Menu
Categories
Исмат Хушев: МХХ ҳақидаги гапириш мумкин бўлмаган гаплар (4-қисм)
02/06/2017 Бош мақола
МХХ ҳақидаги гапириш мумкин бўлмаган гаплар
Ўзбекистондаги махсус хизмат салтанати ҳақида хориждаги ўзбек журналисти мулоҳазалари
Қўрқоқлар ва 18 ёшдан кичикларга ўқиш тавсия этилмайди.
1.
Миллий Хавфсизлик Хизмати – нима ёки ким ўзи?
МХХ – қайда пул бўлса, ўша жойдан қонунбузарлик изловчи ташкилот.
Худди, Америка қайда нефть бўлса, ўша жойдан инсон ҳуқуқлари бузилишини излагани каби.
МХХнинг вазифаси нима?
Жайдари ва қашқадарёча тилда лўнда қилиб айтадиган бўлсак, МХХ – аслида фақат маълумот тўпловчи вазифасини бажариши лозим.
Ўзбекистондаги МХХ эса – жазоловчи вазифасини бажармоқда…
2.
Собиқ иттифоқ даврини эслайман.
КГБ деб гапиришар эди. Аммо, унинг ўзини кўришмаган. Унинг иш жойи қайдалигини, қайда тунаб қайда овқатланишини ҳам билишмас эди. Улар давлат хавфсизлиги, эл-юрт равнақи учун пинҳона курашишдек шарафли вазифани адо этиб яшашган.
Улар ҳеч қачон шахс сифатида тилга олинмаган. Умумий тарзда КГБнинг амалга оширган ишлари бутун дунёда таҳсинга лойиқ кўрилади.
Болалигим ўтган Китобдаги маҳалламизда Ҳамид Қодиров деган Улуғ Ватан урушида иштирок этган ярми татар, ярми рус бўлган бир киши бор эди.   Унинг КГБ лигини эса 70 ёшдан ошиб вафот этгандагина билдик.
Кўпгина юқори лавозимларда ишлаб пора олмасдан фақат маошга яшаб ўтганлигининг сабаби ҳам шунда бўлган. У ўзидан, ўзининг шарафли вазифасини суйистеъмол қилишдан, давлатнинг билдирган ишончини оёқ ости қилишдан қўрққан.
Шараф ва Қўрқув 45 йил унга ҳамроҳ бўлган…
3.
Бугунги кундаги ана шундай “шарафли” вазифа эгаларига келсак, бирон бир даврага кириб, “ким СНБ” десангиз 10 кишидан 8 нафари “мен СНБ” деб жавоб қайтаришади.
Ҳаттоки, ярми исбот сифатида гувоҳнома ҳам кўрсатиши тайин. Таваккал осмонга тош отсангиз, СНБнинг бошига тушади.
Қисқаси, атрофингиздаги сиздан бошқа барча СНБ ёки СНБларга ишлайдиган “қулоқ” бўлиб чиқади. Собиқ советлар даврида КГБнинг биноси қаерда жойлашганини ҳеч ким билмас эди.
Бугунги кунда эса ҳар бир вилоят ва тумандаги энг ҳашаматли бинонинг пештоқини “МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ” деган зархал ҳарфлар безаб туради…
4.
Кўчада кимдир писта сотса СНБ чопиб келади.
Семечка сотувчи кампир ҳам СНБдаги каттароқ танишининг исми-шарифини айта қолади. Кўчада “крутой” болалар тортишиб қолса дарҳол СНБдаги танишларига қўнғироқ қилиши урф бўлибди. Қайси томон танишининг лавозими каттароқ чиқса ўша томон ғолиб чиқади.
Кўчада обрўлироқ кишиларни кўрсатиб, “фалончи СНБ нинг отаси”, “фалончи СНБ нинг ўғли” ёки “фалончи СНБ нинг тоғаси” қабилидаги “СНБ” сўзи қўшиб гапирилиши одатий ҳолга айланган.
Кимдир ҳужжат қалбакилаштирса ҳам дарҳол СНБ пайдо бўлади. Бу очиқ кўз ҳар нарсани кўраверар экан. Ҳаттоки, дискотекага ҳам гувоҳнома кўрсатиб кириб, кайфи сафо қилган СНБларнинг гувоҳи бўлдик…
5.
Шундай вақтларда СНБлик касбини танламаганимга ачиниб кетаман.
