Menu
Categories
Тошкентда шов шув бўлаётган асар…
09/09/2012 Тошкентда шов-шув бўлаётган асар

Ғаффор Хотамов

(Хосият Рустамова билан Қўчқор Норқобил ҳақида)

3.

Азим Суюннинг “Мен сени тоғларга олиб кетаман…” деган шеъри бор, уям ўша вақтда ёзилган, буни кўпчилик билмайди, ҳатто! Лекин шу руҳ, шу йўсин истифода этилган “Сени осмонимга олиб кетаман…” деган бир шеър машҳур қўшиққа айланди.

Нима учун?

Нега асл манбани бирон-бир тирик жон билмайди? Нега унинг “соя”сига ҳамма салом беради?

Дунёнинг сири кўп, синоати ҳам.

Машҳур хонанда Озодбек Назарбеков бу ҳолни “маънонинг кўчиб юриши” деб изоҳлайди. Ҳолбуки, бу – жоннинг кўчиб юриши! Сеҳр-жоду, яъни, амал илми билан шоирнинг қонини ичишдир.

“Муҳаммад Юсуф чақмоқ урган дарахтдай қулаб тушди!” – деган эди Абдулла Орипов, унинг ўлимини эсга олиб.

Худди шундай ва шундай бўлади! Аммо, унгача итирқин ишлар қилади, аслликни кемиради!

Ва бундай тубан кирдикор ҳар қадамда учрайди. Тарихда ҳам мисол кўп, бунга.

Ҳазрат Али замонида, 657 йилнинг ёзида Шом ҳукмдори Муовия халифалик учун очиқ кураш бошлайди, ҳолбуки бунгача ҳам узлуксиз ғулу солиб, зимдан салтанатни емириб келган. У ҳазрат Алига бас кела олмагач, сеҳр-жоду билан уни орадан кўтаради.

Салтанат имом Ҳасаннинг қўлига ўтади. Муовия яраланган илондай тўлғанади. Ниҳоят, 662 йили макр ва жоду билан билан қора ниятига етади…

Вақтида Муҳаммад алайҳиссалом суюкли набираларини тиззасига олиб: – Бул иккиси менинг бу оламдаги икки райҳонимдур! – дейди, сўнг Ҳусаннинг бошини силаб айтади: – Бу, мендан кейин мусулмонлар орасида чиққан энг катта ихтилофга барҳам беради!

Муовия шунга тус беради, афсун билан уни кучга киритади ва етмиш беш минг қўшин йиғиб, йўлга чиқади.

Имом Ҳусаннинг қўшини ундан кучли эди, деб ёзади тарихчилар, аммо у жоду таъсирида халифалик деб мусулмонлар бир-бирининг қонини тўкмасин, деган ўйга боради ва тожу тахтдан воз кечади. Укаси Имом Ҳусайн эса, салтанатнинг Муовиядан кейинги қонуний ворисига айланади.
680 йилнинг апрелида Муовия қаттиқ кекиради ва юраги узилиб тушгандай бўлади, кейин йўтал тутиб, тўшакка михланиб қолади. Жонига жабр қилган ҳукмдор қайтиб ўзига урган ва ич-этини еяётган қоралик жафосига чидай олмай, ўғли Язидни ҳузурига чақиради ва:

– Эй Язид! – дейди. – Сен Ҳусайнга марҳаматли бўл ва нимани талаб қилса, бер, унга! Чунки биз ўзимизники қилиб олган давлат ва салтанат аслида уларникидир!..

Ўлим қўрқинч солиб, ҳолини забун этгач, бадкирдорнинг кўзи чарақлаб очилади, Олам ҳақиқати бош устида шамшир яланғочлаб турганини кўриб, ёғасини чок этади. Аммо буни билмаган, отилиб юзага чиқаётган суллоҳ ҳовлиқади. Ва, сен унинг акаси билан отасини нима қилган бўлсанг, мен ҳам Ҳусайнни шундай қиламан, дейди.

