Menu
Categories
Жиззахда ёзувчи Абулқосим Мамарасулов шикояти юзасидан йиғилиш ўтказилди…
01/21/2017 Адабиёт
   Абулқосим чпони яхши Абулқосим  МАМАРАСУЛОВНИНГ «СИЗ ХУДО ЭМАССИЗ! ПАЙҒАМБАР ҲАМ ЭМАССИЗ!» номли очиқ хати  изидан
    Маълумки, яқинда “Дунё ўзбеклари”  Абулқосим Мамарасуловнинг “Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси Муҳаммад Али Жанобларига: “СИЗ ХУДО ЭМАССИЗ! ПАЙҒАМБАР ҲАМ ЭМАССИЗ!” номли очиқ хатини эълон қилган, ушбу хат аввало Президентнинг виртуал қабулхонасига  жўнатилган эди.
    1.
     2017  йил  17 январ.
     Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси Абулқосим Мамарасуловнинг виртуал қабулхонага “уюшманинг  Жиззах вилояти бўлими масъул котиби Меҳрибону Абдураҳмонова  сабабли  вилоят ижодкорлари орасида юзага келган носоғлом вазият туфайли” ёзган  учинчи, тўртинчи, бешинчи шикоят хатлари  юзасидан Тошкентдан  комиссия  келди. Улар: “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири, шоир  Сирожиддин Раупов, нафақадаги журналист   Ҳаким Сатторий, Ёзувчилар уюшмаси юристи – ………………………….., 16 куни кечқурун Жиззахга келиб жойлашдилар. Кечқурун вилоят ҳокимлиги масъул вакили   Жиззахда яшайдиган барча уюшма аъзоларига қўнғироқ қилиб, уларни  17 январ эрталаб соат 10.00 да  “Жиззах овози” газетаси биносида бўладиган  йиғилишга таклиф этди.
 2.
   Эрталаб соат  10.00 да умумий йиғин олдидан шикоятчи Абулқосим Мамарасуловни комиссия вакиллари алоҳида қабул  қилдилар. Қабул “Жиззах овози” газетаси бош муҳаррири Акром Иномов  кабинетида  ташкил этилган эди. Маълум бўлишича, вилоят ҳокимлиги Акром Иномовни  бугунги  учрашувга  ҳокимликнинг масъул вакили сифатида белгилашипти. Акром Иномов   вилоятда ҳурматли шахс, “Жиззах овози”нинг 1982 йилдан бош муҳаррири, 25 йил давомида ўтказилган Президент сайловлари жараёнида Ўзбекистон республикаси биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вилоятдаги  ишончли вакили бўлган. Шу тахлит  2016 йил 4 декабр куни  ўтказилган Президент сайловларидан олдин ўтказилган сайловолди йиғилишларида Акром Иномов бўлғуси  Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳам Жиззахдаги ишончли вакили бўлди.
   Абулқосим Мамарасулов билан яккама якка учрашув  қизғин бўлди. Негаки, аввало мезбон Акром Иномов билан Абулқосим Мамарасулов 1990 йили биргаликда  “Шароф Рашидов  қадриятини тиклаш комиссияси”ни тузишган,  1990, 1991, 1992 йиллари Шароф Рашидовнинг  юбилейларини биргаликда ўтказишган эди.  1991-94 йиллари Абулқосим Мамарасулов “Халқ сўзи” газетасида Ҳаким Сатторий билан бирга ишлашган эди. 1994-1996 йиллари  эса “Туркистон” газетасида Сирожиддин Раупов билан бирга хизматда бўлишган.
    Учрашув давомида Акром Иномов  уюшманинг вилоят бўлими масъул котиби Меҳрибону Абдураҳмоновага ҳақиқатан ҳам  қийин бўлаётгани, масъул лавозимда икки йилдан буён ишласа-да, бугунга қадар ҳатто тайинли кабинети  йўқлиги, ижодкорлар билан кўчада  гаплашишга тўғри келишини,  бўлимнинг собиқ раҳбари Туроб Мақсуд  давридаги кабинет вилоят маънавият ва маърифат  марказида бўлгани, ҳозир бу хона хароба  ҳолга келгани, бу масала юзасидан Меҳри Абдураҳмонова вилоят ҳокимлигига ҳам, республика  ЁУ  раҳбарларига ҳам учрашиб, айтишга уринаётгани, аммо уринишлари мутлақо самарасизлиги  ҳақида гапирди.  2017 йили  Жиззахда Шароф Рашидовнинг 100 йиллиги  нишонланиши Президент Шавкат Мирзиёев томонидан махсус қарор билан белгилангани, ҳозир Жиззах марказида  “Ижод уйи” қурила бошлангани, айнан ўша ерда Меҳрибону Абдураҳмоновага ҳам кабинет ажратилиши лозимлиги тўғрисида гапирди.
