Menu
Categories
Анвар Сайрамий: Орқага йўл йўқ (Сафар саргузаштлари)
01/20/2017 Бош мақола

page-0001Анвар Сайрамий
Сафар саргузаштлари
Орқага йўл йўқ.

Давомийлиги қарийиб бир йилга режаланиб, фашизм устидан қозонилган «Буюк ғалаба» нинг эллик йиллигига бағишланган ва «ЕвроОсиё дўстлик сафари» деб номланган навбатдаги бешинчи саёхатимнинг учинчи куни.

Катта йўл ёқасидаги ёқилғи қуйиш шахобчасига яқин бир қулай жойни танлаб ўша ерга палатка ўрнатиб қандайдир ноаниқ бир бензин ташувчи машинани ўн саккиз соат ҳам ўтдики умидвор кутганча ётибман.

Кеча, Қирғизистон вақти билан соат тўртлар чамаси мотоциклнинг бакидаги деярли охирги томчилари билан ўша ёқилғи қуйиш шаҳобчасига етиб келгач бизнинг ДОСААФ комитети томонидан каминага берилган хужжатни ёқилғи қуйиш жойидаги ишчи ходимларга кўрсатиб бензин сўраганимда «Ичкари хонада бошлиқ ўтирибди, ўшанга йўлиқинг»-дедилар.

Остона хатлаб ичкари кирдим. Салом – аликдан сўнг – «Мен саёхатчиман, дунё кезиб юрибман, илтимос ёқилғидан бир оз ёрдам берсангиз» – дедим бошлиққа қўлдаги қоғозимни унга кўрсатиб.
«Яхши – деди қўлимга хужжатни қайтариб бераркан – бир бензин қуювчи машина келади, ўшандан олиб бераман».