– Эй Язид! – дейди Муовия. – Мен эшитдим, Расул нидо қилди: “Қиёмат куни мен Ҳусайннинг қотили билан алоҳида муомала қиламан! Вой бўлсин қотилга ён босганга ҳам, Ҳусайнга хусумат қилганларга ҳам!”

Язид буни писанд этмайди. У наинки имом Ҳусайнни, балки Муҳаммад алайҳиссалом авлодини, оила ичи билан қўшиб қиличдан ўтказади. Ўшанда биргина гўдак омон қолган, холос! Уни имом Зайн ал-Обидин бинни имом Ҳусайн дейдилар!

Кейинчалик Хоразмшоҳ ҳам шундай мислсиз кулфатга гирифтор бўлган! Бу, аслида, уларнинг ҳаёт ҳақи, ризқ-насибаси ва бахту тахтини олиб қўйиш, демак. Ва бундай қабоҳатнинг уволи тутмай қолмайди. Шунинг учун ҳам Соҳибқирон Амир Темур қолганларга ибрат-эслатма бўлсин деб айтадики: “Тарихда буюк салтанат қурган Чингизхон ҳам, Муовия халифалари ҳам, аббосий подшоҳлар ҳам Расулуллоҳ авлодига зулм қилгани учун ҳалокатга юз тутди”.

Бу шундай тарихки, айтган билан адо бўлмайди. Аммо шу ўринда бир ҳақиқатга ойдинлик киритмоқ лозим. Саййидлар ким? Ким имом Зайн ал-Обидин бинни имом Ҳусайн авлоди?!

Ва ким уларнинг зидди?

Нега улар “хўжа”лик даъвосида дунёни бузади?!
Нега?

Нима учун?..

Азим Суюн қисмати тарихни варақламоққа ундадими, қонли ва кўзёшли саҳифалар юзидан чангу ғуборни қувдими, билингки, у жўн шоир ва сиз ўйлаган дали-ғули одам эмас! Демак, Яратганнинг меҳрига ноил, демак, замонанинг хос бир сиймоси!

Келинг, яхшиси, яна унинг ўзига қайтайлик.

Баҳодирнинг қиличи синди,
Сўнгги нуқта.
Тугади эртак.

Пастак ҳовли четида дилхун
Бир бола йиғлайди –
Қўлида китоб.
Баҳодирнинг қиличи синди,
Баҳодирнинг қиличи синди.
Ёвники бутун!

Қайга кетди япроқдек бола,
Бўта каби қайда бўзлайди?
Учиб юрган варақлар, ана,
Шамолларга эртак сўзлайди.
Бола қани?..
Билмайман, аммо
Ишонаман, қайлардадир у
Баҳодирга қилич излайди…

Бу каби ҳодиса ва аянчли кўргулик кишилик тарихида қайта-қайта содир бўлган. Буни англаб етмоқ учун Ҳобил ва Ийсо Масиҳнинг, Халифа Умар ва Халифа Усмоннинг, Ҳазрат Али ва имом Ҳусайннинг, яқин ўтмишдан эса, Жалолиддин Мангуберди ва Мирзо Улуғбек каби сиймолар қисматини эслаш кифоядир.

Аммо мен Азим Суюн улуғлаган япроқдек бола олмос шамшир топиб келишига асло шубҳа қилган эмасман. Нимага десангиз, бу бола қонига ташна бўлган Одам авлодининг яраланган умиди, қон қақшаган иймону эътиқоди кабидир.

Ўша, япроқдек бола – сўнмаган умид-у, ўлмаган ишонч – ҳақсизлик ва зулмга қарши бош кўтардими, бас, муҳаққақ, унга чек қўйилгуси.
Вақт етди.

