Menu
Categories
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга халқаро журналист Бердиёр Жумаевдан
12/18/2016 Бош мақола
  %d0%bc%d0%b8%d1%80%d0%b7%d0%b8%d1%91%d0%b5%d0%b2-%d0%bc%d0%b8%d0%bd%d0%b1%d0%b0%d1%80-%d1%88%d1%83%d0%ba%d1%83%d2%b3%d0%b8
   
Ассалому алайкум, Исматбек!
Соғ-омонмисиз? Ижодий жамоангиздаги дўстларимиз ҳам сиҳат-саломатмилар?
Исматбек! Сизларга тавсия этганим:“Эрксиз матбуот – тараққиётга ёв, тамаддунга ёт!” сарлавҳали мурожаатимниэълон этганларингиз учун барчангизга улкан ташаккур! Аммо яқинда содир бўлган иккита воқеа мени мазкур мурожаатни бошқатдан ва мукаммалроқ тарзда кўриб чиқишга ундади.
Буларнинг биринчиси: “Халқ сўзи” газетасининг 2016 йил 13 декабрь сонида босилган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси Шоюнус Газиев билан уюштирилган суҳбат бўлса, иккинчиси: ўзини вилоят ҳокимлигининг ахборот-таҳлил гуруҳи ходими Шомурод Аҳроровман, дея таништирган шахснинг рақами яширилган телефондан қилган қўнғироғи бўлди.
“Халқ сўзи” газетасининг мухбири Зокир Худойшукуров билан Ўзбекистоннинг бош қозиси ўртасидаги мулоқотнинг нима учун эътироз туғдирганлигини қуйида батафсил келтирдим.
Шомурод Аҳроров, деганлариэса, менинг кимлигим, нега чет элга чиқиб кетганлигим, журналист сифатида нималар ёза олишим билан қизиқди ва ўзи билан учрашиб, суҳбатлашишимни сўради ҳамда +998 91563 35 25 телефон рақамини берди. У аниқ айтмасаям билдим-ки, мурожаатнинг эпкини шу ёққачаям етиб келибди-ю, аммо айтарли акс-садо бермабди.Мазкур сабаблар туфайли, уни қайтадан кўрганим ҳолда анча-мунча тўлдирдим.
Исматбек! Сизлардан илтимосим, мурожаатнинг нисбатан такомилроқ вариантигаям кўз югуртириб чиқасизлар ва мабодо лозим топсаларингиз,такроран ёритасизлар, деган умиддаман.
  1. P. S: Исматбек! Менга айтишлари-ча, Абдулла аканинг “Дунё ўзбеклари”да бугун эълон қилинган шеъри билан чиқарилган суратда мен ҳам бор эканман. Ҳозир Ўзбекистондалигим боис, ўзим сайтларингизни очиб кўриш имконига эга эмасман. Ўтинчим-ки, иложи бўлса, ўша суратдан бир кўчирма нусхасини юборсангиз.
Сизларга ҳаётий, фаолиятий ҳамда ижодий муваффақиятлар тилаб, эҳтиром билан:                           
                                                                                Бердиёр ЖУМАЕВ.
 

%d0%b1-%d0%b4%d0%b6%d1%83%d0%bc%d0%b0%d0%b5%d0%b2ЭРКСИЗ МАТБУОТ – ТАРАҚҚИЁТГА ЁВ, ТАМАДДУНГА ЁТ!
Ўзбекистон Республикасининг президенти Шавкат МИРЗИЁЕВга ва ўзбек мафкурасининг раҳнамоларига халқаро журналист Бердиёр ЖУМАЕВ томонидан
М У Р О Ж А А Т
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Ўзбек мафкурасининг ҳурматли раҳнамолари!
Қачонки, Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари (ОАВ) тўғрисида гап кетгудек бўлса, айнан Ўзбекистоннинг ичидаги мавжуд аксарият оммавий ахборот воситаларининг ўзлари мамлакатимизда то мустақилликка эришилгунига қадар 300 та атрофида оммавий ахборот воситалари мавжуд бўлган эса, эндиликда уларнинг сони 1460 тадан ошиб кетганлиги хусусида айюҳаннос соладилар. Аммо уларнинг сони шунчалик кескин ошгани билан, салмоғи, яъни сифати қандай эканлиги ҳақида эса – лом-мим, демайдилар.
