Menu
Categories
Шокир Саъдуллаев: ЎзТВ раҳбаридан кейин навбат Сурхон ТВ бошлиғигами?
12/18/2016 Ватандан хабарлар
%d1%9e%d0%b7%d1%82%d0%b2-%d1%88%d1%83
ЎзТВ раҳбари Ходжаевдан кейин ҳайдалиш навбати Сурхон ТВ бошлиғи Шуҳрат Шокировгами?
“Дунё ўзбеклари” сайтида кейинги йилларда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида юзага келган вазият, содир бўлаётган салбий ҳолатлар ва унинг оқибатлари, хусусан, телерадиокомпания раиси Алишер Ҳаджаевнинг “хурмача қилиқлари”, ТВни қай аҳволга солиб қўйганлиги ҳақида ўқиб, ҳақиқат бор экан-ку деб қувондим.
Чиндан ҳам Исмат Хушевнинг Канадада туриб бошқараётган машҳур сайти эълон қилган туркум мақолаларда бу “корчалон”нинг асл башараси ниҳоятда моҳирона очиб берилди. Ўзбекистон МТРК раҳбарияти томонидан шундай йирик компанияда порахўрлик, маҳаллийчилик авж олаётганини таҳлил қилиб туриб,  халкимиз орасида айтиладиган бир ибора ёдимга тушди: “Балик бошидан сасийди” дею халқимиз бежиз айтмаган экан…
Бугун мазкур компаниянинг тузилмаларидан бири ҳисобланган Сурхондарё вилояти телерадиокомпаниясидаги айни воқеа-ҳодисалар ҳам – ана шу доно маколга жуда хос ва мос.
Негаки, кейинги икки йил ичида вилоят телерадиокомпаниясида ҳам худди Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида бўлгани каби таъмагирлик, маҳаллийчилик гуллаб-яшнади ва яна энг ачинарлиси – саводсизлик авж олди. Ҳозирги пайтда Сурхондарё вилоят телерадиокомпаниясида лаганбардорлик ва порахўрлик шунчалик бир-бирига боғланиб кетган-ки, мен бу иллатларнинг қайси биридан гап бошлашни билмай, ҳалакман!
Келинг, гапни мазкур маънавият ва маърифат ўчоғи, халққа зиё тарқатувчи даргоҳнинг бевосита кадрлар бўлимидан бошласак. Кадрлар бўлимига ўрта маьлумотли, иқтисодиёт коллежини бир вақтлар сиртдан битирган, аниқроғи, сохта дипломга эга бўлган опа раҳбарлик қилади. Қандай қилиб, нима сабабдан бундай бўлганини  билмадику-я, аммо компанияга қандай раҳбар келсаям, опахонимиз ўзини ҳар доим кибор хонимлардек тутади.
Устига-устак, “Қани, менга тегиниб ҳам кўрсин-чи, бир гап деганида ўзини шартта йўқ қиламан!” деб чираниб ҳам қўяди. Ходимларни ишга олишда ҳужжатларни тахт қилиш жараёнида буйруғингизни тезлатиб чиқариб бераман, деб ходимлардан совға салом олиш унинг севимли одати, яъни, хоббисига айланган.
Ҳатто бир вактнинг ўзида ҳам Термиз шаҳридаги ресторанларнинг бирига, ҳам компанияга фаррош бўлиб ишга кирган она-болалардан “Фалон матодан бир кийимлик олиб беринг!” деб ўзига хос “пора”ни ҳам ажиб бир маҳорат билан ундирган эди!
Қизиқ, кадрлар бўлими бошлиғи асли йўриқномасига олий маьлумотли бўлиши шартлиги кўрсатиб қўйилган бўлса-да, негадир у ҳануз ўз ўрнида. Ёки у олаётган ўзига хос совға ва поралари билан юқоридаги раҳбарлари билан ҳам бўлишиб турармикан?
Ҳар тугул, айни дамда бу каби саволларга жавоб топиш жуда мушкул. Мазкур компания раҳбари ва ўринбосари кейинги икки йил ичида уч марта алмашди. Бунинг оқибатида компаниядаги вазият ҳам тобора чигаллашиб, муаммолар борган сари катталашиб, ечиб бўлмайдиган ҳолатга келди.