   – Ўша “Ижод уйи”  қурилишига  эга керак. Эга Меҳрибону  Абдураҳмонова бўлиши керак. Аммо унинг  сўзи, уринишларини на вилоят ҳокимлигида, на республика ЁУ да ҳеч бир раҳбар жиддий қабул қилмайди. Негаки, Меҳрибону Абдураҳмоновада рахбарлик хусусияти,  раҳбарларга ўз сўзини ўтказиш қобилияти йўқ. Икки йилдан бери масъул лавозимда ишлаб, битта кабинетни, кабинетда иш қуроллари – стол, стул, компьютер – яратиб ололмаган  раҳбар раҳбар эмас. Уни ишдан бўшатиш керак. Негаки, олдинда масъулиятли давр турибди. Ижод уйи қуриляпти, Шароф Рашидовнинг  100 йиллиги нишонланади,  1997-2007  йиллари  мунтазам ўтказилиб, кейин  айрим республика даражасидаги нопок шахслар  ғийбати туфайли тўхтатилган республика ёш ижодкорларининг“Ўриклисой  илҳомлари”     кўрик танлови тикланар экан, бу  жараёнларга  ҳам вилоят уюшмаси раҳбари  эгалик қилиши шарт. Ва бу лавозимда масъулиятни ҳис қиладиган, теварак-атрофдаги раҳбарларга  сўзини ўткиза оладиган, тан олинган ижодкор бўлиши  лозим. Меҳри Абдураҳмоновада бундай хислатларнинг ҳеч бири йўқ. Шу сабабли уни бўшатиб, ўрнига  биров танланиши керак, – дея хулоса  қилди Абулқосим Мамарасулов.
3.
   Йиғинда вилоятда яшаб ижод қилаётган ижодкорлар Эргаш Муҳаммад, Абдулла Аҳмад, Венера Ибрагимова, Абдураҳмон Каримов, Мирза Даврон, Абулқосим Мамарасулов, Меҳрибону  Абдураҳмоновалар иштирок этдилар. Шоди Отамурод, Туроб Юсуф, Абдусаттор  Содиқовлар кечикиброқ  келишди.
   Йиғилишни  Акром Иномов ва Сирожиддин Рауповлар биргаликда бошқариб боришди.
4.
   Биринчи сўзни фантаст ёзувчи – Абдураҳмон Каримов  сўради ва айтдики,  ўртада жуда кўп гаплар бор. Уларни мазкур мажлисда қатнашаётган ҳамма билади.  Уларни яна қайтадан такрорлашим шарт эмас. Меҳрибону Абдураҳмонова мазкур лавозимга нолойиқлигини ҳам ҳамма билади. . Меҳри ўз вазифасини бажара олмаяпти. Нега уни ушлаб турибсизлар, ҳайронман.
 Шу сабабли менинг таклифим: Меҳрини ишдан бўшатиш шарт.
5.
   Қатор  қиссалар ва ҳикоялар тўпламлари муаллифи Абдулла Аҳмад:
   Меҳри Абдураҳмонова  билан бир қанча  конкурсларда биргаликда жюрилик қилганмиз. Ҳаракати жуда зўр. Раҳбар идораларга ҳам   кўп бош уради, аммо сўзини ўткиза олмайди. Тасаввур қила оласизми:  маънавият ва маърифат марказида Туроб Мақсуддан  қолган кабинет бор. Иккита ёш ижодкор  ташриф буюрса,  уларни ўтирғизиб, бафуржа гаплашадиган иккита стул йўқ. Хонада уч  киши бўлса, бири тик туришга мажбур. Шундай экан, биз ижодкорлар  ҳам   фаолроқ бўлишимиз, “уюшма бизга нима берди?” –  деб эмас, “мен  уюшмага нима бердим”, деган позицияда туриш керак.
