Menu
Categories
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ташаккурнома!
02/02/2017 Бош мақола
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Авваломбор касби сўз билан боғлиқ бир инсон сифатида юртдошларимизга сўз эркинлигини берганингиз, виртуал қабулхона очиб, оҳу-додимизга қулоқ
тутаётганингиз учун самимий миннатдорчилигимни қабул қилишингизни сўрайман.
Портал деган амалиёт чиқди-ю, нафақат шаҳарда косаси оқармай юрган одамлар, олис қишлоқда газ йўқлиги боис ўтин орқалаб юрган юртдошларимизнинг ҳам букчайган қадди кўтарилиб, тили гапга айланадиган бўлди. Ўз ҳақ-ҳуқуқини сўрай бошлади.
Шу ўринда мен ҳам, Ўзбекистон Телерадиокомпанияси Раиси ишдан олинганлигини эшитиб, хурсандлигимдан, дилимда тугун бўлиб ётган дардларимни тўкиб солмоқчиман.
2006- йилда Тошкент телерадиоканалининг ўша пайтдаги директори Фурқат Зокиров “ э йўқ, бэ йўқ”: – Сиз хўжайин (яъни Ходжаев А.Ж)га ёқмас экансиз, кетсин деяпти, дея ариза ёзишимни талаб қилди. Мен : – Нима бирор кўрсатувимда бирор хато борми, ё ишга кеч келдимми, ё эрта кетдимми, нима айбим бор? – дедим.
Фурқат Зокиров: – Мен сизни ҳамма асарларингизни ўқиганман, тележурналист сифатида жуда ҳурмат қиламан, иқтидорли ижодкорсиз, аммо бу менинг истагим эмас, мен бор йўғи тепадаги одамнинг топшириғини бажараяпман, агар бажармасам, бу ердан кетишим керак бўлади, деди. Шундан сўнг индамай ариза ёзиб бердим.
Ўн йил жон куйдириб ишлаган даргоҳимдан ўн дақиқада ҳайдалиб кетдим. Туни бўйи қорнимга эмас, қадримга йиғладим. Ор номусим топталгани, ёру-биродарларим, шогирдларим олдида юзим шувит бўлгани учун йиғладим. Агар бирор хато қилганимда майли эди, айб ўзимда, шу айбни қилдим, энди жазосини тортишим керак, дея таскин топардим.
Кейинчалик Фурқат Зокировнинг ўзи ҳам у даргоҳдан ҳайдалиб кетди. Бу сўзни хурсанд бўлганимдан айтаётганим йўқ, ачинганимдан айтаяпман. Чунки, Фурқат Зокиров телевидения учун жонини куйдириб ишлайдиган, иқтидорли тележурналистлардан бири эди.
Тўғриси, бу таёқ биргина менинг бошимда синганида, ушбу хатни ёзиб ўтирмасдим. Бу таёқ кўпчиликни бошини бирма бир ёра бошлади. Телевидениянинг юзига айланган, одамларни телевидения атрофига жамлайдиган, ўз сўзига, ўз фикрига, ўз қиёфасига эга кўпгина тележурналистлар, телережиссёрларнинг қўлига паттасини тутқазиб, ковушини тўғрилаб қўя бошлашди.
Яна кимлар денг, Абдулла Қодирий билан Абдулла Қаҳҳорнинг фарқига бормайдиган, асарни бир киши ёзадими, ўн беш киши ёзадими англамайдиган, алифни калтак дейдиган, осмондан оёғи билан тушган карчолонлар, шафқатсизларча телевидениянинг энг кўзга кўринган ижодкорларини кўчага ҳайдай бошлади.
Мираббос Мирзааҳмедов, Мавжуда Холматова, Толибжон Исроилов, Гули Икромова, Ирода Носирова, Юлдуз Очилова, Хусан Эрматов, Раҳимбой Жуманиёзов, Малоҳат Эшонқулова, Саодат Омонова, Озода Бекмуродова, Тўра Тўраев, Хуршид Даврон, Зафар Имомхўжаев, Матлуба Сафарова, Муниса Тошматова, Саломат Вафоева, Юлдуз Орипова, Муслимбек Йўлдошев, Дилафрўз Икромова, Насиба Мақсудова, Эркин Худойқулов ва яна бошқаларни номларини келтиришим мумкинки, уларнинг ҳар бири ўз мухлисига, ўз аудиториясига эга иқтидорли тележурналистлар эди.
