Menu
Categories
Эврил Турон: ЎЛИМ ТЎРИ (Тўртинчи мақола)
01/28/2017 Адабиёт
“Дунё ўзбеклари”дан:
Таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон)нинг бу мақоласи аслида ББС ўзбек хизмати учун махсус ёзилган.
Лекин улар бир қисмини бериб, қолганини беролмасликларини айтишибди.
Мамадали ака менга мактуб билан мурожаат қилиб, “Ўлим тўри” номли шу битикларни “Дунё ўзбеклари”да тўлалигича чоп этишимни илтимос қилдилар.
Яширмайман, у кишининг ёзганларини ўқиб, жуда ўйланиб, иккиланиб  қолдим. “Ўлим тўри”да менга маъқул келмаган фикр ва мулоҳазалар жуда кўп эди.
Масалан, ўзбек адабиётининг истеъдодли вакиллари Хайриддин Султонов, Мурод Муҳаммад Дўст, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид ва Иқбол Мирзолар (гарчи улар ҳақидаги танқидий мақолаларнинг аксарияти “Дунё ўзбеклари”да чиққан бўлса ҳам) ҳаддан зиёд қораланган.
Меҳрибон ва донишманд устозим, ўзбек халқининг буюк шоири Абдулла Орипов шаънига маломат тошлари отилган, бетакрор ижоди ва муборак шахси, у ёзган Давлат Мадҳияси камситилган, шубҳа остига олинган.
Мен бугун Абдулла Орипов бу ёруғ дунёни тарк этган мусибатли бир дамда унинг руҳини безовта қилиб, бу битикларни эълон қилсам, виждонимга қарши бораман-ку, деб кўп қийналдим, изтироб чекдим.
Уч-тўрт кундан бўён юрсам ҳам, турсам ҳам юрагимда шу қийноқ. Тошкентда Мамадали акам мендан жавоб кутиб турганларини ўйласам, муҳаррир бўлганимга ҳам, “Дунё ўзбеклари”ни очганимга ҳам пушаймонлар қилиб кетаман.
У ёқда – Тошкентда яқинда оиласи вафот этиб, ҳасрат ва айрилиқ доғида, тирикчилик ташвишлари қуршовида ёлғиз қолган Мамадали акамни ўйлаб, бадтар эзиламан.
Бу ёқда – Канадада эса тўкин-сочин ҳаёт ажиб бир малоҳат ва саодат ичра ўтиб бормоқда. Сирли ва сеҳрли диёр бағрида туну кун Ўзбекистон ҳақида ўйлайман.
17 йиллик гулдек умри Каримовнинг турма-ю, зиндонларида хароб бўлган талантли ва иродали ёзувчи мендан битикларини эълон қилишим ё қилмаслигим ҳақида жавоб кутаётганини ўйлаб, қийналаман.
Муаллифни ҳам, у ёзган битикларда номи қорага чапланган инсонларни ҳам, устозим Абдулла Ориповни ҳам бир бир кўз олдимга келтирарканман, бир бирига қарама қарши бўлган аламли ва ситамли ўй-мулоҳазалардан сўнг, битикларини тўлалигича чоп этишга қарор қилдим.
Зотан, ҳур ва демократик жамиятда муҳаррирнинг бош вазифаси – ёқса, ёқмаса, ҳар кимга ўз сўзини айтиш ҳуқуқини бериши лозим.
Ким ҳақ ва ё ноҳақлигини бу гал “Дунё ўзбеклари”нинг чорасиз ва ношуд муҳаррири эмас, балки одамларнинг ўзлари ҳал қилсин…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
25 январь, 2017 йил, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…
Эврил Турон
ЎЛИМ ТЎРИ
Илм эгалари, шоирларни доим ўзимга
яқин олдим. Душман кайфиятида бўлган-
ларга ҳам ҳомийлик қилдим.
Амир Темур.
Тангри ўзининг пинҳона ҳукми билан
қудрат кўрсатади…
Ибн Арабшох
Бир ўчиб, сўниб… яна ёниш бор…
Абдулҳамид Чўлпон.
Халқ  давлатга эмас, давлат халққа
хизмат қилади.
Шавкат Мирзиё.
(Тўртинчи қисм)

 

30.
Иқбол Мирза тўғрисида ҳам бир сўз.