Бу кўркам шеър кўз олдингда содир бўлган унутилмас воқеа каби ёдингда-хаёлингда муҳрланиб қолади. Ундаги ҳақлик ва адолат тантанасига чанқоқлик қон-қонимиз ва жисму жонимизга сингиб кетганки, шунга ташналик ва интиқлик вояга етказган туғма бир хислат бу, минг йиллик армон…

Шунинг учун ҳам у юракни ларзага солади, руҳни бедор ва безовта қилади. Ўша, қиличи синган баҳодир каби, япроқдек болани ва унинг ҳаққи-ҳаётини ҳимоя қилишга мажбурият сезасан. Ўша япроқдек бола ҳақлик балқиб рўёбга чиқишини истайди. У шунга муштоқ ва мунтазир.
Нега у тилагига етмаслиги керак?!

Қачонки, шунга ҳақдор бўлса?!.

Буюк асарлар шундай содда, самимий ва кўнгилга яқин бўлади.

Ўлжас Сулаймоновнинг “Тунги таққослар”, “Болалик, боғлар, саратон…”, “Ёзда бир қиз келди, жануб шаҳарга…” шеърларини бир эсга олинг.

Сен болсан гўё,
эсладимми – лабим тамшанар,
Сен – бир кулгу,
шиддатидан кўз ҳам ёшланар.
Мен ғарибман, ким ҳам хафа қиларди!
Дўзах кўрдим, энди жаннат истар дил.
Эҳ, бошқалар нечун сени севадир,
Севма сен, одаммас улар, ахир…
Уларда дард ва изтироб не қилар,
Улар фақат кишнаб юрган йилқилар!
Айт, қачон тилларим сўйласин бийрон!
Қай лаҳзада кўзларим сочсин аланга?
Ношудликни кўриб беисён,
Итоатда чидашни ҳам ўргатгин менга
Ва тунлар қурбақадек бўзламасликнинг
айт чорасини!
Мен сени севаман,
Бева – оҳ уришни,
Балиқ – тез сузишни
Севса қанчалик;
Мен сени севаман
Ожиз – шуҳрат-шонни,
Қуёш – кенг осмонни
Севгани каби…

Азим Суюн ҳам машҳур қозоқ оқини каби шуҳрат-шонни эмас, кенг осмонни яхши кўради! Унинг эркин шеърлари Ўлжас Сулаймоновни ёдга солади, улар тоғ дарёси каби асов ва шиддатли, қиличнинг дамидай кескир. Шоирнинг ўтли нафаси юрак пардасини титратиб ўтади.

Ўлимдан титраган зот
Титрагайдир ҳаётда!
Уларга мен ҳамма вақт
Қараб келдим нафрат-ла!
Лекин, билсанг, оламда
Бургут деган бир қуш бор,
Титрамайди ўлимдан,
Долға каби шиддаткор.
Сўнгги дамин сезса у,
Қояга урар ўзин.
Унинг олов патлари
Ҳавода кетар тўзиб.
О, улар тушмас ерга,
Ерда нима, бойланиб?!
Шу заҳот учар кўкда
Бургутларга айланиб…

Шеърнинг бўйсунмас руҳи хаёлга қанот бағишлайди.

Азим Суюннинг “Қодир овчининг ўлими”, “Тутқун”, “Муҳаббатнинг сирли эртаги”, “Кураш”, “Анғиз ўсган ерларда…” каби шеърлари худди шундай хислатга эга. Эътиқодда собит бўлган халқчил ва ўт-олов шоиргина шундай катта нафас билан долғали асарлар битиши мумкин. Ва улар Одам авлоди яшар экан, дил боғлари янглиғ унда муқим ўрин тутади. Нимага десангиз, инсон руҳиятида нурга ташналик, ёруғликка ва улуғликка ошуфталик бор, азалдан.

Мен шоирни оғир ва мушкул дамларда кўп кўрганман, лекин бировга бош эгганини билмайман, сира. Ҳар қандай тангликда ҳам собит ирода, ҳазил-мутойиба ва саркаш асовлик билан вазиятдан чиқиб кетади.

