Menu
Categories
Малоҳат Эшонқулова: Тошкент ошхоналаридаги даҳшатли фожеалар ҳақида -3
12/02/2016 Бош мақола
%d0%bc%d0%b0%d0%bb%d0%be%d1%85%d0%b0%d1%82-%d1%88%d1%83-%d2%9b%d0%b8%d0%b7ТОШКНЕТДАГИ “ЛАЗЗАТ МАКОН” РЕСТОРАНЛАРИ(НЕГА “ЛАРИ”? НЕГАКИ, ПОЙТАХТДА “ЛАЗЗАТ МАКОН”ЛАР СОНИ2-3 ТА-ДА)НИНГ АСЛ  СОҲИБИ РОССИЯДА ЯШОВЧИ  БИР ЎЗБЕК БОЙВАЧЧА ЭКАН,  РАҲМАТУЛЛО ШУНЧАКИ ИЖРОЧИ ДИРЕКТОР БЎЛИБ ЧИҚДИ…
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА:РОССИЯДА ЯШОВЧИ РЕСТОРАН ХЎЖАЙИНИ ОДАМЛАРНИНГ ФОЖИАСИДАН ФОЙДАЛАНИБ БОЙИБ ҚОЛИШ ПАЙИДА….
Ёхуд ЎЗБЕКИСТОНДА ҚОРА ИШЧИНИНГ БИР КУНИ ҚАНДАЙ КЕЧАДИ?
(Пойтахтнинг “Лаззат макон” ресторанида нима сабабдан (ишчиларни таҳқирлашганлиги сабалими, ҳақларига хиёнат қилганликлари учунми, меҳнатларини муносиб баҳоламаганликлари учунми ва ё нафс балоси туфайлими…) қотиллик содир бўлганини билмайману, бироқ мамлакатимиздаги оддий одамларнинг бир кунлик азобларини, кўргулик – қисматини ўзим кўрган-кечирганларим мисолида ҳеч бир лофсиз, муболағасиз изоҳлашга ҳаракат қиламан)
Очиғи, 50 ёшга довур нонимни “нана” деб юрган эканман…..
Журналистларнинг иши оғир деб ҳисоблардим.
Фаррошларнинг, офитсантларнинг, “посудамойка” ишчиларининг ишлари бу қадар мушкуллигини тасаввур ҳам қилиб кўрмагандим….
Пойтахтнинг “Лаззат макон”ресторанида иш кунини ҳар куни 10.30 да, толиқиб кетган кунларимиз, 10.45.да ва ё 11.00 да бошлаймиз…
Хўрандаларнинг “завтрк”ларидан чиққан чойнак-пиёла, ликопчалар ҳали соат 11.00 бўлмасдан “тоғ” бўлиб кетади.
“Обед” ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлаверади:дахшат. Қўлингиз-қўлингизга тегмайди.
Эҳтимол, ишонмассиз, бир хонада, яъни иккинчи қаватнинг “посудамойка”сида уч хола-жиян эрталаб соат 10.30 дан то 16.00 га қадар раквинадан бош кўтармай ишлаймиз.
Э, йўқ, бироз адашдим, эратлаб келишимиз биланоқ  эмас. Негаки, эраталб ишга келишимиз билан эшик олдида бизни “Лаззат макон”  директори Раҳматулло аканинг оталари “дода” кутиб оладилар: “Қани, қизлар, орқа ҳовлини би-ииир “ялаб” чиқингларчи? Топ-тоза, ўзбекона иш бўлсин” дейдилар мулойим қилиб. Бунингдек мулойим муомиладан БИЗНИНГ АСЛ ВАЗИФАМИЗ “ФАРРОШ”ЛИК ЭМАС, “ПОСУДАМОЙЧИК” эканлигини ҳам УНУТИБ, РУҲЛАНИБ КЕТАМИЗ. Мана шунингдек руҳланган ҳар бир кунимизда, соат 10.30 ларда икки жияним, гоҳи кунлари менинг ўзим, хуллас, икки киши бўлиб орқа ҳовлини, яъни “яма” ва “мусор” – чиқинди –ахлатлар, “памой”лар ташланадиган ҳайҳотдек майдонни “чип-чиннидек” қилишга тушиб кетамиз: Супирамиз, сигарет қолдиқларини, “салфетка”-қоғозларни тергилаймиз, тунги ўғири мушук титкилаб тўкиб – сочиб расво қилиб кетган суякларни, сабзавот пўчоқларини йиғиштирамиз…  Ана ундан кейингина “мусор” – чиқинди ва “помой” солинадиган ҳар бирининг ҳажми 50 клограммлик келадиган иккита ка-ааттако-оон идишларимизни “ялаб-юлқаб” ишхонамизга киритиб кетамиз…. Иккитамиз орқа ҳовли билан андармон бўлган бундай кезларда  биримиз эса, “посудамойка”га йиғилиб қолган идиш-товоқ, чойнак-пиёлаларни “тинчитиш” билан машғул бўламиз.  Соат ҳар кунги роппа-роса соат 11.00 да ҳақиқий “фронт” бошланади!: Нақд беш  соат терлаб-пишиб “посуда” ювамиз. Бош кўтариш йўқ, ўтириш йўқ, тин олиш йўқ. Лофсиз айтаман, мабодо, бунингдек идиш-товоқ ювиш фронтида бизнинг – одамларнинг – қишлоқ аёлларининг ўрнида ҳорижликлар ихтиро қилган темир робортлар бўлганидами, аллақачонлар дош бера олмадсан,замекайне” бериб, “тўкилиб” қоларди, рости, ишонинг: 5 соат тик оёқда, қўлингиз сувда. Оғир чинни ликопчаларни ювасиз, жойига олиб бориб терасиз, ювасиз, терасиз…. Бўшаб қолаверади, яна тераверасиз, офитсантлар олиб кетаверишади, яна юваверасиз, офитсантлар эса овқатюқи идиш-товоқларни пешонингизга уйиб кетаверишади…. яна юваверасиз…. Яна, яна ва яна…. Гуё ҳечам адоғи йўқдек, бўломайдигандек… Охири кўринай демайди…. Идиш-товоқ деганлари битта-битталаб, иккита-иккиталаб келмайди. “Посуда”лар ёмғири ёғади гуё! “Ё тавба! Одамларда уй, бошпана, рўзғор, ош қайнатадиган қозон йўқми?! Уйларида овқатланишса томоқларидан ўтмай қоладими дейман?!” деб юборасан киши гоҳида, азборойи чарчаганингдан. Бу сизга ёлғон, аммо афитсант қизларга, йигитларга, кузатув камераларига чин. Ҳеч бир лофсиз, ҳеч бир муболағасиз шундай….Ташқарида қор, ташқарида аёз. Бироқ қўлингиз мудом қайноқ сувда (илиқ бўлса идишлардаги ёғ юқи кетмай қолади) бўлганлиги учунми, аъзои баданингиздан шунақнаги тер оқадики, орқа елкамдаги икки курагим ортидан оққан тер то товонимга қадар сизади. Оёқлар терлаб-пишади, оқибатда пойабзалингиз тердан намиқиб кетади…. Бироз ўтгач тердан жиққа хўл бўлган уст-бошингиз баданингизга, нам пайпоқларингиз оёқларингизга  муздеккина бўлиб “ёпишади”, ана ундан кейин қайноқ сув ва  тинимсиз ҳаракатдан қизиган танангиз музлай бошлайди. Совуққотасиз….Этларингиз жунжикиб кетади…  Бир кунда камида икки бор уст-бош, пайпоқ ва оёқ кийим алмаштиришга тўғри келади….