У ҳаваскор шоир сифатида Шармандийдан бир қат юқори туради. Маддоҳ сифатида ҳам. “Лавозимлар пойгаси” мусобақасида ҳам уни ортда қолдирди ва рекорд кўрсатгичга эришди:
Президент девони ходими,
Ёзувчилар уюшмаси котиби,
Мудофа вазирлиги матбуот котиби,
Ўзбекнаво бирлашмаси бўлими бошлиғи,
Кабел телевиденияси бошлиғи,
Сенатор…
Сирожу Иқболга қараганда юз марта талантли адиблар ишсиз юришибди. Оғир турмуш тарзини бошларидан кечираяптилар. Бу икки маддоҳ эса бир қанча юмшоқ курсиларни банд этиб туришибти. Бу – ҳеч бир адолат қолипига сиғмайди…
31.
Маҳмуд Тоир деган “Халқ шоири” “ижоди” ҳатто танқид қилишга ҳам арзимайди.
Шу туфайли унга тўхташни ўзимга эп кўрмадим.
Исмларини зикр этганларим, яъни тузсиз, олди – қочди, ура – ура… шиғирлар тўқувчи маддоҳлар энди ўзлари ҳақида ўйлаб кўрсалар яхши бўларди. Шунга вақт етилди…
Ёхуд ҳали ҳам “ишда қоламиз” деган умидда яшаяптиларми?
Балки, шунга ҳар қачонгидан ҳам кўп думларини ликиллатароқ ювиндига ҳам арзимайдиган ҳамду саноларга зўр бераётгандирлар?
Бу билан улар халққа кулги бўлаяптилар. Айниқса зиёли қатламга. Энди, менимча ҳамд сеҳрига маҳлиё бўлган кас замони қайтмас. Маддоҳлар тепага ким келса, элга қайишадими, қайишмайдими, фарқсиз, уни Худога тенглайдилар.
Сийсатшунос Камолиддин Раббим тили билан айтсам, ўзларига “камфорт” бўлса бас, эл очдан ўлмайдими, пинакларини ҳам бузмайдилар.
Қайта айтаман: у тоифа ҳеч кимга дўст бўлмайди. Ўз нафсидан ўзга.
Бу мунофиқ тоифа Шароф Рашидовга сажда қилди. У ўлиши ва урилиши билан унинг гўрига тош отди.
Усмонхўжаевга ҳам, Рафиқ Нишоновга ҳам тобинган. Сўнг юз ўгурган.
Ислом Каримовни ҳам шу қисмат кутади. Бу ҳақда ёзилган. Яна ёзилажак.
Шавкат Мирзиёев буни билмайди, деб ўйлайсизми? Билади…
32.
Туман, ўлка, вазирликлар ва бошқа тизмлардаги янгиланишларни (кадарлар масаласида) кўриб турибсиз.
Навбат ялтоқ тўдага ҳам келади. Ўлаётган оммавий – ахборот воситаларига ҳам, чалажон ёзувчилар уюшмасига ҳам. Бусиз уларда жонланиш бўлмайди.
Халқ ва унинг ойдинлари янгиланиш кутаяпти:
Маддоҳ тўда ўрнига мен ишда пишган, тажрибали, истеъдодли, энг муҳими элсевар дўстларни тавсия этаман:
Шароф Убайдуллаев,
Исмат Хушев,
Жаҳонгир Муҳаммад…
Қуйидаги иқтидорли, миллиётчи йўлдошлар газета, журнал, радио, телевидение, нашриёт… ва Ёзарлар уюшмасига жалб этилса, бу тизмлар  тирилади ва яшнашга юз тутади:
Ҳамид Исмоил,
Паҳлавон Содиқ,
Алишер Сиддиқ,
Сирожиддин Ислом,
Сарвар Усмон,
Шуҳрат Бобожон,
Садриддин Ашур,
Замира Шукур,
Барно Анвар,
Меҳрибон,
Шаҳодат Ёқуб,
Умида Ниёз,
Юсуф Жума,
Сафар Бекжон,
Ботир Норбой…
Иқтисод, сиёсат, техника, савдо, қишлоқ хўжалиги, қисқаси, ҳамма соҳаларга ўткир ақл эгаларини тортиш вақти етилган. Зотан улар судланган, қамалган, ишдан ҳайдалган, қувғин этилган бўлсалар ҳам. Чунки ўткир ақл эгалари турғунлик даврида Каримовдаги ноҳақдан мислсиз жабр кўрдилар.
У ўзидан бошқа “Мен “ ни, яъни ўзидан оқил одамни қўймаган. Чунки унга тоқат қилмаган. Чунки ундан қўрққан. Кучиданмас, ақлидан. Шунга уларни:
Қийноққа солган,
Банди қилган,
Йитган,
Ҳайдаган,
Қочишга мажбур этган…
Булар ўн минглар…
Вақт келади. сарҳисоб қилинади. Абадийлаштириш… – Темур Ҳоқонга,  Қошғорий, Улуғбекларга ярашади. Бир ғарб олими (оти хотирамдан кўтарилган)нинг рамзга   мойил  ушбу сўзи эсимда қолган:
“Улсиз уйни қанча таъмирлама, у қулайди. Вақт шафқатсиз…”
33.