Тўқсонинчи йилларнинг охири. У “Ўзбекистон овози” газетасида муҳаррир. Бир куни тепадан бир мақола келади, Шимолий Корея етакчиси ҳақида. У рус тилида бўлган. Ўгиришган. Аммо унга йўқ жойдан хотима қўшилган, яна денг, Жанубий Корея, у билан яқинлик ва қўшма корхоналар ҳақида!

Хуллас, ишкал!

Шимолий Корея элчихонаси чанг чиқарган!

Уни адабий котиб қилган. Қасддан.

Нимага десангиз, у Ҳаким Саъдулланинг қавми-курсдоши бўлган. Ҳаким хон ўша вақт нуфузли идорада матбуот ишлари бўйича масъул эди. Унинг “буюртмаси” билан адабий котиб кечки пайт Жанубий Корея ҳақидаги тайёр матнни мақолага тиркаб юборган!

Газета чиқди.

Ва “ўйин” бошланди.

Ў-ў, сиз кўрсангиз эди Ҳаким хонни, чақмоқдай кесаман дейди!
Бирдан у амалдаги сиёсатнинг фидосига айланди. Ва “халқ душмани”нинг калласини олмоқ учун оламшумул тўлғама бошлади.

Унинг кўрсатмасига биноан шоирнинг оёғини ерга текизмай девонга олиб келдик, “Тушунтириш хати” олдик. Ҳаким хон ўша хатни қизил қалам билан ўзи чизиб ўқиган газетага қўшиб, ваҳимали жилдга солди. Ва Азим Суюн отасини ўлдиргандай ёки қайнотаси қилган ишни қилгандай жазавага тушиб, ўзини тўрт томонга ура бошлади.

Тавба!

Қайнотасини Ҳажга олиб чопади, Азимни жодига!..

Аслида, бу иш узоқ ҳозирлик ва қора ният билан қилинган, ундан иш чиқариш – унинг бўйнида!

Бу, Ҳаким хоннинг яккахон доирадаги “ўйин”и эмас! Унинг ортида бутун бир “армия” турипти!

У кечгача тиним билмади, бутун кирлигини юзага чиқариб елиб-югурди, қўлидан келган амални қилди, бироқ иш чиқмади. Ўшанда Матбуот котиби арзимас хато деб малакали мутахассисни ишдан олиш ақлдан эмас, дедим, шу билан масала катта қозонга чиқмади, деган. Аслида, давлат раҳбари уларнинг “ўйин”ини назарга илмади. Бўлмаса…

Кечга бориб, ҳамма ёқ сув қуйгандай тинчиди. Гарчи шундай бўлса-да, муҳаррир сазойи қилинган бечорадай бир четда сарғайиб ўтирибди, уйига кета олмайди, нимага десангиз, темир интизом шундай! Ёзилмаган қоида бўйича Масъул изн бермоғи керак. Бунинг учун у қабул қилиши лозим. Айбдор ялиниб-ёлвориб, эзилиб узр сўрагач, расмиятчилик юзасидан у сўнгги гапини айтиши даркор!

Нималарни ўйлаб топмайди, бу қавм!

Хато қилгач, масаланинг ечимини кутиб кун бўйи девонда сарғайиб ўтириш нима эканини юрагидан ўтказган одам билади.

Қуёш ботди, қоронғи тушди.

Шоирнинг юзига қон сачраган.

Ўша, йўли тўсилган оқар сув каби ҳеч ўзига сиғмайди. Ниҳоят, кечки соат саккизда Масъул сим қоқиб, бошлаб киринг, деб зарда қилди.

Кирсак, итирқин хонада бир этак жужуқ, кеча ишга келган, Азим Суюннинг ўғли тенги ходимлар ўтирипти, Сафар Остон бошчилигида!

Билдимки, улар атай йиғилган. Масъул Азим Суюнни қандай “синдириб” ташлайди, қандай оёқости қилади, ўсиб келаётган ёш авлод кўриб қўйсин!