Соат 16.00 лардагина хўрандалар сони сийраклашади…. Шундагина   “тушлик” қилишга қўл тегади.  Уч “посудамойчик” алмашиб, 10 дақиқадан, ярим соатда тушлик қилиб оламизу, яна ишга шунғиймиз…. Кеч, соат 17.00 ларга бориб хўрандалар оқими яна қуюқлашади. Шу билан бу ёғи то тунги соат 24.00 ларгача ке-еетди! Яна 5-6 соат давомида узлуксиз равишда раквинадан бош кўтариш йўқ. Хўрандалар сероб бўлса, севинамиз. Негаки, “клент” кўп булса, иш ҳақимиз нася бўлмаслигини, ҳафталик  маошимизни  бўлиб-бўлиб эмас, “оптом” беришларини яхши  биламиз-да….
Худо зиёда қилсин, хўрандалар жуда мўл…. Қўл-қўлга тегмайди…..Лекин сираям оғринмаймиз…. Фақат…
Фақат… Офитсант Сирож (жиззахлик) “Бугун кечга тўртта чойхонам бор” деб терисига сиғмасдан тантанавор эълон қилса, таъбимиз хира тортади.
Негаки,  учинчи қават “Чойхона” дейилади. Учинчи қаватда  “посудамойка” йўқлиги сабабли,  чойхонадан чиқан идиш-товоқларни ювиб-тарашдек юмуш ҳам иккинчи қаватдаги “посудамойчик”ларнинг – бизнинг  зиммасига тушади.
Аксига олиб, учинчи  қаватдаги бу чойхона ҳам  тиним билмай демайди. Ҳар куни йўқ деганда учтадан чойхона бор. Ҳар чойхонада камида  25 тадан хўранда ҳозир бўлади. Гоҳида биргина “чойхона”га буюртма берган одамлар сони 100 нафардан ошиб кетади…
Гарчи ресторан расман тунги соат 22.00 да (зал чироқлари ўчирилади) ёпилса-да, учинчи қаватдаги  – Чойхонадаги хўрандалар  соат то 23.00 гача ўтиришади, гоҳида эса 24.00 бўлмагунга қадар “Турайлик, уйга қайтайлик” дейишмайди.
“Чойхона”даги мижозлардан тушган идиш-товоқларни ювиб-тараб, саранжом-саришта қилганингда соат миллари тунги 1.00 ни, гоҳида, (хўрандалардан чиққан идиш-товоқлар сонига қараб) 2.00ни кўрсатиб турган бўлади.
Ана шундан кейин ҳам “Хайрият-эй!” демайсан, енгил тин ололмайсан! Негаки, офитсант Сирож учинчи қаватдаги чойхонанинг дастурхонлари ва қўл сочиқларини келтиради: “Опалар, буни ювиш керак, эртагача қуриши шарт. Эртага тушликда иккита чойхонам бор!” дейди, тайин-тайин қилади.
Ана ундан кейин учинчи қаватдаги чойхонанинг дастурхон ва қўл сочиқларни ювишга тушиб кетасиз. Буни қаерда ювасиз: айнан идиш-твоқ, чойнак-пиёла, қошиқ-санчқич ювишга мўлжалланган раквинада кир ювасиз… Аммо бу узундан-узун дастурхонларни илишга жой тополмай ҳалак бўласиз: Ресторан қураётганларида айнан мана шу жиҳатини ҳам ҳисобга олишмаган чамаси” Ҳайҳотдек ресторанга битта кирхона қуришни унутишган…. Ишқилиб, зиналарнинг гирдига илиб, бир амаллаб ювилган дартурхон ва қўл сочиқларини жойлаштириб чиқасиз…
Ҳудонинг берган куни шу аҳвол.
Бироқ, гарчи 14 соат тик оёқда тўхтовсиз идиш-товоқ ювиб, толиқиб, оғир чинни идишларни жойига ташмалаб-тахлаб тинкаларимиз қуриб, оёқда зўрға турган бўлсак-да, зотан, соат “стрелка”си тунги 2.00 га “етишиш ишқида орзиқиб  интилаётган” – югургилаётган бўлса-да, “Лаззат макон” деган уч қаватли маҳобатли ресторан раҳбариятига “Кечириб қўясиз, биз “посуда мойка”да ишлаймиз, ахборотингиз учун биз “прачка” эмасмиз? Дастурхон ва қўл сочиқларингизни кир ювиш хонасига элитсангиз?” демаймиз, эътироз билдирмаймиз. “Модомики, “прачка”нгиз йўқ экан, у ҳолда бизнинг – “посудамойчик”ларнинг кунлик маошига “прачка”нинг шаҳ ҳақини ҳам қўшиб беринг. Ойлигимизни кўтаринг” деб талаб қилсак, тилимиздан ҳакка чўқийди, айтмаймиз, айтолмаймиз…. Бунингдек гаплар, ўй-хаёллар  ўлақолса қишлоқдан келган жиянларимнинг дилигаям, тилигаям келмайди, буни биламан. “Сенингчи, сенинг кўнглингга келмайдими?” дерсиз? Бунингдек эътироз лоф бўлмаса, минг маротабалар келган. Бироқ…. “закунчи”лик қилишга истеъҳола қиламан…. ЎзМТРКда ҳуқуқ талаб қилиб нима бўлдим? Жияним айтмоқчи кетимга ўхшатиб “тўртта тепишган”. “Э, хай, аёл бошимиз билан санаганда саккизта  сочиқча-ю, дастурхонни ювишдан бош тортиб ўлибмизми?” дейман-қўяман….
