Menu
Categories
Шоир Муҳаммад Исмоил ва журналист Рўзибой Азимий суҳбати
11/30/2016 Адабиёт

08

Севги мавзусида энди ёзмайман…

Шоир Муҳаммад Исмоил ва журналист Рўзибой Азимий суҳбати

–Ассалому алайкум!
Кейинги пайтларда шеъриятимизда бир қаторлик, икки қаторлик, ёинки уч қаторлик шеърлар пайдо бўлди. Бу нима, ғарбга тақлидми ё қисқалик давр талабими? Яқинда сизнинг “Гапнинг қисқаси яхши” номли китобингиз нашрдан чиқди.
–Бу Ғарбга тақлид эмас. Бир қаторлик, икки қаторлик, уч қаторлик, бирлик, иккилик, учлик, тўртлик, бешлик, олтилик, еттилик , саккизлик, тўққизлик, ўнлик, ўн бирлик, ўн иккилик, хуллас турли шаклдаги шеърлар Навоий даври шеъриятида бор эди ва у хазина бизга мерос қолган. Улар бизга Ғарбдан келган дейиш хато. Бундай шаклдаги шеърларнинг ватани Шарқ. Уларнинг ҳаммаси ҳозирги адабий ўзбек тилимизда ёзилган. Шеърият ғазнамизни ахтарсак ҳаммасини топамиз.
Қисқалик давр талаби дедингиз, бу ҳам тўғри, лекин юзаки қараганда тўғри, чунки қисқа шеър ёзиш узун шеър ёзишдан қийин. Фикрни жамлашга вақт кўп кетади. Мен одатда битта китобимни икки йилда ёзаман. “Гапнинг қисқаси яхши” китобимни эса йигирма йил ёздим. Яхши асар ёзиш, адабиётдаги ягона ўлчов бўлиши керак. Ўқувчи учун асарнинг катта кичиклигидан кўра, яхши ёзилганлиги муҳим. Бир қаторлик шеър ёзасизми, марҳамат, ўн қаторлик шеър ёзасизми, марҳамат, фақат яхши асар ёзинг. Роман ёзасизми, ҳикоя ёзасизми, марҳамат, фақат ёмон ёзманг. Ёмон роман ўқигандан, яхши ҳикоя ўқиш яхшироқ. Тутуриқсиз шеърий драма ёзгандан, маънили тўртлик ёзган афзал.

–Шакл руҳдан келиб чиқмайдими? Ғарбдаги адабий оқимларга, адабий доираларга қандай қарайсиз?

–Бир пайтлар “санъат санъат учун” деган гаплар бор эди. Адабиётга янги шакллар олиб кирамиз, янгилик яратамиз, жаҳон адабиётини ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшамиз деб, елиб-югуриб юрардик. Ғарбга тақлид қилсак, адабиётшуносларимиз, фалончи адабиётимизда янгилик қилди, дея номимизни мақолаларига тиркарди. Кейин ўйлаб қарасам, бу мақтовлар ҳаммаси пуч гаплар экан. Адабиёт халқ учун бўлиши, халққа тушунарли, халқнинг юрагига яқин, халқнинг кўнглидаги асарни ёзиши керак, экан. Ўзбек халқи ҳеч қачон Европа халқига айланмайди, европача фикрламайди, европача яшамайди. Бизнинг халқимиз минг йиллик халқ, унинг ўз яшаш тарзи, ўз урф-одати, ўз маданияти бор ва минг йилдан кейин ҳам у ўз маданияти, ўз маънавияти билан яшайверади. Мақсад адабиётга, адабий доираларга хизмат қилиш эмас, халққа, минг йиллардан буён ўзанини ўзгартирмай келаётган элга хизмат қилишдир. Мен ҳозир Толстойдан, Жойсдан, Кафкадан кўра кўпроқ, Қодирийни, Ғаззолийни, Бухорийни ўқийман. Шу менга етарли. Адабиётшуносларимиз совет тузумидан қолган ақида бўйича ижод қилаётган, Ғарбга , Лотин Америкасига тақлид қилиб, ўшаларни этагини ўпиб юрган, ўзлигини унутган, бир гала шаввозларни кўтар-кўтар қилиб юрибди. Ўзбек халқининг ўзаги Қуръондир. Унинг маданияти ҳам, маънавияти ҳам, урф-одати ҳам, қалби ҳам, дунёқараши ҳам, тафаккури ҳам шу ўзак атрофида айланади. Халқ Қуръондан маҳрум қилинган йилларда ҳам бир сония бўлсин бу ўзак атрофида айланишдан тўхтагани йўқ. Агар бу ўзак бўлмаганда биз ҳозир бошқа халққа айланиб кетган бўлар эдик. Мен бахтни ҳам, адабиётга хизмат қилишни ҳам, ҳаётимнинг мазмунини ҳам шу ўзакка хизмат қилишда деб биламан.
Тўғри, ҳали яхши асар ёзмагандирман, ҳали элимизнинг кўнглидан жой ололмагандирман, лекин умримни охиригача, сўнгги нафасимгача шу элга ёқадиган шеър ёзишга, асар ёзишга, шу одамларнинг кўнглини олишга, ислом ақидаси билан кун кечиришга ҳаракат қиламан. Бу менинг эътиқодим, танлаган йўлим.
— Нима деб ўйлайсиз, Ғарб адибига, Ғарб мутафаккирига тақлид қилиш осонми, Шарқ адибига, Шарқ мутафаккирига тақлид қилиш, эргашиш, ўрганиш, уларнинг изидан бориш осонми?