ТВ раҳбариятининг тез-тез алмашиб туриши эса айрим саводсиз ходимлар учун айни муддао бўлди! Чунки  ўзи саводсиз бўлгани боис улар дарҳол янги келган раҳбарнинг этагидан маҳкам тутиб, унга лаганбардорлик қилишга тушиб кетади. “Ака, сиз келиб баҳри дилимиз очилди, эфиримиз жонланди, “Сиз кучли” деган гаплар билан янги раҳбарни сохта мақтовларга кўмиб ташлаш бундай “чаласаводларнинг” антиқа усулига айланган. Албатта,  мақтов кимга ҳам ёқмайди, дейсиз.
Сурхондарё вилоят телерадиокомпаниясининг ҳозирги раҳбари Шуҳрат Шокиров вақтинчалик раҳбар  вазифасини бажарувчи бўлиб ишлайди, у “Ўзбекистон” телерадиоканалининг “Ахборот” дастурининг вилоят бўйича мухбири лавозимида ишлаган шахс. Лакаби “татар”. Аслида аввалдан одамгарчилиги йўқ, фақат ўзинигина ўйлайдиган худбин бир шахс!
Раҳбар бўлгач, яъни, директор лавозимига ўтирганидан ҳам сўнг ҳам, ҳанузгача вилоят мухбирлигини бировга бергиси келмайди. Икки нафар арзийдиган ходимни тайёрлади, аммо, уларнинг бири МХХ кураторига ёқмади. Иккинчиси эса,  роса кучли лавҳалар тайёрлай бошлагач, ўзидан, ўзининг “ёғлиққина” жойини йўқотишдан   қўрқди. Мабодо, ўзидан кучли ўша ходим “Ахборот”нинг Сурхондарё вилояти бўйича мухбири бўлиб ишга ўтса ва ўзи тўсатдан раҳбарликдан қулаб, ишдан кетса, кейин у “Мен қаерда ишлайман? Бу ҳақда илгари ўйлаб кўрмаган эканман!” демаслик учун шартта Ўзтвнинг “Ахборот” дастури рахбариятига “Булар бўлмайди, иккалови ҳам ҳали ғўр!”, деб ўз жойини ҳамон сақлаб келмоқда.
Ҳозирда эса Шуҳрат Шокиров барча ходимларни бир хонага, фақат ўзининг яловбардорларинигина алоҳида кабинетларга жойлаштирган. Энг ачинарлиси, эфирда ҳар куни ғализдан-ғализ жумлалалар, турли хатолар кетмокда. Илгари оддий бир хато ўтиб кетса, телефон қилиб дағдаға қилишдан, ҳаттоки,  ТВга югуриб келиб, жанжал кўтарадиган,  МХХ ходимларидан эса негадир, умуман садо чиқмаяпти! Сабаби аниқ. ТВда ҳозирги раҳбарни айнан куратор тавсия этган, деган узунқулоқ гаплар бежизга пайдо бўлмаган кўринади. Аммо, у ишонган раҳбар ҳам таниш- билишликка, ака-ака деганларга ўч чиқди, чоғи, бир зумда атрофига худди ўзига ўхшаганларни йиғиб олди.
Ҳозирда бу раҳбар билан на кадрлар бўлими бошлиғи, на бош ҳисобчи, на бош муҳаррир, на бош режиссёр, на тасвирчилар, на бўлим бошлиқлари чиқиша олмаяпти. Сабаби  бу раҳбар илгаригисидан фарқли ўлароқ ўзини қамчисидан қон томадиган қаттиққўл раҳбардек тутиб, жамоани зириллатмокчи бўлаяпти. Ишчи-ходимларни шанба, якшанба, соат 09:00 дан кеч 20:00 гача ишлашга даьват этди.
Бу жараёнда у ёш боласи борлар, хотин-қизлар, ҳаттоки ҳомиладор аёлларни ҳам эьтиборга олмади. Сабаби ортида уни МТРКда  ҳар доим қўлловчи А. Шодмонов, қолаверса, унинг номзодини Шодмонов билан бирга қўллаган МХХ куратори ҳам турибди. Аммо, улар чучварани хом санаган кўринади. Ижодкорга эркинлик керак. Иш шу зайлда давом этиб, бир куни Ф. исмли ходимнинг болалари боғчада колиб кетиб, турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб қолади ва бунинг оқибатида у ўзини осмоқчи бўлади. Шундан сўнг, у ўн кун касалхонада даволаниб чиқади.
Бундай фактларни эса талайгина келтириш мумкин. Яна бир муаммо ҳақида тўхталмасам бўлмайди. 2014 йилдан бери Сурхондарё вилояти телерадиокомпаниясида таьмир ишлари тугамайди. Қандай тугасин? Ахир, шундоқ катта вилоятда телерадиокомпанияси биносини таьмирлайдиган қурувчилар анқонинг уруғимикан, бинонинг ички ва ташқи кўриниши, ички шароитларини таьмирлаш учун Ўзбекистон МТРК раисининг иқтисодиёт масалалари бўйича ўринбосари Ф. Рўзиевнинг ўртоғи жиянига топширилган бўлса!
