Menu
Categories
Канаданинг Торонто шаҳрида ўзбекистонлик ватандошлар жамияти йиғилиши
01/15/2017 Бош мақола

 

 

  Қурултой 6

Суратда: Уюшма раиси Фахриддин Худойқулов (чапдан биринчи), олима Умида Турсунова (иккинчи), давлат ва жамоат арбоблари Леонид Терман ва Аброл Кахоров (ўртада), Торонтодаги биринчи ўзбек поликлиникаси раисдоши Мухтор Йўлдошев (ўнгдан биринчи) лар йиғилиш президиумида…
1.
Кейинги йилларда Ўзбекистондан турли баҳонаи сабаб билан хорижга чиқиб кетган ватандошлар сони кескин ортгани кузатилади.
Улар ўзлари яшаётган янги давлатларда уюшма ва жамиятлар ташкил қилиб, ватандошлик ва дилдошлик туйғуларини, ўзбек халқи маданияти ва қадриятларини авайлаб асраб келмоқдалар.
Яқинда Канаданинг энг йирик шаҳри бўлмиш Торонтода ҳам ана шундай ўзбекистонлик ватандошлар уюшмасининг навбатдаги ҳисобот сайлов йиғилиши бўлиб ўтди…
2.
Ўқувчиларнинг ёдида бўлса, биз олдин ҳам Торонтода истиқомат қилувчи ўзбекистонликларнинг мазкур уюшмаси ҳақида, улар олиб бораётган жўшқин фаолият борасида қатор мақолалар эълон қилган эдик.
Хусусан, буюк мутафаккир Алишер Навоий юбилейига бағишланган – 500 нафар ўзбекистонлик ватандош иштирок этган машҳур йиғин ҳақидаги хабаримиз акс садоси, мана орадан беш олти йил ўтиб кетган бўлса ҳам, ҳали ҳануз ер юзининг турли қитъа ва бурчакларида яшовчи ўзбекистонликлар қалбида  акс садо бериб турибди. Бунинг сабаби эҳтимол, Шимолий Америка қитъасида илк бора Навоий бюстининг тантанали очилиш маросимида Торонто шаҳар ҳокимияти мулозимлари расман иштирок этганлари ҳам мазкур анжуманга алоҳида кўрк ва завқ бахш этгани бўлса, не ажаб.
Торонтода  ҳар баҳорда ўтказиладиган Наврўз айёми ва сумалак пишириш базми ҳақидаги мақола ва суратлар, атлас кўйлак кийган гўзал қизларимизнинг рақс ва қўшиқлар фонида олинган бетакрор видео лавҳалар ёдингизда бўлса керак.
Буларга қўшимча қилиб, яна шуни айтиш лозимки, Торонтодаги туркистонлик ватандошлар уюшмаси ташаббуси билан Ўзбекистоннинг Нью Йоркдаги Бош консули,  Вашингтондаги фавқулодда ва мухтор элчиси ҳам шахсан Канадага ташриф буюриб, бу ерда истиқомат қилаётган ўзбек ватандошлари билан қизиқарли ва самимий суҳбатларлар ўтказган эдилар.
Биз бу тадбир ва учрашувлар ҳақида “Дунё ўзбеклари” ўқувчиларига мунтазам хабар бериб келдик…
3.
Куни кеча мазкур уюшманинг навбатдаги ҳисобот сайлов йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда ўзбекистонлик таниқли журналистлар, давлат ва жамоат арбоблари ҳам иштирок этдилар. Масалан, аввал Ангрендаги “Узбекшахтастрой” трести Бошқарувчиси, сўнг Жиззахдаги “Жиззахстрой” бирлашмаси Бош директори бўлган, Ленин ордени, икки марта Меҳнат Қизил байроқ орденлари соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи, СССР СовМин мукофоти соҳиби Леонид Яковлевич Терман, узоқ йиллар Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети масъул ходими, “Узбекзолото” ишлаб чиқариш бирлашмаси Бош директори бўлган, СССР Давлат мукофоти лауреати Аброл Кахоров, Тошкент Олий ўқув юрти олимаси, фан номзоди Умида Турсунова, “Озодлик” радиоси мухбири Зикрилла Ишонч ва Ўзбекистон телевиденияси “Бурч ва Ҳуқуқ” телекўрсатуви бошқарувчиси бўлиб ишлаган Бахтиёр Шоҳназаровлар шулар жумласидандир.
Юзга яқин ватандош иштирок этган мазкур анжуман Ўзбекистон Давлат Гимни билан бошланди. Куни кеча АҚШда вафот этган Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
Сўнг уюшма раисининг ҳисоботи тингланди, муҳокама қилинди ва бир овоздан маъқулланди.
Сўзга чиққанлар уюшма олиб бораётган хайрли ишлар ҳақида тўлқинланиб гапирдилар.  Уюшма раиси Фахриддин Худойқулов ва Бошқарув Кенгашидаги жонкуяр миллатдошларнинг хизматлари туфайли биз Торонтода ўзимизни бегона ҳис қилмай қўйдик деб эътироф этишди улар.
Йиғилишда беш йил муддатга Фахриддин Худойқулов – раис ва 15 кишидан иборат – Бошқарув Кенгаши аъзолари сайланди.
Йиғилишни журналист Исмат Хушев бошқариб борди.
Унда Ўзбекистонлик таниқли давлат ва жамоат арбоблари,  олим ва зиёлилар, маданият, санъат ва журналистика намоёндалари, оддий халқ вакиллари иштирок этдилар.
 Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
7 ноябрь, 2016 йил,
Торонто шаҳри, Канада

 

Қурултой бошланиши

Суратда:  Мухтор Йўлдошев (чапда) ва журналист “Исмат Хушев (ўнгда)…

 

Қурултой 7

Қурултой 6

Қурултой 5

Қурултой 4

Қурултой 3

Қурултой

 

Қурултой 2

Қурултой 0

Қурултой Торонтода

 

Суратда: Уюшманинг янги сайланган раиси Фахриддин Худойқулов (минбарда) янги режалар ҳақида…
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*