Ҳаким хон сиёсат қилмоққа бошлади. Худдики осмонни тутиб тургандек, баланддан келиб, иснод гаплар айтиб, шоирни изза қилиб камситмоққа, таҳқирламоққа ўтди.

Палағда тухум қўлансаси хонани тутиб кетди.

Кўнглинг озади, гарчи шундай бўлса-да, илож йўқ, бундай вазиятда токи Масъул заҳрини сочиб бўлгунча чидамоқ керак. Эртага ҳам кун бор!

Эртага ҳам шу исқот билан ишлайсан! Илож йўқ! Муросаю мадора қилмаса бўлмайди. Шу боис, мен шоирнинг тиззасидан босиб турибман, у юзи қора бўлса, ҳадд билмай уни “олиб бориб-олиб келади”. Йўқ, бўлмади, ахийри Азим Суюн вазмин ўрнидан қўзғалди.

– Саъдулла! – деди у палағда овозда. – Сен мени редактор қип қўйганинг йўқ! Ишдан ҳам ололмайсан! Сен кимсан, ўзи? Ҳеч ким эмассан! Ҳэ-э, сени ўша туққан онангни!..

Азим Суюн шундай деб, эшикни тепиб очди-да, чиқди-кетди.

Ёшларни-ку, билмайман, аммо мен жуда ноқулай аҳволда қолдим!
“Онангни!..” – дейди-я! “Туққан онангни!..“ – дейди. Яна қаерда?

Шундай бообрў идорада, кимсан, Масъулга!

Тавба-а, деб ёқа ушлайман.

Унинг маразлигини била туриб, яна ҳамманинг олдида: “Ҳэ-э, сени ўша туққан онангни!..“ – дейиш учун отнинг калласидай юрак бўлиши керак!

Ундан кўра, яхшилаб тупур, башарасига!

Йўқ, тупуришга арзимайди!

Кўтига теп!

Йўқ! Оёқ ҳаром бўлади!

Эш-шак бор-ку, эш-шак!

Уям бўйин товлайди, одамлар нуқул оғир ишни менга юклайди, деб! Қолаверса, жуда нозик жойда ўтирипмиз! Умуман, қарор тўғри қабул қилинган!

Шу билан тилсим кесилди. Вақти келиб, Ҳаким хоннинг ўзи “учиб” кетди! Аммо “ўйин” зимдан кўламли тус олди.

Халқаро аҳамиятга молик глобал “интеграциялашув” жараёни бошланди.
Бу гал шахсан Алимов жиловни қўлга олди. Хайриддин хўжа бол йиғиб келади, бу кишим ҳалво пиширади.

Ўша кезлар Озод Фармонов урилиб-сурилиб, ўрмончига айланди. Афтидан, бу дилини оғритди. Кимсан, Раҳмонқул Қурбоновнинг жияни! Вақтида тоғаси Совминга раис бўлган! Қўли узун, дўсти-ёри кўп! У шу кучни ишга солиб, тўнтариш қилмоқ ва бира-тўла юқорига чиқмоқ истади. Кўмак истаб Москвага бош урди…

Бундай сирларни хос мулозимлар билмай қолмайди. Алимов Хайриддин билан кўз уриштирди: “Вақт шу вақтдир, ўзга дамни дам дема!”

Шу тариқа Нор қўчқорга махфий топшириқ берилди. У бориб, ўрмончига учрашди, керакли маълумотларни олиб, очиқ савдо қилди…

Сиз билмайсиз, Нор қўчқорни!

Бунақа товламачи дунёда йўқ!

Ўзи Саиданинг қўлида ишлайди, яна, сиз унвонга қўйилдингиз, икки минг берсангиз, тепани ҳал қиламиз, деб уни шилади. Лекин, на унвон бўлган, на “кўк қоғоз” қайтган!

Саида пулини сўрашга қўрқади. Ундан эмас, Хосиятдан!

– Бир куни телефон бўлди, – дейди у. – Сирдарёдан, университет ректори! “Опа, келсангиз, бир киринг!”, деб илтимос қилди.