— Ғарб адиби, мутафаккирига тақлид қилиш осон. Улар чиққан чўққига чиқиш мумкин. Аммо Шарқ донишмандлари эришган ютуққа эришиш жуда қийин, ниҳоятда мушкул, бугунги кунда ҳатто мумкин эмас даражада. Ғарб ёзувчиси бўлиш учун туну кун заҳмат чекиб ижод қилиш кифоя. Шарқ ёзувчиси бўлиш учун нафақат ижод қилиш, балки ўз ҳаётингни шу йўлга бағишлаш, айтганингга ўзинг амал қилишинг, айтганингдай ўзинг бўлишинг керак. Шарқ улуғларининг, шоирларининг ҳаммаси Қуръони каримни ёд билишган. Алишер Навоий ҳам ўн тўрт ёшида Ҳофизи Қуръон бўлган. Қуръон асосида яшаган, Қуръон асосида ижод қилган. Ҳар бир сўзни Қуръон тарозусида ўлчаб дунёга тақдим этган. Қуръонни тафсиф этган, изоҳлаган, Қуръон ҳикматини дунёга ёйган. Шарқ донишмандига эргашиш учун, уларни ўрганиш учун, улардай ижод қилиш учун аввало Ҳофизи Қуръон бўлиш керак, чуқур билим керак, исломий эътиқодга эга бўлиш керак. Кўрдингизми, Шарқ алломалари этагини тутиш учун ижодкор олдида қандай юксак тоғ турибди? Аммо бу тоғни чўққисига чиқиш нафақат ҳар бир ижодкорнинг, ҳар бир инсоннинг, ҳар бир мусулмон бандасининг ҳам олдидаги шарафли вазифа. Бу юксак шарафли вазифани бажариш олий бурчимиз, бахтга, саодатга элтувчи йўлимиздир. Мен Марксни, Энгельсни, Ленинни том-том китобларини ўқиб сарфлаган вақтимга ачинаман.

-Сизни ижодий учрашувларда кўп кўраман. Китобхонларингиз билан тез-тез мулоқот қилиб туришингизнинг боиси нима?

–Ёзувчи ҳамиша давр руҳини, замон талабини билиб туриши керак. Одамлар қайси тарафга ўзгараяпти, одамларга қандай сўз керак, одамларнинг кўнглига қайси сўз ёқади, шуларни билиш учун учрашувларда кўп бўламан. Одамлар билан ҳамфикр, ҳамнафасман. Китобларимнинг ҳаммасида телефон номерим, электрон почтам, шахсий веб сайтим кўрсатилган. Телефоним йигирма тўрт соат ёниқ туради. Улар мақтаса хурсанд бўламан, хатоимни айтса тўғирлайман, танқид қилишса буни ҳақорат деб тушунмайман, бу камчиликларни кейинги асарларимда такрорламасликка ҳаракат қиламан. Худди қадрдон дўстим билан мириқиб суҳбатлашгандай адабиёт ихлосмандлари билан юзма-юз мулоқотни яхши кўраман. Чунки менинг китобим –бу менинг юрагим. Мен юрагимни китоб ҳолатида тақдим этаман. Қўлида юрагимни ушлаб турган одам мен учун энг азиз инсондир. У юрагимни ардоқласа, туйғуларимни ардоқласа, изтиробларимни эъзозласа, мен ардоқлаган ақидаларни ардоқласа, мен азиз деб билган эътиқодларни бошига кўтарса, кўзимнинг қароғидаги , юрагимнинг ардоғидаги муқаддас асрорларни эҳтиром қилса нега ундай китобхонни улуғламай ? Китобхон менга сирдош дўст, самимий суҳбатдош бўлишни истаса-ю нега мен унга пешвоз чиқмай, қалбимни очмай, дўстига айланмай? Кўнглим акс этмаган бирорта асарим йўқ. Ҳар бир асаримда қалбим озми-кўпми акс этган. Мен адабиётда кимдан олдин, кимдан кейин туришимни жуда яхши биланман. Баъзилар ҳавасимни келтириши мумкин, аммо замондошларимдан ҳеч ким ҳасадимни келтиролмайди. Ҳасад қилсам Навоийга ҳасад қилишим мумкин, Бобурга ҳасад қилишим мумкин.
– Ўзингизни сермаҳсул ижодкор деб ўйлайсизми?