Умрининг қирқ йилдан кўпроқ қисмини журналистика соҳасига бағишлаб, матбуотнинг бош муҳаррирликдан тортиб, барча босқичларини босганча, ҳамма чиғириқларидан ўтган ва мусофирликнинг аччиқ қисматини тотиб, халқаро мақомга эришган шахс тариқасида ишонч билан айтишим мумкин-ки, истиқлолдан кейинги чорак асрда Ўзбекистонда ҳақиқий журналистика ҳамда ҳаққоний матбуот йўққа чиқарилди. Мана шу соҳанинг замонавий дарғаларидан бири уқтирганидек: Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалариям, эндиликда ахборот қуроллари тариқасидаги мажбуриятларини тарк айлаб, фақат мафкура қуролларига айлантирилди. Яъни: ҳукмрон тузумнинг тор доиралари манфаатларинигина кўзловчи ғояларни онгларга сингдириш – улар фаолиятининг бош мақсади қилиб қўйилди. Минг таассуфлар-ки, жойларда мазкур муддаога, асосан эришилди ҳам.
Энг ачинарли жиҳати: эндиликда давримиз яхшиликлар ҳамда янгиликлар сари эврилаётгани ҳолда, мамлакатимиз бўйлаб ўзгача умидбахшнасимлар эса бошлаганига қарамасдан, бизнинг барча оммавий ахборот воситаларимиз ҳамон фаолиятларини эскичасига давом эттирмоқдалар. Улар ҳануз ҳақиқий ОАВдан талаб этилгани сингари ҳаётнинг энг олд сафларида эмас, балки энг орт қаторларида судралиб бораяптилар. Зеро, эрксиз матбуот, илло, журъатсиз бошқа оммавий ахборот воситалари тараққиётга ёв ҳамда ғов бўлса, тамаддунга бутунлай ётдир…
Ўзбекистон матбуотининг замон шиддатидан, даврон суръатидан нақадар орқада қолаётганлигини мамлакатнинг бош газетаси – “Халқ сўзи”нинг яқиндаги чиқиши тимсолида кўрсатмоқчиман. Мазкур нашрнинг шу йил 13 декабрь сонида “Суд ҳокимияти мустақиллиги – одил судлов кафолати” сарлавҳаси остида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси Шоюнус Газиев билан суҳбат эълон этилибди.
Мана унинг илк қисмидан ва тўртинчи ҳамда бешинчи хатбошиларидан иқтибослар: “– Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган демократик ҳуқуқий давлат ҳамда адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлида юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, бу борада салмоқли натижалар қўлга киритилмоқда. Буни юридик ва жисмоний шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳар жиҳатдан кафолатлаб келинаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу борада мамлакатимиз Конституцияси ҳуқуқий асос бўлаётир…
…Натижада судларда кўрилаётган низо турлари, шу жумладан, иқтисодиёт, мулк ва мерос билан боғлиқ мурожаатлар сони ошиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини суд орқали тиклашга бўлган ишончи тобора юксалиб бораётганидан далолатдир. Кези келганда судлар ҳар бир мурожаат ортида инсон ва унинг тақдири турганини инобатга олиб, уларни ўз вақтида қонуний ҳал этиш, адолатли қарорлар қабул қилинишига масъулият биланёндашаётганлигини таъкидлаш жоиз.
Шунингдек, 2014 йил 4 декабрда амалга киритилган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун асосида давлат органларига мурожаат этиш тартиби янада такомиллашди, десак, айни ҳақиқат. Зеро, унда соҳадаги қонунбузилиши ҳолатлари учун жавобгарлик белгиланиши баробарида, фуқаролар, шунингдек, давлат органлари, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш имконияти кенгайди ҳамда уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби тўла янгиланди”.
Хўш, бундайин баландпарвоз ҳамда ҳавойи сўзларнинг, айнан Ўзбекистондаги мавжуд судларнинг фаолияти хусусида айтилаётганига ким ишонади? Мамлакатимиздаги “учинчи ҳокимият”нинг ҳозирги аҳволи мутлақо буларнинг тескариси эканлигини кўзи ожизлар ҳам кўриб, қулоғи оғирлар ҳам эшитиб турган бир пайтда Газиев жаноблари нима демоқчи? Агар ўзбекистонликлар орасида мана шу масала юзасидан холисона ва одилона сўров ўтказиладиган бўлса, аҳолининг 10 фоизиям айни иддаонинг ростлигини тасдиқламаслиги турган гап-ку!