Эртасига ўша ўзбекчилигим, “Э, хай” деганим бизга янада қимматга тушади: Эшик олдида ишга келишимизни пойлаб турган “дода” “Қани, қизларим, биринг олд ҳовлини супириб-сидиринг, бирингиз мана бу ойналарни чиннидек қилиб артиб қўйингчи, ишларингизга бир баҳо берай? Сизларнинг қўлларингиз тегмаса, бу ойналар ярақламайдиганга ўхшайди” дея қарши олади…. Бу пайтда эса асосий иш жойимизда  “чиннидек” бўлишини кутиб турган чинниларимиз хирмон бўлиб бизни кутиб ётади….. Бироқ миқ демаймиз, дея олмаймиз. Қўлимизга “дильфин” латтамизни олиб ресторан дераза ойналарини артишга, ҳовлини супир-сидир қилишга тушиб кетамиз…. “Бу фаррошнинг вазифаси эмасми? Фаррошларингиз  камлик қилса нега қўшимча “штат” олмайсиз?, “У ҳолда фаррошларнинг маошини бизникига –“посудамойчик”ларга қўшиб бера қолинг? Токи маошимизга қўшмас экансиз, деразаларни артмаймиз?” (Энди бу деразалар ҳам сидиримгина дераза”ча”лар эмас-да. “Лаззат макон” ресторанинг олд қисми жовлик ойна  билан қопланган-да!) деб қаршилик кўрсатишга юрак йўқ. Ишсиз қолиш қўрқуви изтиробга солади кишини…. “Э, хай, майли, уч аёл бўлиб ойна артолмасак, кафтдек ҳовлини супираолмасак, уят-да. Биз учун беш дақиқалик иш-ку? Нима, уйда бўлганимизда, рўзғор қилганимизда, “Биз идиш-товоқ ювдик, энди уйларни эримиз супирсин” дермидик, уйимизни супириб-сидирмасмидик? Жимгина қилаверардик-ку!” деймиз, шундай ўйлар  ўзимизни овутамиз-да ишга шунғиймиз….
Кейинги кундабизни – “э, хай”чиларни янада каттароқ “синов”лар кутади. Хўрандаларнинг айни гавжум пайтида, идиш-товоқ ювишнинг айни қиём вақтида “Дода”нинг кичик ўғиллари Олим ака чақириб қолади: “Биттанг тепага, учинчи қаватга, таъмирдан чиққан хонани тозалашга чиқларинг. Тез!”. Чиқасиз, чўкка тушганча, камида 15 квадрат метрли ҳайҳотдек “сарой”нинг кафелига сачраб, қотиб қолган краска –буёқларини қириб чиқасиз….. Билагингизда куч қолмайди…
Полнинг краскасини қиришлар, дераза артишлар, орқа ҳовлининг “мусор”ини тозалаш каби  “нагрузка”лар – “посудамойчик”лар  учун иш эмас. Булар мени қизиқтирмайди.
Мени қизиқтирган нарса шуки: фикру хаёлим учинчи қаватда.
Негаки, биз иккинчи қаватнинг “посудамойчик”ларимиз-да!
Шусиз ҳам бир суткада тик оёқда тинимсиз 15 соат тер тўкамиз. 8 соатдан кейинги – кечки 7 соат учун ресторан раҳбарларидан қўшимча ҳақ талаб ҳам қилмаймиз, чурқ этмаймиз.
Бироқ… Шу…. Учинчи қават менга малол келарди. Жиянларимга эса… улар оғир меҳнатдан чақилиб, чиниқиб кетишган, ҳаммасига кўнишади…..
Аксарият ошхоналарда “Чаллар”, “Гап”, “Чойхона”, Туғилган кун” каби буюртма тадбирлар бўлгудек бўлса, “посудамойка” ишчиларига қўшимча ҳақ тўлашади. Биз эса ҳар куни бир эмас, уч, тўртталаб “чойхона”нинг, учинчи қаватнинг хирмон-хирмон идиш-товоқларини, чойнак-пиёлаларини, қадахларини ювиб-тараймиз, камига дастурхонларини ҳам ювишга мажбурмиз. Кунига икки-учта “чойхона” учун берилган буюртмалардан қанча давромад келишини биласизми? Даромад хусусида ҳалироқ…. Бироқ “Бу учинчи қаватдаги чойхона мижозларига кўрсатган хизматларингиз ҳақи” дея биров бизга бир сўм ортиқча берай демайди-я!
Ҳисоблаб қарасам, эрталабки нонушта, тушлик, кечки овқат, чойхона идиш-товоқларини, дастурхонларини ювиш, булар ҳам камдек, ҳар куни “посудамойка” хонасининг поллари, кафелларини “ялаб-юлқаш”, қўшимчасига орқа ҳовлини “саронжом-саришта” қилиш….  Буларнинг барига  – бир кундаги 15 соатлик тик оёқдаги оғир меҳнатларимизга 30 минг сўм. Кам эмасми?
Ўзим раҳбарият ҳузурига бирор бир талаб билан чиқишдан тийиламан…. Шу боис ҳам кунлардан бир куни ресторан бош ҳисобчиси Дилбар опанинг ҳузурларига жияним Ферузани “элчи” қилиб юбордик: “Ишимиз жудаям қийин…. Иш ҳақимизни бироз оширсангизлар дегандик….”
“Йўқ, шусиз ҳам рестораннинг харажатлари катта. Қолаверса, кўраяпсиз, хўрандалар сони кундан-кунга сийраклашиб кетмоқда. Тушум кам. Ҳозир “сезон” эмас, сабр қилснагиз, “сезон”да кунлик иш ҳақингизга 30 минг эмас, 35 минг сўм оласиз…”деган жавобни олибди….
“Вуу-уууй, хўрандалар сонининг сийрак бўлгани шуми ҳали? Ками шундай бўлса, кўпи қанақа бўларкин? Шусиз бир кунда 15 соат ҳам қўл-қўлга тегмайди-ку…. Сиз айтган ўша “сезон” қачон келади, опа?” бўшашибгина сўрабди Феруза.
  • Бизда янгийил олди, рўза маҳали “сезон” саналади…. Ўзи Янги йил арафасига нима қолди? Шошилмасангиз, яна 10 кунлардан сўнг иш ҳақларингизга 5 минг сўмдан қўшилади…, – дебди ресторан бош ҳисобчиси….