Улар минглаб инсонларнинг юрагини забт этган, минглаб инсонларнинг ҳурматини қозонган ўз касбининг усталари эди. Ҳаммаси ҳеч қандай сабабсиз ҳайдалиб кетди. Биргина айблари, уларнинг ҳаммаси иқтидорли инсонлар эди. Уларнинг ҳаммаси ҳозир қаерлардадир фаолият юритмоқда. Ризқ Худодан. Аммо уларни ҳаммасини номларини қора рўйхатга тиркаб қўйишди. Ҳеч бирини телевидения яқинига йўлатишмайди. Кўрсатув тайёрлашлари учунгина эмас, бирор кўрсатувда кўриниш ҳам беролмайдилар.
Шахсан мен бирор тадбирда қатнашаётганимда, кўпчиликнинг ичида турган бўлсам ҳам, ўша кадрни эфирдан олиб ташлашади (бу ҳол бир йил эмас, икки йил эмас, ўн йиллардан ортиқ вақт давом этди). Чунки мен ўзим билмаган, айбим бирор жойда тасдиқланмаган ҳолатда кимнидир қора рўйхатига тушиб қолганман.
Мени номим устига қора чизиқ шу қадар қаттиқ тортилган эканки, кейинчалик А.Ходжаев ҳузурига бир неча бор, мени оддий муҳаррирликка бўлсада ишга олинг дея қилган барча илтимосларим бекор кетди, ҳатто Марказий Сайлов Комиссиясининг Раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов Юртбошимизни икки бора сайлашда иштирок этди-ю, аммо мени А. Ходжаевга қайта-қайта илтимос қилиб ҳам ишга олдиролмади.
Бундай бағритошликка Фиръавн ҳавас қилса ажабмас. Ўшандан буён кимгадир, нимагадир ёқмаганим учун ўз юртимнинг, жонажон Ватанимнинг телевидениясига чиқолмайман, ўз халқимга юзимни кўрсатаолмайман, ўз халқимга кўнглимдаги сўзимни айтаолмайман.
Шундай қисмат юқорида номлари зикр қилинган дўсларимнинг бошида ҳам бор. Чунки улар ҳам қора рўйхатда. Машҳур адиб Жеймс Жойс “О, Ирландия! Сен худди очкўз тўнғиз каби ўз фарзандларингни ғажиб емоқдасан, сендан нақадар нафратланаман!” деганида Ирландиядаги зиёлиларни овозини бўғаётган жоҳил карчалонларни назарда тутган эди.
Ёки ўзбекнинг хассос ва улуғ шоири Муқимий домла: “ Шул эрур айбим Муқимий мардуми Фарғонаман” дея аламу-ҳасрат билан нола қилганларида, шу юртда туғилганим менинг айбимми дея, не-не заҳматларни бошидан кечирганларини назарда тутган эдилар. Юқорида номлари зикр қилган инсонлар ҳам, шу ерларда туғилганим менинг айбимми деса, бир жоҳил карчалоннинг касофати туфайли, шу сўзларни айтаётган бўлади албатта.
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Сизнинг Ўзбекистон Қаҳрамонлари, ўзбек миллатининг ифтихори бўлган улуғ инсонлар Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовларни иззат ҳурматини нақадар юксакка кўтарганингизни кўриб, шаънингизга минг бор тасаннолар айтдик. Ҳолбуки улар, кейинги ўн йил ичида бирор марта телевидения остонасини ҳатлаб ўтмаган, Мустақиллик майдонларига яқин йўлатилмаган, қора рўйхатдаги инсонлар эди.
Шундай бўлсада сиз уларни улуғладингиз, бўйинларидаги қора тамғани олиб ташладингиз. Бунинг учун сизга минг бора раҳмат.
Сизнинг бутун Ўзбекистон бўйлаб олиб бораётган ислоҳатларингизни қалбан қўллаб-қувватлаймиз, Худодан сизга омад, мустаҳкам ирода, соғлик саломатлик тилаймиз, тарих саҳнасида исмингиз абадул абад порлоқ юлдуз сингари қолишини, Ҳазрати Умар каби адолатпарвар, Маҳатма Ганди сингари халқпарвар, Бенжамин Франклин сингари буюк давлатга асос солувчи буюк Президент бўлишингизни тилаб қоламиз!
Сизга чексиз эҳтиром билан
Муҳаммад Исмоил,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Суратда: Таниқди ёзувчи Муҳаммад Исмоил қутлуғ ёшли улуғ устози Шукулло домла билан…
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*