СНБ шу қадар кўпайиб кетдики, ёмғирдан кейинги қўзиқориндай ҳар ёқни ўраб олди. Штат ва штатсиз ходимлар ҳаддан зиёд кўпайиб кетганлигидан Рустам Иноятовнинг ўзи ҳам бошқара олмай қолди.
Яна, энг ажабланарлиси шуки,  уларни бир бечора камбағалнинг эрки топталаётган жойлардан топа олмайсиз. Уларни пул кўпроқ айланадиган жойлардан топасиз.
Бирор жиноятда гумонланувчини СНБ ушлаб судга олиб борса, сўроқ қилмасдан дарҳол ҳукм ўқилиши аниқ. Судялар ҳам “СНБ олиб келган” дея ҳукмни қўшимча муддатлари билан дарҳол ўқиб қўя қолади.
Акс ҳолда судянинг ўзига ҳукм ўқилиши муқаррар…
6.
Бир бўлган воқеани эшитиб МХХ Ўзбекистондаги энг қудратли куч эканлигига яна бир бор амин бўлдим:
Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида 20 нафар йигитлар байрамдан маст ҳолда чиқиб бир бечора камбағалнинг боласини уриб ўлдириб қўйишади.
20 нафар ғўр йигитларнинг қамалиб кетишларини истамаган ота-оналар пул йиғишиб МХХнинг марказий аппаратидан топилган каттароқ танишларига узатишади. СНБдан топшириқ боргач мурда “сувда чўкиб ўлган” деган экспертиза хулосаси билан иш ёпиб юборилади.
Боласидан айрилган камбағал ота-она қайси ташкилотга бош суқмасин, ҳеч бир юқори ташкилот ишни қайта очишга журъат эта олмайди.
Бунинг сабаби оддий. Ҳар бир ташкилотга, оддий қоровулдан тортиб, ҳаттоки, ИИВ ва Бош прократурага ҳам ишга ўтиш учун МХХнинг рухсати берилиши шарт.
Шу жойга келганда мантиқ бузилмоқда.
СНБга қарши туриши керак бўлган Ички Ишларга ҳам СНБни назорат қилувчи Прокуратурага ҳам ишга кириш учун СНБнинг рухсати зарур бўлса.
Бу ерда адолат тамойили бузилмаганмикан?
7.
Шу масалага келганда фикрларим чалкашиб кетади.
Биргина мисол: Шу кунларда Тошкент шаҳрининг 5 та туман ИИБ бошлиқларининг ўрни бўш турибди. Боиси, берилаётган номзодлар СНБдан ўтмаётган эмиш.
Энди ИИВ ходимлари ҳам СНБдан қўйилиши шартмикан?
Миллий Хавфсизлик хизмати – анчадан бўён Ички Ишларнинг ваколат ва вазифасини сурбетларча эгаллаб олган. Ички Ишлар эса деярли қоровуллик вазифасини бажарадиган бўлиб қолди.
Энди эса Ўзбекистонга ҳақиқий Давлат Хавфсизлик Хизмати (ДХХ) керак бўлади. Давлат Хавфсизлик Хизмати деганим боиси, аслида кўп миллатли Ўзбекистонда хавфсизлик хизматига “Миллий” атамасини қўллаш, назаримда,  мантиққа зид ҳисобланади.
Миллий деганда қайси миллатни назарда тутиш лозим бўлади?
Мисол учун, Миллий Хавфсизлик Хизматининг раиси Рустам Иноятовнинг асл миллати тожик бўлса. Шу жойга келганда ўй-хаёлларим чалкашиб кетмоқда.
Майли, раис қайси миллатдан бўлиши кўп миллатли Ўзбекистон учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.
Асосийси, “таги тешик чўнтак” учун эмас, юрт фаровонлиги учун жон куйдирадиган раҳбар бўлса бас…
8.
Менинг олис Канададан туриб бундай юқори ва нуфузли ташкилот учун таклиф беришим одобдан бўлмаса-да, яхши ва ёруғ ният билан бир таклифни ўртага ташлайман:
Ўзбекистоннинг янги сайланган Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев катта ислоҳотлар остонасида турган МХХнинг ваколатларини қайта кўриб чиқиб – фақат буюк ва шарафли бўлган ўз профессионал вазифасини бажарадиган ҳақиқий Давлат Хавфсизлиги Хизмати (ДХХ) ни ташкил этиши лозим.