Ҳаа-ааа, шунақа, қишда қор ҳам олиб бўлмайди бойлардан…..
Сиз ўйлайсиз, бу биргина менинг қисматим, менинг азобим, менинг изтиробимми?
Йўқ, бунингдек залворли  юмушларни мендан (биздан) олдин қайсидир аёл (аёллар) уддалаган, бугун бизнинг чекимизда, эртага эса машаққатли меҳнат яна қайсидир қисмтадошимнинг гарданига тушади….
Аслида,залворли меҳнат машаққатлари “Лаззат макон”даги барча ишчи-хизматчиларнинг уқубатлари, биргина “посудамойчик”ларнинг эмас…. Фақат мен буларни ўз мисолимда айтиб ўтмоқдаман, холос.
Мана, масалан, Сирож (Жиззах), Ўрол (Сирдарё), Самур (Сурхондарё) каби офитцант йигитларнинг бир кунлик ҳаётини олайлик:
Ўрол янги келганлиги сабабли “иш урганувчи” экан. Шу сабаб унга кунига 20 минг сўмлик иш ҳақи белгиланганмиш. Бир кунда 20 минг сўм иш ҳақи олиши яна қанча  давом этишини фақат ресторан раҳбариятигина ҳал қилади….
Сирож билан Самур (буларнинг бари болаларим қатори, узоғи билан эндигина 20-21 баҳорни қаршилаётган йигит, қизлар) каби офитсантлар столларига ўтирган хўрандалардан тушган даромадниннг бор-йўғи 4% ига “эга чиқади”лар. Бу дегани бир кунда  1 000 000 (бир миллион) сўмлик “счёт” ёпишса, 40 000 (қирқ минг) сўм ҳақ оладилар.
Мени ҳайратга солган нарса, ресторан маъмуриятининг ғирромлиги. Улар инсофсизларча ҳийлакорона ғирром “ўйин” ўйнашаркан. Офитсантларга ниҳоятда ноҳақлик қилишаркан. Айтиш мумкинки, ҳақларига ҳиёнат қилишаркан.
Қандай қилиб дейсизми?: Мана, ҳали айтиб ўтганимдек, офитсантлар ўз хўрандаларидан тушган маблағ  сўммасининг 4% миқдорида ҳақ оладилар. Бу ниҳоятда кам фоиз. Буниси ҳам майли, бироқ, ғирромликни қарангки, “подвал” –ертўлага – яъни “Бар”га ва ё учинчи қават “Чйхона”сига буюртма келиб қолса, аёлларнинг “Гап”и, эркакларнинг “чойхона”си, “Чаллар” ва ё туғилган кун каби тадбирлар ўтадиган бўлиб қолса, бирданига офитцантларга тўлов тури ўзгараркан-қоларкан. Бунақанги тадбирлар учун қилган хизматлари эвазига ресторан маъмурияти  офитсантларга  бир тадбирга  30 000 (ўттиз минг) сўм қилиб белгиланаркан.
Э, бу қанақанги маккорлик бўлди тағин?
Дейлик, ўтган кунларнинг бирида “Бар”да бир бойвачча туғилган кунини нишонлади. Буюртмачи мижоз 70 кишилик меҳмонларининг зиёфати учун сал кам 10 миллион сўмликмиди, ҳозир аниғи эсимда йўқ, ишқилиб 10 миллион сўмниннг нари-берисида  харажат қилди – ҳақ тўлади. (Мабодо, касса аппаратида бунингдек сўмма чиқмаса, даромадни солиқдан яшириш мақсадида “махинация” ишлатган бўлишлари мумкин…) Дейлик, мазкур тадбир меҳмонларига 4 та офитсант хизмат кўрсатган бўлса, мабодо, уларга ўша  10 миллион сўмнинг 4% и миқдорида иш ҳақи ҳисоблаб бериладиган бўлса, қанча бўлиб кетади? Э, йўқ, ресторан маъмурияти онасининг сутларини ангишвонада пишириб ичганлар хилидан экан. Бор-йўғи 3-4 соатда ўтиб кетадиган бир кунлик биттагина тадбирдан тушадиган 10 миллионлик даромадни чўнтакларига уришади-ю, вилоятдан келган 3-4 та офитсант шўрликларнинг чаккасига бир уриб, 30 минг сўмдан – 120 000 (бир юз йигирма минг) сўм сарф-харажат қилиб қўя қолишади! Устамонликни қаранг!  Хўп, кўпнинг, рестораннинг умумий 18 та қозонида ҳар куни қайнаб турадиган овқатлар, салатлар, (ҳўл ва қуруқ меваларни аксарият ҳолларда мижозларнинг ўзлари келтиришади), газ, электр, жой ижараси… ҳаммасига кетган харажатларни қўшиб ҳиосблаган тақдирингизда ҳам ресторан хўжайинлари у қадар катта молияни бой беришмаса керак?  Ҳар ҳолда катта даромад келтирадиган тадбирлардаги хизмати эвазига офитсант шўрликларга 30 минг сўм улашишларини шахсан мен ўта ноинсофлик деб ҳисоблайман-да, билмадим янаям…
Ҳаммадан ҳам Сирож билан Самурга ачинаман.
Негаки, нақд 18 та қозон, шашликпазлар, сомсахона, норин… ҳалим… салатлар… барча озиқ-овқатлар пастда спиртли ва яхна ичимликлар ҳам….  Шўрлик ёшгина йигитлар ҳар куни учта, тўртта “Чойхон”дан тушган буюртма тадбирларни ўтказишади. Ҳар бир “чойхона”да юқорида айтиб ўтганимдек, камида 25 – 30 нафар,гоҳида 100 дан ортиқ  хўранда бўлади.
Шнуча одамга пастдан учинчи қавтага ташмалаб дастурхон безашни тасаввур қилаяпсизми?