Мазкур ўринда юқоридаги мақоладан тағин битта иқтибос келтирсак: “Яна бир муҳим масала: Ўзбекистон ҳукумати порталида ташкил этилган мамлакатимиз Бош вазирининг виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz)орқали мурожаатларни электрон шаклда қабул қилиш ва ўз вақтида кўриб чиқиш тартиби жорий этилгани, ҳеч шубҳасиз, бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Натижада бугун минглаб юртдошларимиз ҳал этилмаган масалалар, айрим муаммолар, ариза ва шикоят ёки таклифлар билан тўғридан-тўғри Бош вазирга мурожаат қилмоқдалар. Ана шу мурожаатлар орасида судлар фаолиятига тааллуқлилари ҳам бор, албатта. Қисқа даврда ушбу виртуал қабулхона орқали Олий судга 14000 га яқин мурожаатлар келиб тушди”.
Шоюнус Газиев “Халқ сўзи” газетасининг мухбири Зокир Худойшукуровнинг саволига юқорида келтирганимиз тарздаги жавоби билан мамлакат судлари устидан Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига келиб тушган, деярли 14 мингта мурожаатлар Олий судга чора кўриш учун жўнатилганлигини тан олмоқда. Таъкидламоқ даркор-ки, одамлар, албатта Ҳукумат раҳбарига “Ўзбекистондаги одил ҳамда холис судлар”нинг адолатли фаолиятлари учун миннатдорчилик мактубларини юбормайдилар. Демак-ки, ушбу жўнатмалар жабрдийда фуқароларимизнинг Ўзбекистон судлари устидан дод-фарёдлари битилган арзлари-ю шикоятларидир.
Таққос тариқасида бир нарсани келтирмоқчиман: фараз сифатида, мамлакатимизда 1400 нафар судьяборлигини тахмин қилайлик. Гарчи шунақа бўладиган эса, юқоридаги рақам уларнинг ҳар қайсиси устидан ўртача 10 тадан, агар уларнинг сони 700 нафар бўлса, ҳар бирининг устидан ўртача 20 тадан шикоят ёзилган, дегани эмасми ёинки ана шундай маънони англатмайдими?!Бу, албатта судлар устидан ёзилган аризалар ва шикоятлар кўламини чамалаб кўриш учун тасаввурий мисол, холос…
Аслини олганда, Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига икки ойнинг нари-берисидагина келиб тушган мана шу 14 минг арз-доднинг ўзи, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармониқабул қилинганлиги халқнинг ва давлатнинг Олий суд ҳамда унинг тармоқлари ва қуйи тизимлари ишига берган салбий баҳолари эмасми?!
Мунақада Ўзбекистон бош қозисининг Ўзбекистоннинг бош газетасидаги: “Кези келганда судлар ҳар бир мурожаат ортида инсон ва унинг тақдири турганини инобатга олиб, уларни ўз вақтида қонуний ҳал этиш, адолатли қарорлар қабул қилинишига масъулият билан ёндашаётганлигини таъкидлаш жоиз” ҳамда “2014 йил 4 декабрда амалга киритилган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун асосида давлат органларига мурожаат этиш тартиби янада такомиллашди, десак, айни ҳақиқат” – дейилган даъволари халқнинг: “Мен нима дейман-у – қўбизим нима дейди” нақлини эслатмайдими?!
Мабодо мана шу иккита иддаонинг биринчи қисми рост бўладиган эса:нечун халқ мамлакат судларининг фаолиятидан бу даражада кескин норози, гарчи иккинчи қисми рост бўладиган эса: Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига, жорий йилнинг у ташкил этилган 25 сентябридан то 2016 йилнинг 18 декабрь ҳолатига қадар, жабрдийдаларнинг 288022 та, яъни чорак миллионтадан-да анча кўп аризалари ва шикоятлари қаердан келиб тушди?! Мазкур ҳаққоний саволларга ким ва қачон жавоб беради?