Бордим. Бечора қалтирайди.

– Суриштириб билдим, Қўчқор қўлингизда ишлар экан!

– Шундай, – дедим унга.

– Чиқариб юбормасин, тағин! Бир амалларман! Илтимос, қараб туринг, опа!

– Нима гап, ўзи? Тинчликми?

– Келувди, депутат Рустамова билан!

– Хосиятми?

– Ҳа, Хосият Рустамова! Билар экансиз!..

– Хотини-ку! У депутат эмас!

– Мен кўрдим-ку, депутатлик нишонини тақиб олган! Шу илтимос қилди, манави болаларни ўтказиш керак, деб! Яна денг, бешта! “Бўлмаса, – деди Қўчқор, – фелъетон қиламан!..”

Мен ҳар қанча таскин бермай, тўғриликни айтмай, хавотирдан қутула олмади у ва, ахийри, унинг айтганини қилди…

Абдулла Орипов Уюшма раиси, бир куни ҳасрат қилиб қолди.

– Наманганнинг ҳокими илтимос қилди, бир адабиёт байрами ўтказиб беринг, деб. Бордик. Ўтказдик. Қайтмоқчи бўлиб турсам, у киши, туя сўйиб чақирсам, келмайсиз, бир кеп қопсиз, кечқурун меҳмон бўлиб кетасиз, деб қўймади.

Мулозими айтилган вақтга етказиб борди.

Кирсам, тўрда Хосият билан Қўчқор…

“Ҳа, энди табиий, деб ўйладим мен, Хосият наманганлик”.

Зиёфат тугагач, дастурхонга фотиҳа қилиб, кўчага чиқдик.

Хайрлашаётиб, ҳоким енгимдан тортди, сал четга ўтгач: – Айтганингизни тахлаб Хосиятга бердим! – деди шивирлаб.

Юрагим орқага тортиб кетди.

– Нима у? – деб сўрадим.

– Харажатларга!

– Қанақа “харажатлар”га? Очиқ айтинг!

– “Беш минг” деган экансиз-ку?

– Ким айтди сизга? Мен ундай деганим йўқ!

– Олди, “кўк”идан!

Ё тавба-а! Ё тавба!

– Майли, қўяверинг! – деди ҳоким. – Кўнглим сезди, шунинг учун айтдим, буни! Эҳтиёт бўлинг, улардан!..

Бошқа нимаям дея олади! Эр-хотин, уч-тўрт қадам нарида, икки оёқда турган юмронқозиқдай кулиб турипти, “Бопладикми?!”, деб!

Алҳазар, деб ёқа ушлайсан, халос!..

Майли, бугун Азим Суюннинг туғилган куни! У ҳақда сўз айтмоқ лозим, “лирик чекиниш” одамни чалғитади.

Аммо, шундай бўлган!

Нор қўчқор ўрмончи ҳақида мақола ёзади, саҳифаловчи билан келишиб, уни учинчи бетга қўйган ҳолда нусха олади, кейин “қаҳрамони” олдига боради.

Бу воқеа 2002 йил 29 январда бўлган.

У саҳифани ўрмончида қолдириб, 17 минг “кўк қоғоз” олиб қайтади.

Ўрмончи эса, саҳифани кўтариб Ҳамидовнинг ҳузурига боради, “Бахтиёр Султонович, мана, биз ишни бошлаб юбордик! – дейди у. – Шундай-шундай!..”

Аслида, унинг ҳам, бунинг ҳам дарди бир эди. Уларни яқинлаштирган шу!
Аммо Ҳамидов кечки рейс билан Тошкентга етиб келади, Алимовга учрашиб, керакли гапни айтади ва саҳифани қолдиради!

30 январ.

Давлат раҳбарининг туғилган куни. Шу муносабат билан қутлашга кирганда, бошқалар чиқиб кетгач, Алимов Каттанинг олдига ўша саҳифани қўяди. “Шундай-шундай! “Бунинг учун Азим Суюн 17 минг “кўк”идан олган! Қани, кўрайлик-чи, нима қилар экан?!”