Ташқарига чиқдимда мотоциклим ёнига келиб ўша машинани кутганча туравердим.
Соат кечки олти бўлди. Бу вақт ичида шахобчага иккита машина келиб бензин тўкиб ҳам улгурди. Раҳбарга учраган чоғимда, «Бу машиналар бошқа, сизга айтганим энди келади.» -деди бепарволик билан.
Соат саккиз чамаси. Эшик очилиб аввал қорин, кейин эса бошлиқнинг юзи кўринди. Бошига шляпа қўндириб олган бу девсифат одам ГАЗ-24 маркали машинасига яқинлашганида елганча олдига бориб сўрадим
-Мабодо кетиб қомайсизми?
-«Йўқ – деди каминага беэътибор – бир оздан сўнг қайтаман».
Қоронғу тушгач ноиложликдан ёқилғи қуйиш шахобчасидан андек нарироққа палатка тикдим. Сабаби халиги ёқилги қуяётган навбатчи ходимларнинг биридан бошлиқнинг энди қайтиб келмаслиги ҳақида ҳабар топгандим .
Бисотимда егуликлар қолмаган, киссамда эса ҳеч вақо йўқ.
Навбатчилиги тугаб бўлган ишчилар уй-уйларига тарқалишдилар, янгилари эса ўз ўринларини эгалладилар. Тортинибгина улардан – «бирон-бир егулик борми?» – деб сўрайман.
-«Йўқ-да биродар, биз тунги навбатчиликни деярли ухлаб ўтказамиз» – дейишди.
Аянчли бир холатда тунни – тонгга улайман. У ҳам етмагандек қайта ўз жойини эгаллаган кечаги ишчилардан раҳбари, каминага ҳеч қанча ёқилғи бермаслиги, ходимларинида қатъий равишда огохландириб кетганлиги, «келади» – деб айтган ноаниқ машинани умуман йўқлиги маълум бўлди.
Аввало конистр, сўнгра эса бирмунча кичикроқ идиш олиб йўл четиг чиқаман ва ўткинчи машина хайдовчиларидан лоақал озгина бўлсада ёқилғи беришларини, яқиндаги ахоли пунктигами, ёки бўлмаса ёқилғи қуйиш шахобчасигами етиб олишимга кўмаклашишини сўрайман. Ҳеч бир техника ҳайдовчиларининг тўхтагиси келмас, тўхтаб ўтганлари ҳам елка қисганларича жўнаб қолишардилар.
Палаткамга келаман. Ўтираман – тураман. Бу янглиғ муаммони қай тарзда ечиш кераклиги ҳақида бош қотираман. Кимдандир олдинда, унча узоқ бўлмаган жойда мой қуйиш шахобчаси борлиги ҳақида хабар топгач палаткани йиғиштириб, ўша жойга мотоциклимни етаклаб боришга қарор қилдим. Гарчи мотоцикл кажавасида уст-бошларим, ўрин-тўшак, хужжатлар жойлашган чемодан ва палатка-ю учта бўш конистрадан бошқа ҳеч вақо бўлмаса-да унча узоқламай юрибоқ холдан тойдим. Салгина тепалик ҳам ошиб ўтишимга қийинчилик туғдирар, гарчи йўллар асфальт эсада юриш ўта машаққатли кечарди.
Куч – қувватимдан айрилганча йўл юриб борарканман ўз-ўзимча чуқур хаёлларга бораман.
-«Энди нима бўлади?» Бегона юрт. Бегона Ватан. Нотаниш одамлар. Олдинда эса Қора – Болта ахоли пункити орқали ЎШ вилоятига ўтгунимга қадар 8580 метр баландликдаги Тюз – Ашуу ва 3184 метр баландликдаги Ала-Бель давонлари турибди. Бу каби юксак тоғдан ошиб ўтиш ўзи бўлармиди. Ҳали бундай давонли тоғлардан қанча-қанчаси турибди, ахир «Яна 40 минг чақиримга яқин йўлларни босиб ўтишим даркор. Бу мотоциклни етаклаш билан нимага эришаман». Қанча ҳаракат қилиб мотоциклни чираниб етакласам – да ярим чақирим йўлни юра олмабман ҳали. Юришга ҳолим қолмади. Бутунлай холдан тойганча техникамга суянгиб ўйга толаман.
Яна ўша савол. «Энди нима бўлади? Наҳотки!?… Йўқ-йўқ. Асло мумкин эмас. Орқага йўл йўқ менга!»
Йўл ёқасидан топиб олган бир ярим литрли Кока Коланинг идишини энди қўлимга олиб бир қўлим кўксимда, иккинчи қўлимда эса ўша идишни ҳайдовчиларга кўрсатиб зорланаман. «Хой инсофли одамлар» – дейман уларга қарата, лоақал шу идишга жижжа мой қуйиб берингларчи?
Собиқ СССР тарқалиб битганлиги, ва яна шу туфайли Қирғизистон ҳам мусақил давлат мақомини олганлиги сабабли шароит бирмунча қийинлашганлиги боис ҳар ким ўз-ўзича фикр юритар, келажакка назар ташлаш ҳам турлича эди. Шунинг учун бўлса керак аксари одамлар фақат ўтган кунлари хақида ўйлаб қолган эдилар. Ҳамма – ҳаммаси ўз ташвишлари билан банд. Ўзга кишига кўмак кўрсатиш хақида ўйламасдилар ҳам.
Балки мен янглишаётгандирман. Сахий одамлар кўпку дунёда. Ҳа, яхши инсонлар борки олам мунаввар…