Бир кунда 4 та чойхона бўладиган бўлса, демак, бир кунда 100 лаб  хўрандага хизмат кўрсатиши керак бўлади. Бу ўз номи билан “чойхона”, зиёфат бўлади. Шунчаки, биргина чойу, ош палов ейишга келмайди меҳмонлар. Камида 3-4 хил таом тортилади, буларнинг бари, шу-ууунча хўрандаларнинг таомлари  пастда жойлашган ошхонадан, чойхонадан, яхна ва спиртли ичимликлар “Бардан” – патнисларда патсдан учинчи қаватга,  олиб чиқилади.Тинимсиз чой, яхна ичимликлар ташиб туриш талаб этилади…. Офитсан шўрлик кечаси қишда, қорли кунларда, совуқда меҳмонларга наъмунали хизмат кўрсатиш учун чопиб, елиб-югуриши керак бўлади. Бола бечоралар патнис-патнис ош-овқталарни, қайноқ чойларни, пиёла, рюмкаларни, ош солинган оғир лаганларни кўтариб  зиналар оша учинчи қаватга югургилаб кўтарилишади. Хўрандаларнинг олдидан бўшаган идишларни илиб олиб, яна пастга, “посудамойка” хонасига, бизнинг олдимизга чопишади, шошишмаса, бўлмайди.Ошхона, чойхона ҳалак, шашликхона ҳалак, офитсантлар ҳалак…. Пастга, тепага, биринчи қаватга, учинчи қаватга…. Шошишгани-шошишган… Оғир юк билан… югуришгани-югуришган…. Ўмганлари узилиб кетмаганини айтингбу бола бечораларнинг. Бунисини ҳам майли дейлик. Аммо битта лекини бор: хавфли жиҳати шундаки, офитсант йигитлар югургилаб, терлаб чопқиларкан, идиш-товоқ тўла оғир-оғир патнисларни кўтариб олиб  учинчи қаватнинг чойхонасидан зина орқали аввал ташқарига чиқишади ва кейин ташқаридан айланиб зал орқали ичкарига, “посудамойка” хонасига элитишади. Тасаввур қилаяпсизми? Терга ботган тананинг қорли қора совуқ кунлари иссиққина чойхонадан –  учинчи қават зинасидан югургилаб пастга тушиб, ташқарига чиқиши ва  яна иссиққина залга киришининг оқибати нима билан тугаши мумкин? Эртага бу ёш болалар ўпкасини олдириб қўймайдими?  Шамоллаб қолмайдими? Бирор бир дардга йўлиқмайдими? Мана шунингдек оғир хизматлари эвазига эса, менинг назаримда “Лаззат макон” хўжайинлари гуё итга илик ташлагандек офитсантлар олдига 30 000 (ўттиз минг) сўм “ирғитмоқда”. Айтингчи, “Лаззат макон” берган 30 минг сўмга саломатлик сотиб олиб бўладими кейин? Тўғри, бу ҳаракатларининг оғир оқибатларга олиб келишини  ҳали офитсант йигитларнинг ўзлари тушуниб етишмайди. Негаки, ҳали улар жуда ёш – 19-21 ёшда холос. Ҳозир улар айни кучга тўлган, бугун бақувват пайти. Бироқ, одамнинг ўзи омонат, жони омонат. Шу омонат жонимиз бор-йўғи 30 минг сўмга тикишга арзирмикин? Бунингдек залворли юмушлари,  югуриб-елишлари ҳунук оқибатларга олиб келиши мумкинлигини офитсантларнинг ўзлари тушуниб етишмаса, тушунишга ёшлик қилишса, уларга биз катталар, ресторан маъмурияти тушунтиришлари, бойлик кетидан қувмай, ходимларга етарлича шароит яратиб беришлари керакми, йўқми?
  • Сирож, битта “Чойхона” тадбири учун 30 минг сўм. Бу чойхонага келган ўша 30 – 50 кишилик биргина зиёфатнинг ўзидан ресторанга қанча тушум бўлади ўзи? Оз бўлмаса керак? Сизнинг бундай залворли меҳнатларингиз эвазига 30 минг сўм кам эмасми? – сўрайман бақувватгина боладан.
  • Бир ойда бир миллион, баъзида бир миллион икки юз минг сўм ишлаяпман, қишлоқда нима бор? Пул борми? Одамлар йиллаб ер тирмалаб бир тийин ҳам топа олмайди. Оталаримиз бор, 150 минг сўм пенсиясига кўн кўришади. Уларнинг олдида мен бир миллион оладиган бойваччаману?, – кулади йигит, – Шукур қилишимиз керак. Шукур қилишни билишимиз керак. Худога шукур, соғ-саломатман, ишлайвераман. Раҳмат шу ернинг хўжайинларига…. Оламни боқаяпман, укаларимга, ота-онамга кўмаклашаяпман… – дейди йигит мамнунлик билан.
Қишлоқ кишилари, вилоятдагилар йил ўн икки ой ер тирмалаб бир тийин топа олмаса, кесаларимиз 150 минг сўмлик нафақасига яшашга маҳкум этилган бўлса, ҳамшира 450 минг сўмгабир кунлик ҳаётининг  8 соатини бой берса, боғча опа 250 сўмга 30 болани боқиб ўтирса…. Ўқитувчининг маоши транспорт харажатларига етмаса, журналистнинг ойлиги ҳар куни тушлик овқат  харид қилишига “дош” бера олмаса…. Шу алфозда давлат ташкилотларида ишлаётган ишчи-хизматчиларнинг бир умр бирлари икки бўлмаса, қўли пул кўрмаса, рўзғори бут бўлмаса… Ана энди бу – фожиа. Мамлактанинг, миллатнинг фожиаси. Сирож, Урол, Самур каби йигитларнинг фожиаси. Мана шу имконсизлик, етишмовчилик деб аталмиш фожиа ортидан улар ҳар куни оғир-оғир идиш-товоқларни учинчи қаватга минг маротаба олиб чиқиб, тушушга ҳам тайёр, шай, йўқ, адашдим, тўғрироғи, улар шунга мажбур, улар шунга маҳкум. Бу тушунарли. Шароит тақозоси.
Бироқ ресторан хўжайинларини тушунса бўладими? Ахир улар одамларнинг имконсизлигидан, қўли калталигидан, мамлакатда ҳукм сураётган ишсизлик иллати ортидан, бир сўз билан айтганда фуқароларнинг фожиасидан фойдаланиб бойиб қолиш пайида эмасми? Буни қандай тушуниш мумкин?
Фуқароларнинг фожиасидан фойдаланган ресторан маъмурияти  15 соатлик оғир меҳнат қилишга маҳкум этиш ортидан ишчи-ходимларини экспулатация қилишмаяптими?
Мамлакатимизда иш соати неча соат деб белгиланган ўзи? 8 соатми?
Мамлакат қонунлари хусусий ташкилотларга тааллуқли эмасми? Хусусий корхоналар Ўзбекистон қонунларига бўйсунишмайдими?  Касаба уюшмалари хусусий корхоналардаги меҳнаткашлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга ожими?
