Menu
Categories
ҲАВОРАНГ АТИРГУЛЛАР «Сайёҳ шамоллар» «Талабалик дафтари»дан
02/03/2017 Адабиёт
ҲАВОРАНГ АТИРГУЛЛАР
(«Сайёҳ шамоллар» туркумидан)
Хаёлим осмонларида У ҳаворанг атиргулли кўйлаклари билан бир умрга муҳрланиб қолди. Яқинда мен туш кўрдим. Ҳамма ёқ оқ, оппоқ қор эмиш. У эса яна аллақаерда, сукунат кўмган оппоқ қор оғушидаги боғда пайдо бўлибди. Лабларида ҳамон ўша маҳзун табассум эмиш…
«Талабалик дафтари»дан.
Ёшликнинг беғубор кўчаларида эдик ўша чоғлар.
Биз талаба эдик.
Ерга урса кўкка сапчийдиган, домланинг узундан узоқ лекцияларига ҳам доим халақит берувчи, тунларни тонгга улаб шеърлар ўқувчи, бирда далли, бирда девона эдик бизлар.
Хужандда, Сайҳундарё соҳилларида оққушларга кўнгил очгувчи ёшлар эдик ўша кезлар.
Биз фақат қўшиқ айтардик. Гоҳида мағрур, гоҳида маҳзун жаранглар эди бу қўшиқ.
Дилимизда чиндан бир куй бор эди.
Бу куйни Илоҳ берган эди.
Ёшликнинг беғубор кўчаларида шодон кезар эдик. Юрагимизда шовуллаб-шовуллаб Сирдарё оқарди.
Хаёлимизда, узундан-да узун хаёлимиз чаманзорларида ҳаворанг атиргуллар очилиб ётарди.
Руҳимизда эса дарвешона қўшиқ муттасил чарх уриб айланаверарди, айланаверарди…
Қадим Хўжанднинг қадим маҳалласининг қадим бир кулбасида ижарага турардик бизлар.
Кўҳна кулбамиз, қартайиб қолган бека, торгина ҳовли, тарвақайлаб кетган кекса ўрик дарахти шаҳарнинг жуда қадимлилигидан далолат бериб турарди.
Бека жуда беозоргина, камсуқум кампир эди.
Ҳаётнинг залворли йўллари унинг юзларига ажин ташлаб ўтганди. Ажинлари қатида бу бевафо дунёнинг ситамлари ётарди. Ҳар сония, ҳар лаҳзада нури сўниб бораётган дийдаларида эса қайғу гулзорлари чайқалиб турарди.
Беканинг ғамгин қиссалари узундан узун эди.
Ооо бу маҳзун қиссалар…
Тинглаганда юракларни сел қилади.
Юрагида дарди кўп эди унинг… Бироқ ҳозир бунинг мавриди эмас. Бу алоҳида мавзу.
Биз аҳли толиблар… Эркин Шукур, Ҳабиб, Шоди, Алишер, Саидаҳмад, Илҳом, Абдулла – кўҳна Хужанд қаландарлари…
Биз турган ҳовли кунботарга қараган. Мунғайгангина ҳовли ётоқхонадан пастроқда эди. Хуллас, ҳамманинг дилига бир ўт ёқувчи ётоқхона ҳовлида кўриниб турарди. Ҳовлига шундоққина чиқсак ётоқхона чироқлари кўзни оларди. Кўзни оларди-ю хаёл кетарди…
Олийгоњнинг айрим ётоқхоналардан болаларга жой берилмаслиги Алишерга алам қилганди.
Хайрият берилмаган экан. Ёниб-ёниб шеърлар битди.
Ётоқхонада болалар яшамас эди-ю, лекин Эркин Шукурнинг хаёли, Алишернинг дарди, Ҳабибнинг истаги, Абдулланинг ҳаёти, Саидаҳмаднинг орзуси, Илҳомнинг армони яшарди у ерда…
Биз турган ҳовли торгина эди.
Қўшни ҳовлида қўшни қиз яшарди.
Осмондан тушган фариштадай эди у. У шунчалар гўзал, шунчалар гўзал эдики.
Уни ҳамма яхши кўрарди.
Уни Шоди севарди. Ёниб-ёниб севарди…
Буни ҳамма биларди.
Ҳамма уни севарди. Гўё севмаган одам одаммасдай эди. Шоди баччағар буни билгани сайин баттар куярди.
Қўшни қизнинг бир кўйлаги бор эди. Ҳаворанг атиргуллар акси тушган бу кўйлакни кийиб чиққанида у шундай ҳам яшнаб кетардики…
Уни ҳамма ҳаворанг атиргулларга қўшиб севарди. Ўзи ҳам тоза ҳаволарда сузиб юрган ҳаворанг атиргуллардай тоза эди.
Баъзан Шодига ачиниб кетардим.
Болапақир дарди ичида… озиб-тўзиб кетди.
