Menu
Categories
Исмат Хушев: Абдулла Орипов ўзи орзу қилган истиқлолга ета олдими?
02/06/2017 Адабиёт
  Суратда: Абдулла Орипов Москва Давлат университети, журналистика факультети студенти Исмат Хушев билан,1980 йил. Москва…
АБДУЛЛА ОРИПОВ ЎЗ ШЕЪРЛАРИДА ОРЗУ ҚИЛГАН ИСТИҚЛОЛГА ЕТА ОЛДИМИ?

Улуғ шоирнинг жамиятдаги ижтимоий сиёсий мавқеи ҳақида муҳожиротдаги мухлис мулоҳазалари

 

1.
21 март куни устозимиз Абдулла Орипов 75 ёшга тўладилар.
Устознинг соғлиги ҳақида Тошкентдан келаётган нохуш хабарлар, Қаҳрамон шоирнинг муборак таваллуди атрофидаги жим житлик – бизни олис Канадада бўлса ҳам қўлимизга яна қалам олишга мажбур қилди…

 

2.
1981 йил  эндигина қирқ ёшга тўлган улуғ шоиримиз Москвада биринчи маротаба инфаркт бўлган эдилар.
Совет даврида Абдулла Орипов ижоди ва керак бўлса соғлиги билан энг олий маҳкамалар ва бу маҳкамалардаги энг олий зотлар шуғулланарди.
У Ўзбекистонни соғиниб, ҳар қанча фарёд ургани билан Москвада ҳам қадри баланд эди.
Оламга донғи кетган Склифасофский касалхонасида Абдулла ака учун дунёнинг энг машҳур профессорлари бош қотиришар, энг гўзал ва пари ҳамшира қизлар атрофида парвона бўлишар, Абдулла аканинг ким эканлиги ҳақидаги акс садо – шифохонанинг энг баланд қаватларгача чиқиб борган эди…

 

3.
Абдулла Орипов ўша пайтда бепоён Совет Иттифоқининг машҳур адиблари Расул Гамзатов, Қайсин Қулиев, Силва Капутикян, Римма Казакова ва бошқаларни ўзбек тилида сайратган ва яйратган шоир эди.
У ўзининг буюк ва донишмандларча башоратли ижоди билан Ўзбекистоннинг келажагини кўра биларди.
У Она ватани, тили ва улуғ юрти ҳақида ўзгача бир меҳр ва муҳаббат билан шеърлар битаркан, ўзбек халқининг дунё миқёсида бағрини кўтариб юришини ва бугунги буюк Ўзбекистонни орзу қилганлиги турган гап!

 

4.
Шоир мустақиллик йилларида – ўз орзусига етдими?
Гарчанд унинг кўксига Қаҳрамонлик нишони тақилган бўлса-да, маълум муддат Ўзбекистон ҳукумати таркибида сенатор, Ёзувчилар уюшмаси етакчиси ва ҳокозо ҳокозо мартабаларга эришган бўлса-да, лекин нега уни алал оқибат Элбрус чўққисидан парашютсиз ерга ташлаб юбордик?
Хўш, Абдулла Орипов ўша шеърларида орзу қилган ҳақиқий истиқлолга ета олдими?
Абдулла ака Москвада инфаркт бўлиб, Склифасофский касалхонасида ётганида биз мухлислар қирқ кун унинг атрофида парвона бўлган кезларда шоир эндигина эъзоз топган қирқ ёшини қаршилаган эди.
Бугун қарилик ва кексаликнинг беор ва юзсиз элчиси ажал остонасида эшик қоқиб турган, устоз энди чин мадад ва ёрдамга муҳтож бўлган бир пайтда – буюк шоирнинг бугунги ҳаёти ва турмуш тарзини афсуски, кўплар яхши билавермайди.
Ўзбекистон ижодкорларининг бебош жаҳаннамига айланган Ёзувчилар уюшмаси нақ ғийбатхона ва фисқу фасод уясига айланган экан, бутун умрини адабиётга сарфлаган ижодкор учун бундан оғирроқ ва аянчлироқ қисмат бормикан?

 

5.
Бизга етиб келган хабарларга кўра, буюк шоирни яна хасталик енгган кўринади.
Бироқ унинг саломатлигини тиклаш устида қайғураётган зот борми бугун Ўзбекистонда? Шоир шу кексайган ва мўйсафид ёшида меҳр ва даво истаб Туркия шаҳарларида кезиши шартмиди?
Унинг Истамбулда даволаниш тарихининг ўзи ҳам ўзи бир достон. Шоир бу ерда даводан кўра, кўпроқ, ўз юртида тарқалган бўҳтону маломатлар ёмғири остида қолганлиги ҳам факт.
Шоир ижод майдонининг буюк чўққиларни забт этган бир пайтда Москва касалхонасида ётганида бошида парвона бўлган Исмат Хушев бошлиқ бир гуруҳ ўзбек адабиёти ихлосмандлари каби бугун Ўзбекистонда ҳам унинг фидойи парвоналари бормикан?
Шоир кексайган ва мададга зор бўлган чоғида меҳр ва муҳуббатга зор қилиб қўйилмадимикан?