*      *      *
Фурсатдан ҳамда имкониятдан фойдаланган ҳолда, ушбу ўринда журналистика ва оммавий ахборот воситаларининг олдиларига қўйилган ҳамда уларнинг зиммаларига юклатилган, шунингдек, барчага баб-баравар равишда дахлдор бўлган умумбашарий ва умумдунёвий вазифаларни эслатиб ўтмоқчиман-ки, булар, назаримда, бизнинг мамлакатимизда аллақачонлар ёдлардан кўтарилиб кетганга ўхшайди.
Аввало, журналистиканинг расмий равишда таъриф-тавсиф этилган замонавий умумлашма талқини қуйидагилардан иборат:
журналистика – ўзига хос ижтимоий институт, оммавий ахборот воситаларининг (ОАВ) ҳаётий фаолиятини таъминловчи ва қўллаб-қувватловчи улкан манба, қатор касб-корлар-у ҳунарларнинг жамулжам мажмуи, маънавий, бадиий, маданий, тарихий, ижтимоий тадқиқотлар-кашфиётлар тизими;
журналистика – ҳар хил муҳим ва долзарб янгиликлар, хабарлар, воқеалар ҳамда ҳодисаларни оммавий ахборот воситаларида эълон этиш орқали турлича ижтимоий гуруҳлардаги кишиларнинг турфача дунёқарашларини фаоллаштириш қуроли;
журналистика – замонавий ҳаётнинг мураккаб, жумбоқ масалалари, чигал муаммоларини кўтариб чиқиш орқали уларга кенг жамоатчилик ҳамда давлатнинг эътиборини жалб этиш ҳамда уларни ечиш, ҳал қилиш ҳамда бундайин қийинчиликлар ва мураккабликларга барҳам бериш воситаси ҳисобланади.
Энди оммавий ахборот воситаларининг олдида турган мақсад-муддаолар ҳақида тўхталадиган бўлсак, халқаро доираларда тан олинган манбаларда таъкидланади-ки: “оммавий ахборот воситалари зиммасига ахборот бериш (ОАВ ўзлари тегишли бўлган мамлакат фуқаролари ҳаётий муҳим масалаларда ўз позицияларини аниқлаб олишлари ва шунга яраша ҳаракат қилишлари учун тегишли маълумотларни етказиб беришлари керак); мавжуд вазиятни шарҳлаш (ОАВ ўзлари мансуб мамлакат ҳамда жаҳондаги воқеа-ҳодисаларни холислик, ошкоралик ҳамда мустақиллик нуқтаи назаридан шарҳлаб беришлари зарур); назоратчилик (ОАВ жамоатчилик манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, бошқа давлат ва ҳокимият органларининг фаолиятларини текшириб, назорат қилиб, буларнинг натижалари хусусида фуқароларни воқиф айлаб турмоқлари даркор); ўзаро боғловчилик (ОАВ мамлакатдаги сиёсий ҳамда ижро органлари, касаба уюшмалари, ноҳукумат ва бошқа жамоат ташкилотларининг ишларини ўзаро боғлаган ҳолда уларнинг фаолиятларини ўзаро бир-бирига уйғунлаштириш ҳамда мувофиқлаштиришга ҳисса қўшишлари лозим)масъулиятлари юклатилади”.