Рустам Иноятов салкам чорак асрдан бўён бошқариб келаётган махфий хизмат идорасини тамомила қайта қуриш керак: Жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларидаги МХХ назоратини жиддий таҳлил этиш, унинг чексиз – чегарасиз ҳуқуқ ва ваколатларини чеклаш, чегаралаш шарт!!!
МХХ дан ноҳақ четлатилган ҳалол ва соф виждонли, тажрибали ва профессионал кадрлар билан бирма бир суҳбатлашиб, уларнинг дил дарди ва ҳасратига, изтироб ва маломатига қулоқ тутилса, бу соҳага оид жуда кўп адолатсизликлар ошкор бўлади, яна кўп бошқа сир-у, синоатлар, биз билган ва билмаган бошқа тилсимотлар ҳам ойдинлашади…
9. 
Шу ўринда ўзбек махсус хизматларининг маънавий ва маиший ҳаётига ҳам бир назар солсак.
Санъаткорларимиз машҳур бўлишгач СНБларнинг тўй-маросимларида, туғилган кунларида беминнат хизмат қилиши табиий ва мажбурий бир ҳолга айланди.
Санъаткор қанчалар банд ва ё бетоб бўлмасин, бирон бир СНБ ходимининг туғилган куни ва ё тўйига айтилдими, бориши шарт. Акс ҳолда минг бир айб бўйнига қўйилиб лецинзияси бекор қилинади.
Кейинги пайтларда кўплаб таниқли хонанда-ю, созандалар билан боғлиқ “лецинзия муаммоси” айнан МХХ томонидан яратилган ярамас иллат эканини бугун одамлар билиб қўйишини истайман. Уларни матбуотга қоралаб мақолалар уюштириш санъати ҳам айнан шу идора ходимларининг ижод маҳсулидир.
Бу-ку, майли. Ўзбекистон санъаткорларининг маиший ва шахсий ҳаёти ҳам СНБ қўлида ўйинчоқ бўлиб қолган. Ҳатто, гўзал ва соҳибжамол хонандалар, таниқли актриса ва ойнаи жаҳон дикторларининг юқори лавозимларда ишлаётган СНБ ходимларига очиқ-ошкор маъшуқа ё иккинчи хотин бўлиб тегиши урфга айланди.
Гар улар шу йўлни танлашмаса, Ўзбекистонда бемалол яшаш ва ижод қилишлари, ишлашлари амримаҳол бўлиб қолди…
10.
МХХ ходимларидан жабр кўрганлар бирон юқори ташкилотга арз қилиб борса, МХХ ходимининг устидан келган жабрланувчининг додини эшитишга ҳеч кимнинг “духи” етмайди.
СНБнинг устидан мабодо СНБ нинг ўзига арз қилиб борсангиз, “ўзинг айб қилгансанки, СНБ сенга тегинган. Акс ҳолда бекорга тегинмайди” деган дағдаға билан қувиб солади.
Бу етмагандай МХХнинг архивидаги шахсий варақасига “ёзувчи” деган тамғани ҳам бостириб қўйишади.
Ҳаммага маълумки, Ўзбекистонда ёзилмаган қонунга кўра “ёзувчи”лар ҳеч қайга ишга олинмайди.
Лекин аслини олганда, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилувчи бошқа, “ёзувчи” бошқа.
Бу иккисини фарқлаш лозим. “Фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишлари керак” деб жар соламиз. Аммо, ўз ҳаққини талаб қилганни “ёзувчи”га чиқарамиз, “дело”сига тамға босамиз.
Бу – ҳалқни мажбуран манқуртга айлантириш эмасми?
Аслида, “ёзувчи” атамасини – ҳукуматнинг “соққали” жойига ўтириб олиб бемалол талончилик билан шуғулланувчилар ўйлаб топишган.
Бу атама – раҳбарчаларнинг талончилик қилишларига ҳалақит берадиганларга нисбатан ишлатилади…