Гўё Сурхондарёда манна-ман деган қурувчилар йўқдек, Намангандан Азамат исмли қурувчи, яьни юкорида айтганимиздек, Ф. Рўзиев ўртоғининг жиянига топширилди. Ремонт учун ажратилган маблағ ўлда-жўлда бўлиб, уч йилдан бери таьмирлаш ишлари поёнига етмайди. Қаердан етсин, қурилиш учун ажратилган  катта маблағ Б. Мингбоев, кейин З. Тўраев директорлиги даврида “Ўрага сичкон тушди, гулдургуп!” тарзда гумдон қилинган бўлса. 2015 охири 2016 йил бошида МХХнинг махсус топшириғи билан КРУ шу масалалар буйича текширув ишларини олиб борди.
Минг афсуски, МТРКнинг чайир раҳбарлари маблағни қандай қилиб, қаерга яширган, ҳатто бу текширувда МХХни ҳам доғда қолдирди. МТРК раиси Хаджаев вилоятда текширув ишлари бошланганидан бир кун олдин ўринбосарлари Ф. Рўзиевни ва А. Шодмоновни ҳузурига чақириб, “Вилоятга бориб ўша ёкда ётасанларми, қоласанларми, таьмирлаш ишларини тугатиб, қайтасанлар!” дея буйрук беради.
Аввал вилоятга А. Шодмонов келади-да, у ёқ бу ёқни текшириб, “Ярамаслар, мана бу дарахтларни кесинглар, бу омборхонами, нима ўзи?! Бу ердаги ортиқча нарсаларни бу ерга кўчиринглар!” деган буйруғига амал қилгани ҳолда, тонна-тонна темир-терсакни барча ишчилар, ўз вазифасини ташлаб, ҳар куни ишга ишчи кийимда келиб, оммавий ҳашар ўтказиб таший бошладилар. Дарахтлар кесиб ташланди.
Қанча ишчи кучи эвазига атроф ва омборхонадаги тартибсизликлар анча эпақага келтирилди. Шодмонов таьмирлаш ишларини текшириб кўргач, “Бинонинг сиртини нега шкатурка қилаяпти, бу усталар, ахир миллиардлаб пул ажратилган бўлса, алюкафон қиламиз, ташқи кўринишни” деб, бинонинг ташқи томонини тахминан 200 квадрат метрча жойида сувок ишлари тугай, деб қолганида, ишни тўхтатиб кетди.
У кетгач, орадан бир хафта ўтгач, вилоятга раиснинг яна бир бошқа ўринбосари Ф. Рўзиев ташриф буюрди-да, у ҳам ўз билганидан қолмади. “Ким айтди, силарга дарахтларни кес, деб, ҳаммаёқни чўл килиб ташлабсиларку! Нега сувок ишлари ҳалиям чала ётибди?” дея дўқ қилди. Директор Шодмонов алюкафон бўлишини айтиб, бу ишларни тўхтатгани айтганди, “Аҳмақ Шодмонов, пулни эгаси менман, мен ҳал киламан бу ишларни!” деди-да, омборхонани кўргач  эса, “Эҳ, қайси ландавур, бу темир терсакни бу ёққа кўчирди, тез ҳамма ишчиларни айт, пастга тушсин, кўрсатувларни такрорий қўйиб ташланглар, ҳашар бошлаймиз!” деб буйруқ берди.
Оббо, бу ёғи энди неча пулга тушди, экан-а?! Хуллас, Шодмоновнинг буйруғи билан ташиб, бошқа ёққа кўчирилган темир-терсаклар яна ўз жойига уч кун деганда, ташиб келтирилди. Бунинг эвазига Ф. Рўзиев ўз ҳисобидан бир қўй сўйиб бериб, ҳотамтойлик қилиб, жамоага ош дамлаб берди. Аммо, бу ҳашар 16 кун давом этди. Термизнинг энг киммат ресторанида ҳар куни “ужин”. Директор қарзга ботиб қолгач, жамоа ҳар куни бўлим бўлим бирикиб, пул йиғиб ош ташкил килинадиган булди.
