Menu
Categories
Нодира Бегим: Дубай сафари таассуротлари… ( 3-қисм )
02/04/2017 Сафар таассуротлари...
Ҳар тонг қуёш нури хонамизни ёритиб, бизни ширин уйқудан уйғотади .
Дубайга келганимдан буён энг севимли одатим – балконга чиқиб, шафақ узра таралаетган қуёш нурларини кузатиб, гўзалликни ҳис қилиш …
Баланд биноларнинг чироқлари аста секин ўча бошлади .. Узоқдан денгиз мавжлари кўзга ташланади .. Машиналар – тинимсиз ҳаракатда, ҳаёт давом давом этади ..
Бугунги саёҳатимиз кечрок бўлгани учун, бамайлихотир нонушта қилиш мақсадида биринчи қаватдаги ресторанга тушдик . Бироздан сўнг қўнғироқ қилишиб, саёҳатга чиқишимиз ҳақида огоҳлантиришди.
Кўчада бизни “Жип” русумли машина кутиб турарди . Ҳақиқий арабсиёқ, узун оппок кўйлакдаги қотмадан келган узун бўйли йигит инглиз тилида салом бериб, бизни кутиб олди ..
Ўғлим сафар тўлови қоғозини олиб чиқиши билан, машина ўз ўрнидан силжиди ..
Дубайнинг айланма кўчаларидан ўтиб , шарқона ҳовлиларни кузатар эканман, ҳар бир ҳовли олдида турган чет эл русумидаги машиналарга кўзим тушарди…
(Ҳозирги кунларда машинасиз ўзбек хонадони ҳам кам).
Шаҳар тугаб , қизғиш рангдаги саҳро томон равон йўлдан кетяпмиз . Икки соатга яқин йўл юрганимиздан сўнг , узоқдан саҳро қумликлари кўрина бошлади …
Йул бўйида бизникига ўхшаган “Жип” машиналари турарди . Бизнинг машинамиз ҳам улар сафидан жой олди . Ўн дақиқа ўтар- ўтмас, яна бир машина келиб қўшилди . Машиналар бирин – кетин саҳро томонга юра бошлади . ..
Баландроқ теппаликка чиққанимиздан сўнг машиналар тўхтади . Шоферимиз қизил рўмолини орқасига ташлар экан, дам олиб, сувратга тушишимиз мумкинлигини уқдирди. Машинанинг баланд-пастликлардан ғоят катта тезлик билан йўналиши бизни бироз эсанкиратиб қўйган эди . Минерал сувдан ичиб, ўзимизни сал босиб олдик ва атрофни кузатиб, сувратга туша бошладик .
Қип – қизил саҳро узра эсаётган майин шабода кўнгилга хуш ёқарди… Чексиз саҳрода уфқ ортига ботгувчи қуёшни томоша қилиш учун чеккароққа чиқдим. Бу гўзал манзарани кузатар эканман, умрнинг икки уфқи орасида кечадиган ўткинчи ҳодисаларни ўйлаб, хаёлга ботдим…
Машинанинг илкис янграган сигнали хаёлимни бўлиб юборди. Ҳайдовчимиз араб йигити билан болаларим тезда тил топишибди. Бирга сувратга тушдик . Сафаримиз давом этарди . Паст-баланд саҳро теппаликларидан ўтиб, атрофи қамиш билан ўралган бир манзилга келдик .
Йигирмага яқин машиналар бирин -кетин келиб тўхташди. Жойлашиб олгунимизгача бирпасда қоронғу тушди. Биз келиб қўнган манзилда чироқлар ёғдуси порлади . Хонтахта атрофида, сайёҳлар учун махсус ўриндиқлар тайерлаб қўйилган эди . Ўртада – кенг саҳна, ён томонлари ҳам ўриндиқ ва хонтахталар билан ясатилган .
Кимдир сайёҳ мақомида, кимдир бизга ухшаб ўз йўриғи билан келган. Қўрғончамиз атрофи ўралган айвонларда таомларнинг ҳиди димоғимга урилди .