У шоирни катта “ўйин”га “тиқиб” юборади.

Ўша куни кечки пайт таҳририятга бордим. Нимага десангиз, давлат раҳбари йўл қурилиши борасида қилган ишлар ҳақида бир мақола ёзган эдим. Биринчи қисми 29 январда чиққан, давоми саҳифага қўйилган эди. Азим шуни ўқиб ўтирган экан. У жуда паришон кўринди.

– Яхши ёзибсиз, аммо, бехато чиқиши керак! Фикри-зикрим шунда! – деди у.

Мен ҳам уни ўқимоққа тушдим. Шу пайт Қўчқор кириб келди.

– Азим ака! – деди у ялтоқланиб. – Бир нима ёзувдим, шуни номерга қўйиб юборинг!

– Ҳозир хаёлим бошқа жойда! – деди Азим. – Мен ўқий, кейин!..

Қўчқор уни ҳоли-жонига қўймади. Ахийри, Азим:

– Нима ҳақда? – деб сўради.

– Ўрмончилик ҳақида, яхши гаплар, бир оғиз ҳам танқид йўқ! Кўп иш қилинган экан! Шуни ёздим! Азим ака, хўп денг, мен сўз бериб қўйганман! Илтимос!..

Азим индамади.

Сукут аломати ризо.

Жоду уни галдиратиб ётганини мен туш кўрибманми?!

Шундай қилиб, ўша сонда ўша мақола ҳам чиқди, оламга фитна солиб!..

Султонов ёзган “фожиа” зўр муваффақият билан якун топди. Алимов уни усталик билан “саҳналаштирди”.

Ва Азим Суюн “ўйинчи”га чиқиб қолди!

Ҳолбуки, у нима бўлганини билмайди, ҳатто!

Бу балодан мутлақо бехабар!

Албатта, сир кейин очилди, бўлар иш бўлиб, бўёғи синггач! Ўшанда эса, кимдир: “Азимниям ишдан олипти!” – деб қолди. Ҳайрон бўлдим. Сабабини ҳеч ким билмайди, билганлар қовоғини очмайди, илдизига етиб бориб бўлмайди! Жуда оғир, сирли бир ҳолат.

Ҳаво тунд, қора булутлар айланишади. Ҳамма ёқ бўтқа бўлиб кетган.

Билганим, уни силтаб ташлашган, ҳатто номига кузатув қилишмаган.

Ҳолбуки, у жамоага ўн йил бош бўлган! Бу, масала жуда қалтис эканини билдиради. Ундан ҳам ёмони, таҳририятни прокуратура “босган!” Тинтув-текширув бошланган…

“Нима бўлди экан?”, деб эзилиб ўтирсам, телефон жиринглади.

Олсам, Ўрол Содиқ.

– Сиз Президентнинг ишини кўрсатиб мақола ёзипсиз! Уни чиқаргани учун Азим Суюнни ишдан олипти! – деди у. – Ҳамма шундай деяпти!

Мен шартта Султоновнинг олдига кирдим.

Салом йўқ, алик йўқ.

– Азимни ишдан олмоқчи экансиз, бир-икки кун сабр қилсангиз бўлмасмиди? – дедим унга зарда қилиб. – Ҳамма менга таъна қилаяпти, “Сен Президентни мақтаб чиққанинг учун Азим Суюнни ишдан олди, Хайриддин!”, деяпти!

У кўкариб кетди.

Беихтиёр телефоннга узалди ва хос ўринбосари Мелибоевни чақирди.

– Ишлар бошқармасидан зарбоф тўн олинг! – деди унга. – Азим Суюнни чақиринг! Кузатув маросими қилинг, тўнни ёпинг, унга! Кейин “Гулистон”га обориб таништиринг!

Жоду кесилса, Чарх тескари айланади.

Бир ўйлаб кўринг-а, давлат раҳбари ундай қил, деса, Хайриддин ўзича бундай қила оладими?