Бундан кўпчилик норози, аммо ҳеч ким миқ этолмайди. Сабаби ишидан айрилишдан қўрқади. Энг ачинарлиси, бу Ф. Рузиев деганлари ҳар куни тушлик олди ва тушлик маҳал ва тушликдан то “ужин” маҳалигача ҳар бири 28 минг сўмлик ароқдан 5 та шишани тугатарди. Ароқни ҳар куни директор ҳайдовчиси ва хўжалик ишлари бўлими бошлиғи магазинга ёздириб, олиб келарди. Мана шунаканги машмашалар билан факат ахборот дастурининггина кунлик сони тайёрланарди-ю, бошқа барча кўрсатувлар ва эшиттиришлар такрорий кетарди. Бу ҳолат роппа-роса 16 кун давом этди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади, “Нега ҳақиқат жарчиси, дея таъриф берилган биронта журналист ахир, бу қурувчидарнинг иши-ку, нега қурилиш ишларига биз аралашаяпмиз, ахир, бу ишлар учун Шодмонов фалон пул маблағ ажратилган, деган эди-ку, деб ғинг дея олишмади, аксинча, ҳар ҳар ерда тўда тўда бўлиб олиб, минғир-минғир қилиб, пичир-пичир ва ғийбатдан нарига ўтишолмади. Ишхонага ҳар куни ишчи кийимда келишиб кетишди.
Хуллас текширув ҳам тўрт ой давом этса-да, натижа бўлмади, МХХни ҳам МТРК шундай зийраклик билан чув туширди, гўёки ҳаммаси рисоладагидек, прокуратурага оширилган иш ҳам нари борса, бир ёки икки минимал ойлик жарима билан якунланди. Аммо, таьмир ишлари ҳали ҳам якунига етказилмаган. Таьмирлаш ишларига эса салкам бир ярим миллиард маблағ ажратилган. Б. Мингбоев даврида яьни, 2015 йилнинг июнь, июль ойларида 1 500 тоннадан ортиқ бензин камомад чиқди, бироқ, буни МТРК раҳбарияти яна босди-босди қилди.
Айтишларича, Мингбоев директорлик пайтида уйига, Тошкентга бола-чақасини кўриб келгани тез-тез бориб турган ва ҳар кетганида канистр-канистр бензин ҳам олиб кетган экан. Тавба, пойтахтда бензин савил дифицит бўлмаса ёки вилоят билан солиштирганда қиммат бўлмаса, унча бензинни нима килди экан, деган ўйлов кишига тинчлик бермай турган бир пайтда, наҳотки МТРК раҳбариятидан кимгадир, аниқроғи, Мингбоевга танкалик килган кишига бепул етказиб берилдимикан ,деган савол ҳам хаёлдан лип этиб ўтади.
Ахир, Мингбоев қанчадан қанча жамоа аъзоларининг норозилиги, маишатпарастлиги эвазига ишдан олинишига қарамай, унга МТРКдан яна ёғлиққина жойдан бош муҳаррирлик лавозими ҳам берилди.
Ўша пайтданок у бунга  олдиндан замин ҳозирлаган, бўлса не ажаб? Ҳа, айтганча тўғрисўз, раҳбарми, ходим-ми, ҳакикатни тикка тикка гапирадиган, рости келганда “Отангни аяма!” нақлига амал қиладиган телерадиокомпаниянинг ўринбосари бўларди, Дилфуза Жўраева деган. Айтишларича, ҳақиқатни гапиргани, МТРК раҳбарияти қўнғироқ қилиб, ноҳақ айблашганда, “хўп бўлади, бошқа такрорланмайди, устоз!”, демагани учун опани ишдан бўшатишган! Ишдан бўшатгандан сўнг ҳанузгача уни тизимга якинлаштиришга қўрқишади, сабаби ҳамма раҳбар ўзидан кучли инсондан “Жойимни олиб қўяди!”, деб ҳадиксираб ишлайди. Эҳ, савил тахт-а!
Телерадиокомпания раҳбарлигига янги номзод қидиришаётганида айнан ҳозирги раҳбарнинг номзодини ўша ўринбосар опа кўрсатган экан. Заррача одамгарчилиги йўқ, Шокиров эса суҳбат чоғида “Ўринбосар опаниям  ишдан олиб ташламасаларингиз, мен у ердаги вазиятни ўнглай олмайман!”, деган экан. Асли ҳақиқат эса Шокиров қўрққан бўлса, тагидаги тахтдан қўрққан. Шунчалик қўрқдики, ҳатто ўша ўринбосарни бинога якинлаштирмай қўйди, ким у билан телефонлашиб турганини билса, дарров ишдан четлатди. Опанинг яқин шогирдлари ҳам опани аввал бошда йўқлаб турди, кейинчалик вазият бундай тус ола бошлагач, ҳозирда яширинча ҳол- аҳволлашиб турамиз.