Тарих шоҳид.
Ер юзини олган Ўғузхон ҳам, баъзан, айрим масалаларда ўз кўнглига қарши борган. Янги президент биз, сиз билган нарсаларни билмайди, деб ўйлайсизми?
Янглишасиз. Ушбу мисол шундан дарак эмасми?
У Каримов бекитган қўшни республикалар чегараларини очди, очаяпти.
У Каримовнинг ғазабига йўлиққан Абдулла Орипов, Козим Тўлаганов, Зокир Алиматов, Бахтиёр Ҳисомович Ғуломов кабиларни қайта ишга тиклади. Тиклашда давом этаяпти…
Мен бу жараённи қизиқиш билан кузатиб бораяпман. Тиклаш рўйхатида элга таниқли, юртимизни жон – дилидан севадиган, энг мураккаб ишларни ҳам бажара оладиган, ҳаромдан ҳазар қиладиган, зўр ғайратли ойдинларни кўришни истайман.
Бироқ, зинҳор,  пора ботқоғига ботган касларни эмас. Ўзбекда шундай мақоллар бор:
Каламушдай кемираверса, тоғ чидамайди. Бу – давлат – ку. Давлат тугаса, оч халқ ётган қул бўлади…
34.
Машина ўғриси 20 йилга қамалаяпти.
Шунга машина ўғриси кескин камайди. Минг, ўн минг машина пулини ўмараётганлар қасрларда қутуриб яшаяптилар. Бунга қани қонун?
Аслида улар “Борса – келмас”да ўтиришлари керак. Умрбод. Шунда “пора” сўзи истеъмолдан чиқади. Шунда юрт каззоблардан тозаланади, эл кўкрагига ҳаво тегади, давлат кучга киради.
Мен порахўрларга мангу қамоқ жазоси қўллашни таклиф этаман.
Лавозимларни АҚШ доллари ёхуд ўзбек олтинига сотиб олаётганлар ҳам (олганига ҳам, берганига ҳам) “Борса – келмас” билан жазоланишлари лозим.
Йўқса, Ўзбекистон очуннинг орқа оёғи бўлиб қолаверади. Чунки берган кас берганини юз ҳисса қилиб чиқариб олиш учун ишлайди.
Эл учун эмас,
Давлат учун эмас,
Ўз нафси учун ишлайди.
Шу сабабли мен янгиланишларда Худодан қўрқадиган, ҳаромдан жирканадиган, ўз эл – юртини ўйлаб иш қиладиган инсонларни кўришни истайман.
Тоза,
Тўғри,
Журъатли инсонларни…
35.
Бунинг учун куч ишлатар тизмларини, айниқса, прокуратура ва суд органларини сифат ҳисобига тозалаш ва сўнг уларга мустақиллик бериш зарур.
Даҳлсиз,
Қарамсиз,
Тўла мустақиллик.
Ойлик – маошларини оширган ҳолда, албатта.
Бўлмаса:
Сотилаверадилар…
Олаверадилар…
Етишмовчилик – бутун ўғирликларнинг илдизидир.
Менимча, халқ янгиланиш жараёнини ёруғликдай қабул қилаяпти. Унда, шубҳасиз, ўзига маъқул кишиларни кўришни хоҳлаяпти. Улар орқали эса оғир турмуш тарзларида яхшиланиш бўлишига умид боғлаяпти.
Мен бу умид садоларини ўзимизда, чет эл оммавий ахборот воситаларида, хусусан, “БИ-БИ –СИ”, “Озодлик” радиоларида эшитаяпман.
“Дунё ўзбеклари”да ўқияпман…
36.
Кузатишимча, биринчи галда, элнинг аксар қисми Шавкат Мирзиёевдан кўп қутлуғ ишлар кутмоқда.
Мен унинг ёнида турғунлик даврида ситам кўрган, ноҳақ ишдан бўшатилган ва ҳатто чет элларга кетишга мажбур бўлган жуда ишчан, ишончли, имонли инсонларни кўришни истайман.
Масалан, қуйидаги заковатли инсонларни:
Мавлон Умрзоқов – Иқтисод фанлари доктори, профессор.
Муродим Турдиев – Техника фанлари доктори, профессор, академик, Қозоқистон  нефт – газ университети ўқитувчиси.
Абдураҳмон Ражабов – Техника фанлари доктори, профессор, Тошкент Қишлоқ Хўжалиги университети ўқитувчиси.