   – Аниқ таклифингиз қандай?  – сўради Акром Иномов.
   – Мен фикримни айтдим. У ёғини ўзларингиз ҳал қилингизлар, мен ишга боришим керак, –  дея Абдулла Аҳмад  хонани тарк этди
6.
   Эргаш Муҳаммад:
   Мен -1977 -1987 йиллар давомида   “Гулистон” журналида   Асқад Мухтор, Мирмуҳсин каби тан олинган ижодкорлар бош муҳаррирлиги остида  масъул лавозимларда ишладим. Кейин Одил Ёқубов даврида Республика ёзувчилари уюшмаси  Адабиёт жамғармаси раиси бўлдим. Ҳозирги “Оқсарой” биноси яқинида 1990 йилгача Москва пули эвазига бунёд этилган  ЁУ  биноси қурилишига, ёзувчиларга Бўстонлиқда дачалар, автомобиллар  ажратилишига,  ёзувчилар учун иккита уй-жой биноси қурилишига бош-қош бўлганман. 1997 йили оилавий сабаблар туфайли ота юртим  Ғаллаоролга  қайтиб келганман. Бир қанча  китобларим нашр этилган. Жумладан, 2016 йили ҳам  салкам 500 бетли китобим Тошкентда нашр  этилди.
   Мени айрим тадбирларга эндиликда марҳум Туроб Мақсуд гоҳ-гоҳ таклиф қилиб турар, мен уларда қатнашар  эдим. Аммо Меҳри Абдураҳмонова икки йилдан бери бу ерда бўлса, мен ҳали бирор бир тадбирга таклиф қилинганим йўқ. Ва Меҳри  Абдураҳмонованинг  ижоди ва раҳбарлиги тўғрисида ҳеч қанақа маълумотга эга эмасман. Мендан олдин гапирганларнинг сўзларига қулоқ солсак, Меҳри раҳбарлик лаёқатига эга эмас. Демак, энг яхшиси, ундан воз кечиш керак. Абулқосим Мамарасулов 1990 йили уюшма раиси бўлган. Ва бор-йўғи олти ой ишлаган. Олти ой давомида жуда катта ишларни амалга оширган.    Менинг таклифим:     Бу ўринга Абулқосим Мамарасуловни қўйиш  керак.
7.
   Венера Ибрагимова:
   Мен қирим-татар адабиёти вакилиман. Зулфиянинг Жиззахдаги энг эркатой шогирдиман. Туроб Мақсуд даврида ҳам, Меҳри Абдураҳмонова даврида ҳам ҳеч бири менга ҳеч нарса қилиб беришгани йўқ. Бу ерда фаоллик ҳақида гап бўлди. Мен ҳамиша фаолман. Мен қирқта  китобни ўз пулимга нашр  эттирдим. Маълумки, қайси ижодкор ўз пулига китоб нашр  этса, нашр этилган китобларни нашриёт буртмачи қўлига топширади. Демак, у энди менинг шахсий мулким ва уни мен ўзим истаган тарзда фойдаланишим, кимларгадир сотишим, ё бўлмаса, сандиққа ташлаб қўйишим  мумкин. Мен китобларимни нашр этиш учун  ва уларни сотиш учун тинмай ҳаракат қиламан,  сотувчи ташкилотлар билан гаплашаман, шартномалар тузаман. Туманларнинг ҳокимлари, халқ таълими бўлими раҳбарлари билан гаплашаман, турли жойларда, хусусан коллежлар ва мактабларда учрашувлар ўткизаман. Вилоятда мен учрашув ўткизмаган бирон мактаб ё коллеж қолмаган бўлса керак. Керак бўлса, Навоий, Бухоро вилоятлари, Қорақалпоғистоннинг бир қанча туманларида ҳам учрашувлар ўткиздим.  Мен ҳамиша фаолман. Бу ердагилар эса учрашув  ўткизиш учун фақат Тошкентдан ижодкор келишини кутиб ўтиришади. Улар келса, уларнинг ёнига чақиришади. Меҳри мени бир иккита шунақа учрашувга таклиф  қилди. Аммо бу таклиф  беғараз эмас эди.  