 

 

11.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан оддий халқнинг дардини тинглайдиган махсус портал ҳам очилган.
Бу портал орқали кўпчилик жабрдийдалар ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишмоқда. Аммо, бемалол “соққа” қилаолмаётган раҳбарчалар ушбу порталга арз қилганларга нисбатан ҳам “Порталчи” деган атамани ўйлаб топишибди.
Шу боисдан оддий бўлса-да, давлат ишида ишлаётганлар порталга арз қилишдан чўчиб қолишган.
Майли, ҳақ-ҳуқуқи поймол бўлса бўлсин аммо, “Порталчи” бўлмасин.
Унга ҳам, бошлиқларга ҳам шу маъқул…
12.
Ўзбекистонда СНБга ишламасангиз, унинг йўриғига юрмасангиз – бирон бир тадбиркорлик ва ё бизнес билан шуғулланишингиз мумкин эмас.
Кимнидир кўролмасангиз дарҳол СНБга югуриб боринг-да, озгина бўҳтон тўқинг. Шу заҳоти бекорчи СНБлар асоссиз ва аноним кўрсатма эвазига ҳам бир бечорани бадном қилворишади.
Бу бечора рақибнинг айби  эса – биринчи бўлиб чақимчилик қилмагани.  Қўпол қилиб айтганда, Ўзбекистонда сотқин ва хоин бўлиб яшаш муҳити шакллантирилди.
Миллат эса аждодларига хос бўлган орият ва ғурурни буткул унутди.
Бу миллат ташқаридан душман келса, олдига ички кийимини байроқ қилиб чиқадиган лаганбардор ва манқуртларга айлантирилмоқда…
13.
Юқори лавозимларда ишлайдиган СНБчиларимизнинг имкон қила олгани – хорижлардан уй-жой қилиб қўйишган.
Худо кўрсатмасин, Ўзбекистонга душман раҳна солса, биринчилардан бўлиб қочишга шай туришибди. Улар – душманга “кўксини қалқон қиладиган” “мард ва жасоратли”,  “ақлли ватанпарварлар”имиздир.
Биргина Р.Иноятовнинг собиқ биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломовни мисол қилиб келтирайлик. Биринчи президентимиз вафот этган куниёқ оиласини Америкага кўчириб юборгани бу сўзимизга яққол мисол бўла олади.
Бу “ақлли ватанпарвар” шу вақтгача Америка учун нимадир қилганки, Ўзбекистоннинг стратегик юқори лавозимида ишлаб турган бу Қаҳрамон мулозим учун АҚШ эшиклари очилган. Биз “Қаҳрамон” деганда унинг расман “Ўзбекистон Қаҳрамони” эканини назарда тутдик.
СНБ да ишлаб, қайси каромати учун унга 2007 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилгани кўпчиликни қизиқтириши табиий, албатта. 2005 йилда Андижон қирғини юз берганини ёдга олсак, бу масала ҳам ўз ўзидан ойдинлашади…
Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги мулозимларнинг жуда кам қисмига маълум давлат сирларидан яхшигина хабардор бўлган Шуҳрат Ғуломов бундан кейин ҳам Америка учун хизмат қилмаслигига ким кафолат бера олади?