Замонавий журналистика ҳамда журналистларга тегишли сабоқлар ҳақида тўхталадиган бўлсак: Америка Қўшма Штатларининг, қолаверса, бутун жаҳоннинг етакчи олигархларидан бири (“Forbes” журналининг маълумотига мувофиқ, 2016 йил ибтидосидаги натижалар бўйича 45,6 миллиард долларлик бойлик ва сармояси билан жаҳоннинг энг бадавлат одамлари ўртасида 8-ўринда), Нью-Йорк шаҳрининг 2014 йил 1 январигача мэри (ҳокими), “Bloomberg” ахборот империяси маҳкамасининг таъсисчиси ҳамда хўжайини Майкл Блумбергнинг ОАВ ходимларига ўгитлари эса, ушмундоқдир:
“Ким-ки, энг яхши репортёр (Ғарбда замонавий журналистларни, кўпинча ана шундай ном билан атайдилар) бўлишни истаса, унинг тили ўткир ва аниқ бўлиши, ҳар бир нарсага жиддий эътибор билан қараши, ҳар қандай диққатга молик янгиликни биринчи бўлиб илғаб олиши, топшириқнинг нақадар мураккаб эканлигига қарамасдан, уни бажаришга тиришиши керак. У бизларнинг ҳеч қайсимиз хатолардан холи эмаслигимизни тушуниб етиши ҳамда ён-атрофидаги инсонларга нисбатан ҳурмат-иззат ҳамда хушмуомалалик билан муносабатда бўлиши зарур. “Bloomberg”нинг ахборотлари рақобатбардош бўлмоғи учун биз:
  1. Пуллар, маҳсулотлар, бозорлар, компаниялар ҳамда иқтисодиётнинг аҳволи тўғрисидаги янгиликлардан биринчи хабардор бўлишимиз;
  2. Айни масалаларда ҳар қандай ихтисослашган нашр ёки профессионал мутахассис даражасига ёхуд мақомига эришишимиз;
  3. Ҳар қандай савиядаги одам-да англаб ета биладиган, шу билан биргаликда, ҳар қандай мутахассис муносиб баҳолайдиган савияда ва даражада ёзишимиз;
  4. Тушунарли, аниқ ҳамда ишончли тарзда ёзишимиз;
  5. Турли мақомдаги ҳиссадорлар, облигацияларнинг эгалари, банкларнинг мижозлари хусусидаги долзарб ахборотларни тезкорлик билан излаб топишда тиришқоқлик, қунт ва сабот кўрсатишимиз;
  6. Ҳалол бўлишимиз ҳамда хатоларимиз аниқланиши ё маълум бўлиши биланоқ, уларни тан олишимиз;
  7. Виждонли бўлишимиз, ўзимизнинг хатоларимиз аниқланса ёинки маълум бўлса, ўша заҳотиёқ, уларни тузатишга киришишимиз;
  8. Ҳар бир киши алоҳида ҳолатда эмас, ягона жамоага жипслашгандагина кучли бўлишини тушуниб етишимиз;
  9. Ахборотдаги ҳар қайси тафсилотга жиддий эътибор бермоғимиз лозим-ки, у маълумотнинг ишончли чиқишини таъминлайди;
  10. Бутун меҳнат фаолиятимиз давомида ўз устимизда ишлаб, профессионаллик ҳамда касб маҳоратимизни такомиллаштириб боришимиз даркор.
Айнан мана шу ўнта сабоққа қай даражада амал қилиниши – ўз юмушини қўл учида, шунчаки, бажараётганлар билан, зиммасидаги хизмат вазифасини виждонан адо этишга интилаётган шахслар орасидаги фарқнинг нақадар катталигини кўрсатади. Биз, албатта ўз ишимизни талаблар доирасида ҳамда сифатли бажаришимиз шарт. Қачон-ки, бунинг учун бизда етарли билим, маҳорат ҳамда малака бўлган тақдирдагина, ўзимизнинг мақсадимизга шунчалик тарзда муваффақиятли эришамиз”.
Мен юқоридаги маълумотларни ва далилларни бежизга келтирмаяпман: хўш, Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари оламий миқёсда эътироф этилган ҳамда жаҳоний қамровда амал қилинадиган мана шу талабларга неча фоиз жавоб беради?
Яна ўша ўзимизнинг оммавий ахборот воситаларимизда оғиз кўпиртириб мақтанаётганимиз: Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари бўйича қабул қилинган ўнга яқин қонунларнинг бисёр талаблари-ю кўрсатмалари қай даражада бажарилмоқда? Ёхуд улар, фақат оғизларда-ю қоғозларда қолиб кетдими?!
Чораккам бир аср сиғинганимиз йўқсиллар доҳийси Владимир Лениннинг: “Газета – нафақат жамоавий тарғиботчи ҳамда жамоавий ташвиқотчи, шулар билан биргаликда,, у жамоавий ташкилотчи ҳамдир” – деган тўғри ва холис баҳоси мавжуддир-ки, айни нуқтаи назардан қарагандаям бизнинг матбуотимиз ниҳоят даражада оқсаётганини кузатишимиз мумкин.