Негаки, Тошкентдан келган  меҳмонларга ҳеч бўлмаса, бирон бир чойхонада битта тушлик ташкиллаштириш  шарт. Ва ана шу харажатни  кўтаради, деб ўйлаб, таклиф қилинганимни сездим. Мен бунга розиман. Бу масалада ҳеч бир даъвом йўқ. Аммо биз ўзимиз, вилоятда яшаб ижод қилувчилар бемалол учрашувлар ташкил этаверишимиз мумкин-ку. Мен ташкиллаштираяпман-ку. Мен неча бор Меҳри Абдураҳмоновага айтдим: Мен  Зарбдор, Зомин туманларида  алоҳида-алоҳида  “ижод байрами” ўтказишга  қурбим етади. Шу туманлар  раҳбарларига сўзимни ўткиза оламан. Сен  шу байрамга вилоят ижодкорларини  йиғиб,  ташриф буюрсанг кифоя,  транспорт, тушлик  харажатларини ҳам  ўзим ҳал қиламан, десам, Меҳри: “буни ўйлаб кўриш керак”, деган  мужмал жавобни берди. Мен ундан бор-йўғи ташриф буюришни илтимос қилдим, холос. Қолаверса, мен ўз ташаббусим билан нашр эттирган  китобларим ва улар тарғиботи юзасидан турли жойларда ўткизган  учрашувларимга ЁУ томонидан нотўғри назар билан ёндошишди. Менинг бу ҳаракатларимни қоралаб, қандайдир кир ахтариб, устимдан ёзишди. Турли идораларга чақириб, сўроқ қилмоқчи бўлишди. Ҳолбуки, менда сўроқ қиладиган нарсанинг  ўзи йўқ.
   Мана шу ҳаракатларим, ишларим фаоллик эмасми? Меҳри Абдураҳмонованинг жавобини қандай баҳолаш керак?.  Тўғрисини айтганда, мана шу ерда ўтирган  ижодкорлар турли туманларда яшаймиз. Ва ўз туманларимизда  мен айтган “ижод байрами”ни ташкиллаштиришимиз мумкин. Аммо… хулоса шуки, Меҳри Абдураҳмонова ўз  лавозимига муносиб эмас. Тамом. Уни ишдан бўшатиш керак.
8.
   Мирза Даврон:
   2015  йили  ёз кунлари инсульт бўлиб шифохонада аввал 10 кун, кейин яна етти кун ётдим. Шу кунлари Меҳри Абдураҳмонова менга телефон қилди-да: Тошкентдан 15 нафар таниқли ижодкорлар жиззахликлар билан учрашувга келаётганини, улар ёнида бизлар ҳам  бўлишимиз лозимлигини  айтди. “Мен касалхонада ётибман”, деб айтсам, совға-салом билан келиб мени кўриб кет, дея таъмагирлик қиляпти, деган фикрга бормасин деган мақсадда: “Мен Тошкентда  махсус семинарда иштирок этаяпман. Семинар ҳали яна уч кун давом этади. Бориш-бормасим маълум эмас, узр!”, дея жавоб бердим. Уч кундан  сўнг Меҳри Абдураҳмонова яна телефон қилди. Мен узримни  айтган эдим, Меҳри жуда қўпол тарзда: бу нима қилганингиз? Сизни эгаллаб турган  лавозимингизга лойиқ-нолойиқлигингизни вилоят раҳбарлари олдига қўяман”, дея жуда қўпол муомалада бўлди. Менинг юрагим оғриди. Қаттиқ хафа бўлдим.
   Мен адабиётдан узоқдаман. Ўртамиёнадан ҳам пастроқдаги ижодкорман. Медицина фанлари кандидатиман. Йигирма йиллардан бери вилоят  кўп тармоқли шифохонасига   раҳбарман. Мен ижодкорлар даврасига Туроб Мақсуд даврида яқинлашдим. Ҳар  ой мунтазам  равишда  ижодкорлар йиғилишлари гап-гаштак тарзида ўтказилиб, улар саккиз-ўн соат  давом этар, бир биримиздан сира ажрагимиз келмас эди. Энди бундай йиғинлар йўқ. Мен Эргаш Муҳаммаднинг фикрига  қўшиламан. Меҳри Абдураҳмоновани лавозимидан озод қилиш ва бу ўринга Абулқосим Мамарасуловни қўйиш керак.