МХХ раиси Рустам Расулович Иноятовми?
Агар у ватанпарвар бўлганида, гуноҳи йўқ бўлган тақдирда ҳам, хоинлик йўлини танламасдан – шу ватан учун жон фидо қилиши – ўлимни ҳам қаҳрамонона тан олиши –  унинг шарафли бурчи эди.
Аммо бунинг учун инсонда озгина жасорат билан бирга – юрак ва ор ҳам бўлиши керак.
Лекин, бундай “ақлли ватапарварлар” бир-бирлари билан бойлик тўплаш пойгасида “Ватан” ва “Миллат” деган тушунчаларни тамомила унутиб юборишган…
14.
Рустам Иноятов МХХга раис бўлган кундан бошлаб ўзининг асосий рақиби бўлмиш – Ички Ишлар вазири Зокиржон Алматовдан қутулиш йўлларини излади.
Ўзбекистон Президентининг биринчи бўлиб маълумот етказганга кўпроқ ишонишини англаб етган Иноятов Андижон воқеаларидан сўнг кўпгина гуноҳ ва хатоларни Ички Ишлар гарданига ағдариб қўя қолди. 1999 йилги Тошкентдаги портлашлар ҳам Ички ишларга ағдарилди. Ниҳоят куч ишлатар тизимлар ўртасидаги бу тенгсиз курашда Р.Иноятовнинг қўли баланд келди.
Ўзбекистондаги сиёсий рақиблар тарихидан маълумки, келишмовчилик ва тўқнашувдан кейин ғолиб – Қахрамонга, мағлуб эса – Халқ душманига айланган. Шундай қилиб ғолиб МХХ – Президент Каримов атрофида қолган яккаю-ягона куч ишлатар тизими бўлиб қолди.
Бундан фойдаланиб МХХ мамлакатдаги бошқа кўпгина ваколатларга ҳам бирма-бир эгалик қила бошлади…
15.
СНБнинг Ички Ишлардан кейинги асосий душмани бу – Телевидение ва Матбуот эди.
Ҳар бир соҳанинг “соққали” жойларини қўлга олган СНБ учун  – оёғи остида ўралашиб юриб, унинг кўпгина “ёғли – мойли” режаларини пучга чиқарадиган тўғрисўз ва ҳалол, бўйсунмас ва шаккок журналистларни бир ёқли қилиш навбатдаги режа эди.
Арзимаган икки кило олманинг ёки ярим кило гўштнинг пулини олган журналистларни – уччига чиққан порахўр ва товламачи, энг хавфли рецидевист ва ашаддий жиноятчи қилиб кўрсатишди. Бу ҳам етмаганидек,  унинг пешонасига “ватан хоини” деган тамғани ҳам босишди.
Чет элларда унча-мунча бойлар олаолмайдиган виллаларни, катта-катта супермаркетларни, беш юлдузли мехмонхоналарни, бутун бошли аэропортларни сотиб олаётган Ўзбекистон чекистларининг иши халол-у, икки кило олманинг пулини минг бир истиҳола билан олган журналистларнинг иши жиноятми?
Хўп майли, бировнинг пулини санамайлик.
Санаган тақдиримизда ҳам СНБ чиларимиз томонидан талон-тарож бўлаётган бундай маблағларнинг ҳисобини кучли бухгалтер ҳам чиқара олмайди…