 

6.
Бир пайтлар унинг шеърларини минг бир иштиёқ билан талошиб тортишиб босадиган «Тошкент оқшоми»дек жасоратли газеталар қолдимикан бугун Ўзбекистонда?
Чунки шоирнинг сўнгги даврдаги кайфиятини ўзида мужассамлаштирган бир туркум шеърларини эълон қилган «Адабиёт ва санъат» газетаси “чистка” қилиб ташланди.
Бу даҳшатли ва бешафқат огоҳлантириш эмасми? Шундан кейин шоир билан чин юракдан ва самимий қучоқлашиб кўришиш, суҳбат қуриш – бошқалар учун ҳам осон кечармикан?

 

7.
Мен бугун бир ҳаиқатни очиқ ойдин айтаман: Сўнгги юз йиллик адабиёт тарихида Абдулла Ориповга бўлган бугунги муносабата каби – сиртдан бошини силаш, аслида эса – шоирнинг юрагини қиймалаш каби нотанти ва ноҳалол муносабат тарихда бўлган эмас.
Тўғри, бир замонлар шоирлар отилган, осилган, нимта- нимта қилинган – бироқ ўйин қоидаси доим битта бўлган: Шоир зоти ёки оқ деб аталган, ёки қора…
Бироқ, бугунгидек, елкасини силаб туриб, кўксига пичоқ қадалмаган.
Ҳоқонлар келиб кетаверади, султонлар ва салтанатлар ўзгараверади.
Бироқ, халқ севган ва ардоқлаган ижодкороларни, санъаткорларни, зиёлиларни оёқ ости қилган ҳукмдорлар тарихда абадий лаънатларга бурканиб, золимлик унвони билан шарафсиз яшаб қоладилар.
Бошқача бўлиши мумкин эмас…

 

8.
Шоир қалбига санчилган найза – аслида уни туғиб тарбиялаган ва вояга етказган – халқнинг қалбига санчилган найзадир!
Исмат Хушев,
21 март, 2015 йил,
Торонто шаҳри, Канада.

 

 %d0%b0-%d0%be%d1%80%d0%b8%d0%bf%d0%be%d0%b2-%d0%b1%d0%b8%d0%bb%d0%b0%d0%bd-1
СуратдаАбдулла Орипов университетнинг журналистика факультети талабаси Исмат Хушев билан

 

%d0%b8%d1%81%d0%bc%d0%b0%d1%82-%d0%bc%d0%be%d1%81%d0%ba%d0%b2%d0%b0%d0%b4%d0%b0

Суратда: Абдулла Орипов (ўртада) Москва Давлат университети, журналистика факультети  талабаси Исмат Хушев (чапда) нинг Шверник кўчасидаги ётоқхонасида, Москва – 1981 йил…

Суратда:

Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев устози Абдулла Орипов билан АҚШда 2016 йил…
3 шарҳ
  1. Ажиб бир даврда яшаяпмиз. Миллат улуғлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган юртда, одий одамлар қадри ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ҳамма бало шундаки давлат, жамият маълум бир тартиб интизом, қонунларга амал қилиб эмас, балки тушинча асосида яшайди. Ҳеч ким жавобгарликни ўзига олмайди гўёки ҳамма нарса ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

  2. Хурматли Исмат ака! Жасоратингиз олдида бошим ерга теккинича таъзим киламан. Ичингиздаги хоинликни аллакачон енгган инсон эдингиз, ушбу маколангиз билан эса таг томири билан сугуриб ташладингиз! Хакикий устозингиз кимлигини биз билдик ва сиз Абдулла аканинг ор номусини, пок номини тенгсиз жангда каттик туриб химоя килиш баробарида, УЗБЕКИСТОНдек юртнинг бугунги каззобларига ОЛИЙ бахони бериб, тарихдаги уринларини накд белгилаб бердингиз! ОТНИНГ УСТИДАГИ КИМСАЛАР, ПИЁДАДАН ПАСТ БУЛДИ! ИНСОН НОМИ ХАЙФ БУЛДИ!!

  3. Неъматжон Рахимов
    Исматжон ака!
    Бу дунё ҳисоб китобли эканми, ким нима экса шуни олади. Мақола жуда ўринли ёзилган. Тожикистонлик ҳасос ўзбек шоири Одил Икром ёзганларидек:
    Нокасларга айтинг тошини терсин,
    Айтинг, алдамайман азбаройи Ҳақ.
    Айтинг, жасадимни итларга берсин,
    Битта шоирини боқолмаган халқ!..
Leave a Reply
*