Қонун ижросини назорат  қилишга масъул бўлган прокуратура идоралари хусусий корхона ва ташкилотлардаги ҳукм сураётган Меҳнат Кодекси моддаларини бузилиш ҳолатларини урганмайдими?
Ҳукумат нега хусусий корхоналардаги бунингдек салбий ҳолатларга кўз юмган?
Нега хусусий корхоналарда 8 соатлик иш вақти ташкил этилмаган? Нега битта одам ўзгасини бой қилиш, миллиардер қилиш учун 8 соат ўрнига 15 соат залворли меҳнат қилиши, саломатлигини арзимаган чойчақага тикишга мажбур, маҳкум бўлиши  керак?  Нега хусусий корхоналарда иш икки сменада ташкил этилишини давлат ўз назоратига олмайди? Нега хўжайин ходимини 15 соатлаб ишлатиши, таҳқирлаши, бунга қонун идоралари, ҳукумат раҳбарлари томошабин бўлиб туриши, бирор бир чора кўрмаслиги керак?
Йўқ, кутманг, 15 соат эмас, суткасига 24 соат экспулатация қилган тақдирларида ҳам ишчилар раҳбарларига норозилик билдиришга ожиз. Мамлактада ҳукм сураётган ишсизлик, ҳақсизлик, чорасизлик  иллати фуқароларни қўрқоқ, журъатсиз қилиб қўйган.
Шундай экан нега давлат имконсиз аҳолисини ўз ҳимоясига олмайди?
Лоф эмас, биргина ўша мен фаолият юритган “Лаззат макон” ресторани бир кунда, хўранда йўқ, тушум бўлмади деган куни камида 20 миллион сўм даромад қилади. Бу бир қаватининг ҳисоб-китоби. Тўғри, ресторан маъмурияти кунлик тушум хусусида менга молиявий ҳиосбот берган эмас, албатта. Мен тахминий тушумни офитсант йигитларнинг ҳисоб чекларини кўтариб, “Мана, битта столим 360 минг сўм бўлди, вой, қандай яхши, битта столимнинг ўзи бир миллионга яқинлашиб қолди” дея суюниб юришларидан (Бунингдек тушумдан фоиз олишади-да ахир!) жамлаб “чўтга” солиб олганман.
Эййй, “Буниси ҳам сатқаи-сар!” дейиш мумкин эди!
Бироқ “Лаззат макон”да ишчиларга “дам олиш” кунлари белгиланмаган, берилмайди. Тўрт хола-жиян нақд 30 кун, бир ой  тер тўкибмиз, бирор кимса, “дам олиш куни керакмаси сенга?” демабди ҳам. “Посудамойчик” ёки фаррош кунги бирор кун дам олишни қумсаб қолса, ишидан айрилади.
Бир кун Россиядан бир қиз қўнғироқ қилиб қолди: “Сиз билан гаплашсам бўладими?” деб. Идиш-товоқларнинг шовқинидан овоз эшитилмасди. “Узр, ишдаман, гаплаша олмайман, юмушим бисёр” дегандим, “Унда шанба-якшанба, дам олиш кунларингиз қўнғироқ қилсам бўладими?” дейди. “Айни шанба-якшанба ресторан хўрандаларга, мижозларга энг гавжум бўладиган, иш қайнаган кунлар-ку? Йўқ, бўлмайди. Менинг дам олиш куним йўқ, узр” деган эдим, у ишонмади….
Неужеле? Не может быть!Как это так?! Можно ли работать без выходных?” деганичаанграйиб қолаверди. “Дам олиш кунларисиз ишлаш” ҳориж фуқаролари учун бир чўпчакдек гап. Дам олиш кунини-ку қўйиб туринг, ресторанларда ҳатто байрам  кунларида ҳам дам йўғ-у?
Бундан ҳолатда энг қизиғи нима, биласизми?
Энг ажабланарлиси, Россияда истиқомат қилувчи бир аёл “Наҳотки инсон дам олиш кунларисиз ишлаши мумкни бўлса?” дея ҳайратланиши мумкин? Ёқа тутиши, кўнглида ҳамдардлик ҳиссини туйиши мумкин. Бироқ, негадир мамлакатимиздаги қонунни назорат қилувчи идора ходимлари, масъул мутасадди шахслар, ҳукумат бошқаруви  “Нега ходимингизга дам олиши учун шароит яратиб бермагансиз? Нега ишчиларни бир кунда 15 соатлаб экспулатация қиласиз? Нега ишни икки сменада ташкил қила қолмайсиз? 15 сотлик меҳнати учун нега ишчиларга атиги 30 минг сўмгина ҳақ тўлайсиз? Нега мамлакатнинг бойлиги бўлган инсонларнинг саломатлигига зарар етказмоқдасиз? Нега фуқароларни дам олиш кунларисиз ишлашга мажбурламоқдасиз? Нега ходимларингизнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари ҳақида қайғурмаяпсиз? Инсон дам олиш кунисиз ишлаши мумкними? Ахир у ОДАМ, робот эмас!” демайди,халқ ҳаёти билан қизиқмайди, фуқароларига шавфқат нима билмайди, мамлактадаги хусусий корхоналарда содир бўлаётган ҳақсизликлар, қонунсизликларни назоратга олмайди, барҳам бериш ҳақида бош қотирмайди. Касаба уюшмалари фаолият олиб бормайди, ҳукуматни оддий одамлар тақдири, саломатлиги ташвишга солмайди… Бунинг ортидан эса бой “бола”лар босар-тусарини билмай қутиргани-қутирган!
Ўзим-чи, ўзим? Бир ой кунига 15 соатдан тик оёқда туриб оғир меҳнат қилиб, лоақал бир кун дам олиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган эканман. Бошқа ишчилар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлаверади….
28 ноябр кунимиди, Россиялик бир ҳамкасбимиз билан учрашиб қолдик.
У “Лаззат макон” ҳақида эълон қлиган “ҳангома”ларимдан қисман хабардор экан.
  • Бу рестораннинг асл эгаси Россияда истиқомат қиладиган миллатдошларингиздан бўладиган бўлса,демак, у “цивилизованный человек” бўлиши керак. Нега энди ана шунақанги “культурный личность” миллионлаб “прибыль” келтирадиган нуфузли ресторанига      бир-иккита  “посудомоечная машина”олиб, ишчиларга шарт-шароит яратиб қўймаган?, – деди ҳайратланиб.
