Menu
Categories
Исмат Хушев: МХХ ҳақидаги гапириш мумкин бўлмаган гаплар (1-қисм)
02/03/2017 Бош мақола

МХХ ҳақидаги гапириш мумкин бўлмаган гаплар
Ўзбекистондаги махсус хизмат салтанати ҳақида хориждаги ўзбек журналисти мулоҳазалари
Қўрқоқлар ва 18 ёшдан кичикларга ўқиш тавсия этилмайди.
1.
Миллий Хавфсизлик Хизмати – нима ёки ким ўзи?
МХХ – қайда пул бўлса, ўша жойдан қонунбузарлик изловчи ташкилот.
Худди, Америка қайда нефть бўлса, ўша жойдан инсон ҳуқуқлари бузилишини излагани каби.
МХХнинг вазифаси нима?
Жайдари ва қашқадарёча тилда лўнда қилиб айтадиган бўлсак, МХХ – аслида фақат маълумот тўпловчи вазифасини бажариши лозим.
Ўзбекистон МХХ эса – жазоловчи вазифасини бажармоқда…
2.
Собиқ иттифоқ даврини эслайман.
КГБ деб гапиришар эди. Аммо, унинг ўзини кўришмаган. Унинг иш жойи қайдалигини, қайда тунаб қайда овқатланишини ҳам билишмас эди. Улар давлат хавфсизлиги, эл-юрт равнақи учун пинҳона курашишдек шарафли вазифани адо этиб яшашган.
Улар ҳеч қачон шахс сифатида тилга олинмаган. Умумий тарзда КГБнинг амалга оширган ишлари бутун дунёда таҳсинга лойиқ кўрилади.
Болалигим ўтган Китобдаги маҳалламизда Ҳамид Қодиров деган Улуғ Ватан урушида иштирок этган ярми татар, ярми рус бўлган бир киши бор эди.   Унинг КГБ лигини эса 70 ёшдан ошиб вафот этгандагина билдик.
Кўпгина юқори лавозимларда ишлаб пора олмасдан фақат маошга яшаб ўтганлигининг сабаби ҳам шунда бўлган. У ўзидан, ўзининг шарафли вазифасини суйистеъмол қилишдан, давлатнинг билдирган ишончини оёқ ости қилишдан қўрққан.
Шараф ва Қўрқув 45 йил унга ҳамроҳ бўлган…
3.
Бугунги кундаги ана шундай “шарафли” вазифа эгаларига келсак, бирон бир даврага кириб, “ким СНБ” десангиз 10 кишидан 8 нафари “мен СНБ” деб жавоб қайтаришади.
Ҳаттоки, ярми исбот сифатида гувоҳнома ҳам кўрсатиши тайин. Таваккал осмонга тош отсангиз, СНБнинг бошига тушади.
Қисқаси, атрофингиздаги сиздан бошқа барча СНБ ёки СНБларга ишлайдиган “қулоқ” бўлиб чиқади. Собиқ советлар даврида КГБнинг биноси қаерда жойлашганини ҳеч ким билмас эди.
Бугунги кунда эса ҳар бир вилоят ва тумандаги энг ҳашаматли бинонинг пештоқини “МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ” деган зархал ҳарфлар безаб туради…
4.
Кўчада кимдир писта сотса СНБ чопиб келади.
Семечка сотувчи кампир ҳам СНБдаги каттароқ танишининг исми-шарифини айта қолади. Кўчада “крутой” болалар тортишиб қолса дарҳол СНБдаги танишларига қўнғироқ қилиши урф бўлибди. Қайси томон танишининг лавозими каттароқ чиқса ўша томон ғолиб чиқади.
Кўчада обрўлироқ кишиларни кўрсатиб, “фалончи СНБ нинг отаси”, “фалончи СНБ нинг ўғли” ёки “фалончи СНБ нинг тоғаси” қабилидаги “СНБ” сўзи қўшиб гапирилиши одатий ҳолга айланган.
Кимдир ҳужжат қалбакилаштирса ҳам дарҳол СНБ пайдо бўлади. Бу очиқ кўз ҳар нарсани кўраверар экан. Ҳаттоки, дискотекага ҳам гувоҳнома кўрсатиб кириб, кайфи сафо қилган СНБларнинг гувоҳи бўлдик…
5.
Шундай вақтларда СНБлик касбини танламаганимга ачиниб кетаман.
СНБ шу қадар кўпайиб кетдики, ёмғирдан кейинги қўзиқориндай ҳар ёқни ўраб олди. Штат ва штатсиз ходимлар ҳаддан зиёд кўпайиб кетганлигидан Рустам Иноятовнинг ўзи ҳам бошқара олмай қолди.
Яна, энг ажабланарлиси шуки,  уларни бир бечора камбағалнинг эрки топталаётган жойлардан топа олмайсиз. Уларни пул кўпроқ айланадиган жойлардан топасиз.
Бирор жиноятда гумонланувчини СНБ ушлаб судга олиб борса, сўроқ қилмасдан дарҳол ҳукм ўқилиши аниқ. Судялар ҳам “СНБ олиб келган” дея ҳукмни қўшимча муддатлари билан дарҳол ўқиб қўя қолади.
Акс ҳолда судянинг ўзига ҳукм ўқилиши муқаррар…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
4 февраль, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада
(Давоми эртага 5 февраль куни эълон қилинади)