– –Унчалик эмас. Дунёда энг кам ёзадиган шоир мен бўлсам керак. Ҳар олти ойда ўн кун ижод қиламан. Жуда ишёқмас ижодкорлардан бириман. Аммо олти ой ўқиб ўрганаман, фикрларимни, дунёқарашимни бойитиб боришга ҳаракат қиламан. Бугунги кунда жуда юксак савияли китоблар чоп этилмоқда. Мустамлака йилларида бу китобларни ҳар бирини, кимдир олиб келиб, шуни ўқийсан-у кейин жонингни берасан деса хўп дердим.
– –Бу китоблар қайси китоблар?

– –Қуръони шариф, Имом Бухорий, Имом Термизий, Хожа Аҳрор Валий, Жалолиддин Румий, Имом Аъзам, Яссавий, Мотурудий китоблари. Буларнинг ҳар бирини ўқиш энг олий саодат. Бу асарлар билан ўзини маънавий бойитмаган ижодкорлар – энг арзон, қиммати паст ижодкорлардир.
– –Менга айниқса, севги ҳақидаги шеърларингиз кўпроқ ёқади!

– –Энди севги мавзусида ёзмасам керак. Ёзсам, фақат турмуш ўртоғимга атаб ёзишим мумкин. Ватанга, элу-юртга муҳаббат мавзусида ёзишим мумкин. Онамга, яқин –инсонларимга, замондошларимга, Яратган эгамга бўлган муҳаббат ҳақида ёзишим мумкин. Шу севгилар умримнинг охиригача етади.
– – Шеърият шинавандаларига кўнгил истакларингизни изҳор қилсангиз !

– –Ҳар бир инсон, ҳар бир халқ, ҳар бир давлат учун Мустақиллик, Эрк, Озодлик, ўзлигига қайтиш байрамидан улуғроқ байрам йўқ. Халқимизнинг бошига маъсуд кунларни, муборак ойларни, шарафли йилларни ёғдиргани учун Худога минг-минг шукроналар айтишимиз, саждалар қилишимиз керак. Одамзод ҳар бир яшаган кунига шукрона келтириши керак. Борлигимизни, яшаётганлигимизни ўзи бахт! Кичкина қайғудан катта мусибат ясаш ҳам, кичкина қувончдан катта шодиёна ясаш ҳам ўз қўлимизда. Инсон, мени ризқим, фалончининг қўлида эмас, Худонинг қўлида дея ўйлай бошлаган заҳотиёқ,ўзини дунё ташвишларидан юксакроқда сезади, ва кўнглига ҳузур-ҳаловат туйғулари ёғила бошлайди. Инсон шодликни изласа, унинг қаршисидан шодлик чиқади, битта шодлик бошқа шодликни етаклаб келади, инсон мусибатга чўкса, ундан қочишни истамаса, унинг ёнига бошқа ғам ғусса лашкари йиғилиб келаверади.

Халқимиз ҳурмат эҳтиромга, эъзозга муносиб халқ. Ҳар қанча сийласангиз, улуғласангиз арзийди. Мен бу эл билан фахрланаман. Халқимиз энг бахтли, саодатли халқ бўлишга муносиб. Дунёдаги барча бахт-саодат халқимизга бўлсин! Ижодкорларимиз дунё адабиётининг энг нодир асарларига тенг асарларни халқимизга тақдим этишдан толмасин, замондошларимизни Алпомишни таърифлагандай, Ҳазрати Алини таърифлагандай, Жалолиддин Мангубердини, Барчинойни, Тўмарисни таърифлагандай мадҳ этиб юриш бахти ҳаммамизга насиб этсин! Ҳали жуда кўп яхши асарларга қарздормиз. Яхши кунларнинг фуқароси бўлайлик!

Leave a Reply
*