Бир томонда қора чодрали аёл ўзига хос чаққонлик билан сайёҳларнинг қўлини хино билан безаб, яхшигина пул ишларди. Анчадан буён хина қўйилмаган қўлимга бир қарадим-да, бирдан ёшлигимда онам қўйган хинолар эсимга тушиб, кўнглим тўлиб, кўзларимга ёш келди…
Чиройли чизилган хиноли қўлимни болаларимга кўрсатиб, ўрнимга ўтирдим . Бироздан сўнг атрофда ғала -ғовур бошланди, кимдир сув, кимдир арабча услубда қовурилган пишириқлардан олиб кела бошлади . Шофёримиз инсофлироқ чиқди, шекилли, бизга: Ўтиринглар , ўзим олиб келаман, дегандек ишора қилди.
Сўнгра қовурдок билан орасига сабзавотлар қўйилган, хамирга ўралган егуликлардан бизларга навбатсиз олиб келди . Саҳро ҳавоси иштаҳамизни очди, шекилли, бир зумда паққос туширдик…
Атрофдаги турли миллат вакилларини кузатар эканман, тил билмаслигим сабаб, улар билан жонли мулоқотга киришолмаётганим алам қиларди. Ўғлимга: – Булар билан танишгин, ёнма – ён ўтирибмиз- ку, ахир, – дедим . Ўғлим : – Ойижон, мен қулоқ тутдим, булар, назаримда, инглиз тилида эмас, италянча гаплашяпти, – деди . Биздан кейинги олд қаторда менинг ёшимдаги бир аёл: – Қаердансизлар , деб сўраганда, беихтиёр, қувониб кетдим.
– Тошкентданмиз , сизлар- чи? – деб сўрадим аёлдан.
– Биз Туркистонликмиз , – деди жилмайиб .
Бегона юртда қардошлик меҳрини ҳис этиб, ҳаяжонланардим…
Овқатланиш швед столида ташкил этилган экан. Сайёҳлар икки гуруҳга бўлиниб, саф тортганча, навбат билан овқат танлай бошладилар . Биз ҳам, навбатимиз етгач, ҳар хил егуликлардан ликопчамизни чиройли қилиб безатдик ….
Овқатланиш вақти етгани учун бўлса керак, ҳамма иштаҳа билан турли хил таомлардан тановул этарди. Кичик кизим Нигора ва келиним Нодирахон ўзимизнинг овқатларимизни эслаб, пишириклардан ўзларича камчилик қидирарди…
* * *
Тун. Юлдузли осмон остидаги афсонавий чироқлар ёритиб турган макон сайёҳлар билан гавжум эди …
Тўсатдан арабча мусиқа янграб, саҳна ўртасида бир раққос йигит, қўлида доира билан айланиб уйинга туша бошлади. Мусиқа оҳанглари шўх арабча қўшик билан алмашди .
Ҳарир матодан тикилган нимча ва бир томони узун очиқ либосдаги раққоса қиз уйинга туша бошлади ..
Гулдурос қарсаклардан сўнг , сеҳргарлик намойиши бошланди, узун бўйли, қорачадан келган чаққонгина йигит бор санъатини ишга солганча, оғзидан олов пуркаб, ҳаммани ҳайратга солди…
Кўнгилочар томошалар тугаб , ҳамма ўрнидан қўзғалди. Қоронғу саҳро бағридан чиқиб, еруғ чироқлари порлаб, бизни кутиб турган мафтункор Дубай, шинам меҳмонхонамиз сари ошиқдик…
(Давоми бор )
Нодира Одинаева
Тошкент – Дубай- Тошкент
Декабрь – Январь
Image may contain: 1 person, standing and outdoor
Image may contain: one or more people, people standing, sky, ocean, nature and outdoor
Image may contain: 6 people, people standing
Image may contain: one or more people
Image may contain: one or more people, people standing, sky, outdoor and nature
+2
https://www.facebook.com/profile.php
"1" Comment
  1. Нодира Бегимга

    Исмат Хушевнинг таҳрири сезилиб турибди. Айниқса сарлавҳада. У киши ҳам Дубайга борганларида айни сарлавҳага ўхшаш сарлава қўйганлари ёдимда…

Leave a Reply
*