“Демократик давлатларнинг матбуоти – ахборотлар-маълумотларнинг манбаи бўлса, тоталитар давлатларнинг матбуоти эса, ёлғонлар ва алдовларнинг манбаидир”. Таниқли ижодкор ҳамда тарихчи Бауржан Тойшибековнинг “Шарқ донолиги” китоби билан танишаётиб, ундаги юқорида иқтибос сифатида келтирганим жумланинг иккинчи қисмини ўқиганимда, беихтиёр, ўзимизнинг оммавий ахборот воситаларимиз эсимга тушди.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам, нуқул сони-ю номи кўплиги пеш қилиб кўрсатиладиган ўша юзлаб газеталар-журналлар, теле-радио каналлари ҳамда бошқа турдаги электрон оммавий-ахборот воситалари аллақачон эрксиз, тилсиз, журъатсиз нарсаларга, маддоҳларга, ялтоқларга, уларнинг мухбирлари эса, масхара ва ҳақорат объектларига ҳамда тиланчиларга айланиб қолдилар. Ҳозир ўзимизда “тўртинчи ҳокимият” атамаси таҳқир маъносида ишлатилишиям бор гап.
Айнан шунинг учун ҳам, давлатнинг расмий матбуот нашрларини ҳеч ким ўз хоҳишича ўқимайди, шунингдек, уларга ихтиёрий равишда ёзилмайдиям, ушбу боисдан-да, уларга мажбурлаб обуна қилдирилади. Давлат газеталари ҳамда журналларига, шусиз ҳам кун кечириш учун, умуман етмайдиган ойлик маошларидан зўрлик билан пул ушлаб қолиниб, обуна қилдирилган норози одамларнинг оҳлари-чи оламни ўртайди.
Ушбу ўринда бир аччиқ ҳақиқатни айтмоқчиман: мабодо расмий оммавий ахборот воситалари оммавий зўравонлик усули қўлланилгани ҳолда ёппасига обуна қилдирилмаганида, шунингдек, давлат томонидан қўллаб-қувватланмаганида эди, улар аллақачон тарқалиб ва тугаб кетган бўларди.
Ўзтеле-радио тизими хусусида эса, ўзининг рус либерал-демократлари отаси эканлигига астойдил даъвогарлик этувчи Владимир Жириновскийга нисбат бериладиган: “Мабодо, жаннатни кўрмоқчи бўлсанг, ўзбек телевидениеси кўрсатувларини томоша қил, агар дўзахда яшамоқчи бўлсанг, Ўзбекистоннинг ўзига бор!” – деган гапини келтиришнинг ўзи кифоя қилади, дея ўйлайман. Илло, мамлакатимиз “ойнаи жаҳон”ининг жимжимадор фаолияти, улардаги дастурларнинг дабдабали мазмун-моҳияти ҳақида халқаро доиралардаям кўп ҳамда хўп ёзилгандир.
Энди эса, журналистларнинг аянч аҳволи тўғрисида, бевосита ўзим гувоҳ бўлганим ҳаётий мисолни келтириб ўтмоқчиман: туманлардан бири ҳокими ўринбосарининг хизмат хонасида суҳбатлашиб ўтирганимизда бир киши унинг ҳузурига кириб келди. Маълум бўлиши-ча, у анча-мунчага сўзи ўтадиган бой ҳамда таъсирли фермерлардан экан.
– Бу таёқсиз девоналардан қутуламанми-йўқми, ўзи?! Ҳар ҳафтада биттасини менга юбортирасиз. Ҳозир келсам, ходимингиз яна навбатдагисини тиқиштираяпти. Булардан қай бирининг қорнини тўйдираман-у тағин қайси биттасининг шартномасига имзо чекиб бераман… Жонга тегиб кетишди-ку, – деди салом-аликни-да йиғиштириб қўйганича.
Кейинчалик англашилди-ки, фермер: “Таёқсиз девоналар” – дея “таърифлаганида” ҳар хил мухбирларни назарда тутган экан.
Хўш, ўзбек журналистларининг аксарият қисмини мана шундай шармандали ҳолга туширганлар кимлар?!
Одатда, Ўзбекистондаги газета-журналларнинг, теле-радио каналларнинг танқиддан қўрқишлари ҳамда ошкораликдан қочишларига дастлабки сабабчилар тариқасида уларнинг бош муҳаррирлари айбдор қилиб кўрсатилади. Шунингдек, тағин бош муҳаррирлар мамлакат миқёсидаги эркин матбуотнинг гўрковлари сифатида талқин этилишларидаям жон бор.