9.
   Венера Ибрагимова:
   Узр, менинг ҳам эсимга келиб қолди. Йиғинлардан бирига Меҳри мени таклиф қилди. Мен касал бўлиб ётганимни, бора олмаслигимни айтдим. Ва бир оғиз “худо шифо берсин, тузалиб кетинг”, деган жавобни кутдим. Меҳр кутдим. Аммо Меҳри Абдураҳмонова бундай қилмади. Хўрсинди-да, телефонини ўчирди. Меҳрибонуда меҳр йўқ
10.
Абулқосим Мамарасулов:
   Мен 1990 йили ЁУ вилоят бўлимига олти ой раҳбарлик  қилганман. Ўшанда “Шароф Рашидов қадриятни тиклаш комиссияси тузиб, жуда катта ишлар қилганмиз. Унинг охирги натижаси, 1990, 1991 йиллари ўзимиз вилоят даражасида расман рухсат олиб Шароф Рашидов туғилган кунини нишонлаган бўлсак, 1992 йили республика даражасида 75 йиллик  юбилей нишонланган. Унга шахсан Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ташриф буюрган ва нутқ сўзлаган.
   Иккинчи ишим шуки, 1990 йил ноябр кунлари Дўрмонда ўтказилган ёш ижодкорлар семинарига мен Меҳрибону Абдураҳмонова, Икром Искандар (Бўрибоев) каби ёшларни ўзим кашф қилиб жўнатганман. Улар семинарда республика даражасида яна кашф қилинишди. Меҳрининг “Зайнаб ноласи” номли  шеъри  жуда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Кейинчалик мен М. Абдураҳмоновани қўллаб қувватлашда давом этдим. “Халқ сўзи” ва “Туркистон” газеталарида ишлаган кезларим Меҳрининг шеъларини ана шу газеталарда чоп эттирдим.
   2014 йили Тошкентдан “Адиб” нашриёти бош муҳаррири  Маҳмуд ака келиб, Туроб Мақсуд  ишдан олинишини, унинг ўрнига бошқа муносиб шахс  изланаётганини айтиб, менга бу лавозимни таклиф этди.  Мен тадбиркорлик билан шуғулланаётганимни, ишим яхшилигини айтдим, таклифни рад этдим.
   – Унда бошқа одамни таклиф қилинг,  –  деди  Маҳмуд ака.
   Мен ёнимда ўтирган Меҳри Абдураҳмоновани  ёзма равишда таклиф этдим.  Кейинчалик  ЁУ раҳбари Муҳаммад Али М. Абдураҳмоновани мазкур лавозимга қўйишга келганида ҳам  вилоятдаги уюшма аъзоларидан фақат мен ташриф буюрдим. Бошқалар Меҳрини инкор этишди, мен хато қилаётганимни, уни қўлламаслигимни сўрашди. Мен қулоқ солмадим. У менинг шогирдим, мен уни қўллаб қувватлайман, дедим. Ва қўллаб қувватладим ҳам. Бир неча ой давомидаги салкам барча тадбирларига ташриф буюрдим. Баҳоли қудрат ўз ҳиссамни қўшдим ва англадимки, қаттиқ адашибман. Меҳри яхши шоира, аммо яхши раҳбар  эмаслигини тушуниб етдим. Мазкур лавозимда  вилоятдаги ёзувчилар бошини қовуштира оладиган, уларнинг дардларини раҳбарларга етказа оладиган, сўзини ўтказа оладиган  одам бўлиши керак эди. Акром Иномов айтганидек, тинмай ҳаракат қилсаю, самараси бўлмаса, вилоят ҳокимлигига тинмай учрашсаю, унинг айтганини ҳеч ким тингламаса;  Абдулла Аҳмад айтганидек,  ишлаётганига икки йил бўлсаю, тайинли бир кабинети, тайинли стол-стулини ташкил қилолмаган бўлса,  у қандай қилиб, республика даражасида ўтказиладиган  Шароф Рашидовнинг 100 йиллик юбилейи ташкилий ишларига бош-қош бўла олади?