Ўйчан ерга нигоҳимни қадаганча турарканман ногахон ҳаёлимга шундай бир фикр келди. Шахматда. Шахмат юришида, ҳар қандай оғир шароитда ҳам бир муваффақиятли юриш бўлади-ку! Ўз-ўзимга тасалли берган бўламан. Яна олға интила-интила йўл ёқасидаги бир уй эшиги олдида тўхтадим.
Кимларга ишониб бу каби олис сафарга чиқдим. Мотоциклим йўлда бузилиб қолсачи? Ўз-ўзимча хаёл сурарканман уйдан олис сафарга тайёрланиш жараёни кўз олдимга келди.
Қай юз билан изимга қайтаман. Туман, вилоят газеталари ва телевидения ходимларига берган ваъдаларим. Қишлоқдошлариму, ҳамюртларимга «Бу ЕвроОсиё дўстлик сафари бир йил давом этади. Мақсадим турли миллат-элатлар вакиллари ила учрашиш, улар билан дўстлик – биродарлик ришталарини боғлаш, уларнинг урф-одатлари, яшаш тарзи, диний эътиқодлари, анъаналарини ўрганиб шу асосида – «Сахий инсонлар саховати» – деб режалаштрилган китобим ҳакида гапириб йўлга чиққанманку.
Бу кунлар балки ўткинчидир. «Толпинганга тоъле ёр»- дейдилар. Интилсанг, албатта имкон топишинг муқаррардир. Билиб қўй Анвар! Сен учун энди орқага йўл йўқ! Олдинга, фақат олдинга интилиш чораларини ўйлаб топ. Наҳотки сен тоғ ёнбағрида, қоя тошларга арқон ила осилиб тунни-тонгга улаб чўққиларни забд этаётган шерюрак альпинист қизу-йигитларчалик холинг бўлмаса…
Андиша-ю – ғурурликни «четга суриб» қўйдимда, кўча четидаги ҳалиги хонадон дарвозасини тақиллатдим. Турк миллатига мансуб бир отахон чиқиб
– «Келинг биродар», – деди самимийлик билан.
– Акажон, мен бир саёхатчиман. Сизлардан озгина егулик сўраб келгандим» – дейман мақсадимни баён этиб.
– Ҳа, яхши. Ичкарига киринг» – деди хонадон сохиби.
– «Йўқ, анови мотоциклим ва бисотимдаги нарсалар»…
-«Кираверинг-кираверинг! У ерга набираларимнинг биронтасини юбораман, хотиржам бўлаверинг, ҳеч ким тегмайди» – деди каминани ичкарига етаклаганча.
Не бахт-ки тўкин дастурхон атрофида ўтирибман. Ҳимматли мезбон билан сухбатимиз қизиб кетди.
Унинг берган саволларига тўлқинланиб жавоб берарканман, аввало Ўзбекистон ва Москва, Ленинград тарафларга қилган сафарларим, оила аъзоларим, иш фаолиятларим ҳақида батафсил сўзлаб бердим. Шунингдек Самарқанддаги Регистон қошида, Хивадаги Калта Минор, Москвадаги Қизил майдонда Ленин мавзолейи қошида, Ленинграддаги Қишки Сарой, Эрмитаж қошларида тушган суратларнида олиб келиб унинг назарига хавола этдим.
Навбатдаги бу сафарим хақида тўхталар эканман 1994 йилнинг ўттизинчи августида Она ватан Сайрамдан йўлга чиққанлигим, Машатлик биродарларим йўлда 57 литр бензин ва бир идишда мотор мойи билан таъминлаб бир йиллик сафаримга оқ йўл тилаб қолганликларини. 31 август куни Қозоғистон чегарасидан деярли ҳеч қандай тўсиқсиз Қирғизистон худудига эсон-омон кириб келганлигимни гапириб бердим.
Биринчи сентябрь куни Қирғизистоннинг пойтахти Бишкек (Фрунзе) шаҳрида бўлиб байрамда иштирок этиб, эндиги режам эса Қора – Болта ахоли пункти орқали давонлар ошиб, тоғнинг жанубий томонида жойлашган Жалолобод ва Ўш вилоятларига етиб бориб ёш – яланглар, уруш ва меҳнат фахрийлари, журналистлар билан учрашувлар ўтказиш ниятида эканлигимни айтдим.
«Анвар бей» – деди сухбатимиз якунида мезбон отахон менга юзланиб, – ҳозир уйдаги ўғлимнинг машинасидан озгина ёқилғи олиб бераман ва яна қўлингизга бир қоғоз тутқазаман. Сиз айтган довонга бурилишда мой қуйиш шахобчаси бор. Ўша ерга етганингиздан сўнг қоғозни шахобча бошлиғига кўрсатинг! У албатта ёқилғидан керагича бериб юборади» – деди мен билан ҳайрлашар чоғида.
Шундай бўлди ҳам. Шахобчага етиб боргач ёшгина турк йигитига қоғозни топширганимда – «Акажон ,- техникангизу – идишларингизга қанча ёқилғи кетади» – деди менга ёқимли бир нигох билан боқаркан. «Жами 57 литр бўлса яхши бўларди – дедим қандайдир хижолатли тортинчоқлик билан.
Сахий инсонларнинг шарофати ила кўтарингки бир кайфиятда тоғ ичкарисидаги жилғалар ёқалаб давон оша кўтарилиб бормоқдаман.