Мана, Ўзбекистонда халқаро босимлар остида цензуранинг расмий равишда бекор қилинганига-да ўн йилдан ошиб кетди. Аслида ўшандан сўнг, ушбу борадаги вазиятлар баттарлашса баттарлашди-ки, аммо сираям яхшиланган эмас. Негаки, илгарилари матбуотда босишга ёинки теле-радио орқали намойиш этишга, эшиттиришга изн-рухсат берилмайдиган нарсалар тегишли қўлланмаларда ва йўл-йўриқларда аниқ-тиниқ кўрсатилган ёинки ёзилган бўларди.
Расмий цензурага барҳам берилганидан кейин эса, бош муҳаррирларнинг ўзлари бўлар-бўлмас ҳар нарсага тўсқинлик қилаверадиган, ҳатто, сояларидан-да ҳадиксираб, нуқул силлиқ ва ғавғосиз нарсаларни босадиган ашаддий цензорларга, яъни эркин сўзнинг тақиқчиларига ҳамда ошкора мулоҳазаларнинг ва танқидий фикрларнинг таъқибчиларига айландилар.
Масалан, шахсан ўзим ҳам 2000 йилларнинг бошида республикадаги, деярли барча марказий газеталарда кўплаб чиқишлар қилгандим. Кейинчалик эса, айнан аксарият бош муҳаррирлар турфа тошбосмас ва шунчаки баҳоналар билан мақолаларимни босмай қўйишди. Ҳолбуки, уларда турли долзарб ҳамда муҳим муаммолар кўтарилган эса-да, ҳеч қандай сиёсий тусдаги эътирозлар билдирилмаганди. Охир-оқибатда, хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлдим ва бундан заррача ўкинмайман. Негаки, Ўзбекистонда турганим ҳолда, ҳатто-ки, бирортасиям ёруғлик юзини кўриши имконсиз бўлган ўнлаб бадиий ҳамда публицистик асарларимчет элларда эълон қилинди ва эътироф этилди.
Ўзбекистоннинг ҳозиргача бўлган маънавий муҳитидаги афсусланарли жиҳат шунда-ки, рамзий маънода тавсифлаганда тиллари, диллари, қўллари боғланган кўплаб иқтидорли ҳамда истеъдодли ўзбек журналистлари, мана, ўн беш – йигирма йилдир-ки, тирикчилик ташвишлари билан ўралашиб қолишга мажбурланиб, ўзларининг улкан ижодий имкониятларини, профессионал салоҳиятларини юзага чиқаришдан маҳрум этилдилар. Бундан уларнинг ўзлариданам кўра, жамият ва халқ каттароқ зиён кўришди.
Юқорида айтиб ўтганимдек, эндиликда Ўзбекистоннинг оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистлари ўзларига боғлиқ бўлмаган равишда, шунингдек, ўзларининг хоҳиш-истакларига қарши ўлароқ обрў-эътиборларини ва таъсир кучларини йўқотганликлари туфайли, ўзларининг қадр-қимматлариниям бой бердилар.
Таассуф-ки, халқаро мезонларнинг талаблари нуқтаи назаридан ёндашганда, ҳатто, Марказий Осиё қамровида олгандаям, фақат Ўзбекистондагина матбуот ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларининг ҳоллари ана шунақа хароб. Аслида ҳамда амалда эса, бошқа жойларда мутлақо бундай эмасдир. Буни хорижларда юрган юртдошларимиз яхши биладилар.
Иқтисодий-ижтимоий томондан тараққий этган ҳамда маънавий-маърифий тарафдан равнақ топган жами давлатлар, жамиятлар ва тузумлар бордир-ки, уларнинг барчаси, асосан эркин матбуот, озод сўз ҳамда очиқлик ва ошкоралик туфайли тонг қоларли даражада юксак муваффақиятларга, уларнинг халқлари эса, юқори турмуш фаровонлигига эришганлар. Ҳақиқатан-да, шундай эканлигига ўнлаб-юзлаб далиллар келтирмоқ мумкин!