   Яхшиси бунақа раҳбардан воз кечиш керак. Меҳрини ишдаш бўшатиш керак. Бу ерда менинг номзодимни таклиф   қилишди. Айтиб қўймоқчиман: менга бу лавозим керак эмас.
11.
  Шоди Отамурод:
   Мен ёш ижодкорман. ЁУ аъзолигига қабул қилинганимга эндигина бир йил бўляпти. Айтмоқчиманки, Меҳри Абдураҳмонова жуда ташаббускор, кўрик танловларни  холис олиб боради. Адолатли қарорлар чиқаради, энг муносиб ёшларни республикага жўнатади. Мен бу ерда мендан олдин гапирган устозлар гапига қарши боролмайман, аммо  ҳар қалай Меҳри Абдураҳмонова ишлаши керак, балки унга муддат бериш керак, деган гапни айтмоқчиман.
12.
Туроб Юсуф  ва Абдусаттор Содиқовлар ҳам кечикканлари учун узр сўраб, Меҳрига муҳлат бериш кераклигини    айтишди.
13.
Меҳри Абдураҳмонова  ўз одатига  кўра майда-чуйда гаплар, “деди-деди” ғийбатларга  ўтиб  кетди. Сўзи давомида бир неча бор Венера Ибрагимова унинг ёлғон гаплар айтаётганини таъкидлаб, уни қайтариб ташлади. Меҳри бунга жавобан ҳеч нарса дея олмай, яна ғийбатларини давом этаётганда уни Акром Иномов  ва Сирожиддин Раупов бир неча бор беписанд тўхтатиб ташлади. Меҳри бу беписандликка жавоб бериш қобилиятига эга эмас эди.
14.
   – Бу нима шармандагарчилик, – деди Акром Иномов аччиқланиб. – Майда-чуйда гаплар, деди-деди  ғийбатлар, ёза ёзлар. Мен ёзувчиларни бу даражада деб  ҳеч ўйламаган эдим. Боринглар, ишларингни қилинглар. Бўпти, Меҳрига яна олти ой муҳлат берамиз, дея протоколга киритамиз-да, мажлисни ёпамиз.
   – Биз ҳеч қаерга ҳеч нарса ёзмаганмиз. Бизга бунақа гап айтманг, – дея Венера Ибрагимова Акром Иномовга юзланди.
   – Шикоятни мен ёзганман. Акром аканинг бу гаплари менга аталган, – деди Абулқосим Мамарасулов. – Акром ака, шундай қилиб, мажлисни ёпиб, катталарга “ўхшатдим”, деб рапорт бермоқчимисиз? Сиз бизнинг ичимиздаги гапларни билмайсиз-ку! Нима қиласиз билмаган нарсангизга аралашиб! Сиз ўзингизча ёпганингиз билан бу нарса ёпилмайди. Муаммо тутаб турипти. Уни  ўз вақтида бартараф этмаса, эртага ёниб кетади. Сирожиддин, сиз ҳам билиб қўйинг. Бу тахлит иш тутсаларингиз, эртага яна Жиззахга қайтиб келишга мажбур бўласизлар.  Сизлар ўзи нима топшириқ билан келгансизлар? Муаммони бартараф этиб, ишни битириш учунми? Ёки Абулқосим Мамарасуловнинг оғзини ёпиш учунми?
   – Ҳай, бўшатсак, Меҳрининг ўрнига кимни қўямиз? Сиз рад жавобини бераётган бўлсангиз?!  Бўладиган ҳеч ким йўқ-ку!
   – Мана, Эргаш Муҳаммадни қўйинглар, – деди Абулқосим Мамарасулов.
   – Э, йўқ, Эргаш акани қийнамайлик. Ёши катта, – деди Сирожиддин Раупов.
   – Нега? – деди Абулқосим Мамарасулов, – саксонга кирса ҳам Муҳаммад Али ишлаяпти-ку.
   – Йўқ, йўқ, Эргаш ака чарчаб қолади, – дея Ҳаким Сатторий ҳам Сирожиддин Раупов ёнини олди.