  • “Посудомоечная машина”ни бу ердаги ресторан ишчилари тушларида ҳам кўришмайди. Идиш-товоқ ювишга мўлжалланган машинани қўя тургин, ўртоқ, уч қаватли маҳобатли ресторанда лоақал биттагина кир ювиш машинаси у ёқда турсин, кир ювиш хонасининг ўзи ҳам йўғу? Кир ювадиган ходима –  “прачка” ҳам олмаган-у? “Прачка”нинг юмуши ҳам “посудамойчик”ларга юклатилган. Бироқ бунинг учун “посудамойчик”ларга ҳақ тўланмайди. Кир ювиш хонаси бўлмаган бу ресторанни очишга саэпстанция қандай изин бердийкин? Ресторан дастурхонларини идиш-товоқ ювадиган раквинада ювишларига “фатво” бериб кетишдимикин?– дея нолиш-намо қилиб қолдим….
Ҳали юқорида айтиб ўтганимдек, “Лаззат макон” ресторанининг асл соҳиби Россияда истиқомат қилувчи ўзбек миллионерларидан бир эканлиги аён бўлди… У ким эди? Асл ҳўжайиннинг ким эканлигини ҳаммадан сир сақлашади. Бу даргоҳда Раҳматулло ака шунчаки ижрочи директор экан холос. Аммо, буниси муҳим эмас. Муҳими шундаки, нега энди ўзбек ўзбекни эзиши керак? Нега энди Ўзбекистон ичкарисида истиқомат қилувчи чорасиз ўзбек имконсизлиги сабаб пешона тери эвазига Россиялик миллатдошининг, Россияда яшовчи бир ўзбекнинг   миллионларини арзимаган чойчақа эвазига миллиардларга айлантиришга маҳкум  қилиниши керак?
Яна буресторан хўжайинларининг нимаси кўп: жазо қўллашлари кўп: арзиган-арзимаган ҳаракатингиз учун жарима! Ҳам эгнидан, ҳам бўйидан уриб қолишга уринишади!
Қаернинг гапи бу?
Нега бунингдек ўзибўларчиликка, бошбалдоқликка, ҳақсизликка ҳукмат жим? Бу давлатнинг, бу халқнинг, бу миллатнинг эгаси йўқмидики, аҳолиси Россиялик бир ўзбек бой томонидан таҳқирланади? Россияда истиқомат қилувчи бир ўзбек бой миллионларини Ўзбекистонда яшовчи бошқа бир чорасиз ўзбекни эсиз ортидан миллиардларга айлантиради?
Ҳечам ҳазм қила олмаяпман!
Энг дахшатлиси шундаки, “Лаззат макон” ресторанининг Россияда яшовчи бойвачча ўзбек хўжайини Ўзбекистон ҳукуматига, жамиятига янада улкан – залворли зарар келтирмоқда, оқибати оғир зарба бермоқда: Ўзбекистон фуқароларини кўзини кўр, қулоқларини кар қилиб қўймоқда.
 
Мана, масалан, мени олайлик. Бир ойгина кунига 15 соатдан ишлаб, дунё бехабар қолибман: Трамп АҚШга президент этиб сайланибди, Халқ шоири Абдулла Орипов уммон ортида оламдан ўтибдилар…. Ўзбекистон президентлигига номзодларнинг сайлов олди дастурлари қизғин баҳс-мунозарада. Мен эса ҳеч нарсадан бехабар. Қандай қилиб хабарим бўлиши мумкин: Эрталаб соат 10.30 да оёғимни зўрға судраб ресторанга келсам, то тунги соат 2.00 га қадар идиш-тавоқ ювишдан бош кўтармасам, дам олиш кунларидан мосуво бўлсам, ишдан чиқиб уйга етиб олгунимга қадар соат 3.00 ни “уриб” қўйса… “Нормальный” одам бир суткада камида 8 соат тиниқиб ухлаши керак. Олимларга кўра, тунги уйқунинг ўрнини кундузги мизғишлар боса олмайди….. Биз, “Лаззат макон” ишчи-хизматчилари  (ҳаммаси, фаррошидан тортиб офитсантигача, барчасининг қисмати шу) тунги соат 3 да уйларимизга зўрға етиб бориб, эрталабки соат 9.00, 10.00да уйқуга тўймай, кўзларимиз қизариб, 15моатлик машаққатли меҳнатдан сўнг  “чочилиб” кетган вужудимизни зўр-баъзур жамлаб ўрнимиздан турсагу, бетимизни чала ювиб, яна ишхонага отланиб турсак?! Телевезор кўриш йўқ, радио эшитиш йўқ, компьютер ёнида ўтириш, интернет оламини кузатиш йўқ! Газета, журнал, китоб ўқиш масаласига “тил теккизмай” қўя қолай! Бу бир кун, икки кун давом этса кошки эди: Ўтиб кетар деб сабр қилса бўлади. Бироқ, ҳар кун шу ҳол такрор, ҳар кун…. Бу қандайин ҳаёт бўлди? Бу қанақанги тириклик? Агар шуни яшаш деб айтиш мумкин бўлса, яшашми шу?!