Икки дунёда ҳам!

No
  1. “Ўша кезлар Озод Фармонов урилиб-сурилиб, ўрмончига айланди. Афтидан, бу дилини оғритди. Кимсан, Раҳмонқул Қурбоновнинг жияни! Вақтида тоғаси Совминга раис бўлган! Қўли узун, дўсти-ёри кўп! У шу кучни ишга солиб, тўнтариш қилмоқ ва бира-тўла юқорига чиқмоқ истади. Кўмак истаб Москвага бош урди…

    Шундай қилиб, ўша сонда ўша мақола ҳам чиқди, оламга фитна солиб!..

    Султонов ёзган “фожиа” зўр муваффақият билан якун топди. Алимов уни усталик билан “саҳналаштирди”.”

    Каримов Қашқадарёга борган вақтида “Шўртан” газ-кимё комплексдаги кўкаламлаштиришни кўриб Қашқадарё вилояти Ўрмончилик хўжалиги ишини мақтаб гапирганидан кейин “урилган раҳбар”ни мақтаганлиги учун Азим Суюн ишдан олинганлигини ҳамма биладику! Ўзбекистонда лавозимидан четлаштирилган раҳбарларнинг изсиз, ном нишонсиз кетаётганлигини билмайсизми? Нима учун Озод Пармонов Қашқадарё вилояти республикада биринчи бўлиб пахта планини бажарганидан кейин қаттиқ бетоб бўлганлиги сабабли Каримовнинг рухсати билан Москвага даволанган борганлиги, у ерда даволанаётган вақтида Москвада яшаётган Каримов хуш кўрмайдиган собиқ раҳбарлардан бири уни кўргани борганлиги, Раҳмонқул Қурбонов ўшандан бтроз вақт илгари Лангар қишлоғига бориб Қашқадарё вилояти телевидениесида ўзи Андижонда ишлаган вақтларни хотирлаб у ерда деҳқончилик ривожланганлиги, Қашқадарёликлар бироз ялқовлик қилаётганини танқид қилгани, бундан Темир Алимов ва Исмоил Жўрабеков устамонлик билан фойдаланишиб Каримовга Пармонов Президентликка ҳаракат қилаяпти, тоғаси водийни бежизга мақтамади, ўзи Москвага бекорга боргани йўқ деб маълумот беришганини ёзмагансиз?!
    Бир савол: Озод Пармонов шунча йил давлат бошқарув органларда ишлаб Каримовга қарши “сув остида” курашиш бефойда эканлигини, ҳатто оддий депутат бўлиш учун мингта чиғириқдан ўтиш лозимлигини, Президентлик учун курашишни ҳатто тушда ҳам кўра олмаслигини тушунмаганми?
    Каримов иккита “ўсироқ чол”ни ўзаро тортишувидан чарчаб, улардан қутулиш учун ўзига содиқ инсон қидираётганлигини улар ҳар иккаласи сезишган. Бу нарсани Каримов Мирзиёевни ўзига яқинлаштириб у “ўсироқ чол”лардан Мирзиёевнинг қўли билан қутулганлиги ҳам тасдиқламайдими?! Озод Пармонов ва Раҳмонқул Қурбоновлар оддий халқни орасида чуқур ҳурмат қилиниши улар давлат органларида ишлаган вақтларида халқ манфаатини шахсий манфаатларидан устун қўйишганини тасдиқламайди?!
    Мен муаллифнинг Озод Пармоновнинг исми шарифини нотўғри ёзиб чала ярим ҳақоротона ёзилган бўхтонидан мақсади нима эканлиги тушуна олмадим.
    Менимча бу Исмат Хушевга хос хусумат ва хасад иллатлрарига тўлиқ жавоб беради ва ўзаро келишиб яхши инсонларнинг номини қоралашга қаратилган ҳаракатнинг давоми бўлса керак.
    Уялинг жаноблар!

Leave a Reply
*