Шароф Убайдуллаев, таниқли ўзбек журналисти
Исмат Хушев, “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири, талантли журналист, Канадада истиқомат қилади.
Икром Ёқубов – доктор, Сиёсатшунос. Шотландия университети      ўқитувчиси.
Камолиддин Раббимов – сиёсатшунос олим, Францияда ишлаяпти.
Тоҳир Билолов – иқтисодчи. Англияда ишлаяпти.
Баҳодир Хон Туркистон – ишбилармон, АҚШ да ишлаяпти.
Абдулла Абдураззоқ – педагог олим. Норвегияда ишлаяпти.
Муҳаммад Ислом – иқтисодчи, Канадада ишлаяпти.
Аъзам Обид – шоир, таржимон АҚШ элчилигида ишлаяпти.
Аброр Қаҳҳаров – геология фанлари доктори, профессор, Шароф Рашидов фонди ташкилотчиси, Канадада ишлаяпти.
Жаҳонгир Маматов, Ўзбекистон парламентининг собиқ аъзоси, ёзувчи, АҚШда яшайди…
37.
Мавлон Бобожонович Умрзоқов – Шароф Рашидов, Усмон Хўжаев, Рафиқ Нишонов, Ислом Каримовлар билан бирга ишлаган.
У тиниқ ақл эгаси, ташкилотчи, ўз сўзига эга инсон. Юртимизнинг тараққиёти йўлида ва кадрлар масаласида сезиларли ишлар қилган. Унинг шеърияти ҳам, менимча, гўзал.
Маълумки, Ибн Сино тиббий илмлар отаси. Медицина ҳам унинг номи билан аталади. У гўзал шеърлар ҳам ёзган. Умар Ҳайём физик олим. Бироқ тарихда тенгсиз рубоийлари билан қолган.
Менимча, иқтисод фанлари доктори, профессор Мавлон Умрзоқ ҳам шеърлари билан тарихга киради. Умар Ҳайём замонида юзлаб ижодкорлар даҳоликка даво қилганлар. Ленин, фақат физик олим Ҳайём номи  асрларни кечиб яшаб келаяпти.
Менинг назаримда, Мавлон Умрзоқни ҳам шундай бахт кутаётгандай.
Чўпдан ҳам хадаксирайдиган Каримов деган кас Мавлон Умрзоқнинг ақл – заковатидан қўрққан. Буни сезган  ўрта бузар Темир Алимов ўтга  керосин сепган…
Кас (дунё уни диктатор дерди) нинг хавотири баттар ошган. Оқибат: Мавлон Умрзоқовни ишдан четлатган.  Аммо қўрқув кучли бўлганлиги боис бунга ҳам қаноат қилмаган. Ундан узул – кесил қутилишни ўйлаган ва барча душманларига қўллайдиган “усул” (фитна, туҳмат, уйга қурол қўйиш…) билан Умрзоқовни қаматган.
Бироқ тезда унинг айбсизлиги очунга аён бўлган. АҚШ нинг давлат котиби Мадлен Олбрайт  Мавлон Умрзоқовни зиндондан олиб чиққан…
38.
Йигирма йилдан ортиқ уй қамоғига михланган Козим Тўлаганов тақдири ҳам Мавлон Умрзоқов тақдирига менгзайди.
Албатта, нисбатан. Янги президент шарофати билан Козим Тўлаганов тикланди. Мавлон  Умрзоқов бир каснинг кеки билан 20 йилдан бери бўш. Ҳеч қаерда ишламайди.
Шавкат Мирзиёев унга ҳам ҳотамтойлик қилади, деб ўйлайман. Халқ ҳам шундоқ фикрда. Яъни Мавлон Бобожоновични эски жойига қайтаради, деган фикрда, “Озодлик” радиоси ҳам Умрзоқовга шундоқ тилак билдирди…
39.
Президент Шавкат Мирзиёев 24 йилдан бери ноҳақ қамоқда ўтирган Самандар Қўқоновга озодлик бериб, бағри кенглик қилди ва яна ҳам элимизнинг ҳурматини қозонди. Унинг мардлиги тўғрисида:
“Дунё ўзбеклари” қайта – қайта ёзди.
ББС ва “ Озодлик” радиолари қайта – қайта эшиттирди. Мен буни янги Президентга нисбатан  ҳурмат белгиси деб биламан.
24 йил қамоқ кулфатини бошидан кечирган инсон ўз эски ўрнига, яъни Тошкент вилоят нефьт маҳсулотлари базаси бошлиғи лавозимига қайтарилади, деб умид қиламан…
(Давоми ҳар куни бериб борилади)
Leave a Reply
*