 

 

 

"2" Comments
  1. Офарин сизга ҳурматли Исмат ака!
    МХХ идорасининг бугунги кундаги ачинарлик ва шарманда ҳолатига жуда тўғри баҳо берибсиз.
    Қадимда хуфия идоранинг ходимлари ҳаттоки бир бирларини ҳам танимаган эканлар. Агарда қайси бир ходимнинг сири фош бўлса хоннинг буйруғи билан қатл қилинган.
    СССР замонида ҳам айтганингиздек хеч ким билмас эди уларни. Ҳатто ўлимидан кейин ҳам сири очилмаган.
    Бугунги кунда СНБ ходимининг ўзи у ёқда турсин, унинг қулоғининг қулоғи ҳам мен фалончининг фалони деб жар соладиган ҳолда эмиш.
    Битта криша топган ўғри беъмалол ўмариб юраверади.
    Қуролов Муродулло кабилар гигант ташкилотни таг томири билан суруриб ташлади, давлатнинг ва ҳалқнинг бир неча миллион долларлик мол мулкини талон тарож қилди. СНБ эса бир оғиз ғинг дегани эмас, аксинча Қуроловга қарши гапирганларни қаматиш билан шуғулланиб келаяпди.
    Қисқаси; ИНСОНИЯТ ПАЙДО БЎЛГАНИДАН ТОКИ ШУ БУГУНГИ КУНЛАРГАЧА БИРОН БИР ХУФИЯ ИДОРА БУ ДАРАЖАДА ПАСТ КЕТМАГАН ЭДИ.
    УШБУ ИДОРАНИНГ САЛГИНА ОБЪРЎ САҚЛАБ ТУРИШИГА ҲАМ КАМ СОНЛИК САДОҚАТЛИ ХОДИМЛАРИ САБАБЧИДИРЛАР.
    СИЗ АЙТГАНИНГИЗ КАБИ ЗУДЛИК БИЛАН ТЕГИШЛИ ЧОРАЛАР КЎРИБ, КУЧЛИК ИСЛОХАТ ҚИЛИШ КЕРАК. РУСТАМ РАСУЛОВИЧ ЭСА ЎЗ ТАШВИШЛАРИ БИЛАН ОВВОРАЛАР ШЕКИЛЛИ НЕЧА ЙИЛДАН БУЁН!!!!!!!

  2. Мана энди ниҳоят Исмат Хушев ўз имкониятларининг юздан бирини ишга солиб мақола ёзибди. Агар у бу мавзуда юз фоиз киришса, бу идоранинг дабдаласини чиқариши мумкин. Бу ҳали бошланиши бўлса керак. Давомини сабрсизлик билан кутиб қоламиз.

Leave a Reply
*