Биласизми, ҳақиқатгўй инсон сифатида опани бутун жамоа қадрлаймиз, ажабмас, бу мақолани ўқиб, зора опа биз каби айрим шогирдларидан нотўғри хафа бўлиб юрганини англаб етса. Ахир иш топиш ўта мушкул, биз эса устозни излаймиз, деб ишсиз қололмаймиз.
Опа раис ўринбосари бўлган кезлари, эфирда, кўрсатувларда  бирор бир хато ўтмасди! Ҳозир эса ТВни чаласаводлар босиб кетди. ТВ тақдири пулни энг биринчи ўринга қўйган бир тўда кўрсаводлар қўлида  қолиб кетди Ҳар куни ғиж-ғиж хатоларга йўл қўйилади. Кўрсатувлар, аҳборот дастурларида титрларда  хато кетгани кетган! Бу кетишда бу гуруҳ Сурхондарё аҳолисини ҳам чаласавод қилиб қўйиши ҳеч гап эмас.
Сабаб нимада дейсизми? Сабаб ТВда мутахассислар – журналистлар эмас, балки асосан номутахассислар, “хўп-хўп”чилар босиб кетди. Бунга фақат бири киши айнан Хаджаев, у етиштирган Шуҳрат Шокиров сингари қўштирноқ ичидаги “далли” раҳбарлар айбдор!!!
Хулласи калом, ўзи рус тилида ёзадиган, ўзбек тилида лавҳа тайёрласа-да, Шуҳрат Шокиров раҳбарликнинг уддасидан чиқа олмаяпти. Аксинча, ТВда тартиб ўрнатаман, дея унга юқоридан буйруқ берадиган генералларга тақлид қилиб, фақат буйруқ бериш, дўқ-пўписа орқали муҳитни яхшилайман, деб ўйлаб, ҳамма ёқнинг расвосини чикарди. Бундан эса Ўзбекистон МТРК раҳбарлик қилган Хаджаев 10 йилдан ортиқ вақт давомида ўзига ўхшаган “малакали” кадрларни етиштирганини англаб олиш қийин эмас!
Хаджаевку, бугун эрта ишдан олинса керак. Хаджаев сингари ТВни чаласаводлар ва порахўрлар маконига айлантирган Шуҳрат Шокировни ҳам шундай тақдир кутаяптими? Ёки…йўқ.
Майли, саломат бўлсак, яхши ўзгаришларга гувоҳ бўлиш бизга насиб этар, деган умидда ушбу мақолага  шу ерда нуқта қўямиз!
Сурхондарё вилоят телерадиокомпанияси
ходимлари дардини оққа кўчирувчи
Шокир Саъдуллаев,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Термез шаҳри.
"2" Comments
  1. JANOB ISMAT XUSHEV SIZ USMON HAQNAZAROVMISIZ?

  2. Shukhrat Kobilov

    Mingboev unday odam emas. Tahrirni juda pishiq amalga oshiradi, bu uning utkir savodidan dalolat.
    Birgina viloyat TV si emas, balki butun respublikamiz OAV tizimida ishlaydigan jurnalist xalqi borki, uzidan aqlliroq xodimni kurolmaydi. Boshqa kasb egalarida bunday nosoglom muhit kuzatish dargumon. Garazguylik, igvo tarqatish, laganbardorlik, kamsavodlik, ta’magirlik, yolgonchilik istalgan kollektivning 70% ni tashkil etadi.
    Kadrlar bulimiku “uzimiz xabar beramiz”dan boshqa gapni bilmaydi. Ishga kirish uchun albatta kadrlar bulimini aylanib utib boshliqqa “kanal” topish shart. Ish vaqtida ham belgilab berilgan formatdan chetga chiqmasdan ishlash kerak. Senzura nimaligi hech kimni qiziqtirmaydi. Ishdan haydalasan, boshliqqa yoki uning “quloq”lariga yomon kurinsang.
    Tahririyatda besavodlik avjidaligi savodlilar kamligida, yoki undan alamzadalarning tahrirchiga aylanib qolishida. Ishdan bushatilgan jurnalist albatta, kuzatuvchiga aylanadi. Albatta, kimdirga yozib boshliqdan qasd olishga urinadi. Nima ahvol bu jamiyat tarbiyachilari deydigan odam yuq:)))))

Leave a Reply
*