– Сенга нима, сен қишлоқига ким қўйибди шаҳарлик олифтага кўнгил беришни, – деб жаҳли чиқиб ётарди ўз дардидан бехабар Эркин Шукур.
Нима бўлса ҳам Шоди уни севарди. Лекин бирда унинг жайдари муҳаббати бизга қимматга тушди. Қарийб милисага тушиб, кўргилигимизни кўриб, факультетга шарманда бўлсак.
Нима денг. Бир куни Шоди ҳаммадан бехабар Унга хат ёзибди. Хатни ҳам қишлоқимисан деб узоқдан уни келаётганини кўриб, дарвозасига қистириб қўйибди. Шунда дарвозанинг қимирлаб қўйганини ичкаридан кўриб турган дадаси келиб қоғозчани олибди.
О кўрмаган кунни, эшитмаган ҳақоратни ўшанда кўрдик.
Бечора Шоди бўлганича бўлди.
Ўша кунларда қирқ ёшга қариди-ёв…
Шунда ҳам бизга юрак-юракдан кўникиб қолган бека жонимизга оро кириб, ҳамма фожеалардан асраб қолди.
Бўлмаса Шоди телбанинг муҳаббати деб ижарадан ҳам, ижара тугул институтдан ҳам…
Шундан сўнг Эркин Шукур аввалгидан ҳам очилиб кетди. Орамизда ҳаммадан бир-икки ёш катталиги боис севги бобида, севилиш бобида «қимматли» маслаҳатлар берди.
Бироқ ўзи ҳам севги бобида « соғ» эмас эди.
Эркин Шукур шўх эд, шум эди, бироқ дарвеш эди. Руҳида нимадир ҳайқириб турарди. Қони қайнарди…
…Адабиёт тарихидан лекция давом этарди.
Лекция эса, сочларига оқ тушиб қолган кекса домланинг узундан-узун лекцияси эса унинг хаёлларидан бепарво давом этаверарди.
– Ҳазрат Навоий ҳам замонасининг энг зуко олимларидан, фозилларидан саналганлар. Шу боис бўлса керак ҳазрат доим эзгуликни куйлаб ўтганлар…
…Ҳамма жим. Ҳамманинг кўз ўнгида ҳазратнинг суратларда қолиб кетган қиёфаси жонланади.
– Назаримда Ҳазрат Навоий… Энди… Ҳалиги…
Қизиқувчан талабалар олис ўн тўртинчи асрга саёҳат қилишади.
Кейин эса Ҳазратнинг ўзлари уларга ўз ҳаётлари хусусида сўзлай бошлайдилар.
У шум эди. Дарвеш эди. Руҳида нимадир ҳайқираверарди.
Ҳозир эса… негадир у жим. Хаёл денгизлари уни ҳам ўз комига тортган.
Кекса домла ҳар замон, ҳар замон унга қараб қўярди-да, сўзида давом этарди:
– Шукуров ётоқхонага бориб келдингизми?!
– А!?
Аудиторияда «гуррр» кулгу кўтарилади.
Унинг хаёллари парча-парча бўлади.
Юзига уялганнамо табассум югуради.
– Энди ҳалиги Навоий ҳам хаёл сурган… Лекин назаримда устозининг сўзларига қаттиқ қулоқ солган…
– Домла, Навоий ҳақида ўйлаётган эдим.
– Э-э, ҳа, ҳали шунақа денг.
– Тўғри, Навоий ҳам тарихчиларнинг гувоҳлик беришларича, ёниб-куйиб севган. Гулисига ғазаллар битган. Назаримда Навоийнинг Гулига муҳаббати дорилфунунда ўқиб юрган кезларида бошланган. Кечалари ётоқхонага қизлар олдига ҳам тез-тез бориб турган.
Энди эса аудитория кугудан портлайди.
Бесўнақай парталару деразалар кулгининг зарбидан силкиниб кетади.
У энди ғазабга минади. Чеҳраси тундлашади. Ҳали шошмай туринг сиз. Енгиш бўлса биздан кўрасиз.
Аудитория домланинг лекцияларига қолади.
– У ёғини сал ҳазилга бурдигу лекин ҳақиқатдан ҳам ҳазрат Навоийда дунёвий севги, аёлларга муҳаббат чексиз бўлган. Бу хусусият унинг асарларида ёрқин намоён бўлади…
Унинг шумлиги бирдан қайнаб кетади. Дарвешлиги тутади. Дабдурустдан:
– Домла, сўзларингиз ғирт ёлғон. Навоий илоҳий муҳаббатни куйлаган, – деб юборади.
– Э-э-э, Шукуров, Шукуров. Худди Ҳазратни бир умр ўқиб-ўргангандай гапирасиз-а?
– Домла, буни ўрганиш шарт эмас, англаш керак, ҳис этиш керак…
Аудитория баҳсдан ҳангу манг бўлиб қолади.