 

 

16.
Майли, ортиқча ҳис ва ҳаяжонга берилмай, мавзуга қайтадиган бўлсак, 2005 йил Ўз ТВ га ҳақиқий чекист, полковник Алишер Хаджаев раҳбар қилиб жўнатилди.
Ойнаи жаҳондай жуда катта пул айланадиган муқаддас даргоҳга  айнан ушбу чекистнинг келиши – тасодиф эмас эди. Баъзи маълумотларга кўра Рустам Иноятов Тошкент вилоят МХХ сида қисқа муддат ишлаганида Алишер Ходжаев унинг қўлида бўлган дейишади. Иноятовнинг расмий таржимаи ҳолида бу  ажиб ҳол қайд этилмагани боис, биз ҳам бунга ишонмадик. Лекин қаердадир уларнинг йўллари кесишган ва бир бирларига ишонч пайдо бўлгани аниқ.
Фақат топшириқ асосида иш қиладиган А.Хаджаевга раҳбарият қандай топшириқ берганлигини билмадим. Аммо Р.Иноятов топшириғини у кўнгилдагидан ҳам ортиқ қилиб бажарди.
Яъни, ҳар бир коррупциядан хабардор журналистларнинг тилини кесиб берди. Шу сабабли, ижодкорлар ҳам чекистларга ўхшаб кўради, эшитади аммо, гапира олмайди…
Шундан кейингина СНБларнинг бемалол тирикчилик қилишлари учун ҳеч қандай тўсиқ қолмади.
Ҳаттоки, ижод аҳлини азалдан яхши кўрадиган биринчи Президентимиз атрофида онда-сонда кўриниб қоладиган ижодкорларнинг ҳам барчасини қуритишди. Бирортасини ҳам қолдиришмади.
Шулар қатори – эл ардоғидаги Халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов ҳам тазйиққа олиниб, қувғин қилинди. Бу бежизга эмас эди. Шоҳга яқин бўлган ҳар қандай ижодкор, агар дарвешлиги тутса, сарой ташқарисида бўлаётган талон-тарожлик ва кўзбўямачиликлар ҳақида подшога “гуллаб қўйиши” аниқ.
Буни чекистлар яхши билишади…
17.
Талон-тарожлик билан бемалол шуғулланиши учун ҳеч қандай тўсиқ қолмагач, Р.Иноятов ўринбосарлари билан барча соҳаларни бўлишиб олишди.
Ҳаттоки, Ўзбекистонда кўп қаватли уйлар қурилиши ҳам монополияга айлантирилди. Бу монополист эса Р.Иноятовнинг энг яқин одами ҳисобланади. Вақти келиб сирлар ошкор бўлганда бундай монополистлар олдида собиқ президентнинг собиқ эркатойи Гулнора Каримова ҳам фаришта бўлиб қолади.
Мустақиллик бошларида авж олган кўча талончилари батамом йўқотилди. Лекин уларнинг ўрнини ҳукумат талончилари, яъни – СНБ чилар эгаллади. Одамлар “кўча” талончиларидан кечқурун кўчага чиқишга қўрқишар эди. Ҳукумат қароқчилари – СНБ чилардан эса кундуз куни ҳам кўчага чиқишга қўрқишади.
Чунки улар кўзига ёмон ва ё яхши кўринган бойларни ҳам бемалол олиб кетиб, ертўласида сўроқ қилаверишди…
18.
СНБ ертўласига тушганлар бойлигидан улуш ажратса, марҳамат, ишини давом эттириши мумкин.
Акс ҳолда, ёнига наркотик ёки диний китобни қўшиб “ватан хоини”, ваҳҳобий ва ё террорчи деган тамға босиб юбориш улар учун писта чақишдай гап.
Ҳаёт ва Жовдат Шарифхўжаевларнинг шахсий уйларининг тагида МХХ ертўласига ўхшатиб қурилган махсус сўроқ қилиш хоналари аниқланганини бугун кўпчилик билмаса керак. Бу ажиб ва шармандали ҳол – сўзимизнинг яққол исботидир.
Ушбу ертўлаларда бойлар бошига қоп кийдирилган ҳолда олиб кирилиб, сўроқ қилинган. Худо билади, бўйсунмаган қанча бегуноҳ бойлар ном-нишонсиз йўқ қилиб юборилган бўлса.
Чунки СНБ олиб кетган одамларни ҳеч ким ва ҳеч қандай юқори ташкилот суриштиришга ботина олмайди – ҳаққи ҳам йўқ.
Бизда: “СНБ олиб кетдими, демак хавфли жиноятчи ёки террорист экан” деган бемаъни бир тушунча мавжуд…
19.
Ҳаёт ва Жовдат Шарифхўжаевларнинг мавзусини давом эттирсак, уларнинг уйидан топилган пуллар 2 миллион доллар деб айтилади.
Аслида улардан мусодара қилинган қимматбаҳо машиналарнинг ўзи 2 миллион доллардан ортиқ баҳоланади. Уларнинг уйидаги бассейн тагидан олинган АҚШ долларларининг ўзи иккита юк машинасига ортилган.
Булар бизга маълум бўлгани. Маълум бўлмаган чет эл банкларидаги пуллар қанча бўлиши мумкин? Буни эса уйида яхши-ёмон кунларига ажратиб қўйган атига икки юк машинсига жо бўлган АҚШ долларига қараб баҳолайверасиз.
Европадан сотиб олинган катта-катта супермаркетларчи, беш юлдузли мехмонхоналарчи, буларнинг ҳисобини чиқаришда энг замонавий калкуляторлар ҳам тутаб, ёниб кетиши мумкин.
Ҳаёт ва Жовдат Шарифхўжаевлар қўлга тушганда ошкор бўлган яширин маълумотларга кўра ҳар бир вилоятдан МХХнинг марказий раҳбарларига ҳар ой 250 минг дан бошлаб 800 минг АҚШ долларига қадар ”доля” келиб турган. “Ставкалар” эса вилоят салоҳиятига қараб баҳоланган.
Энг кўп улуш яъни 800 минг АҚШ доллари Қашқадарё вилоятига тегишли экан…