Бундан икки юз йилдан ортиқроқ муқаддам – XVIII асрнинг охирларидаёқ, ҳали, фақат газета-журналлар фаолият кўрсатиб турган пайтларда Америка Қўшма Штатларининг учинчи президенти Томас Жефферсоннинг: “Гарчи оддий фуқаро сифатида менга матбуот мавжуд бўлмаган ҳукумат билан яшашни ёинки эркин матбуот бор-у, лекин ҳукумат йўқ бўлган ҳаётни танлаш ҳуқуқи берилганида эди, ҳечам бош қотириб ўтирмасдан, иккинчисини танлаган бўлардим” – деган эътирофи оммавий ахборот воситаларининг ҳурфикрлилик иқтидори ҳамда ошкоравийлик салоҳияти билан боғлиқ ва ҳар қандай замон-у макон учун сабоққа арзигулик даъватдир.
Аслини олганда, оммавий ахборот воситалари кимларнинг қўлларида-ю кимларнинг хизматларида эканлигидаям гап кўп. Бунинг исботи учун узоққа бормасдан, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Ижтимоий одоблар” китобидаги: “Матбуот ва ахборот воситалари дунёда бўлаётган ҳодисалар ҳақидаги хабарлар ва маълумотларини кимнидир машҳур қилишга ишлатса, кимнидир шарманда қилишда фойдаланиши ҳам мумкин. Матбуот ва ахборот воситалари мазкур нарсаларни ҳақиқат ҳимоясига ҳам, ботил хабарлар тарқалишига ҳам, ҳодисаларни бузиб кўрсатишга ҳам ишлатиши мумкин. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, матбуот ва ахборот воситалари бугунги кунда хоҳлаган тарафи билан хоҳлаган нарсасини кесадиган икки тиғли ханжарга ўхшаб қолди” – дейилган холисона мулоҳазани келтириб ўтмоғимиз зарур кўринади.
Шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг фожиали ва даҳшатли таъсирлариям мавжуддир-ки, улардан-да кўз юммоқ мақбул эмас. Гитлер Германиясининг бош мафкурачиси Йозеф Геббельс: “Менга оммавий ахборот воситаларини беринг ва мен ҳар қандай халқни чўчқалар подасига айлантираман” – дея туриб, айни сўзлари орқали ўзининг ваҳшиёна мақсадини баён ва намоён қилиши билан биргаликда, матбуотнинг нақадар қудратли эканлигигаям тўғри ишора этганди. Шунингдек, бутун жаҳон тан олган аллома, физика соҳасидаги Нобель мукофотининг соҳиби Петр Капица: “Оммавий ахборот воситаларининг фалокатли хавфи оммавий қирғин қуролларининг ҳалокатли хатаридан кам эмас!” – деганидаям ниҳоятда ҳақ эди.
*      *      *
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Ўзбек мафкурасининг ҳурматли раҳнамолари!
Мен юқоридаги мулоҳазаларим билан кимларгадир нималарнидир ўргатиш ёхуд маслаҳатлар-у насиҳатлар бериш иддаосидан мутлақо йироқдаман. Холисона истагим-ки: Ўзбекистонимизнинг оммавий ахборот воситалари ҳам эрксизлик исканжасидан қутулиб, ўзларининг асл ва холисона профессионал вазифаларини бажаришга дадил киришишса, журналистларимизга эса, демократик ҳамда ошкоралик руҳида ижод қилишлари учун имкониятлар ва шароитлар яратилса! Худо хоҳласа, булардан ҳам тузум, ҳам жамият, ҳам халқ ютишини исботлаб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак.
Соҳибқирон Амир ТЕМУР жанобларининг:
Адолат ва озодлик дастурингиз – раҳбарингиз бўлсин. Миллатнинг дардларига дармон бўлмоқ вазифангиздир!” –
 
шунингдек, Мир Алишер НАВОИЙ ҳазратларининг:
Даврон элининг жисмида ҳам жон бўлғил,
Ҳам жонлариға мояи дармон бўлғил! –
 
деган ҳаётбахш ва нажотбахш хитоблари оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг асосий дастуриламалига айлантирилса, деган эзгу ниятдаман!
Бердиёр ЖУМАЕВ,
“Олға” – “Чироқчи” газетасининг 1987-2001 йиллардаги муҳаррири.
 
Ўзбекистон, Чироқчи шаҳри.
 %d0%b1-%d0%b4%d0%b6%d1%83%d0%bc%d0%b0%d0%b5%d0%b2
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*