   –  Унда асли жиззахлик, ҳозир уюшмада  масъул котиб бўлиб ишлаётган Муҳиддин Абдусамадни қўйинглар, – деди Абулқосим Мамарасулов.
   – Биз  бундай таклифни кўриб чиқа олмаймиз, – деди Сирожиддин  Раупов.
   – Унда… қанақа таклифни кўриб чиқа оласиз? Қанақа топшириқ билан Жиззахга келгансиз? Ҳеч бир муаммони ҳал қила оласизми? – Абулқосим Мамарасулов давом этди. – Сизларга Муҳаммад Алининг топшириғи қанақа бўлган?
    Мазкур саволларга Акром Иномовдан ҳам, тошкентлик меҳмонлардан ҳам тайинли жавоб бўлмади.
   – Меҳри яхши ижодкор, – деди Венера Ибрагимова. – Меҳри коллежлар бошқармасининг “Келажак бунёдкори” газетасида ҳам бош муҳаррир. Иккита давлат ташкилотида раҳбарлик қилиш унга оғирлик қилаётгандир. Меҳри, сен  ўз ихтиёринг билан  ариза бериб,  уюшма раҳбарлигидан бўша, бориб ижодингни қил. Битта ишни  қилсанг, ижодинг  ҳам яхшиланади. Яхши шоирасан-ку, ахир. Устингда шунча гап-сўз бўляпти, қандай чидаб ўтирибсан?!
ХУЛОСА:
  Тошкентдан келган  комиссия Муҳаммад Али топшириғи доирасидан чиқиб кетмади. Шу сабабли ҳеч нарсани ҳал қила олмади. Протоколга: Меҳрига олти ой муҳлат берамиз, дея ёзув киритамиз, дейишди. Аммо беш нафар уюшма аъзоси бунга мутлақо қарши бўлди, бир киши бетараф  қолди, уч киши  Меҳрига вақт бериш керак деган фикрни айтди.
   Мажлисдан сўнг, 17 январ куни кечқурун Абулқосим Мамарасулов  Сирожиддин Рауповга телефон қилиб, яна бир бор уларнинг ташрифи  натижасидан уз норозилигини билдирди. Протоколга барча нарсани, жумладан, 5 нафар уюшма аъзоси Меҳри Абдурамонова раҳбарлигига мутлақо қарши бўлганини, бир киши бетараф қолганини киритишни талаб қилди. Сирожиддин бир сутка вақт олди.
Абулқосим Мамарасулов 18 январ кечқурун Сирожиддин Рауповга телефон қилиб, вазиятга ойдинлик киритишни сўради. Сирожиддин Раупов мажлис жараёнини Ҳаким Сатторий қоғозга тушириб ўтиргани туфайли протокол ёзиш ҳам унга юкланганини, Ҳаким Сатторий икки кунлик сафарда толиқиб қолгани сабабли ҳали протоколни ёзиб битирмаганини, агар битирса, бу ҳақда хабар қилажагини билдирди.
 19 январ эрталаб ҳолати  ана шундай.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
М.Алининг энг яхши расми
 
“Дунё ўзбеклари”дан:
Абулқосим Мамарасуловнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Алига ёзган хати юзасидан Жиззахда ўтказилган йиғилиш тафсилотларини ўқиб, халқимизнинг бир мақоли беихтиёр ёдга тушади.
Ўзбекларда: “Қирқ киши бир тараф – қинғир киши бир тараф!” деган яхши бир гап бор. Жиззахда ўтган йиғилиш бизга ана шу мақолни эслатди.
“Жиззах овози” газетаси Бош муҳаррири Акром Имонов кабинетида ўтказилган йиғилиш, адабий қилиб айтганда, уюштирилган бир саҳна кўриниши бўлиб, унинг режиссёри аслида Тошкентда эди.
Лекин “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси” тимсолидаги  бу режиссёр бир нарсани унутган ёки ҳисобга олмаган кўринади. Бугун Ўзбекистонда инқилобий ўзгаришлар бошланди. Давр ўзгарди. Жиззахдаги йиғилишда рўй берган бу саҳна кўриниши – унинг режиссери ҳаётдан ниҳоятда орқада қолганини исботлади.
