбаз тупроқни бир тарафини оёғим билан тепкилаб қотирган бўламан, сўнгра эса мотоциклим билан бир оз узоқликдан тезликни оширганча келиб гумбаз устига чиқишим биланоқ ҳам оёқда – ҳам қўлда ричагларни босиб тормоз бераман. Сабаби гумбаз тупроқ шундай жойни танлаб тўкилганки умуман айланиб ўтиш мумкин эмас, ҳамда ўта ҳавфли. Бир томони тоғ қояси бўлса, иккинчи тарафи жарликдан иборат. Яратганга минг қатла шукурки, ўз вақтида тўхтаб улгуришга ҳам тупроқ ҳам вахтида берилган тормозлар машаққатли шароитларда жонимга оро беради. Йўқса, улгуриб қолмасанг жарлик узра тушиб кетишинг ҳеч гапмас…
Хуллас тоғнинг тепалигидан ошиб ўтиб эндигина Поп туманига етиб улгурмасданоқ (пистирмадан) тоғлар орасидан бир тўп қуролланган аскарлар чиқиб каминани тўхтатиб ўраб олдилар. Улардан бири “Қаёққа, нима учун, хужжатларингиз” – деганча саволлар ёғдирди.
Гарчи қоғозларни бирқатор кўздан кечириб қониқиш ҳосил қилган бўлсада, “Акахон” – деди каминага юзланиб – орқага қайтсангиз яхши бўларди, бу тарафлар хозирча бирмунча нотинч бўлиб турибдида. Сизни “пешонангизга” тинчлик элчиси деб ёзиб қўйилмаганку. Кутилмаганда бир жойдан жосуслар чиқиб қолсачи? Унда холингиз не кечади!
Оллохнинг ўзи асрасин! – дейман гапларига жавобан. Асло изимга қайтгум йўқ. Қайтмайман ҳам.
Шу орада яна бир аскар йигит, “ Шоир экансиз, Омон Матжонни танийсизми?” – деб қолди.
Ҳа – дейман унинг сўзига жавобан “Нафақат танийман, у киши бирнеча шоирлар билан қишлоғимизга, янаям аниқроғи бизнинг уйимизга ташриф буюрганда учинчи фарзандим Иброхимни ховлидан кўтарганча уйга олиб кирганлар.
Э – хе! – бўлди, бўлди, акахон сизга оқ йўл. – деганларича аскарлар мени кузатиб қолишдилар.
Қўқон тарафга йўловчиларнинг ўтмаётганлиги сабабли Чуст, Наманган ва Андижон орқали Ўш йўлидаги Сулаймон тоққа қараб йўл олдим. Тушлик йўл ёқасидаги ўрикзорда, ёзги татилни меҳнатда ўтказаётган ёш болалар билан бирга бўлди. Улар икки тилда – тожик ва ўзбек тилларида сўзлашар, ўзлари қизиққан саволлар билан гапга тутишарди.
Чустий ва Машраб яшаб ўтган жойларни қисман зиёрат қилдим ва Норин дарёсининг саёз жойида ювиниб, хордиқ чиқариб олгач, Сулаймон тоғида жойлашган Бобур қурдирган ҳужрани кўзлаб йўлимда давом этдим…
Кўзлаган манзилимга етиб борганимда кун анча кеч бўлиб, қоронғилашиб қолган эди. Уйга қайтиш деярли осон бўлди. Йўллар таниш, ГАИ ходимлари эса “Ҳа шоир йигит, қайтдиларми?” деб беғубор кулиб қўйишарди, холос…
Навбатдаги Бухоро томон бўлган сафаримнинг тезлашишига қўшнимиз Мираҳмад ва Нурхонларнинг илк сафаримга шубҳа билан қарашлари сабаб бўлди. Йўқ мен уларга нисбатан бирон нарса дея олмайман, чунки ўз фарзандларим ҳам эҳтиёт шарт сифатида бўлса керак, мотоциклнинг умумий километр – сонини деворга ўйиб ёзиб қўйишди.
Йўл тараддудини ҳозирлаб қўйиб, кечаси билан деярли ухлай олмадим ва соат бешлар чамаси йўлга чиқиб кетдим. Эрталабки нонуштани Жиззахда соат ўн яримларда Шоҳизинда ва Улуғбек расадхонасини зиёрат этгач, кечки таомни эса Бибихоним мадрасаси, Гўр Амир ва яна Регистон ансамблини зиёрат этиб бўлгач, сўраб суриштириб, Бухоро трассасига чиқиб олгандан кейин йўл чеккасидаги кабобхоналарнинг бирида ўтказдим. Тун ичи йўлда юриш анча қийинлашди. Ленин номли колхоз қоровули билан бироз суҳбатлашиб, мотоциклга тин бергач, юришда давом этдим. Бухорога кириб борганимда соат 7 га яқинлашиб қолганди. Битта қовун ва янги узилган тандир кулча билан тамадди қилган бўлиб, зиёратни бошлаб юбордим.
Инсон ақлини лол қолдирувчи кўҳна обидалару, баланд – баланд миноралари киши диққатини ўзига тортади.
Бир рус йигитининг ёрдамида марказий обида – Аркка етиб борганимда, у ҳали соат тўққиз бўлмаганлиги сабабли берк эди. Вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида шу ерга яқин жойлашган зиндонни томоша қилдим.
Арк ичкарисини бироз айландим. У гражданлар уруши даврида деярли вайрон этилган экан. Таъмирлаш ишлари кетаяпти, лекин жуда суст. Арк қошида туриб техникам билан эсдалик учун расмга тушдим.
Соат ўн иккилар чамаси изимга қайтдим. Зарафшон қирғоғида ювиниб, ҳордиқ чиқариб олгач яна йўлда давом этаман. Ярим кечада Жиззах яқинидаги йўл чеккасида жойлашган ошхона эгасининг чорпоясида бир оз дастурхон ёзилиб, чой – нон атрофида суҳбатлашиб олгач, яна йўлга чоғланаман. Тошкентга ҳали анча борлиги, ўзлари каби ўша ерда тунаб қолишни маслаҳат берган йўловчиларга эса ўз миннатдорчилигимни айтиб, мотоциклимни уйга томон ҳайдадим. Тошкентда эрта саҳар ёнилғи қуйиб олгач, она юртим – Сайрамга томон йўл оламан.
Шу тариқа икки суткаю, уч соатлар чамаси деярли бетиним 1476 чақирим йўл босиб, уйга етиб келганимда, қўшни аёллар эндигина сигир ва бузоқларини подага қўшиб, бир – бирлари билан суҳбатлашиб туришардилар.
Қизиқувчи фарзандларим қанча чақирим йўл юрганимни аниқлашга ошиқар, рафиқам эса уйқудан толиққан, чанг – тўзон, шамол ва тинимсиз йўлга термулишдан қип – қизил бўлиб кетган кўзларим, шишган қовоқларим, аянчли аҳволимга ачиниб боқар, лаблари аста – секин пирпираб киприкларидан дона – дона кўз ёшлари ёноғига томчиларди. Қаёқдандир пайдо бўлиб қолган Мираҳмад ва Нурхонлар бу гал ишонч ҳосил қилганликларидан узрнамо ҳол – аҳвол сўрашарди. Мен эсам юксак чўққини забт этган альпинистлардек, улар қошида мағрур туриб, келгуси сафарим – Сайрам – Хива маршрути ҳақида ҳаёлан режа туза бошладим.
Leave a Reply
*