 

Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
7 февраль, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада

 

 (Давоми эртага 8 февраль куни эълон қилинади)
"7" Comments
  1. Исмат ака, Сизнинг бу ёзганларингиз ва “Озодлик” радиоси МХХ ҳақида ёзаётган гап-сўзлар ҳали вақти келиб ўз баҳосини олади, раҳмат.

  2. Исмат ака, албатта езганларингизда жуда катта жон, асос бор, лекин хаимаси бунчалик, сиз ва мен, ва укувчилар уйлагандек оддий эмас. Бу ердаги уйинлар хам катта даргох яьни, Сарой уйинларнинг, колаверса жахон сиесатидаги уйинларнинг Бир парчаси. Ленин айтганидек, жамиятдя яшаб, ундан ташкарида колиш мумкин эмас. Бу махсус хизматда ватанпарвар, тоза инсонлар йук, еки улар бошкп сохадагидан кура, журналистика, сиесатидаги еки тадбиркорлик сохадагидан кура кам деб уйлайсизми. Лекин махаллийчилик, гурухбозлик, Атаев, шарифходжаев сингари тожикларнинг ошкора антиузбек харакатлари, порахурлик, таниш билишчилик худди езувчилар, журналистов орасидагидек, тоза, халкпарварлик, талантли ходимларга йул беради деб уйлайсизми. Бу хизматни йулга куйишни битта йули бор деб уйлайман бу ерга ишга келадиган одамни аввало миллатини хисобга олиш керак, чунки тожикистонда, еки кримда бирон Бир узбек генерал булиб лавозимда утиргани йук. Кримда еки тожикистонда махсус хизматларида бирон Бир узбек ишлаб, узини биздаги тожиклар сингари сезаетгани йук,

  3. Нима булганда ҳам бугун чет элдаги ижодкорлар орасида мен Исмат Хушевга тенг келадиганини курмадим. Мухаммад Соли, А.Пулат, Жахонгир Маматовлар бир томон, лекин Исмат Хушев бир томон булиб турибди. У узини мухолифатга алокаси булмаган мустакил журналистман дейди. Лекин езганлари хар кандай мухолифатчини, хатто уларнинг лидерларини хам ярим йулда колдириб кетади. Йукоридаги уч мухолифатчидан кайси бири уз номини билан мхх хакида шу нарсаларни еза олади. Хеч кайси.