Ўзбекистон буюк ва оламшумул ўзгаришлар даврига кирди. Лекин бу ўзгаришлар шамоли, не ажаб ва не ҳайратки, Муҳаммад Али бошчилик қилаётган Ёзувчилар уюшмасига етиб бормаган кўринади.
Жиззахда ўтган йиғилиш – ана шу янги замон нафаси Ўзбекистон Ёзучилар уюшмасига то ҳануз етиб келмаганининг яна бир исботи эмасми?
Энди ўзингиз яхшилаб бир ўйлаб кўринг: Йиғилишда иштирок этган саккиз ёзувчидан бештаси раҳбарга қарши бўлса, қолган бири бетараф ва иккиси олти ой муҳлат бериш керак деб иккиланиб турса, бундай муваққат ва аянчли ҳолда Меҳри Абдураҳмонованинг ўзи ишдан кетиши лозим эмасми?
Бундай носоғлом муҳитда у жиззахлик ижодкорларга қандай бошчилик қилиши мумкин?  У раҳбарлик қилган уюшмада бадиий ижодда ва ҳаётда қандай қилиб олға силжиш бўлиши мумкин? Ҳақиқий ижодкор одам бундай носоғлом вазиятда ўзини ва қадрини, раҳбарлик шаънини ҳурмат қилиши ва истеъфо бериши керак эмасми?
Демак, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси  раиси Муҳаммад Али жаноблари ростдан ҳам ҳаётда орқада қолган кўринадилар.
Ажабмаски, улар Президентнинг Виртуал қабулхонасига ҳам: “Жиззахдан ёзилган шикоят хати ўз исботини топмади” деб жавоб берган бўлишлари ҳам мумкин. Биз бундан сира ҳам ҳайратланмаймиз. Чунки шу пайтга қадар Муҳаммад Али раҳбарлик қилиб келаётган уюшма фаолияти ёлғон ва иғволар, миш-миш ва бўҳтонлар усига қурилганини, бу ташкилот ёзувчиларнинг ҳақиқий  дарду изтиробидан мутлақо йироқлигини ҳам яхши биламиз.
Лекин яхшиямки бу дунёда уларнинг ёлғонини фош этадиган матбуот нашрлари бор, шулар қаторида, хусусан, “Дунё ўзбеклари” ҳам мавжуд.
Шу ўринда у кишига олис Канададан туриб айтадиган икки оғиз укалик гапимиз ва яхши бир маслаҳатимиз бор.
Янги давр билан ўйнашиш – халқ билан, унинг орзу умидлари билан  ўйнашиш ва уларни менсимаслик демакдир. Ана шу оддий ҳақиқатдан келиб чиқб, Сизга айтар сўзимиз будир:
Халқ билан ўйнашманг, Муҳаммад Али жаноблари!
Замон ва давр ўзгарганини энг биринчи бўлиб ёзувчилар уюшмаси ва унинг раиси ҳис қилиши лозим эмасми?
Янги замоннинг бу майин шамолини, озодлик ва ҳурликнинг бу муборак насимларини ўз вақтида сезмасак, бу гумроҳлик эмасми?
Ҳурматли Муҳаммад Али жаноблари!
Халққа қарши боришнинг оқибати ёмон бўлади.
Янги замон шамолини энди тўхтатиб бўлмайди.  Эски урра урралар билан яшаш даври ўтди.
Агар жиззахда бўлгани каби, бундан кейин ҳам халққа қарши бораверсангиз, бу шамол етиб келибгина қолмай, балки ўзингизни ҳам қўшиб, чипирак қилиб учириб юбориши ҳам мумкин.
“Дунё ўзбеклари” Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими раҳбари масаласини ҳал этиш жараёнини кузатишда давом этади…

 

Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,

 

19 январь, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада

 

1 шарҳ

  1. Ёзувчилар уюшмасидан

    Мамарасулов ёзган шикоят хатини ёпиш учун жўнатилган бу комиссия. Исмат Хушев жуда тўғри ёзган “Дунё ўзбеклари”дан сўзбошида. Муҳаммад Алини пенсияга чиқариб юборади бу шамол чирпирак қилиб. Мана кўрасизлар. Бунга жуда оз қолди.

Leave a Reply
*