Бориб, “Лаззат макон” ходимларининг дунёқарашини, сиёсий билимларини бир имтихон қилиб кўринг: Ўнгида ҳам, тушида ҳам иш, иш ва яна иш бўлганлиги сабабли оламу одамдан бехабар. Мамлакат ичкариси ва ташқарисида кечаётган сиёсий жараёнлардан мутлақо бехабар.Тўрт томонлари қибла. Мабодо, “Мамлакат президентлигига кимга овоз бермоқчисиз?” деб сўрасангиз, “Қайдан билай? Бирортаси бўлади-да. Ким президент бўлишини ҳал қилиш менга қоптими? Менга нима? А, Сизга нима, сиёстага аралашгунча идиш-товоғингизни ювсангизчи, онахон” дейишади ўта бепарволик билан. Ўзбекистон президентлигига кимларнинг номзоди қўйилган, уларнинг сайлов олди дастурлари тугул, ҳатто номзодлар сони неча нафрадан иборатлигини ҳам, уларнинг исм-шарифларини ҳам билишмайди ҳатто. “Сайлов олди дастур” деганларининг ўзи нима эканлигини тасаввур ҳам қила олишмайди. “Унақа деманг, болам. “Менга нима? Бирортаси бўлар-да!” деманг, бепарво бўлманг. Президент содда қилиб айтганда мамлактанинг отаси. Сиз эртага ўзингизга “ота” танлайсиз  – миллатга, мамлактага, аҳолига бош – йўлбошчи сайлайсиз. Оилада ота ҳиёнаткор бўлса, бебурд чиқса, болалари қаровсиз қолиб, итларга ошно бўлади, масъулиятсиз ота болаларини овора-ю сарсон, саргардон қилади. Худо кўрсатмасин, миллатга, мамлактага номуносиб “ота”ни танлаб –сайлаб қўйгудек бўлсангиз, бунингдек кулфталар энди биргина оила болаларининг эмас, бутун бир бошли мамлакат одамларининг бошига тушади. Шунинг учун ҳам муносиб раҳбар танлаш халқ ҳаёти учун ўта змуҳим. Негаки, мамлакат тақдирини, миллат эртасини, халқ ҳаётини эртага сиз овоз берадиган одамнинг – президентнинг биргина имзоси, биргина қарори ё салбий ва ё ижобий томонга ўзгартириб юбориши мумкин” дейман ўзимча уларга муҳим жараён мазмун-моҳиятини тушунтиришга уриниб. Ёш болалар эмасми, “Эй, онахон, боринг-э, бу ерда коса-товоқ ювиб нима қилиб юрибсиз? Бориб “Ахборот”га дикторлик қилмайсизми?” дея масхаралаган бўлишади… Йўқ, уларнинг гапларидан ранжимайман. Улар менинг асл касбим тележурналист эканлигини билишмайди, бу сўзлари мутлақо тасодифий. Негаки, уларнинг телевезор кўришга, маданий ҳордиқ чиқаришга, мамлакатда кечаётган воқеа-ҳодисалар хусусида фикр юритишга, сиёсий, иқтисодий жараёнларни мушоҳада қилиб кўришга , ҳаттоки, ўз ҳаётларини таҳлил қилиб кўришга ҳеч қачон фурсатлари бўлмаган. Ёшгина бошлари билан турмуш ташвишларидан ортмаган. Аҳвол шу зайилда давом этадиган бўлса, ҳукумат бошқаруви ўз фуқаролари тақдирига лоқайд қарайдиган бўлса, умрларининг охирига қадар мушоҳада қилиб кўришга фурсталари ҳам бўлмайди, турмуш ташвишларидан ҳам ортмайди….
Кейин ўйлаб қоламан: Балки бу атай қилинаётган “тадбир”микин? Халқни қорин ғамидан, рўзғор ташвишларидан бошқасини ўйлай олмасликка мажбур этадиган турмуш тарзи – оғир-шарт-шароитлар бу тузумнинг тузоғи эмасмикин?  Балки мамлактада кечаётган жараёнлардан, сиёстадан узоқроқ тутиш, ихоталаш мақсадида аҳолини  имконсизлик, чорасизлик, турмуш, уй-рўзғор, бола-чақа боқишдек, фақатгина қорин тўйғазишдек  ташвишлар гирдобига отиш ортидан аҳолининг онгини, ўйи-хаёлини, тийран фикрини   етишмовчилик, чорасизлик деб аталмиш занжир-ла кишан-банд этиш…. Эҳтимол, айнан шунга  “фатво” берилганмикин? Ҳарҳолда… Чорасиз бечора одамни бўйсундириш осонроқ-да….
 
Йўқса, Россияда истиқомат қилувчи миллионер миллатдошимиз миллиардер бўлиш ишқида “Лаззат макон” деб  аталмиш ресторанидан мўмайгина даромад олиш дардида юртимиз ёшларини, ўз ватандошларини  бу қадар экспулатация қилишдек ҳолатларига ҳукумат ва давлат идоралари не сабабдан томошабин бўлиб туришибди?
Эҳтимол, айтарсиз?: “Ёзғиравермасдан, ёқмаса, ишни ташла-ю кет! Сени у ерга биров беарқон боғлаб қўйибдими?” деб?
Бу мушкул эмас. Бироқ шу билан муаммо бартараф бўлиб қолармиди?
 
Биз (у, улар)  кетадиган бўлсак, ўринмизга яна битта шўри қуриган Феруза, яна битта Элнора, яна бир Гулнора, Зарбуви-ю яна бир Малоҳат бор-да, топилади-да! Уларнинг бошидаги “қор”ни ким “курайди”?
Аҳолини ночорлик, маҳкумлик, чорасизлик гирдобидан ким қутқаради?
Қишлоқ кишиларининг турмуш тарзи билан яқиндан танишлигим туфайли ҳам ҳамиша “Деҳқонларга қийин, пахтакор, ғаллакор, пиллакорларга оғир” деб фарёд қилардим…. Бугун ўзим шоҳиди бўлдимки, шаҳардаги оддий ишчиларнинг ҳаёти ҳам жаннат эмас, жаҳаннам экан….
(Гарчи чўзилиб кетган бўлса-да, давоми бор, кульманацион нуқтаси ҳали олдинда…)
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
"4" Comments
  1. Юртимиздаги хамма иллат ва камчилик шу бир идиш тавок ювувчи тилидан очиб ташланган. Журналистика касбингиз уз вазифасини посудамойкачиликдаям маъло бажармокдасиз Малохат опа.

  2. Муносабат

    Жуда муҳим мавзуни кўтарибди бу қиз. Отасига раҳмат. Буни қўрқмай эълон қилган Исмат Хушевга эса таъзимдамиз.

  3. Sizga katta rahmat! Xalqimizni restoranu-choyxonlarida bo’layotgan bunaqa voqea-hodisalardan og’oh qilayotganiz uchun. Umid qilamanki bu sohada el-yurtni o’ylab yozayotgan maqolalaringiz “egalariga” etib boradi va oz bo’lsada bu yo’nalishda ham yaxshilanish bo’ladi deb umid qilaman. Sizdaqa el-yurtini, vatanini sevadigan vijdonli, halol odamlar bor ekan, albatta vatanimiz bir kun haiqiqy havas qilsa arzidigan yurtga aylanishiga ishonchim komil.

  4. Yaxshi, haqqoniy yozibdi. Xususiy korxonalarga ham qonunlar bor, lekin hech kim amal qilmaydi sababi oddiy, korruptsiya porani beradi, tamom, ishlar besh. Bunaqa oshxona-yu, restoranlarni va vaqti cheklanmagan korxonalarning ishchilarini soatbay haq to’lashga o’tkazish kerak. Shunda ular ishni 2-3 smenada tashkil qilishdan manfaatdor bo’ladi. Buning uchun ular ustidan qattiq nazorat o’rnatish zarur va albatta jarimalar ham juda katta bo’lishi shart. Bo’lmasa hozirgi sharoitda bu ishlarni umuman amalga oshirib bo’lmaydi.

Leave a Reply
*