Домла жиддийлашади.
– Ҳар ҳолда Навоий…
– Э домла, Навоийга тил теккизманг…
– Э, йўқол-э… чиқиб кет деяпман сенга.
У домла қарсиллатиб ёпилишини кутган эшикни оҳистагина ёпади-ю, озодликка чиқиб кетади.
Жонга тегди ҳаммаси, дейди Эркин Шукур бўғилиб. Яна ҳайқириб телбаларча Мирза Кенжабекдан шеър ўқийверади.
Шеър йўлидан беғам ўтма, азизим,
Ўйдим-чуқур жойларига йиқилиб ўт.
Жарларидан қушлар учса, кўкни кўр,
Силлиқ ўтма,
Ғорларига тиқилиб ўт.
Шеър йўлидан аввал ўтма, азизим,
Ўтар бўлсанг, юрак-бағринг тўкилиб ўт…
У Мирзони севади. Биз Мирзони севамиз.
У шеър деб куяди. Биз шеърият деб куйинамиз.
Ҳайҳотдек шаҳарда бизни тушунадиган биргина зот топилмайди.
Тунда, кузакнинг шамоллар оҳ урган, тунги хазонрезларзир қақшаган тунда яна захнинг бадбўй иси анкиган кулбамизда мушоира бошланади.
Унга биз телба талабалардан бошқа Мирзо Кенжабек, Сирожиддин Сайиид, Шавкат Раҳмон, Асқар Маҳкам ҳам келади.
Аммо улар жим келиб, жим кетишади.
Гуриллаган шеър кўкка ўрлайди.
Муҳаббатга шафқатсиз дунё
Нафратга ҳам қилмайди тоқат.
Айт узлатинг қайси бир маъво,
Эй, кўнгилда унган ҳақиқат!
Менга борлиқ, осмон-уфқлар
Буюк севги ато қилдилар.
Лекин кўнгил кўзи юмуқлар
Муҳаббатни адо қилдилар.
Хона сегарета дудидан бўғилиб қолади.
Эшикни очиб ташлаймиз.
Олис мағриб шамоллари узоқлардан хазонларнинг аччиқ бўйини хонага олиб киради.
Тунги тийрамоҳ нафаси ҳаммамизни очиб юборади.
Ҳамма шеър ўқийди.
Ҳамма шеър тинглайди.
Фақат… фақат Шоди эса беканинг мушугидай мудрайди.
– Ў, биродарлар, ў шоир баччалар. Ҳадемай тонг отади, ахир.
Шоди ғулдираб қўяди.
Эркин унга тарсаки тортиб юборишига сал қолади (бир-икки марта тортиб ҳам юборган.)
Бир хона дарвешлар унга ўқрайиб қараб қўйишади-да… яна шеърхонлик авжига чиқади…
…Азонга яқин ҳаммамиз ҳар жойда тарашадай тиришиб қоламиз.
Беканинг тарақа-туруқидан сўнг базўр кўзимизни очамиз-да, кўз ўнгимизда домланинг истараси пайдо бўлгани ҳамоно дарсга ошиқамиз.
– Ў, биродарлар, ў шоир баччалар, – дея оғиз кўпиртиради тағин Шоди саҳар мардондан. – Шу кеча бир туш кўрдим. О-о-о… Қишлоғимизни кўриб. О, жуда ҳам соғиндим, оғайнилар. Юрагим эзилиб кетяпти.
Шеър билан бандман, оввораман,
Қишлоғимга қачон бораман…
– Тушингда қишлоққа қўшни қизни ҳам олиб бормабсанми, мабодо…
Ҳамма кулиб юборади.
Шоди шолғомдай қизаради.
Бека эшитмасин деб деразадан мўралайди у.
Биз дарсга шошамиз.
Ўқишга эмас, шаҳар кўргани келган олифта қизчалару « бир умрга Навоий ижодидан майпарастлик уруғини ахтарган» домланинг ғазабига учрамаслик учун институтга қараб учамиз.
Ортимизда фақат беканинг ғулдираган овози қолади:
– Жойларингни йиғиб кетинглар. Эшкни қамаб қўйинглар…
Ёшликнинг беғубор лаҳзалари эди ўшанда.
Биз Хўжандда талаба эдик.
Қўшиқ айтардик.
Гоҳи мағрур, гоҳи маҳзун жаранглар эди бу қўшиқ.
Дилимизда чиндан бир куй бор эди.
Бу куйни бизга Илоҳ берган эди.
Юрагимизда шовуллаб-шовуллаб Сирдарё оқарди.
Хаёлимизда, узундан-да узун хаёлимиз чаманзорларида ҳаворанг атиргуллар очилиб ётарди.
Руҳимизда эса, дарвешона қўшиқ муттасил чарх уриб айланаверарди, айланаверарди…
Ёқубжон Абдуманнон,
Душанбе шаҳри.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

 

Leave a Reply
*