  4. Qzbek xalqiga xor zorlik olib kelgan aynan MMXdir. Bu ifloslar galasi boylik ucnun harakat qilgandir, lekin MILLATCHILIK asosiy g’oyasi bo’lgan. O’ZBEKLARNI TIRIKLAYIN TALAB, YOSHLARIMIZNI QULIKKA MUBTOLA QILGANLAR HAM MXXning boshqa millat vakillaridir. INOYATDA O’ZBEKLARNING JUDA KO’P ALAMI BOR, SHU QATORI MENING HAM…

  5. ДАҲШАТ, ДАҲШАТ ИСМАТ АКА!
    ҲАҚИҚИЙ БОМБА БЎЛИБДИ, БОМБА БЎЛГАНДАЯМ ВОДОРОД БОМБАСИ.
    ЧОРАК АСРЛИК ЖИНОЯТЛАРНИНГ АСЛ АЙБДОРЛАРИНИ УНИНГ САБАБ ВА ОҚИБАТЛАРИ БИЛАН ОЧИБ СОЧИБ ТАШЛАБСИЗ.
    АГАРДА РУСТАМ ИНОЯТОВДА ОФИЦЕРЛИК ШАЪНИ БЎЛСА ШУ БУГУНОҚ ИСТЕЪФОГА КЕТАДИ ВА ЁНИДАГИ МИНГЛАБ ОФИЦЕРЛАРИ ҲАМ.
    АММО “НА НЕТ И СУДА НЕТ” ДЕГАНЛАРИДЕК МЕНИНГ БЎРИТОШ АКАМДЕК БАРЧА ШАРМАНДАЧИЛИКЛАРГА ЧИДАБ, ЮЗИГА ЭШШАКНИНГ ТЕРИСИНИ ЮЗ ҚАВАТ ҚИЛИБ ҚОПЛАБ, ҚУТУРИБ, ОЛДИНГИДАН МИНГ БАТТАР ВАХШИЙЛАШИБ КЎЗЛАРИ ҚОНГА ТЎЛИБ ЯНГИ ЖИНОЯТЛАРГА ҚЎЛ УРМАЙДИ ДЕБ ҲАМ АЙТА ОЛМАЙМИЗ.
    ЯНГИ ХОКИМИЯТ ЗУДЛИК БИЛАН ЧОРА КЎРМАСА, ВАҲШИЙЛАШИБ КЕТГАН АЖДАРЛАРНИ ЖИЛОВЛАМАСА ЎТА ЁМОН ОҚИБАТЛАРГА ОЛИБ КЕЛИШИ СИР БЎЛМАЙ ҚОЛДИ.
    РИВОЖЛАНИШГА ҲАР ТОМОНЛАМА ТЎСҚИНЛИКЛАР ҚИЛИНАЁТГАНЛИГИ ҲАМ ЯҚҚОЛ КЎРИНИБ ТУРИБДИ.
    СИЗ ҲАҚИҚАТДАН ҲАМ ВА БАНК КЕТДИНГИЗ. БОШҚА БЎЛИШИНИ КУТМАГАН ҲАМ ЭДИК.
    ЭНДИГИ ХАРАКАТ ЯНГИ РАҲБАРИЯТДАН.

    • Assalomu alaykum, hurmatli tahririyat!
      Juda soz, huddi shu shaklda berishda davom etavering. Tushunib oldik.
      1-Qaytaga yaxshi, hammasi bir joyda!
      2-Avvalgi sonda suhbat qayerda qolganini ham eslab xotirlab olishga qulay!
      3-Qolaversa voqea ‘sahna’larini film qismlaridek raqamlab ketyapsizku, shu bois har bir mushtariyga qulay va oson deb hisoblayman.
      Yaxshilarni Xudoni o’zi qo’llab quvvatlasin!

  6. Исмат ака Мххни хабарларини янги сонини куйсангиз эски сони билан бирга куйманг жуда нокулай ва хунук бир холат деса хам булаверади…

    “Дунё ўзбеклари”дан: Сиз учун мақола ва унинг мазмуни муҳимми ёки қай шаклда ва қандай берилишими?

Leave a Reply
*