Давондан кўтарила-кўтарила бир туннель олдидан чиқиб қолдим. Туннель кузатувчиларнинг айтишича узунлиги тўрт чақирим бўлган бу йўл ёритилмагани учун ўта қоронғу ва яна сув томчиларидан иборат экан. Айтганларидек тоғ ичкарисига кирибоқ қоронғуликка учрадим ва фарани ишга соламан. Деярли узоқлашмайгина фара ўчди. Эхтиёткорлик билан ортимга қайтаман. Унча узоқ бўлмаган масофада туннель оғзи ёришиб кўриниб турарди. Яна омадим келганлигини қарангки ўша онда икки тарафдан техника келиб қолмагани бўлди. Сиртга чиқишим биланоқ лампочкани куйиб қолганлигини англадим ва эхтиёт қисмлар ичидан янгисига алмашдиргач яна туннелга, тоғ ичкарисига кириб кетдим.
Туннель тепасидан пастга томчилаётган сувлар туфайли йўлнинг аксари жойларида кўлмакчалар ташкил этилгани боис тезликни унча ошириш мумкин эмасди. Туннелдан чиқиб олиш анча машаққатли бўлди. У ердан ташқарига чиқарканман олам ёришиб кетгандай бўлди гўё. Қандайдир оғир юк елкамдан ағдарилгандек енгил сезаман ўзимни.
Бор ёқилғилар билан Ўшга, жуда бўлмаганда Жалолобод шаҳрига етиб оламан деган умидда эдим. Афсуски, андек янглишибман чоғи. Сабаби тоққа кўтарилиш жараёнида ёқилғқ 3-4 баробар кўп сарфланар экан. Ала-Бель тепасига чиқибоқ охирги, учинчи конистрнида мотоцикл бакига қуйиб улгурдим.
Бешинчи сентябрь, 1994 йил. Тоғ йўллари юпқа қор билан қопланган. Ёғаётган қорнинг учқунлари деярли кўп бўлмасада изғиринли совуқдан аъзоларим жунжикиб қалтирай бошладим. Бу тоғ оралиғида, бундайин оғир шароитда, мотоциклим панд бериб қолмаса эди деган ўйлар бот-бот ҳаёлимдан ўтаверади. Ҳа, айтганча ёқилғи ҳам тугаб бормоқда. Яратгучига сиғинган холда, турли ҳаёллар оғушида олға интилиб бормоқдаман. Кутилмаганда олис-олислардан мен бораётган асфальтсиз йўл чеккасида қандайдир иккита машина ва ёлғиз бир уй кўзга ташланди. Қувонганимдан кўзларимга ёш қалқигандай бўлади. Яқинлашганим сайин машиналар ва уй атрофида икки-уч нафар одамларнинг у – ёқдан – бу ёққа юриб қандайдир юмушлар билан банд эканлигини пайқайман. Оллохга шукроналар этиб у жойга етиб борганимда шу нарса аён бўлдики. ЗИЛ русумли машинада бензин, КАМАЗ русумли машинада эса солярка сотилиб, уй эса йўловчилар учун тунаб ўтадиган, тоғ шароитига мосланиб ишланган қўнимсох экан.
Техникамга тин бериб машиналар қошида турган, нимадандир келиша олмай жанжаллашиб турган икки қирғиз йигитлари олдига бораман. Улар қандайдир икки сўм ( у кезда Қирғиз сўми бир долларга тенг эди) устида талашиб – тортишаётган эдилар. Унсиз қаршиларига келиб турганлигимдан ажабланган уларнинг бири менга юзланиб – деди. «Амаки сизга нима керак».
«Ҳа, мен саёхатчиман» – дейман берган саволига жавобан. Шу десангиз… «Икки сўм учун жанжаллашиб турган бу йигитларга нима десам экан» – дейман ўз-ўзимча. Шу десангиз, дунё кезиб юрибман, бир йиллик сафарга чиққандим. Шундай – шундай…
Икки жанжаллашиб турган бу йигитлар бепул анча-мунча бензинни сўраганимда аввало бир-бирларига таажжубла боқишдилар, сўнгра эса текинга сўраётган бензиним олдида ҳалиги жанжаллар мутлақо ўринсиз, ҳеч нарсага арзимас эканлигини тушундилар чоғи бир – бирларига боққанча обдон кулишдилар.
Амаки – деди уларнинг бири, – Кеч кириб қолди. Тўхтагул ва Жалолободу – Ўшларгача ҳали анча масофа бор. Тоғ йўллари кечалари анча хавфли бўлади. Бу ерда қўниб, эрта тонгдан йўлга тушасиз. Керагича ёқилғи ҳам берамиз, ётоқ жой, емак – ичмак билан-да таъминлаймиз, ҳеч ташвиш тортманг. Икки йигитлар ҳеч қандай гап-сўзсиз мотоциклимни уй томонга етаклаб кетдилар.
Отажон – деди ёшимни ва оила аъзоларимни суришдиргандан сўнг, расмлару – газеталарни бир-бир қўлига олиб назар ташлаганча, ўта машаққатли ва ўз навбатида хайрли ишга қўл ургансиз, омад доимо сизга ёр бўлсин!
Эрта тонгда янги дўстларим, қирғизлик икки оила ака-укалари билан самимий хайрлашарканман кўрсатган иззату-хурмати, қилган моддий ёрдамлари учун ташаккуримни билдириб йўлга тушаман.Ўз навбатида улар ҳам оқ йўл тилаб қолишаркан қисқа вақт ичида ўз ака-ука ва сингилларимдек мехрибонлик қилганлиги, самимийлиги юракдан эканлигини сезиб улгурдим.
Ҳа, яратганнинг ўзи ишимни ўнглаб бормоқда. Демак, мен учун орқага мутлақо йўл йўқ!

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

Leave a Reply
*